Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17629 Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 11/05/2020 26/05/2020 40

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони
Ўзбекистон Республикасида идентификациялаш ID-картани расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-17629

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ–5953-сон “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ва 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ–4079-сон “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда ахборот коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда турли ахборот тизимларида ҳамда масофавий хизмат кўрсатишда шахсни идентификациялашнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификациялаш ID-картаси тўғрисидаги низом 1-иловага;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификациялаш ID-картаси тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда “Идентификациялаш ID-карта расмийлаштириш ва бериш” автоматлаштирилган тизимини яратиш бўйича техник-иқтисодий ҳисобларни тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.

 

             Ўзбекистон

Республикаси Президенти                                                                                                  Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил ______даги ПФ–_____-сон Фармонига

1-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификациялаш ID-картаси тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқаросига идентификациялаш ID-картасини расмийлаштириш, бериш, алмаштириш ҳамда ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификациялаш электрон картаси (кейинги ўринларда – ID-карта) – эгасининг шахсини ва фуқаролигини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасдиқловчи ҳамда эгасининг шахсий биографик маълумотлари, биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилмага эга бўлган ҳужжат;

чип – ID-картадаги биографик маълумотлар, рақамли фотосурат ва қўл бармоқ изи ва бошқа маълумотларни сақловчи электрон қурилма;

персоналлаштириш – ID-карта эгасининг биографик маълумотларини
ва биометрик параметрларини ID-картага киритиш;

верификация – ID-картага киритилган биометрик параметрларни ID-карта эгасининг биометрик параметрлари билан мослигини махсус техник қурилма ёрдамида текшириш;

ID-карта олиш учун талабнома (кейинги ўринларда – талабнома) – ID-карта олувчи ҳақида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан шакллантирилган биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни ўз ичига олган электрон ҳужжат.

3. ID-карта эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади.

4. ID-карта Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туғилганидан бошлаб берилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 18 ёшдан ID-картага эга бўлишлари шарт.

5. ID-карта фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача – икки йил муддатга;

бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга;

16 ёшдан ошган шахсларга – 10 йил муддатга.

6. Фуқаро 14 ёшдан бошлаб ID-карта расмийлаштиришда бармоқ изларини топшириши шарт.

7. Фуқаро доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинган Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига (кейинги ўринларда – МваФРБ) ID-картани олиш учун 18 ёшга тўлгандан сўнг бир ойдан кечикмасдан мурожаат этиши лозим.

ID-картани алмаштириш учун эса ID-карта муддати тугагандан сўнг бир ойдан кечикмасдан мурожаат этади.

Фуқаро ID-картани яроқсиз ҳолга келтирганда ёки йўқотиб қўйган тақдирда, унга янги ID-карта Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида” ги Қонунида белгиланган миқдорда қўшимча тўлов асосида расмийлаштириб берилади.

8. Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ID-карта расмийлаштириш ва бериш тегишли мурожаат асосида белгиланган тартибда ушбу шахсларнинг доимий яшаш ёки бўлиш жойига борган ҳолда амалга оширилади. Ушбу хизмат учун алоҳида ҳақ ундирилмайди.

9. ID-карта қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади. ID-карталарни персоналлаштириш ва йўқ қилиш – МваФРБ амалга оширилади.

10. ID-карта МваФРБ томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунида берилади.

11. ID-карта белгиланган намуна бўйича лотин ҳарфида ўзбек тилида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса - қорақалпоқ ёки лотин ҳарфида ўзбек тилларида персоналлаштирилади.

12. ID-карта бланкасига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:

ҳужжатнинг номи;

ID-картанинг рақами;

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми;

миллати;

туғилган санаси;

фуқаролиги;

туғилган жойи;

жинси;

берилган санаси;

ким томонидан берилгани;

амал қилиш муддати тугайдиган сана;

эгасининг рақамли сурати;

эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.

16 ёшга тўлмаган фуқаронинг миллати унинг ота ва онасининг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланди ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги аризада фуқаронинг миллати кўрсатиб ўтилади.

13. Чипга қуйидаги маълумотлар киритилади:

эгасининг биографик маълумотлари;

эгасининг биометрик маълумотлари (рақамли фотосурати ва қўл бармоқ излари);

эгасининг электрон рақамли имзоси.

Қонунчиликка асосан чипга бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

14. ID-картадаги миллат ҳақидаги ёзув ота-онанинг миллатига мувофиқ ёзилади. Агар ота-онаси турли миллатга мансуб бўлса, биринчи марта ID-карта берилаётганда фуқаронинг хоҳишига қараб ота-онасидан бирининг миллати ёзилади. Фуқаронинг ёзма аризасига кўра миллат ҳақидаги ёзув фақат бир марта, отаси ёки онасининг миллатига ўзгартирилиши мумкин.

15. Вазирлик ва идораларнинг автоматлаштирилган тизими орқали ID-карта эгасининг розилиги билан давлат хизматларини олиш учун бошқа маълумотлардан фойдаланишга рухсат этилади.

2-боб. ID-картани расмийлаштириш ва бериш тартиби

16. ID-карта расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

фуқаро 18 ёшга тўлгунга қадар ихтиёрий;

фуқаро 18 ёшга тўлганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганида;

ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганида;

фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарганида;

фуқаронинг биометрик маълумотлари ўзгарганида;

ID-картада ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида (расмийлаштириб берилган кундан бошлаб 10 кун ичида – бепул алмаштирилади);

ID-карта яроқсиз ҳолга келганида;

ID-карта йўқотиб қўйилганида.

17. ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, биометрик маълумотлари ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганида, фуқаро МваФРБга ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

18. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи фуқаро ID-картани олиш ёхуд уни алмаштириш учун тегишли ёшга етгандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, ёзувдаги ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги ва ID-карта яроқсиз ҳолга келгандан кейин бир ой муддатдан кечикмай ҳужжатларни тақдим этишлари лозим.

19. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи фуқаро ID-карта олиши учун МваФРБга қуйидагиларни тақдим этади:

Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги ариза;

илгари берилган паспорт ёки ID-карта;

фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси (Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилган ҳолатда);

туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда) ёки ID-карта;

никоҳ тўғрисида гувоҳнома (фамилияси ўзгарган ҳолда);

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).

20. Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ва паспорти ёки ID-картаси бўлмаган ҳарбий хизматчиларга ID-карта контракт асосида хизмат қилган ҳарбий хизматчининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома асосида МваФРБ томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларига ID-карталар ҳарбий қисм жойлашган жойдаги МваФРБ томонидан тегишли вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ёзма илтимосномалари асосида берилади.

21. МваФРБ оператори тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг биографик маълумотларини, электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади ва ID-картани расмийлаштириш учун электрон талабнома яратади.

Аризачига аввал жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бириктирилмаган ёки аввалги жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами хатолик билан бириктирилган бўлса, оператор томонидан ID-картага жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бириктириш учун талабномани Давлат персоналлаштириш марказига юборилади.

Давлат персоналлаштириш маркази талабномадаги жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжудлиги ва тўғрилигини текширади, мавжуд бўлмаган ҳолларда реал вақт режимида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини шакллантиради ва талабнома шакллантирган МваФРБга юборади.

22. Агар фуқаро қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ва кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, МваФРБ оператори фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга.

23. МваФРБ оператори фуқарога янги ID-карта бериш чоғида илгари берилган паспорт ёки ID-картани кейинчалик уни ўрнатилган тартибда йўқ қилиш учун олиб қолади.

24. Топиб олинган ID-карта, эгасига қайтариш учун ички ишлар органига топширилиши лозим.

25. Вафот этган шахснинг ID-картаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги топширилади. Ушбу агентлик ID-картани йўқ қилиш мақсадида ҳудудий МваФРБга жўнатади.

26. Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ёхуд қамоққа ҳукм қилинган шахснинг ID-картаси суриштирув, тергов идоралари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан қамоқда қолдирилса, унинг ID-картаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасига жўнатилади.

Шахс қамоқдан озод этилганида ёки жазо муддатини ўтаб бўлгач, унга ID-картаси тергов, суд идоралари ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан қайтарилади.

Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг тергов, суд идораларида ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятида сақланаётган муддати ўтган паспортлар ёки ID-карталар йўқ қилиш учун МваФРБга жўнатилади.

27. Ушбу Низомнинг 19, 23, 25, 26 ва 31-бандларида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари, фуқаролардан ID-карталарини олиб қўйиш тақиқланади. Шунингдек, ID-картани гаров сифатида қабул қилиш ва топшириш тақиқланади.

28. ID-карта расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган шахслар давлат божи тўлашдан озод этиладилар.

29. ID-карта ўғирланган ҳолатда жиноят содир этилган ёки фуқаронинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисм ходимлари томонидан ариза қабул қилинади. Ариза қабул қилинганлиги ҳақида фуқарога маълумотнома берилади. Ушбу маълумотнома ID-карта расмийлаштиришда кўпайтирилган миқдордаги давлат божи тўлашдан озод этилади.

30. Жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан ёки табиий офатлар (ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқалар) оқибатида ID-карталари йўқолганлиги ёхуд амал қилиш муддати ўтганлиги ҳолатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар билан мурожаат этганда кўпайтирилган давлат божидан озод этилади.

31. Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган, шунингдек, хорижий давлатда доимий яшашга қолиш истагини билдирган фуқаро
ID-картани сўнгги яшаш жойидаги МваФРБга ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига топшириши шарт.

 

3-боб. Ушбу Низомни бузганлик учун жавобгарлик

32. Қонун ҳужжатлари билан қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланади:

ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин уни ўз вақтида топширмаслик;

ID-картага атайлаб шикаст етказиш, шунингдек, ID-картани эҳтиётсизлик билан сақлаб, унинг йўқолишига сабаб бўлиш;

йўқолганлиги ҳақида ариза берилган ID-картадан, шунингдек, бошқа шахсга қарашли бўлган ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш;

ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки уни гаров сифатида қабул қилиш;

ID-картага ғаразли ёки бошқа тубан ниятлар билан эга бўлиб олиш, шунингдек, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолга келтириш, яшириш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил ______даги ПФ–_____-сон Фармонига

2-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификациялаш ID-картаси тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган (кейинги ўринларда доимий рўйхатга олинган деб юритилади) чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга ID-карта расмийлаштириш, бериш, алмаштириш ҳамда ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация картаси (кейинги ўринларда – ID-карта) – эгасининг шахсини ва фуқаролигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи, эгасининг шахсий биографик маълумотлари, биометрик параметрлари киритилган электрон ташувчи қурилмага эга бўлган ҳужжат;

чип – ID-картадаги биографик маълумотлар, рақамли фотосурат ва қўл бармоқ изи ва бошқа маълумотларни сақловчи электрон қурилма;

персоналлаштириш – ID-карта эгасининг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини ID-картага киритиш;

верификация – ID-картага киритилган биометрик параметрларни
ID-карта эгасининг биометрик параметрлари билан мослигини машина ёрдамида текшириш;

ID-карта олиш учун талабнома (кейинги ўринларда – талабнома) – ID-карта олувчи ҳақида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан шакллантирилган биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни ўз ичига олган электрон ҳужжат.

3. ID-карта эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилади.

4.  Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатга олинган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 18 ёшдан ID-картага эга бўлиши шарт.

5. Чет эл фуқаролари учун ID-карта 5 йил муддатга, аммо миллий паспортнинг амал қилиш санасидан ошмаган муддатга берилади. Чет эл фуқароси 60 ёшга тўлганидан кейин 10 йил муддатга, бироқ миллий паспортнинг амал қилишидан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

6. Фуқаролиги бўлмаган шахсга ID-карта қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача – икки йил муддатга;

бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга;

16 ёшдан ошган шахсларга – 10 йил муддатга.

7. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун камида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс – хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона муассиси (иштирокчиси), шунингдек, уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари)га – ID-карта 10 йил муддатга, бироқ миллий паспортнинг амал қилишидан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

8. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 14 ёшдан бошлаб ID-карта расмийлаштиришда бармоқ изларини топшириши шарт.

9. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 18 ёшга тўлгандан сўнг бир ойдан кечикмасдан ID-картани олиш учун доимий рўйхатга олинган манзилдаги ҳудудий Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (кейинги ўринларда – МваФРБ) мурожаат этиши лозим.

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-картани яроқсиз ҳолга келтирганда ёки йўқотиб қўйган тақдирда, унга янги ID-карта Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида” ги Қонунида белгилаб берилган қўшимча тўлов асосида расмийлаштириб берилади.

10. Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга ID-карта расмийлаштириш ва бериш тегишли мурожаат асосида белгиланган тартибда ушбу шахсларнинг доимий яшаш ёки бўлиш жойига борган ҳолда амалга оширилади. Ушбу хизмат учун алоҳида ҳақ ундирилмайди.

11. ID-карта қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади. ID-карталарни персоналлаштириш ва йўқ қилиш – МваФРБда амалга оширилади.

12. ID-карта МваФРБ томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунида берилади.

13. ID-карта белгиланган намуна бўйича лотин ҳарфида ўзбек тилида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса – қорақалпоқ ёки лотин ҳарфида ўзбек тилларида персоналлаштирилади.

14. ID-карта бланкасига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:

ҳужжатнинг номи;

ID-картанинг рақами;

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми;

миллати;

туғилган санаси;

фуқаролиги;

туғилган жойи;

жинси;

берилган санаси;

ким томонидан берилгани;

амал қилиш муддати тугайдиган сана;

эгасининг рақамли сурати;

эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.

16 ёшга тўлмаган шахснинг миллати унинг ота ва онасининг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланди ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги аризада фуқаронинг миллати кўрсатиб ўтилади.

15. Чипга қуйидаги маълумотлар киритилади:

эгасининг биографик маълумотлари;

эгасининг биометрик маълумотлари (рақамли фотосурати ва қўл бармоқ излари);

эгасининг электрон рақамли имзоси.

Қонунчиликка асосан ID-карта чипга бошқа маълумотлар
ҳам киритилиши мумкин.

16. ID-картадаги миллат ҳақидаги ёзув ота-онанинг миллатига мувофиқ ёзилади. Агар ота-онаси турли миллатга мансуб бўлса, биринчи марта ID-карта берилаётганда чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг хоҳишига қараб ота-онасидан бирининг миллати ёзилади. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ёзма аризасига кўра миллат ҳақидаги ёзув фақат бир марта, отаси ёки онасининг миллатига ўзгартирилиши мумкин.

17. Вазирлик ва идораларнинг автоматлаштирилган тизими орқали ID-карта эгасининг розилиги билан давлат хизматларини олиш учун бошқа маълумотлардан фойдаланишга рухсат этилади.

 

2-боб. ID-картани расмийлаштириш ва бериш тартиби

18. ID-карта расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 18 ёшга тўлгунга қадар ихтиёрий;

чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс 18 ёшга тўлганда;

ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганида;

фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ва фуқаролиги ўзгарганида;

шахснинг биометрик маълумотлари ўзгарганида;

шахс чет эл фуқаролигини қабул қилганида;

чет эл фуқароси ўз давлат фуқаролигини йўқотганида;

ID-картада ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида (расмийлаштириб берилган кундан бошлаб 10 кун ичида – бепул алмаштирилади);

ID-карта яроқсиз ҳолга келганида;

ID-карта йўқотиб қўйилганида.

19. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-картани алмаштириш учун уни амал қилиш муддати тугашидан аввал доимий рўйхатга олинган манзилидаги ҳудудий МваФРБга мурожаат қилиб тегишли ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, биометрик маълумотлари ўзгарганлиги ёки ёзувларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганида, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.

20. Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ID-картани олиш ёхуд уни алмаштириш учун тегишли ёшга етгандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, чет эл фуқаролиги ўзгарганлиги, чет эл фуқароликдан чиқиши ёки қабул қилиши, ёзувдаги ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги ва ID-карта яроқсиз ҳолга келгандан кейин бир ой муддатдан кечикмай ҳужжатларни тақдим этишлари лозим.

Чет эл фуқароси миллий паспортини амал қилиш муддати тугаганидан сўнг олти ой муддат ичида доимий рўйхатга олинган манзилидаги ҳудудий Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига амал қилиш муддати ҳақиқий бўлган миллий паспорт ёки ваколатли органлар томонидан берилган ўз давлат фуқаролиги тугатилганлиги тўғрисида ҳужжатни тақдим этиши лозим.

Ушбу ҳужжатлар тақдим этилгунга қадар чет эл фуқаросига ID-карта олти ой муддатга расмийлаштириб берилади.  

21. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-карта олиши учун МваФРБга қуйидагиларни тақдим этади:

ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги ариза;

чет эл фуқаросининг миллий паспорти (биринчи марта олиш чоғида);

илгари берилган яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта;

паспорт (Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққан ёки йўқотган ҳолатда);

туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ёки 18 ёшга тўлмаганлар учун берилган ID-карта (биринчи марта олиш чоғида);

ваколатли органлар томонидан берилган аризачининг фуқаролиги тугаганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат (чет эл фуқаролигидан чиққан ёки йўқотган ҳолатда);

никоҳ тўғрисида гувоҳнома (фамилияси ўзгарган ҳолда);

давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция ёки тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас.

22. МваФРБ оператори тақдим этилган ҳужжатлар асосида аризачининг биографик маълумотларини, электрон кўринишдаги қўл бармоқ изларини йиғади, шахсни олд томондан рақамли форматда суратга олади ва ID-картани расмийлаштириш учун электрон талабнома яратади.

Аризачига аввал жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами бириктирилмаган ёки аввалги жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами хатолик билан бириктирилган бўлса, оператор томонидан ID-картага жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бириктириш учун талабнома Давлат персоналлаштириш марказига юборилади.

Давлат персоналлаштириш маркази талабномадаги чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами мавжудлиги ва тўғрилигини текширади, мавжуд бўлмаган ҳолларда реал вақт режимида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини шакллантиради ва талабнома шакллантирган Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига юборади.

23. Агар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс қўл бармоқ излари олинишидан бош тортса ва кўзойнакда ёки бош кийимда суратга тушиш истагидан қайтмаса, МваФРБ оператори фуқарога ID-карта расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга.

24. МваФРБ оператори чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга янги ID-карта бериш чоғида илгари берилган яшаш гувоҳномаси ёки ID-картани кейинчалик уни йўқ қилиш учун олиб қолади.

25. Топиб олинган ID-карта, эгасига қайтариш учун ички ишлар органига топширилиши лозим.

26. Вафот этган шахснинг ID-картаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги топширилади. Ушбу идора ID-картани йўқ қилиш мақсадида ҳудудий МваФРБга жўнатади.

27. Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ёхуд қамоққа ҳукм қилинган шахснинг ID-картаси суриштирув, тергов идоралари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Агар шахс суднинг ҳукми билан қамоқда қолдирилса, унинг ID-картаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасига жўнатилади.

Шахс қамоқдан озод этилганида ёки жазо муддатини ўтаб бўлгач, унга ID-картаси тергов, суд идоралари ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан қайтарилади.

Ҳибсга олинган ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг тергов, суд идораларида ёки жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятида сақланаётган муддати ўтган яшаш гувоҳномалар ёки ID-карталар йўқ қилиш учун МваФРБга жўнатилади.

28. Ушбу Низомнинг 21, 24, 26, 27 ва 33-бандларида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари, фуқаролардан ID-карталарини олиб қўйиш  тақиқланади.  Шунингдек, ID-картани гаров сифатида қабул қилиш ва топшириш тақиқланади.

29. ID-карта расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган шахслар давлат божи тўлашдан озод этиладилар.

30. ID-карта ўғирланган ҳолатда жиноят содир этилган ёки чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг яшаш жойидаги ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисм ходимлари томонидан ариза қабул қилинади. Ариза қабул қилинганлиги ҳақида чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсга маълумотнома берилади. Ушбу маълумотнома ID-карта расмийлаштиришда кўпайтирилган миқдордаги давлат божи тўлашдан озод этилади.

31. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаб чиққан ёки табиий офатлар (ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқалар) оқибатида ID-картаси йўқолганлиги ёхуд амал қилиш муддати ўтганлиги ҳолатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар билан мурожаат этганда кўпайтирилган миқдордаги давлат божи тўлашдан озод этилади.

32. Хорижий давлатларга вақтинча чиққан чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс, хорижда бўлган вақтда ID-картани амал қилиш муддати тугаса ёхуд фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси ўзгарган бўлса шунингдек, чет эл фуқаролигидан чиққан ёки қабул қилган ҳамда тегишли ёшга етган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтиб келганидан сўнг уч иш кунидан кечиктирмай тегишли ҳужжатлар билан доимий рўйхатга олинган манзилдаги ҳудудий Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига ID-картани алмаштириш масаласида мурожаат қилиши лозим.

33. Фуқаролиги ўзгарган ёки хорижий давлатда доимий яшашга қолиш истагини билдирган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ID-картани сўнгги яшаш жойидаги МваФРБга ёки турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхонаси ёхуд консуллик муассасасига топшириши шарт.

3-боб. Ушбу Низомни бузганлик учун жавобгарлик

34. Қонун ҳужжатлари билан қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланади:

ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин уни ўз вақтида топширмаслик;

ID-картага атайлаб шикаст етказиш, шунингдек, ID-картани эҳтиётсизлик билан сақлаб, унинг йўқолишига сабаб бўлиш;

йўқолганлиги ҳақида ариза берилган ID-картадан, шунингдек, бошқа шахсга қарашли бўлган ID-картадан ғаразли мақсадларда фойдаланиш;

ID-картани қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки уни гаров сифатида қабул қилиш;

ID-картага ғаразли ёки бошқа тубан ниятлар билан эга бўлиб олиш, шунингдек, уни йўқ қилиш, яроқсиз ҳолга келтириш, яшириш.

Умумий таклифлар: 11

3466