Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17558 Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 07/05/2020 22/05/2020 2

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида
ID-17558

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

 

Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида

 

 

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон қарорига мувофиқ ҳамда Халқ
таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

    1. Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

      2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

   3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

 

 

 

           Ўзбекистон Республикасининг

                          Бош вазири                                                                            А. Арипов

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “___” _________ ___ -сон қарорига
ИЛОВА

 

 

Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш
жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) халқ таълими тизимидаги ислоҳотларни жамғарма маблағлари доирасида қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.

2. Ушбу Низом Жамғарма фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди, унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигидаги шахсий ҳисоб-варағида жамланади ҳамда белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби юритилади ва амалга оширилади.

 

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби

 

4. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар, бунда истеъмол нархларининг тегишли йилдаги прогноз индексига тенг коэффициенти қўлланилади;

муассиси Вазирлик ҳисобланган корхоналар ихтиёрида солиқлар
ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойда;

умумтаълим муассасаларининг мол-мулкини сотишдан тушган маблағларнинг 100 фоизи;

халқ таълими муассасалари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирликнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари
ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағларининг, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;

халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳудудий марказлар томонидан ташкил этилган халқ таълими тизими ходимларини қайта тайёрлаш курсларида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 5 фоизи;

халқ таълими муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 5 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар томонидан умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат хизматларни кўрсатиш билан шуғулланувчи юридик шахсларга кўрсатиладиган пуллик хизматлардан олинадиган даромадларнинг бир қисми;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари
ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

5. Жамғарма маблағлари:

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар ходимларига устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш;

фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан хорижий экспертлар ва хорижда яшайдиган ватандошларни Вазирликда ишлаш учун жалб этиш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар балансидаги бино ва иншоотларни сақлаш, улардан фойдаланиш, уларни қуриш ва таъмирлаш, зарур анжомлар, шу жумладан мебель, алоқа, компьютерлар ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича харажатларни молиялаштириш;

Вазирлик ходимларини, шу жумладан хорижий давлатларнинг
илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш;

Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Вазирлик ходимларига мамлакатда ва хориждаги хизмат сафарлари харажатларини тўлаб бериш;

Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирларни амалга ошириш учун сарфланади.

Халқ таълими тизимига кирувчи замонавий мактабларни сертификатлаш ва баҳолаш хизмати фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади.

 

6. Жамғармага тушадиган хорижий валютадаги маблағлар ҳар бир хорижий валюта тури бўйича очилган ғазна ҳисоб-варағида жамланади
ва мазкур маблағларни ишлатиш қонунчиликда ўрнатилган тартиб асосида амалга оширилади.

7. Жамғарма маблағлари белгиланган тартибга мувофиқ тақдим этилган тадбир ва лойиҳаларга оид асосли ҳисоб-китоблар, бюджет классификацияси бўйича тузилган ва тасдиқланган харажатлар сметалари доирасида молиялаштириш учун Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари
ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотлар ва муассасаларига (кейинги ўринларда Халқ таълими тизимидаги ташкилотлар ва муассасалар” деб юритилади) ажратилади.

8. Жамғарма маблағлари Халқ таълими тизимидаги ташкилотлар ва муассасаларнинг Молия вазирлиги Ғазначилигида бюджетдан ташқари маблағлар бўйича очилган шахсий ҳисоб-варақларига ўтказилади.

9. Халқ таълими тизимидаги ташкилотлар ва муассасалар Жамғарма маблағларини тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ қатъий тарзда мақсадли ишлатадилар.

10. Жамғарма маблағлари ҳисобидан тўланган устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар фақатгина меҳнат таътили пулини 
ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини ҳисоблашда ҳамда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўлашда инобатга олинади.

11. Жамғарма маблағлари ҳисобидан Вазирликга фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этиладиган юқори малакали мутахассислар, шу жумладан хорижий экспертлар ва хорижда яшайдиган ватандошлар учун ўрнатилган тартибларга мувофиқ тўловлар амалга оширалади.

12. Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағлари тижорат банкларига депозитга жойлаштириш учун йўналтирилиши мумкин.

 

3-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш

 

13. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини мақсадли тақсимлаш Жамғарма фаолиятини бошқариш Кенгаши (кейинги ўринларда Жамғарма кенгаши деб юритилади) томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Жамғарма кенгаши раиси ҳисобланади.

Жамғарма кенгаши Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруғи билан камида тўққиз нафар кишидан иборат таркибда тасдиқланади ва вазир ўринбосарлари, вазирликнинг тегишли бошқарма
ва бўлим бошлиқларидан шакллантирилади.

Жамғарма кенгаши ўз фаолиятини мазкур Низомга мувофиқ олиб боради. Жамғарма кенгаши аъзолари Жамғарма бошқарувидаги ўз мажбуриятларини жамоатчилик асосида бажаради.

Жамғарма кенгаши мажлиси аъзоларнинг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.

14. Жамғарма кенгаши мажлиси ҳар чоракда ёхуд зарур бўлганда навбатдан ташқари ўтказилади.

15. Жамғарма кенгаши:

ҳар йили 25 декабргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини тасдиқлайди;

зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади;

ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган тадбирларни белгилайди;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан халқ таълими тизимидаги ташкилотлар ва муассасалар ходимларининг ойлик иш ҳақига устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар ҳамда моддий ёрдам пуллари  тўлаш шартларини белгилайди ва тартибларини тасдиқлайди;

халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга тегишли лойиҳалар, тадбирлар ва бошқа харажатларни Жамҳарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, шунингдек  ташаббускор лойиҳаларни танлаш, келишиш ва якунлаш тартибларини белгилайди ва тасдиқлайди;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш ишларини мувофиқлаштиради;

йил чораклари якунлари бўйича Жамғарманинг маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғармага халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар
ва бошқа донорларнинг кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари жалб этилишига кўмаклашади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ишларни амалга оширади.

16. Жамғарма кенгаши иш юритиш бўйича ўз регламентида ва мазкур Низомда акс этмаган ҳолатлар юзасидан қарор қилиш ваколатига эга бўлади.

17. Вазирликнинг Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш шўъбаси Жамғарма кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.

18. Ишчи орган:

Жамғарманинг фаолиятини ташкиллаштиради;

Жамғарманинг йиллик даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

Жамғарма маблағларини кўпайтириш ва улардан мақсадли фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш йўналишлари бўйича даромад ва харажатлари ҳисобини юритади;

Жамғарма кенгашининг сўровига асосан Жамғарма маблағларининг ишлатилиши тўғрисида маблағ олувчилар билан бирга маълумот тақдим этади;

Жамғарма маблағларини мақсадли ишлатилиши бўйича назорат ишларини ташкиллаштиради;

ҳар чоракда камида бир марта Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Жамғарма кенгашига тақдим этади;

Жамғарма кенгаши раиси билан келишган ҳолда Жамғарманинг вақтинчалик бўш маблағларини тижорат банкларига депозитга жойлаштиради;

Жамғарма Кенгашининг қарорларига асосан Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бошқа ишларни амалга оширади.

 

4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисоб ва  ҳисобот ҳамда назорат

 

19. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Вазирликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.

20. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади (чораклар, тушумлар манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича) ва Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.

21. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот Вазирлик ҳайъати мажлисида кўриб чиқилади ва ҳар йили 15 мартгача Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.

22. Жамғарманинг маблағларини шакллантириш манбалари ҳисоби
ва ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида ўрнатилган тартибда очиладиган қуйидаги ҳисоб-варақлар орқали амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар бўйича  ҳисоб-варақлар;

халқ таълими муассасалари фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирликнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағларининг, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи учун  амалдаги ўрнатилган тартибга асосан Вазирликнинг “Ажратмалар ҳисобига шаклланадиган вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари” бўйича очилган ҳисоб-варақлар;

бошқа манбалардан тушумлар бўйича очилган ҳисоб-варақлар.

23. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.

24. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш Вазирликнинг Ички аудит  ва молиявий назорат бошқармаси томонидан назорат қилинади.

25. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича давлат молиявий назорати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

 

5-боб. Якунловчи қоидалар

 

26. Халқ таълими тизимидаги ташкилотлар ва муассасалар йилнинг ҳар чорагида Жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағлар ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этадилар ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб берадилар.

27. Жамғарма кенгаши аъзолари Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали тақсимланиши учун жавоб беради.

28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

 

Умумий таклифлар: 2

606