Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17520 Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 06/05/2020 21/05/2020 9

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги
ID-17520

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРИНИНГ

БУЙРУҒИ

 

КАРАНТИНГА ОИД ЧОРАЛАР АМАЛ ҚИЛИШИ ДАВРИДА ВАХТА УСУЛИДА ИШЛАШНИНГ ВАҚТИНЧАЛИК ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
23 мартдаги 176-сон “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 14-банди ижросини таъминлаш ва карантин даврида вахта усулида иш ташкил этилган корхоналарда меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш мақсадади буюраман:

1. Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

3. Ушбу буйруқ коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантинга оид чоралар бекор қилингунга қадар амал қилади.

 

 

Вазир                                                                          Н. ХУСАНОВ

 

 

      Тошкент ш.,

2020 йил ___ апрель,

       ______-сон

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг
2020 йил “___” __________ даги _____-сон буйруғига илова

 

Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил 23 мартдаги 176-сон “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 14-бандига мувофиқ  коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида (кейинги ўринларда-карантин даврида) давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ходимларини вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Карантин даврида вахта услубида ишлаш иш коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш чораларини кўриш мақсадида ходимларнинг яшаш жойига бормасдан, ишдан сўнг ётоқхона, меҳмонхона, контейнерлардан барпо этилган махсус турар жой ва бошқа яшаш жойлар (кейинги ўринларда-ётоқхона деб аталади)да яшаши ҳамда транспортда қатнови корхона томонидан ташкиллаштирилган ишлар ҳисобланади.

2. Вахта услубида ишлашнинг давомийлиги бир ойдан ошмаслиги керак. Ушбу муддат карантин даври тугагунга қадар узайтирилиши мумкин.

3. Ишларни вахта услубида ташкил қилиш ҳақидаги қарор касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда корхона раҳбари томонидан қабул қилинади.

4. Ишларни вахта услубида ташкил этиш билан боғлиқ, лекин мазкур низомда кўзда тутилмаган масалалар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳал қилинади.

 

2-боб. Ишларни ташкил этиш

5. Вахта услубининг ташкил этилиши объектлардаги ишлар бир маромда, узлуксиз ва комплекс равишда амалга оширилиши бўйича ўзгарувчан жадвалга  биноан бажарилишини таъминлаши лозим.

6. Ишлар, қоидага кўра, ишларни ташкил этиш ва меҳнатга ҳақ тўлаш  принципларини қўллаган ҳолда, шунингдек вахта ходимлари кетма-кет алмашиниши ва моддий бойликлар сақланишини таъминлаш билан бажарилиши зарур.

7. Вахта услубида бажариладиган ишларга қуйидагилар жалб қилиниши мумкин эмас:

18 ёшга тўлмаганлар;

ҳомиладор аёллар;

3 ёшга тўлмаган фарзандлари бўлган аёллар;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган тиббий хулосага мувофиқ вахта услубида ишлашга рухсат этилмаган шахслар.

8. Карантин даврида вахта услубида ишлашда ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши муносабати билан ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас.

Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.

9. Ходимларни корхона жойлашган жойдан ётоқхонага етказиш ва қайта олиб келиш иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ ҳисобланган транспорт турлари билан, имкон қадар идоравий транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган “COVID-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларини қўлланиши шароитида давлат идоралари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисидаги вақтинчалик санитария қоида ва меъёрлари” асосида корхона ҳисобидан амалга оширилади.

10. Иш берувчи томонидан вахта услубида ишлашга жалб қилинадиган ходимлар дам олиш вақтида ҳаёт фаолиятини таъминлаш учун керакли жиҳозлар ва маиший техникалар билан таъминланган, тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш ташкиллаштирилган ётоқхоналарда яшайдилар.

Ходимларни яшаш жойлари махсус мослаштирилмаган санитария-маиший ёки бошқа биноларга жойлаштирилиши қатъиян ман этилади.

11. Вахта услубида ишлашда ходимлар иш берувчи томонидан уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлайди ва овқатланиши учун санитария қоидалари талабларига жавоб берадиган шароит яратади.

 

3-боб. Меҳнат ва дам олиш режими, иш вақти ҳисобини юритиш

12. Ишларни вахта услубида ташкил қилинишида, одатда, бир ой, бир чорак ёки бошқа узоқ муддатли, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган давр учун умумлаштирилган иш вақтининг ҳисоби юритилади.

Ҳисобга олинган давр умумий иш вақти, иш жойидан ётоқхонагача   етиб олиш ва қайтиш вақти ҳамда вақтнинг ушбу календарь даврига тўғри келадиган дам олиш вақтини қамраб олади.

Бунда ҳисобга олинган давр учун иш вақтининг максимал давомийлиги ўн икки соатдан ошмаслиги, қонунчилик томонидан ўрнатилган бир ҳафталик иш вақти соатларидан ошиб кетмаслиги керак.

Иш берувчи вахта услубида ишлайдиган ҳар бир ходимнинг иш вақти ва дам олиш вақтини, ойлар ва бутун ҳисобот даври учун ёзувлар олиб бориши шарт.

13. Ишчиларнинг ҳар кунги дам олиш вақти, овқатланиш учун белгиланган вақтни ҳам ҳисобга олганда 12 соатдан кам бўлмаслиги лозим.

14. Корхона жойлашган жойдан корхонанинг бўлинмаси узоқ масофада жойлашганда, корхона раҳбарлари, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишган ҳолда, бўлинма бошлиқлари, прораблар, участка (смена) бошлиқлари ва объект (участка)да бевосита раҳбарлик функцияларини амалга ошираётган бошқа цех ходимлари учун асосий ходим ва ишчилар учун белгиланган меҳнат ва дам олиш режимини ўрнатиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

15. Зарарли меҳнат шароитларида бажариладиган ишлар учун иш вақтининг нормаси қонунчилик билан ўрнатилган қисқартирилган иш кунидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ҳисобга олинган даврда ёки вахтада иш вақти тўлиқ бўлмаганда (меҳнат таътили, касаллик туфайли ишга чиқмаслик ва бошқа) норма бўйича белгиланган иш соатларидан ишда бўлмаган кунларга тўғри келадиган календарь бўйича ишчи соатлари айириб ташланади.

16. Вахта услубида ишлайдиган шахслар учун иш вақтидан ташқари иш, бу ҳисобот даври учун ходимга белгиланган иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

17. Вахта услубида ишлашда иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан келишган ҳолда карантин даврида иш ҳажмидан келиб чиқиб корхонанинг таътиллар жадвалига ўзгартириш киритиши мумкин.

 

4-боб. Меҳнатга ҳак тўлаш, имтиёзлар ва компенсациялар

18. Ишларни вахта услубида ташкиллаштиришда ишчиларга меҳнат ҳақи қуйидаги тартибда тўланади:

ишбай ишчиларга - бажарилган ишлар ҳажми бўйича меҳнат шартномасида белгиланган нархларда;

вақтбай ишчиларга - амалда ишлаб берилган ҳамма соатлар учун разрядлар бўйича белгиланган тариф ставкаларига мувофиқ тўланади.

Ходимнинг умумий иш вақтини ҳисобга олган ҳолда ўртача иш ҳақи бўйича тўловни бажаришда бир соат учун ўртача иш ҳақининг миқдори ҳисобланади. Бунинг учун сўнги уч ой давомида ишлаб берилган барча соатлар учун ҳисобланган иш ҳақи ушбу соатлар сонига бўлинади. Ушбу ишчининг иш жадвали бўйича тўлов бажарилиши лозим бўлган вақт оралиғидаги соатлари учун ҳақ тўланади.

          19. Ходимларни мукофотлаш, устамалар тўлаш миқдори ва тартиби жамоа шартномаси, касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан қабул қилинган локал норматив ҳужжат ёки меҳнат шартномаси билан белгиланади.

20. Вахта услубида ишларни бажараётган барча ишчиларнинг (шу жумладан вахта услубида ишлаётган жамоаларга хизмат кўрсатаётган савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, транспорт, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар ходимлари) иш ҳақига нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда туман коэффициентлари қўлланади.

21. Ходимлари иш жойига ўз вақтида етиб келмаса, ишларни вахта услубида бажараётган корхоналарнинг раҳбарлари, касаба уюшмалари қўмиталари ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишган ҳолда, янги смена етиб келгунига қадар ишчиларни жадвалда белгиланган иш вақтидан кўпроқ вақт ишлашга жалб этиши мумкин. Бундай ҳолатларда маъмурият ходимларини энг қисқа муддатларда иш жойига етказиб келиш бўйича барча чораларни қўллаши шарт.

22. Корхона жойлашган жойдан ётоқхонага ва орқага қайтадиган йўлда ўтадиган вақтлар учун, шунингдек ходимларнинг метеорология шароитларига кўра ва транспорт ташкилотларининг айби билан йўлда тутилиб қолинган вақт учун ўртача иш ҳақи миқдорида компенсация тўланади.

23. Ишчи узрли сабабларга кўра ходимлар йиғиладиган пунктга ўз вақтида етиб келмаган бўлиб, ётоқхонадан иш жойига мустақил етиб борган бўлса, корхона маъмурияти унга транспорт харажатларини хизмат сафарлари тўғрисидаги қонунчиликда кўзда тутилган нормаларга мувофиқ қоплаб беради.

Агар ходим шахсий автомашинасида иш жойига етиб борган бўлса, корхона жамоа шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатларга асосан йўл харажатлари қоплаб берилади.

 

4-боб. Тиббий ёрдамнинг ташкил этилиши

24. Вахта услубида ишлашда ташкилот маъмурияти ходимларга тиббий

хизматлар кўрсатилиши ва уларнинг тиббий кўриклардан ўтказилишини таъминлаш мақсадида, корхона жойлашган ҳудуддаги соғлиқни сақлаш органлари билан ишчиларни даволаш профилактика муассасасига бириктириш масаласини ҳал қилади, ходимларнинг тиббий кўрик ва текширувлардан ўз вақтида ва тартибли равишда ўтишлари учун жавобгар бўлади.

          25. Ишга қўйилаётган ходимлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўриклардан ўтиш устидан назорат корхона маъмурияти томонидан амалга оширилади.

        

5-боб. Якуний қоидалар

26. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

27. Ушбу Низом Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган.

 

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари

Федерацияси раиси                                                             Қ. Рафиқов

 

2020 йил  “___” май

        

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош давлат санитария врачи                                            Б.Юсупалиев

 

2020 йил  “___” май

 

 

 

Умумий таклифлар: 7

1493