Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17469 Ўзбекистон Бадиий академияси 05/05/2020 20/05/2020 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-17469

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сон қарори ижросини таъминлаш, рассомлар учун тажриба устахонаси фаолиятини ташкил этиш, тасвирий санъат соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда соҳада олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) (кейинги ўринларда – Рассомлик маҳорат устахонаси) ташкил этилсин.

2. Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) низоми иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар Рассомлик маҳорат устахонасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

тасвирий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, тасвирий санъат ижодкорларининг салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш;

“устоз-шогирд” ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш;

тасвирий санъат йўналишларида (дастгоҳли, графика, маҳобатли, миниатюра, ҳайкалтарошлик) фаолият олиб бораётган истеъдодли ижодкорларни саралаб олиш, уларнинг эстетик савияси ва маҳоратини юксалтириш;

санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарнинг юксак даражада ифода этилишига эришиш;

чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкил этиш;

юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш.

4. Белгилаб қўйилсинки,

Рассомлик маҳорат устахонаси фаолияти 2022/2023 ўқув йилидан бошланади;

ёш ижодкорлар Рассомлик маҳорат устахонасига стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб асосида жалб қилинади;

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Рассомлик маҳорат устахонасига олий маълумот даражасига эга бўлган, тасвирий санъат соҳаларида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ижодкорлар танлов асосида қабул қилинади;

Рассомлик маҳорат устахонаси юридик шахс мақомига эга бўлмайди ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

Рассомлик маҳорат устахонаси фоалияти Ўзбекистон Бадиий академиясининг тегишли бошқармалари томонидан мувофиқлаштириб борилади;

Рассомлик маҳорат устахонасини сақлаш харажатлари 2022 йилдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

5. Ўзбекистон Бадиий академияси икки ой муддатда Рассомлик маҳорат устахонасига Ўзбекистон Бадиий академияси биносидан хоналар ажратиш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Бадиий академияси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликдан икки ой муддатда Рассомлик маҳорат устахонасини махсус мебеллар, асбоб-ускуналар, стажёрлар томонидан ижодий ишларни тайёрлаш учун ҳом-ашё ва бошқа анжомлар билан жиҳозлаш нормативларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

7. Қуйидагилар Рассомлик маҳорат устахонаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижаси бўйича ажратиладиган грант маблағлари;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида кўрсатилган хизматлардан тушадиган маблағлар;

таълим хизматлари кўрсатишдан ва Рассомлик маҳорат устахонаси ҳисобидан стажёрлар томонидан тайёрланган барча турдаги ижодий ишларни ишлаб чиқишдан ҳамда бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Бош вазири                                                                                      А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил «___» июндаги _____-сон
қарорига
Илова

 

Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги
Рассомлик маҳорат устахонаси (Олий рассомлик курси)

НИЗОМИ

 

1-боб.Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом “Таълим тўғрисида” ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 21 апрелдаги ПҚ-4688-сон қарорига мувофиқ рассомлар учун тажриба устахонаси фаолиятини ташкил этиш, тасвирий санъат соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда соҳада олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида ташкил этилган Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси (Олий рассомлик курси) (кейинги ўринларда – Рассомлик маҳорат устахонаси) фаолият тартибини белгилайди.

2. Рассомлик маҳорат устахонаси тасвирий санъат соҳасида олий маълумотга эга бўлган ёш ижодкорлар кундузги йўналишда стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб асосида жалб қилинадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, Ўзбекистон Бадиий академияси (кейинги ўринларда – Бадиий академия) томонидан ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ равишда ёш рассомлар учун тажриба устахоналари фаолиятини амалга оширадиган, олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида давлат таълим муассасаси ҳисобланади.

3. Рассомлик маҳорат устахонаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва топшириқларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Бадиий академиянинг Уставига, буйруқ ва топшириқларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.

4. Бадиий академия Рассомлик маҳорат устахонасига умумий раҳбарлик қилади, ўқув-методик жараёнини мувофиқлаштиради, ташкилий масалалар, илмий-раҳбар (соҳа хусусиятидан келиб чиқиб кейинги ўринларда – ижодий-раҳбар)лар, профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради ҳамда фаолиятини назорат қилади.

2-боб. Рассомлик маҳорат устахонасининг асосий мақсади ва вазифалари

5. Рассомлик маҳорат устахонасининг асосий мақсади соҳа бўйича олий маълумот даражасига эга бўлган истеъдодли ёшларни тасвирий санъат йўналишлари бўйича жаҳон таълим стандартларига мувофиқ чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш, юксак эстетик ва бадиий салоҳиятга эга бўлган санъат асарларни яратиш, мустақил ижод қилишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш.

6. Қуйидагилар Рассомлик маҳорат устахонасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

тасвирий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, тасвирий санъат ижодкорларининг салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш;

“устоз-шогирд” ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш;

тасвирий санъат йўналишларида (дастгоҳли, графика, маҳобатли, миниатюра, ҳайкалтарошлик) фаолият олиб бораётган истеъдодли ижодкорларни саралаб олиш, уларнинг эстетик савияси ва маҳоратини юксалтириш;

санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарнинг юксак даражада ифода этилишига эришиш;

чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкил этиш;

юртимиз музейлари фондларини юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш.

ижодкорларни ҳар томонлама рағбатлантириш ва истеъдодли ёшларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш ҳамда халқаро ижодий алоқаларни ривожлантириш;

тасвирий ва амалий санъат йўналишларида фаолият олиб бораётган ёш мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, санъат асарларида миллий ва умуминсоний анъаналарни юксак даражада ифода этишга эришиш, юртимизда ўтказилаётган кўргазмаларнинг бадиий савиясини ошириш;

устоз-шогирд ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ёш ижодкорларни ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини тадбиқ этиш;

Рассомлик маҳорат устахонаси профессор-ўқитувчилари ҳамда таҳсил олувчи ёш стажёр-тадқиқотчиларнинг малака ва кўникмалари, ижодий маҳорати ва салоҳиятини хорижий олий таълим муассасаларида мунтазам равишда ошириш, ижодий-амалий тажриба алмашувларини ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида мазкур таълим муассасалари билан соҳалар бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш.

3-боб. Рассомлик маҳорат устахонаси фаолиятини ташкил этиш

7. Рассомлик маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчиларнинг ижодий имкониятларини янада ривожлантиришга йўналтирилган тасвирий санъат йўналишларида (дастгоҳли, графика, маҳобатли, миниатюра, ҳайкалтарошлик) фаолиятини амалга оширади.

8. Рассомлик маҳорат устахонасида ўқув-амалий машғулотларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб Бадиий академия томонидан тасдиқланадиган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади.

9. Рассомлик маҳорат устахонасида тасвирий санъат йўналишидаги мутахассисликлар бўйича ўзбек ва рус тилларида таълим берилади.

10. Ўқув машғулотлари стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб асосида олиб борилади.

11. Рассомлик маҳорат устахонасига қабул қилинган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалдаги стажёр-тадқиқотчи лавозим маошининг базавий миқдорига тенглаштирилган миқдорда стипендия тўланади.

12. Рассомлик маҳорат устахонасида ўқиш Бадиий академиянинг тегишли буйруғи билан тасдиқланган шахсий иш режасига мувофиқ давом этади.

13. Рассомлик маҳорат устахонаси битирувчиларига стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган давлат намунасидаги  ҳужжат берилади.

14. Рассомлик маҳорат устахонасининг стажёр-тадқиқотчилари Давлат гранти асосида хорижий мамлакатларда илмий-ижодий фаолият олиб боради.

4-боб. Рассомлик маҳорат устахонасига ўқишга қабул қилиш

15. Рассомлик маҳорат устахонасига қабул Бадиий академия томонидан белгиланган квоталарга мувофиқ амалга оширилади.

16. Рассомлик маҳорат устахонасига қабул амалдаги стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб асосида ҳамда Бадиий академиянинг қабул комиссияси томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танлов асосида амалга оширилади.

17. Рассомлик маҳорат устахонасига тегишли ихтисослик бўйича олий маълумот даражасига эга бўлган ҳамда тасвирий санъат соҳаларида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ёш ижодкорлар танлов асосида қабул қилинади.

18. Ихтисосликлар бўйича Рассомлик маҳорат устахонасига кириш имтиҳонларини ўтказиш шакли (ёзма, оғзаки, ижодий) ва тартиби Бадиий академия томонидан белгиланади.

19. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни тамомлаганлар Рассомлик маҳорат устахонасига қабул қилинмайди.

20. Рассомлик маҳорат устахонасига хорижий фуқаролар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқишга қабул қилинади.

5-боб. Рассомлик маҳорат устахонасида ўқув-тарбия жараёнини
ташкил этиш

21. Рассомлик маҳорат устахонасининг ўқиш муддати 2 йил.

22. Рассомлик маҳорат устахонасида ўқув-амалий машғулотларни ташкил этиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

ихтисосликлар бўйича Рассомлик маҳорат устахонасининг ижодий тажриба устахоналарида ўтказилади;

стажёр-тадқиқотчилар ўқув машғулотларини якка тартиб шаклида олиб бориради;

стажёр-тадқиқотчиларнинг мустақил иши;

назорат дарслари;

мустақил равишда ишланган ижодий ишларининг ҳисобот кўргазмаси;

кўргазма муҳокамалари;

курсдан-курсга ўтказиш аттестацияси.

23. Стажёр-тадқиқотчиларнинг билими ва ижодий маҳорати қуйидаги тартибда баҳоланади: аттестациядан ўтди, аттестациядан шартли равишда ўтди, аттестациядан ўтмади.

24. Аттестация ҳар олти ойда (тўрт босқичда) бир маротаба ўтказилади ва аттестациянинг тегишли босқичидан ўтган ҳар бир стажёр-тадқиқотчи ихтисосликдан тайёрланган ижодий ишларидан 2 тасини Рассомлик маҳорат устахонаси фондига топшириб боради.

25. Стажёр-тадқиқотчилар Рассомлик маҳорат устахонасидан курсидан қуйидаги ҳолатларда четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқишнинг бошқа олий таълим муассасаларига кўчирилиши муносабати билан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун;

ўқув интизомини ва Рассомлик маҳорат устахонасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

стажёр-тадқиқотчининг суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

Аттестацион комиссиясининг ҳулосасига биноан;

вафот этганлиги сабабли.

26. Стажёр-тадқиқотчини Рассомлик маҳорат устахонасидан четлаштириш тўғрисидаги буйруққа қуйидагилардан бири асос бўлади:

стажёр-тадқиқотчининг аризаси;

ижодий-раҳбарнинг билдиришномаси.

27. Стажёр-тадқиқотчининг аризаси асосида Бадиий академия раисининг буйруғига мувофиқ бир йил муддатга академик таътил берилиши мумкин.

6-боб. Рассомлик маҳорат устахонасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

28. Рассомлик маҳорат устахонаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Рассомлик маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчилар ва ижодий-раҳбарлардан муассасанинг Низоми ва ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;

ўқув машғулотларини такомиллаштириш ва таълим жараёнини методик таъминлаш, тажриба устахоналари фаолиятини бадиий салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар киритиш;

молиялаштиришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган турли манбалари ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш.

29. Рассомлик маҳорат устахонасининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

тасвирий санъат соҳаларида юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

Бадиий академия ҳамда юқори турувчи ташкилотларнинг қарорлари, буйруқлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлари ижросини таъминлаш, топшириқ ва кўрсатмаларини бажариш;

ўз Низомида белгиланган вазифаларни бажариш;

Рассомлик маҳорат устахонасига қўйилган талаблар, белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режаси ва ўқув дастурлари асосида ижодий тажриба устахоналарида таълим жараёнини ташкил этиш;

Стажёр-тадқиқотчиларни Рассомлик маҳорат устахонасига жалб этиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;

таълим-тарбия жараёнини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ ташкил этиш;

Рассомлик маҳорат устахонасининг моддий-техника таъминотини ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш.

7-боб. Рассомлик маҳорат устахонасида стажер-тадқиқотчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

30. Стажёр-тадқиқотчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Рассомлик маҳорат устахонасига қўйилган талаблар асосида ижодий тажриба устахоналарида бадиий таълим билимларини олиш;      

қизиқишига кўра таълим йўналишини танлаш;

ижодий-амалий ишларда, республика ва халқаро кўргазмалар, конференциялар, биеналлилар ва симпозиумларда иштирок этиш;

Бадиий академия раиси тавсиясига мувофиқ етакчи хорижий ва республика таълим муассасаларида амалиёт ўташ, стажировкада бўлиш;

стажёр-тадқиқотчилар учун белгиланган тартиб ва миқдорлардаги стипендия, Давлат стипендияси ҳамда ўқишга йўллаган юридик ва жисмоний шахслар томонидан тайинланадиган стипендияларни олиш;

Рассомлик маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчилари қонун ҳужжатларида ёки таълим муассасаси Низомида белгиланган бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.

31. Стажёр-тадқиқотчиларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

Рассомлик маҳорат устахонасининг тегишли ихтисослиги бўйича ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган билимларни эгаллаш ва ўзлаштириш, барча турдаги топшириқларни белгиланган муддатларда бажариш, шунингдек ҳисобот кўргазмаларини тайёрлаш;

Рассомлик маҳорат устахонасининг Низоми талабларига ва ички тартиб қоидаларига риоя этиш;

Рассомлик маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

8-боб. Рассомлик маҳорат устахонасида ижодий-раҳбар фаолият билан
шуғулланиш

32. Бадиий академия раисининг тегишли буйруғи билан стажёр-тадқиқотчиларга ижодий ва ўқув-услубий ёрдам кўрсатувчи, Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолари, Ўзбекистон халқ рассомлари, Санъат арбобларидан ижодий-раҳбарлар бириктирилади.

33. Рассомлик маҳорат устахонасида стажёр-тадқиқотчи билан олиб борилган иш учун ижодий-раҳбарнинг умумий ўқув юкламасига ҳар бир стажёр-тадқиқотчи учун соҳа хусусиятидан келиб чиқиб бир йилда 150 соат ҳажмидан келиб чиққан ҳолда соатбай иш ҳақи белгиланади. Бунда мазкур соатбай иш ҳақи йил давомида ойма-ой тенг улушларда тўлаб борилади.

34. Рассомлик маҳорат устахонасида ижодий-раҳбарларга стажёр-тадқиқотчи билан олиб борилагн ўқув машғулотларига соатбай ҳақ тўлаш ҳар бир стажёр-тадқиқотчи учун бир йилда 150 соат ҳисобида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан “Фан” соҳасига ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

35. Ижодий-раҳбар фаолияти билан шуғулланиши суд ҳукмига асосан ман этилган шахсларнинг Рассомлик маҳорат устахонасида ушбу фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

36. Рассомлик маҳорат устахонасида ижодий-раҳбар фаолият билан шуғулланувчи шахсларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ёш ижодкорларининг имконият ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш;

миллий ва жаҳон бадиий академик таълимнинг тажрибасига таяниб, стажёр-тадқиқотчиларнинг эстетик дидини ўстириш, уларни юксак маънавий руҳда тарбиялаш;

стажёр-тадқиқотчиларнинг ижодий қобилиятини, ўқув-амалий ва ижодий машғулотларини қай даражада ўзлаштиришларини, билим савиясини кузатиш, таҳлил қилиш ва чоралар кўриш.

37. Рассомлик маҳорат устахонасида ижодий-раҳбар фаолиятга жалб этиладиган профессор-ўқитувчилар соҳа бўйича ихтисослик фанларини юқори даражада билиши, унинг назарий ва амалий асосларини ҳамда муҳим ютуқларга эришиш мумкин бўлган йўлларни кўра билиш ўқувига эга бўлиши талаб этилади.

38. Рассомлик маҳорат устахонасида ижодий-раҳбар сифатида фаолият юритишига тасвирий санъат соҳасида истисно тариқасида олий маълумотга эга бўлмаган, лекин ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳорати билан танилиб, халқ эътирофига сазовор бўлган Халқ рассомлари, Бадиий академиянинг академиклари, “Ўзбекистон халқ устаси” ва соҳа бўйича бошқа давлат мукофотлари ва шарафли унвонларига сазовор бўлган мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

39. Ижодий-раҳбарларнинг фаолияти Бадиий академия раҳбарияти томонидан назорат қилинади.

40. Рассомлик маҳорат устахонасида ижодий-раҳбарлар илмий ходимлар учун амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларга амал қилишлари белгиланади.

41. Рассомлик маҳорат устахонасида хорижий фуқаролар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ижодий-раҳбарлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин.

9-боб. Рассомлик маҳорат устахонасини бошқариш

42. Бадиий академия Рассомлик маҳорат устахонасининг муассиси ҳисобланади ҳамда унинг умумий фаолиятини мувофиқлаштиради.

43. Рассомлик маҳорат устахонасига бевосита раҳбарликни тегишли равишда Бадиий академия раиси амалга оширади.

44. Рассомлик маҳорат устахонасининг фаолиятини назорат қилишни Бадиий академия Бош илмий котиби амалга оширади.

10-боб. Рассомлик маҳорат устахонасини молиялаштириш ва
унинг моддий-техника таъминоти

45. Рассомлик маҳорат устахонаси фаолиятини молиялаштириш белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

46. Рассомлик маҳорат устахонаси ўзига бириктирилган мол-мулкни ва харажатлар сметаси бўйича ажратилган маблағларни қонун ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.

47. Рассомлик маҳорат устахонаси фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

хўжалик фаолиятидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар;

таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-ўқув, ўқув-методик, ахборот-таҳлилий ва Рассомлик маҳорат устахонаси курси ҳисобидан стажёр-тадқиқотчилар томонидан тайёрланган барча турдаги ижодий ишларни ишлаб чиқишдан ҳамда бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

48. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк Рассомлик маҳорат устахонасининг мол-мулки таркибига киритилади.

49. Бадиий академия томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий ва статистик ҳисобот юритилади.

11-боб. Якунловчи қоидалар

50. Рассомлик маҳорат устахонаси қонунчиликда белгиланган тартибда бадиий таълим бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин.

51. Уларнинг халқаро ҳамкорлиги шартномалар асосида хорижий ташкилотлар билан илмий-ижодий ва тажриба алмашиш, илмий ходимлар ва стажёр-тадқиқотчиларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилиши мумкин.

52. Рассомлик маҳорат устахонасига хорижий фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.

53. Рассомлик маҳорат устахонаси жамоатчилик, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа олий таълим муассасалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан узвий алоқада фаолият кўрсатади.

54. Рассомлик маҳорат устахонасида унинг иш фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ташкилотлар, жумладан, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар ташкил этилишига ва фаолият юритишига йўл қўйилмайди

55. Рассомлик маҳорат устахонасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ўқув йили якунида муассис томонидан амалга оширилади.

56. Рассомлик маҳорат устахонаси тугатилган тақдирда унинг пул маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонун ҳужжатларига ҳамда Рассомлик маҳорат устахонаси Низомига мувофиқ фойдаланилади.

57. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

Умумий таклифлар: 0

118