Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17242 Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 29/04/2020 14/05/2020 2

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Қонуни
Қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластери тўғрисида
ID-17242

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади

Ушбу қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластерлари муносабатларини жорий этиш ва ушбу тизимни асоси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги кооперативлари, уларнинг бирлашмалари ва агросаноат кластерларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Кооперация ва агросаноат кластерлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластери тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластери тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Умумий тушунчалар

Ушбу қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

агросаноат кластери – бир ёки бир неча юридик шахсларнинг гуруҳи доирасида замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва транспортировка қилиш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, реализация қилиш бўйича қўшилган қиймат яратиш занжирини яратишни илмий, инновацион услублар асосида ташкил этилган мажмуа;

агрокластер ва унинг инфратузилмаси – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришининг (агрокластернинг) асосий воситалар кўринишидаги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа иккиламчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, саралаш ва транспортировка қилиш, сотиш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бинолар, иншоотлар, ускуналар ва бошқа объектлар мажмуаси;

дивиденд – аъзоларнинг қўшимча пай бадали ва уюшган аъзоларнинг пай бадали бўйича, ушбу қонун ва уставда белгиланган миқдорда тўлаб берилувчи кооператив ва агросаноат кластери фойдасининг бир қисми;

кооператив ва агросаноат кластери аъзоларининг субсидиар жавобгарлиги – кооператив ва агросаноат кластерининг мажбуриятлари бўйича ҳамда кооператив ва агросаноат кластерига кредиторлар томонидан қўйилган талабни белгиланган муддатларда қондира олмаслик ҳолатларида юзага келадиган мажбуриятлар юзасидан аъзоларнинг қўшимча жавобгарлиги. Кооператив
ва агросаноат кластери аъзоларининг субсидиар жавобгарлигининг миқдорлари
ва шартлари ушбу қонун ва устав билан белгиланади;

кооператив аъзоси – ишлаб чиқариш кооперативи фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этувчи ёки матлубот кооперативининг хўжалик фаолиятида иштирок этувчи, пай бадали киритган ва овоз бериш ҳуқуқи билан кооперативга қабул қилинган ҳамда кооперативнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликка эга бўлган жисмоний ва юридик шахс;

кооператив ва агросаноат кластери тўловлар – аъзолар ўртасида, уларнинг кооператив ва агросаноат кластерида шахсий меҳнати билан иштироки ёки хўжалик фаолиятида иштирокига мутаносиб тарзда тақсимланувчи кооператив ва агросаноат кластери фойдасининг бир қисми;

кооператив ва агросаноат кластерининг бўлинмас фонди – кооператив
ва агросаноат кластери фаолияти давомида аъзолар ва уюшган аъзолар пайларига бўлинмайдиган ёки уларнинг аъзолик тўхтатилганда, тўловга тегишли бўлмаган
ва уставда белгиланган мақсадлар учун фойдаланилувчи кооператив ва агросаноат кластери мулкининг бир қисми;

кооператив ва агросаноат кластерининг уюшган аъзоси – кооператив ва агросаноат кластерининг ишлаб чиқариш фаолиятида меҳнати билан иштирок этмайдиган, киритган пай бадали бўйича дивиденд оладиган, пай бадали қиймати чегарасида кооператив ва агрсоаноат кластери фаолияти билан боғлиқ зарарлар бўйича тавакалчиликни ўз зиммасига олувчи ҳамда ушбу қонун ва уставда белгиланган чекловлар доирасида кооператив ва агросаноат кластерида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс;

кооперативнинг хўжалик фаолиятида иштирок этиш – кооперативга аъзолар томонидан маҳсулот, хом-ашё етказишлар, кооперативда улар томонидан товар сотиб олиш, кооператив хизматларидан фойдаланиш;

кўпайтирилган (ўстирилган) пай – мазкур қонунда назарда тутилган тартибда кооператив ва агросаноат кластери тўловлари ва маблағлари ҳисобига
пай бадалига кўшимча тарзда шаклланувчи ва тўлаб берилувчи кооператив ва агросаноат кластери аъзоси пай бадалининг бир қисми;

қишлоқ хўжалиги кооперативи – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари бўлган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан биргаликда ишлаб чиқариш ёки бошқа хўжалик фаолиятини юритиш учун ўзларининг моддий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш мақсадида ихтиёрий равишда мулкий пай бадалларини бирлаштириш асосида ташкил этилган ташкилот. Қишлоқ хўжалиги кооперативи (кейинги ўринларда – кооператив
деб юритилади) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативи (кейинги ўринларда – ишлаб чиқариш кооперативи деб юритилади) ёки қишлоқ хўжалиги матлубот кооперативи (кейинги ўринларда – матлубот кооперативи
деб юритилади) шаклида ташкил этилиши мумкин;

қишлоқ хўжалиги кооперацияси – қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши
ва матлубот кооперативлари ҳамда уларнинг бирлашмалари тизими;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси – ўсимликчилик, чорвачилик ва балиқчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқаришни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс;

қўшимча пай бадали – кооператив ва агросаноат кластери аъзосининг мазкур қонун ва уставда кўзда тутилган миқдор ва тартибда девиденд олаётган мажбурий пайига қўшимча равишда ихтиёрийлик асосида киритган пай бадали;

мажбурий пай бадали – мажбурий тартибда киритиладиган ва овоз бериш, кооператив ва агросаноат кластери фаолиятида иштирок этиш, уставда белгиланган хизмат ва имтиёзлардан ҳамда тўловларни олиш ҳуқуқини берувчи кооператив
ва агросаноат кластери аъзосининг пай бадали;

пай бадали – кооператив ва агросаноат кластери аъзоси ёки уюшган аъзонинг кооператив ва агросаноат кластерини пай фондига пул, мулкий улуш ёки пул қийматига эга бошқа мол-мулклар ҳамда мулкий ҳуқуқлар бўйича киритган мулкий бадалидир. Кооператив аъзосининг пай бадали мажбурий ва қўшимча бўлиши мумкин;

пай фонди – кооператив ва агросаноат кластери аъзолари ва уюшган аъзолар пайлари йиғиндисининг пулдаги ифодаси;

пай – кооператив ва агросаноат кластери мулкини яратишда, кооператив
ва агросаноат кластери аъзоси ёки уюшган аъзосининг иштироки даражасини ифода этувчи ва қиймат кўринишида хисобга олинувчи кооператив ва агросаноат кластери мулкининг бир қисми. Кооператив ва агрсаноат кластери аъзосининг пайи унинг пай бадали ва кўпайтирилган пайидан ташкил топади. Уюшган аъзонинг пайи, унинг пай бадалига тенг;

ташаббускор – агросаноат кластерларини ташкил этиш учун ариза берган юридик шахс ёки бир неча юридик шахслар консорциуми;

ходим – кооператив аъзоси бўлмаган ва маълум бир мутахассислик, малака ва лавозимга меҳнат шартномаси асосида жалб этиладиган шахс;

шахсий меҳнат билан иштирок этиш – кооператив аъзосининг кооперативнинг ишлаб чиқариш фаолиятида, унинг кооперативда ишлаган кунлари ёки иш ҳақи миқдорида ёки у ёки бу муддатда бажарилган иш ва ишлаб чиқарилган маҳсулот хажми билан ифодаланувчи иштироки.

4-модда. Кооператив ва агросаноат кластерини ташкил этиш
ва фаолиятининг асосий тамойиллари

Кооператив ва агросаноат кластери қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади ва фаолият юритади:

аъзоликнинг ихтиёрийлиги;

ишлаб чиқариш ва бошқа хўжалик фаолиятида иштирок этаётган аъзолар учун ўзаро ёрдам ва иқтисодий манфаатнинг таъминланганлиги;

фойда ва зарарнинг аъзоларнинг шахсий меҳнати билан иштироки ёки хўжалик фаолиятдаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда улар ўртасида тақсимланиши;

хўжалик фаолиятда унинг аъзоси бўлмаган шахслар иштирокини чеклаш;

аъзоларни қўшимча пай бадали ва уюшган аъзоларни пай бадали бўйича тўланадиган дивидендлар миқдорини чеклаш;

фаолиятнинг ошкоралик асосида бошқарилиши, ҳар бир аъзо, қўшган мулкий ҳиссасининг миқдоридан қатъи назар, бир овозга эга бўлиши;

фаолият тўғрисидаги ахборотларнинг, унинг барча аъзолари учун очиқ бўлиши.

5-модда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи сифатида кооператив аъзоларининг шахсий меҳнати билан иштирокига асосланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолиятларни бажариш бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкий пай бадаллари кўринишидаги пул маблағлари, ер участкаси, ер ва мулкий улушлари ва бошқа мулкларини ихтиёрий бирлаштириш ҳамда уларни кооперативнинг пай фондига киритиш йўли билан ташкил этилган кооператив тан олинади.

Ишлаб чиқариш кооперативи тижорат ташкилоти бўлиб, ушбу қонуннинг
4-моддасида ҳамда ушбу моддада белгиланган талабларга мувофиқ ташкил этилган кооперативлар ишлаб чиқариш кооперативларининг турлари ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи аъзолари учун унинг фаолиятида шахсий меҳнати билан иштирок этишлари мажбурийдир, бунда аъзолар уларнинг қандай вазифани бажаришларидан қатъий назар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари бўлиб ҳисобланадилар.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативининг фирма номи “қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши кооперативи” сўзларини ўз ичига олиши лозим. Қишлоқ хўжалиги кооперативининг фирма номига бўлган барча талаблар тегишли қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари сони учтадан кам бўлмаслиги лозим.

6-модда. Қишлоқ хўжалиги матлубот кооперативи

Қишлоқ хўжалиги матлубот кооперативи сифатида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва (ёки) шахсий томорқа ер эгалари томонидан уларнинг матлубот кооперативи хўжалик фаолиятида ихтиёрий иштирок этиш шартларида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативи тан олинади.

Матлубот кооперативи тижорат ташкилоти ҳисобланади ва ушбу моддада белгиланган қоидаларга мувофиқ бир ёки бир нечта фаолият турларини бажариш учун кооператив аъзоларининг эҳтиёжларини қондириш мақсадида ташкил этилган қайта ишлаш, сотиш (савдо), хизмат кўрсатиш, таъминот, боғдорчилик, томорқачилик, чорвачилик кооперативларига бўлинади.

Қайта ишлаш кооперативига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (гўшт, балиқ, сут, нон ва нон маҳсулотлари, сабзавот ва мева, резаворлар, пахта, каноп, зиғир маҳсулотлари ва ярим тайёр маҳсулотлар, тахта-ёғоч материаллар ишлаб чиқариш) қайта ишлаш билан шуғулланувчи матлубот кооперативлари киради.

Сотиш (савдо) кооперативи маҳсулотларни сотиш, шунингдек, уни сақлаш, саралаш, қуритиш, ювиш, қадоқлаш, ўраш ва ташишни амалга оширади, битимлар тузади, бозорни ўрганади, маҳсулот рекламаси ва ўз фаолияти билан боғлиқ бошқа ишларни ташкил қилади.

Хизмат кўрсатиш кооперативи механизация, агрокимё, мелиорация, транспорт, таъмирлаш, қурилиш ишлари, шунингдек, суғурта хизматлари (суғурта кооперативлари), илмий-ишлаб чиқариш, ҳуқуқий ва молиявий маслаҳатлар, электрлаштириш, телефонлаштириш, санатория ва тиббий хизматлар ҳамда бошқа турдаги иш ва хизматларни амалга оширади.

Таъминот кооперативи ишлаб чиқариш воситалари (ўғитлар, нефть маҳсулотлари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, пестицидлар, гербицидлар ва бошқа кимёвий воситалар, озуқалар) сотиб олиш ва сотиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай маҳсулотларни сотиб олиш; сотиб олинаётган маҳсулот сифатини синаш ва назорат қилиш; уруғлик, ёш қорамол ва паррандалар етказиб бериш; хом-ашё ва материаллар ишлаб чиқариш ва уларни маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга етказиш; маҳсулот ишлаб чиқарувчилар учун зарур бўладиган матлубот товарларини (озиқ-овқат, кийим-кечак, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, тиббиёт ва ветеринария препаратлари, китоблар) сотиб олиш ва етказиш мақсадларида ташкил этилади.

Боғдорчилик, томорқачилик ва чорвачилик кооперативлари ўсимликчилик ва чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича комплекс хизматлар кўрсатиш учун ташкил этилади.

Суғурта кооперативининг фаолият юритиш тартиби, унинг аъзолари ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу қонун ва суғурта кооперативларини ташкил этиш
ва фаолият юритиш қоидаларини тартибга солувчи қонунлар билан белгиланади.

Матлубот кооперативи, агар ушбу қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, унинг таркибига иккитадан кам бўлмаган юридик шахс ёки бештадан кам бўлмаган жисмоний шахс кирганда ташкил этилади. Бунда кооператив аъзоси бўлган юридик шахс умумий йиғилишда қарорлар қабул қилишда битта овозга эга бўлади.

Хизмат кўрсатиш, қайта ишлаш, сотиш (савдо), таъминот, боғдорчилик, томорқачилик ва чорвачилик кооперативлари томонидан бажарилаётган иш (хизмат)лар ҳажмининг 50 фоиздан кам бўлмаган қисми ушбу кооперативлар аъзолари учун амалга оширилиши лозим.

Матлубот кооперативининг номланиши унинг асосий фаолиятини ифода этиши ҳамда “қишлоқ хўжалиги матлубот кооперативи” сўзларини ўз ичига олиши лозим.

7-модда. Кооперативларнинг бирлашмалари (уюшмалари)

Кооперативлар мустақил равишда ёки бошқа юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, умумий мулкий манфаатларни ҳимоя қилиш, кооперативлар, кооператив бирлашмалари (уюшмалари) – бирлашма (уюшма) аъзоларини тафтиш қилиш мақсадида ўзаро шартнома асосида кооперативларнинг бирлашмалари (уюшмалар) (кейинги ўринларда бирлашма (уюшма) деб аталади) шаклидаги нотижорат ташкилоти ҳисобланган бирлашмалар (уюшмалар)ни ташкил этиши мумкин.

Агар бирлашма (уюшма) аъзолари қарори билан бирлашма (уюшма) зиммасига тадбиркорлик фаолияти юклатилса, бундай бирлашма (уюшма) фуқаролиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик ёки шерикчилик жамиятига айлантирилади, ёҳуд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хўжалик жамияти ташкил этиши ёки бундай жамиятда иштирок этиши мумкин.

Бирлашма (уюшма) аъзолари ўз мустақиллиги ва юридик шахс мақомини сақлаб қолади.

Бирлашма (уюшма) аъзолари томонидан имзоланган таъсис шартномаси ва тасдиқланган устав бирлашма (уюшма)нинг таъсис ҳужжатлари бўлиб ҳисобланади.

Бирлашма (уюшма) аъзолари агар ушбу қонунда бошқа ҳолатлар белгиланмаган бўлса, унинг хизматларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Бирлашма (уюшма) аъзоси молиявий йил якунланиши билан ўз хоҳишига кўра бирлашма (уюшма)дан чиқиши мумкин.

Бирлашма (уюшма) аъзоси бирлашма (уюшма) таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳолат ва тартибда бирлашма (уюшма)нинг бошқа аъзоларининг қарори бўйича ундан чиқарилиши мумкин.

Бирлашма (уюшма)га янги аъзоларни қабул қилиш, бирлашма (уюшма) уставида белгиланган тартиблар бўйича амалга оширилади. Бирлашма (уюшма)га янги аъзоларнинг киришида уларни қабул қилишгача бўлган даврда вужудга келган бирлашма (уюшма)нинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлиги юзага келиши мумкин.

Бирлашма (уюшма)лар ўзаро шартнома асосида кейинги даражадаги бирлашма (уюшма) шаклидаги бирлашмаларни ташкил этишга ҳақлидир, ушбу қонунда кўзда тутилган ҳолатдарда эса, кўрсатилган бирлашмаларни ташкил этишлари шарт.

Бирлашма (уюшма)нинг номи унинг асосий фаолият йўналиши
ва жойлашган ҳудудини акс эттириши, “қишлоқ хўжалиги кооперативлари бирлашмаси” ёки “ қишлоқ хўжалиги кооперативлари уюшмаси” сўзларини
ўз ичига олиши лозим.

8-модда. Кооперативнинг ҳуқуқлари

Ушбу қонун асосида ташкил этилган кооператив юридик шахс бўлиб, қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ваколатхона ва филиалларини ташкил этиш, ўз ҳуқуқларини Ўзбекистон Респуликаси ҳудудида ва унинг ташқарисида амалга ошириш;

ушбу қонуннинг 5 ва 6-моддаларида белгиланган ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш;

қонунда белгиланган тартиб ва шартларда мулкка эга бўлиш, мулк
ва ер участкаларига, шу жумладан, кооперативнинг пай фондига пай бадали кўринишида берилган мулкка нисбатан сотиб олиш ёки бошқа йўл билан эга бўлиш, сақлаш, сотиш ва бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш;

кооперативнинг заҳира ва бўлинмас фондларини ташкил этиш, заҳира фондлари маблағларини банкларга ва кредит муассасаларига қўйиш, қимматбаҳо қоғозлар ва бошқа мулкларни сотиб олишга йўналтириш;

шартномалар тузиш ҳамда кооператив уставида белгиланган мақсадларга эришиш учун зарур бўлган барча ҳуқуқларни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

давлат ва бошқа органлар ҳужжатларини қонуний кучга эга эмаслигини (қисман ёки тўлиқ) тан олиниши ҳамда кооператив ҳуқуқини бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларнинг фаолиятини қонунчиликка тўғри келмаслиги ҳамда бошқа ҳолатлар бўйича судларга ариза билан мурожаат қилиш;

кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатишни амалга ошириш.

9-модда. Давлат ва кооператив

Давлат қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини харид қилиш
ва қуриш, ҳудудларни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мақсадли дастурлар, режа ва прогнозларга асосланган ҳолда республика ва маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратиш йўли билан кооперативларни ташкил этишни рағбатлантиради ва фаолиятини қўллаб-қувватлайди, илмий, ахборот
ва кадрлар таъминотини амалга оширади.

Маҳаллий давлат хокимияти органлари қонунда кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари кооперативнинг хўжалик, молиявий ва бошқа фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Давлат ва бошқа органлар ёҳуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида ҳамда кооперативга нисбатан ушбу органлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунда кўзда тутилган вазифаларга тегишли бўлмаган ҳаракатларни амалга ошириш натижасида кооперативга келтирилган зарар бу органлар томонидан қопланиши шарт. Бундай зарарларни қоплаш бўйича низолар суд ёки уларнинг тегишли қуйи идоралари томонидан кўриб чиқилади.

10-модда. Агросаноат кластерининг ҳуқуқий ҳолати

Агросаноат кластери қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс мақомига эга бўлади.

Агросаноат кластери қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси бўлишга ёки уларнинг устав фондида (устав капиталида) бошқача тарзда иштирок этишга, ваколатхоналар ва филиаллар тузишга ҳақлидир.

Агросаноат кластер, агар унинг таъсис ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, номуайян муддатга тузилади.

Агросаноат кластери ўзининг тўлиқ номи давлат тилида ифодаланган ва агросаноат кластерининг жойлашган ери кўрсатилган думалоқ муҳрга эга бўлишга ҳақли. Агросаноат кластерининг муҳрида унинг номи Агросаноат кластерининг танловига кўра бошқа тилларда ҳам ифодаланиши мумкин.

Агросаноат кластери ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларини, товарлар, ишлар ва хизматларни индивидуаллаштирувчи ўзга воситаларга эга бўлишга ҳақли.

Агросаноат кластери ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан ҳуқуқларни олиши, мажбуриятларга эга бўлиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Агросаноат кластери қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолият турларини амалга ошириши мумкин.

Агросаноат кластери ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади.

Агросаноат кластери ўз иштирокчиларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.

Агросаноат кластерининг банкротлиги иштирокчи сифатидаги шахснинг айби туфайли вужудга келган бўлса, Агросаноат кластерининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда бундай шахс зиммасига унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин.

Давлат ва унинг органлари Агросаноат кластерининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди, худди шунингдек агросаноат кластери ҳам давлат ва унинг органлари мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.

2-боб. Кооперативни ташкил этиш

11-модда. Кооперативни ташкил этиш тартиби

Кооператив ташкил этиш хоҳиши бўлган юридик ва жисмоний шахслар кооперативни ташкил этиш мақсадида ташкилий қўмитани шакллантиради ва унга қуйидаги мажбуриятлар юклатилади:

кооперативнинг пай фонди миқдори ва уни шакллантириш манбаларини
ўз ичига олган кооперативнинг ишлаб чиқариш-иқтисодий фаолияти лойиҳасининг техник –иқтисодий асосномасини тайёрлаш;

кооператив устави лойиҳасини тайёрлаш;

кооперативнинг ишлаб чиқариш ёҳуд бошқа хўжалик фаолиятида иштирок этиш ва кооператив устави талабларига риоя этишга розилиги акс этган кооперативга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш;

кооператив аъзоларининг умумий ташкилий йиғилишини тайёрлаш ва ўтказиш.

Ташкилий қўмита кооперативни ташкил қилиш бўйича харажатларни қоплаш мақсадида кооперативга кириш аъзолик бадали миқдорини белгилашга ҳақли ҳамда ундан фойдаланганлик тўғрисида кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида ҳисобот бериши шарт.

Кооператив аъзоларининг умумий ташкилий йиғилиши:

кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

кооператив уставини тасдиқлайди;

кооперативни бошқариш органларини (кооператив бошқарувини ва ушбу қонунда белгиланган ҳолларда кооператив кузатув кенгашини) сайлайди.

12-модда. Кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш

Кооператив қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Кооператив давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

13-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта ташкил этишда кооперативларни тузиш хусусиятлари

Инфратузилма объектларининг рўйхати қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси аъзолари (иштирокчилари)нинг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади. Кўрсатилган объектлар уларнинг қиймат кўринишида тақсимланиши мумкин бўлган қуйидаги ҳолатидан ташқари бўлинмас деб эълон қилинади:

агар қишлоқ хўжалиги корхонаси ёки фермер хўжалиги ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектидан узоқлиги туфайли уларга кўрсатилган объектдан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаса;

агар қишлоқ хўжалиги корхонаси ёки фермер хўжалиги ўхшаш бўлган ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга бўлса ва уларнинг умумий ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланишга эҳтиёжи бўлмаса.

Агар барча мулкий пай бадаллари қийматининг 51 фоизидан кам бўлмаган қисми бўлинмас ишлаб чиқариш объектларига тўғри келса ишлаб чиқариш кооперативларидан бирининг пай фондига берилади, бу кооператив ушбу объектларни қайта ташкил этилган бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари
ва фермер хўжаликлари розилиги билан кооперативнинг уюшган аъзолигига қабул қилиш шартларида ва бу уюшган аъзоларга ушбу объектлардан шартнома асосида фойдаланиш шартларида ўзининг бўлинмас фондига киритиши мумкин.

Қолган қишлоқ хўжалиги корхоналари ишлаб чиқариш кооперативига уюшган аъзо бўлиб киришга истак билдирмаса, уларга бўлинмас ишлаб чиқариш объектига тўғри келган пай қиймати тўлаб берилади ёҳуд улар кўрсатилган бўлинмас ишлаб чиқариш объектларини тегишли ишлаб чиқариш кооперативига ваколатли бошқариш учун берадилар.

Агар қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта ташкил этиш натижасида ташкил этилган ишлаб чиқариш кооперативларидан бирортаси бўлинмас ишлаб чиқариш объектига тўғри келадиган барча мулкий пай бадаллари қийматининг
51 фоизига эга бўлмаса ёҳуд агар ўзининг бўлинмас фондига бўлинмас ишлаб чиқариш объектларини киритиш ҳуқуқига эга бўлган ишлаб чиқариш кооперативи буни рад этган ҳолатларда кўрсатилган объектлардан фойдаланиш учун бир ёки бир нечта матлубот кооперативлари ташкил этилади.

Ушбу қонунда ва бўлинмас ишлаб чиқариш инфратузилмаларидан фойдаланиш мақсадида ташкил этилган матлубот кооперативи уставида белгиланган тартибга мувофиқ қайта ташкил этилаётган корхона ҳудудида фаолиятини амалга оширадиган ҳар қандай қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси ишлаб чиқариш кооперативида кўрсатилган объектдан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома иштирокчиси ёҳуд матлубот кооперативи аъзоси бўлиш ҳуқуқига эга.

14-модда. Кооператив устави

Кооператив устави қуйидаги мажбурий бўлган маълумотларни ўзида акс эттириши лозим:

кооператив номи;

кооператив манзили;

кооперативни фаолият юритиш муддати ёки кооперативнинг муддатсиз фаолияти юритиши тавсифига эгалиги кўрсатилиши;

кооператив фаолиятининг мақсади ва предмети. Бунда кооперативни ташкил этиш даврида белгиланган мақсад доирасида хар қандай фаолият билан шуғулланиши мумкинлиги акс эттирилиши билан бирга кооператив фаолиятининг асосий йўналишларидан бирини аниқлаш етарли ҳисобланади;

кооперативга кириш тартиби ва шартлари, кооперативга аъзоликни тугатиш асослари ва тартиби;

кооператив аъзоларининг пай бадаллари миқдори тўғрисидаги шартлар;

пай бадалларини киритиш таркиби ва тартиби, уларни киритиш бўйича мажбуриятларнинг бузилиши бўйича жавобгарлик;

бўлинмас фондларни ташкил этиш миқдорлари ва шартлари;

кооперативнинг бошқа фондларини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш;

кооперативнинг фойда ва зарарларини тақсимлаш тартиби;

ушбу қонунда белгилангандан кам бўлмаган миқдорда кооператив аъзоларининг субсидиар жавобгарлиги шартлари;

кооперативни бошқариш органлари таркиби ва мавқеи, улар томонидан қарорларни, шу жумладан, ягона қарор қабул қилиш ёки кўпчилик овоз билан қабул қилишни талаб этувчи масалалар бўйича қарор қабул қилиш;

кооператив аъзолари ва уюшган аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

ишлаб чиқариш кооперативи фаолиятида шахсий меҳнат билан иштирок этиш характери (тавсифи), тартиби ва энг кам миқдори;

молиявий йилнинг бошланиши ва якунланиши даври;

ер участкаларидан ташқари пай бадали ҳисобига киритилаётган мулкни баҳолаш тартиби;

расмий органларда кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш, тугатиш ва қайта тузиш тўғрисидаги маълумотларни чоп этиш тартиби;

кооперативни тугатиш ва қайта тузиш тартиби ва шартлари;

кооператив устави қонунчиликка зид бўлмаган бошқа маълумотларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Кооперативнинг бошқарув органи кооператив аъзосининг ёки кооперативнинг уюшган аъзосининг талабига кўра кооператив уставини ҳамда белгиланган тартибда унга киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтганлиги тўғисидаги ҳужжатлар нусхасини ушбу нусхани тайёрлаш учун сарфланган харажатлардан ошмаган ҳақ эвазига беришга ёҳуд улар билан танишиш очиқ бўлишини таъминлашга мажбурдир.

Кооператив аъзолари ёки кооперативнинг уюшган аъзолари сонидаги ўзгаришлар ҳамда кооператив пай фонди миқдорининг ўзгариши кооператив уставига ушбу ўзгаришларни киритиш учун асос бўла олмайди.

15-модда. Кооператив уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш

Ушбу қонунга мувофиқ шартларда кооператив уставига ўзгартиришлар
ва қўшимчалар киритишга рухсат берилади.

Агар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарномасида кооператив уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тавсифи ҳақида баёнот ўз аксини топган бўлса, кооператив уставига ўзгартиришлар
ва қўшимчалар киритиш кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида уставга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Кооператив уставига киритилган ўзгартиришлар ва унга қўшимчалар учинчи шахслар учун кўрсатилган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.

Кооператив уставига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказилганлигига икки йил ва ундан ортиқ вақт ўтган бўлса, уларни қабул қилиш тартибига риоя қилинмаганлигига асосланиб, бекор қилинишига
йўл қўйилмайди.

Ушбу қонунда белгиланган тартибга асосан кооператив уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш учун кооператив янги таҳрирдаги уставини қабул қилиши ва тасдиқлаши ҳамда давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга тақдим этиши мумкин.

3-боб. Агросаноат кластерини ташкил этиш

16-модда. Агросаноат кластерини ташкил этиш тартиби

Агросаноат кластерини ташкил этиш ташаббускор ҳамда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ўртасида тузиладиган келишув асосида амалга оширилади.

Хорижий инвесторлар иштирок этаётган агросаноат кластерини ташкил этиш ташаббускор ҳамда чорвачилик йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида тузиладиган келишув асосида амалга оширилади.

Агросаноат кластерининг фаолиятини ташкил этиш учун алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди, хорижий инвесторлар иштирок этилаётган агросаноат кластери бундан мустасно.

17-модда. Агросаноат кластерини ташкил этиш бўйича мурожаат қилиш ва унинг мурожаатини кўриб чиқиш

Ташаббускор агросаноат кластерини ташкил этиш учун тармоқ ихтисослиги
ва турини кўрсатган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёхуд Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига ариза билан мурожаат қилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

талабгорга тегишли бўлган инфратузилма объекти, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг агросаноат кластери усулини тадбиқ этиш имкониятини берувчи мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумот. Бунда, бино
ва иншоотларга нисбатан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг Давлат реестридан электрон кўчирма, қишлоқ хўжалиги асбоб-ускуналарни ҳисобга олинганлиги тўғрисида маълумотнома;

агросаноат кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича бизнес режа;

маҳсулотни сотиш бўйича шартномалари нусхалари;

амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари кўрсаткичлари (қиймати, инвестиция ҳажми, қуввати, иш ўрни, экспорт ҳажми ва бошқалар);

талабгорнинг банк ҳисобварағида агросаноат кластери фаолиятини
ва инфратузилмасини ташкил этиш бўйича бизнес-режасини амалга ошириш учун етарли ва мажбуриятлардан озод бўлган пул маблағларининг мавжудлиги ҳақида хизмат кўрсатувчи банк маълумотномасидан кўчирма (кейинги 3 ой давомида тўлиқ мавжудлиги) ёки тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича инвестиция шартномасини ёхуд хизмат кўрсатувчи банкдан кредит олиш бўйича шартномасининг нусхаси.

Агар талабгор танлаган ихтисослигига мос ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ер участкасини фойдаланиш (ижара)га олишни
ёки мавжуд ер майдонларини кенгайтиришни хоҳласа, буни аризада акс этириши лозим.

Келгуси йил ҳосили учун агросаноат кластери ташкил этиш бўйича талабгорларнинг аризалари ҳар йили 15 сентябрга қадар тақдим этилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органи ариза келиб тушган вақтдан бошлаб
5 иш кунида аризага илова қилинган ҳужжатлар асосида талабгорнинг агросаноат кластерни танлаш бўйича белгиланган мезонларга мувофиқлигини ўрганади ҳамда натижаси бўйича талабгорга ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.

Танловга қўйилган майдонга бир ва ундан ортиқ талабгор қайд этилса, барча талабгорлар тенг хуқуқларга эга бўлади ва улар орасида 3 иш кунида қўшимча танлов эълон қилинади.

 

Қўшимча танлов қуйидаги мезонларга асосланади:

талабгорнинг йиллик айланма маблағлари;

ажратилган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги;

охирги 3 йилда экспорт ва қайта ишлаш ҳажми;

киритиладиган инвестиция ҳажми (асослантирилган ҳолда).

талабгордан 30 сентябргача қўшимча хужжатлар тақдим этиши талаб этилади, танлов 1 октябрга қадар якунланади;

талабгор томонидан агросаноат кластерни ташкил этиш бўйича берилган ариза ва ҳужжатлар мезонларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, маҳаллий ҳокимлик томонидан тегишли камчиликлар кўрсатилган ҳолда талабгорнинг аризасини қаноатлантириш рад этилади.

Бунда рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилиши лозим.

Талабгорнинг аризасини қаноатлантириш рад этишга қуйидагилар асос бўлади:

талабгор томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганлиги;

ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

талабгор агросаноат кластерни танлаш мезонларига мувофиқ бўлмаганлиги;

бошқа талабгорни танловда ғолиб чиқиши;

бошқа сабабларга кўра қаноатлантиришни рад этишга йўл қўйилмайди.

18-модда. Агросаноат кластерини ташкил этиш бўйича келишув

Ташаббускор агросаноат кластерини танлаб олиш мезонларига мувофиқ келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва ташаббускор ўртасида
уч иш куни муддатда агросаноат кластерини ташкил этиш бўйича келишув тузилади.

Келишувда қуйидагилар назарда тутилган бўлиши лозим:

келишув предмети;

ташкил этилаётган агросаноат кластерининг йўналиш ихтисослиги ва тури;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

келишув мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлиги;

агросаноат кластерига юкланаётган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар ҳамда уларни амалга ошириш муддатлари ҳамда тартиби;

келишувни бекор қилиш шартлари;

низоларни ҳал этиш тартиби;

келишувнинг амал қилиш муддати ва шартлари;

келишув тузилган сана ва жой, тарафларнинг реквизитлари, почта манзили кўрсатилиши зарур.

Томонларнинг келишувига кўра, келишувда бошқа қўшимча шартлар ҳам акс эттирилиши мумкин.

19-модда. Агросаноат кластерини давлат рўйхатидан ўтказиш

Агросаноат кластери қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ташкил этилган деб ҳисобланади. Агросаноат кластери банк муассасасида ҳисоб-китоб варағи ва бошқа хил ҳисобварақлар очишга, ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлишга ҳақли.

Агросаноат кластерини ташкил этишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартиби бузилган ёки унинг устави қонунга мувофиқ бўлмаган тақдирда агросаноат кластерини давлат рўйхатига олиш рад этилиши мумкин.

Давлат рўйхатига олиш рад этилганлиги, шунингдек рўйхатга олиш муддатларининг бузилганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

20-модда. Агросаноат кластерининг устави

Агросаноат кластерининг уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

агросаноат кластерининг тўлиқ ва қисқартирилган номи;

агросаноат кластери фаолиятининг предмети;

агросаноат кластерининг почта манзили тўғрисидаги маълумотлар;

агросаноат кластери органларининг таркиби ва ваколатлари тўғрисидаги, шу жумладан агросаноат кластери иштирокчилари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига кирувчи масалалар тўғрисидаги, агросаноат кластери органлари томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги, шу жумладан қарорлар бир овоздан ёки квалификацион кўпчилик овоз билан қабул қилинадиган масалалар тўғрисидаги маълумотлар;

агросаноат кластери устав фондининг (устав капиталининг) миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

агросаноат кластери ҳар бир иштирокчиси улушининг миқдори ва номинал қиймати тўғрисидаги маълумотлар;

агросаноат кластери иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

агросаноат кластери иштирокчисининг агросаноат кластердан чиқиш тартиби ва унинг оқибатлари тўғрисидаги маълумотлар;

агросаноат кластери устав фондидаги (устав капиталидаги) улушнинг (улуш бир қисмининг) бошқа шахсга ўтиши тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

агросаноат кластерининг ҳужжатларини сақлаш тартиби ҳамда агросаноат кластери томонидан агросаноат кластери иштирокчиларига ва бошқа шахсларга ахборот тақдим этиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

агросаноат кластерининг ваколатхоналари ва филиаллари тўғрисидаги маълумотлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маълумотлар.

21-модда. Агросаноат кластери фаолияти учун ер участкаларини ажратиш

Агросаноат кластерига ер участкалари ташаббускор ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоятлар ҳокимликлари ўртасида тузилган келишув асосида белгиланган тартибда ажратилади.

Хорижий инвесторлар иштирок этаётган агросаноат кластерига
ер участкалари ташаббускор ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ёки Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида тузиладиган келишув имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.

Агросаноат кластерига фаолият юритиши учун ер участкалари ижарага эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга захира ерлар, юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан ажратилади.

Бунда агросаноат кластерга зарур бўлган бино ва иншоотларни қуриш учун ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан ажратилади.

Агросаноат кластерга ажратилган ер майдонларидан бир йил мобайнида фойдаланмаслик, тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига олиб келувчи усуллардан фойдаланиш ҳамда томонлар ўртасида тузилган келишувда назарда тутилган мажбуриятларни бажармаслик
ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бекор бўлишига олиб келади.

Агросаноат кластерларга ижарага бериладиган ва кооперация тамойиллари  бириктириладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами эллик гектарни, иссиқхона қуриш учун беш гектарни ташкил этади.

Агросаноат кластери фаолиятини ер участкаларини ижарага олмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш орқали фермер ва деҳқон хўжаликлари билан ҳамкорликда амалга ошириши мумкин.

Агросаноат кластерини ташкил этиш, унга ер майдони ажратиш ва маҳсулот етиштирувчиларни кооперация тамойили асосида ихтиёрий бириктириш
ва уларнинг ер майдонларига агросаноат кластери корхоналари таклифлари асосида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш бўйича туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлигининг қарори қабул қилинади.

4-боб. Кооператив аъзолари ва агросаноат кластерлари
иштирокчилари

22-модда. Кооператив аъзолари

Ишлаб чиқариш кооперативининг аъзоси 16 ёшга тўлган, ишлаб чиқариш кооперативи устави талабларига риоя қилувчи ва унинг фаолиятида шахсан иштирок этувчи жисмоний шахслар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан шуғулланувчи юридик шахслар бўлиши мумкин. Жисмоний шахс ишлаб чиқариш кооперативининг аъзоси бўлганда, ишлаб чиқариш кооперативи унинг учун асосий иш жойи ҳисобланади.

Матлубот кооперативи устав талабларига риоя қилувчи, унинг хўжалик фаолиятида иштирок этувчи ва қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси бўлган юридик ва (ёки) жисмоний шахс ҳамда шахсий томорқа хўжалигини юритувчи фуқаролар, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва (ёки) фермер хўжаликлари аъзоси бўлган фуқаролар, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланувчи фуқаролар қишлоқ хўжалиги матлубот кооперативлари аъзолари бўлишлари мумкин.

Матлубот кооперативи уставида кўрсатилган фуқаролар ва юридик шахслар билан бир қаторда матлубот кооперативига ёки қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатувчи ёҳуд қишлоқ жойларидаги аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатувчи муассасалар ходимлари ҳисобланган фуқаролар ёки юридик шахсларни матлубот кооперативига аъзо қилиш ҳуқуқлари ва қабул қилиш тартиблари белгиланиши мумкин.

Кооперативнинг бундай аъзолари сони кооператив аъзоларининг жами сонига (қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва кооператив аъзолари - шахсий томорқа хўжалиги юритувчи фуқаролар) нисбатан 20 фоиздан ошмаслиги лозим.

Агар кооператив уставида бошқа тартиблар кўзда тутилмаган бўлса, жисмоний ва юридик шахслар бир нечта кооперативга аъзо бўлишлари мумкин.

Кооператив ўз уставига кооператив аъзолигига қабул қилиш шартлари тўғрисидаги қуйидаги қўшимча маълумотларни киритишга ҳақлидир:

ишлаб чиқариш кооперативи аъзолигига қабул қилинаётган фуқароларнинг малака даражаси ва шахсий сифатлари;

шартномада кўрсатилган ҳажмларда матлубот кооперативи хизматларидан фойдаланиш мажбуриятлари;

кооператив аъзолигига қабул қилинаётган шахсларнинг хўжаликдан узоқлиги;

матлубот кооперативи аъзолигига қабул қилинаётган шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари ва сифатига талаблар;

ушбу қонун ва кооператив уставига зид бўлмаган ва кооператив уставида кўзда тутилган мақсадларга эришишни таъминловчи бошқа талаблар.

23-модда. Кооперативга уюшган аъзолик

Ишлаб чиқариш ва матлубот кооперативларининг уставига асосан кооперативга уюшган аъзоликка кириш рухсат этилади.

Кооперативга пай бадали киритган жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий ва мулк шаклидан қатъий назар кооперативнинг уюшган аъзолари бўлишлари мумкин.

Кооперативга уюшган аъзо сифатида киришга хоҳиш билдирган фуқаро ёки юридик шахс кооперативнинг бошқарув органига коперативнинг уюшган аъзолигига қабул қилишини сўраб ариза беради. Кооператив бошқаруви органининг кооперативга уюшган аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги қарори кооперативнинг кузатув кенгашида тасдиқланиши лозим.

Ишлаб чиқариш кооперативи қуйидаги ҳолларда кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига асосан аъзонинг кооперативдаги фаолияти якунланганда уни уюшган аъзо сифатида қайта расмийлаштириш ҳуқуқига эга:

ёши ёки соғлиғи бўйича нафақага чиққанда;

кооперативдан ташқари сайланадиган лавозимга ўтганда;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари хизматига ўтганда;

кооператив уставида белгиланган бошқа ҳолатларда.

Кооператив уставига ва кооператив билан уюшган аъзо ўртасида тузилган шартномага асосан кооперативнинг уюшган аъзолари пай бадаллари миқдори
ва улар бўйича дивиденд тўлаш ҳамда кооперативдан чиқиш тартиблари белгиланади. Кооперативнинг уюшган аъзоси билан кооператив ўртасида тузилган шартномада кооператив аъзосининг ушбу қонун ва кооператив уставига зид бўлмаган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам кўзда тутилиши мумкин.

Кооперативнинг уюшган аъзоси, кооперативнинг хўжалик фаолиятида иштирок этиши ёки кооперативда шахсий меҳнати билан қатнашишга мажбур эмас.

Кооперативнинг уюшган аъзоси кооперативда овоз бериш ҳуқуқига эга, лекин кооперативнинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган уюшган аъзоларининг жами сони кооператив аъзоларининг умумий йиғилиш чақириш бўйича қарор қабул қилиш санасига кооператив аъзолари сонига нисбатан 20 фоиздан ошмаслиги лозим.

Кооперативни тугатишда кооперативнинг уюшган аъзоси ўз пай бадали қийматини тўлаб берилишини ва кооператив аъзоларига пай бадалларини тўлаб берилгунга қадар эълон қилинган, лекин тўланмаган дивидендларни тўлаб беришларини талаб қилиш ва уни ундириш ҳуқуқига эга.

Уюшган аъзо билан тузилган ёзма шаклдаги шартномага мувофиқ, дивидендларни тўлиғича ёки қисман турли хил хизматлар [ёнилғи билан таъминлаш, ер участкасига ишлов бериш, озиқ-овқат ва озуқа етказиш ва бошқалар] билан тўланиши мумкин.

Уюшган аъзолар кооперативдан чиқишга хақлидирлар. Уюшган аъзоларга пай бадаллари ва дивидендлар бўйича тўловлар, кооператив уставига ва ушбу уюшган аъзо билан тузилган шартномага асосан амалга оширилади.

24-модда. Кооператив аъзолигига қабул қилиш

Кооператив давлат рўйхатидан ўтганидан кейин ва мазкур қонуннинг
13-моддасида кўзда тутилган талабларга риоя этиш ва кооперативга кириш истагини билдирган жисмоний ва юридик шахслар кооператив бошқаруви органига кооперативга қабул қилишларини сўраб ариза берадилар. Кооперативга янги аъзони қабул қилиш тўғрисидаги кооператив бошқарувининг қарори кооперативнинг кузатув кенгаши, агар у бўлмаганда кооперативнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши лозим.

Матлубот кооперативида кооперативга қабул қилиш тўғрисидаги кузатув кенгашининг қарори, агар кооператив уставида бошқа ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, узил-кесил ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш кооперативида кооперативга қабул қилиш ёки уни рад этиш тўғрисидаги кузатув кенгашининг (унинг мавжудлигида) қарори, кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланиши лозим.

Кооператив аъзолигига қабул қилишни сўраб ёзилган ариза кооператив устави тартибларига риоя қилиш мажбуриятини, шу жумладан, кооператив уставида кўзда тутилган пай бадалларини киритиш, кооператив мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликка эга бўлиш ва бошқаларни ўз ичига олиши лозим.

Кооператив аъзолигига қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги асосли қарор ариза берувчига ёзма равишда хабар қилинади. Ариза берувчи, ушбу қарорга норозилиги тўғрисида кооперативнинг умумий йиғилишига шикоят аризаси билан мурожаат қилишга ҳақлидир. Умумий йиғилиш томонидан, кооператив аъзолигига қабул қилишларини сўраб берилган аризани рад қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг, фақатгина рад қилиш сабаблари бартараф этилгандан кейингина янгидан ариза берилиши мумкин.

Кооператив бошқаруви органининг қарори кооперативнинг кузатув кенгаши ёки умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган кундан бошлаб, ариза берувчи кооператив аъзолигига қабул қилинган ҳисобланади.

Кооператив аъзосига аъзолик дафтарчаси берилади ва унда қуйидагилар акс эттирилади:

кооператив аъзосининг фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахслар учун), номланиши (юридик шахслар учун);

кооперативга киришнинг асоси ва унга кириш санаси;

мажбурий пай бадалининг миқдори ва уни киритилган санаси;

пай бадалининг тури (пул маблағи, мулк, шу жумладан, ер участкаси, мулкий ҳуқуқ);

қўшимча пай миқдори, уни ҳисобга ўтказилган ва қопланган санаси;

қайтарилган пай бадаллари миқдори ва уларнинг тўланган санаси.

Кооператив ушбу модданинг еттинчи қисмида кўзда тутилган маълумотлардан ташқари аъзолик дафтарчасида бошқа кўшимча маълумотларни ҳам кўрсатишга ҳақлидир.

25-модда. Кооперативга аъзоликнинг тугатилиши

Қуйидаги ҳолларда кооперативга аъзолик тугатилади:

кооператив уставида белгиланган муддат якунланганда кооператив аъзоси ўз аризасига асосан кооперативдан чиққанда ёки бу каби аризани кўриб чиқиш муддати кооператив уставида белгиланмаган бўлса, ариза кооператив бошқарувига келиб тушган санадан икки ҳафта ўтганда;

кооператив аъзоси бўлган фуқаронинг вафотидан кейин – унинг вафот этган санасидан;

ишлаб чиқариш кооперативи аъзоси ушбу кооперативнинг бошқа аъзосига пайини ўтказганда - бундай ўтказиш тўғрисидаги кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарори қабул қилинган санадан;

матлубот кооперативи аъзоси ушбу кооперативнинг бошқа аъзосига ёки бошқа шахсга пайини ўтказилишида - бундай ўтказиш тўғрисидаги кооператив бошқарувининг қарори қабул қилинган санадан;

кооператив аъзолигидан чиқарилишида - кооператив аъзолигидан чиқарилиши тўғрисидаги ҳабарни расмий шаклда олган пайтдан бошлаб.

Кооперативнинг хар бир аъзоси ўзининг кооперативдаги аъзолигини ушбу қонун ва кооператив уставида белгиланган тартибда тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Ишлаб чиқариш кооперативи аъзоси ўз хоҳишига кўра ўзини аъзоликдан чиқиш муддатидан икки ҳафта олдин, агар кооператив уставида бошқа муддатлар кўзда тутилмаган бўлса, кооператив бошқарувига ёзма шаклда ариза бериш йўли билан кооперативдан чиқишга ҳақлидир.

Матлубот кооперативидан чиқиш ушбу кооператив уставида кўзда тутилган тартибларда амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш кооперативи аъзоси, агар кооператив уставида бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, кооператив розилиги билан кооперативнинг бошқа аъзосига ўз пайининг бир қисмини беришга ҳақлидир. Ишлаб чиқариш кооперативи аъзоси бўлмаган шахсга пай ёки унинг бир қисмини беришга рухсат берилмайди.

Матлубот кооперативи аъзоси бўлмаган фуқарога пайни бериш фақатгина матлубот кооперативи розилиги билан рухсат этилади. Бу ҳолатда, матлубот кооперативи аъзолари бундай пайни сотиб олишда устувор ҳуқуқга эга бўладилар.

Кооператив аъзосининг вафот этиши ҳолатларида унинг меросхўрлари кооператив аъзолигига қабул қилиниши мумкин.

26-модда. Кооператив аъзолигидан чиқариш

Кооператив аъзоси молиявий йил тугаши билан қуйидаги ҳолатларда ишлаб чиқариш кооперативи аъзолигидан чиқарилиши мумкин, агар:

ёзма шаклда огоҳлантирилишига қарамасдан кооператив уставида назарда тутилган вазифаларни бажармаса;

бухгалтерия ҳисоботига ишончсиз маълумотларни ёки агар шундай тартиблар кооператив уставида кўзда тутилган бўлса, ўзининг мулкий ҳолати тўғрисида асоссиз маълумотларни тақдим этса;

кооператив уставида белгиланган вазифаларни кооператив аъзоси томонидан бажармаслик оқибатида кооперативга зарар келтирилса ёҳуд кооператив аъзосининг ўз мажбуриятларини бажармаслиги натижасида кооперативга даъво талаблари тақдим қилинган бўлса;

ушбу қонун ва кооператив устави талабларга мувофиқ кооперативга аъзо бўлиб кириш ҳуқуқига эга бўлмаса ёки кооператив аъзоси бўлиш ҳуқуқини йўқотган бўлса;

матлубот кооперативида, у аъзо бўлган кооператив билан рақобатчи ташкилотда таъсисчи ёки иштирокчи бўлса ёхуд кооператив билан рақобатчи ташкилот иштирокчиси, таъсисчи ёки ушбу кооператив аъзоси иштирокчи бўлса;

ишлаб чиқариш кооперативи уставида белгиланган шахсий меҳнати билан иштироки бўйича мажбуриятларни узрли сабабларсиз бажармаса, ёхуд бир йил мобайнида матлубот кооперативи фаолиятида иштирок этмаса.

Кооператив ўз уставида ушбу қонунга зид бўлмаган кооператив аъзоси риоя этмаган ҳолда кооператив аъзолигидан чиқарилиши мумкин бўлган бошқа қўшимча талабларни ҳам кўзда тутишга ҳақлидир.

Ишлаб чиқариш кооперативи аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги масала дастлаб кооператив бошқаруви томонидан кўриб чиқилади ва унинг қарори кооперативнинг кузатув кенгаши, сўнг кооперативнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

Матлубот кооперативида кооператив аъзолигидан чиқариш тартиби унинг уставида белгилаб берилади.

Кооператив бошқаруви ёки кооперативнинг кузатув кенгаши аъзолари кооператив аъзолигидан фақатгина кооперативнинг умумий йиғилиши қарори билан чиқарилишлари мумкин.

Коператив аъзоси кооператив бошқаруви томонидан уни умумий йиғилиш олдида кооператив аъзолигидан чиқариш масаласини қўйилиши сабаблари тўғрисида огоҳлантирилиши ва унга аъзоликдан чиқариш масаласи бўйича ўз фикрини билдириш ҳуқуқи билан умумий йиғилишга таклиф этилиши лозим.

Кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги қарор ушбу қонун
ва кооператив уставида белгиланган асослар мавжудлигида қабул қилиниши лозим.

Кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги қарор аъзоликдан чиқарилаётган шахсга кооператив бошқаруви томонидан икки ҳафта муддатда ёзма равишда хабар қилиниши лозим.

Кооператив аъзолигидан чиқарилган шахс кооператив бошқаруви
ва кооператив кузатув кенгашининг қарори устидан кооперативнинг навбатдаги умумий йиғилишига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Кооператив аъзолигидан чиқарилган шахс белгиланган тартибда пайни олиш ҳуқуқига эга.

Кооперативнинг уюшган аъзоси кооператив билан тузилган шартнома шартларини бузган ҳолларда ёки кооперативга зарар келтирувчи ҳаракатларни амалга оширганда ушбу қонун ва кооператив уставида бегиланган тартибда кооперативнинг уюшган аъзолигидан чиқарилиши мумкин.

27-модда. Кооперативдан чиқаётган аъзога пайни қайтариш

Кооперативдан чиқаётган аъзога молиявий йил якунланганидан
ва кооперативнинг бухгалтерия баланси тасдиқлангандан сўнг, пай бадали қиймати ёки пай бадалига тенг бўлган мулк тўлаб берилиши лозим. Шунингдек, кооперативдан чиқаётган аъзога кооператив уставида кўзда тутилган бошқа тўловларни ҳам кооператив уставида белгиланган муддат ва шартларда амалга ошириши лозим.

Кооператив аъзоси томонидан ўз пайини бошқа шахсга ўтказиш ҳолатларида кооперативдан чиқаётган аъзога нисбатан тўловлар амалга оширилмайди.

Кооперативдан чиқаётган аъзога кўпайтирилган пай кооператив аъзолари учун белгиланган тартибларда тўлаб берилади.

Кооператив аъзолигидан чиқаётган шахс билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда унга тегишли бўлган қарз тўловларини кооперативнинг ҳисобига айириб қолишга ҳақлидир.

Кооператив уставига асосан пай бадали қиймати кооператив мулки кўринишида натурал шаклда тўлаб берилиши кўзда тутилиши мумкин.

Кооперативнинг вафот этган аъзосининг кооператив аъзолигига қабул қилинмаган меросхўрларга кооперативнинг вафот этган аъзосининг пай қиймати тўлаб берилади.

Агар кооператив уставига мувофиқ пай қийматини тўлаш ва кооперативдан чиқаётган аъзога тегишли бошқа тўловлар кооперативнинг бухгалтерия баланси тасдиқланган кундан олти ойдан ортиқ муддатда амалга оширилса, кооператив бошқаруви, кооперативдан чиқаётган аъзога ушбу тўловларни суммасини, амалга ошириш муддати ва тартибларини тасдиқловчи ҳужжат бериши лозим.

28-модда. Агросаноат кластери иштирокчилари

Юридик ва жисмоний шахслар агросаноат кластерининг иштирокчилари бўладилар.

Қонун ҳужжатларида айрим тоифадаги жисмоний шахсларнинг агросаноат кластерда иштирок этиши тақиқланиши ёки чекланиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, агросаноат кластерининг иштирокчилари бўлишга ҳақли эмаслар.

Агросаноат кластери бир шахс томонидан таъсис этилиши мумкин бўлиб,
у кластернинг ягона иштирокчисига айланади. Кластер кейинчалик бир иштирокчиси бўлган кластерга айланиши мумкин.

Агросаноат кластери иштирокчиларининг сони эллик кишидан ошмаслиги лозим.

Агар агросаноат кластери иштирокчиларининг сони ушбу модданинг бешинчи қисмида белгиланган меъёрдан ошиб кетса, агросаноат кластери бир йил ичида акциядорлик ёки ишлаб чиқариш кооперативи этиб қайта тузилиши керак. Агар кўрсатилган муддат давомида агросаноат кластери қайта тузилмаса
ва агросаноат кластери иштирокчиларининг сони белгиланган меъёрга қадар камаймаса, у юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг талабига биноан суд тартибида тугатилиши керак.

Агросаноат кластери иштирокчилари ўртасида муросасиз зиддиятлар сабабли қарор қабул қилиш учун етарли овозлар сони мавжуд бўлмаганлиги туфайли агросаноат кластерни бошқариш масалалари юзасидан келишувга эришиш мумкин бўлмаган тақдирда, низоли вазият суд тартибида ҳал этилади.

29-модда. Агросаноат кластери иштирокчилари ҳуқуқлари

Агросаноат кластери иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Қонунда ва агросаноат кластерининг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда агросаноат кластерининг ишларини бошқаришда
иштирок этиш;

қонун ҳужжатларида ва агросаноат кластери таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда Агросаноат кластерининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳамда унинг бухгалтерия дафтарлари ва бошқа ҳужжатлари билан танишиш;

фойдани тақсимлашда иштирок этиш;

агросаноат кластерининг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини ушбу Қонунда ва агросаноат кластерининг уставида назарда тутилган тартибда мазкур агросаноат кластерининг бир ёки бир неча иштирокчисига сотиш ёки ўзга тарзда уларнинг фойдасига воз кечиш;

агросаноат кластери бошқа иштирокчиларининг розилигидан қатъи назар ушбу Қонунда ва агросаноат кластерининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда исталган вақтда агросаноат кластердан чиқиш;

агросаноат кластери тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини олиш.

Жами улушлари агросаноат кластери устав фондининг (устав капиталининг) камида ўн фоизини ташкил этадиган агросаноат кластери иштирокчилари
ўз мажбуриятларини қўпол бузаётган ёхуд ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан агросаноат кластерининг фаолият кўрсатишига имкон бермаётган ёки уни жиддий тарзда қийинлаштираётган иштирокчини агросаноат кластердан суд тартибида чиқарилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Агросаноат кластери иштирокчилари қонун ҳужжатларида ва агросаноат кластерининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам
эга бўлишлари мумкин.

30-модда. Агросаноат кластери иштирокчиларининг мажбуриятлари

Агросаноат кластери иштирокчилари:

ушбу Қонунда ва вгросаноат кластерининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдорда, усулларда ва муддатларда ҳисса қўшишлари;

агросаноат кластери фаолияти тўғрисидаги сир тутилган ахборотни ошкор қилмасликлари шарт.

Агросаноат кластери иштирокчиларининг қонун ҳужжатларида
ва Агросаноат кластерининг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.

5-боб. Кооператив ва агросаноат кластерининг бошқарув органлари

31-модда. Кооператив ва агросаноат кластерининг бошқарув органи таркиби

Кооператив ва агросаноат кластерини бошқариш аъзоларнинг умумий йиғилиши (вакиллар йиғилиши), кузатув кенгаши, бошқарув органи ва (ёки) раис томонидан амалга оширилади. Агар кооператив аъзолари сони 50 тадан кам бўлса, кооперативнинг кузатув кенгаши мажбурий тарзда ташкил этилади.

Кооператив ва агросаноат кластерининг бошқарув органи таркиби, ваколатлари, бошқарув аъзолари, раиси ва кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш
ва чақириб олиш тартиби, шунингдек, аъзоларнинг умумий йиғилишини
ёки вакиллар йиғилишини чақириш ва ўтказиш тартиби ушбу қонун ва уларнинг уставига мувофиқ белгиланади.

32-модда. Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатлари

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши, кооператив ва агросаноат кластери бошқарувининг юқори органи ҳисобланади, кооператив ва агросаноат кластери фаолиятига тегишли бўлган барча масалаларни, шу жумладан, кооператив ва агросаноат кластери бошқарув кенгаши, раиси ва кузатув кенгашининг қарорларини тасдиқлайди ёки бекор қилади.

Қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилиш фақатгина кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатига киради:

фаолиятнинг асосий йўналишларини белгилаш, шунингдек тижорат ташкилотларининг бошқа бирлашмаларида иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

уставни тасдиқлаш, унга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;

раис, бошқарув кенгаши аъзолари ва кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш, улар фаолиятига оид ҳисоботларни эшитиш ва улар ваколатларини тўхтатиш;

кооператив ва агросаноат кластерини ривожлантириш дастурини, йиллик ҳисоботини ва бухгалтерия балансини тасдиқлаш;

аъзолик пай бадаллари ва бошқа тўловларнинг миқдори ва тўлаш тартибини, аъзоликдан чиқаётганда ушбу тўловларни қайтариш тартибини белгилаш;

аъзолар ўртасида фойда (даромад) ва зарарни тақсимлаш тартибини белгилаш;

агарда устав билан аъзолар умумий йиғилиши ваколатига киритилган бўлса, кооперативнинг асосий ишлаб чиқариш воситаларини ҳисобдан чиқариш (бошқа шахс ихтиёрига ўтказиш), уларни сотиб олиш шунингдек, битимларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилиш;

кооператив ва агросаноат кластери фондлари турлари ва миқдорлари, шунингдек, уларни шакллантириш шартларини белгилаш;

бошқа кооперативларга, шерикчилик хўжаликлари ва жамиятларига, бирлашма, уюшмаларга аъзо бўлиб кириши, шунингдек, улардан чиқиши;

ваколатхоналар ва филиалларни ташкил қилиш ва тугатиш;

аъзоликка қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш (ишлаб чиқариш кооперативлари учун);

бошқарув органини ташкил қилиш;

бошқарув кенгаши аъзолари ва (ёки) раисни рағбатлантириш шартлари
ва миқдорини белгилаш, кузатув кенгаши аъзолари харажатларини қоплаш;

кенгаш аъзолари ва (ёки) раисни, кузатув кенгаши аъзоларини жавобгарликка тортиш;

ушбу қонун ва кооператив устави билан белгиланган ички ҳужжатлар (низомлар)ни тасдиқлаш;

кооператив ва агросаноат кластерини қайта ташкил этиш ва тугатиш;

ушбу қонун ёки устав билан кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилишининг мутлоқ ваколатига кирувчи масалаларни
ҳал этиш.

Ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи
ва ўнинчи хатбошиларда белгиланган ҳамда кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш борасидаги масалалар бўйича қарорлар кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг учдан икки қисми овоз бергандагина қабул қилинган ҳисобланади.

Агарда ушбу масалалар бўйича қарор қабул қилишда, кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилишида кворум таъминланмаган бўлса, умумий йиғилиш қайтадан чақирилади ва умумий йиғилишда қатнашаётганларнинг учдан икки қисми ёқлаб овоз бергандагина ушбу масала бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши мутлоқ ваколатига киритилган ёки улар бўйича қарорлар берилган овозларнинг учдан икки қисмни ташкил этувчи кўпчилик томонидан қабул қилиниши шарт бўлган масалалар рўйхати уставда кенгайтирилиши мумкин
ва ушбу масалалар бўйича қарор қабул қилиш учун уставда нисбатан юқори кворум кўзда тутилиши мумкин.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши мутлоқ ваколатига киритилган масалаларни ҳал этиш, бошқарув органига ёки кузатув кенгашига берилиши мумкин эмас.

33-модда. Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг биринчи умумий йиғилиши мумкин қадар қисқа муддатларда, аммо давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг уч ойдан ошмаган муддат ичида чақирилади.

Молиявий йил тугагандан сўнг камида икки ойдан кейин ва кўпи билан тўрт ойдан кечиктирмасдан кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг йиллик умумий йиғилишини ўтказиши шарт. Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказилган умумий йиғилиш навбатдан ташқари ҳисобланади.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг йиллик
ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш вазифасини бошқарув органи амалга оширади, бошқарув органи ваколати тўхтатилганда – бу вазифани кузатув кенгаши бажаради.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши, бошқарув органининг шахсий ташаббуси билан чақирилади ёки кузатув кенгаши, аъзо ҳисобланган тафтиш бирлашмаси, кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг ўндан бир қисми ёки уюшган аъзоларининг учдан бир қисмининг талабига биноан чақирилади.

Навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақиришни талаб қилган бошқарув органи ёхуд бундай бошқарув ҳуқуқига эга бўлган аъзолар гуруҳи ёки уюшган аъзолар, бундай умумий йиғилишни ўтказишнинг зарурлиги асосномасини ва ушбу умумий йиғилишга таклиф этиладиган кун тартибини ёзма равишда бошқарув кенгашига тақдим қилишлари шарт.

Навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақиришнинг ташаббускори бўлмаган бошқа бошқарув органлари ёхуд аъзолар ёки уюшган аъзолар ушбу йиғилишнинг ташаббускори розилигисиз навбатдан ташқари умумий йиғилиш кун тартибини ўзгартириш ёки унга қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга эмас.

Бошқарув органи ёки унинг ваколати тўхтатилган тақдирда, кузатув кенгаши кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талабномани олган кундан бошлаб
етти кун мобайнида бундай йиғилишни ўтказиш ёки ўтказмаслик борасида
қарор қабул қилиши шарт.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини рад қилиш тўғрисидаги қарори, фақатгина умумий йиғилиш кун тартибига таклиф қилинаётган масалаларнинг биронтаси унинг ваколатига кирмаса ёки қонун талабларига мувофиқ келмаса ёхуд аъзоларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш бўйича мазкур қонун билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этилмаган тақдирдагина қабул қилинади.

Агар кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши кун тартибига таклиф қилинаётган масалаларнинг биттаси ёки бир нечтаси унинг ваколатига кирса ва кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш бўйича мазкур қонунда белгиланган бошқа талабларга риоя этилган бўлса, навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказилиши шарт.

Агар бошқарув кенгаши, кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талабномани олган кундан бошлаб етти кун мобайнида бундай йиғилишни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилмаса ёки ўтказмаслик тўғрисида қарор қабул қилса
ёхуд ушбу йиғилишни ўтказиш бўйича қабул қилинган қарорга мувофиқ белгиланган муддатларда ўтказмаса, кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган кузатув кенгаши, тафтиш бирлашмаси, аъзолар ёки уюшган аъзолар томонидан кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилиши мумкин.

Бундай ҳолатларда, бошқарув органи, каъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ташаббускорларига, аъзолар
ва уюшган аъзолар рўйхати ва уларнинг манзилларини тақдим этиши шарт.

34-модда. Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш тартиби

Кооператив аъзоси, агросаноат кластери аъзоси, уюшган аъзоси, бошқарув кенгашига ушбу қонун ва уставда кўзда тутилганидек, уларга ёзма шаклдаги билдиришнома ва ҳабарномаларни юбориш мумкин бўлиши учун ўзларининг турар жойи, манзили, манзилининг ўзгарганлиги тўғрисида ёзма шаклда маълум қилишлари шарт.

 

Кооператив аъзолари, агросаноат кластери аъзолари, уюшган аъзоларига, аъзоларнинг умумий йиғилиши чақирилишидан камида ўттиз кун олдин, аъзоларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган жойи, куни, вақти ва кун тартиби тўғрисида ёзма шаклда ҳабар қилиниши лозим.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши тўғрисидаги ҳабарнома аъзога ёзма равишда тақдим қилинади
ва улардан тасдиқлатиб олинади ёки почта орқали жўнатилади.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши лозим бўлган қўшимча масалалар, молиявий йил якунлангандан сўнг, камида ўттиз кун ўтгандан кейин бошқарув органига тақдим қилиниши керак.

Бошқарув органи, кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши лозим бўлган қўшимча масалалар мазмунини ўзгартиришга ҳақли эмас.

35-модда. Вакиллар йиғилиши

Аъзолари сони 200 нафардан кўп бўлган кооперативларда, кооператив уставига мувофиқ, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши вакиллар йиғилиши шаклида ўтказилиши мумкин.

Кооператив аъзоси ёки кооперативнинг уюшган аъзоси бўлган жисмоний шахс ёки юридик шахс вакили ҳисобланган кооператив аъзоси ёҳуд кооперативнинг уюшган аъзоси вакил бўлиши мумкин.

Вакил сифатида сайланмаган кооперативнинг бошқарув кенгаши аъзолари кооперативнинг кузатув кенгаши аъзолари ёки кооператив раиси, вакиллар умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этишлари мумкин. Лекин улар йиғилишда сўзга чиқиш ва таклифлар киритиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ушбу қонунда ва кооператив уставида умумий йиғилиш тўғрисида белгиланган ҳолатлар вакиллар йиғилиши учун ҳам қонуний ҳисобланади.

Кооператив аъзоларининг вакиллари ушбу қонуннинг 24-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ вакиллар йиғилишининг кун тартиби, ўтказиш куни, жойи ва вақти, ушбу йиғилишга вакиллар сайлаш меъёри кўрсатилган ёзма шаклдаги билдиришнома олганларидан сўнг вакиллар иш жойлари ёхуд яшаш жойларида ва (ёки) кооператив аъзолари ёки кооператив уюшган аъзоларининг турган жойларидаги йиғилишларда ҳар бир навбатдаги вакиллар йиғилишида очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Вакил кооперативнинг 10 тадан кўп бўлмаган аъзоларидан сайланиши шарт. Кооперативнинг уюшган аъзоларидан сайланган вакиллар кооператив аъзоларидан сайланган вакиллар сониннинг 20 фоизидан ошмаслиги шарт. Вакиллар сони, тегишли молиявий йил якунида мавжуд бўлган кооператив аъзолари сонидан
ва кооперативнинг уюшган аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Вакиллар ўз ваколатларини кооперативнинг бошқа аъзосига беришлари мумкин эмас.

Вакилнинг сайланганлиги йиғилиш раиси ва котиби имзоси қўйилган йиғилиш баённомаси билан расмийлаштирилади. Йиғилиш баённомаси вакиллар йиғилишининг саноқ комиссиясига тақдим этилади.

36-модда. Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши (вакиллар йиғилишининг) қарорларини қабул қилиш тартиби

Агарда уставда бошқача ҳолат белгиланмаган бўлса, қарор қабул қилишда кворум қуйидагилардан кам бўлмаслиги лозим:

кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилишида шахсан қатнашаётган аъзолар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган аъзолар умумий сонининг 35 фоизидан;

вакиллар йиғилишида сайланган вакиллар умумий сонидан 50 фоизидан.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши ушбу қонунда кўзда тутилган аъзолар умумий йиғилишини чақириш бўйича ўрнатилган тартиб ва муддатларни бузган ҳолда эълон қилинган кун тартиби бўйича қарорлар қабул қилишига ҳақли эмас, ушбу йиғилишда аъзоларнинг барчаси иштирок этган, аъзолар умумий йиғилиши иш регламенти бундан мустасно.

Агар ушбу қонун ва уставда бошқа ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, аъзоларнинг умумий йиғилиши қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Белгиланган тартибда пай бадалини тўламаган аъзо овоз беришда қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.

Аъзо уни сайланган лавозимидан четлаштириш ёки кооператив ёки агросаноат кластери олдидаги мажбуриятидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда, шунингдек, унга даъво талабномалари тақдим этилган ҳолатларда ҳам овоз беришда иштирок этмайди.

Кооператив ва агросаноат кластери аъзоси ёки уюшган аъзоси бўлган юридик шахс раҳбари ишончномасисиз ёки унинг ходими ишончнома асосида кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида вакил сифатида иштирок этиши мумкин.

Умумий йиғилиш (вакиллар йиғилиши) қарорлари, йиғилиш баённомаси билан расмийлаштирилади, ушбу йиғилиш давомида тузиладиган йиғилиш баённомаси умумий йиғилиш тугагандан сўнг ўн кундан кечиктирмасдан, камида икки нусхада расмийлаштирилади. Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши (вакиллар йиғилиши) баённомаси қуйидаги маълумотларни ўзида акс эттириши лозим:

кооператив, агросаноат кластерининг номланиши ва унинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотларни;

кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилган жой, санаси ва вақти;

кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги билдиришноманинг санаси ва аъзоларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар бўйича ҳужжатларни тақдим қилиш санаси;

кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги билдиришнома санасидаги аъзоларнинг умумий сони, ҳал қилиш овози ҳуқуқига эга бўлган аъзоларнинг умумий йиғилишида қатнашган аъзолар ва кооперативнинг уюшган аъзолари сони;

вакиллар йиғилиши ўтказилаётганда – сайланган вакиллар сони ва ушбу йиғилишда қатнашаётганлар сони;

умумий йиғилишнинг қонунийлиги (қонуний эмаслиги) тўғрисидаги қайд;

эълон қилинган умумий йиғилишнинг кун тартиби;

умумий йиғилишда сўзга чиққан шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, нутқининг асосий жиҳатлари;

умумий йиғилиш кун тартиби бўйича овоз бериш натижалари, ушбу йиғилишда эълон қилинган ва қабул қилинган қарорлар.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши баённомасига қуйидагилар илова қилинади:

бошқарув органи ёки кузатув кенгаши ёхуд ташаббус гуруҳининг ёки уюшган аъзоларнинг умумий йиғилишни чақириш тўғрисидаги қарори;

умумий йиғилишда иштирок этган аъзолар ва овоз бериш ҳуқуқига эга уюшган аъзолар рўйхати. Вакиллар йиғилиши ўтказилган тақдирда, сайланган ва йиғилишида иштирок этган вакиллар рўйхати;

умумий йиғилишга тақдим этилган вакиллик ҳуқуқини берувчи ишончнома ёки вакилларнинг сайланганлиги тўғрисидаги баённома;

умумий йиғилиш кун тартиби бўйича тақдим этилган материаллар;

овоз бериш бюллетенлари;

аъзолар ва уюшган аъзолари томонидан умумий йиғилиш баённомасига қўшиб қўйиш талаби билдирилган аризалар, таклифлар ва асосий фикрлар;

устав, ички ҳужжатлар (низом) ёки умумий йиғилиш билан кўзда тутилган бошқа ҳужжатлар.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши баённомасининг ҳар иккала нусхасига ушбу йиғилиш раиси ва котиби, раис ва аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига биноан кузатув кенгаши аъзолари ёки аъзоларнинг бошқа камида 3 нафар аъзоси томонидан имзо қўйилиши шарт. Агар аъзоларнинг умумий йиғилиши баённомасига имзо қўйиши лозим бўлган шахслардан биттаси имзо қўйишдан бош тортса, у умумий йиғилиш баённомасига имзо қўймаслик сабабини кўрсатиши лозим.

Кооператив аъзолари ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши баённомалари бир нусхадан бошқарув кенгашида, кузатув кенгашида сақланиши шарт.

Аъзо ёки уюшган аъзо талабига мувофиқ бошқарув органи уларни умумий йиғилиш баённомаси билан таништириши ёхуд уларга умумий йиғилиш баённомасининг тасдиқланган нусхасини бериши ёки умумий йиғилиши билан тадбиркорлик сирига киритилган маълумотлардан ташқари йиғилиш баённомасининг тасдиқланган нусхасини ёки йиғилиш баённомасидан кўчирмани бериши шарт.

Агар аъзолар ёки уюшган аъзолар умумий йиғилиш баённомасини ишонарли эмаслиги ёки унинг тўлиқ эмаслиги тўғрисида ариза берган бўлсалар, ушбу ариза навбатдаги умумий йиғилишида кўриб чиқилиши шарт.

37-модда. Кооператив ва агросаноат кластерининг ижро органлари

Кооператив ва агросаноат кластери раиси, бошқаруви органи кооператив
ва агросаноат кластерининг ижро органлари ҳисобланади. Агар кооператив
ва агросаноат кластери аъзолари сони 25 нафардан кам бўлса, уставга мувофиқ фақат кооператив ва агросаноат кластери раиси ва унинг ўринбосари сайланиши кўзда тутилиши мумкин.

Кооператив ва агросаноат кластери раиси, бошқарув органи умумий йиғилиш томонидан беш йилдан кўп бўлмаган муддатга аъзолар таркибидан сайланади. Кооператив ва агросаноат кластери раиси бошқарув органи аъзоси ҳисобланади ва уни бошқаради.

Бошқарув органи, агар уставда бошқа ҳолат кўзда тутилмаган бўлса,
уч кишидан иборат бўлади.

Бошқарув органи ваколат доирасига қуйидаги масалаларни ҳал этиш киради:

кооператив ёки агросаноат кластерининг уюшган аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги, аъзолигидан ёки уюшган аъзоликдан чиқиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш;

кооператив ва агросаноат кластери аъзолигидан ёки уюшган аъзоликдан чиқиш тўғрисидаги масалаларни дастлабки кўриб чиқиш;

уюшган аъзолар билан шартномалар тузиш;

кооператив ва агросаноат кластеридан чиққан тақдирда қайтариладиган
пай миқдори ва шаклини белгилаш;

умумий йиғилиш кун тартибини шакллантириш ва уни чақириш;

кузатув кенгаши билан ҳамкорликда кўпайтирилган пайларни қоплаш, дивидендлар тўлаш ёки тўловларни амалга ошириш тўғрисида қарорларни
қабул қилиш;

умумий йиғилиш ваколат доирасига кирмаган битимларни амалга ошириш;

кузатув кенгаши билан ҳамкорликда тафтиш бирлашмасининг кооператив
ва агросаноат кластерини тафтиш қилишга оид хулосаларини кўриб чиқиш
ҳамда аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича чораларни белгилаш;

пай бадали сифатида киритилаётган мулкларнинг бозор қийматини тасдиқлаш;

ушбу қонун ва уставга мувофиқ ёки умумий йиғилиш қарори билан бошқарув органи ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳал этиш.

Бошқарув органи уставга ва агар бу уставда кўзда тутилган бўлса, кузатув кенгаши ёки умумий йиғилиш билан тасдиқланадиган ва бошқарув органи йиғилишларини чақириш ва ўтказиш тартиби, муддатини белгиловчи бошқарув органи қарорларини қабул қилиш ва йиғилиш баёнларини расмийлаштириш тартибини белгиловчи бошқарув органи тўғрисидаги низомга мувофиқ фаолият олиб боради.

Устав ёки бошқарув органи тўғрисидаги низомга мувофиқ бошқаруви органи аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш кўзда тутилиши мумкин.

Бошқарув органи йиғилишлари кооператив ва агросаноат кластери раиси томонидан олиб борилади, агар уставда ёки бошқарув органи низомда ушбу ҳужжатларга бошқарув органининг бошқа аъзолари томонидан имзо чекишлари кўзда тутилмаган бўлса, у бошқаруви органи номидан қабул қилинган қарорларга ва бошқарув органи баённомаларига имзо қўяди.

Кооператив ва агросаноат кластери раиси, умумий йиғилиш, кузатув кенгаши ва бошқарув органи қарорига асосан, ушбу органлар ваколатига кирган масалалар бўйича ишончномасиз, бошқа масалалар бўйича кооператив
ва агросаноат кластери номидан якка ҳолда иш кўради.

Кооператив ва агросаноат кластери раиси ёки бошқарув органи аъзолари исталган вақтда мазкур қонун ва уставда белгиланган тартибга мувофиқ чақирилган умумий йиғилишнинг қарори бўйича эгаллаб турган лавозимларидан озод этилишлари мумкин.

Бошқарув органи ёхуд умумий йиғилишни чақириш ҳуқуқига эга бўлган ушбу йиғилиш кун тартибига кооператив ва агросаноат кластери раиси муддатидан олдин эгаллаган ловозимидан озод этиш тўғрисидаги масалани киритишни таклиф этган аъзолар ёки уюшган аъзолар гуруҳи ўз таклифини ёзма шаклда асослаб беришлари шарт.

Кооператив ва агросаноат кластери раисини муддатидан олдин эгаллаган лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тафтиш бирлашмасининг хулосаси умумий йиғилишда эълон қилиниши шарт.

38-модда. Кооператив ва агросаноат кластери раиси, бошқарув органининг мажбуриятлари

Кооператив ва агросаноат кластери раиси, бошқарув органи аъзолари уларнинг манфаатлари йўлида самарали фаолият юритишлари лозим. Улар
ўз ваколатларини амалга оширишлари давомида уларга маълум бўлган хизмат
ва (ёки) тижорат сири бўлган ахборотларнинг махфийлигини сақлаш бўйича чоралар кўришлари лозим.

Кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви аъзолари томонидан
ўз мажбуриятларини тўлақонли бажармаслик оқибатида келтирилган зарарлар
суд қарорлари асосида кооператив ва агросаноат кластерига қоплаб берилиши лозим. Бунда зарар келтирувчилар биргаликда жавобгар бўладилар.

Кооператив ва агросаноат кластери раиси, у билан тегишли равишда кооператив ва агросаноат кластери ўртасида тузилган меҳнат шартномасида кўзда тутилган тартиб ва шартлар доирасида жавобгар бўлади.

39-модда. Кузатув кенгаши

Кузатув кенгаши, кооператив ва агросаноат кластери аъзоларидан умумий йиғилишда сайланадиган уч кишидан кам бўлмаган таркибдан иборат бўлади. Кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилиш тартиби устав билан белгиланади.

Кузатув кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритгани учун ҳеч қандай мукофот олиш рухсат этилмайди. Кузатув кенгаши аъзосининг ўз ваколатларини бажариши билан боғлиқ харажатлари умумий йиғилиш қарорига мувофиқ қопланади.

Кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатлари улар сайланган муддат тугашидан аввал умумий йиғилиш қарори бўйича тўхтатилиши мумкин. Бундай қарорни қабул қилиш учун умумий йиғилишда иштирок этувчиларнинг учдан бир қисми овози етарли бўлади.

Кузатув кенгаши аъзоси бир вақтнинг ўзида бошқарув органи аъзоси ёки кооператив ва агросаноат кластери раиси бўлиши мумкин эмас.

Таркибдан чиқиш истагини билдирган бошқарув органи аъзолари унинг ваколатларини тўхтатилиши тўғрисидаги умумий йиғилишнинг қарори қабул қилинмагунича кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас.

Умумий йиғилишда кузатув кенгаши аъзоларига сайлаш ёки қўшимча сайлаш ўтказилаётганда кооператив ва агросаноат кластери раиси, бошқарув органи аъзолари бундай номзодлар тўғрисидаги таклифларни киритишга ҳақли эмаслар.

Кузатув кенгаши раиси ва раис ўринбосари кузатуви кенгаши мажлисида кузатув кенгаши аъзолари таркибидан уч йил муддатга сайланади. Умумий йиғилиш томонидан тасдиқланган низомга мувофиқ, кузатув кенгаши раисининг вазифалари кузатув кенгашини мажлисини тайёрлаш, чақириш, ўтказиш
ва кузатув кенгаши фаолиятини ташкил қилишдан иборат.

Кузатув кенгаши мажлислари энг камида ҳар уч ойда бир марта ўтказилади ва ушбу мажлис, иштирок этган кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан имзоланган баённома билан расмийлаштирилади.

40-модда. Кузатув кенгашининг ваколатлари

Кузатув кенгаши кооператив ва агросаноат кластери раиси ва бошқаруви фаолиятини назорат қилади, кооператив ва агросаноат кластери фаолиятини тафтиш қилади. Кузатув кенгаши кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви, кооператив ва агросаноат кластери раиси ёки ижрочи директоридан уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни талаб қилишга ҳамда ҳужжатлар билан танишиш, кассанинг ҳолати, қимматбаҳо қоғозлар, савдо ҳужжатларининг (ишончнома, тўлов топшириқномаси, юк хати, ҳисоб-фактура) мавжудлигини текшириш, инвентаризация ўтказишга ва бошқаларга хақлидир.

Кузатув кенгаши бухгалтерия балансини, йиллик ҳисоботни текшириши, даромадларни тақсимлаш тўғрисида ва йиллик тақчилликни қоплаш чоралари тўғрисидаги таклифлар бўйича хулосалар бериши лозим. Кузатув кенгаши текшириш натижалари тўғрисида бухгалтерия баланси тасдиқлангунга қадар умумий йиғилишга ҳисобот бериши лозим.

Кузатув кенгаши, кооператив ва агросаноат кластери аъзолигига қабул қилишни ва аъзоликдан чиқишни сўраб ёзилган аризалар бўйича хулосалар беради.

Кузатув кенгаши, агар бу кооператив ва агросаноат кластери манфаатлари учун зарур бўлса, умумий йиғилишни чақиради. Кузатув кенгаши раиси агар уставда бошқа тартиблар кўзда тутилмаган бўлса, умумий йиғилиш мажлисини ўтказишда раислик вазифасини бажаради.

Уставда, кузатув кенгаши аъзоларининг бошқа ваколатлари ҳам кўзда тутилиши мумкин.

Кооперативнинг кузатув кенгаши аъзолари ўз ваколатларини бошқа шахсларга беришга ҳақли эмасдирлар.

Кузатув кенгашига нисбатан ушбу қонуннинг 28-моддасида белгиланган кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви аъзоларининг мажбуриятлари тўғрисидаги қоидалар амал қилади.

41-модда. Кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви органлари қарорлари устидан шикоят килиш

Умумий йиғилишнинг ушбу қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, устав талабларини бузган ҳолда қабул қилган
ҳамда кооператив ва агросаноат кластери аъзоларининг қонуний ҳуқуқлари ва (ёки) манфаатларига зид бўлган қарорлари шикоят қилинаётган қарорни қабул қилишда иштирок этмаган ёки унга қарши овоз берган аъзолар ёки уюшган аъзоларнинг аризаси бўйича суд томонидан бекор қилиниши (қонуний кучга эга эмас деб тан олиниши) мумкин.

Кооператив ва агросаноат кластери томонидан амалга оширилган битимларни маъқуллаш тўғрисидаги умумий йиғилишнинг қарорлари кузатув кенгаши ёки кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви қарорини тан олиш, тегишли битимларни низолардан ташқари бундай қарорларни бекор қилиш, уларни бекор қилишга олиб келмаган ҳолатларда бекор қилиниши мумкин.

6-боб. Кооператив ва агросаноат кластерининг мулки

42-модда. Кооператив ва агросаноат кластерининг мулкини шакллантириш манбалари

Кооператив ва агросаноат кластерининг мулкини шакллантириш манбалари ҳам мулкий ва ҳам қарз маблағлар бўлиши мумкин. Кооператив ва агросаноат кластери мулкидаги қарз маблағлари улуши устав билан белгиланади.

Кооператив ва агросаноат кластери пай бадаллари, унинг шахсий фаолиятидан келадиган даромадлар ҳамда банклар қўйилган маблағлари, қимматбаҳо қоғозлар ва бошқалар ҳисобидан ўзининг шахсий маблағларини шакллантиради.

Кооператив ва агросаноат кластери унга пай сифатида берилган мулклар ҳамда фаолият жараёнида ишлаб чиқарилган ва орттирилган мулкларнинг эгаси ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш кооперативида заҳира фонди фойдадан 10 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги йиллик ажратмалардан, матлубот кооперативида
– даромадлардан ажратмалар ҳисобига ва ушбу кооператив аъзоларининг кооперативнинг хўжалик фаолиятида иштирокига мутаносиб равишда қўшимча бадалларни киритиши ва ишлаб чиқариш ва матлубот кооперативлари уставида кўзда тутилган бошқа манбалар ҳисобидан шаклланади.

43-модда. Кооператив ва агросаноат кластерининг пай бадаллари
ва пай фонди

Кооператив ва агросаноат кластерининг пай фонди ва мажбурий пай бадалининг миқдори аъзолар йиғилишида белгиланади.

Ишлаб чиқариш кооперативида мажбурий пай бадаллари бир хил миқдорда, матлубот кооперативида эса ушбу кооперативнинг хўжалик фаолиятида кооператив аъзоси иштирокининг прогноз ҳажмига мутаносиб равишда белгиланади.

Кооператив аъзолари кўшимча пай бадаллари киритишлари мумкин ва унинг миқдори ҳамда киритиш шартлари кооператив уставида кўзда тутилади.

Пай бадалларининг ҳисоби қиймат кўринишида юритилади. Кооператив
ва агросаноат кластерига кираётган шахс пай бадали ҳисобига мулкий улушлар
ва бошқа мулкларни (ер участкасидан ташқари) ёки мулкий ҳуқуқларни киритиш ҳолатларида пай бадалининг пулдаги қиймати кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви томонидан баҳоланади ва умумий йиғилишда тасдиқланади. Кооператив ва агросаноат кластери аъзоларининг умумий йиғилиши берилаётган мулкларни пулда баҳолаш услубиётини тасдиқлаб бериши ҳамда кооператив
ва агросаноат кластери бошқарувига тақдим этилаётган мулкларни шу услубиёт асосида баҳолашни топшириши мумкин. Ушбу баҳолашлар натижалари кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим. Бундай ҳолатда, фақатгина берилаётган мулкларни баҳолашдаги низоли масалалар, умумий йиғилиш кун тартибига киритилади. Умумий йиғилиш қарорига мувофиқ пай бадалини пулда баҳолаш, мустақил баҳоловчи томонидан ўтказилиши ҳам мумкин.

Баҳоланаётган пай бадали қийматининг мажбурий пай бадалидан ошаётган қисми, кооператив ва агросаноат кластери аъзоси розилиги билан унинг қўшимча пай бадали ҳисобига ўтказилади.

Кооператив ва агросаноат кластери давлат рўйхатидан ўтганидан кейин аъзоликка кираётган шахс уставда белгиланган тартиб ва муддатларда мажбурий пай бадалини тўлайди.

44-модда. Кооператив ва агросаноат кластерининг фойда ва зарарини тақсимлаш

Кооператив ва агросаноат кластерининг бухгалтерия баланси бўйича аниқланган ҳамда солиқлар, йиғимлар ва мажбурий тўловлар тўланганидан кейинги қолган фойдаси қуйидаги тарзда тақсимланади:

муддати кечиктирилган қарзларни қоплашга;

заҳира фонди ва уставда кўзда тутилган бошқа бўлинмас фондларга;

аъзоларнинг қўшимча пай бадаллари ва уюшган аъзоларнинг пай бадалларига дивидендлар бўйича тегишли тўловларга ҳамда аъзолар
ва ходимларни мукофотлашга, бунда тақсимланадиган умумий сумма кооператив ва агросаноат кластери фойдасининг 30 фоизидан ошмаслиги лозим;

кооператив ва агросаноат кластери тўловларига.

Ишлаб чиқариш кооперативи аъзолари ўртасида кооператив тўловларни тақсимлаш уларнинг бир йилда кооперативдан олган иш хақларига мутаносиб тарзда, матлубот кооперативи аъзолари ўртасида эса –уларнинг кооперативнинг хўжалик фаолиятидаги иштирокига мутаносиб равишда амалга оширилади.

Кооператив ва агросаноат кластерига тўловлар қуйидаги тартибда ишлатилади:

кооператив ва агросаноат кластери тўловларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисми аъзоларнинг кўпайтирилган пайларини тўлдириш учун йўналтирилади;

тўловларнинг қолдиғи аъзога тўлаб берилади.

Кўпайтирилган пайга ўтказилган маблағлар қуйидагича фойдаланилади:

кооператив ва агросаноат кластерининг бўлинмас фондидан ташқари унинг ишлаб чиқариш ва бошқа фондларини ташкил этиш ва кенгайтиришга;

кўпайтирилган пайларни қоплашга.

Бухгалтерия баланси бўйича аниқланган кооперативнинг зарари матлубот кооперативи аъзолари ўртасида уларнинг матлубот кооперативининг хўжалик фаолиятидаги иштирокига мувофиқ, ишлаб чиқариш кооперативи аъзолари ўртасида эса кооператив аъзоларининг иш ҳақларига мос равишда тақсимланади.

Ишлаб чиқариш кооперативида зарарлар биринчи навбатда заҳира фонди ҳисобидан, иккинчи навбатда кўпайтирилган пайлари миқдорининг камайтирилиши ҳисобига ёки қўшимча киритилган пай бадаллари ҳисобига копланади.

Матлубот кооперативида зарарлар ушбу қонунда белгиланган тартибларга мувофиқ қопланади.

Кооператив ва агросаноат кластерининг фойда ва зарарларини тақсимлаш тартиблари молиявий йил якунлангандан кейин уч ой давомида умумий йиғилишда тасдиқланиши лозим.

45-модда. Кооператив ва агросаноат кластери ҳамда унинг аъзоларининг мулкий жавобгарликлари

Кооператив ва агросаноат кластери ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли бўлган барча мулклари доирасида жавобгардир ва ушбу қонунда кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари аъзоларнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас.

Матлубот кооперативи аъзолари, йиллик бухгалтерия баланси тасдиқланганидан кейин уч ой мобайнида вужудга келган зарарларни, захира фонди ҳисобидан ёки қўшимча пай бадалларини киритиш йўли билан қоплашлари лозим. Ушбу мажбуриятларни бажармаслик ҳолатларида кооператив, кредиторлар талабига мувофиқ суд тартибида тугатилиши мумкин. Матлубот кооперативи аъзолари унинг мажбуриятлари бўйича кооператив аъзоларининг қўшимча пайининг киритилмаган қисми чегарасида биргаликда субсидиар жавобгар бўладилар.

Илгари ташкил этилган кооператив ва агросаноат кластерига кираётган шахс агар бу кооператив ва агросаноат кластери уставида кўзда тутилган бўлса,
ушбу шахснинг кооператив ва агросаноат кластерига кириши пайтида мавжуд бўлган мажбуриятлар билан танишганлиги тўғрисида ёзма равишда тасдиқланган шароитда унинг ушбу кооператив ва агросаноат кластерига киришдан аввал пайдо бўлган мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади.

Кооператив ва агросаноат кластери аъзоси айби билан келтирилган зарар ушбу аъзонинг пайи миқдорини камайтириш ҳисобига ёки қонунда белгиланган бошқа тартибларга мувофиқ қопланади.

Кооператив ва агросаноат кластери аъзоси ёки уюшган аъзосининг шахсий қарзларини ундириш бўйича унинг пайига мурожаат қилиш ушбу қонун
ва уставда кўзда тутилган муддат ва тартибларда, бундай қарзни қоплаш учун унинг бошқа мулклари етарли бўлмаганда рухсат берилиши мумкин. Кооператив ва агросаноат кластери аъзоси ёки уюшган аъзосининг қарзларни ундириш кооператив ва агросаноат кластерининг бўлинмас фонди ва унинг ер участкаси ҳисобидан рухсат этилмайди.

7-боб. Кооператив агросаноат кластери фаолиятининг асослари

46-модда. Кооператив ва агросаноат кластери битимлари

Кооператив ва агросаноат кластери ҳамда унинг аъзолари зарур ҳолларда
10 йилдан кўп бўлмаган муайян давр мобайнида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ёки унинг бир қисмини фақатгина кооператив ва агросаноат кластерига ёхуд филиалларга сотиш мажбуриятини юкловчи шартномалар тузиши мумкин.

Шартномада томонларнинг шартномада белгиланган мажбуриятларини бажармасликлари ёки етарли даражада бажармасликлари учун жавобгарлиги тўғрисидаги шартлар кўзда тутилиши мумкин.

Қиймати кооператив ва агросаноат кластерининг ер участкалари ва асосий воситалари қийматини чиқариб ташлаганда умумий активлари қийматига нисбатан
10 фоизгача ташкил этган битимлар (шу жумладан, асосий фондларни ижарага бериш, мулкни гаровга бериш бўйича) кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви томонидан, 10 фоиздан 20 фоизгача – кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви ва кузатув кенгаши ҳамкорлигида, 20 фоиздан юқори бўлганда умумий йиғилиш томонидан амалга оширилади.

Кооператив ва агросаноат кластери раиси, бошқарув органи ёки кузатув кенгаши раислари, уларнинг рафиқалари ва яқин қариндошлари ёки пай эгалари иккинчи томон сифатида қатнашган, миқдори пай фондига нисбатан 10 фоиздан кўпни ташкил этган битимлар манфаатлар зиддияти мавжуд битим ҳисобланади.

Ушбу моддада кўзда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган битим кооператив ва агросаноат кластерининг ёки унинг аъзоси ёхуд уюшган аъзосининг даъвосига кўра қонуний кучга эга эмас деб тан олиниши мумкин.

47-модда. Йирик битимлар

Агар кооператив ва агросаноат кластерининг уставида йирик битимларнинг анча катта миқдори назарда тутилган бўлмаса, бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган кооператив
ва агросаноат кластери мол-мулки қийматининг йигирма беш фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни кооператив ва агросаноат кластерининг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки кооператив ва агросаноат кластери бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади.

Кооператив ва агросаноат кластерининг одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузиладиган битимлар йирик битимлар деб эътироф этилмайди.

Ушбу модданинг мақсадлари учун йирик битим натижасида кооператив
ва агросаноат кластерининг тасарруфидан чиқариладиган мол-мулкнинг қиймати унинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида, кооператив ва агросаноат кластери оладиган мол-мулкнинг қиймати эса – таклиф қилинган баҳо асосида аниқланади.

Йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор кооператив ва агросаноат кластери иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Кооператив ва агросаноат кластерининг кузатув кенгаши тузилган тақдирда, қиймати кооператив ва агросаноат кластери мол-мулки қийматининг йигирма бешдан то эллик фоизигачасини ташкил этадиган мол-мулкни олиш, тасарруфдан чиқариш ёки кооператив ва агросаноат кластери бевосита ёхуд билвосита тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган йирик битимларни тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш кооператив ва агросаноат кластерининг уставига биноан кузатув кенгашнинг ваколатига киритилиши мумкин. Бунда кузатув кенгашининг айби билан йирик битим тузилиши натижасида етказилган зарар учун кузатув кенгаши умумий йиғилиш олдида жавобгар бўлади.

Ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган йирик битим кооператив ва агросаноат кластерининг ёки унинг иштирокчисининг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

48-модда. Кооператив ва агросаноат кластерида ҳужжатлар
ва ҳисоботларни юритиш. Кооператив ва агросаноат кластери томонидан ҳужжатларни тақдим этиш

Кооператив ва агросаноат кластери бухгалтерия ҳисоботини ҳамда кооператив ва агросаноат кластери аъзолари умумий йиғилиши, бошқаруви
ва кузатув кенгаши мажлислари баённомаларини, аъзолар ва уюшган аъзоларнинг реестрини, аъзолик дафтарчаларини тўғри юритиши лозим. Кооператив
ва агросаноат кластерининг аъзоси ёки уюшган аъзоси кузатув кенгаши томонидан белгиланган тартибларда, кооператив ва агросаноат кластерининг ҳужжатлари
ва бухгалтерия ҳисоботлари билан танишишга ҳақлидир.

Кооператив ва агросаноат кластерининг йиллик ҳисоботи ва бухгалтерия баланси, тафтиш бирлашмаси томонидан текширилгандан кейин умумий йиғилишда тасдиқланиши ҳамда давлат солиқ ва статистика органларига тақдим этилиши лозим.

Кооператив ва агросаноат кластери қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йиллик ҳисобот ва бухгалтерия балансидаги ахборотларнинг тўғрилигига ҳамда давлат органлари, аъзоларга тақдим этилган ва расмий нашр органларида чоп этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги бўйича жавобгардир.

Кооператив ва агросаноат кластери қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайди.

Кооператив ва агросаноат кластери ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тегишли давлат органларига белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этади

49-модда. Кооператив ва агросаноат кластерида меҳнат

Кооператив ва агросаноат кластери ўз фаолиятини амалга ошириш учун ишчиларни ёллаш ҳуқуқига эга.

Кооператив ва агросаноат кластерида меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ишлаб чиқариш кооперативи кузатув кенгашининг аъзоси кооперативдаги асосий иш жойидан меҳнат қонунчилигига мувофиқ равишда кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарори бўйича озод этилиши мумкин.

 

 

8-боб. Кооператив ва агросаноат кластерининг фаолияти устидан
назорат қилиш

50-модда. Кооператив ва агросаноат кластерининг тафтиш комиссияси (тафтишчиси)

Кооператив ва агросаноат кластерининг уставида тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчисини сайлаш) назарда тутилиши мумкин. Аъзолар ўн беш нафардан ортиқ бўлган тақдирда, кооператив ва агросаноат кластерида тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчисини сайлаш) шарт. Кооператив ва агросаноат кластерининг аъзоси бўлмаган шахс ҳам тафтиш комиссиясининг аъзоси (тафтишчиси) бўлиши мумкин.

Агар уставда назарда тутилган бўлса, тафтиш комиссияси (тафтишчи) вазифасини кооператив ва агросаноат кластери билан, кузатув кенгашининг аъзолари билан, раис ва бошқаруви билан мулкий манфаатлар билан боғлиқ бўлмаган аудиторлик ташкилоти амалга ошириши мумкин.

Кузатув кенгашининг аъзолари, раиси ва бошқаруви тафтиш комиссиясининг аъзолари (тафтишчи) бўлишлари мумкин эмас.

Тафтиш комиссияси (тафтишчи) агросаноат кластери иштирокчилари умумий йиғилиши томонидан уставда белгиланган муддатга сайланади.

Тафтиш комиссияси аъзоларининг сони уставда белгиланади.

Кооператив ва агросаноат кластерининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш тафтиш комиссиясининг ташаббусига, умумий йиғилишнинг, кузатув кенгашининг қарорига ёки агросаноат кластери иштирокчилари умумий овозлари сонининг жами камида ўндан бир қисмига эга бўлган агросаноат кластери иштирокчиларининг талабига биноан бир йиллик ёки бошқа давр учун фаолият якунларига кўра амалга оширилади.

Тафтиш комиссиясининг (тафтишчининг) талабига биноан кузатув кенгашининг аъзолари, бошқарув органи раиси вазифасини амалга оширувчи шахс, шунингдек кооператив ва агросаноат кластери ходимлари оғзаки ёки ёзма шаклда зарур тушунтиришлар беришлари шарт.

Тафтиш комиссияси (тафтишчи) кооператив ва агросаноат кластерининг йиллик ҳисоботларини ва бухгалтерия балансларини улар умумий йиғилишда тасдиқлангунига қадар мажбурий тартибда текширишдан ўтказади.

Тафтиш комиссиясининг (тафтишчининг) иш тартиби кооператив
ва агросаноат кластери ҳужжатлари билан белгиланади.

51-модда. Ички аудит хизмати

Активларининг баланс қиймати бир миллиард сўмдан ортиқ бўлган кооператив ва агросаноат кластерида ички аудит хизмати ташкил этилади. Кузатув кенгаши ички аудит хизматини ташкил этади ва унинг ходимларини тайинлайди. Ички аудит хизмати кузатув кенгашига ҳисобдордир.

Ички аудит хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширади.

52-модда. Агросаноат кластерининг аудиторлик текшируви

Молия ҳисоботлари тўғрилигини, бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибининг белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш учун кооператив ва агросаноат кластери аъзолари умумий йиғилишининг қарорига биноан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аудиторлик ташкилоти жалб этилади.

Активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан кўп бўлган кооператив ва агросаноат кластери мустақил ташқи аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказиладиган ҳар йилги аудиторлик текширувидан ўтиши шарт.

9-боб. Кооператив ва агросаноат кластерини
қайта ташкил этиш ва тугатиш

53-модда. Кооператив ва агросаноат кластерини қайта ташкил этиш

Кооператив ва агросаноат кластерини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) унинг муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларига мувофиқ умумий йиғилиш қарори асосида амалга оширилиши мумкин.

Қонунда белгиланган ҳолларда кооператив ва агросаноат кластерини бўлиш ёки унинг таркибидан бир ёхуд бир неча юридик шахсни ажратиб чиқариш шаклида уни қайта ташкил этиш умумий йиғилиш қарори билан ёхуд суд қарори билан амалга оширилади.

Кооператив ва агросаноат кластерини қайта ташкил этишда, унинг уставига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

54-модда. Кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш

Кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш, бошқа шахсларга
қонуний ворислик тартибида, кооператив ва агросаноат кластерининг ҳуқуқ
ва мажбуриятлари ўтказилмасдан фаолиятини тўхтатишга олиб келади.

Кооператив ва агросаноат кластери қуйидаги ҳолларда тугатилган ҳисобланади:

умумий йиғилиш қарори бўйича, шу жумладан, кооператив ва агросаноат кластерини ташкил этилганда қўйилган мақсадга эришгандан сўнг унинг фаолият юритиш муддати тугаган бўлса;

уни ташкил этишда қонунни қўпол равишда бузишга йўл қўйилган ҳолларда суд қарори билан, агар қонунни қўпол равишда бузиш бартараф қилиб бўлмайдиган характерга эга ёки тегишли рухсат (лицензия) олмасдан фаолиятни амалга оширган ёки фаолияти қонунда тақиқланган ёхуд фаолиятида ушбу қонунни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир неча маротаба қўпол равишда бузган бўлса;

кооператив ва агросаноат кластери суд томонидан банкрот деб эълон қилинган ҳолатларда ёки қонунда белгиланган тартибда ўзини банкрот деб эълон қилган ҳолларда;

ушбу қонун ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

55-модда. Кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш тартиби

Кооператив ва агросаноат кластери бошқаруви умумий йиғилиш ёки кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган топшириғига асосан ижро хокимияти органига юридик шахсларни ягона давлат реестрига киритиш учун юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи вакилга ушбу кооператив тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисида ёзма шаклда маълумотнома  киритилиши лозим.

Умумий йиғилиш ёки кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган тугатиш комиссиясини ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига ва ушбу қонунга мувофиқ, ушбу кооперативни тугатиш тартиби ва муддатларини белгилайди. Умумий йиғилишнинг расмий сўрови (аризаси) бўйича кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш тўғрисидаги суд қарорига асосан унинг бошқарувига ушбу кооператив
ва агросаноат кластерини тугатишни амалга ошириш бўйича мажбурият юклатилиши мумкин.

Тугатиш комиссияси (тугатувчи) белгиланган вақтдан бошлаб, унга ушбу кооператив ва агросаноат кластери ишларини (фаолиятини) бошқариш бўйича ваколат тўлиғича ўтади. Тугатиш комиссияси (тугатувчи), тугатилаётган кооператив ва агросаноат кластери номидан судда даъвогар ёки жавобгар бўлади.

Кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш ҳақидаги қарор қабул қилингандан сўнг ўзининг мажбурий пай бадалларини тўлиқ киритмаган аъзолар бадалларни умумий йиғилиш томонидан белгиланган муддатда тўлашлари мажбур. Тугатиш балансини тузиш жараёнида кўрсатиб ўтилган пай бадаллари тўлиғича тўланган деб ҳисобга олинади.

Агар кооператив ва агросаноат кластерининг мол-мулки кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаган ҳолларда аъзолар уставда белгиланган ҳажмда қўшимча пай бадалларини киритишлари лозим.

Қўшимча пай бадаллари миқдори мажбурий пай бадалларига мутаносиб равишда ёки уставда белгиланган тартибда аниқланади.

Кооператив ва агросаноат кластерини тугатиш даврида, мажбурий пай бадаллари миқдорини кўпайтириш ёки субсидиар жавобгарлик чегараси миқдорини оширишга йўл қўйилмайди.

Агар тугатилаётган кооператив ва агросаноат кластеридаги пул маблағлари, кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатиш комиссияси суд қарорини бажариш учун белгиланган тартибда, оммавий савдо орқали кооператив мол-мулкини сотишни амалга оширади.

10-боб. Якуний қоидалар

56-модда. Низоларни ҳал этиш

Қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластери соҳасида юзага келадиган низолар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

57-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластери тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Қишлоқ хўжалиги кооперацияси ва агросаноат кластери тўғрисидаги
қонун ҳужжатларини бузган, айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

58-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ушбу Қонуннинг ижросини ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

59-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

60-модда. Ушбу қонуннинг кучга кириши

Ушбу қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан сўнг кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

           Президенти                                                                   Ш. Мирзиёев

Умумий таклифлар: 2

725