Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17149 Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 27/04/2020 12/05/2020 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектларга ажратилган ер майдонига сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-17149

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 17 июндаги ПФ–5742-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектларга  ажратилган ер майдонига сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И. Барноев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг  
Бош вазири

 

А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг

20__ йил “___” ________даги ___- сон қарорига

1-ИЛОВА

 

 

Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги

низом

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектлар (кейинги ўринларда – қишлоқ хўжалиги корхоналари) тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда уларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш
ва қоплаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

баҳоловчи ташкилот - баҳолаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахс;

ер майдонида сарфланган харажатлар – фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ажратилган ер майдонида бажарилган ишлар (йўл, ирригация, мелиорация, электр, газ, канализация тармоқлари, ишлаб чиқариш иморатлари, иншоотлар, кўп йиллик дарахтзорлар, томчилатиб суғориш тармоқлари ва бошқалар);

ер майдонида сарфланган ҳаражатлар қийматини қоплаш - фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан белгиланган тартибда ер майдонида сарфланган ҳаражатлар қийматини унинг тегишли ҳисоб рақамига ўтказиш ёки бошқа шаклда қоплаш;

келишув - томонларнинг розилиги билан компенсация миқдори, тури
ва бериш муддати, шунингдек, бошқа шартларни назарда тутувчи талабгор
ва қишлоқ хўжалиги корхонаси ўртасида тузилган, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклдаги шартнома.    

3. Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сон қарори билан  тасдиқланган Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ амалга оширилади.

4. Қишлоқ хўжалиги корхонаси тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда уларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.  

5. Ер майдонида сарфланган қуйидаги ҳаражатлар қоплаб берилади:

кўчатлар, кўп йиллик мевали ва манзарали дарахтлар, уларни парваришлаш, ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари;

қишлоқ хўжалиги экинларни суғориш мақсадида ўрнатилган томчилатиб суғориш тизимлари, сув чиқариш учун бурғуланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш насос станциялари ва ариқ-зовурлар қазиш, уларни таъмирлашга кетган ҳаражатлар (давлат бюджети хисобидан ажратилган субсидия маблағлари бундан мустасно);

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш мақсадида бажарилган агротехник тадбилар (ерларни бегона ўтлардан, тош ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, ер майдонларини текислаш, ҳайдаш, экишга тайёрлаш);

қишлоқ хўжалиги махсулотларни етиштириш учун сарфланган харажатларни, етказиб берилган моддий-техник ресурслар ва кўрсатилган хизматлар бўйича юзага келган қарздорликларини;

ишлаб чиқариш мақсадлари учун бошқа инфратузилма объектлари газ, электр, оқова ва ичимлик сув, канализация тармоқлари қурилишга кетган харажатлар;

чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида қурилган иншоотлар ва бошқа объектларни қуриш ва таъмирлашга кетган харажатлар;

Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси доирасида фойдаланишдан чиққан ерларни оборотга киритиш мақсадида сарфланган ҳаражатлар ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган қишлоқ хўжалиги корхонаси томнидан ер участкасида сарфланган бошқа ҳаражатлар.

6. Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер майдонида сарфланган харажатларни қоплаш юзасидан қишлоқ хўжалиги корхонаси ва талабгор ўртасида келишувга эришилган тақдирда ўзаро келишув (келишилган нархлар) асосида амалга оширилади. Бунда ҳаражатлар қиймати, уларни қоплаш тартиби ва муддати тарафлар ўртасида тузиладиган келишув шартномасида назарда тутилади ҳамда белгиланган тартибда нотариал тартибда тасдиқланади.

Агар тарафлар ўртасида шундай келишувга эришилмаган тақдирда қопланиши лозим бўлган харажатлар қиймати мазкур Низомга мувофиқ баҳолаш натижалари асосида аниқланади.

7. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 декабрдаги 1012-сон қарори билан тасдиқланган Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган
боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида низомга асосан ижара шартномаси бекор қилинган қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ҳаражатлари қийматини ҳисоблаш ва қоплаш ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.   

 

 

2-боб. Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ер майдонларида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш тартиби

 

8. Тугатилаётган ёхуд мақбуллаштирилаёт қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбари ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган кўчмас мулкни, шунингдек бажарилган ишлар қийматини аниқлаш учун тегишли баҳолаш ташкилотига мурожаат қилади.

Кўчмас мулкни ёки бажарилган ишларнинг қийматини аниқлаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан қишлоқ хўжалиги корхонасининг ҳисобидан амалга оширилади.

9. Қишлоқ хўжалиги корхонасига ажратилган ер майдонида жойлашган кўчмал мулк объектларининг қиймати баҳолаш шаклида аниқланади. Бунда, баҳолаш шундай фолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган баҳоловчи ташкилот томонидан амалга оширилади.

10. Баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисидаги баҳоловчи ташкилот
ва қишлоқ хўжалиги корхонаси ўртасидаги шартнома қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади.

Баҳолашни ўтказиш муддати ва бошқа шартлар тарафларнинг келишувига мувофиқ шартномада белгиланади.

11. Махаллий давлат ҳокимияти оргалари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхонаси баҳоловчи ташкилотга баҳолаш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни тақдим этади.

12. Баҳоловчи ташкилот томонидан ер майдонларида қурилган объектларнинг ёки ер майдонларига сарфланган ҳаражатларнинг қийматини аниқлаш мақсадида тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.

13. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш якуни бўйича баҳолаш тўғрисида ҳисобот (кейинги ўринларда - ҳисобот) тузади.

Баҳоловчи ташкилот шартнома бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида буюртмачига етказилган зарар учун жавобгар бўлади. Қишлоқ хўжалиги корхонасига етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.

 

3-боб. Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан сарфланган харажатлар қоплаш тартиби

14. Қишлоқ хўжалиги корхонаси нотариал тартибда тасдиқланган келишув шартномани ёки ҳисобот нусхасини унга иловалари билан биргаликда туман (шаҳар) хокимлигига тақдим этади.

15. Туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳисобот ва унга илова қилинган ҳужжатларни икки кун муддатда ўрганиб чиқади, агар  баҳолаш натижалари бўйича тузилган ҳисоботдан норози бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги бўйича экспертиза ўтказилади. Экспертиза билан боғлиқ ҳаражатлар баҳолаш натижаларидан норози бўлган тарафнинг маблағлари ҳисобидан қопланади. 

16. Туман (шаҳар) ҳокимлиги тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер майдони Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ танловга қўйилганда талабгорларни ҳисоботда кўрсатилган қопланиши лозим бўлган ҳаражатлар қиймати ҳақида белгиланган тартибда олдиндан хабардор қилинишини таъминлайди.

17. Ҳаражатларни қоплаш турлари қуйидагилардан иборат:

пул маблағлари;

бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш;

компенсациянинг бошқа турлари.

18. Қишлоқ хўжалиги корхонаси томонида ер участкасида сарфланган харажатлар пул маблағлари кўринишида қишлоқ хўжалиги корхонаси раҳбарининг тегишли банк (депозит) ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан
ёки нақт пул кўринишда қоплаб берилиши мумкин.

19. Қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер участкасида сарфланган харажатлари қуйидагилар томонидан қопланади:

узоқ муддатли ижарага бериш танлови натижалари асосида олган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари;

тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган талабгорлар ва кластер корхоналари.

20. Талабгор танлов ғолиби деб эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун муддатда ҳаражатлар қийматини қишлоқ хўжалиги корхонасига тўлиқ тўлаши лозим.

21. Агар талабгор белгиланган муддатда ҳаражатлар қийматини тўлиқ тўлмаса, туман (шаҳар) ҳокимлиги кейинги календарь кундан кечиктирмай қуйидагиларга хат юборади:

танлов ғолибига - у ғолиб деб топилган танлов натижасининг бекор қилинганлиги ҳақида;

ғолибдан кейин энг юқори бал олган талабгорга - танлов ўтказилаётганда таклиф этилган ер участкаси ҳаражатлар қийматини ўн иш куни мобайнида тўлаш ҳақидаги таклиф ҳақида.

Агар ғолибдан кейин энг юқори бал олган талабгор беш иш куни ичида ҳаражатлар қийматини тўлиқ тўласа, у танлов ғолиби деб ҳисобланади ва унга мазкур Ер майдонларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг қарори протокол билан расмийлаштирилади.

Агар танлов иштирокчиси беш иш куни давомида ҳаражатлар қийматини тўлиқ тўламаса, у харажатларни тўлашдан бош тортган деб тан олинади.

22. Туман (шаҳар) ҳокимнинг тугатилган ёки мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер участкасини бошқа талабгорга ажратиш тўғрисидаги қарори ер участкасида сарфланган харажатлар қиймати тегишли қишлоқ хўжалиги корхонасининг банкдаги ҳисобварағида ўтказилганидан
ёки бошқа шаклда қишлоқ хўжалиги корхонасига тўлиқ қоплаб берилгандан сўнг қабул қилинади.

23. Тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган талабгорлар ҳаражатлар қийматини қишлоқ хўжалиги корхонасига тўлиқ тўлаган тақдирда
туман (шаҳар) ҳокими томонидан танлов ўтказмасдан талабгорга ер ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.    

24. “Ўзагролизинг” АЖ тугатилаётган ва мақбуллаштирилаётган  қишлоқ хўжалиги корхонасига лизинг ва кредит асосида берилган қишлоқ хўжалиги техникалари,  қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштириш учун ҳосил йили даврида ажратилган имтиёзли ва тижорат кредитлари, қопланмаган қисми танловда ғолиб бўлган ёки мақбуллаштириш натажасида ер участкаси берилган қишлоқ хўжалиги корхонасига томонларнинг келишувига асосан уч томонлама далолатнома асосида қайта расмийлаштирилади. 

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

 

25. Ушбу Низомда тартибга солинмаган масалалар, шунингдек уни қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

26. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

 

 

 

Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартиби тўғрисидаги

ИЛОВА

 

Қишлоқ хўжалиги корхонаси тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда уларга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар қийматини ҳисоблаш ва қоплаш ишларини амалга ошириш

СХЕМАСИ

 

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Бажариш муддатлари

             

1-босқич

 

Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси,
Баҳоловчи ташкилот

 

Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан бириктирилган ер майдонларига қилинган харажатлар тўғрисидаги тасдиқланган худжаатни янги ташкил этиладиган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасига тақдим этиш

 

5 иш куни давомида

     
             

2-босқич

 

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўлими,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши,
янги ташкил этилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси.

 

Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасининг бириктирилган ер майдонинг экин майдони ўлчовидан ўтказиш ҳамда хақиқиатда қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштирилаётганлиги тўғрисида далолатнома тузиш

 

2 кун

 

 

 

             

3-босқич

 

Тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси

 

Ер ижара шартномаси бекор бўлган ҳамда мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан ер майдонларига қилинган харажатлар тўғрисидаги тасдиқланган худжаатни ва бириктирилган ер майдонинг экин майдони ўлчовидан ўтказиш ҳамда хақиқиатда қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштирилаётганлиги тўғрисидаги тасдиқланган далолатномани янги ташкил этилган ёки мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги корхонаси рахбарига тақдим этиш.

 

1 кун

     
             

4-босқич

 

Янги ташкил этилган ёки мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги корхонаси.

 

Ер ижара шартномаси бекор бўлган ҳамда мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан тақдим этилган худжаатларга асосан янги ташкил этилган ёки мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан қилинган харажатни тўлақонлигича қоплпш.

 

15 иш кун давомида

     

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

20___ йил “___” _________даги ___-сон қарорига
ИЛОВА

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
 

 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
30 октябрдаги 476-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисида низомда:

а) 13-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“13. Ҳокимнинг танлов ўтказиш тўғрисидаги қарори маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари бошқаруви (маъмурияти) биноларида осиб қўйилиши керак. Эълонда қуйидагилар кўрсатилиши лозим: ер участкасининг ўлчами, жойлашган жойи, сифати
ва бошқа тавсифлари, ташкил этилаётган фермер хўжалигининг мўлжалланаётган ихтисослашуви, тугатилаётган ёки мақбуллаштирилаётган қишлоқ хўжалиги корхонасига қопланиши лозим бўлган ҳаражатлар қиймати, танловнинг ўтказилиш вақти ва жойи.

Туман ҳокимлиги ушбу маълумотларнинг тўлиқ ва ўз муддатида эълон қилиниши учун маъсул ҳисобланади.

Танлов уни ўтказиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинган вақтдан бошлаб бир ой мобайнида ўтказилиши керак.”;

б) 17-банд қуйидаги таҳрирдаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“Туман ҳокимнинг тугатилган ёки мақбуллаштирилган қишлоқ хўжалиги корхонасининг ер участкасини бошқа талабгорларга ажратиш тўғрисидаги қарори ер участкасида сарфланган харажатлар қиймати тегишли қишлоқ хўжалиги корхонасининг банкдаги ҳисобварағида кўринганидан  ёки бошқа шаклда қишлоқ хўжалиги корхонасига тўлиқ қоплаб берилгандан сўнг қабул қилинади.”;

иккинчи хатбоши учинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил
31 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида низомнинг 24-банди иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қийматли мол-мулк бериш ва унинг кўрган зарарларини қоплаш, ер участкасида сарфланган харажатлар ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаш тегишли ер майдонини уни узоқ муддатли ижарага бериш танлови натижалари асосида олган фермер хўжалиги, бошқа қишлоқ хўжалиги корхонаси ёки тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган талабгорлар томонидан амалга оширилади. Бунда, туман (шаҳар) ҳокимининг ер майдонини узоқ муддатли ижарага бериш ҳақидаги қарори етказилган зарар суммаси ёки ер участкасида сарфланган харажатлар қиймати тегишли қишлоқ хўжалиги корхонасининг банкдаги ҳисобварағида кўринганидан ёки бошқа шаклда қишлоқ хўжалиги корхонасига тўлиқ қоплаб берилгандан сўнг қабул қилинади.”.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
18 декабрдаги 1012-сон қарори билан тасдиқланган Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида низомнинг 7-бандининг “е”, “ё”, “ж” ва “з” кичик бандлари
ҳамда 12-банди чиқариб ташлансин.

Умумий таклифлар: 0

515