Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
17141 Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 28/04/2020 13/05/2020 8

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори
Ногиронлиги бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-17141

ЛОЙИҲА

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Ногиронлиги бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизда ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминловчи чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, уларнинг таълим-тарбия олишларида мослашув муҳитини яратиш мақсадида имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари ташкил этилган.

Бугунги кунда имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (кейинги ўринларда – ихтисослаштирилган таълим муассасаси) ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларга таълим-тарбия бериш, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш ҳамда уларнинг жамиятга мослашуви ва интеграциялашувида кўмаклашиш вазифаларини амалга ошириб келмоқда.

Шу билан бирга, ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларга таълим-тарбия бериш, соғломлаштириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш, шунингдек, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида мавжуд айрим муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда, шу жумладан:

ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчилар учун ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш, таълим-тарбия жараёнлари нуқсонларни тузатиш (коррекция)га етарли даражада йўналтириш, ўқитиш ва тарбиялаш жараёнини ўқувчиларнинг алоҳида хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини талаб даражасида олиб бориш;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларида 10–11-синф ўқувчиларига касб-ҳунар ўргатиш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда келажакда эгаллайдиган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг шарт-шароитлар яратиш, мазкур таълим муассасаларни тегишли касбларни ўргатиш учун зарур жиҳозлар ва хом ашё материаллари билан таъминлаш;

коррекцион педагогика ва дефектология соҳаси педагоглари, шунингдек, ихтисослаштирилган таълим муассасасининг фаолият соҳаси бўйича тегишли қайта тайёрлашдан ўтган олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларида болаларни соғломлаштиришга йўналтирилган даволаш-соғломлаштириш, реабилитация қилиш, санитария-гигиена ва профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш, ўқувчиларни доимий равишда тиббий кўрикдан ўтказишни тизимли йўлга қўйиш;

ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчиларининг тиббий хизматдан фойдаланиши ҳамда уларнинг белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида озиқ-овқат билан таъминлаш;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқувчиларни дарсликлар, айниқса кўзи ожиз болалар учун мўлжалланган Брайль ёзуви асосидаги дарсликлар билан етарли даражада таъминлаш.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, имконияти чекланган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини тубдан такомиллаштириш, ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий-педагогик салоҳиятини ошириш, ўқув жараёнини ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий қилиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сон Фармонига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликларининг:

ихтисослаштирилган таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шу жумладан заруратга кўра янги ўқув бино
ва ётоқхона корпуслари қуриш, ўқув устахоналари ва лабораториялар ташкил этган ҳолда кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этишни Инвестиция дастури доирасида амалга ошириш;

замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ва тасдиқланган нормативлардан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган таълим муассасаларини тиббиёт жиҳозлари, махсус техник ва ёрдамчи асбоб-ускуналари, шунингдек, ўқув мебели ва анжомлари билан жиҳозлаш давлат бюджети маблағлари, шунингдек  халқаро молиявий ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотлар грантлари доирасида келиб тушган маблағлар ҳисобидан амалга ошириш;

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида (кейинги ўринларда ҳудудлар) синов тариқасида биттадан умумтаълим мактабларида ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болалар учун таянч коррекцион синфлар очиш;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари учун ҳудудларда (3 та ҳудудда) ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабларини ташкил этиш;

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун мўлжалланган давлат таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълим 9 йиллик муддатда амалга оширилиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки 2021 йил 1 январдан бошлаб:

болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олаётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалар ўқиши учун тўланадиган тўловлардан озод этилсин;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг тиббиёт ходимлари ва тарбиячи ёрдамчисига ҳамда имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари раҳбар ва педагог ходимларининг меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида, ўқувчига уйда якка тартибда таълим бераётган ўқитувчиларга 100 фоизи миқдорида тўлансин;

ҳудудлардаги синов тариқасида ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволанишга ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болалар учун таянч коррекцион синфлар очилган умумтаълим мактабларига бир нафар дефектолог штат бирлиги ажратилсин;

ихтисослаштирилган таълим муассасаларида олий маълумотли мутахассис педагоглар (ўқитувчи ва тарбиячилар) фаолият юритишлари таъминлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январдан бошлаб ихтисослаштирилган мактабларга 1 тадан шифокор ва ҳамшира штат бирлигини киритсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

ўқувчиларнинг жисмоний ва ақлий талаб-эҳтиёжидан ва таълим муассасаларининг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда ихтисослаштирилган таълим муассасаларини оптималлаштириш ҳамда имконияти чекланган болаларнинг мослашиши ва интеграцияси учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларини босқичма-босқич махсус техник жиҳозлари билан таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритсин;

2021-2025 йилларда Инвестиция дастури доирасида қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб бориладиган ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг манзилли рўйхатини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Бунда республикадаги мавжуд имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларини тўлиқ қамраб олишни назарда тутсин.

в) Ўзбекистон Республикаси Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблардаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт жиҳозлари, махсус техник ва ёрдамчи асбоб-ускуналар ҳамда бошқа анжомларни халқаро молиявий ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотлар грантлари маблағлари ҳисобидан харид қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

г) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олаётган I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болаларни ушбу муассасада ўқиши учун тўловлардан озод этишни назарда тутувчи  ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.

4. Имконияти чекланган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага, Ўзбекистонда инклюзив (интеграциялашган) таълимни 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишига шахсан жавобгардир.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг:

ошхона ходимлари сонини, озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ва етказиб бериш харажатларини мақбуллаштириш, табиий камайиш нормалари доирасида нобудгарчиликларни энг кам даражага келтириш, таомлар турларини хилма-хиллаштириш ва овқат тайёрлаш сифатини яхшилаш ҳамда бўлинмалар фаолиятининг самарадорлигини ошириш имконини берадиган аутсорсинг шартларида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқувчиларининг овқатланишини ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини босқичма-босқич жорий этиш;

овқатланишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш тартибини, биринчи навбатда, Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган таълим муассасаларида жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчиларининг овқатланишини ташкил этиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритсин.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, бунда:

2021 йил 1 январдан бошлаб ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари зарур бўлган товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш ишлари муассасалар томонидан махсус ахборот порталига эълон бериш йўли билан ўтказиладиган танлов (тендер) натижалари бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчилар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали амалга оширилади;

2025 йил 1 январь кунига қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари учун мўлжалланган, Халқ таълими вазирлиги томонидан шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган тиббиёт жиҳозлари, махсус техник ва ёрдамчи асбоб-ускуналар ҳамда бошқа анжомлари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) озод қилинади.

8. Давлат активларини бошқариш агентлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига Кўзи ожизлар босмахонасининг Брайл усулидаги дарслик чоп этиш қувватини ошириш бўйича қўшимча жиҳозлаш бўйича таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб педагог кадрларни тайёрлаш бўйича тааллуқли таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг тегишли ўқув дастурларига инклюзив таълим методикаси бўйича мавзулар киритилишини таъминласин;

олий таълим муассасаларининг ўқув бинолари ва талабалар турар жойларида ногиронлиги бўлган шахслар (жумладан, ҳаракатланиши чекланган шахсларни махсус аравачаларда)ни ҳаракатланиши учун шарт-шароит яратсин;

ўқув жараёнларини ташкил этишда ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида масофавий ўқитиш элементларидан фойдаланишни кенг жорий этилишини таъминлаш вазифаси юклатилсин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига дефектология (фаолият турлари бўйича) йўналишида сиртқи ва кечки таълим шаклида абитуриентларни қабул қилишда талабгорлар учун қўшимча равишда бир фоизли квота ажратсин;

Олий таълим муассасаларига 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб (иш берувчилар) коррекцион педагогика ва дефектология соҳасида педагог кадрларга  бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида тўлов-контракт асосида сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилсин;

Бунда, ўқишга қабул қилиш тегишли иш берувчиларнинг тавсияси асосида камида беш йил иш стажига эга бўлган ходимлар ҳисобидан кейинчалик ушбу тизимда камида беш йил ишлаб бериш шарти билан иш фаолиятига мос бўлган бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат натижаларига асосан амалга оширилиши инобатга олинсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасаларида жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болалар учун уйда якка тартибда таълим олишларини жорий этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан зарур жиҳозлар билан таъминлаб борсин;

2021 йил 1 июлга қадар ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ҳудудлари ва хоналарини видеокузатув камералари билан жиҳозланишини таъминласин, видеоёзувлар махсус архивда камида бир ой давомида сақланишини назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ихтисослаштирилган таълим муассасаларидаги видеокузатув камераларининг техник созлиги ва узлуксиз ишлаши, кейинчалик уларни Халқ таълими вазирлиги тизимида архивлаштиришни таъминласин.

12. Ихтисослашувидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ёшларни маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича бешта муҳим ташаббусни кенг жорий этиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда:

а) Маданият  вазирлиги билан биргаликда тарбияланувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида мусиқа, рассомчилик, тасвирий санъат, кулолчилик ва бошқа тўгаракларни ташкил этиш ҳамда амалдаги меъёрга мувофиқ мусиқа асбоблари билан таъминлаш;

б) Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг спорт залларини спорт жиҳозлари ва анжомлари ҳамда даволаш-соғломлаштириш жиҳозлари билан таъминлаш;

в) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ихтисослаштирилган таълим муассасаларида 1 тадан компьютер синф хоналарини замонавий компьютерлар билан таъминлаш, уларда ўқувчиларни фикрлашга йўналтирадиган компьютер ўйинлари базасини яратиш;

г) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ўқишга тавсия этилган бадиий адабиётлар билан таъминлаш;

д) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабларда касб-ҳунар ўрганаётган қизларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида зарур миқдорда тикув машинаси ва бошқа анжомлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорнинг амалга оширилиши учун зарур маблағларни 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларида ҳар йили назарда тутсин.

14. Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

               Президенти                                                                                                   Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

20120 йил _____ ___________ даги

____ - сон қарорига

1-ИЛОВА

Имконияти чекланган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича бўйича

ЙЎЛ ХАРИТАСИ

Т/р

Тадбирларнинг номланиши

Амалга ошириш механизми

Молиялаштириш манбаси

Ижро муддатлари

Масъул ижрочилар

I. Имконияти чекланган болаларга таълим бериш тизимини кучайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш

1.

Имконияти чекланган болаларга инклюзив таълим-тарбия беришнинг сифати ва самарадорлигини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш.

Идоравий ҳужжат

2020 йил

1 сентябрга қадар

Халқ таълими вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази,

 манфаатдор вазирликлар ва идоралар

2.

Хорижий мутахассислар томонидан имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларидаги ўқувчиларга беғараз (хайрия) тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил қилиш, шу жумладан, уларда даволаш ва жарроҳлик амалиётларини ўтказишни назарда тутувчи тартибни ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 августга қадар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Адлия вазирлиги,

Халқ таълими вазирлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги,

Республика болалар ижтимоий мослашув маркази

манфаатдор вазирликлар ва идоралар

3.

Халқ таълими тизимидаги психологик-тиббий-педагогик комиссия фаолиятини ногиронлиги бўлган болаларнинг ўқитиш ва тарбиялашни, шунингдек, коррекция-педагогик ҳамда даволаш-соғломлаштириш фаолиятини яхшилаш орқали такомиллаштириш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 августга қадар

Халқ таълими вазирлиги,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

манфаатдор вазирликлар ва идоралар

4.

Олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишидаги юқори курс талабаларини педагогик амалиёт даврида ихтиёрийлик асосида ҳақ тўланган ҳолда ёрдамчи педагог ходим сифатида инклюзив таълим жорий этилган таълим муассасаларига бириктириш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Идоравий ҳужжат

2020 йил

1 августга қадар

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

 Халқ таълими вазирлиги, 

Мактабгача таълим вазирлиги,

манфаатдор вазирликлар ва идоралар

5.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбар ва педагогик ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низомни ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 сентябрга қадар

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси,

Халқ таълими вазирлиги,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

6.

Имконияти чекланган болалар таълим оладиган таълим муассасалари биноларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 сентябрга қадар

Қурилиш вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги,

Молия вазирлиги,

 Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,

манфаатдор вазирликлар ва идоралар

7.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассаса педагог ходимларининг мақоми, вазифалари, функциялари ва малакавий талабларини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 октябрга қадар

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,

 Халқ таълими вазирлиги,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги

II. Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида тарбия жараёнининг самарадорлигини ошириш

8.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларини мутахассис кадрлар билан тўлиқ таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2020-2021 ўқув йили

давомида

Халқ таълими вазирлиги,

Бош прокуратура

9.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2020 йил

1 ноябрга қадар

Таълим сифатини назорат қилиш

давлат инспекцияси

Халқ таълими вазирлиги

10.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог ходимларининг малакасини ошириш.

График асосида

Доимий равишда

Халқ таълими вазирлиги

11.

А. Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ўқув дастурларига инклюзив таълим-тарбияга оид махсус ўқув дастурлари ва машғулотларини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш орқали таълим-тарбия жараёни самарадорлигини ошириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2020 йил

давомида

Халқ таълими вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

 Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази

12.

Имконияти чекланган болаларга инклюзив таълим-тарбия беришда инновацион усулларни қўллаш юзасидан педагог ходимлар учун методик тавсиялар ишлаб чиқиш.

Услубий қўлланмалар

2020-2021 ўқув йилида

Халқ таълими вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази

13.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларини зарур махсус ўқув адабиётлари ва методик-қўлланмалар билан таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Давлат бюджети маблағлари

2021 йил

давомида  

Халқ таълими вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази

14.

Таълим муассасаларида инклюзив шароитда таълим олаётган ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат таълим стандартлари доирасида индивидуал таълим дастурларини яратиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Давлат бюджети маблағлари

2021 йил

давомида  

Халқ таълими вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази

III. Бошқа йўналишлар

15.

Ўқувчиларни ижтимоий мослашуви ва касб-ҳунарни муваффақиятли танлаши, уларда ижтимоий ва ҳаётий кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадида имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, зарур моддий-техник база билан таъминлаган ҳолда, профессионал психологик ёрдам кўрсатиш хоналарини  ташкил қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Маҳаллий бюджет маблағлари

2020 йил

давомида

Халқ таълими вазирлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

16.

Ўқувчиларнинг хавфсизлиги, белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида озиқ-овқат билан таъминланиши ва уларга сифатли таълим-тарбия бериш жараёнини назорат қилиш мақсадида имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг кириш йўлаклари, ётоқхоналари, ўқув ва дам олиш хоналари, ошхона ҳамда муассасанинг бошқа муҳим жойларига видеокузатув мосламаларини ўрнатиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Маҳаллий бюджет маблағлари

2020 йил

давомида

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

Халқ таълими вазирлиги

17.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларини тамомлаган ногирон болаларни иш билан таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2020 йил давомида

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги,

Халқ таълими вазирлиги,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги

18.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқлари ва эркинликларининг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, инклюзив таълим-тарбиянинг мазмун-моҳияти, шунингдек болаларнинг маданият, санъат, спорт ва бошқа йўналишларда эришган ютуқлари тўғрисида тарғибот тадбирларини ўтказиш.

Инклюзив таълим-тарбияни матбуот ва Интернет тармоғи орқали кенг тарғиб этилишини таъминлаш.

Ижтимоий реклама ва роликлар, теле- ва радио эшиттиришлар, мақолалар

Доимий равишда

МТРК, ЎзА, Халқ таълими вазирлиги,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил _____ ___________ даги

____ - сон қарорига

2-ИЛОВА

 

Ўзбекистонда инклюзив (интеграциялашган) таълимни
2030 йилгача ривожлантириш

концепцияси

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистонда инклюзив (интеграциялашган) таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) Ўзбекистонда имконияти чекланган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш, имконияти чекланган ҳар бир боланинг инклюзив таълим олишига бўлган ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

2. Концепция инклюзив (интеграциялашган) таълим (кейинги ўринларда – инклюзив таълим)ни ривожланишининг асосий йўналишларини белгилаб беради, жумладан:

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб инклюзив таълим бўйича жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторига киришига эришиш;

имконияти чекланган болалар таълим оладиган таълим муассасалари биноларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

имконияти чекланган болалар ўқитиладиган таълим муассасаларини зарур адабиётлар, методик қўлланмалар, турли касбларга ўқитиш учун бўладиган ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

имконияти чекланган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш, умумтаълим муассасаларини махсус мосламалар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич, бошқалар), шунингдек тегишли кадрлар (педагог-дефектолог, болаларни руҳий-педагогик кузатиш бўйича мутахассислар) билан таъминлаш;

жамоатчилик ўртасида имконияти чекланган болаларнинг билим олиш ҳуқуқи, инклюзив ўқитишнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш;

ўқувчиларнинг жисмоний ва ақлий талаб-эҳтиёжидан ва таълим муассасаларининг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда махсус мактаб-интернатларни оптималлаштириш;

имконияти чекланган болаларнинг мослашиши ва интеграцияси учун имконияти чекланган болалар ўқитиладиган таълим муассасаларини босқичма-босқич махсус жиҳозлар билан таъминлаш;

имконияти чекланган ҳар бир боланинг инклюзив таълим олишига бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;

инклюзив таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек педагог-дефектологни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

имконияти чекланган болалар ўқитиладиган таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш;

имконияти чекланган болалар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш.

 

2-боб. Ўзбекистонда инклюзив таълимни жорий ҳолати ва мавжуд муаммолар

3. Ҳозирги вақтда халқ таълими тизими умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимда инклюзив таълим йўлга қўйилмаган.

4. Халқ таълими тизимида турли эҳтиёжга эга бўлган болаларга қаратилган муассасалар — ўқитиш даражаси таълим стандартларидан юқори бўлган муассасалар (ихтисослаштирилган муассасалар) ва имконияти чекланган болалар учун таълим муассасалари фаолият юритади.

2019 йил 15 сентябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасида 9 942 та умумтаълим мактаблари (жумладан, айрим фанлар чуқурлаштириб ўқитиладиган 350 та давлат ихтисослаштирилган муассасалари) мавжуд.

Умумтаълим мактабларидаги умумий ўқувчилар сони 6,1 миллионни ташкил қилади. Шунингдек, 86 та нодавлат таълим муассасасида 13,8 минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Болаларнинг ижодий қобилияти ва иқтидорини ривожлантириш имкони яратилган мактабдан ташқари таълим муассасалари («Баркамол авлод» марказлари) фаолияти йўлга қўйилган.

«Баркамол авлод» марказларида 6 338 та тўгарак ташкил этилган ва уларга 154 минг нафарга яқин болалар қамраб олинган.

Халқ таълими тизимида жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун 86 та ихтисослаштирилган мактаб ва 21 та мактаб-интернат мавжуд бўлиб, уларда 21 153 нафар бола таълим олмоқда.

Шунингдек, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ва узоқ муддатли даволанишга муҳтож 13 272 нафар болалар уйда таълим олмоқда.

Алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болаларнинг таълими 2 та ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасида амалга оширилмоқда.

18 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та болалар шаҳарчасида 2 369 нафар етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбияланмоқда.

5. Халқ таълими тизимида имконияти чекланган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш, имконияти чекланган ҳар бир боланинг инклюзив таълим олишига бўлган ҳуқуқини таъминлаш борасида қонунчиликда, институционал ривожланишда, имконияти чекланган болаларга замон талабларига мос равишда таълим-тарбия беришда айрим бўшлиқ ва камчиликлар мавжуд, шу жумладан:

а) инклюзив таълимни ташкил этиш соҳасида:

имконияти чекланган болалар таълим оладиган таълим муассасалари биноларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқилмаган ва тасдиқланмаган;

имконияти чекланган болалар ўқитиладиган таълим муассасаларини зарур адабиётлар, методик қўлланмалар, турли касбларга ўқитиш учун бўладиган ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириш талаб этилмоқда;

умумтаълим муассасаларини махсус мосламалар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич, бошқалар), шунингдек тегишли кадрлар (педагог-дефектолог, болаларни руҳий-педагогик кузатиш бўйича мутахассислар) билан таъминланмаганлиги натижасида имконияти чекланган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълимга жалб қилишда қийинчиликлар юзага келмоқда;

имконияти чекланган болаларнинг билим олиш ҳуқуқи, инклюзив ўқитишнинг мазмун-моҳияти ҳақида жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилмаганлиги натижасида ота-оналар томонидан имконияти чекланган фарзандларини умумтаълим муассасаларида ўқитиши мумкинлиги ҳақида маълумотлари етарли эмаслиги;

умумтаълим муассасаларда имконияти чекланган ҳар бир боланинг инклюзив таълим олишига бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланмаганлиги сабабли, бугунги кунда инклюзив таълим бериш ҳақида умумтаълим муассаса педагоглари маълумотга эга эмас;

имконияти чекланган болалар ўқитиладиган таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш талаб этилмоқда;

имконияти чекланган болалар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббус амалиётга татбиқ этилмаган;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан имконияти чекланган болаларни инклюзив таълимга жалб қилиш борасида етарли маълумотга эга эмаслиги умумтаълим муассасаларида имконияти чекланган болалар  таълимига етарли шароитлар яратишда тўсқинлик қилмоқда.

б) кадрларни тайёрлаш соҳасида:

умумтаълим муассасаларида инклюзив таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек педагог-дефектологни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга эҳтиёж талаб этилмоқда;

махсус инклюзив (интеграциялашган) таълим учун педагогик кадрларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда касбий малакаси даражаси оширилмаганлиги натижасида, имконияти чекланган болаларга таълим беришда қатор муаммолар юзага келмоқда;

педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари ўқув дастурларига бўлажак педагог учун инклюзив таълим бериш методикасига оид фанлар киритилмаган;

педагогика ва методика фанларига оид дарсликларда инклюзив таълим дастурларининг киритилмаганлиги, шунингдек педагогик амалиёт вақтларида бўлажак педагогларнинг имконияти чекланган болалар жалб қилинган муассасаларда амалиётнинг йўлга қўйилмаганлиги унинг касбий сифатларига салбий таъсир кўрсатмоқда;

педагог кадрларни ишга қабул қилишда уларнинг малака даражасини аниқлаш учун аниқ талабларни ишлаб чиқиш, бунда уларнинг инклюзив таълим бериш бўйича маклакага эгалигини ҳисобга олиш лозим;

умумтаълим муассаса директор ва ўқитувчиларнинг инклюзив таълим ҳақида етарли маълумотларга эга эмаслиги, уларнинг амалда имконияти чекланган болаларга таълим бериш малакаси йўқлиги инклюзив таълимни жорий этишнинг самарасизлигига олиб келмоқда;

мавжуд малака ошириш тизими ўқитувчиларига имконияти чекланган болалар таълимига мос малака ошириш курслари ташкил этилмаган, инклюзив таълимни жорий этиш бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда таълим-тарбия бериш бўйича ўқитувчиларнинг билим ва малакаси тизимли ошириб борилмаяпти.

в) ўқув жараёнини ташкил этиш соҳасида:

давлат таълим стандартлари (талаблари)га мос равишда  дастурий-услубий таъминот, дастурларнинг мослаштирилган вариантларини ишлаб чиқилиши экспертизасини ҳамда уларнинг тажриба-синов сифатида текшириб кўрилишини амалга ошириш; 

имконияти челанган болаларнинг муваффақиятли таълимини таъминлашга қодир бўлган ва уларнинг эҳтиёжлари ҳамда имкониятларига мўлжалланган мослаштирилган ўқув режалар, таълим талаблари, ўқув дастурлар, педагогик усуллар, таълим технологиялари ишлаб чиқилмаган;

халқ таълими тизимида инклюзив таълим дастурлари етарли даражада ривожланмаган, мамлакатимиз олий таълим муассасалари дастурларида ўқитувчиларнинг инклюзив таълим бўйича махсус тайёргарлигини таъминлаш лозим;

г) мактабларнинг моддий-техник таъминоти соҳасида:

умумтаълим муассасаларини махсус мосламалар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич, бошқалар), шунингдек тегишли кадрлар (педагог-дефектолог, болаларни руҳий-педагогик кузатиш бўйича мутахассислар) билан таъминланмаганлиги натижасида имконияти чекланган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълимга жалб қилишда қийинчиликлар юзага келмоқда;

имконияти чекланган болалар учун таълим муҳитида эркин ҳаракатлана олишини таъминловчи инфратузилмани ривожлантириш;

имконияти чекланган болалар таълим оладиган муассасаларни зарур молиявий, техник воситалар билан таъминлаш: таянч-ҳаракат аппаратида бузилишлари бўлган болалар учун манежлар, ногиронлар аравачаси массажерлар билан, товушни кучайтиришнинг замонавий воситалари, махсус жиҳозланган жойлар.

Имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган муассасаларда электр, кўмир, совуқ ва иссиқ сув, газ таъминоти ва канализация билан боғлиқ инфратузилма муаммоларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан етарли эътибор қаратилмаяпти, айниқса айрим муассасаларда қўлбола (буржуй) печлар ёрдамида иситилмоқда;

д) инклюзив таълими тизимини молиялаштириш соҳасида:

инклюзив таълимни ривожлантириш учун етарли маблағларни самарали ва шаффоф тизим асосида тақсимлаш ва фойдаланиш талаб этилмоқда;

инклюзив таълим муассасаларига давлат бюджетидан имконияти чекланган болалар учун ўқув жиҳозлари ва материалларини янгилашга, мактаб биноларини инклюзив таълимни жорий этишга қаратилган шароитлар билан таъминлаш бўйича таъмирлашга етарли маблағ йўналтирилмаяпти.

 

3-боб. Халқ таълими тизимининг асосий мақсад ва ривожланиш йўналишлари

6. Қуйидагилар инклюзив таълим тизимининг стратегик мақсадлари ҳисобланади:

умумтаълим тизимида имконияти чекланган болаларнинг интеграциялашган (инклюзив) таълим тизимида иқтисодиётнинг инновацион ривожланиши, илғор халқаро тажриба ва жамиятнинг замонавий талабларига мувофиқ сифатли таълим олиш учун тенг имкониятларни яратиш;

 Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  Қонунларда тенг имкониятларни таъминлаш, таълим олиш учун қулайликларга эга бўлиш, теварак атрофдагиларнинг ижобий муносабатини шакллантириш, соғлиғида имкониятлари чекланган шахсларнинг умумтаълим муҳитига интеграциясини таъминлаш мақсадида инклюзив таълим тўғрисидаги моддаларни тасдиқлаш;

инклюзив таълимнинг таълим соҳасидаги сиёсат мақсадлари ва устувор йўналишларига мувофиқ тарзда қонунчилик базасини такомиллаштириш, меъёрий-ҳуқуқий таъминот масалаларини тартибга солиш;

инклюзив таълимнинг барқарор ривожланиши, соғлиғида имконияти чекланган болаларнинг реабилитацияси, жамиятга мослашуви ва интеграциясининг стратегик ресурси сифатида тан олиш;

инклюзив таълимни ривожлантириш мақсадида барча стратегик тузилмаларни, давлат ва нодавлат тузилмаларни бирлаштириш;

инклюзив таълимнинг оммабоплиги, таълим тизимининг ўқитишнинг таълимий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ривожланиш даражаси, хусусиятларига мослашувчанлигини таъминлаш;

имконияти чекланган болаларнинг умумтаълим муҳитига интеграциясини таъминлаш мақсадида умумтаълим муассасалари, ота-оналар, жамоатчилик ташкилотлари фаолияти соҳасидаги бошқарув ва ўзаро келишув механизмларини яратиш;

инклюзив таълим муассасалари учун махсус ўқув режаларни, ўқув-услубий комплексларни ишлаб чиқиш;

теварак атрофдагилар, бошқа тенгдошлар билан ўзаро муносабатларга киришиш, ўқувчиларда ва атрофдагиларда мулоқотчанлик ҳамда толерантликни шакллантириш;

имкониятлари чекланган болаларнинг сифатли, уларнинг эҳтиёжлари ҳамда имкониятларига мўлжалланган таълим олишида давлат томонидан қўллаб-қувватланиши зарурияти.

7. Узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, инклюзив таълимни ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишларга асосан амалга оширилади:

а) инклюзив таълим тизими учун малакали профессионал педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш:

педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида инклюзив таълим дастурларини жорий этиш, педагогика, дидактика, амалий педагогик психология, методика каби фанларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, инклюзив таълим методикасига оид ўқув материалларини ва педагогик баҳолашни ишлаб чиқиш орқали педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

инклюзив таълим беришнинг замонавий назарияларини ўзлаштиришни, педагогик психологияни тушуниш, таълим беришга компетентлик ҳамда шахсга йўналтирилган ёндашувлар асосларини эгаллашни кўзда тутган ҳолда инклюзив таълим педагогларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш марказларини ташкил этиш;

инклюзив таълим бўлажак педагоглари учун педагогик фаолиятга мойиллик ва ижодкорлик қобилиятларини аниқлаш ва баҳолаш имкониятини берувчи методларни ишлаб чиқиш;

ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар, жамоатчилик ташкилотлари мутахассислари, кенг омма доираси учун инклюзив таълим бўйича ўқув-услубий мажмуалар ва оммабоп нашрларни яратиш;

инклюзив таълим жорий этилган умумтаълим муассасаларида ўқитувчиларнинг сифат таркибини, хусусан магистрлик даражасига эга бўлган педагоглар сонини босқичма-босқич ошириш;

инклюзив таълимни жорий этишда аввало чекка ҳудудларда жойлашган, ўқувчилар сони кам бўлган умумтаълим мактабларидаги  ўқитувчиларни тайёрлашга эътибор қаратиш;

инклюзив таълим сифатини мустақил баҳолаш тизимини шакллантиришга кўмаклашиш ва қўшимча педагогик таълим хизматларини йўлга қўйишда имконяти чекланган болаларни жалб қилиш чораларини кўриш;

халқ таълими соҳасида раҳбар кадрлар тайёрлаш бўйича стандартлаштирилган дастур ишлаб чиқиш, унда инклюзив таълим дастурларини амалга ошириш механизмларини кўзда ўтувчи ўқув курсларини киритиш;

инклюзив таълим муассасаларида фаолият олиб борувчи педагогларнинг масофадан малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими самарадорлигини ошириш ва қамровини кенгайтириш;

педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг дефектология йўналишлари учун қабул квоталарини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тавсияси асосида педагог ходимларга эҳтиёжи катта бўлган чекка тоғли ва чўл ҳудудлардаги абитуриентлар учун имтиёзли қабул квоталарини белгилаш механизмини жорий этиш;

педагог ходимларнинг инклюзив таълим бериш малака талабларини, аниқлашнинг янги усулларини жорий этиш;

инклюзив таълим жорий этилган умумтаълим муассасаларида ёш ўқитувчиларни, уларнинг хизмат мавқеи ўсишини ҳисобга олган ҳолда, касбий қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликда ишлаш механизмини такомиллаштириш;

интеграциялашган (инклюзив) таълимни ривожлантириш мақсадида кадрлар салоҳиятини яратиш ҳамда турли илмий тадқиқотларни амалга ошириш, илмий тадқиқотлар хулосалари борасидаги маълумотларни тарқатиш.

б) инклюзив таълимда ўқитиш усулларини такомиллаштириш, инклюзив таълим жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш:

имконияти чекланган ҳар бир боланинг инклюзив таълим олишига бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;

болаларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда сифатли таълим олиши учун тенг имкониятларга эга бўлишини ҳамда қулайликни таъминлаш бўйича давлат кафолатларининг амалга оширилишини таъминловчи ташкилий-бошқарув механизмларини яратиш;

ҳудудларда у ердаги имкониятларни инобатга олган ҳолда инклюзив таълим ривожланиши ҳолати ва тенденциялари мониторинги тизимини яратиш;

ҳар бир болага ўзининг шахсий темпига мос равишда ривожланиш ҳуқуқини бериш. Алоҳида эҳтиёжли болалар улардаги ақлий ёки жисмоний камчиликларнинг ифодаланганлик даражасидан келиб чиқиб умумтаълим мактабининг тўлиқ ёки нотўлиқ ҳажмдаги дастури доирасида тегишли билимларни оладилар;

инклюзив таълим жараёнида кичик ёшдан ўқувчиларда ўқишга соғлом, кучли ва таъсирчан мотивацияни шакллантириш ҳамда касб танлаш, касбий ўсишини мустақил режалаштириш, замонавий касбларни эгаллаш қобилиятини ривожлантириш;

инклюзив таълим дастурлари асосида замонавий дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар учун ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда мультимедиа иловаларини яратиш;

имконияти чекланган болаларни касб-ҳунарга ўқитишни такомиллаштириш ва ишлаб чиқаришнинг кўплаб жараёнларини автоматлаштириш тенденцияларининг ривожланаётганлигини инобатга олган ҳолда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида фойдаланиладиган касб-ҳунар таълимининг ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш;

алоҳида таълимий эҳтиёжлари бўлган болалар билан умумтаълим муассасаларида ишлашлари учун кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

атрофдагиларнинг имкониятлари чекланган шахсларнинг интеграциялашган (инклюзив) таълими масалаларига нисбатан фикрларини, реал имкониятларни ўзгартириш, уларда ижобий муносабатларни шакллантириш;

инклюзив таълим ривожланиши мониторингини олиб бориш ҳамда амалга оширилаётган ишлар натижаларини ёритиб бориш.

в) инклюзив таълим жараёнида ўқувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашни таъминлаш, боланинг жисмонан соғлом ва бақувват шаклланиши:

инклюзив таълим муассасаларида ўқувчилар учун соғлом овқатланиш тамойилларини оммалаштириш;

имконияти чекланган болалар учун спорт тўгаракларини ташкил қилиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан имконияти чекланган ўқувчиларнинг ота-оналари билан тушунтириш ишларини олиб бориш;

ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда инклюзив таълим муассасаларида ўқувчилар ўртасида зўравонлик (булинг)нинг олдини олишга қаратилган дастурларни жорий этиш.

г) имконияти чекланган болаларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш:

имконияти чекланган болалар таълим оладиган таълим муассасалари биноларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

имконияти чекланган болалар ўқитиладиган таълим муассасаларини зарур адабиётлар, методик қўлланмалар, турли касбларга ўқитиш учун бўладиган ускуна ва жиҳозлар билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

имконияти чекланган болаларни ўқитиш учун инклюзив таълим тизимини ташкил этиш, умумтаълим муассасаларини махсус мосламалар (кўтариш қурилмаси, пандус, тутқич, бошқалар), шунингдек тегишли кадрлар (педагог-дефектолог, болаларни руҳий-педагогик кузатиш бўйича мутахассислар) билан таъминлаш;

жамоатчилик ўртасида имконияти чекланган болаларнинг билим олиш ҳуқуқи, инклюзив ўқитишнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш;

ота-она қарамоғисиз қолган болаларни тарбиялашнинг муқобил шаклларини кенг жорий этиш;

ўқувчиларнинг жисмоний ва ақлий талаб-эҳтиёжидан ва таълим муассасаларининг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда махсус мактаб-интернатларни оптималлаштириш;

имконияти чекланган болаларнинг мослашиши ва интеграцияси учун мактаб-интернатларни босқичма-босқич махсус жиҳозлар билан таъминлаш.

д) инклюзив таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш:

барча инклюзив таълим муассасаларини ягона маълумотларни узатиш тармоғига бирлаштириш ҳамда фойдаланиш учун рухсат этилган интернет тармоғи ресурсларини автоматик фильтрлаш орқали «хавфсиз инклюзив таълим интернети» концепциясини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;

инклюзив таълимга жалб қилинган ўқувчилар учун махсус жиҳозланган компьютер техникаси, интерактив доска, эшитиш мосламалари ва бошқалар билан таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик асосида инклюзив таълим жараёнини автоматлаштириш бўйича ахборот тизимини жорий этиш, имконияти чекланган болалар учун барча дарслик ва методик материалларнинг электрон шаклларини eduportal.uz порталида жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;

инклюзив таълимга жалб қилинган болалар учун мавжуд дарслик ва ўқув-услубий адабиётларни электрон кўринишга ўтказиш;

инклюзив таълимда мультимедиа маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва уларни қўллаш жараёнини тизимли ташкил этиш чораларини кўриш;

«Баркамол авлод» болалар марказлари тўгаракларида инклюзив таълим иштирокчиларининг иштирокини таъминлаш.

е) инклюзив таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни бюджетдан молиялаштириш самарадорлигини ошириш:

халқаро илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда инклюзив таълим жорий этилган муассасаларда босқичма-босқич қурилиш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларида илғор технологиялар ва муҳандис ечимларига таяниш;

«Замонавий мактаб» давлат дастури доирасида умумтаълим мактаблари учун халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда инклюзив таълим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

Инклюзив таълим муассасаларининг ўқув хоналари ва лабораторияларини замонавий мебель, жиҳозлар, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа техникалари, видеокузатув тизимлари билан жиҳозлашни таъминлаш.

ж) давлат-хусусий шериклик асосида инклюзив таълим тармоғини ривожлантириш ҳисобига инклюзив таълим тизимида рақобат муҳитини кенгайтириш:

нодавлат умумтаълим мактабларида инклюзив таълим синфларини очиш амалиётини йўлга қўйиш ва кенгайтириш;

инклюзив таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликнинг янги турларини жорий этиш.

з) инклюзив таълимга жалб қилинган имконияти чекланган болаларнинг таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш:

имконияти чекланган болаларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш;

имконияти чекланган болаларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш;

имконияти чекланган болалар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш;

имконияти чекланган болалар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш;

имконияти чекланган ўқувчи-қизларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш.

 

4-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар

 

8. Концепция доирасида белгиланган вазифаларни бажариш орқали Ўзбекистон Республикасининг инклюзив таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантиришда қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилади:

инклюзив таълимнинг соғлиғида имконияти чекланган шахсларнинг ривожланиши, реабилитацияси, мослашуви, жамиятга интеграциялашувининг стратегик омили сифатидаги роли тасдиқланади;

имконияти чекланган болаларнинг таълимий муҳит яхлитлиги мустаҳкамланади, жамиятга интеграцияси учун шароитлар таъминланади;

давлат, жамият, шахснинг инклюзив таълим соҳасидаги манфаатларини мувофиқлаштириш механизмлари яратилади;

инклюзив таълим тизимининг умумий қулайлиги, узлуксизлиги, таълим сифати, ўқувчиларнинг ривожланиш даражалари, хусусиятларига мослашувчанлиги ва вариативлигига эришилади;

инклюзив таълим мазмуни ишлаб чиқилади;

инклюзив таълим соҳасидаги халқаро муносабатлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масштаблари кенгайтирилади ва мустаҳкамланади;

ўқувчиларнинг таълимий эҳтиёжларини ўзига хослигини инобатга олган ҳолда сифатли таълим олиши учун давлат томонидан қўллаб-қувватланади;

инклюзив таълимни босқичма-босқич жорий этиш орқали имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари оптималлаштирилади, уларда таълим олаётган ўқувчилар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида умумтаълим муассасаларида таълим олиши таъминланади;

4 860 умумтаълим муассасаси тасдиқланган баҳолаш мезонларига мувофиқ «Замонавий мактаблар»га айлантириш ҳисобига инклюзив таълим шароитларини таъминлашга эришилади;

Педагогик йўналишдаги олий таълим муассасаларида инклюзив таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;

инклюзив таълим муассасаларининг электр энергияси, табиий газ, кўмир, ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминланиши ташкил этилади;

инклюзив таълим муассасаларининг интернет тармоғига тўлиқ уланиши таъминланади;

инклюзив таълим муассасаларида ўқувчиларни қабул қилиш ва бошқа таълим муассасаларига ўтказиш учун давлат хизматларини кўрсатиш механизми жорий этилади.

Умумий таклифлар: 4

952