Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
16341 Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 27/03/2020 11/04/2020 0
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-16341

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ–4633-сон “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хом ашёси етиштириш ва қайта ишлаш бўйича кооперацияларни ташкил этиш тадбирларини жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Респуликаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ–4633-сон “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:

пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш ҳамда мазкур кооперацияларнинг асосий вазифалари белгиланганлиги;

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерларига белгиланган имтиёзлар пахта хом ашёсини етиштирувчи ва қайта ишловчи кооперациялар учун ҳам татбиқ этилиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари:

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уч кун муддатда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлар ҳамда мазкур ҳудудларда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари (ихтисослиги бўйича) рўйхатини;

б) “Ўзпахтасаноат” АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда уч кун муддатда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари рўйхатини шакллантирсин ҳамда уларнинг устав капиталидаги давлат улушларини аниқласин;

в) “Ўзпахтасаноат” АЖ билан биргаликда:

ўн кун муддатда пахта тозалаш корхоналаридаги давлат улушларини номинал ва баланс қийматларида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали ҳудудий Давлат активлари бошқармаларига берилишини таъминласин;

икки ҳафта муддатда кооперация таркибига киритиладиган корхоналарнинг устав капиталига киритилмаган фаолият йўналишига алоқадор бўлмаган ер майдонлари, бино-иншоотлари ва мол-мулкларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари балансига ўрнатилган тартибда ўтказилишини таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда мазкур қарор билан тасдиқланган Низом талаблари асосида пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилмаган тегишли ҳудудларда пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликлари томонидан ихтиёрийлик асосида кооперацияларни ташкил этилишини, кооперацияларнинг таъсис йиғилишлари ўтказилишини, таъсис ҳужжатлари тасдиқланиши
ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Бош вазири                                                А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___” ________даги ____-сон қарорига илова

 

Пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш ва фаолиятини
йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
6 мартдаги ПҚ–4633-сон “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини белгилайди.

2-боб. Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларни аниқлаш ҳамда негизида кооперациялар ташкил этиладиган
пахта тозалаш корхоналари рўйхатини шакллантириш

2. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлар ҳамда мазкур ҳудудларда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари (ихтисослиги бўйича) рўйхатини;

“Ўзпахтасаноат” АЖ билан биргаликда пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлардаги пахта тозалаш корхоналари рўйхатини шакллантиради.

3. “Ўзпахтасаноат” АЖ “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмаларининг пахта тозалаш корхоналаридаги улушлари сотилгунга қадар ушбу корхоналар томонидан фермерлар ва бошқа тадбиркорлик субъектларига тегирмон усулида хизмат кўрсатишини ташкил этади.

3-боб. Пахта тозалаш корхоналари негизида кооперацияларни
ташкил этиш тартиби

4. Пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлар ҳамда негизида кооперациялар ташкил этиладиган пахта тозалаш корхоналари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан оммавий ахборот воситалари, шунингдек, ўзларининг расмий веб-сайтлари орқали эълон қилинади.

5. Қуйидагилар кооперацияларнинг муассислари бўлиши мумкин:

фермер хўжаликлари;

барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган пахта хом ашёсини етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналар;

кооперацияни ташкил этишда қатнашиши қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа юридик шахслар.

6. Кооперациялар унинг муассислари томонидан ихтиёрий тартибда пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ташкил этилади.

7. Кооперацияларни таъсис этишда унинг муассислари ўзларининг мустақиллигини сақлаб қолади.

8. Кооперациялар таркибида пахта хом ашёсини етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш, қайта ишлаш, уларнинг маркетингини олиб бориш, илмий таъминот ва бошқалар бўйича бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.

9. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари кооперациянинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

10. Кооперациялар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги
66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

11. “Ўзпахтасаноат” АЖ пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилмаган ҳудудларда пахта тозалаш корхоналаридаги “Пахтасаноат” ҳудудий акциядорлик бирлашмалари акция пакетлари ҳамда улушларини ташкил этилган кооперацияларга белгиланган тартибда сотиш чораларини кўради.

4-боб. Кооперациянинг мақсади ва асосий вазифалари

12. Кооперация, қоида тариқасида, унинг муассислари ва аъзолари
саъй-ҳаракатларини, уларнинг моддий ва молиявий ресурсларини бирлаштириш асосида ташкил этилиб, пахта хом ашёсини етиштириш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, унинг маҳсулотларидан фойдаланиш, ички ва ташқи бозорда сотиш билан боғлиқ тармоқларни ягона тизимга бирлаштиради.

13. Қуйидагилар кооперациянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

кооперация аъзолари билан шартномалар тузиш орқали пахта хом ашёси етиштириш юзасидан келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

кооперация аъзолари томонидан пахта хом ашёси етиштириш учун зарур бўлган мулк комплекслари, техника, ускуна, транспорт воситаларидан,
пахта тозалаш заводларидан биргаликда фойдаланишни ташкил этиш;

кооперация ва уларнинг аъзолари ўртасида имзоланадиган шартнома асосида кооперация аъзоларини қишлоқ хўжалиги техникаси, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит, уруғлик, шунингдек, кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари билан таъминлаш;

пахта хом ашёсини тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва тегирмон усулида қайта ишлашни шартномаларга асосан амалга ошириш
ва воситачилик шартномалари асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишни ташкиллаштириш;

кооперация аъзоларига агротехника, бухгалтерлик, консалтинг, воситачилик ва бошқа хизматларни кўрсатиш;

кооперация билан ҳамкорлик қилиш учун экспорт қилувчиларни
жалб этиш, ички ва ташқи бозорларда маркетинг тадқиқотлари ўтказиш;

кооперация аъзолари томонидан ишлаб чиқариладиган пахта толаси
ва иккиламчи маҳсулотларни биржада ёки биржада шаклланган нархларда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш.

14. Кооперация тегишли фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома
ва лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари билан шуғулланиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли рухсатнома ва лицензия олиши шарт.

15. Кооперациялар томонидан пахта толасини сотиш, шу жумладан, биржа савдоларида сотиш ва ҳисоб-китоб қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 февралдаги 106-сон қарори билан тасдиқланган Пахта толасини сотиш ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги низом, Пахта толасини биржа савдоларида сотиш тартиби тўғрисидаги низом, Пахта толасини сертификатлаш ва тортиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

5-боб. Кооперация фаолиятининг асосий принциплари

16. Кооперация фаолияти қуйидаги принципларга асосланади:

кооперацияга аъзоликнинг ихтиёрийлиги ва ундан эркин чиқиш мумкинлиги;

кооперация аъзоларининг меҳнатига ишлаб чиқарган маҳсулоти (бажарган иши) ҳажмига, сифатига қараб ҳақ тўлаш;

якуний даромадни (фойдани) кооперация аъзолари ўртасида уларнинг мулкий пайларига мувофиқ тақсимлаш;

бошқарувнинг демократик хусусияти, қарорлар қабул қилишда ҳуқуқлар тенглиги (кооперациянинг ҳар бир аъзоси — бир овозга эга бўлиши);

кооперация уставида назарда тутилган тартибда унинг иши устидан кооперация аъзоларининг назорат қилиши;

ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланиш, ерларнинг муҳофаза қилинишини ва тупроқ унумдорлигининг оширилишини таъминлаш.

6-боб. Кооперация фаолиятини йўлга қўйиш

17. Кооперациянинг бошқарув органлари:

олий бошқарув органи – Кооперация аъзолари умумий йиғилиши;

ижроия органи – Кооперация бошқаруви.

Кооперациянинг бошқарув органларининг фаолияти ва ваколатлари Уставида белгиланади.

18. Кооперациянинг устави

Устав кооперация фаолиятини тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжатдир. Уставда қуйидагилар белгиланади:

кооперациянинг номи ва жойлашган ери;

фаолият соҳаси ва мақсади;

кооперацияга кириш ва ундан чиқиш тартиби;

кооперация муассисларининг таркиби ва аъзоларининг сони;

кооперация аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

бошқарув органлари, уларни шакллантириш тартиби ва уларнинг ваколатлари;

кооперациянинг пай, бўлинмас ва бошқа жамғармаларининг миқдори ва уларни шакллантириш тартиби;

кооперация аъзоларининг меҳнатда иштирок этиши ва улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг асосланган шакллари;

кооперация даромадларини (фойдасини) тақсимлаш, шу жумладан мулкий пайлар бўйича дивидендлар тўлаш учун тақсимлаш тартиби;

кооперацияни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Уставга кооперация фаолияти билан боғлиқ, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам киритилиши мумкин.

19. Кооперациянинг устави муассислар томонидан таъсис йиғилишида қабул қилинади, унга ўзгартишлар кооперация аъзоларининг умумий мажлисида киритилади. Уставга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган муддатларда мажбурий қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт.

20. Кооперация аъзолари қуйидаги хуқуқларга эга:

Кооперация фаолияти хақида маълумотлар олиш;

Кооперация бошқаруви органларига таклифлар киритиш ва уларнинг мухокамасида иштирок этиш;

Кооперациянинг аниқ дастур ва лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиш;

Кооперация ижро органлари хизматларидан фойдаланиш;

Кооперациянинг ахборот базаси маълумотларига қириш имконига эга бўлиш, илмий-услубий маълумотларидан фойдаланиш;

Уставга мувофиқ, Кооперация бошқаруви органларига номзодларни таклиф қилиш ва сайлаш;

Кооперация фаолиятига тегишли барча масалалар бўйича қарорларни қабул қилишда иштирок этиш;

унинг хизматларидан беғараз фойдаланиш;

Умумий йиғилишларда овоз бериш пайтида тенг овозлар сонига эга бўлиш;

Кооперация фаолияти бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини киритиш, ушбу масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

Кооперация бошқарув органларидан умумий йиғилиш қарорлари бажарилиш аҳволи ва ўз таклифлари хақидаги маълумотларни талаб қилиш;

Кооперациянинг умумий ва навбатдан ташқари йиғилишлари кун тартибига таклифлар киритиш;

Кооперация раҳбар органларига унинг фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай масалалар бўйича мурожаат қилиш;

Кооперацияга маслаҳат, услубий ва бошқа ёрдам юзасидан мурожаат қилиш;

Кооперация аъзолигидан ўз ҳоҳишига асосан белгиланган тартибда чиқиш.

21. Кооперация аъзоларининг мажбуриятлари:

Уставга амал қилиш;

белгиланган муддатларда аъзолик бадалларини тўлаб бориш;

Кооперация умумий йиғилиш қарорларини бажариш.

22. Кооперацияга аъзоликнинг тугатилиши қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

кооперация аъзоси ўз аризасига асосан кооперациядан чиққанда;

кооперация аъзоси ушбу кооперациянинг бошқа аъзосига пайини ўтказганда;

амалдаги қонунчилик ва Уставда акс эттирилган мажбуриятларини қўпол равишда бузиш;

кооперациянинг бошқарув органи қарорларини бажармаслик;

бир йил давомида аъзолик бадалларини тўламаслик.

Кооперация аъзолигидан чиқиш ёки чиқариш пайтида илгари тўланган аъзолик ва бошқа бадаллар қайтарилмайди.

7-боб. Кооперациянинг молиявий-хўжалик фаолияти,
мол-мулки ва фойдани тақсимлаш

23. Кооперация томонидан пахта толаси ва чигитни биржа орқали сотишдан олинган ҳамда солиқлар, йиғимлар ва мажбурий тўловлар тўланганидан кейинги қолган фойдасининг камида 50 фоизи кооперация аъзолари бўлган пахта хом ашёси етиштирувчи субъектларга топширилган пахта хом ашёси қийматига мутаносиб равишда тақсимланади.

24. Қолган 50 фоизи кооперация аъзолари ва ҳодимларни мукофотлашга, кооперациянинг ишлаб чиқариш ва бошқа фондларини ташкил этиш ва кенгайтиришга, кооперация муассислари томонидан қўшимча киритилган пайлари учун дивиденд тўловларини қоплашга ва бошқа тўловларга йўналтирилади.

Ушбу йўналишлар бўйича тўловларнинг аниқ миқдори кооперация уставида кўрсатилади.

25. Кооперация томонидан кўрилган зарарлар унинг мол-мулки ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа мол-мулк ҳисобига қопланади.

26. Кооперацияда фойда ва зарарларини тақсимлаш тартиблари молиявий йил якунлангандан кейин икки ой давомида кооперация аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланиши лозим.

27. Кооперация қонунчиликда белгиланган тартибда ўз мулкига эгалик қилиш, фойдаланиш ва бошқариш хуқуқига эга. Кооперациянинг мол-мулки асосий ва айланма воситаларидан ҳамда бошқа воситалардан унинг мустақил балансида акс эттирилган мулкидан иборат.

28. Кооперация амалдаги қонунчиликка мувофиқ мол-мулкни ўз воситалари, банк кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан сотиб олиш
ва ижарага олишга ҳақлидир.

29. Кооперациянинг мол-мулки қуйидаги манбалардан шаклланади:

кооперация муассислари томонидан унинг устав фондига улуш шаклида қўшилган мол-мулк;

аъзолик бадалларига ажратмаларидан;

банк кредитлари;

ишлаб чиқариш фаолияти натижасида олинган маҳсулотлар;

товарларни сотиш, ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш)дан, шунингдек фаолиятнинг бошқа турларини амалга оширишдан олинган даромад (фойда);

қимматли қоғозлардан олинган даромад;

юридик ва жисмоний шахсларнинг беғараз, ҳайрия ва бошқа эҳсонлари;

белгиланган тартибда сотиб олинган технология асбоб-ускуналари, бинолар, транспорт воситалари, пул маблағлари ва қимматли қоғозлар, интеллектуал мулк объектлари ҳамда бошқа мол-мулк;

жалб этилган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.

8-боб. Кооперациянинг пахта хом ашёсини етиштирувчилар билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари

30. Пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш шартномаси кооперацияни ташкил этган қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг таклифлари асосида ушбу низомга иловага мувофиқ шакл бўйича тузилади ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан рўйхатдан ўтказилади.

31. Пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш шартномаси фуқаролик қонун ҳужжатлари талаблари асосида тузилади, унда маҳсулот нархини ҳақиқий харажатдан келиб чиқиб аниқлаш, харид қилинадиган маҳсулот учун олдиндан ажратиладиган аванс маблағлари ҳисобига маҳсулот етиштирувчиларни уруғ, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ресурслар билан таъминлаш, агротехника ва агрокимё хизматлари кўрсатиш, янги инновацион технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар бериш, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш назарда тутилади.

32. Пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

шартноманинг предмети, пахта хом ашёсининг селекцион нав номи, репродукцияси, уруғлик пахта хом ашёси миқдори (тонна), уруғлик пахта топширишнинг сўнгги муддатлари;

молиялаштириш тартиби;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

шартноманинг бажарилиши, ҳосилни етказиб бериш тартиби ва шартлари, топшириш-қабул қилиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) пунктлари ва даврлари (муддатлари);

ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг тўлов, почта ва юклаб жўнатиш реквизитлари;

шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

низолар, форс-мажор ҳолатларини ҳал этиш тартиби, томонларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой.

33. Пахта хом ашёсини етиштирувчилар билан муносабатларда кооперация қуйидагиларни таъминлаши лозим:

пахта хом ашёсини етиштирувчиларга шартномада назарда тутилган экин тури уруғлигини нави, авлоди, ҳажми бўйича келишилган муддатда етказиб бериш;

етказиб берилган пахта хом ашёсини ва уруғлик пахтани қабул қилиш, сифатини аниқлаш ҳамда шартномада белгиланган муддат ва тартибда маҳсулот учун тегишли хақни тўлаш;

маҳсулот тайёрлов масканига етиштирувчининг транспорт воситасида ташилганда унга транспорт ҳақини ҳақиқий вазн бўйича тўлиқ масофа учун тўлаш;

пахта терими бошлангунга қадар етиштирувчини зарур миқдордаги шолча, этак ва бошқа инвентарлар билан таъминлаш;

шартномада белгиланган хажмлардан ортиқча топширилган пахта хом ашёси учун белгиланган нархга қўшимча 15 фоиз устама тўлаб бериш;

шартномада белгиланган хажмлардан ортиқча топширилган пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашдан олинган шрот ва шелуха махсулотларини етиштирувчига бериш;

элита-уруғчилик хўжаликларини уруғлик пахта хом ашёсини қоплаш ва тайёрловчига етказиб бериш учун (бир қопга 40 кг ҳисобида) қоп билан таъминлаш.

34. Кооперация билан муносабатларда пахта хом ашёсини етиштирувчилар қуйидагиларни таъминлаши лозим:

шартноманинг келишилган миқдордаги уруғликни кооперациядан қабул қилиб олиш;

кооперациядан олган уруғликдан мақсадли фойдаланиш ҳамда белгиланган ер майдонига кооперациядан қабул қилиб олинган селекцион навли уруғлик чигитни тўлиқ экиш;

кооперация томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан уруғлик қиймати ва пахта терими бошлангунга қадар ўзига етказиб бериладиган товар моддий қийматликлар учун тўловларни амалга ошириш;

шартномада кўрсатилган маҳсулотни кооперация билан келишилган манзилга топшириш-қабул қилиш жадвалига асосан шартномада белгиланган муддатда етказиб бериш;

топширилаётган маҳсулотнинг сифати ва нави стандартлар, техник шартлар ва мазкур шартномада белгиланган мажбурий шартларга мос келишини таъминлаш;

шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган ҳолатларда кооперация ва тижорат банклари томонидан ажратилган бўнак маблағлар ва кўрсатилган хизматлардан мавжуд бўлган қарздорликларни қоплаш;

вилт ва бошқа касалликларга чалинмаган, яхши ривожланган апробация комиссияси томонидан кўрилган ғўзалардан уруғлик пахта хом ашёсини давлат стандартлари талаблари асосида териб олиш, қоплаш ва топшириш;

пахта йиғим-терим ишларига теримчиларни жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, халқаро шартномалари, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан тасдиқланган Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенция ҳамда Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенция талабларига қатъий риоя қилиш.

9-боб. Кооперация фаолиятининг мониторингини олиб бориш

35. Кооперациянинг пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича шартномада назарда тутилган мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан олиб борилади.

Бунда туман қишлоқ хўжалиги бўлими мониторинг натижалари ҳақида ҳар ойнинг якуни билан Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига ахборот киритиб боради.

36. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси тегишли ҳудуддаги туман қишлоқ хўжалиги бўлимларининг тақдим этган маълумотларини умумлаштирган ҳолда ҳар ойнинг 3-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ахборот киритиб боради.

37. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кооперациялар фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.

10-боб. Ҳисоб ва ҳисобот

38. Кооперация қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия, статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни юритади.

39. Кооперациянинг молиявий, статистик ва бошқа ҳисоботи давлат бошқаруви органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этилади.

11-боб. Кооперацияни қайта ташкил этиш ва тугатиш

40. Кооперацияни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Пахта тозалаш корхоналари негизида фермер хўжаликларининг ихтиёрий кооперацияларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомга

илова

 

ПАХТА ХОМ АШЁСИ ВА УРУҒЛИК ПАХТА ХАРИД ҚИЛИШ БЎЙИЧА

НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА

 

202___ йил “_____” ___________                          ______-сон                            _______________________

                              /тузилган жой/

_______________________________________________________________________________________

/манзил ва хўжалик номи/

(бундан буён "Хўжалик" деб юритилади) номидан Низом асосида фаолият кўрсатувчи
рахбари ___________________________________________ бир тарафдан
ва __________________________________________________________Қишлоқ хўжалиги бирлашмаси

/манзил ва қабул қилувчи номи/

(бундан буён "Кооперация" деб юритилади) номидан Низом асосида фаолият кўрсатувчи рахбари _____________________________________________________ иккинчи тарафдан ушбу шартномани қуйидагилар ҳақида туздилар:

 

1ШАРТНОМА ПРЕДМЕТИ

1.1. "Хўжалик" мазкур шартноманинг 1.2 ва 1.4-бандларида кўрсатилган миқдордаги пахта хом ашёси ва уруғлик пахтани "Кооперация"га қайта ишлаш ёки сотиш учун етказиб бериш, "Кооперация" эса ушбу маҳсулотни олдиндан молиялаштириш ҳамда келишилган муддатларда муайян нарх бўйича ҳақини тўлаб харид қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

1.2 "Хўжалик" 202___ йилнинг бизнес-режасига асосан ______ гектар майдондан ____________ навли,  ____________ тонна пахта хом ашёсини, шу жумладан, уруғлик учун _________ тонна пахтани етказиб беради.

  1.  "Хўжалик" томонидан етиштирилган пахта хом ашёси ва уруғлик пахта учун "Кооперация" томонидан ушбу шартноманинг 5-бобида кўрсатилган тартибда ҳисоб-китоблар амалга оширилади.
  2.  "Хўжалик" ypyғлик пахтани қуйидаги миқдор ва муддатда етказиб беради:

 

Селекцион
нав номи

Репродукция

Уруғлик пахта хом ашёси миқдори, (тонна)

Уруғлик пахта топширишнинг
сўнгги муддатлари

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Об-ҳаво шароитларидан келиб чиққан ҳолда, уруғлик пахтани етказиб беришда навлар бўйича миқдорий ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Уруғлик пахта хом ашёси сифати O’z.R.ST-642:2013 талабларига жавоб бериши шарт.

Пахта хом ашёсининг сифати O’z.R.ST-615:2008-Пахта “Техникавий шартлар” талабларига жавоб бериши шарт.

 

2. МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

2.1. Молиялаштириш миқдорини аниқлаш учун пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича шартномада белгиланган пахта хом ашёси ҳажми ва жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб томонларнинг келишувига асосан харид нархлари асос қилиб олинади.

2.2. "Хўжалик" томонидан тақдим этилган талабномага мувофиқ молиялаштириш учун пул маблағлари қуйидаги мақсадлар учун берилиши мумкин:

иш ҳақи, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун;

минерал ўғитлар ҳамда ўсимликларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш воситаларини харид қилиш учун;

ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини харид қилиш учун;

уруғлик учун тўловларга;

мулкчилик шаклидан қатъий назар қишлоқ хўжалик техникаси мавжуд бўлган барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўрсатилган механизация хизматлари учун тўловларга;

лизингга (молиявий ижарага) берилган техника воситаларининг лизинг тўловларига;

СИУлар (сув истеъмолчилари уюшмаси) хизматлари учун тўловларга;

пахта етиштириш агротехник тадбирларини мониторинг қилиш ва маслаҳат консалтинг хизматларини кўрсатувчи агрономларга ҳақ тўлашга;

қишлок хўжалиги корхоналарининг пахта хом ашёси етиштириш агротехник тадбирлари билан боғлиқ бўлган бошқа зарурий эҳтиёжларига.

2.3. Мазкур шартноманинг 2.2-бандида келтирилган харажатларнинг ҳар бир турини молиялаштириш учун бериладиган маблағларнинг ойма-ой тақсимоти “Хўжалик” ва Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларининг туман кенгаши томонидан ҳосил етиштириш агротехник тадбирлари учун талаб этиладиган маблағлар асосида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда туман ҳокими томонидан тасдиқланади. Мазкур тақсимот “Хўжалик”га бизнес-режа тайёрлаш учун асос ҳисобланади.

 

3. ТАРАФЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

            3.1. "Хўжалик"нинг ҳуқуқлари :

а) ушбу шартноманинг 3.4-банди “а” кичик биндида кўрсатилган уруғлик билан таъминлашни "Кооперация"дан талаб қилишга;

б) мазкур шартномани бажариш учун зарур бўлган амалдаги давлат стандартлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан таъминлашни талаб қилишга;

в) маҳсулотни топшириш, сифатини аниқлаш юзасидан "ПК-17" шаклини тўлдиришда қатнашишга;

г) маҳсулотни ташиш бўйича транспорт харажатларини қоплашни "Кооперация"дан талаб қилишга;

д) пахта хом ашёсини етиштиришда маҳсулотнинг қийматини ихтиёрий суғурталаш;

е) шартномада белгиланган ҳажмлардан ортиқча топширилган пахта хом ашёси учун белгиланган нархга қўшимча 15 фоиз устама тўлашни "Кооперация"дан талаб қилиш;

ё) шартномада белгиланган ҳажмлардан ортиқча топширилган пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашдан олинган шрот ва шелуха махсулотларини "Кооперация"дан талаб қилиш;

ж) "Кооперация" томонидан уруғлик материаллари ўз вақтида етказиб берилмаганда, шунингдек, терим пуллари ва якуний ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаганда етказилган зарарларни қоплашни ундан талаб қилишга ҳақлидир.

Хўжалик” амалдаги қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.

3.2. "Хўжалик"нинг мажбуриятлари:

а) мазкур шартноманинг 3.4-банди “а” кичик бандида белгиланган миқдордаги уруғликни "Кооперция"дан қабул қилиб олиш;

б) белгиланган ер майдонига "Кооперация"дан қабул қилиб олинган селекцион навли уруғлик чигитни тўлиқ экиш;

в) "Кооперация" томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан уруғлик қиймати ва пахта терими бошлангунга қадар "Хўжалик"ка етказиб бериладиган товар моддий қийматликлар учун тўловларни амалга ошириш;

г) шартномада кўрсатилган маҳсулотни "Кооперация" билан келишилган манзилга топшириш-қабул қилиш жадвалига асосан 202_    йил “___” ___________гача етказиб бериш;

д) топширилаётган маҳсулотнинг сифати ва нави стандартлар, техник шартлар ва мазкур шартномада белгиланган мажбурий шартларга мос келишини таъминлаш;

е) "Кооперация"дан олган уруғликдан мақсадли фойдаланиш;

ё) шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган ҳолатларда "Кооперация" ва тижорат банклари томонидан ажратилган бўнак маблағлар ва кўрсатилган хизматлардан мавжуд бўлган қарздорликларни Хўжалик” томонидан қоплаш;

ж) вилт ва бошқа касалликларга чалинмаган, яхши ривожланган апробация комиссияси томонидан кўрилган ғўзалардан уруғлик пахта хом ашёсини давлат стандартлари талаблари асосида териб олиш, қоплаш ва топшириш;

з) агар “Хўжалик” шартноманинг 1.2-бандида кўрсатилган мажбуриятларни узрли сабабларга кўра бажара олмаса 202_ йил “___” ____________ гача "Кооперация"га сабабларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиш.

и) пахта йиғим-терим ишларига теримчиларни жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси қонунлари, халқаро шартномалари, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида”ги ва “Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисида”ги конвенциялари талабларига қатъий риоя қилиш.

Хўжалик” қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларни
ҳам ўз зиммасига олади.

3.3. "Кооперация"нинг ҳуқуқлари:

а) Топширадиган маҳсулотнинг сифати ва нави стандартлар, техник шартлар ва мазкур шартномада белгиланган мажбурий шартларга мос келишини "Хўжалик"дан талаб қилишга;

б) "Хўжалик"дан ушбу шартномада кўрсатилган маҳсулотни келишилган жадвалга асосан
ўз вақтида қабул қилиш жойига топширишни талаб қилишга;

в) етказиб берилган, сифати давлат стандартлари талабларига мувофиқ келмайдиган уруғлик пахтани тегишли сифат ва стандарт талабларига жавоб берадиган ҳолатга келтириш учун "Хўжалик"ка қайтаришга ёки техник пахта ҳисобига қабул қилишга;

г) "Хўжалик" пахта экин майдонларида олиб бориладиган агротехник тадбирларни малакали агрономлар томонидан мониторинг қилиш ва маслаҳат консалтинг хизматларини кўрсатишга;

д) "Хўжалик" пахта экин майдонларида қишлоқ хўжалиги техникалари билан агротехник тадбирларни амалга оширишда ёрдам кўрсатишга;

е) пахта хом ашёсини йиғиб-териб олишда "Хўжалик"ка теримчи ва ҳашарчилар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг юкларини ташиш мақсадида транспорт хизматларини кўрсатишга;

ё) "Хўжалик"дан ушбу шартномага мувофиқ олинган уруғлик, пахта етиштириш агротехник тадбирлари доирасида етказиб берилган товар-моддий қийматликлар ва кўрсатилган хизматларнинг ҳақини топширилган пахта хом ашёси ҳақи ҳисобидан узиб боришни талаб этишга ҳақлидир.

ж) "Хўжалик"дан ушбу шартномага мувофиқ олинган уруғликнинг ҳақини топширилган пахта хом ашёси ҳақи ҳисобидан узиб боришни талаб этишга ҳақлидир.

"Кооперация" қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.

3.4. "Кооперация"нинг мажбуриятлари:

а) "Хўжалик"ка экиш учун ушбу шартномада кўрсатилган экин тури уруғлигидан _________ нав _________ авлод _________ тоннани, _________ авлод _________ тоннани, _________ авлод _________ тоннани  202_ йилнинг _________ кунигача ёки шу муддатгача "Хўжалик" томонидан берилган буюртманомада кўрсатилган муддатда ва миқдорда етказиб бериш;

б) "Хўжалик" томонидан етказиб келинган пахта хом ашёсини ва уруғлик пахтани қабул қилиш, сифатини аниқлаш ва ушбу шартномада белгиланган муддат ва тартибда маҳсулот учун тегишли хақни тўлаш;

в) "Хўжалик"ни ушбу шартномани бажариш учун зарур бўлган амалдаги тегишли давлат стандартлари ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш;

г) "Хўжалик" томонидан етказиб берилган маҳсулотга тўлов ёки товар-транспорт ҳужжатини маҳсулотни қабул қилганидан кейин 1 кун муддатда расмийлаштириб бериш;

д) маҳсулот тайёрлов масканига "Хўжалик"нинг транспорт воситасида ташилганда "Хўжалик"ка транспорт ҳақини ҳақиқий вазн бўйича тўлиқ масофа учун тўлаш;

е) пахта терими бошлангунга қадар "Хўжалик"ни зарур миқдордаги шолча, этак ва бошқа инвентарлар билан таъминлаш;

ё) "Хўжалик" шартномада белгиланган хажмлардан ортиқча топширилган пахта хом ашёси учун белгиланган нархга қўшимча 15 фоиз устама тўлаб бериш;

ж) шартномада белгиланган хажмлардан ортиқча топширилган пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашдан олинган шрот ва шелуха махсулотларини "Хўжалик"га бериш;

з) элита-уруғчилик хўжаликларини уруғлик пахта хом ашёсини қоплаш ва тайёрловчига етказиб бериш учун (бир қопга 40 кг ҳисобида ) қоп билан таъминлаш;

и) туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан рўйхатдан ўтказилган шартномани "Кооперация" шартнома рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб икки кун муддатда “Хўжалик”ка рўйхатдан ўтказилган шартноманинг бир нусхасини имзоланган ҳолда беришлари шарт.

"Кооперация" қонун ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларни
ҳам ўз зиммасига олади.

 

4. ШАРТНОМАНИНГ БАЖАРИЛИШИ

4.1. Мажбуриятлар мазкур шартнома шартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ зарур тарзда бажарилиши керак.

Агар тарафлар ўз зиммаларига олган барча мажбуриятлар бажарилишини таъминласа, шартнома бажарилган деб ҳисобланади.

4.2. Ушбу шартномада кўрсатилган миқдордаги маҳсулотни қабул қилиш бўйича якуний ҳужжатлар тузилган сана "Хўжалик" томонидан шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилган сана ҳисобланади.

Якуний ҳисоб-китобларнинг тўлов ҳужжатидаги банк муассасаси штампида кўрсатилган сана маҳсулотга ҳақ тўлаш бўйича "Кооперация" томонидан мажбуриятлар бажарилган сана хисобланади.

4.3. Маҳсулот "Кооперация"нинг ____________________________________ манзилдаги тайёрлов масканига "Кооперация"нинг ёки "Хўжалик"нинг транспортида (кераклисини тагига чизиб қўйилсин) етказиб берилади.

4.4. Уруғлик ва экиш материаллари ушбу шартноманинг 3.4-банди “а” кичик биндида кўрсатилган муддат ва миқдорларда ёки шартнома асосида берилган буюртманомада кўрсатилган муддатлар
ва миқдорларда, мазкур шартномада кўрсатилган давр мобайнида амалга оширилади.

Буюртманома уруғликнинг тегишли туркумларини етказиб беришнинг мўлжалланаётган санасидан камида 5 кун олдин вакил орқали, почта орқали ёки бошқача тарзда берилади. Буюртманомани вакил орқали қабул қилишда "Кооперация"нинг ходими "Хўжалик"да қоладиган нусхага санани кўрсатган ҳолда у қабул қилинганлиги тўғрисида белги қўяди.

"Хўжалик" илгари берилган буюртманомани бекор қилишга ёхуд уруғликнинг тегишли туркумларини етказиб бериш санасини ўзгартиришга ҳақлидир, бу ҳақда "Кооперация"ни буюртманомада кўрсатилган сана бошланишидан камида 1 кун олдин хабардор қилади.

 

5. МАҲСУЛОТ БАҲОСИ ВА ҲИСОБ-КИТОБЛАР ТАРТИБИ

5.1. Шартномада пахта хом ашёсининг харид баҳоси 1 (бир) тоннаси учун ____________ сўмдан ҳисобланади ва. умумий суммаси ______________ сўмни ташкил этади.

5.2. Уруғлик пахта учун уруғликнинг унувчанлиги 90 фоиздан юқори бўлганда харид нархига қуйидаги миқдорда устама ҳақ тўланади:

Элита ва суперэлита чигит учун- _100_ %,

1 - репродукцияли чигит учун (R1)- __75__     %,

  1. репродукцияли чигит учун (R2)- __ 50__     %,
  2. репродукцияли чигит учун (RЗ)- __25__ %

Уруғлик чигитлар унувчанлиги 90 фоиздан паст бўлса, устама ҳақ тўланмайди.

Устамалар етиштирилган уруғлик пахта хом-ашёсининг асосий фонди миқдорига ҳисобланади ва қуйидаги тартибда икки босқичда ҳисоб-китоб амалга оширилади:

биринчи босқичда - топширилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисобланган устаманинг 50 фоизи миқдорида уруғчилик хўжаликларига пахта хом ашёсини пахта тозалаш корхонасига топширган вақтда;

- иккинчи босқичда - уруғлик чигит экувчиларга сотилганидан кейин ўрнатилган тартибда тўловлар амалга оширилади. Топширилган уруғлик пахта хом ашёсидан тайёрланган ва сифати Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси хузуридаги “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан сертификатланган уруғлик чигит бевосита уруғлик етиштирувчи хўжаликларга ва нав оригинаторлари бўлган илмий муассасаларга ҳамда уруғни тайёрлашда иштирок этган бошқа субъектларга ҳисобланган устаманинг қолган қисми 100 фоиз деб ҳисобланиб, 10 фоизи уруғчиликни ташкил этишда иштирок этувчи Кооперация ихтиёрида қолдирилади, 40 фоизи уруғлик пахта хом ашёсини етиштирувчи хўжаликларнинг ҳисоб варағига ва қолган 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг хисоб варағига ўтказилади.

5.3. “Хўжалик”ка етказиб берган маҳсулот учун якуний ҳисоб-китоблар пахта етиштириш агротехник тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар, етказиб берилган уруғлик қиймати, терим учун юборилган пуллар, товар-моддий қийматликлар ва кўрсатилган хизматлар (агрономлар маслаҳати, транспорт, қишлоқ хўжалиги техникаси хизмати ва х.к.) ҳамда бошқа харажатлар чегирилганидан қолган қисми ҳосил йилнинг 31 декабрга қадар тўлаб берилади. 

Етказиб берилган уруғлик пахта учун хақни "Кооперация" уруғлик тозаланиб, сараланганидан кейин, лекин 202___ йил _________ дан кечиктирмасдан тўлиқ тўлаб беради;

5.4. Етказиб берилган маҳсулотлар учун нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилинади.   

5.5. Маҳсулотни транспортда ташиш ва тушириш бўйича барча харажатлар "Кооперация" ҳисобидан амалга оширилади.

5.6. "Хўжалик" томонидан уруғлик қийматини муддати ва миқдорига мос ҳолда
50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда олдиндан тўлов амалга оширилади, қолган қисмини пахта ҳосили якуний ҳисоб-китобидан тўлаб беради.

Ушбу шартнома бўйича олинадиган уруғлик баҳоси ________________________________ сўмни ташкил этади.                                                                     /уруғлик баҳоси аниқлангандан кейин тўлдирилади/

 

6. ТАРАФЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ ВА

НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ

6.1. Маҳсулотни мазкур шартномада белгиланган ассортиментда ва турлар бўйича, муддатларда қабул қилиниши асоссиз рад этилишининг ҳар бир ҳолати учун "Кооперация" "Хўжалик"ка белгиланган устамалар тўланиши ҳисобга олинмаган ҳолда амалда шаклланган ўртача нархдан келиб чиқиб қабул қилинмаган маҳсулот қийматининг 30 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Бундан ташқари, маҳсулотни қабул қилиш рад этилганлиги натижасида "Хўжалик" томонидан кўрилган, жарима билан қопланмаган зарарларни қоплайди.

  1.  Шартномада белгиланган миқдорда ва ассортиментда, турлар бўйича муддатларда маҳсулот топширмаганлиги учун "Хўжалик" "Кооперация"га топширилмаган маҳсулот қийматининг 30 фоизи миқдорида жарима тўлайди. Жарима харид нархига белгиланган устамалар тўланиши ҳисобга олинмаган ҳолда ўтган даврда (ой, йил чораги, йил) маҳсулотнинг амалда шаклланган ўртача нархидан келиб чиқиб ҳисобланади. Бундан ташқари, маҳсулот тўлиқ етказиб бермаганлик натижасида юзага келган ва жарима билан қопланмаган зарарларни ҳам қоплайди.

6.3. Мазкур шартномага мувофиқ топширилган (юклаб жўнатилган) пахта хом ашёси, уруғлик пахта ҳақини тўлашдан асоссиз бўйин товлаганлиги учун "Кооперация" "Хўжалик"ка ўзи тўлашдан бўйин товлаган сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима тўлайди.

Жаримадан ташқари "Кооперация" "Хўжалик"ка муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.

6.4. Товар-транспорт ҳужжатини расмийлаштириш рад этилганлиги ёки нотўғри расмийлаштирилганлиги учун айбдор томон бошқа томонга ҳар бир товар-транспорт ҳужжати учун базавий ҳисоблаш миқдорида жарима тўлайди.

6.5. "Хўжалик"ни мазкур шартномада белгиланган миқдорда вa муддатларда стандарт ва техник шартлар талабларига жавоб берадиган уруғлик ва ўраб-жойлаш материаллари билан таъминланмаганлиги учун "Кооперация" "Хўжалик"ка маҳсулот етказиб бериш пайтида амалда бўлган уруғлик ва ўраб-жойлаш материаллари қийматининг икки баравари миқдорида жарима тўлайди. Бундан ташқари, "Хўжалик"ни ушбу материаллар билан таъминламаганлик натижасида кўрган жарима билан қопланмаган
зарарларини ҳам қоплайди.

  1.  "Кооперация" томонидан маҳсулот сифати, миқдори нотўғри аниқланиши, уларнинг қиймати нотўғри белгиланиши ҳоллари аниқланган тақдирда "Кооперация" маҳсулот сифатини, шунингдек, уларнинг миқдорини ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилади ҳамда ушбу ҳисобланган суммадан ташқари "Хўжалик"ка нотўғри ҳисобланган сумманинг 20 фоизи миқдорида жарима тўлайди.
  2.  "Хўжалик" томонидан сарфланган транспорт харажатларини тўламаганлик учун "Кооперация" "Хўжалик"ка тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун белгиланган муддатда тўланмаган сумманинг 0,4 фоизи, бироқ тўлов муддати ўтказиб юборилган сумманинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайди.

 

7. ФОРС-МАЖОР ВА ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ЭТИШ

7.1. Тарафлардан бири шартномани енгиб бўлмайдиган куч ҳолат (форс-мажор)лари (зилзила, қурғоқчилик, сув тошқини, ёнғин, сел, дўл, жала ва бошқа табиий офатлар) сабабли бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлигини исботласа, жавобгар бўлмайди.

7.2. Ушбу шартнома шартларини бажаришга тўсқинлик қилувчи форс-мажор ҳолатларининг бошланиши ва тугаши тўғрисида тарафлар зудлик билан бир-бирларини ҳамда енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссияни ёзма равишда хабардор қилишлари шарт.

Енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия бундай ҳолатлар оқибатида ёки "Кооперация"нинг айби билан шартномалар бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги учун "Хўжалик"ни жавобгарликдан озод қилиш бўйича хулоса беришлари мумкин.

7.3. Форс-мажор ҳолатлари бўйича келишмовчиликлар ва низоли масалалар келиб чиққан тақдирда томонлар, қоидага кўра, мустақил равишда ёки туман (шахар)лар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари (форс-мажор)ни тасдиқлаш бўйича комиссия иштирокида уларни судгача ҳал этиш чора-тадбирларини кўрадилар.

Форс-мажор ҳолатларини аниқлашда шартнома тарафлари қатнашиши керак.

 

8. ШАРТНОМАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИ

8.1. Мазкур шартнома тарафлар томонидан имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради, туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан рўйхатдан ўтказилгандан кейин ижро қилинади.

Мазкур шартнома 3 (уч) кун мобайнида "Кооперация" томонидан туман қишлоқ хўжалиги бўлимига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади ва шартноманинг барча нусхалари туман қишлоқ хўжалиги бўлими ходими томонидан имзоланади, имзо мухр билан тасдиқланади.

8.2. Тарафлар ўртасидаги муносабатлар улар томонидан мазкур шартноманинг барча шартлари бажарилган ва ҳисоб-китоб тўлиқ тугалланган тақдирда тўхтатилади.

 

9. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

9.1. Келишмовчиликлар ва низоли масалалар келиб чиққан тақдирда тарафлар, қоидага кўра уларни судгача ҳал этиш юзасидан мустақил ёҳуд туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган комиссия иштирокида чора-тадбирлар кўрадилар.

9.2. Тарафлар ўзаро келиша олмаганда низолар иқтисодий суди ёки тарафлар келишувига асосан Ҳакамлик суди томонидан ҳал қилинади.

 

10. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

  1. Мазкур шартнома тарафларнинг келишувига кўра ёки бир тараф шартнома шартларини жиддий равишда бузган тақдирда, иккинчи тарафларнинг талаби бўйича суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
  2. Мазкур шартномага ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимчалар улар ёзма шаклда амалга оширилиши ва тарафларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланиши шарти билан ҳақиқий ҳисобланади.
  3. Мазкур шартнома тарафларнинг ҳар бири ҳамда қишлоқ хўжалиги бўлими учун бир нусхадан уч нусхада тузилади. Шартноманинг барча нусхалари тенг юридик кучга эгадир.
  4. Мазкур шартнома ва унга киритилган ўзгартиришлар (қўшимчалар) "Хўжалик" жойлашган жойдаги туман қишлоқ хўжалиги бўлимида рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга киради.

 

11. ТАРАФЛАРНИНГ МАНЗИЛИ ВА БАНК РЕКВИЗИТЛАРИ

 

           "ХЎЖАЛИК"                                                            "КООПЕРАЦИЯ"

           Банк реквизитлари                                                            Банк реквизитлари

_________________________________                        ___________________________________

_________________________________                        ___________________________________

_________________________________                        ___________________________________

Солиқ тўловчининг идентификация                        Солиқ тўловчининг идентификация   

                      рақами:                                                                       рақами:

_________________________________                         ___________________________________

       М.Ў. имзо, лавозими, Ф.И.О.                                               М.Ў. имзо, лавозими, Ф.И.О.

 

 

 

Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг
шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари бўйича бош мутахассиси

 

 

 

 

 

(имзо)

 

(Ф.И.О.)

                              20___ йил "____" ____________ да ____________ рақами билан

                          Туман қишлоқ хўжалиги бўлимида

“Рўйхатдан ўтказилди”

_____________________________

                                                           М.Ў.  (имзо, лавозими, Ф.И.О.)

 

Ҳуқуқшунос хулосаси:

            Ушбу шартнома лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни, “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан  тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида”ги Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тайёрланган.

             Шартноманинг шартлари, хусусан тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ҳисоб-китоб қилиш тартиби, тарафларнинг жавобгарлиги, низоларни ҳал этиш тартиби, форс-мажор
ва жавобгарликдан озод этиш масалалари амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келади.

 

________________ (имзо)  ________________________________ (Ф.И.О.)

Умумий таклифлар: 0

383