Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
16286 Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 26/03/2020 10/04/2020 76
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони
Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида
ID-16286

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда суриштирув ва тергов фаолиятини такомиллаштириш, жиноий таъқибни амалга ошириш жараёнида инсонпарварлик принципларига асосланган ҳолда ҳеч бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати камситилишига ҳамда содир этмаган қилмиши учун ноҳақ жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликни таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда жиноятчиликни жиловлаш, жиноий қилмишлар учун жавобагарликнинг муқаррарлигини таъминлаш борасидаги ишлар муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, суриштирув ва тергов амалиёти таҳлили жиноий таъқибни амалга оширувчи органларининг фаолияти самарадорлигига тўсқинлик қилаётган, жиноятларни фош этишга кўмаклашувчи органларнинг холислигига салбий таъсир кўрсатаётган тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда. Жумладан:

биринчидан, жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, терговчилик касбида муҳим ўрин тутадиган “устоз-шогирд” анъаналари тўғри йўлга қўйилмаган;

иккинчидан, суд экспертларининг суд экспертизасини тайинлайдиган органлардан (шахслардан) мустақиллиги етарлича таъминланмаган;

учинчидан, жиноятларни фош этишда суриштирув ва дастлабки тергов органларига кўмаклашувчи шахсларнинг, шу жумладан суд экспертлари ва криминалистларни тайёрлашнинг самарали механизми, шунингдек уларни соҳада узоқ йиллар фаолият кўрсатиши учун етарли шарт-шароитлар шакллантирилмаган;

тўртинчидан, суриштирув, дастлабки тергов ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида фош этилмаган жиноятлар, шахси аниқланмаган мурдалар, бедарак йўқолган шахслар ва жиноятга алоқадор бошқа маълумотларнинг ягона интеграциялашган электрон маълумотлар базаси яратилмаган;

бешинчидан, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини тартибга солувчи, суриштирувчи ва терговчиларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартибини белгиловчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмаган;

Қонун устуворлиги, суриштирув ва тергов фаолияти самарадорлигини ошириш, жавобгарлик муқаррарлиги принципининг тўлиқ рўёбга чиқишини таъминлаш, шунингдек жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Қуйидагилар мамлакатда суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

ишни судга қадар юритиш босқичини такомиллаштириш бўйича институционал ўзгаришлар, жиноят ишларини юритишда дастлабки тергов ва суд муҳокамасини ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини кучайтириш;

самарали идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;

суриштирувчи ва терговчиларни таёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан суриштирув ва терговчиларни тайёрлашда “устоз-шогирд” анъаналаридан кенг фойдаланиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органларининг моддий-техник базасини янада такомиллаштириш, тергов қилиш функцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган илғор технологиялар ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш;

суриштирувчилар ва терговчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш тизимини жорий этиш;

суд экспертизасини ўтказувчи орган ва ташкилотларнинг фаолиятини, шу жумладан ушбу соҳада кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;

жиноятларнинг фош этилиши, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлувчи омилларни аҳолига таъсирчан тарзда етказиб бориш механизмини яратиш.

2. Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Миллий гвардиясининг ишни судга қадар юритиш жараёнини тубдан ислоҳ қилиш ва экспертиза фаолиятининг мустақиллигини таъминлаш бўйича қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

терговга қадар текширув институтини такомиллаштириб, суриштирув институтига ўзгартириш, амалдаги суриштирув институтини тугатиб, унинг ваколатини соддалаштирилган тергов ўтказиш тартибини сақлаб қолган ҳолда тергов органларига ўтказиш;

жиноят иши айблов хулосаси билан бирга прокурорга юборилаётганда айбланувчи ёки унинг ҳимоячиси томонидан прокурорга “ҳимоя хулосаси” тақдим этиш тартибини жорий этиш;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суд экспертизаси маркази ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг экспертиза ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини (криминалистика ваколатлари бундан мустасно) ушбу марказга бериш.

4. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 июлдан бошлаб:

жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчилар кўрсатувларини объектив сабабларга кўра кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувлари судлар томонидан олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши (депонирование қилиниши) мумкин;

маълум бир жиноят иши бўйича гувоҳ ва жабрланувчилар кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаб қўйишда (депонирование қилишда) иштирок этган судья ушбу жиноят ишининг мазмунан кўриб чиқилишида иштирок этишига йўл қўйилмайди;

жиноят процессида судлар томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларга нисбатан “муайян ҳаракатларни тақиқлаш” эҳтиёт чораси қўлланилади;

таниб олиш учун кўрсатиш, давлат сири билан боғлиқ бўлган объектлар ёки ашёларни кўздан кечириш, хонадон ёки бино эгаларининг иштирокисиз тинтув ўтказишдан ташқари бошқа процессуал ҳаракатларни холислар иштирокисиз видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда қайд этиш тартиби йўлга қўйилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати:

а) Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йилнинг 1 январига қадар:

жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни қайд этиш тартибини электрон тизимга ўтказиш, шу жумладан жиноят иши қўзғатиш рад этилган материалларнинг ягона ҳисобини юритиш тизимини яратиш;

терговчиларнинг хоналарини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш;

бедарак йўқолган, шахси номаълум мурдалар ҳамда қидирувдаги шахслар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви тизимини яратиш мақсадида Ягона электрон дастурни ишлаб чиқиш чораларини кўрсин;

б) Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар синов тариқасида илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳар прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармасида махсус тергов хоналарини ташкил этсин;

в) 2021 йил 1 октябрга қадар махсус тергов хоналарини жорий этиш синовлари натижаларидан келиб чиқиб, бундай хоналарни республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.

6. Маҳкумлар ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши устидан назоратни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари
– Тергов ҳибсхоналари ва озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилсин.

Тергов ҳибсхоналари ва озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) котибияти тузилмасига 16 та қўшимча штат бирлиги ажратилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Миллий гвардиясининг тергов органларида суриштирувчи ва терговчи лавозимига кадрлар захирасини яратиш, ёш мутахассисларда тергов ҳаракатларини ўтказиш кўникмаларини шакллантириш, ушбу соҳада “устоз-шогирд” анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик билдирилсин:

прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларида белгиланган штатлар жадвали доирасида “терговчи-ёрдамчи” лавозимини жорий этиш ва ушбу лавозимга таълим муассасини тугатгач мазкур органларга илк бор хизматга қабул қилинган ходимлар тайинланиши ҳамда мазкур лавозимда бир йил давомида хизмат олиб бориши;

прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларига мустақил терговчи сифатида тайинланишида ходимнинг “терговчи-ёрдамчи” лавозимида фаолият юритгани биринчи навбатда инобатга олинади;

биринчи маротаба мустақил терговчи лавозимига тайинланган шахсни уч йил давомида бошқа соҳавий йўналишларга, шу жумладан юқори тергов органларига терговчи лавозимларига хизматга ўтказишга йўл қўйилмайди;

биринчи маротаба мустақил терговчи лавозимига тайинланган шахсларга ушбу лавозимларда кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, тегишинча прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларида хизмат қилаётган шахслар орасидан мураббий бириктириш.

8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ҳар уч йилда суриштирувчи ва терговчиларнинг профессионал малакаси ва тажрибасини оширишга ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, шунингдек терговчиларнинг халқаро миқёсдаги рейтингини кўтаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси профессионал суриштирувчи ва терговчилар симпозиумини ўтказиш;

Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда мураккаб, кўп эпизодли ва ўта оғир жиноятларнинг фош этилиши жараёни ҳамда тергови хусусида асарлар, кино ва саҳна асарлари яратиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органларининг суриштирувчи ва терговчилари ўртасида идоралараро “Йилнинг энг яхши суриштирувчиси” ҳамда “Йилнинг энг яхши терговчиси” танловларини жорий этиш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар билан ҳамкорликда:

олий юридик таълим муассасаларида суриштирув ва тергов фаолиятининг асослари, криминалистика, суд экспертизаси ва ушбу соҳага доир бошқа махсус фанларнинг чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилиши йўлга қўйилишини;

Тошкент давлат юридик университети бакалавриат босқичи 4-курс ҳамда университетнинг ихтисослаштирилган филиали 3-курс талабаларининг бевосита амалиётда, шу жумладан суриштирув ва тергов органларида ўташ тартиби жорий этилишини;

тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларида суд-тиббиёт экспертларини тайёрлашга ихтисослашган факультетларда давлат гранти асосида ўқитишнинг жорий этилишини;

тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг суд-тиббиёт экспертизаси йўналишини тамомлаган мутахассисларнинг камида беш йил давлат экспертиза муассасаларида ишлаб бериши тартиби йўлга қўйилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:

икки ой муддатда прокуратура органларининг белгиланган штатлар жадвали доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари тизимида прокурор-криминалист лавозимини жорий этиш;

уч ой муддатда Молия вазирлиги билан биргаликда прокурор-криминалистларни замонавий махсус жиҳозлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг “Суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин;

2020 йил 15 октябрга қадар жиноятга оид ариза, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш жараёнида иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми, тушунтириш хатини олиш тартиби, ҳимоячининг иштироки, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашга, шунингдек ушбу жараёнда ўтказилиши мумкин бўлган процессуал ҳаракатлар доирасини кенгайтиришга қаратилган таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;

уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритисин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Р. Иноятов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
                          Президенти                                                                               Ш.
 Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг       
2020 йил "___"________ПФ-_______-сон фармонига
ИЛОВА                                      

 

Ўзбекистон Республикасида суриштирув ва дастлабки тергов органларининг
фаолиятини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича

ЧОРА-ТАДБИРЛАР  ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар

Амалга ошириш механизми

Ижро муддатлари

Молиялаштириш манбалари

Масъул ижрочилар

1.

Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органларининг фаолиятини такомиллаштириш.

 

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада:

терговга қадар текширув институтини такомиллаштириб, уни суриштирув институтига ўзгартириш;

амалдаги суриштирув институтини тугатиб, унинг ваколатини тергов органларига ўтказиш;

суриштирув ўтказиладиган жиноят ишлари бўйича тергов ўтказишнинг соддалаштирилган тартибни жорий этиш.

2020 йил

1 декабрь

Бош прокуратура, Олий суд,
ДХХ, ИИВ, ДБҚ, Миллий гвардия

2.

Суриштирув ва дастлабки тергов органларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш.

Ўзбекистон Республикасининг “Суриштирув
ва дастлабки тергов органлари фаолияти тўғрисида
”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Лойиҳада:

суриштирув ва дастлабки тергов органларининг ҳуқуқий асослари, вазифалари, принциплари, тизими;

суриштирувчи ва терговчиларни лавозимга тайинлаш, озод этиш;

суриштирувчи ва терговчиларнинг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижтимоий ҳимояси, моддий таъминоти, жавобгарлиги
ва бошқалар назарда тутилади.

2021 йил

1 январь

ИИВ,

Бош прокуратура, ДХХ, ДБҚ,

Миллий гвардия

3.

Жиноят процессига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш.

1. Жиноятга оид ариза, хабар
ва бошқа маълумотларни қайд этиш, кўриб чиқиш
ва қарор қабул қилиш тартибига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиб, ушбу тартибни электрон тизимга ўтказиш.
Бу жараёнда инсон омилини камайтириш. Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг бу борадаги ахборот тизимларини бир-бирига интеграциялаш.

2. Бедарак йўқолган ёки шахси номаълум мурда ҳақидаги маълумотлар алмашинуви тизимини яратиш мақсадида Ягона электрон дастур ишлаб чиқиш ва уни жорий этиш.

3. Прокуратура ва давлат хавфсизлик хизмати органларининг терговчилари хоналарини видеокузатув воситалари билан жиҳозлаш.

2021 йил

1 февраль

 

 

 

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Бош прокуратура, ДХХ, ИИВ, ДБҚ, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги

4.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ушбу вазирлик тизимидан чиқариб, алоҳида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Суд экспертизасиси маркази ва унинг ҳудудий филиаллари сифатида қайта ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг экспертиза ўтказиш билан боғлиқ ваколатларини (криминалистика ваколатлари бундан мустасно) ушбу марказга бериш.

2021 йил

1 январь

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

ИИВ,

Бош прокуратура

 

5.

Жиноят ишини қўшимча процессуал ҳаракатлар ўтказиш учун қайтариш институтини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини ёки жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса ва янги айблов дастлабки айблов билан узвий боғлиқ бўлиб, уларни алоҳида-алоҳида кўриш имконияти бўлмаса, жиноят иши янги аниқланган ҳолатлар бўйича тергов юритиш учун прокурорга қайтарилиши мумкинлигига оид қоидалар назарда тутилади.

2020 йил

10 октябрь

Бош прокуратура, Олий суд,

ИИВ, ДХХ,

Адлия вазирлиги

 

6.

Жиноятни фош этишга кўмаклашувчи шахсларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларнинг моддий таъминотини кучайтириш.

1. Тошкент давлат юридик университетида “Суд ва прокурорлик фаолияти” кафедранисини жорий этиш.

2. Тошкент давлат юридик университети ва ушбу университетнинг ихтисослаштирилган филиалида суриштирув ва тергов фаолиятининг асослари, криминалистика, суд экспертиза ва ушбу соҳага доир бошқа махсус фанлар ўқитилишини йўлга қўйиш.

3. Тошкент давлат юридик университетида бакалавриат босқичида таълим олаётган талабаларнинг 4-курсини, университетнинг ихтисослаштирилган филиал талабаларининг эса
3-курсини бевосита амалиётда, шу жумладан суриштирув ва тергов органларида ўташ тартиби жорий этиш.

4. Суд-тиббий экспертларни тайёрловчи таълим муассасаларида махсус факультетларни жорий қилиш ҳамда мазкур соҳа йўналиши бўйича битирган талабалар камида 5 йил ишлаб бериш шарти билан уларни ўқишга давлат гранти асосида қабул қилинишини тизимини белгилаш.

5. Суд-тиббиёт экспертизаси йўналишини тамомлаган мутахассисларга камида беш йил давомида давлат экспертиза муассасаларида ишлаб бериш тартиби йўлга қўйиш.

6. Суд-тиббий экспертларнинг иш ҳақи, моддий таъминотини яхшилашга қаратилган таклифлар тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2020 йил

15 август

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

2020 йил

10 октябрь

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги

7.

Суриштирув ва тергов муддатларидан самарали фойдаланиш.

Жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарини тергов ҳаракатларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишда фойдаланиладиган техник воситалар ва ускуналар билан тўлиқ жиҳозлаш.

2020 йил

1 декабрь

Бош прокуратура,

ИИВ, ДХХ,

Олий суд, Молия вазирлиги

8.

Жиноят ишларининг тегишлилигини танқидий кўриб чиқиш.

1. Дастлабки тергов органларида жиноят ишларининг тегишлилигини танқидий ўрганиш.

 

2. Ўрганиш натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Администрациясига таклифлар киритиш.

2020 йил

15 июнь

 

2020 йил

1 август

Бош прокуратура,

ИИВ, ДХХ,

Олий суд

9.

Жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ
ва жабрланувчилар кўрсатувларини, уларни объектив сабабларга кўра кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган ҳолларда, олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) институтини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада:

жиноят ишини судга қадар юритиш давомида жабрланувчи ва гувоҳларни жиноят иши биринчи инстанцияда кўриб чиқилишида судга олиб келиш имкони бўлмаслик эҳтимоли мавжуд бўлганда, мазкур жабрланувчи ва гувоҳлар судда сўроқ қилиниши орқали уларнинг кўрсатувларини тасдиқлаш тартиби;

судларга жиноят ишларини судга қадар иш юритиш босқичида жабрланувчи ва гувоҳ кўрсатувларини тасдиқлаш ваколатини бериш;

суриштирувчи, терговчи ва прокурорга жабрланувчи ва гувоҳни кўрсатувларини судда сўроқ қилиш орқали тасдиқлаш ҳақида судга илтимоснома киритиш ҳуқуқини бериш назарда тутилади.

2020 йил

1 декабрь

Бош прокуратура,

Олий суд,

ИИВ, ДХХ,

Адлия вазирлиги

10.

Жиноят процессида
холислар институтини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада:

илғор хорижий тажриба асосида холислар қатнашиши мажбурий бўлган ва бўлмаган процессуал ҳаракатлар доирасини қатъий белгилаш;

процессуал ҳаракатларни ўтказиш давомида холисларнинг иштирокини таъминлаш имкони бўлмаган ҳолларда, уларни видеоёзув орқали қайд этиш тартиби йўлга қўйиш назарда тутилади.

2020 йил

1 декабрь

Бош прокуратура,

Олий суд,

ИИВ, ДХХ,

ДБҚ, Миллий гвардия, Адлия вазирлиги

11.

Махсус тергов хоналарини ташкил этиш.

1. Илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда Тошкент шаҳар прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида синов тариқасида махсус тергов хоналарини ташкил этиш.

2. Махсус тергов хоналарини жорий этиш синовлари натижаларидан келиб чиқиб, ушбу хоналарни республиканинг бошқа ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиш.

2021 йил

1 март

 

 

 

 

2021 йил

1 октябрь

 

Бош прокуратура,

ДХХ, ИИВ,

Молия вазирлиги

12.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг тергов ҳибсхоналари ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги фаолиятини янада такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Тергов ҳибсхоналари ва озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибияти тузилмасига тергов ҳибсхоналари ва озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи 16 нафар қўшимча штат ажратилсин.

2020 йил

1 декабрь

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман),

Адлия вазирлиги,

ИИВ,

Бош прокуратура

13.

Жиноят, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш.

Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари ва Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳаларини ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда киритиш.

2021 йил

1 январь

Бош прокуратура,

Олий суд,

ИИВ, ДХХ,

Адлия вазирлиги

манфаатдор вазирлик ва идоралар

14.

Жиноят-процессида қўлланиладиган эҳтиёт чораларини киритиш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада прокурорнинг илтимосномасига асосан суд томонидан қўлланиладиган “муайян ҳаракатларни таъқиқлаш” эҳтиёт чорасини киритиб, унда айбланувчига нисбатан қуйидаги:

жабрланувчи ва гувоҳлар билан алоқада бўлишни таъқиқлаш;

транспорт воситаларини бошқаришни, спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик воситалари истеъмол қилишни таъқиқлаш;

сутканинг муайян вақти давомида яшаш жойини тарк этишни ёки суриштирув ёки тергов органининг рухсатисиз яшаш жойини тарк этишни таъқиқлаш;

чет элга чиқиб кетишини таъқиқлаш каби чекловларни белгилаш назарда тутилади.

 

 

2020 йил

1 октябрь

Олий суд,

Бош прокуратура,

ИИВ, ДХХ,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

15.

Суриштирув ва дастлабки тергов органлари, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг қонунларнинг ижро этиши устидан прокурор назоратини такомилаштириш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада:

жиноят иши айблов хулосаси билан бирга прокурорга юборилаётганда айбланувчи ёки унинг ҳимоячиси томонидан прокурорга ҳимоя хулосаси тақдим этиш тартибини жорий этиш;

прокурор томонидан терговчининг жиноят иши бўйича айблов хулосасини тасдиқлаш институти ўрнига ишни Жиноят-процессуал кодекси нормалари доирасида расмийлаштирилганлигини ва судга юбориш учун барча асослар борлиги ҳақида розилик бериш институтини жорий этиш;

терговчи томонидан тузилган айблов хулосаси прокурор томонидан 10 кун, кўп эпизодли ишлар бўйича эса 15 кун муддатда ўрганиб чиқилиши тартиби назарда тутилади.

2020 йил

15 сентябрь

Бош прокуратура,

Олий суд,

ИИВ, ДХХ,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

16.

Судгача ва суд жараёнида жиноят процесси иштирокчиси бўлган ҳомиладор, уч ёшга тўлмаган болалари бор, ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларнинг ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча кафолатларни белгилаш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада судгача ва суд жараёнида жиноят процесси иштирокчиси бўлган ҳомиладор, уч ёшга тўлмаган болалари бор, ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларни сўроқ қилиш ва бошқа тергов ҳаракатларини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилади.

 

2020 йил

20 август

Бош прокуратура,

Олий суд,

ИИВ, ДХХ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)

17.

Суриштирув ва тергов органларида суриштирувчи ва терговчи лавозимига кадрлар заҳирасини барпо этиш, ёш мутахассисларда тергов ҳаракатларини ўтказиш кўникмаларини шакллантириш, ушбу соҳада “устоз-шогирд” анъаналарини мустаҳкамлаш бўйичо чора-тадбирларни амалга ошириш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи тартибни жорий этиш:

прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларида белгиланган штатлар жадвали доирасида “терговчи-ёрдамчиси” лавозимини жорий этиш ва ушбу лавозимга таълим муассасини тугатгач мазкур органларга илк бор хизматга қабул қилинган ходимлар тайинланиши ҳамда мазкур лавозимда 1 йил давомида хизмат олиб борганидан кейин, мустақил терговчи лавозимига тайинланиши;

прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларига мустақил тергочи сифатида тайинланишида ходимнинг “терговчи-ёрдамчиси” лавозимида фаолият юритгани биринчи навбатда инобатга олиниши;

биринчи маротаба мустақил терговчи лавозимига тайинланган шахс 3 йил давомида ушбу лавозимда ишламасдан туриб, уни бошқа соҳавий йўналишларга, шу жумладан юқори тергов органига терговчи лавозимига хизматга ўтказишга йўл қўйилмаслиги;

биринчи маротаба мустақил терговчи лавозимига тайинланган шахсларга ушбу лавозимларда кўп йиллар самарали меҳнат қилиб, тегишинчи прокуратура, давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органларида хизмат қилаётган шахслар орасидан мураббий бириктириш.

2020 йил

1 декабрь

Бош прокуратура,

Олий суд,

ИИВ, ДХХ

18.

Терговга қадар текширувни ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада жиноятга оид ариза, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш жараёнида қуйидагилар назарда тутилади:

шахсларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириб, улардан тушунтириш олиш, ушбу кўрсатувлардан келгусида далил сифатида фойдаланиш тартиби;

узрли сабабларга ўтказиб юборилган жиноятга оид ариза, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш муддатини тиклаш асослари ва тартиби;

ҳимоячининг иштироки, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

тарафларнинг мурожаатига ҳамда ҳимоячи илтимосномасига кўра иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиш тартиби;

ўтказилиши мумкин бўлган процессуал ҳаракатлар доирасини кенгайтириш назарда тутилади.

2021 йил

1 январь

Бош прокуратура,

ИИВ, ДХХ,

Олий суд

19.

Адвокатлар палатаси фаолиятига давлат органлари аралашувини камайтириш.

Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси.

Лойиҳада:

адвокатнинг лицензиясини амал қилиш муддатини тугатиш Олий малака комиссияси хулосасига асосан Адвокатлар палатасини мурожаати бўйича вилоят ва вилоятга тенглаштирилган маъмурий судлар орқали амалга ошириш тартибини жорий этиш;

адвокат мақомини олиш учун малака имтихонини топширишга даъвогарлардан имтихон синовлари Адвокатлар палатаси комиссияси аъзолари таркибида Адлия вазирлиги ходимлари иштирок этмаслигига оид қоинадалар назарда тутилади.

2020 йил

1 декабрь

Адвокатлар палатасини,

Адлия вазирлиги

 

20.

Суриштирув ва дастлабки тергов органларининг суриштирувчи ва терговчилари ўртасида идоралараро “Йилнинг энг яхши суриштирувчиси” ва “Йилнинг энг яхши терговчиси” танловини жорий этиш

Суриштирув ва дастлабки тергов органлари ўртасида “Йилнинг энг яхши суриштирувчиси” ва “Йилнинг энг яхши терговчиси” танловини ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил

1 август

Бош прокуратура,

ИИВ, ДХХ, ДБҚ, Миллий гвардия, манфаатдор вазирлик ва идоралар

21.

Суриштирувчилар ва терговчилар ўртасида ижобий тажриба алмашиш тизимини жорий этиш.

1. Ҳар йили суриштирув ва терговчиларнинг профессионал малакаси ва тажрибасини оширишга ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, шунингдек терговчиларнинг халқаро миқёсидаги рейтингини кўтаришга қаратилган “Ўзбекистон Республикаси профессионал суриштирувчилар ва терговчилар симпозиуми”ни ўтказиш амалиётини жорий этиш.

2. Симпозиумга суриштирув ва тергов органларининг энг тажрибали ходимлари, соҳа фаҳрийлари, ёш мутахассислар, ҳуқуқшунос талабалар, илғор хорижий давлат мутахассислари, адвокатлар, судьялар, олимларни жалб қилиш.

Режа-график асосида

Бош прокуратура,

ИИВ, ДХХ,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

22.

Жиноятларнинг фош этилиши, тергови, ушбу жиноятларни келиб чиқишига сабаб бўлувчи омилларни аҳолига таъсирчан етказиб бериш механизмини яратиш.

Мураккаб, кўп эпизодли ва ўта оғир жиноятларнинг фош этилиши ҳамда тергови хусусида драма, детектив, трагедик ва бошқа турдаги асарлар, кино ва саҳна асарларини яратиш ишларини ташкил этиш.

Мунтазам равишда

Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси,

Бош прокуратура,

Олий суд,

ИИВ, ДХХ,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

 

Умумий таклифлар: 63

4661