Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
16276 Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги 25/03/2020 09/04/2020 10
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-16276

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги
ПФ-5938-сон Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2020 йил
18 февралдаги ПҚ-4602-сон Қарорига мувофиқ, шунингдек, мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизимини илмий ва инновацион жиҳатдан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти (кейинги ўринларда Институт деб аталади) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, Институт маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи, фуқаролар йиғинларини аҳолининг чинакам маслакдошига айлантириш ва “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари этиб белгилансин:

жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасида устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, фанлараро фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларни натижаларини амалиётга жорий этиш;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш;

маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш ва такомиллаштириш;

Институт фаолияти йўналишлари бўйича республикадаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш,
хориий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан
халқаро алоқаларни ривожлантириш;

оммавий ахборот воситаларида, жумладан телевидение ва интернет-ресурсларда илмий тадқиқотлар натижаларини кенг ёритиш, шунингдек, аҳолининг маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашдаги ижтимоий фаолликларини оширишда иштирок этиш.

3. Белгилансинки, Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган
ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисоб рақамларига эга бўлади.

Институт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти тўғрисидаги устав 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирига, зарур ҳолларда, Институт тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

бинолар ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетлари маблағлари;

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Нуроний” жамғармаси маблағлари;

хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан келиб тушган тушумлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгилаб қўйилсинки, Институт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

6. Белгилансинки:

Институт директори Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг тавсиясига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

директор ўринбосарлари Институт директорининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Институт директори меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазир ўринбосарига, директорнинг ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғига тенглаштирилади.

7. Белгилаб қўйилсинки, Институт директори, энг аввало:

Институт зиммасига юклатилган асосий вазифалар ижросини таъминлаш бўйича сифатли тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда таъсирчан, илмий асосланган ва амалий таклиф ва тавсияларни, таҳлилий материалларни ишлаб чиқишга;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантиришга шахсан жавобгардир.

8. Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар Институтга унинг сўровига кўра зиммасига юклатилган вазифалар билан боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлар, статистик ва бошқа маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборотнинг тақдим этилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоилий кўчаси,
1Г-уй манзилидаги бинони оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Институтга бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

10. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 37-Ф-сон фармойишига асосан Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Мирзо Улуғбек кўчаси, 69-уй манзилида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино (кейинги ўринларда объект деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказига оператив бошқарув ҳуқуқи билан текин берилганлиги;

объектга бўлган ҳуқуқ белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳамда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганлиги;

 объектда қурилиш, реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 октябрдаги 862-Ф-сон Фармойиши талабларида белгиланганлиги;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик кенгашининг объектда қурилиш, реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишларини якунлаш учун Фонд маблағларининг 40 фоизи ажратилганлиги;

ушбу объектда қурилиш, реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишлари якунлангач, мулкий мажмуа туташ ҳудуди билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилиши маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда:

Институтни юкланган вазифаларни бажариш учун зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш;

Институтни халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, мебель ва бошқа техник воситалар билан жиҳозлаш тавсия этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ 2020 йилда Институтни сақлашга бюджет маблағларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ижтимоий соҳа учун тасдиқланган параметрлари доирасида ажратсин, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан “Илм-фан” соҳасига ажратиладиган харажатлар параметрларида назарда тутсин;

Институтга 4 та автотранспорт, шу жумладан 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

14. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 26 мартдаги 229-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Маматов, Вазирлар Маҳкамасининг Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти ҳамда Институт директори зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири                                                                               А.Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___” апрелдаги ___-сон қарорига
2-илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти тўғрисидаги
УСТАВ

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтининг (кейинги ўринларда Институт деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Институт маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашга кўмаклашувчи, фуқаролар йиғинларини аҳолининг чинакам маслакдошига айлантириш ва “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш ишларини илмий-услубий ва ахборот-таҳлилий таъминлаш фаолиятини амалга оширувчи ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Институт маҳалла ва оила институтларини ривожлантириш соҳасида амалга ошириладиган фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни экспертизадан ўтказишда иштирок этади, тадқиқотлар натижалари амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.

3. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг буйруқлари, қарорлари
ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга амал қилади.

4. Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисоб рақамларига эга бўлади.

5. Институтнинг расмий номи:

1) давлат тилида:

тўлиқ номи – Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, қисқартмаси – “Маҳалла ва оила” институти;

2) инглиз тилида:

тўлиқ номи – Scientific Research Institute “Makhalla and family” under the Ministry for the Support of Mahalla and Family of the Republic of Uzbekistan, қисқартмаси – Institute “Mahalla and Family”;

3) рус тилида:

тўлиқ номи – Научно-исследовательский институт «Махалля и семья» при Министерстве по поддержке махалли и семьи Республики Узбекистан, қиқартирилган номи – Институт «Махалля и семья»;

6. Институт жойлашган жой (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоилий кўчаси, 1Г-уй.

 

2-БОБ. “МАҲАЛЛА ВА ОИЛА” ИНСТИТУТИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФА ВА ФУНКЦИЯЛАРИ

 

7. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари ҳисобланади:

жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасида устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, фанлараро фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларни натижаларини амалиётга жорий этиш;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш;

маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш ва такомиллаштириш;

Институт фаолияти йўналишлари бўйича республикадаги таълим
ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, хориий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш;

оммавий ахборот воситаларида, жумладан телевидение ва интернет-ресурсларда илмий тадқиқотлар натижаларини кенг ёритиш, шунингдек, аҳолининг маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашдаги ижтимоий фаолликларини оширишда иштирок этиш.

8. Институт ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни тўлақонли ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш соҳасида устувор йўналишларни шакллантиришда иштирок этиш, фанлараро фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларни натижаларини амалиётга жорий этиш соҳасида:

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилларининг асосий мезонлари ҳамда уларга асосланган тизимни фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятига тўлақонли ва самарали жорий этиш механизмлари бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқади, бу борада ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди;

аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқади;

маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган илмий асосланган таклифлар ва таҳлилий материалларни тайёрлайди;

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтиришга қаратилган таклифлар ва методик тавсиялар ишлаб чиқади;

маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни тўлақонли
ва самарали жорий этиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган фанлараро фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга оширади, уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш чораларини кўради;

б) маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантириш соҳасида:

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган концепциялар лойиҳаларини ишлаб чиқади, шунингдек
комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурлар лойиҳаларига илмий асосланган таклифлар тайёрлайди;

жамиятнинг бетакрор ижтимоий тузилмаси ҳисобланадиган маҳалла институтини аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилади ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

оила ва никоҳ, репродуктив саломатлик, шунингдек, оилаларда соғлом турмуш тарзи, маънавий-аҳлоқий тарбия, иқтисодий, ҳуқуқий билимлар, тиббий маданиятни ошириш, оилавий муносабатлар психологияси бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда кенг жамоатчиликка методик тавсиялар тайёрлайди;

соғлом оила қуриш, соғлом фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзини юритиш асосларини хотин-қизлар орасида манзилли тарғиб этиш ишларини амалга оширади, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда кенг жамоатчиликка мўлжалланган методик тавсиялар тайёрлайди;

оила институтида кутилаётган ўзгаришлар таҳлили ва прогнозларини ишлаб чиқади, демографик ривожланиш ва оила фаровонлиги ўсиши даражасини ўрганади, таҳлил қилади ҳамда концептуал йўналишлар бўйича илмий асосланган таклифлар ва таҳлилий материалларни тайёрлайди;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий фаолликларини ошириш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсияларни тайёрлайди;

хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга,
шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик
ва моддий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқади;

ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш амалиётини таҳлил қилади;

маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ва методик тавсиялар ишлаб чиқади;

в) маҳаллалар ва оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик ва осойишталикни таъминлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни, шу жумладан оилавий қадриятларни мустаҳкамлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш соҳасида:

маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларни ўрганади, таҳлил қилади ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, оиланинг фарзанд тарбияси борасидаги масъулиятини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлашда оиланинг тутган ўрнини тарғиб қилиш, шунингдек намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини оммалаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоатчилик тузилмаларига маҳаллалардаги ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш масалаларида услубий тавсиялар ишлаб чиқади;

эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги соғлом муносабатларни йўлга қўйиш, оила ва никоҳни сақлаб қолишдаги ўзаро масъулиятини таъминлаш масалаларини ўрганади;

нотинч ва муаммоли оилалардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича таклифлар ва методик тавсиялар ишлаб чиқади;

умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида маҳаллаларда ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ методик тавсиялар ишлаб чиқади;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш илмий асосланган таклифлар тайёрлайди;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, умуминсоний, миллий ва оилавий қадриятларни ривожлантиришда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ошириш ҳамда жамиятда замонавий оиланинг намунали моделини, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги ахборотни тайёрлайди ва халқаро ҳамжамиятига етказади;

г) маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш соҳасида:

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, улардаги жамоатчилик тузилмалари фаолиятига оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади;

умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида оила институтини мустаҳкамлаш бўйича,
энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқади;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш тизимини ўрганади, таҳлил қилади ҳамда соҳага оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, улардан ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

д) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасидаги долзарб илмий муаммоларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этиш, шунингдек ушбу соҳада юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш ва такомиллаштириш соҳасида:

маҳаллаларда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳудудларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқаролар йиғинларининг роли ва мавқеини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари бўйича мунтазам равишда илмий семинарларни, давра суҳбатларини ташкил этиб боради;

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни жорий этиш, маҳаллаларда аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш тизимини кучайтиришда устувор вазифалар каби мавзулар бўйича илмий, илмий-амалий конференциялар ўтказади;

маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, хонадон ва кўчаларнинг ободлигини ташкиллаштириш, маънавият ва маърифат ишларини таъсирчанлигини ошириш каби йўналишларга бағишланган илмий, илмий-амалий конференциялар, семинарлар, йиғилишлар ташкил этади;

ўтказилган тадбир натижалари бўйича таҳлилий материаллар ва илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқади;

Институтда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасида юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, илмий ходимларнинг касбий даражасини доимий ошириб бориш тизимини жорий этади;

е) Институт фаолияти йўналишлари бўйича республикадаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш, хориий мамлакатларнинг илғор илмий-тадқиқот муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш соҳасида:

олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот муассасалари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳаларида инновацияларни жорий этишга йўналтирилган чора-тадбирларни ўзаро ҳамкорликда амалга оширади;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш соҳасида, шу жумладан, манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, олий таълим муассасалари ва вазирликлар ва идораларнинг тасарруфида бўлган бошқа илмий муассасалари билан биргаликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот ишларини амалга оширади;

Институтнинг асосий вазифа ва функциялари билан боғлиқ йўналишларда илмий конференциялар, семинарлар, ҳамкорликдаги тадқиқотлар, лойиҳалар, ходимларнинг тажриба алмашиши ва уларни ўқитиш бўйича халқаро, хорижий илмий-тадқиқот муассасалари, институтлар ва марказлар билан ҳамкорликни ривожлантиради;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ йўналишларда бакалавр ва магистрларни тайёрлашда илмий-методик кўмаклашади, шунингдек, Институт базасида бу соҳада илмий кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ йўналишларда мутахассислар тайёрловчи таълим муассасалари учун илмий, ўқув, ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини нашр этишга тайёрлаш ишларида иштирок этади;

хорижий мамлакатларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими ҳамда оилаларни мустаҳкамлаш соҳаларида фаолият юритаётган миллий институтлари билан яқин ва фаол ҳамкорликни амалга оширади;

илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан биргаликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этади;

Институт негизида, шу жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда стажировкадан ўтиш, маҳорат дарсларини ташкил этади ва ўтказади;

маҳалла ва оила институтининг долзарб масалалари бўйича ёзги ва қишки мактаблар, илмий маърузалар ва мунозаралар майдончаларини ташкил этади;

ё) оммавий ахборот воситаларида, жумладан телевидение ва интернет-ресурсларда илмий тадқиқотлар натижаларини кенг ёритиш, шунингдек, аҳолининг маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлашдаги ижтимоий фаолликларини оширишда иштирок этиш соҳасида:

ўз фаолияти, шу жумладан амалга оширилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари тўғрисидаги материалларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб боради;

Институт фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтларни, шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни яратади, турли шакллардаги тарғибот материалларини чоп этади;

аҳолининг “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни жорий этишдаги дахлдорлик ҳиссини ҳамда фуқаролик масъулиятини ошириш бўйича оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернетдаги расмий веб-сайтларида, ижтимоий тармоқларда ташвиқот ишларини ташкил этади;

кенг жамоатчиликнинг оилалар мустаҳкамлиги, аҳоли саломатлиги, хонадон ва кўчаларнинг ободлиги, ёшлар тарбияси, бандлик, маънавият ва маърифат ишларидаги ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган турли тарғибот лойиҳаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

 

3-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

9. Институт ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан ва уларнинг мансабдор шахсларидан Институт зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни, шу жумладан статистик маълумотларни сўраш ва бепул олиш;

Институтга юкланган вазифаларни бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан, хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, соҳага оид қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш каби масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига таклифлар киритиш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлашнинг долзарб ва истиқболли вазифаларини ҳал қилиш учун ташкил этилган ишчи гуруҳлар йиғилишларида, эксперт кенгашлари ва комиссиялар ишида иштирок этиш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ соҳаларда дастурлар, ўқув қўлланмалар, илмий асарлар тўпламлари, илмий-амалий конференциялар материаллари, методик тавсиялар, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича қўлланмалар тайёрлаш ва нашр қилиш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалалар бўйича илмий-амалий конференциялар, семинарлар, форумлар, давра суҳбатлари
ва бошқа тадбирлар ўтказиш, халқаро лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ йўналишлар бўйича илмий-педагик кадрлар тайёрлаш, илмий даражалар бериш учун докторантура ва илмий кенгаш тузиш;

Институт зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун олимлар, мутахассислар ва Институт ходимлари иштирокида вақтинча ижодий гуруҳларни тузиш;

Институт ходимларини қонунчиликда белгиланган тартибда моддий рағбатлантириш, муассасанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун даромад шаклида олинган маблағларни жалб этиш;

ўз ваколати доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар,
илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ даврий илмий, услубий ва амалий нашрлар чиқариш ҳамда тарқатиш;

Институт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

10. Институт қуйидагиларга мажбур:

ушбу Уставда белгиланган асосий вазифалар ва функцияларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, фуқаролар йиғинларини аҳолининг чинакам маслакдошига айлантириш, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, хотин-қизлар ва кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш бўйича илмий асосланган тавсияларни мунтазам равишда ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳар ойда камида бир маротаба таҳлилий материаллар ва илмий асосланган таклифларни тақдим этиб бориш;

ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат органларига ҳисобот бериш;

Институт қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

4-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

 

11. Институт ўз фаолиятини бевосита Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.

12. Институт фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг тавсиясига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор умумий раҳбарлик қилади.

Институт директори унинг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга эга бўлади.

13. Институт директори меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазир ўринбосарига, директорнинг ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғига тенглаштирилади.

14. Институт директори:

Институт зиммасига юклатилган асосий вазифалар ижросини таъминлаш бўйича сифатли тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда таъсирчан, илмий асосланган ва амалий таклиф ва тавсияларни, таҳлилий материалларни ишлаб чиқишга;

маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган концепцияларни, комплекс, мақсадли, соҳавий ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишнинг илмий-методологик асосларини шакллантиришга шахсан жавобгардир.

15. Институт директори ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун:

Институт фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири билан келишган ҳолда бошқарув ходимлари сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Институтнинг штат жадвалини тасдиқлайди;

 Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири билан келишган ҳолда зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузади
ва уларни бекор қилади;

Институт ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқ
ва йўриқномаларни қабул қилади;

Институт директори ўринбосарлари ва бўлим бошлиқларининг ҳисоботларини эшитади;

Институт ходимларини қонун ҳужжатларига мувофиқ рағбатлантириш шаклларини белгилайди, лавозим маошларига устама ва қўшимча тўловларни белгилайди, ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича буйруқлар чиқаради, уларни интизомий жазога тортиш масалаларини ҳал қилади;

Институтнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, бўлим бошлиқлари ва ходимларининг функционал вазифаларини тасдиқлайди;

ҳар йили 25 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири билан келишган ҳолда Институт тадбирлари календарь режасини, илмий-тадқиқот ишларининг мавзули режаларини шакллантиради ва тасдиқлайди;

Институтнинг ҳисоботлари ва услубий ишланмаларини тасдиқлайди;

Институтнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Институтнинг активларини тасарруф этади, мол-мулкни бошқариш тўғрисида қарорлар қабул қилади, молиявий, тўлов-ҳисоб-китоб ва бошқа ҳужжатларни имзолайди, узрли ҳолларда Институт масъул мансабдор ходимларига ишончномалар беради;

Институт номидан юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлари билан шартнома ва меморандумлар тузади;

зарур ҳолларда, Институт тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирига таклифлар киритади;

қонун ҳужжатларига ва ушбу Уставга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.

16. Институт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари меҳнат қонунчилиги, лавозим йўриқномаси, ички меҳнат қоидалари, жамоавий ва меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланади.

17. Институт директорининг ўринбосарлари:

таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг буйруқлари, қарорлари ва фармойишларига, Институт директорининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

таркибий бўлинмалар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун Институт директорига киритади;

Институт директорига таркибий бўлинмаларда ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича таклифларни киритиш, уларнинг касбий маҳоратини, малакасини, амалий тажрибасини, ишчанлик ва ахлоқий фазилатларини юқори даражада таъминлаш, уларнинг касбий малакаларини ошириш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўради;

Институтнинг таркибий бўлинмалари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилади, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитади, якунлари бўйича зарур чораларни кўради.

18. Институт директори вақтинчалик бўлмаганда унинг ваколатларини ўринбосарларидан бири бажаради.

19. Институт ҳузурида директор (Илмий кенгаш раиси), фаолиятнинг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), Институт таркибий бўлинмалари раҳбарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масъул ходимлари, Фанлар академияси вакиллари, шунингдек, турдош илмий-тадқиқот институтларида ва ташкилотларда ишловчи етакчи олимлар, малакали мутахассислар ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларидан иборат таркибда Илмий кенгаш ташкил этилади.

Институт Илмий кенгашининг шахсий таркиби, аъзолари сони ва низоми Институт директори тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан тасдиқлайди.

Институт Илмий кенгашининг иш тартиби Институтнинг иш режаларига мувофиқ ташкил этилади.

 

 

 

5-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

 

20. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:

бинолар ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;

Давлат илмий-техника дастурларини амалга ошириш учун ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетлари маблағлари;

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Нуроний” жамғармаси маблағлари;

хўжалик фаолиятидан ҳамда шартнома асосида тадқиқотлар ўтказишдан келиб тушган тушумлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

21. Институт ўзининг кўчмас ва кўчар мол-мулкига, пул маблағларига,
шу жумладан чет эл валютасидаги пул маблағлари, қимматли қоғозлари
ва бошқа мол-мулкига эга бўлиши мумкин.

Хўжалик, илмий-техник фаолиятдан тушган даромадлар, шунингдек, хайрия, ҳомийлик маблағлари ва беғараз тушумлар ҳисобига сотиб олинган мулк ва воситалар Институт мулки ҳисобланади.

22. Институтнинг даромади солиққа тортилмайди.

23. Барча тадқиқот материаллари, шунингдек, тузилган шартномаларга мувофиқ бажарилган тадқиқотлар Институт фаолиятининг интеллектуал мулки объектлари ҳисобланади.

24. Институт директори белгиланган иш ҳақи фондини тежашдан ҳамда бюджетдан ташқари тушган, шунингдек, ходимларнинг тасдиқланган штатлар жадвалида назарда тутилган штат бирликлари етишмаслигидан иқтисод қилинган маблағлардан ходимларни моддий рағбатлантиришда, Институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда фойдаланишга ҳақлидир.

25. Институт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Институт ходимлари аввалги узоқ йиллик иш стажи учун оладиган қўшимча ҳақлар ва устамалар сақлаб қолинади.

26. Институт директори Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири билан билан келишган ҳолда Институтнинг ўз маблағлари ҳисобидан хизмат вазифалари ташаббус кўрсатиб ва виждонан бажарилишини рағбатлантириш мақсадида юқори малакали ходимларни белгиланган тартибда лавозим маошининг 100 фоизгача миқдорда ойлик устамалар белгилашга, ҳар чоракда мукофотлашга, бирйўла моддий ёрдам тайинлашга ҳақли.

Институт ходимларини моддий рағбатлантиришга маблағлар етишмаган ҳолларда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.

 

6-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ
ҲАМДА УНИНГ ФАОЛИЯТИ
САМАРАДОРЛИГИ
ВА НАТИЖАДОРЛИГИ
ИШЧИ ИНДИКАТОРЛАРИ

 

27. Институт фаолияти самарадорлиги мунтазам равишда баҳоланади.

28. Институт фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Институт фаолиятини баҳолаш мезонларига ҳамда унинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги ишчи индикаторларига асосланади.

29. Институт фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Институт раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (тақдирлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;

Институт фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.

30. Институт фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

 

7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 

31. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Институтга юкланган вазифалар самарали бажарилиши юзасидан доимий равишда Институт фаолияти мониторингини олиб боради.

32. Институт қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

33. Ушбу Устав талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Умумий таклифлар: 0

1848