Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
16135 Учтепа туман ҳокимияти 20/03/2020 04/04/2020 0

Муҳокама якунланди

Ҳоким қарори
Тўйлар, оилавий тантаналар
ID-16135

 

 

 

ЛОЙИҲА

 

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги №2736-III/КҚ-592-III-сон Қўшма қарори ижросини таъминлаш ҳамда Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини ихчамлаштириш, намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш ва ушбу масалада тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ҳамда доимий мониторингини йўлга қўйиш ва тартибга солиш мақсадида,Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги №2736-III/КҚ-592-III-сон Қўшма қарори маълумот ва ижро учун қабул қилинсин;
  2. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом 1-иловага, Халқ депутатлари Учтепа  туман Кенгаши ҳузуридаги Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссия тузилсин ва унинг таркиби 2-иловага, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин;
  3. Учтепа тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари (Б.Мирзаев) ва туман маданият бўлими бошлиғи (А.Азизов)тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни миллий қадриятларига мос тарзда ихчам ва камхарж ўтказишга эришиш учун санъаткорлар томонидан хизматлар кўрсатилишни тартибга солиш чораларини кўрсин;
  4. Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича  Учтепа туман бошқармаси бошлиғи (С.Ахмедов) тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишда жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чораларини доимий равишда кўриб борсин;
  5. Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши ҳузуридаги Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссияси, Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учтепа туман бошқармаси бошлиғи (С.Ахмедов) ва фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учтепа туман Кенгаши (З.Азимбаева) билан биргаликда Низом талабларидан келиб чиқиб, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ташкил этиш ва ўтказишда ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг фаолиятини ташкил этиш чораларини кўрсин;
  6. Учтепа туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Т.Тураев), бошқа оммавий ахборот воситаларига, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига риоя этилиши ҳолати, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг ҳақиқий моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг халқ оммасига мунтазам етказиб бериш тавсия этилсин;
  7. Халқ депутатлари Учтепа тумани Кенгаши ҳузуридаги Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссияси тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказилишининг доимий мониторингини амалга ошириб борсин ва унинг натижаларига кўра тегишли таклифларни Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашига киритиб борсин;
  8. Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ахборот киритиб борсин.
  9. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Халқ депутатлари Тошкент шаҳарКенгашида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссияси тузиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг Қўшма сессияси 418-III/65/12-1-сонли қарорини 3-банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.
  10. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг доимий комиссиялари зиммасига юклатилсин.
  11. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
  12. Мазкур қарор билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом қабул қилинган кундан бошлаб амалга киритилади.

 

Халқ депутатлари

Учтепа туман Кенгаши раиси                                   Ф.Абдуллаев

 

 

 

 

 

Халқ депутатлари Учтепа туман

Кенгашининг“____”__________

-сонлиқарорига

1-илова

 

 

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака

ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги

низом

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга, жамоат тартибини сақлашга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилган.

Мазкур Низом Тошкент шаҳрида ўтказиладиган расмий маросимлар, давлат ва жамият олдидаги буюк хизматларига эга шахсларни хотирлаш ва юбилей муносабатлари билан бўлиб ўтадиган, шунингдек, давлат идоралари, корхона ва муассасаларнинг ташкил этилган куни билан боғлиқ тадбирларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади.

2-боб. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни

 ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талаблар

3. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Учтепа тумани шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари Учтепатуман Кенгаши томонидан ош бериш маросимининг вақти қўйидагичабелгиланади:

  1. Эрта вақти бериладиган ош (Наҳор ва Амру-маъруф)соат-7:00–9:00 гача
  2. Пешин вақти бериладиган ош соат - 11:00 – 13:00 гача

 

Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.

Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

4. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;

никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;

шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;

маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

5. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

6. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда лицензияланадиган фаолият туридан фойдаланилган тақдирда, лицензияли хизмат кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахслар тўйхона, кафе, ресторан маъмуриятига ва ушбу хизматдан фойдаланувчиларга бу каби хизматларни кўрсатишга рухсат берувчи лицензиянинг нусхасини тақдим этади.

7. Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш”, “пул сочиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

8. Тўйхона, кафе ва ресторанларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар иштирокчилари сонига, уларни ўтказиш вақтига қатъий риоя этиш;

атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини ҳамда маиший шовқинга қарши кураш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузмаслик;

озиқ-овқат маҳсулотлари сифат сертификати талаблари даражасида бўлиши ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш лозим.

9. Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 ва ундан ортиқ шахс иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ва хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

10. Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилаётганда хавфсизлик чораларини таъминлаши шарт.

11. Ушбу Низомнинг 3, 4-бандларида, 8-бандининг учинчи ва тўртинчи, хатбошиларида, 9-бандининг иккинчи, учинчи хатбошиларида, 10-бандида назарда тутилган қоидалар хонадонларда (гузарларда) ташкил этиладиган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларга ҳам татбиқ этилади.

3-боб. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда жамоатчилик ва давлат органларининг иштироки

12. Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссиялар (бундан буён матнда ҳудудий комиссиялар деб юритилади), Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учтепа туманКенгаши, “Нуроний” жамғармасиУчтепа туманКенгаши, Маънавият тарғибот марказиУчтепа туман бўлими, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасиУчтепа туман бўлими, Учтепа туман“Оила” илмий-амалий маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идорасиУчтепа туман вакили, Ўзбекистон ёшлар иттифоқиУчтепа туман Кенгаши ўз ваколатлари доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назорати ташкил этилишини таъминлайди.

13. Халқ депутатлари Учтепа тумантўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича комиссияси:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этади, шунингдек, бу борада мониторингни амалга оширади;

кенг жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боради ҳамда ўрнатилган тартибга риоя этмаган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилган ҳолда жамоатчилик ўртасида муҳокама қилади.

14.Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Учтепа туманКенгаши, “Нуроний” жамғармаси Учтепа туманКенгаши:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ миллий қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориши ва тегишли тавсиялар бериши;

тўй эгалари томонидан содир этиладиган миллий урф-одатва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик каби хатти-ҳаракатлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши, тегишли талабларга риоя этилмаган ҳолатларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиши;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадрият ва анъаналарни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича жамоавий суҳбатлар ташкил этиши;

ҳудудда ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир оилавий тадбирдан хабардор бўлиши, унинг ўтказиладиган жойи, иштирокчилар сони бўйича маълумотга эга бўлиши;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлардан олдин ва кейин ўтказиладиган ортиқча расм-русум ва маросимларнинг олдини олиш чораларини кўриши лозим.

15. Маънавият тарғибот маркази Учтепа туман бўлими:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда миллий қадриятларимизга ёт бўлган “оммавий маданият” унсурлари намоён бўлишининг олдини олиш мақсадида мунтазам маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб бориши;

оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали намунали тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириши, ижтимоий роликлар яратиши, услубий қўлланмалар ва тарғибот материаллари тайёрлаши;

маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ФҲДЁ идораларида никоҳдан ўтаётган келин-куёвларга оила маънавияти, ахлоқива аждодларимизнинг мустаҳкам оила ҳақидаги ўгитлари баён қилинган маълумотлар, китоблар ва бошқа материаллар бериб бориш амалиётини йўлга қўйиши лозим.

16. Хотин-қизлар қўмитаси Учтепа туман бўлими, Учтепа туман “Оила” илмий-амалий маркази:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни режалаштирган оила вакиллари билан, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида суҳбатлар ташкил этиши;

хотин-қизларга тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни камхарж қилиб ўтказишни, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтириши;

“Ота-оналар университети” машғулотларида сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа носоғлом орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатларини тушунтириши лозим.

17. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Учтепа туман Кенгаши:

турмуш қуриш арафасида турган ёшлар билан ижтимоий-психологик суҳбатлар уюштириши, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаши, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши;

ёшлар ўртасида урф бўлаётган “оммавий маданият”, “севги тарихи”, қимматбаҳо машиналар кортежи ва бошқаларнинг салбий оқибатларини кўрсатиб берадиган ижтимоий роликлар ва фильмлар, бадиий асарлар тайёрлаш ҳамда тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириши лозим.

18. ФҲДЁ органлари:

никоҳдан ўтиш мақсадида ариза берган шахслар ҳамда уларнинг ота-оналари билан яшаш жойларида, маҳаллада суҳбатлар уюштириши, уларга никоҳдан ўтиш тартиб-таомиллари, тўй маросимларини камхарж ва ихчам ўтказиш бўйича тушунтириш бериши;

маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда дин уламолари, тиббиёт ходимлари, психологлар иштирокида“Ёш келин-куёвлар клуби”, “Оила мактаби”, “Қудалар суҳбати” каби курслар ташкил қилиши;

никоҳдан ўтиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказгандан сўнг уч иш кунида никоҳланувчи шахслар яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинини бу ҳақда хабардор қилиши лозим.

19. Ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши лозим.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.

20. Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан доимий депутатлик назоратини амалга оширади.

Депутатлик назорати натижалари бўйича маҳаллий урф-одатлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб, халқ депутатлари Учтепатуман Кенгаши томонидан ушбу Низом доирасида тегишли ҳудуддаги тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа қўшимча талаблар ҳамда тавсиялар белгиланиши мумкин.

Умумий таклифлар: 0

273