ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1603 Министерство юстиции Республики Узбекистан 26/12/2018 10/01/2019 10

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида
ID-1603

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш
ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастурини тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қонун ижодкорлиги фаолиятини самарали режалаштириш, Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар Концепциясида, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорларида назарда тутилган қонун лойиҳаларининг сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилишини таъминлаш, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. 2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Дастурга киритилган қонун лойиҳаларини (кейинги ўринларда қонун лойиҳалари деб аталади) ишлаб чиқиш бўйича асосий ижрочи сифатида белгиланган вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари:

2019 йилнинг 10 февралига қадар қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш режа-графикларининг белгиланган тартибда тасдиқланишини;

2019 йилнинг 15 февралига қадар режа-графиклар нусхаларини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилишини;

қонун лойиҳаларининг сифатли тайёрланишини, жамоатчилик ва мутахассислар иштирокида муҳокама этилишини, ҳар томонлама экспертизадан ўтказилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминласинлар.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

қонун лойиҳаларининг тайёрланиши, келишилиши ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши юзасидан мувофиқлаштириш ишларини;

қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизадан сифатли ўтказилиши, шунингдек, Дастурнинг ижросини мониторинг қилиб борилишини;

Дастур ижросининг ҳолати тўғрисидаги ахборотнинг ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини белгиланган тартибда таъминласин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига  ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳуқуқий экспертиза, халқаро шартномалар ва ташқи алоқаларни ривожлантириш бошқармасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

                    А. Арипов

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил
“___” _________ даги ____-сон қарорига

ИЛОВА

 

2019 йилда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш

ДАСТУРИ

 

Т/р

Қонун лойиҳасининг ишчи номи

Қонунни қабул қилиш зарурлигининг асосланиши ва у қабул қилинган тақдирда кутиладиган натижалар

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар

Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш муддатлари

Қонунчилик палатасига киритишнинг тахминий муддати

I. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида назарда тутилган қонун лойиҳалари

1.

“Ўқитувчининг мақоми тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ–3931-сон қарори билан тасдиқланган
2018 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини янада такомиллаштириш бўйича
чора-тадбирлар дастурининг 1-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

ўқитувчи мақоми, педагогик фаолиятининг принципларини аниқлаштириш;

ўқитувчилар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

ўқитувчи шаъни ва қадр-қиммати кафолатлари, шу жумладан ўқитувчиларни уларнинг профессионал фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилишни, шу жумладан айбдор шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш орқали тақиқлаш;

ижтимоий таъминот ва индивидуал педагогик фаолият ҳуқуқини белгилаш;

ўз профессионал ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўқитувчиларни уюшма (иттифоқ) ва бошқа ташкилотларга бирлашиш ҳуқуқини белгилаш.

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги

2019 йил
январь

2019 йил
февраль

2.

“Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ–5590-сон Фармони билан тасдиқланган
2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурининг
1-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида давлат кафолати, уларнинг асосий тушунча ва тамойиллари;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш соҳаси мутахассислари ва тиббиёт ташкилотларининг фаолиятида, давлат органлари ваколатлари;

ёрдамчи репродуктив технологияларни қўллаш тартиби;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича профилактик чора-тадбирлар.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Адлия вазирлиги,
Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси

2019 йил
февраль

2019 йил
март

3.

“Ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий таъсир чораларининг кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ–5582-сон Фармони билан тасдиқланган Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 5-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш, жумладан, божхона идентификация воситаларига қасдан шикаст етказганлик учун жарима санкциялари миқдорини оширишга қаратилган.

Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура,
Адлия вазирлиги

2019 йил
февраль

2019 йил
март

4.

“Эрта ёшдаги болалар
ва гўдакларни овқатлантириш тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ–5590-сон Фармони билан тасдиқланган
2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурининг
2-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

она сути билан озиқлантиришни тарғиб қилиш йўли билан эрта ёшдаги болаларни ва гўдакларни ҳимоя қилиш, хавфсиз
ва сифатли овқатлантиришни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари;

кўкрак сути ўрнини босувчилар маркетинги Кодекси талабларига мувофиқ кўкрак сути ўрнини босувчилар маркетингини бошқариш;

кўкрак сути билан озиқлантиришнинг афзаллиги тўғрисидаги маълумотларни, маҳсулотни қадоқлаш этикеткасида бўлиши шартлиги;

эрта ёшидаги болалар учун озиқ-овқат маҳсулотларини ёшига мувофиқлиги
ва бехатарлиги асослари.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Адлия вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (келишув асосида), Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги

2019 йил
февраль

2019 йил
март

5.

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”
(янги таҳрирда)

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги ПҚ–3856-сон қарори билан тасдиқланган Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга доир “Йўл харитаси”нинг
2-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

аҳолини иш билан таъминлашни ташкиллаштиришнинг замонавий самарали шакллари;

аҳолини иш билан таъминлашда хусусий ташкилотларнинг ролини ошириш;

жамоат ишлари, ташқи меҳнат миграциясини ташкил этиш масалалари.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги

2019 йил
март

2019 йил
апрель

6.

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ–3808-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг
6-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси оилавий бизнесни янада ривожлантириш орқали оилалар фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш учун қулай шароит яратишга қаратилган

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил,
Савдо-саноат палатаси, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси

2019 йил
апрель

2019 йил
май

7.

“Маданият тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ–4038-сон қарорининг
8-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

маданият соҳасида давлат сиёсатининг асосий тамойиллари ва йўналишлари, уларни амалга оширишда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ваколатлари;

маданият соҳасида фуқаролар, миллат
ва элатларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари;

маданий объектларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиблари, шунингдек уларни молиялаштириш
ва бошқаришнинг ўзига хос хусусиятлари;

ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, маданият соҳасидаги ходимларнинг ижтимоий ҳимояси;

маданий алмашув, халқаро ташкилот
ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик, маданият объектлари ва санъат асарларини оммалаштириш.

Маданият вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Ўзбекистон композитор ва бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

2019 йил
апрель

2019 йил
май

8.

“Маҳаллаий давлат ҳокимияти тўғрисида”
(янги таҳрирда)

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида” 2018 йил
17 августдаги ПФ–5515-сон Фармонининг 25-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси Тошкент шаҳрида ўтказилган ҳуқуқий эксперимент якунларига кўра амалдаги Қонунни янада такомиллаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишга қаратилган.

Адлия вазирлиги,
Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги,
Давлат бошқаруви академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

2019 йил
май

2019 йил
июнь

9.

“Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ–5590-сон Фармони билан тасдиқланган
2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурининг
4-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

мажбурий тиббий суғуртани татбиқ этишнинг механизмлари
ва босқичларининг ҳуқуқий асосларини белгилаш;

мажбурий тиббий суғурта субъектларини, уларнинг ҳуқуқ
ва мажбуриятларини ва соҳада ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи ваколатли органни белгилаш;

мажбурий тиббий суғурта дастурларини молиялаштириш манбалари шакллантириш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Лойиҳа бошқаруви
миллий агентлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, Адлия вазирлиги

2019 йил
июнь

2019 йил
июль

10.

“Кексалар, ногиронлар
ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларига ижтимоий хизмат кўрсатиш тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ–3808-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг
7-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш, оилаларга кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар сифатининг стандарти ҳамда оилаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича хизматлар тақдим этиш сифатининг мониторинги тизимини яратишга қаратилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Оила” маркази, “Нуроний” жамғармаси, Ногиронлар жамияти, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ

2019 йил
июнь

2019 йил
июль

11.

“Маданий
ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ–4038-сон қарори билан тасдиқланган 2019–2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 4-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги ва “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш
ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларни танқидий қайта кўриб чиқиш ҳамда маданий мерос объектлари бўйича ягона тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга қаратилган.

Маданият вазирлиги, Адлия вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

2019 йил
июль

2019 йил
август

12.

“Тиббий фаолият
ва тиббиёт ходимларининг касбий жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги ПФ–5590-сон Фармони билан тасдиқланган
2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастурининг
6-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилади:

тиббий ходимларнинг касбий фаолиятни амалга оширишда жавобгарлиги
ва мажбурияти, шунингдек улар томонидан фуқароларга хизмат кўрсатилганлиги;

тиббий ходимларнинг фуқаролар соғлиғига зарар етказгани учун касбий жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш вақтида уларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси,
Адлия вазирлиги,
Молия вазирлиги,
Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги

2019 йил
август

2019 йил
сентябрь

13.

“Оила кодексига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги ПҚ–3808-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг
8-бандида назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси оила масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириш асосида Оила кодексининг оилавий ҳуқуқий муносабатларнинг жавобгарлик мезонларини аниқлаш, алиментларни белгилаш, ажрашиш вақтида аёллар
ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормаларини янада такомиллаштиришга қаратилган.

 

 

Адлия вазирлиги,
Олий суд, “Оила” маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ

2019 йил
сентябрь

2019 йил
октябрь

II. Мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давлат бошқаруви органларининг 1ташаббуслари ва таклифлари асосида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳалари

14.

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”
(янги таҳрирда)

Қонун лойиҳаси:

фуқаролик масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нормаларини юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига ўтказиш;

тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини беришнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилишни назарда тутади.

Қонуннинг қабул қилиниши фуқароликка кириш ва чиқиш билан боғлиқ жараённи соддалаштириш асосида фуқаролар учун қулай шароитлар яратиш имконини беради.

Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги,
Ташқи ишлар вазирлиги, Далват хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура

2019 йил
май

2019 йил
июнь

15.

“Жиноят-процессуал
ва Фуқаролик кодексларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси

Қонун лойиҳаси қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўллаш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда тегишли давлат идораларининг бюджетдан ташқари  жамғармалари ҳисобидан қопланишини, кейинчалик ушбу сумма айбдор шахсдан ундириб олинишини назарда тутади.

Қонунинг қабул қилиниши:

мансабдор шахслар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг адолатлилиги
ва уларнинг фуқаролар олдидаги жавобгарлигини ошириш;

коррупцияга карши кураш тўғрисидаги қонунчилик коидаларини бажариш;

Давлат бюджети манфаатларини ҳимоя қилиш;

давлат органлари фаолиятининг сифатини ошириш;

қарор қабул қилувчи мансабдор шахсларнинг жисмоний ва юридик шахслар олдидаги жавобгарлилигини ошириш;

коррупцияга карши кураш тўғрисидаги қонунчилик коидаларини бажариш ҳамда Давлат бюджети манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Молия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура,
Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги

2019 йил
июнь

2019 йил
июль

16.

“Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйҳатидан ўтказиш ҳақида”

Қонун лойиҳаси:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар
ва у билан боғлиқ битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш;

кўчмас мулкнинг ягона давлат реестри юритилишини таъминлаш;

давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона тартиби, унда иштирок этадиган субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгилаш;

юртимизда кўчмас мулкка оид бўлган ишончли ва аниқ маълумотлар базасини шакллантиришга йўналтирилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси талабларидан келиб чиқиб, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйҳатидан ўтказиш механизмини қонун асосида тартибга солиш имконини яратади.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

2019 йил
июнь

2019 йил
июль

17.

“Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш
ва қўшимчалар қиритиш тўғрисида”

Қонун лойиҳасида:

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ваколатларини кенгайтириш, шу жумладан банк сирларини очиш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи органлар ўртасида ахборот алмашиш вақтида олинган махфий ахборотни ошкор қилиш бўйича чекловларни белгилаш назарда тутилади.

Қонунинг қабул қилиниши ички фонд бозорини жаҳон сармояси бозорига, хорижий инвестициялар оқимига интеграциялашга имкон беради.

Давлат рақобат қўмитаси, Марказий банк,
Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги,

2019 йил
июль

2019 йил
август

18.

Ер кодекси
(янги таҳрирда)

Ер кодексини қайта кўриб чиқиб, унинг нормаларини амалга оширилаётган ислоҳатларнинг бугунги кун талабларига мувофиқлаштириш орқали:

иқтисодиётнинг муҳим йўналишларида давлат-хусусий шерикчилик муносабатлар жорий этиш;

иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш, унинг ривожланишида тадбиркорлик субъекталарнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

ер участкаларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг
ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштириш тамойилларини мустахкамлаш;

аҳоли томонидан фойдаланиб келинаётган ер участкаларининг ўрнатилган миқдордан ортиқ майдонларининг ҳуқуқий муносабатларини белгилаш имконини беради.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси

2019 йил
сентябрь

2019 йил
октябрь

19.

“Геодезия
ва картография тўғрисида”
(янги таҳрирда)

Қонуннинг қабул қилиниши:

бугунги кунда ишлаб чиқариш
ва бошқарув технологияларини ривожланганлиги, шунингдек, ишлаб чиқариш фаолият йўналишлари иқтисодий ва технологик ривожланганлиги бугунги кундаги тенденциялари ва шартларига жавоб берадиган геодезия ва картография сохасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосининг шаклланишига;

қонунни турли талқин қилиш ва қўллаш учун шароит яратувчи умумий, ноаниқ хусусиятга эга бўлган бир нечта меъёрлар, шунингдек реферанс қоидаларини бартараф этишга;

бугунги кунда геодезия ва картография фаолиятининг моҳиятини, хусусан, “Давлат сунъий йўлдош геодезия тармоғи”, “Давлат картография-геодезия кадастри”
каби замонавий ахборот-коммуникация
ва рақамли технологияларни жорий этиш билан боғлиқ масалаларни акс эттиришга йўналтирилган.

 

 

 

“Давергеодезкадастр” қўмитаси, Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги

2019 йил
сентябрь

2019 йил
октябрь

20.

“Органик қишлоқ хўжалиги
ва ишлаб чиқариш тизимлари тўғрисида”

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

Ўзбекистон Республикасида органик қишлоқ хўжалиги, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотишни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асослари;

органик қишлоқ хўжалиги ва органик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни бошқаришнинг институтционал асослари;

органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек рухсат этилган моддалар ва усулларни ишлаб чиқиш қоидалари;

органик маҳсулотларни сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш жараёнлари;

ишлаб чиқариш субъектларини авторизациялаш ва ваколат доирасини баҳолаш жараёнлари;

органик маҳсулотларни тамғалаш.

Қонуннинг қабул қилиниши:

мазкур соҳадаги барча ваколатли вазирлик ва идораларнинг мажбурият ҳамда вазифалари аниқ белгиланади;

органик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш доирасидаги назорат тизимлари
ва сертификатлаштириш институларининг аккредитацияланиши бўйича давлат стандартлари қабул қилинади;

ишлаб чиқариш субъектлари, жумладан органик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи, экспорт ва импорт қилувчиларни рўйхатга олиш учун давлат авторизациялаш тизими яратилади;

илмий ва амалий асосланган аниқ таклифлар ва тавсиялар асосида органик маҳсулотларни ташқи бозорларга самарали экспорт қилиш тизими ва миллий органик бозорлар яратилади;

органик қонунчилик ҳамда органик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимини яратиш учун ягона мувофиқлаштирувчи орган белгиланади;

органик қишлоқ хўжалиги ва органик ишлаб чиқариш доирасидаги миллий сиёсий тамойиллар белгиланади;

органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳаққоний савдоси бўйича сифатни таъминлаш тизими ва бозор тамойиллари ўрнатилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология
ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги

2019 йил
сентябрь

2019 йил
октябрь

21.

“Архив иши тўғрисидаги Қонунга ўзгартириш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

нодавлат архивларининг фаолиятини ривожлантириш;

ҳужжатларини Миллий архив фондида доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирлик ва идоралар архивларининг мақомини белгилаш;

архив биноларига бўлган талабларни белгилаш.

Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда архив иш фаолияти ривожланиши билан бир қаторда ҳужжатларнинг йўқолишини олдини олиш ва фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини химоя қилиш бўйича шароит яратади.

 

“Ўзархив” агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги

2019 йил
октябрь

2019 йил
ноябрь

22.

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”

Қонун лойиҳасида:

товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга аниқлик киритиш;

электрон шаклда талабномалар топшириш;

товар белгисини ҳаммага маълум
деб эътироф этилиши учун хулоса берувчи органни аниқлаш;

юридик шахс тугатилганда товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилишини Интеллектуал мулк агентлиги  Апелляция кенгашининг қарори асосида тугатиш имкониятини яратиш назарда тутилади.

Интеллектуал мулк агентлиги, Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги

2019 йил
октябрь

2019 йил
ноябрь

23.

“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш ҳақида”

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши ички сув йўлларида ҳавфсиз сузишни таъминлаш, атроф муҳит ва сув бассейнларини ҳимоя қилиш, кема эгалари томонидан кемалардан фойдаланишда меъёр ва қоидаларга риоя қилиш, сув объектларида авария ҳолатлари
ва одамларнинг ҳалок бўлишини олдини олувчи чораларни аниқлаштириш, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганда маъмурий таъсир чоралари қўлланиладиган сув транспорти (сузувчи воситалар) диапазонини кенгайтириш имконини беради. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдорининг оширилиши кемалар эгаларининг жавобгарлигини оширади.

 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология
ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

2019 йил
ноябрь

2019 йил
декабрь

24.

“Рақобат тўғрисида”
(янги таҳрирда)

Қонун лойиҳаси:

давлат томонидан тартибга солинадиган фаолият соҳаларини қисқартириш мақсадида табиий монополия соҳалари рўйхатини кескин қайта кўриб чиқиш;

монополияга қарши курашиш механизмини такомиллаштириш;

монополист корхоналар билан бирга бир хилда табиий монополия субъектларига нисбатан тегишли чораларни кўриш;

интеллектуал мулк ҳуқуқларини
ва монополияга қарши фаолият ҳуқуқларининг мувозанатини таъминлаш;

ахборот тизимлари бозорини тартибга солиш хусусиятларини назарда тутади.

Қонун лойиҳасини қабул қилиш табиий монополиялар соҳасида тартибга солишни кучайтириш, қонун бузилиш ҳолати учун табиий монополия субъектларининг жавобгарлигини ошириш, шунингдек ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида рақобатни тартибга солишни таъминлаш имконини беради.

Давлат рақобат қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Интеллектуал мулк агентлиги

2019 йил
ноябрь

2019 йил
декабрь

25.

“Молия бозори
ва молиявий хизматлар тўғрисида”

Қонун лойиҳасида:

молиявий бозорлар, молия ташкилотлари ва молиявий хизматларнинг аниқ тарифлари;

молиявий хизматлар тамойиллари;

молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу жумладан хизматлар турларини бирлаштириш бўйича чеклашлар;

молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни назорат қилиш тартиби;

молиявий омбудсман институтини жорий этиш назарда тутилади.

Қонуннинг қабул қилиниши молиявий хизматлар бозорини янада ривожлантириш, молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек, молиявий хизматлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришни таъминлайди.

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банк, Давлат рақобат қўмитаси

2019 йил
ноябрь

2019 йил
декабрь

26.

“Фазовий маълумотлар инфраструктураси ҳақида”

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

фазовий маълумотларни яратиш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида муносабатларни тартибга солиш  асосларини белгилаш;

фазовий маълумотлар инфраструктурасини яратиш ҳамда ривожлантиришнинг асосий мақсади;

давлат органлари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фазовий маълумотлардан фойдаланиш эҳтиёжидан келиб чиқиб ушбу фазовий маълумотлардан ишончли, тезкор ва самарали фойдаланиш.

Қонуннинг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг фазовий маълумотлар базасига кириш ҳамда улардан самарали фойдаланиш имкониятини яратади.

“Давергеодезкадастр” қўмитаси, Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги

2019 йил
ноябрь

2019 йил
декабрь

27.

“Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
15 августдаги “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ–5511-сон ҳамда 2018 йил 17 августдаги “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги ПФ–5515-сон фармонларида белгиланган қоидаларни инобатга олган ҳолда хуқуқий эксперимент ўтказишнинг асосий принцип
ва механизмлари, ҳуқуқий, ташкилий
ва иқтисодий асослари назарда тутилади.

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

ҳуқуқий экспериментни ўтказишнинг умумий шартлари ва доираси, шунингдек унинг натижаларини баҳолаш тартибини белгилаш;

давлат ҳокимияти органларига бошқа масъул идораларнинг ваколатлари
ва мажбуриятларининг ўтиши тартиби;

ҳуқуқий экспериментни ўтказиш муддати, муддатидан олдин якунлаш
ва синалган нормаларни республиканинг бошқа ҳудудларига татбиқ қилиш тартиби.

Адлия вазирлиги,
Бош прокуратура, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги

2019 йил
ноябрь

2019 йил
декабрь

28.

“Трансферлаш
ва технологиялар трансфери тўғрисида”

Қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери механизмларини белгилаш;

янги инновацион компаниялар, фирмаларни бошланғич молиялаштиришда банк секторининг аҳамиятини белгилаш;

сотиш, айирбошлаш, ҳадя, ворислик, венчур молиялаштириш учун товар кўринишидаги номоддий активларни белгилаш.

Қонуннинг қабул қилиниши янги
иш ўринларини, илм-фанга асосланган
ва юқори технологияли ишлаб чиқариш ҳамда хизматларни ташкил этиш мақсадида интеллектуал мулк бозорининг шаклланишини таъминлаш, банк капитали айланмасини барқарорлаштириш
ва тезлаштириш, интеллектуал мулк объектларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш учун уларни мамлакатга олиб кириш ва олиб чиқишни таъминлаш имконини яратади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банк, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси,
Молия вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги

2019 йил
ноябрь

2019 йил
декабрь

 

Умумий таклифлар

1300