ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1596 Генеральная прокуратура Республики Узбекистан 25/12/2018 10/01/2019 7

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида
ID-1596

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

 

Ушбу Қонуннинг мақсади тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан назорат қилиш фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

 “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида ўтказиладиган текширишларга;

коммунал хизматлар етказиб берилиши, истеъмоли ва улар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилишини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширишга;

қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтказиладиган текширишларга, шунингдек жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган терговга қадар текширишларга;

давлат муассасалари фаолиятини текширишга;

нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини текширишга (улар табдиркорлик фаолиятини амалга оширган ҳолатлар бундан мустасно) (улар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган ҳолатлар бундан мустасно);

норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналари ва доимий муассасалари фаолиятини текширишга;

тадбиркорлик субъектлари ва/ёки уларнинг муассислари ташаббуси билан ўтказиладиган текширишларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Давлат корхоналари фаолиятини текшириш бюджет ташкилотлари учун ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

2-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Солиқ текшируви йўли билан амалга ошириладиган давлат назоратининг хусусиятлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

давлат назорати – профилактик тадбирлар, текширишлар
ва текширишдан кейинги таҳлил ўтказиш тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунчилик талаблари қаратилган фаолияти;

давлат назорати – назорат қилувчи органларнинг профилактик тадбирлар, текширишлар ва текширишдан кейинги таҳлил ўтказиш орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган фаолияти;

назорат қилувчи органлар — тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар;

текшириш – назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), улар ишлаб чиқараётган ва реализация қилаётган товарларнинг (бажарилаётган ишлар, кўрсатилаётган хизматларнинг) қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуи;

молия-хўжалик фаолиятини текшириш – солиқ, божхона ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш;

текшириш дастури – тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича назорат саволномаси.

 

4-модда. Давлат назоратини амалга оширишнинг асосий принциплари

 

Давлат назоратини амалга оширишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

назорат қилувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик;

тадбиркорлик субъектларининг қонуний фаолиятига аралашмаслик;

тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва унинг давлат томонидан назорат қилиниши билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик, унинг барвақт олдини олиш ва профилактикаси самарадорлигини оширишни таъминлаш.

5-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида профилактика чора-тадбирлари

 

Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қуйидагиларга йўналтирилган профилактика чора-тадбирларини амалга оширади:

ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш;

уларнинг фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш;

ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабабларини, уларни келтириб чиқарадиган шарт-шароитларни аниқлаш ва ўрганиш;

ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш;

тадбиркорлик субъектларида жавобгарликка тортилиш хавфини камайтириш.

Профилактик чора-тадбирлар назорат қилувчи органлар томонидан ўзлари тасдиқлаган ҳар чораклик манзилли дастурлар асосида ҳуқуқий ташвиқотлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Профилактик чора-тадбирлар ўтказиш давомида ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ҳуқуқбузарлик содир этилиши сабабларини ва уни келтириб чиқарган шарт-шароитларни ўрганиб чиқиши шарт.

Профилактик чора-тадбирлар натижаларига кўра назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик ёки уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан таклифлар берилади.

Профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклаш ва ҳар қандай кўринишдаги ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

 

6-модда. Хавфни таҳлил қилиш” тизими

 

“Хавфни таҳлил қилиш” тизими тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятида қонун ҳужжатларини бузиш хавфи даражасини давлат назоратининг тегишли соҳасидга оид аниқ мезонлар асосида аниқлаш механизмини назарда тутади.

“Хавфни таҳлил қилиш” тизими тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро алоқага киришмасдан қўлланилади, улар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли назорат органларига ҳисоботлар тақдим этиш ҳоллари бундан мустасно.

Назорат қилувчи органлар фаолиятига “хавфни таҳлил қилиш” тизимини жорий этиш мезонлари ва тартиби назорат қилувчи органлар томонидан ваколатли орган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳолда, ўзлари амалга оширадиган назорат хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланади.

7-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳақида қарор қабул қилиш учун асослар

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳақида қарор қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчиликни бузиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида “хавфни таҳлил қилиш” тизими натижалари.

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ҳақида қарор қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўла олади:

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга оид солиқ ва божхона қонун ҳужжатларини мунтазам равишда (молия йили давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузиш;

энг кам иш ҳақининг юз бараваридан ортиқ миқдорда солиқ қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатлари аниқланганда;

устав жамғармасида эллик фоиздан ортиқ давлатнинг улуши бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва божхона қонун ҳужжатларини бузиш ҳолатлари аниқланганда.

Ушбу модда иккинчи қисмининг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатларда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тўғрисидаги қарор давлат солиқ қўмитаси органлари томонидан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилганидан сўнг қабул қилинади.

8-модда. Текширишларни ташкил этиш тартиби

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш қуйидагича ташкил этилади:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда – ваколатли орган) билан келишилган ҳолда;

ваколатли органни хабардор этиш тартибида.

Ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган асосларга кўра ўтказиладиган текширишлар ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширишлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

9-модда. Назорат қилувчи органларнинг текширишларни ўтказувчи мансабдор шахсларига қўйиладиган талаблар

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш назорат қилувчи органларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтган ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома олган мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишига хизмат гувоҳномаси, текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома ва ушбу Қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

2-боб. Текширишларни мувофиқлаштириш

 

10-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган

 

Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида:

назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳақидаги талабномаларининг асослилигини кўриб чиқади ва ўрганади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар ўтказишга рухсат бериш ёки уни рад этиш, шунингдек, уларнинг муддатини узайтириш ёки кўчириш тўғрисида қарор қабул қилади;

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўради;

давлат назоратини амалга ошириш соҳасида ягона ҳисоб ва ҳисоботлар юритишни таъминлайди;

назорат қилувчи органларнинг давлат назорати ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти мониторингини олиб боради ва уни баҳолайди;

назорат қилувчи органлар томонидан давлат назоратини амалга оширишда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти олиб борилишини таъминлайди.

Ваколатли органнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш бўйича қарорлари назорат қилувчи органлар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

11-модда. Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизими

 

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларнинг барчаси назорат қилувчи органлар томонидан мажбурий тартибда Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллардан ташқари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказмасдан туриб текшириш ноқонуний ҳисобланади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, хабардор этиш тартибида ўтказиладиган алоҳида текширишлар улар якунланган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Ўтказилган текширишлар натижалари, шу жумладан қўлланилган таъсир чоралари назорат қилувчи органлар томонидан Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимига текшириш якунланган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида, қўлланилган таъсир чораларининг натижалари эса улар қабул қилинган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида киритилади.

Белгиланган тартибда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган ахборот Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимига киритилмайди.

Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимини юритиш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади.

3-боб. Текширишларни ўтказиш асослари, муддатлари ва тартиби

 

12-модда. Текширишларни ўтказиш асослари

 

Ваколатли орган билан келишилган ҳолда текширишлар ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган рухсатнома;

назорат қилувчи органнинг ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган рухсатнома асосида қабул қилинган, текшириладиган тадбиркорлик субъектининг номи ва почта манзили, солиқ тўловчининг идентификацион рақами, назорат қилувчи органнинг текширувчи мансабдор шахслари таркиби, текшириш ўтказиш муддати ва мақсади, текшириш даври кўрсатилган қарори;

назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш дастури.

Хабардор этиш тартибида амалга ошириладиган текширишларни ўтказиш учун назорат қилувчи орган томонидан қабул қилинган, ушбу модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган қарор ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш дастури асос бўлади.

13-модда. Текширишларни ўтказиш муддатлари

 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида ёки тадбиркорлик субъектлари фаолиятида “хавфни таҳлил қилиш” тизими натижалари бўйича назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларнинг муддатлари ўз календарь кунидан ошмаслиги лозим.

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш муддатлари ўттиз календарь кунидан ошмаслиги лозим.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишнинг ушбу Қонун билан белгиланган энг узоқ муддати назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномаларига кўра ваколатли органнинг рухсати билан фақат бир марта узайтирилиши мумкин. Бунда текшириш ўтказишнинг узайтирилаётган муддати унинг асосий муддатидан ошмаслиги шарт.

Текшириш ўтказиш муддати ёки унинг бир қисми текшириш ўтказишга имкон бўлмаган ҳолда назорат қилувчи органларнинг асослантирилган талабномаларига кўра фақат ваколатли органнинг рухсати билан тўхтатиб турилиши ва (ёки) кўчирилиши мумкин. Бунда кўчирилган муддатдаги текшириш ваколатли органдан кўчириш тўғрисидаги рухсатнома олинган пайтдан бошлаб ўттиз календарь куни ичида якунланиши лозим.

Ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширишларнинг муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади. Бундай текширишларнинг муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва кўчириш ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган тартибда ваколатли органни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади.

14-модда. Текширишларни ўтказиш тартиби

 

Текширишларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Текшириш ўтказишни бошлашдан олдин назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси тадбиркорлик субъектининг раҳбари ёки унинг ўрнини босувчи шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорга имзо қўйдирган ҳолда:

тадбиркорлик субъектини текширишнинг мақсади билан таништиради, унга ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради;

ўз хизмат гувоҳномаси ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномани тақдим қилади;

текширилаётган тадбиркорлик субъектига ушбу Қонуннинг 12-моддасида назарда тутилган, текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларнинг нусхаларини топширади;

белгиланган тартибда текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдиради.

Қонунда белгиланган ҳолларда ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган хатти-ҳаракатлар текшириш якунлангунига қадар амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектининг ушбу Қонуннинг 12-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар нусхаларини олишни рад этиши текширишни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Тадбиркорлик субъекти мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси томонидан далолатнома тузилади. Бу ҳолда далолатнома тузилган пайт текширишни ўтказиш бошланган пайт ҳисобланади.

Тадбиркорлик субъектларини текшириш фақат назорат қилувчи органнинг текшириш ўтказиш ҳақидаги қарорида кўрсатилган давр ичида, шунингдек, текшириш дастурида назарда тутилган масалалар доирасида ўтказилади.

Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишда фақат уларнинг текшириш ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги беш календарь йилдан ортиқ бўлмаган, бошқа текширувларда эса уч календарь йилдан ортиқ бўлмаган фаолияти қамраб олиниши мумкин.

Бунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш фақат ўтказилган сўнгги текширувдан кейинги, бироқ янги текшириш ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги ушбу модданинг олтинчи қисмида белгиланган муддатлардан ортиқ бўлмаган даврни қамраб олади.

Белгиланган тартибда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган ахборот билан боғлиқ текширишлар давлат сирларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг хусусиятларини инобатга олинган ҳолда ўтказилади.

15-модда. Текширишларни рўйхатга олиш китоби

 

Текшириш бошланишидан олдин тадбиркорлик субъекти текширувчи мансабдор шахсга тегишли қайдларни киритиш учун текширишларни рўйхатга олиш китобини тақдим қилади.

Мансабдор шахс текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортган ҳолда ёки тадбиркорлик субъекти текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этилган маълумотларнинг текшириш ўтказилиши учун асос бўлган ҳужжатларга номувофиқлигини аниқланганда текширувчи мансабдор шахс текширишга қўйилмайди.

Текширишларни рўйхатга олиш китоби ёзма ёки электрон шаклда тўлдирилади.

Белгиланган тартибда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган ахборот текширишларни рўйхатга олиш китобига қайд этилмайди.

Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш, шунингдек, унинг электрон шаклини юритиш шакли ва тартиби ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

 

16-модда. Текширишлар ўтказиш чоғида назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 

Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари текширишлар ўтказиш чоғида ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тадбиркорлик субъектларидан зарур ҳужжатларни ва текшириш предмети ва дастури билан боғлиқ бошқа маълумотларни талаб қилиш;

текшириш ўтказиш жараёнини фото, аудио ва видеотехника воситалари ёрдамида қайд этиш;

текширилаётган тадбиркорлик субъектларига аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

зарур ҳолларда экспертларни жалб қилиш ва қонунчиликда белгиланган тартибда экспертиза тайинлаш;

объектив асослар мавжуд бўлган тақдирда, ваколатли органга текшириш ўтказиш муддатларини узайтириш, тўхтатиб туриш ва (ёки) кўчириш ҳақида талабнома ёки хабарнома киритиш.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг қонуний талаблари текширилаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари текширишлар ўтказиш чоғида қуйидагиларни бажаришга мажбурдирлар:

тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритишига, текширишлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун ўз вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари бирлашмаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг вакилларини жалб этишига, шунингдек, мазкур шахсларнинг текширишлар чоғида ҳозир бўлишига тўсқинлик қилмаслик;

тадбиркорлик субъектларига текшириш предметига дахлдор масалалар юзасидан оғзаки тушунтиришлар бериш, шунингдек, уларга текширишларнинг бориши ҳақидаги маълумотларни тақдим қилиш;

белгиланган тартибда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган ахборотларни ошкор этилмаслигини таъминлаш;

текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхасини текширилаётган тадбиркорлик субъектига текшириш тугаган куни тақдим этиш;

текширишлар ўтказиш давомида жиноят аломатлари аниқланган тақдирда қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш.

Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишлар ўтказиш чоғида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

17-модда. Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектлари текширишлар ўтказиш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

назорат қилувчи органларнинг текшириш ўтказувчи мансабдор шахсларидан текшириш ўтказиш учун асос ҳисобланувчи ҳужжатларни талаб қилиш, текширувчиларнинг шахсини ва текшириш ўтказиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари билан танишиш;

ўтказилаётган текшириш тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан Текширишларни рўйхатга олишнинг ягона электрон тизимидан олиш;

текширишда иштирок этиш учун ўзи аъзо бўлган тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакилларини таклиф этиш;

текширишларни рўйхатга олиш китобида қайд этилган маълумотларни текширувчи мансабдор шахс тақдим қилган ҳужжатлардаги маълумотлар билан солиштириш;

текширишга уни ўтказиш учун асос бўлувчи ҳужжатларни тақдим қилмаган, текширув тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилмаган, ўз хизмат гувоҳномасини ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномани кўрсатмаган, текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортган шахсларни, шунингдек, қарорда кўрсатилган текшириш муддатлари бошланмаган ёки ўтиб кетган ҳолларда текшириш ўтказишига қўймаслик;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига дахлдор бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик;

текшириш ўтказишда ҳозир бўлиш;

текшириш ўтказиш жараёнини фото, аудио ва видеотехника воситалари ёрдамида қайд этиш;

таржимон, адвокат ва солиқ маслаҳатчиси хизматларидан фойдаланиш;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларидан текшириш тугаган куни текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхасини олиш;

текшириш предметига дахлдор масалалар бўйича тушунтиришлар бериш, шунингдек, текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада изоҳлар ва эътирозлар баён этиш;

қонунда белгиланган тартибда текшириш натижалари устидан шикоят қилиш.

Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектлари текширишлар ўтказиш чоғида қуйидагиларни бажаришга мажбурдирлар:

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларининг қонуний талабига кўра текшириш предмети ва дастурига дахлдор бўлган, текшириш ўтказиш учун зарур материаллар ва ҳужжатларни тақдим қилиш;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларини текшириш объектларига киритиш;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларига ўз вазифаларини бажаришида кўмаклашиш.

Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

4-боб. Текшириш натижаларининг расмийлаштирилиши ва текшириш материалларининг назорат қилувчи орган томонидан кўриб чиқилиши

 

18-модда. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани тузиш

 

Текшириш натижалари бўйича назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади ва унда қуйидагилар кўрсатилади:

далолатнома тузилган сана, вақт ва жой;

назорат қилувчи орган номи, текшириш ўтказган мансабдор шахсларнинг исми, фамилияси, отасининг исми ва лавозими;

ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган рухсатноманинг, текшириш ўтказиш тўғрисидаги қарорнинг санаси ва рақами;

фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъекти – юридик шахснинг номи, раҳбари ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёхуд фаолияти текширилаётган якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектига унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги ҳолати;

текширишда тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари аъзолари, адвокат, солиқ маслаҳатчиси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари қатнашганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

текширишларни рўйхатга олиш китобининг тўлдирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ўтказилган текшириш муддати;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг текширилган даври;

текшириш натижалари, шу жумладан текшириш давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар.

Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси ва фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъекти – юридик шахс раҳбари (раҳбар бўлмаган пайтда унинг ўрнини босувчи шахс), фаолияти текширилаётган якка тартибдаги тадбиркор томонидан имзоланади.

Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъектига топширилган кун текшириш ўтказиш тугаган кун ҳисобланади.

Фаолияти текширилаётган тадбиркорлик субъекти текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани олишдан бош тортса, назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага тегишли қайдларни киритади ва шу пайтдан бошлаб текшириш тугаган ҳисобланади. Бундай ҳолда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхаси тадбиркорлик субъектига бир иш кунидан кечиктирилмасдан буюртма хати шаклида почта орқали юборилади.

19-модда. Назорат қилувчи орган томонидан текшириш материалларининг кўриб чиқилиши

 

Текшириш материаллари назорат қилувчи орган раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан текшириш тугаганидан сўнг ўн иш куни ўтгач, бироқ ўн беш иш кунидан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Тадбиркорлик субъекти текшириш далолатномаси юзасидан ўзининг ёзма тушунтиришлари ёки эътирозларини текшириш тугаганидан сўнг ўн иш куни ичида тақдим этишга ҳақли. Бундай ҳолларда текшириш материаллари тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари иштирокида кўриб чиқилади. Назорат қилувчи орган текшириш материалларини кўриб чиқиш санаси, вақти ва жойи ҳақида уни белгиланган тартибда кўриб чиқиш кунидан камида икки иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилади.

Агар тадбиркорлик субъекти назорат қилувчи органга узрли сабабларга кўра текшириш материалларини кўриб чиқишда қатнаша олмаслигини маълум қилса, назорат қилувчи орган раҳбари ёки унинг ўринбосари текшириш материалларини кўриб чиқиш вақтини уч иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга кечиктириш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда тадбиркорлик субъекти хабардор қилинади. Агар тадбиркорлик субъекти такрорий чақирувга қарамасдан текшириш материалларини кўриб чиқишга келмаса, ушбу материаллар, шу жумладан тадбиркорлик субъекти томонидан тақдим этилган тушунтиришлар ва эътирозлар унинг иштирокисиз кўриб чиқилади.

Текшириш материалларини кўриб чиқишда қонунчиликни бузиш аломатларининг мавжудлиги, қўлланилаётган молиявий ва иқтисодий санкциялар ҳажми ва тури, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатларининг мавжудлиги, шунингдек, текшириш материалларини кўриб чиқишда аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар аниқланади.

Текшириш материалларини кўриб чиқишда баённома юритилиб, унда қуйидагилар кўрсатилади:

текшириш материалларини кўриб чиқиш санаси ва жойи;

текшириш материалларини кўриб чиқаётган мансабдор шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми ҳамда лавозими;

текшириш материалларини кўриб чиқишда иштирок этувчи шахслар келганлиги тўғрисидаги маълумотлар кўриб чиқилаётган текшириш материаллари;

текшириш материалларини кўриб чиқишда иштирок этаётган шахсларнинг тушунтиришлари, аризалари ва уларни кўриб чиқиш натижалари;

текшириш материалларини кўриб чиқиш давомида ўрганилган ҳужжатлар;

текшириш материалларини кўриб чиқиш тўғрисидаги бошқа маълумотлар.

Текшириш материалларини кўриб чиқиш баённомаси текшириш материалларини кўриб чиққан мансабдор шахс ҳамда кўриб чиқишда иштирок этган бошқа шахслар томонидан имзоланади.

20-модда. Текшириш материалларини кўриб чиқиш натижаси бўйича назорат қилувчи органнинг қарори

 

Текшириш материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича назорат қилувчи орган раҳбари ёки унинг ўринбосари назорат қилувчи орган ваколатлари доирасида қарор қабул қилади, унда қуйидагилар назарда тутилади:

аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш, етказилган зарар ва/ёки зиённи қоплаш, шунингдек, такроран ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилмаслик чораларини кўриш мажбуриятини юклаш;

содир этилган ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектини жавобгарликка тортиш ёки уни рад этиш.

Текшириш материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича назорат қилувчи органнинг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

ўтказилган текширишда аниқланган, тадбиркорлик субъекти томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, мазкур ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар;

содир этилган аниқ ҳуқуқбузарлик, ушбу ҳуқуқбузарлик ва унга нисбатан қўлланиладиган жавобгарлик чоралари назарда тутилган қонун ҳужжатлари нормалари;

ҳуқуқбузарликни бартараф этиш муддатлари;

йўл қўйилган ҳуқуқбузарликларни белгиланган муддатларда бартараф этган тақдирда тадбиркорлик субъектининг жавобгарликдан озод бўлиш ҳуқуқи.

Текшириш натижалари ва назорат қилувчи органнинг ваколатларидан келиб чиққан ҳолда қарорда бошқа маълумотлар ҳам кўрсатиб ўтилиши мумкин.

Текшириш материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича назорат қилувчи орган қарорининг нусхаси у қабул қилинган кундан бошлаб икки иш кунидан ошмаган муддатда тадбиркорлик субъектига тилхат олиб топширилади ёки қарор етказилган санадан далолат берадиган бошқа усулда етказилади. Қарор нусхасини тадбиркорлик субъектига топшириш имкони бўлмаган ҳолларда у буюртма хати шаклида почта орқали юборилади ва хат юборилганидан сўнг уч кун ўтгач топширилган ҳисобланади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

 

21-модда. Ваколатли орган, назорат қилувчи органларнинг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

 

Тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг қарори, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари устидан ўз ихтиёрига кўра юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга ёхуд қонунчиликда белгиланган тартибда бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга шикоят қилиш тадбиркорлик субъектини худди шундай шикоятни судга ва (ёки) бошқа ваколатли органларга йўллаш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Ваколатли органларнинг ҳудудий бўлинмалари қарорлари устидан йўлланган шикоят ваколатли орган ёки суд томонидан, ваколатли органнинг қарорлари устидан йўлланган шикоят фақат суд томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Юқори турувчи органга ёки судга шикоят бериш тегишинча шикоят бўйича назорат қилувчи органнинг юқори турувчи органи томонидан қарор қабул қилингунига ёки суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар шикоят қилинаётган қарорни ёки ҳаракатни ижро этишни тўхтатиб туради, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар ёки қарорлар бундан мустасно. Тадбиркорлик субъекти қайси органнинг қарори ёки мансабдор шахсининг ҳаракатлари устидан шикоят қилаётган бўлса, ўша органни юқори турувчи органга ёки судга шикоят берганлиги тўғрисида тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қилиши шарт.

 

22-модда. Назорат қилувчи органнинг текшириш натижалари тўғрисидаги қарорининг ҳақиқий эмаслиги

 

Агар текширув ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилган ҳолда ўтказилган бўлса, назорат қилувчи органнинг текшириш натижалари тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилади.

Назорат қилувчи органнинг текшириш натижалари тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш масаласи суд томонидан кўриб чиқилади.

Назорат қилувчи органнинг текшириш натижалари тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, мазкур қарор текшириш давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун далил ҳисобланмайди.

23-модда. Текширишдан кейинги таҳлил

 

Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари томонидан йўл қўйилган мунтазам қонун бузилишларининг сабабларини аниқлаш мақсадида олиб борилган текширишлар натижалари бўйича текширишдан кейинги таҳлилларни ўтказади.

Текширишдан кейинги таҳлил фақатгина текширишлар ўтказиш натижалари бўйича олинган маълумотлар асосида амалга оширилади.

Назорат қилувчи органлар томонидан текширишдан кейинги таҳлилни амалга ошириш давомида мунтазам қонун бузилишларининг сабаблари умумлаштирилади, унинг натижалари асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича келгусида профилактика тадбирлари ўтказиш учун таклифлар ишлаб чиқилади.

Текширишдан кейинги таҳлилни амалга ошириш чоғида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашишга, ҳар қандай маълумот ва ҳужжатлар талаб қилишга, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини чеклашга, текширишлар ўтказишга ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

24-модда. Тадбиркорлик субъектлари ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари фаолиятига аралашмаслик кафолатлари

 

Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ тарзда амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Агар назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқласалар, улар ўзларига берилган ваколат доирасида ва муайян қоидабузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чора-тадбирларни кўришлари мумкин. Назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик ҳолати мавжудлигидан хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқа қонуний фаолиятига аралашиш ёки уни чеклаш учун асос сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари ёки бошқа ҳаракатлари натижасида тадбиркорлик субъектга етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

Текшириш ўтказиш чоғида тадбиркорлик субъектлари, текширишда иштирок этиш учун таклиф қилинган тадбиркорлик субъектлари бирлашмалари аъзолари, адвокатлар ва солиқ маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари томонидан назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига аралашишга, уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.

25-модда. Назорат қилувчи органларнинг текширишлар ўтказиш фаолияти самарадорлигини баҳолаш

 

Назорат қилувчи органларнинг текширишлар ўтказиш фаолияти самарадорлигини баҳолаш ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишлар ўтказиш фаолияти самарадорлиги қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида профилактика тадбирларини амалга ошириш, улар томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилиниши даражасини ошириш ва мунтазам ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;

тадбиркорлик субъектларига улар томонидан йўл қўйилган ва текширишлар чоғида аниқланган ҳуқуқбузарликларни тузатиш имконини беришга қаратилган ишларни амалга ошириш;

ўтказилаётган текширишларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги.

Назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан текширишлар ўтказиш фаолияти самарадорлигини аниқланган ҳуқуқбузарликлар, кўрилган ҳуқуқий таъсир чоралари, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг давлат даромадига ўтказилган мулки миқдори асосида баҳолашга йўл қўйилмайди.

Назорат қилувчи органларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш натижалари ваколатли орган томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.

 

26-модда. Давлат назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Давлат назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

27-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти
ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура ва бошқа ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

28-модда. Айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

 

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги 717–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, 1-сон, 8-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 82–II-сонли Қонуни XXX бўлими (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 йил,
5-6-сон, 153-модда); 

3) Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги 175–II-сонли Қонуни (
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, 1-2-сон,
23-модда);

4) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 621–II-сонли Қонуни XVII бўлими (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил,
5-сон, 90-модда); 

5) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги 714–II-сонли Қонуни I бўлими 44-банди (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил,
1-сон, 18-модда);

6) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 23 мартда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларини текширишлар сони қисқартирилганлиги ҳамда текширишлар тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–26-сон Қонуни 2-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2006 йил, 3-сон,
119-модда);

7) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 14 декабрда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш тартибини такомиллаштириш мақсадида ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–127-сон Қонуни 3-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2007 йил, 12-сон, 598-модда);

8) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган “Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ–197-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2008 йил, 12-сон,
640-модда);

9) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 15 сентябрда қабул қилинган “Давлат солиқ хизмати органлари тизими янада модернизация қилиниши муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–256-сон Қонуни 3-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2010 йил, 9-сон, 336-модда);

10) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 24 декабрда қабул қилинган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2011 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–274-сон Қонуни 3-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2010 йил, 12-сон,
474-модда);

11) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги
ЎРҚ–295-сон Қонуни 2-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2011 йил, 9-сон, 248-модда);

12) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–345-сон Қонуни
9-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2012 йил, 12-сон, 336-модда);

13) Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги ЎРҚ–355-сон Қонуни 22-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2013 йил,
10-сон, 263-модда);

14) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги ЎРҚ–372-сон Қонуни 17-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2014 йил,
5-сон, 130-модда);

15) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–416-сон Қонуни
16-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2016 йил, 12-сон, 383-модда);

16) Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–418-сон Қонуни
6-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2016 йил, 12-сон, 385-модда).

29-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

30-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Умумий таклифлар

1673