Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
15871 Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги 13/03/2020 28/03/2020 0
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
“Электр энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш” (2-босқич) инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-15871

 

 

 

Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг қарз маблағлари иштирокида мавжуд иссиқлик электр станциялардаги буғ-газ ва газ-турбина қурилмаларида даврий технологик хизмат кўрсатиш, регламентли инспекцияларни ўз вақтида ўтказиш ва республика электр энергетика сектори салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (кейинги ўринларда JICA деб аталади) ўртасида имзоланган қарз битимига асосан “Электр энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш” (2-босқич) инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасига 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, қайтариш муддати 30 йил бўлган JICAнинг 36 621,0 млн. япон йенаси миқдоридаги имтиёзли маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши;

“Навоий иссиқлик электр станциясида 478 МВт қувватга эга бўлган буғ-газ қурилмасини қуриш”, “Тошкент иссиқлик электр марказида юқори самарали когенерацион газ турбинаси технологиясини жорий этиш ҳисобига энергия ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш”, “Навоий иссиқлик электр станциясини 450 МВт қувватга эга бўлган иккинчи буғ-газ қурилмасини қуриш орқали кенгайтириш”, “Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши” инвестиция лойиҳалари доирасида “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” (Япония) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган буғ-газ қурилмалари ўрнатилиб, фойдаланилаётганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 16 июлдаги ПҚ–3857-сон қарорига мувофиқ халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим қилиниши ва институционал ривожланиш лойиҳалари учун лойиҳанинг техник-иқтисодий асослануви ишлаб чиқилиши талаб этилмаслиги;

лойиҳанинг амалга ошириш муддати 7 йил (2020-2026 йиллар) этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

“Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ (кейинги ўринларда “Навоий ИЭС” деб аталади), “Тошкент иссиқлик электр маркази” АЖ (кейинги ўринларда “Тошкент ИЭМ” АЖ деб аталади), “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” УК (кейинги ўринларда “Турақўрғон ИЭС” УК деб аталади) JICA томонидан ажратилган қарз маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

JICAнинг қарзини қайтариш, шу жумладан, фоизларни тўлаш, комиссия тўловлари ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар “Навоий ИЭС” АЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ, “Тўрақўрғон ИЭС” УК маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

3. “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда “Миллий банк” АЖ деб аталади) JICA томонидан ажратилган қарздан фойдаланиш учун “MUFG Bank, Ltd” (Япония) банки билан банклараро битимни тузсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси номидан лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси, “Миллий банк” АЖ  ва “Навоий ИЭС” АЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ, “Тўрақўрғон ИЭС” УК ўртасидаги қарздан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги агентлик битимини тузсин.

5. Бутловчи буюмлар, материаллар, эҳтиёт қисмлар, ускуналар, буғ-газ қурилмалари учун асбоб-ускуналарни етказиб бериш ва таъмирлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида, техник хизмат ва консультация кўрсатиш бўйича, истисно тариқасида, тендер савдоларини ўтказмасдан:

“Навоий ИЭС” АЖга “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” (Япония) ва “Mitsubishi Corporation” (Япония) компаниялари билан;

“Тошкент ИЭМ” АЖга “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” ва “ITOCHU Corporation” (Япония) компаниялари билан;

“Тўрақўрғон ИЭС” УКга “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” ва “Mitsubishi Corporation” компаниялари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги “Иссиқлик электр станциялари” АЖ уч ой муддатда “Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd.” (Япония) компанияси билан Ўзбекистон Республикасида эҳтиёт қисмларини, бутловчи буюмлар ва буғ-газ қурилмалари деталларини босқичма-босқич ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. “Ўзстандарт” агентлиги “Навоий ИЭС” АЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ, “Тўрақўрғон ИЭС” УК томонидан олиб келинаётган бутловчи буюмлар, материаллар, эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналарни ўз вақтида сертификатлаш ишларини амалга оширилишини таъминласин.

Лойиҳанинг амалга оширилиши доирасида, агарда республикада тегишли аккредитация-синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда истисно тариқасида импорт қилинаётган бутловчи буюмлар, материаллар, эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар мажбурий сертификатланишидан озод этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Навоий ИЭС” АЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ, “Тўрақўрғон ИЭС” УК ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг аризаларига биноан лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга консуллик йиғимларни ва амалдаги харажатларни қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундирмасдан кириш визаларини расмийлаштиришни таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Навоий ИЭС” АЖ, “Тошкент ИЭМ” АЖ, “Тўрақўрғон ИЭС” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг аризаларига биноан лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган чет эллик мутахассисларга давлат божини ундирмасдан узоқ муддатга визалар берилишини ва узайтирилишини, шунингдек вақтинча яшаш жойида рўйхатдан ўтказиш муддатини узайтирилишини таъминласин.

10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А. Арипов

 

Умумий таклифлар: 0

216