Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
15868 Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги 13/03/2020 28/03/2020 0
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
“Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-15868

 

 

Янги ташкил этилаётган кон-металлургия ишлаб чиқаришларини, замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш йўли билан электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини янада ривожлантириш орқали, энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш ва 2020-2026 йилларда Ўзбекистон энергетика тизимининг шимоли-ғарбий қисмида электр тармоқларини ривожлантириш ва мамлакат энергетика тизимининг ишончлилигини ошириш ва хавфсизлигини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи доирасида “Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш” инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (кейинги ўринларда JICA деб аталади) ўртасида 10 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, 30 йил муддатда қайтариш шарти билан, 128 246,0 млн. япон йенаси миқдорида қарз битимининг имзоланганлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 16 июндаги ПҚ–3857-сон қарорига мувофиқ халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим қилиниши;

лойиҳанинг амалга ошириш муддати 5 йил (2020-2024 йиллар) этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш юзасидан масъул ижро этувчи ҳисобланади;

“Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда “Навоий ИЭС” АЖ деб аталади) JICA томонидан ажратилган қарз маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

JICAнинг қарзини қайтариш, шу жумладан, фоизларни тўлаш, комиссия тўловлари ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар “Навоий ИЭС” АЖ маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

3. “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти JICA томонидан ажратилган қарздан фойдаланиш учун “MUFG Bank, Ltd” (Япония) банки билан банклараро битимни тузсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан JICAдан олинган қарздан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги агентлик битимини “Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти ва “Навоий ИЭС” АЖ билан тузсин.

5. “Навоий ИЭС” АЖ лойиҳани амалга ошириш доирасида, истисно тариқасида, тендер ўтказмасдан бош пудратчини танлаб олиш учун тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тендер ўтказиш ва тендер қатнашчиларининг тендер таклифларини баҳолаш бўйича консультант хизматларига “Tokyo Electric Power Services Co., Ltd” (Япония) компанияси билан 589,0 млн. япон йенаси миқдорида тўғридан-тўғри шартнома тузилишига розилик берилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Навоий ИЭС” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг аризаларига биноан Лойиҳани амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга консуллик йиғимларни ва амалдаги харажатларни қоплаш ҳисобидан йиғимларни ундирмасдан кириш визаларини расмийлаштирилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Навоий ИЭС” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг аризаларига биноан Лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларнинг яшаш жойи бўйича давлат божини ундирмаган ҳолда кўп марталик визалар ва вақтинча яшаш учун рухсатномалар берилишини ҳамда уларнинг узайтирилишини таъминласин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А. Арипов

Умумий таклифлар: 0

254