Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
15695 Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси 09/03/2020 24/03/2020 7
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
“Йўл қурилиши соҳасидаги энг устувор лойиҳаларни танлаб олиш ва баҳолаш, автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”ни тасдиқлаш тўғрисида
ID-15695

                                                                           Вазирлар Маҳкамасининг

        2020 йил  “                        даги       

                                                                                                -сонли қарорига

                                                                                         илова

 

Йўл қурилиши соҳасидаги энг устувор лойиҳаларни танлаб олиш
ва баҳолаш, автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш
тартиби тўғрисида

Низом

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
9 декабрдаги ПФ-5890-сон “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, 2017 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ-3437-сон қарори ва 2019 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5717-сон Фармонида назарда тутилган қоидаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, йўл қурилиши соҳасидаги энг устувор лойиҳаларни танлаб олиш ва баҳолаш, автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом молиялаштириш манбаидан қатъий назар барча йўл қурилиши лойиҳалари учун амал қилади.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар ишлатилади:

автомобиль йўллари диагностикаси – автомобиль йўллари ва йўл иншоотлари параметрлари, характеристикалари, ишлаш шароитлари, нуқсонлар мавжудлиги ва уларни пайдо бўлиш сабаблари, транспорт оқимлари хусусиятлари ва автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини кейинги фойдаланиш жараёнидаги ҳолатини баҳолаш ва башорат қилиш ҳақида маълумотларни ўрганиш, йиғиш ва таҳлил қилиш;

автомобиль йўлини реконструкция қилиш – йўлнинг алоҳида бўлакларида режаси ва бўйлама кесимини ўзгартириш, йўл тўшамаси, йўл пойи ва йўл иншоотларини тубдан қайта қуриш орқали унинг ўтказиш ва кўтариш қобилиятини ошириш, бунда одатда йўлнинг тоифаси кўтарилиб, йўлнинг параметрлари ва тавсифлари кўпайган ва истиқболга башорат қилинган ҳаракат жадаллигида йўлнинг навбатдаги реконструкциягача истеъмол хусусиятларига меъёрий талабларни таъминлайдиган даражада оширилади;

автомобиль йўлини мукаммал таъмирлашйўл тўшамаси, ер кўтармаси ва йўл иншоотларининг иш имкониятини тиклаш ва ошириш, эскирган конструкциялар ва деталларни алмаштириш ёки уларни мустаҳкамроқ, чидамли конструкциялар ва деталлар билан алмаштириш, зарур ҳолларда таъмирланаётган автомобиль йўли учун белгиланган тоифага тўғри келадиган нормалар доирасидаги ҳаракат жадаллиги, автомобиллар ўқига тушадиган оғирликлар ўсиб боришини ҳисобга олган ҳолда йўлнинг асосий узунлигидаги ер кўтармасини кенгайтирмасдан автомобиль йўлининг геометрик параметрлари ошириш ишлари мажмуи;

автомобиль йўли ҳолатини мониторинг қилиш – йўлнинг ҳолатини узоқ муддатли кузатиш, баҳолаш, назорат қилиш ва башорат қилиш тизими;

транспорт фойдаланиш ҳолатини баҳолаш – йўлларнинг амалдаги истеъмол хусусиятлари, уларнинг асосий кўрсаткичлари ва тавсифларини меъёрий талабларга мувофиқлик даражасини аниқлаш;

автомобиль йўлларининг истеъмол хоссалари – транспорт воситаларининг самарадорлиги ва хавфсизлигига бевосита таъсир кўрсатадиган, йўлдан фойдаланувчиларнинг манфаатларига жавоб берадиган ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган транспорт-фойдаланиш кўрсаткичлари мажмуи;

лойиҳа ҳужжатлари – архитектура-шаҳарсозлик, техник ечимлар ва қурилиш смета қийматини ўз ичига олган ва тасдиқланган техник-иқтисодий асослаш билан ишлаб чиқилган ҳужжатлар;

лойиҳа олди ҳужжатлари – лойиҳани тавсия этилган параметрларда амалга ошириш мумкинлиги ва мақсадга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

3. Лойиҳалар қуйидаги  мезонларга кўра танлаб олинади:

автомобиль йўлларини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқ бўлиши;

иқтисодиётнинг барқарор, жадал ривожланиши ва рақобатбардошлиги, республиканинг мудофаа қобилияти ва иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлашга, аҳоли турмуши даражасини оширишга имкон яратиши, давлат инвестциия сиёсатининг устувор йўналишларини акс эттириши;

халқаро, транзит, ҳудудлараро ва ҳудудлар ичида автомобиль ташувлари, республиканинг шарқий, жанубий ва шимоли-ғарбий минтақалари ўртасидаги алоқани, шаҳарлар, шаҳар шаҳарчалари ва йирик қишлоқ аҳоли пунктларини айланиб ўтиш муқобил йўлларини таъминлаши;

 автотранспорт хизматлари сифатини ошириш, жамиятнинг транспорт воситаларига боғлиқ бўлган умумий ҳаражатларини камайтириш, соҳанинг инновацияли, ижтимоий ва экологик мустаҳкамлашга хисса қўшиши;

республиканинг транспорт ва логистика салоҳиятини ривожлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, халқаро транспорт йўлакларига уйғунлашиш, мавжуд табиий, минерал хом-ашё, молиявий, моддий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланишга имкон яратиши;

йўл ҳаракати хавфсизлиги ва қулайлигини ошириш, автомобиль йўллари тармоғининг ўтказиш қобилиятини ошириш, транспорт оқимларини бошқаришнинг замонавий интеллектуал тизимларини тадбиқ қилиш ва қўллаш;

халқаро молия институтлари ва молия ташкилотлари, донорлар ва лойиҳаларни молиялаштиришнинг бошқа муқобил манбаларини жалб қилиш учун жозибали бўлиш, шунингдек давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга ошириш;

йўл индустрияси моддий-техник базасини башорат қилинаётган йўл ишлари ҳажмларига мутаносиб равишда модернизациялашни таъминлаш;

лойиҳалар иқтисодий мақсадга мувофиқлиги ва рентабеллигини юзаки ўрганиш, иқтисодий ночор лойиҳаларга ташаббус қилиш ҳолатларини бартараф этиш.

4. Лойиҳаларни баҳолашнинг асосий шартлари:

йўл соҳасини ўрта ва узоқ муддатли режалаштириш, инновация тизимини алгоритмдан фойдаланиб тармоқли моделлаштириш, кўп мезонли таҳлил, иқтисодий ва молиявий баҳолаш усуллари орқали ривожлантириш;

республика автомобиль йўллари тармоғининг шаклланган ҳолатини ва уни республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири, халқаро транспорт йўлакларига уйғунлашганлик даражасини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

автомобиль йўллари қурилишини ривожлантириш ва такомиллаштириш, республикада замонавий, кенг тармоқланган ва самарали автомобиль йўллари тармоғини шакллантириш соҳасида ягона тизимни ишлаб чиқиш;

аҳоли ва хўжалик субъектлари учун йил давомида очиқ бўлган ва республика ҳудудини жойлаштириш Бош схемаси билан боғлаган ҳолда ягона йўллар тармоғини шакллантириш;

автомагистраллар ва тезкор йўллар тизимини яратиш, ҳудудий ва маҳаллий йўлларни янада ривожлантириш, аҳоли пунктларини айланиб ўтиш йўлларини қуриш;

халқаро транспорт йўлакларининг техник ва технологик кўрсаткичларини дунёдаги ўхшашларига рақобатбардошлигини таъминлаш даражасида ривожлантириш;

йўл инфратузилмаларини қуриш ва реконструкция қилишда инновация технологияларини ўзлаштириш;

автомобиль йўлларида транспорт оқимлари ҳаракатини ташкил қилиш интеллектуал тизимларини, шу жумладан метеорологик маълумотлар билан таъминлаш, телематик мониторинг ва видеокузатув тизимларини жорий қилиш;

йўл соҳасига автомобиль йўлларидан пулли фойдаланиш принципларини босқичма-босқич жорий этиш;

пуллик йўлларни қуришда концессия механизмларини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаш, туташ ҳудудларни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган ташкилотлар ресурсларини, ихтисослаштирилган давлат идораларини йўлга ажратилган минтақа ва йўл бўйи минтақасидан тижорат мақсадида фойдаланишдан олган фойдаларини йўл қурилишига жалб қилиш механизмларини ишлаб чиқиш ҳисобига бюджетдан ташқари инвестицияларни кенг миқёсда жалб қилиш;

5. Лойиҳаларни танлаш мезонлари автомобиль йўлларини техник, иқтисодий ва ижтимоий баҳолаш натижаларига асосланади.

 

2-боб. Автомобиль йўлларини техник баҳолаш

 

6. Мавжуд йўлнинг ҳолатини техник жиҳатдан баҳолаш транспорт-фойдаланиш ҳолатини ва сақлаш даражасини, транспорт-фойдаланиш кўрсаткичларини, йўлнинг истеъмол хусусиятлари талабларига мослик даражасини аниқлаш мақсадида даврий амалга ошириладиган диагностика қилиш йўли билан амалга оширилади.

7. Йўлнинг геометрик параметрлари ва тавсифлари, йўл тўшамаси ва қопламаси, кесишмалар ва туташмалар, сунъий иншоотлар, жиҳозланиш тавсифи, ҳаракат тавсифи, ҳимоя иншоотлари, ҳаракатга хизмат қилиш объектлари ва бошқалар баҳоланади ва диагностика қилинади.

8. Ихтисослашган, мустақил ташкилотлар томонидан қуриладиган йўлларни диагностика қилиш ва ҳолатини баҳолаш, шунингдек, йўлларнинг маълумот базасини жорий этиш ва даврий янгилаш, йўлларни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Йўллар ҳолатини баҳолаш ва диагностика қилиш материаллари электрон йўл маълумотлари базасида сақланади ва ҳар йил бошида  ўзгартиришлар киритилади.

9. Диагностика қилиш ва ҳолатини баҳолаш натижалари бўйича йўлнинг истеъмол хусусиятлари меъёрий талабларига жавоб бермайдиган йўл қисмлари аниқланади, жумладан:

юкланганлик даражаси ва шиддати, ҳаракат жадаллиги даражаси, қоплама тури ва табиий омилларга қараб йўлнинг алоҳида элементларининг қолдиқ хизмат муддатлари;

иккинчи ва кейинги меъёрий таъмирлаш вақтининг кечикиши;

меъёрдан ортиқ юкланиш билан фойдаланилаётган йўллар ёки уларнинг қисмлари узунлиги;

айрим йўллар (йўл қисмлари) ва кўприкларнинг кўтариш қобилияти параметрларининг кўпайиб кетган транспорт оқимига мос келмаслиги;

айрим йўллар (йўл қисмлари), бир сатҳдаги кесишмалар ва кўприкларнинг (“тор жойлар”) ўтказиш қобилияти кўпайиб кетган транспорт оқимига мос келмаслиги;

йўлларни юқори тоифага ёки мукаммал қоплама турларига ўтказишнинг кечикиши;

ҳаракат хавфсизлиги пастлиги, йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ҳоллари кўплиги ва бошқалар.

10. Автомобиль йўлларини диагностика қилиш ва баҳолаш натижалари лойиҳа олди материаллари ва фойдаланишдаги йўлларни мукаммал таъмирлаш ёки реконструкция қилиш учун ўрнатилган тартибда лойиҳа ишлаб чиқиш учун маълумот базаси ҳисобланади.

11. Ҳаракат жадаллиги аниқ тоифали йўл учун ҳисобий ҳаракат жадаллигига мос келган ҳолда йўлни мукаммал таъмирлаш белгиланади, у йўлнинг транспорт-фойдаланиш ҳолатини кейинги мукаммал таъмирлашга қадар бўлган давргача меъёрий талабларни таъминлайдиган даражада тўла тиклаш ва оширишдан иборат бўлади.

12. Мукаммал таъмирлашни белгилаш учун мезон автомобиль йўлининг шундай транспорт-фойдаланиш ҳолати бўладики, бунда йўл тўшамасининг мустаҳкамлиги чекланган қийматгача пасайган бўлади ёки автомобиль йўллари ва йўл иншоотларининг бошқа элементлари параметрлари ва тавсифлари ортиб кетган ҳаракат талабларига шу қадар жавоб бермайдики, уларни жорий таъмирлаш ёки сақлаш ишлари воситасида кўрсатилган талабларга мувофиқ келадиган ҳолатга келтириш мумкин бўлмайди ёки бу иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас.

13. Реконструкция қилишни белгилаш учун мезон йўл тоифасининг чегаравий қийматларидан ошиб кетадиган ва йўлларнинг юқори тоифаларига тўғри келадиган амалда аниқланган ҳаракат жадаллиги қиймати ёки истиқболга башорати ҳисобланади.

 

3-боб. Автомобиль йўллари ривожланишини иқтисодий баҳолаш

 

14. Автомобиль йўлини ривожлантиришни иқтисодий баҳолашдан мақсад, юклар ва йўловчиларни транспортда ташишнинг барча турларини ўз ичига оладиган комплекс транспорт вазифаларини ҳал қилиш, автомобиль йўли ва унинг қисмларининг транспорт-фойдаланиш ҳолатини реконструкция қилиш ёки янги йўналиш бўйича қуриш орқали яхшилашнинг оқилона усулларини танлаш, ушбу ишларнинг муддатлари ва босқичларини, инвестицияларнинг самарадорлигини аниқлаш ҳисобланади.

15. Республиканинг туман марказлари, вилоятлари ёки йирик юк ташиш пунктлари ўртасидаги автомобиль йўли ёки унинг айрим қисмлари иқтисодий баҳолашнинг объекти ҳисобланади.

16. Иқтисодий баҳолаш картография, лойиҳалаш, қидирув, тадқиқот, статистика, диагностика ва бошқа материаллар асосида амалга оширилади. Дала қидирув ишларини фақат трассанинг принципиал йўналишини танлашга сезиларли таъсир кўрсатадиган мураккаб табиий шароитларда бажаришга рухсат этилади, бунда дала қидирув ишлари трассанинг принципиал йўналишини танлаш ва асослаш учун етарли бўлган энг кам ҳажмда бажарилади.

17. Алоҳида тарзда йўллардан фойдаланиш хизматининг мавжуд қатнов жадаллиги тўғрисидаги маълумотлар ўрганиб чиқилади. Ҳар хил ўсиш суръатларида транспорт турлари бўйича ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳаракат жадаллигининг ўсиши прогноз қилинади.

18. Ҳаракат жадаллиги ўсишининг прогнозини шунингдек, йўл қамраб оладиган ҳудуднинг иқтисодиёти бўйича умумий прогнозлари асосида, минтақавий шарт-шароитларни, айрим соҳаларда кутилаётган ривожланишни, автомобиллаштириш даражаси йўналишларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш лозим.

19. Сақлаш, таъмирлаш ёки реконструкция қилиш йўли билан мавжуд йўл қисмларидан фойдаланиш техник, экологик ва бошқа шартлар бўйича қийинчиликларни келтириб чиқарганда, мавжуд йўлни керакли узунликдаги йўналишини танланаётган йўл қамраб оладиган ҳудуднинг хўжалик фаолиятини ривожлантириш истиқболларини, янги юк йиғиш ва юкни қабул қилиш пунктлари пайдо бўлиши ва бошқа иқтисодий мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда принципиал ўзгартириш вариантларини кўриб чиқиш зарур.

Янги йўналиш бўйича қурилиш вариантларини танлаш ва кўриб чиқиш йўл қуриладиган ҳудудда юзага келган йўл тармоғини, шунингдек, мавжуд йўлдан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда олиб борилади.

Автомобиллар оқимини янги йўналиш ва мавжуд йўл ўртасида тақсимланиши прогнози натижаларига кўра янги йўналиш бўйича мўлжалланаётган йўлнинг тоифаси белгиланади.

20. Лойиҳа умуман республика ёки вилоят иқтисодиёти нуқтаи-назаридан таҳлил қилинади ва баҳоланади, бунда қуйидаги сингари омиллар ҳисобга олинади:

капитал қўйилмалар ва молиялаштириш манбалари ҳажмларининг республика иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичларига мувофиқлиги;

шаҳар ва қишлоқлар иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисининг концентрацияси ва ихтисосланиши автомобиль йўлининг ривожланишига боғлиқ бўлиб, автомобиль йўллари инфратузилмасининг яхшиланиши савдо-сотиқнинг кенгайиши ва шаҳар ва қишлоқлардаги рақобатбардошликнинг жадаллаштирилишига, бунинг натижасида вилоятлар ва бутун мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига;

транспорт ҳаражатлари – янги йўллар қурилиши натижасида ташиш масофалари қисқаради, реконструкция ва капитал таъмирлашда эса алоқа тезликлари ортади, натижада транспорт харажатлари сезиларли даражада камайишига;

товарлар ва хизматлар нархидаги транспорт харажатларини камайтириш, иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, янги ҳудудлар ва ресурсларни ўзлаштириш, янги ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳсулот сотиш бозорларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигига транспорт хизмати кўрсатилиши яхшиланишига;

ялпи ички маҳсулот ўсишига, иқтисодиётнинг тармоқ ва ҳудудий тузилмасини ўзгартиришга олиб келади.

 

 4-боб. Автомобиль йўллари ривожланишини ижтимоий баҳолаш

 

21. Ижтимоий баҳолашда қуйидаги омиллар кўриб чиқилади:

автомобиль йўллари сифатини яхшилашда кишилар ўлими ва жароҳатланишига олиб келадиган йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш;

аҳоли ҳаракатланишининг ўсиши, юриш вақтининг қисқариши;

қўшимча ишчи жойларининг ташкил қилиниши, автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш даражаси яхшиланиши натижаси сифатида янги ишлаб чиқаришларнинг ривожланиши;

аҳоли ва хўжалик субъектларининг асосий транспорт коммуникацияларига боғлиқлиги даражасини ошириш;

автоташишлар баҳосини камайтириш, товарлар ва хизматларнинг истеъмолчилик нархларини пасайтириш, натижада истеъмол товарлари ва хизматларига бўлган талабнинг ўсиши ҳамда истеъмол товарлари ва хизматлари ишлаб чиқаришини ривожлантириш.

 

5-боб. Лойиҳаларни танлаш ва баҳолаш босқичлари

 

22. Лойиҳаларни танлаш ва баҳолаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

15-25 йилга мўлжалланган автомобиль йўлларини ривожлантиришнинг узоқ муддатли соҳавий концепциясини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш;

лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмлари ва манбаларини тасдиқловчи дастлабки ҳисоб-китоблар ва керакли материаллар билан соҳавий лойиҳалар портфелларини ишлаб чиқиш, шакллантириш, келишиш ва тасдиқлаш, ҳар бир лойиҳа бўйича амалга ошириш режасини ишлаб чиқиш ва келишиш;

тасдиқланган лойиҳа олди ҳужжатлари бўлган лойиҳаларни танлаб олиш ва келишиш, давлат ривожланиш дастурларига киритиш.

23. Лойиҳани танлаб олиш босқичма-босқич, иқтисодий ва молиявий самарадорлигининг мақсадга мувофиқлиги, ишлаб чиқариш ва ижтимоий мулоҳазалар, соҳани ривожлантиришнинг стратегик вазифаларига мувофиқлиги бўйича мақбуллигидан келиб чиққан ҳолда ўтказилади;

биринчи босқичда ­ соҳа ва вилоятларни ривожлантириш устуворликларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳани дастлабки баҳолаш ўтказилади;

иккинчи босқичда иқтисодиётнинг ёки вилоятларнинг айрим соҳаларини ривожлантиришнинг устуворликларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳани танлаш ўтказилади.

24. Тармоқни ривожлантириш стратегияси лойиҳасининг мувофиқлиги, молиявий ва иқтисодий самарадорлик, лойиҳани амалга оширишга тайёрлиги даражаси, ишга туширишдан кейинги фойдаланиш харажатларининг катталиги биринчи босқичда лойиҳанинг устуворликларини белгилаш мезонлари ҳисобланади.

25. Иккинчи босқичда уч йиллик даврда республика иқтисодиётидаги тузилмавий ўзгаришлар прогнозига мувофиқ қўшимча тарзда қуйидаги мезонлар ҳисобга олинади:

тармоқ ва вилоятларнинг келгусида ўсишининг истиқболли суръатлари, тармоқнинг умуман республика бўйича макроиқтисодий кўрсаткичларига таъсирининг ўзгариши, тузилмавий омиллар, илгари киритилган инвестицияларнинг самарадорлиги, лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти.

 

6-боб. Автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш

 

26. Инструментал усуллар ва махсус ускуналар ёрдамида автомобиль йўллари мониторингини олиб бориш барча йўл конструкцияларининг техник ҳолатини баҳолашнинг энг муҳим усули ҳисобланади. Мониторинг нафақат катта таъмирлаш ишлари ёки реконструкция ишларидан олдин, балки уларни ўтказиш зарурлигини асослаган ҳолда тизимли тарзда олиб борилиши лозим.

27. Транспорт-фойдаланиш ҳолатини баҳолашдан мақсад йўллар ва йўл иншоотлари, муҳандислик жиҳозлари ва ободонлаштиришнинг ҳақиқий транспорт-фойдаланиш ҳолатини, шунингдек, сақлаш даражасини аниқлаш, уларни талаб қилинаётгани билан таққослаш, талабга жавоб бермайдиган йўл қисмларини аниқлаш, транспорт-фойдаланиш кўрсаткичлари пасайишининг асосий сабабларини аниқлаш ва уларни кўтариш бўйича чора-тадбирларни белгилаш ҳисобланади.

28. Баҳолаш кўрсаткичларига қуйидагилар киради:

йўлнинг техник-фойдаланиш сифатлари ва тавсифлари йўл тўшамасининг мустаҳкамлиги, қопламанинг равонлиги, ғадир-будурлиги ва жипслашиш сифатлари, йўл пойининг турғунлиги сингари йўлнинг, шунингдек, муҳандислик ускуналари ва жиҳозлашнинг техник параметрлари ва физикавий тавсифи;

йўлнинг транспорт-фойдаланиш кўрсаткичлари ёки унинг истеъмол хусусиятлари, булар – йўл таъминлаб берадиган тезлик, қулайлик ва ҳаракат хавфсизлиги, ўтказувчанлик қобилияти, рухсат этиладиган ўққа тушадиган оғирлик ва автомобилларнинг умумий оғирлиги, йўлнинг эргономик, эстетик, экологик хусусиятлари ва бошқалар;

йўл ва автомобилларнинг биргаликда ишлаш кўрсаткичлари ёки мазкур йўлдаги автотранспорт ишининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, масалан, транспорт оқимининг ўртача тезлиги, автомобилларнинг унумдорлиги, ёқилғи сарфи ва шиналарнинг ейилиши, ташиш ишларининг таннархи, йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ва ҳоказо.

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

қарори

 

“Йўл қурилиши соҳасидаги энг устувор лойиҳаларни танлаб олиш
ва баҳолаш, автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш
тартиби тўғрисидаги Низом”ни тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПФ-5890 “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда йўл транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, йўл хўжалигини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. “Йўл қурилиши соҳасидаги энг устувор лойиҳаларни танлаб олиш ва баҳолаш, автомобиль йўллари ҳолатини мониторинг қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.

 

 

      Ўзбекистон Республикаси

                Бош вазири                                                           А. Арипов

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Умумий таклифлар: 1

358