Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
15626 Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 06/03/2020 21/03/2020 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) тизимини жорий этиш тўғрисида
ID-15626

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) тизимини жорий этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сон қарорига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг туристик салоҳиятини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш (Tax-free) тизими Ўзбекистон Республикасида 2020 йил 1 июлдан жорий этилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни сотиб олишда тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Бунда ушбу Низомда “Tax-free” тизимида иштирок этувчи чакана савдо ташкилотлари томонидан бериладиган, олиб чиқиб кетилаётган товарларга нисбатан қўшилган қиймат солиғини қайтариш учун асос бўлувчи “ҚҚС қайтарилиши учун чек” махсус шаклдаги чекнинг шаклини ҳамда чакана савдо ташкилотларини “Tax-free” тизимида иштирок этишини билдирувчи махсус эмблемаларнинг намуналарини кўзда тутсин;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда “Tax-free” тизими иштирокчилари ўртасида ахборот алмашиш имконини берувчи “Tax-free” тизимининг Ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппарати тузилмасида белгиланган умумий штатлари сони доирасида 2 та штат бирлигидан иборат бўлган қўшилган қиймат солиғини чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга махсус қайтариш пунктлари (кейинги ўринларда махсус қайтариш пунктлари деб юритилади) билан ишлаш секторини ҳамда ҳудудий бўлинмалари тузилмасида белгиланган умумий штатлари сони доирасида 11 та штат бирликларидан иборат бўлган махсус қайтариш пунктларини ташкил қилсин;

2020 йилнинг 1 июлига қадар «Uzbekistan Airports» АЖ билан биргаликда махсус қайтариш пунктларини Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортларида Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасини ўтказиш пунктларини орқали кесиб ўтилганидан сўнг нейтрал ҳудудларда жойлаштирилишини ҳамда уларни зарур ускуналар ва замонавий техник воситалар билан жиҳозланишини таъминласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига тегишли ҳисоб-китобларга асосан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қўшилган қиймат солиғини қайтариш учун зарур бўлган маблағларни ҳар ой якунлари билан Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумларни камайтирган ҳолда ажратиб борсин.

4. Белгилансинки:

“Tax-free” тизимининг Ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, техник қўллаб-қувватлаш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича буюртмачи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳисобланади;

“Tax-free” тизимининг Ягона электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш, техник қўллаб-қувватлаш ва узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда махсус қайтариш пунктларини зарур ускуналар ва замонавий техник воситалар билан жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодиёт ва саноат вазири Д.А. Кучкаров, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.

 

                               Ўзбекистон Республикасининг

                                                Бош вазири                                                                  А. Арипов

Умумий таклифлар: 0

854