Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
15520 Қашқадарё вилояти ҳокимияти 04/03/2020 19/03/2020 1

Муҳокама якунланди

Ҳоким қарори
Шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш ҳақини тўлаш тарифларини белгилаш тўғрисида
ID-15520

                Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги, “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги, “Автомобил транспорти тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 4 июндаги “Автомобил транспорти соҳасида монополиядан чиқариш ва бошқарувини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-2871-сонли Фармони,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2724-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташувчилар фаолиятини ҳамда уларни молиялаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 273-сонли, “Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида”ги 482-сонли қарорлари ижроси юзасидан шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташишнинг йўл қўйиладиган тарифлар даражаси иқтисодий асосланган ташиш ҳаражатларидан ва йўловчилар ташиш хизматларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига асосан

Қ А Р О Р     Қ И Л А М А Н:

1. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар
ва багаж ташиш қуйидаги тарифларда белгилансин:

а) хизматларининг чекланган тарифи бир йўловчига йўл кира ҳақи йўналишли таксилар учун бир ўриндиқ учун 1500 (бир ярим минг) сўм;

б) йўналишсиз таксиларда шаҳар йўловчилар транспортида йўловчиларнинг талаблари асосида хизматларининг чекланган тарифи таксометр (ҳисоблагич) кўрсатиши бўйича 1 километрга ташиш учун
1000 (минг) сўм;

в) автобусларда бир нафар йўловчи учун йўл чиптаси 1000 (минг) сўм;

г) йўналишли такси ва автобусларда ҳажми 60 см х 40 см х 20 сантиметрдан 100 см х 50 см х 30 сантиметргача бўлган ва узунлиги
150 сантиметрдан 200 сантиметргача бўлган буюмларни, шунингдек, ўлчамидан қатъи назар, оғирлиги 20 килограммдан ортиқ бўлган багажни олиб юриш қиймати йўловчининг йўл ҳақи қиймати каби тартибда.

2. “Автомобил транспорти тўғрисида”ги Қонунига асосан йўловчи:

шаҳар йўналишларидаги автобусларда етти ёшгача бўлган болаларни ўзи билан бепул олиб юриш;

шаҳар йўналишларида йигирма килограммдан ошмайдиган оғирликдаги багажнинг бир ўрнини ўзи билан бепул олиб юриш ва бошқа ҳуқуқларга эга эканлиги инобатга олинсин.

3. “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуни билан шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) имтиёзли (бепул) фойдаланувчилар иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

4. Вилоят транспорт бошқармаси (У.Эрназаров)га:

шаҳар йўловчилар транспорти субъектлари учун жорий этилган йўл чипталари ва варақаларидан фойдаланишни тартибга солишни;

“Шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисида”ги Низомга (рўйхат рақами 2434, 2013 йил 4 март) асосан айрим тоифадаги фуқароларга шаҳар йўловчилар транспортида бепул юриш ҳуқуқини берадиган ягона гувоҳномалар берилишини;

молия йили якунида шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатини ҳар йили инвентаризациядан ўтказишни;

бир ойда шаҳар йўловчилар транспортида юришларнинг ҳисобини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 273-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида йўловчилар айланмасини ва умумий фойдаланиладиган автомобиль ва электр транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро йўналишларда ҳамда соатлар бўйича ташилган йўловчилар сонини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг “Статистик ҳисоботлар тузишда йўловчиларнинг турли тоифалари, ойлик транспортда юриш карточкалари турлари ва транспортда бепул юриш ҳуқуқини берадиган ягона гувоҳномалар бўйича ҳисобга олинадиган йўловчиларнинг транспортда юришлари сони” иловасида белгиланган тартибда амалга оширишни;

шаҳар йўловчилар транспортида юриш тарифларига риоя этилишини таъминласин.

5. Вилоят Молия бошқармаси (Ф.Юсупов), вилоят транспорт бошқармаси (У.Эрназаров) ҳамда шаҳар ҳокимлари билан биргаликда шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) имтиёзли (бепул) юриш ҳуқуқини берадиган фойдаланувчилар учун шаҳар йўловчилар транспорти ташувчиларининг йўл қўйиладиган доирадаги тарифлар бўйича йўловчилар ташиш хизматлари кўрсатиш муносабати билан кўрган зарари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 273-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чекланган тарифлар бўйича аҳолига хизматлар кўрсатиш муносабати билан шаҳарда йўловчиларни мунтазам ташиш билан банд бўлган ташувчилар кўрадиган зарарларни молиялаштириш ва қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин.

6. Мазкур қарор “Қашқадарё” ва “Новости Кашкадарьи” газеталарида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг  qashqadaryo.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

7. Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2018 йил 21 кунидаги Х-494/05-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят
ҳокимининг ўринбосари С.Азизов, Қарши шаҳар ҳокими Н.Холбоев ҳамда Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Т.Каримов зиммаларига юклатилсин.

 

Вилоят ҳокими                                                          З. Мирзаев

                                                                                                                        Вилоят ҳокимининг

                                                                                                                20___ йил ____ февралдаги
                                                                                                                     ______сонли қарорига

                                                                                                                                ИЛОВА

 

Йўловчи ташиш транспортидан имтиёзли (бепул) фойдаланувчилар

рўйхати

1. 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар.

2. 1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс.

3. 1941 — 1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнат ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар.

4. Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар, жумласидан бўлмиш фуқаролар.

5. Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматчилар ва шартнома (контракт) бўйича оддий ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар.

6. Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар.

7. Кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахслар.

Умумий таклифлар: 0

456