ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
152 Министерство инновационного развития Республики Узбекистан 08/08/2018 23/08/2018 12

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ
ID-152

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сонли “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ олий ўқув юртидан кейинги таълим институтида шартнома асосида таҳсил олишни ташкил этиш ва ўқиш тартибини белгилайди.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашнинг асосий шаклларидан бири идора ичида, идоралараро ва давлатлараро мақсадли таянч докторантура ва докторантурадир.

Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Идора ичида мақсадли таянч докторантура ва докторантура – Олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда – ОТМ деб юритилади) ёки илмий тадқиқот муассасалари (кейинги ўринларда – ИТМ деб юритилади) ўз вазирлиги ёки идораси тасарруфидаги бошқа ОТМ ёки ИТМ учун кадрлар тайёрлашидир.

Идоралараро мақсадли таянч докторантура ва докторантура – ОТМ ёки ИТМнинг бошқа вазирлик ёки идоралар учун кадрлар тайёрлашидир.

Давлатлараро мақсадли таянч докторантура ва докторантура - бир мамлакатнинг ОТМ ёки ИТМ бошқа мамлакатнинг ОТМ ёки ИТМ учун кадрлар тайёрлашидир.

Докторантларни идора ичида, идоралараро ва давлатлараро мақсадли тайёрлаш учун докторант, уларни юборувчи ва қабул қилувчи ташкилот ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Олий ўқув юртлари, илмий муассаса ва ташкилотлар мақсадли докторантурага юбориладиган шахслар ўртасида танлов ўтказилишини таъминлайди.

Мақсадли докторантурага докторантлар ОТМ ва ИТМларининг тасдиқланган қабул қилиш режаларига мувофиқ ва вазирлик ҳамда муассасалар белгиланган муддатларда қабул қилинадилар.

Докторантурага кираётган шахслар учун уларни бўлажак ўқув жойларида докторантурага тайёрлаш мақсадида таянч докторантларга стажер-тадқиқотчи, докторантларга катта илмий ходим лавозим маоши миқдорида 3 йилгача бўлган муддатда стипендия тўланади ва тадқиқот олиб боришлари кўзда тутилади.

Давлатлараро мақсадли таянч докторантура ва докторантурага кираётган шахсларга халқаро шартномаларга асосан амалга оширилади.

Мақсадли докторантурага номзодларни танлаш ва юбориш юборувчи ташкилот томонидан амалга оширилади. Мақсадли докторантура бўйича ҳисобот олиб бориш мақсадли докторантурани амалга ошираётган ташкилот зиммасига юклатилади.

Мақсадли докторантурани тугатган мутахассислар уларни ўқишга юборган олий ўқув юрти, илмий муассаса ва ташкилот ихтиёрига қайтишлари шарт.

Мақсадли докторантурани тугатиб олий ўқув юрти, илмий муассаса ва ташкилот ихтиёрига қайтмаган шахслардан шартномада белгиланган алоҳида ҳоллардан ташқари ўқиш билан боғлиқ сарф-ҳаражатлар ундириб олинади.

2-боб. Мақсадли докторантура фаолиятини ташкил этиш

Мақсадли докторантура нуфузли илмий мактаблар ва лаборатория-тадқиқот базалари, Коллегиал органга ёки илмий, илмий-техникавий кенгашга эга бўлган етакчи ОТМ, ИТМ, идора ва ташкилотлари қошида фан ва техниканинг энг муҳим соҳалари бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида, етакчи идора ва ташкилотларнинг муаммоларини ечиш, ривожлантириш, такомиллаштириш, давлат илмий-техника дастурларини ҳамда фан ва техниканинг устивор йўналишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилади.

Тошкент давлат юридик университети “Юриспруденция” йўналишида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассаса ҳисобланади.

Тошкент давлат юридик университетига мақсадли таянч докторантура ва докторантурага ўқиш учун талабгорларни йўллаш ҳуқуқи тегишли ОТМ (Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети, Қорақалпоқ давлат университети, Давлат хавфсизлик хизмати институти, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Ҳарбий техника институти), ИТМ (Одил судлов академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази, Бош прокуратура Академияси) ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, юридик хизматга эга бўлган ташкилий тузилмаларга берилади.

Тегишли мутахассисликлар бўйича олий малакали кадрлар фалсафа докторлари (PhD) ва фан докторлари ҳамда замонавий илмий-тадқиқот базасига эга бўлган ИТМ ва ОТМлари, шунингдек, идора ва ташкилотлар докторантура очишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги асосланган таклифларини тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этадилар. Таклифга ОТМ, ИТМ ёки идора ва ташкилотларнинг Коллегиал органи (илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш)нинг қарори, докторантлар тайёрланадиган мутахассисликлар ва шу мутахассисликлар бўйича тўлиқ штатда фаолият кўрсатаётган фан докторлари рўйхати кадрлар бўлими томонидан тасдиқланган ҳолда илова қилинади.

Мақсадли докторантурани ёпиш тўғрисидаги қарор ОТМ ёки ИТМнинг докторанутра фаолиятини аттестациядан ўтказиш натижаларини жиддий ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қабул қилинади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси, вазирлик ва идоралардаги докторантуралар фаолиятини назорат қилиб боради ва илмий-услубий раҳбарлик қилади.

Фанлар академияси, вазирлик, идора ва ташкилотлар Инновацион ривожланиш вазирлигига докторантура фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни 5 июнь ва 5 декабргача бўлган муддатда бериб борадилар.

Докторантураларга йиллик қабул режалари давлат аккредитациясидан ўтказилган ихтисосликлар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланган қабул квотаси Давлат буюртмаси сифатида ишлаб чиқилади, Фанлар академияси, вазирлик ва идоралар билан келишилади ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги Қарори билан тасдиқланади.

Тасдиқланган Давлат буюртмасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмайди.

Мақсадли докторантурага фақат докторлик диссертациясига асос бўла оладиган ҳамда фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) диссертациясига мос мутахассислик бўйича салмоқли илмий ютуқларга эришган, фундаментал тадқиқотларни юксак савияда олиб бориш ва муҳим халқ хўжалиги, ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган илмий муаммоларни ҳал қилиш қобилиятига эга, истеъдодли илмий ва илмий-педагог ходимларга эга тегишли равишда магистр даражасига ва илмий даражага эга номзодлари қабул қилинади.

Докторантурада ўқишга талабгорлар ОТМ ёки ИТМга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳужжатлари билан бирга юборувчи ташкилот биринчи раҳбари имзолаган тавсиянома хатини тақдим этадилар.

Докторантура фаолият кўрсатаётган ОТМ ёки ИТМ, идора ва ташкилотларнинг Коллегиал органи тегишли кафедра, бўлим ва лабораториянинг докторантурага тавсия этилган номзоднинг илмий маърузаси ва докторлик диссертациясининг кенгайтирилган режа-лойиҳаси бўйича хулосаларини кўриб чиқади ва бажарилган тадқиқотлар ҳажмини ҳисобга олган ҳолда номзодни докторантурага қабул қилиш ёки қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Коллегиал орган (илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаши ва б.қ.) қарорида докторантурада ўқиш муддати 1 (бир) йилдан 3 (уч) йилгача белгиланади.

Докторантларга уларни тайёрлаш жойида диссертация тадқиқотлари ўтказишларида ёрдам кўрсатиш учун зарурият туғилганида ИТМ директори ёки ОТМ ректори буйруғи билан олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар орасидан (академик, фан доктори-профессор) илмий раҳбарлар, илмий маслаҳатчилар тайинланади. Маслаҳатчи сифатида бошқа ташкилотлардан етакчи олим ва мутахассислар ҳам жалб этилиши мумкин.

Докторантларни идора ичида, идоралараро ва давлатлараро мақсадли тайёрлаш учун уларни юборувчи ва қабул қилувчи ташкилот ўртасида шартнома (1-илова) тузилади.

Бошқа шаҳардан келган докторантлар уларни ўқишга юборган ташкилот маблағи ҳисобидан турар жой билан таъминланадилар.

Докторантурада ўқиш муддати илмий-педагогик иш стажига қўшилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланган таянч докторантура ва докторантурага ўқишга қабул қилиш квоталари асосида тайёрланган ҳаражатлар сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан “таълим” тармоғи бўйича олий ўқув юртига, “фан” тармоқлари бўйича илмий-тадқиқот муассасасига белгиланган тартибда тегишли маблағларни ажратади. Ушбу маблағлар ҳисобига таълим олувчиларга белгиланган тартибда лавозим маошларининг тегишли тўловлари амалга оширилади.

Молия вазирлиги докторантурага қабул бўйича Давлат буюртмаси (прогноз) асосида тасдиқланган ҳаражатлар сметаси бўйича базани ҳисобга олган ҳолда Инновацион ривожланиш вазирлигига белгиланган тартибда тегишли маблағларни ажратади.

Мақсадли докторантурада ўқиш ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда амалга оширилади. Докторантларга амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ ўриндошлик бўйича ишлашга рухсат этилади.

Докторантлар қонунчилик билан белгиланган ҳоллардан ташқари бутун ўқиш даври давомида илмий ва илмий-педагогик фаолият билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилинмайдилар.

Тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, таянч докторант ва докторант сифатида ўқиш муддати узоқ вақт касал бўлиш, ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлиш даврига, шунингдек, ҳарбий йиғинларга чақирилиш муносабати билан узайтирилиши мумкин.

3-боб. Мақсадли докторантурага эга бўлган олий ўқув юртлари, илмий муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Мақсадли докторантурага қабул ҳар йили олий ўқув юртлари, илмий муассасалар ва ташкилотлар томонидан белгиланадиган муддатларда, оммавий ахборот воситаларидаги эълонларга биноан ўтказилади.

Мақсадли докторантурага юбориладиган номзодларни юборувчи ва қабул қилувчи ташкилот суҳбат орқали танлайди.

Докторантурага кириш имтиҳонларини топширувчи шахсларга имтиҳонларга тайёрланиш ва топшириш учун ўн беш календарь кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади, ўқув юртлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти ҳисобга кирмайди. Докторантурага кириш имтиҳонларини топширмасдан қабул қилинадиган шахслар бундай ҳуқуқдан фойдаланмайдилар.

Докторантурага ҳужжатларни топширганлик ҳақидаги тилхат иш хақи сақланмаган ҳолда таътил бериш учун асос бўлади. Кириш имтиҳонларига келиб-кетиш билан боғлиқ йўл харажатлари юборувчи ташкилот ҳисобидан қопланади.

Мақсадли докторантурага эга ОТМ, ИТМ ва идоралар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– илмий раҳбарнинг докторантни хорижий етакчи илмий марказларга илмий хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги илтимосномаси асосида қабул қилувчи томоннинг таклифномаси мавжуд бўлган ҳолда Коллегиал органда илмий хизмат сафарига юборишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

– шахсий иш режаларини бажармаган ёки илмий этика, маънавий ва ахлоқ-одоб нормаларини бузган докторантни докторантурага қайта кириш ҳуқуқисиз докторантурадан четлатиш ва бу ҳақда мутахассисни ўқишга йўллаган ОТМ, ИТМ ёки ташкилотга хабар бериш;

– докторантларни шартнома (идоралараро, давлатлараро) асосида ўқитиш учун тушадиган (шу жумладан валютада) маблағларни белгиланган тартибда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва чет элларда ўз мутахассисларининг малакасини оширишга сарфлаш.

Мақсадли докторантурага эга ОТМ, ИТМ ва идоралар қуйидаги мажбуриятларга эга:

– мақсадли докторантурага илмий тадқиқот олиб бориш қобилиятига эга бўлган магистрларни танлов асосида қабул қилишни таъминлаш;

– Коллегиал органда докторантларга фан, техника, таълим ва маданият соҳаларининг республика учун устивор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда илмий ишлар мавзусини ва иш режасини 1 ойдан кечиктирмай тасдиқлаш.

  – докторантларнинг малакавий имтиҳонларини топшириши, умумназарий тайёргарлиги ва экспериментал тадқиқотлар ўтказиши учун зарур шароитларни яратиб бериш, шунингдек тажрибали олимлардан илмий раҳбар ва маслаҳатчилар тайинланишига алоҳида эътибор бериш ҳамда уларни стипендия билан ўз вақтида таъминлаш;

– докторантларнинг «Ёш олимлар» танловларида ва хорижий мамлакатларда мутахассислиги бўйича ташкил этиладиган илмий анжуманларда иштирок этишини таъминлаш.

– малакавий имтиҳонларни топшириш билан боғлиқ сарф-харажатларни қоплаш;

– докторантлар фаолиятини мунтазам назорат қилиш, Коллегиал орган (Илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш)ларда илмий раҳбар ва маслаҳатчиларнинг ҳисоботларини эшитиш. Докторантлар фаолиятини бир йилда икки марта мониторингдан ўтказиш ва тегишли қарор қабул қилиш;

– докторант билан илмий раҳбар, маслаҳатчи ўртасида илмий изланишлар бўйича жиддий келишмовчиликлар юз берганда Коллегиал орган (Илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш ва б.қ.)ларда докторантнинг илмий раҳбарини ёки маслаҳатчисини алмаштириш тўғрисидаги асосланган аризасини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш.

4-боб. Мақсадли докторантурага юборувчи илмий-тадқиқот муассасаси, олий ўқув юрти ҳамда ташкилотнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Мақсадли докторантурага юборувчи ОТМ, ИТМ ва идоралар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- докторантнинг илмий фаолиятини назорат қилиш ҳамда аттестация материалларини сўраб олиш;

- докторант шартнома шартларини бажармаганда (докторантурани тугатиб иш жойига қайтиб келмаганда) уни докторантурада тайёрлаш билан боғлиқ сарф-ҳаражатлар қопланишини ўрнатилган тартибда талаб қилиш.

Мақсадли докторантурага юборувчи ОТМ, ИТМ ва ташкилотлар қуйидаги мажбуриятларга эга:

5-боб. Мақсадли докторантнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Докторант қуйидаги ҳуқуқларга эга:

– ОТМ, ИТМ ва идоранинг ускуна, лаборатория, кабинет, ахборот-ресурс маркази ва бошқалардан фойдаланиш;

– мутахассислиги бўйича илмий экспедиция, конференция, семинар ва бошқаларда иштирок этиш;

– илмий хизмат сафарларига, шу жумладан хорижий мамлакатларга бориш

– илмий-тадқиқотлар бўйича зиддиятлар юзага келган ҳолда илмий раҳбарни ёки маслаҳатчини алмаштириш тўғрисида Коллегиал орган (Илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш) га асосланган ариза бериш;

– мақсадли докторантура муддати давомида тадқиқот мавзуси доирасида эълон қилинган танловларда, давлат ва нодавлат грантларида ҳамда хўжалик ҳисобидаги илмий ишларни бажаришда иштирок этиш.

Докторант қуйидаги мажбуриятларга эга:

- ОТМ, ИТМ ёки идоралар Коллегиал орган (Илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгашлари) томонидан тасдиқланган шахсий иш режаси бўйича илмий-тадқиқот олиб бориш ва уни тўла бажариш;

- кафедра, бўлим, лаборатория ва сектор мажлисларида шахсий иш режасининг бажарилиши тўғрисида мунтазам равишда (йилда камида икки марта) ҳисобот бериб бориш ва аттестациядан ўтиш;

- ОАК томонидан тасдиқланган талабларга мувофиқ равишда ўз вақтида малакавий имтиҳонларини (мутахассислик, чет тили) топшириш;

 - ОАК реестрига киритилган илмий журналларда диссертация мавзуи бўйича камида иккита илмий мақола чоп эттириш;

- чуқур касбий билимлар, мустақил илмий-тадқиқот ва педагогик иш олиб бориш малакаси, илмий-тадқиқотларни ўтказиш услубиятини эгаллаш;

– фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Sciense) диссертациясини муддатида ҳимоя қилиш ёки Илмий кенгашда диссертацияни ҳимояга қабул қилиниши учун тақдим этиш;

 – мақсадли докторантурадан шахсий иш режаларини бажармаганлиги, аттестациядан ўтмаганлиги ёки маънавий ва одоб-ахлоқ нормаларини бузганлиги учун ва бошқа сабабларга кўра четлатилган шахслар докторантурага қайта тикланмайдилар.

ОТМ ёки ИТМ ички меҳнат тартиби ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик учун интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо қўлланилишидан олдин докторантдан тушунтириш хати олинади. Қўлланилган интизомий жазо докторантга тилхат олиш орқали маълум қилинади.

Узрли сабаблар билан докторантлар сафидан чиқарилган шахсларга ўқиш даври ҳақида маълумотнома берилади.

 

 6-боб. Илмий раҳбар ва маслаҳатчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Илмий раҳбар ва маслаҳатчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  – Коллегиал орган (илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш б.қ.)га докторантни хорижий етакчи илмий марказларга хизмат сафарига юборишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида асосланган ёзма илтимоснома билан мурожаат қилиш.

Илмий раҳбар ва маслаҳатчи қуйидаги мажбуриятларга эга:

  – докторантнинг илмий ишига самарали илмий раҳбарлик ёки маслаҳатчилик қилиш;

  – докторантнинг тасдиқланган шахсий иш режасини бажаришини мунтазам назорат қилиш;

  – диссертация ишининг ОАК талабларига мувофиқ равишда сифатли, ўз вақтида тугалланиши ва ҳимояга тақдим этилишини таъминлаш;

– ҳар йили Коллегиал орган (илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш ва б.қ.) олдида докторант билан бирга ҳисобот бериш.

Диссертация ишларини муддатида ҳимоя қилинишини таъминлайдиган илмий раҳбарлар ёки маслаҳатчилар Коллегиал орган (илмий кенгаш, илмий-техникавий кенгаш ва б.қ.) қарори билан давлат грантлари ёки шартнома бўйича учтагача докторант ёки мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик ёки маслаҳатчилик қилиши мумкин.

7-боб. Докторантурада хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фаолиятини контракт асосида ташкил этиш

ОТМ, ИТМ, идоралар ва ташкилотларда Давлат аккредитациясидан ўтган илмий-тадқиқот муассасаларида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида фуқароларни, шу жумладан хориж фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни танланган мутахассислик бўйича докторантурага шартнома асосида (1-илова) қабул қиладилар.

Хориж фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни докторантурага қабул қилиш:

  - Ўзбекистон Республикаси ва хориж давлатлари ўртасидаги ҳукуматлараро битимлар, халқаро шартномалар;

  - жамоа ва якка тартибдаги контрактлар асосида амалга оширилади.

Докторантларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддати ушбу тартибга мувофиқ улар қабул қилинган кундан бошлаб белгиланади.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш учун ҳақ тўлаш тури, миқдори ва тартиби, стипендия билан таъминлаш, турар жой шароитларини яратиб бериш, тиббий хизмат кўрсатиш ва форс-мажор вазиятлари натижасида етказиладиган зарарни қоплаш ушбу Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган битим ва шартномалар билан белгиланади.

Докторантурага ўқишга кираётган фуқаролар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

- докторантурага қабул қилиш тўғрисида ариза;

- ўрганилган фанлар ҳамда улар бўйича имтиҳонларда олинган баллар кўрсатилган ҳолда маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг асл ёки нотариус томонидан тасдиқланган нусхалари;

- саломатлиги тўғрисида тиббиёт муассасаси хулосаси;

- 4х6 ўлчамдаги 6 дона фотосурати;

- виза ҳужжатлари;

- миллий паспорт шахсан кўрсатилади.

Докторантура ўтишни истаган ўзбек ёки рус тилини билмайдиган хориж фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли вазирлик ва идораларнинг Тил ўқитиш марказларида ёки бошқа мавжуд Тил марказларида ўқитиладилар.

Хорижлик ва фуқаролиги бўлмаган докторантлар ушбу Низомда кўзда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан фойдаланадилар.

ОТМ ва ИТМ ички тартибини, ётоқхона интизомини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси меъёрий ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа қонун ва қоидаларни бузган хориж фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар докторантурадан четлатилади.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни мақсадли тайёрлаш юзасидан шартнома тарафлари ўртасида келиб чиққан низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

4-боб. Якуний қоидалар

Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси билан келишилган.

                                                                                                          1-илова

Ш А Р Т Н О М А

Тошкент шаҳри                                                                 2017 йил «__»________

 

 Ўзбекистон Республикаси Низоми асосида иш олиб борадиган ва бундан қуйида қабул қилувчи ташкилот деб юритиладиган ______________________________

 (ОТМ, ИТМ, идора ва ташкилотлар) ________________________________________________________________ номидан Директор (Ректор)

____________________________________________ (раҳбар ф.и.ш.) Докторантурага кирувчи ва бундан қуйида «Докторант» деб юритилувчи

____________________________________________________________________ (хорижий фуқаро учун мамлакати номи) фуқароси (фуқаролиги йўқ шахс)

________________________________________ (мутахассиснинг ф.и.ш.)

«Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисида»ги Низомга мувофиқ қуйидагилар тўғрисида ушбу шартномани туздилар.

 

1. ШАРТНОМА МАЗМУНИ
Ушбу шартнома асосида қабул қилувчи ташкилот «______________________________________________________________»

(мутахассислик шифри ва номи) бўйича олий малакали мутахассис (фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (Doktor of Science) тайёрлашни таъминлайди.

Докторант тасдиқланган календар иш режасига мувофиқ бажарадиган илмий тадқиқот ишининг мазмуни, ҳажми ва натижалари Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси талабларига мувофиқ бўлиши керак. Диссертациянинг айрим босқичларини ва умуман

диссертацияни бажариш муддатлари ушбу шартноманинг ажралмас қисми бўлган докторантнинг календар иш режасига мувофиқ белгиланади.

2. ТАЙЁРЛОВ МУДДАТЛАРИ

1. Тайёрловнинг бошланиши 2018 йил «___»__________.

2. Тайёрловнинг тугаши 2019 йил «___»_______________.

3. Докторантурада бўлиш вақтини узайтириш бўйича томонлар қўшимча шартномани расмийлаштирадилар.

 

3. ТАЙЁРЛОВ ҚИЙМАТИ ВА ҲИСОБ-КИТОБ ТАРТИБИ

1. Шартнома бўйича ҳаражатлар ҳажми ушбу шартномага илова қилинадиган харажатлар сметаси калькуляцияси билан белгиланади.

2. Ҳисоб-китоблар сўмда, чет эл фуқаролари учун эркин алмашинадиган валютада қабул қилувчи ташкилотнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

3. Докторант докторантурага қабул қилингандан сўнг икки ҳафта мобайнида шартнома қийматини тўлаши шарт.

4. ТОМОНЛАРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

1. Докторантнинг мажбуриятлари:

- ушбу шартнома бўйича ҳаражатлар сметасига мувофиқ ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш;

- ЎзР ҳудудида амалда бўлган қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя қилиш;

- шахсий иш режаларини тўла бажариш.

2. Докторант ушбу контракт шартларини бажармаган ҳолларда Директор (Ректор) уни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Бунда илгари тўланган маблағлар докторантга қайтарилмайди.

3. Директор (ректор)нинг мажбуриятлари:

- докторантга режалаштирилган илмий тадқиқотларни бажариш учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш;

- докторантнинг ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштириш;

- докторантга илмий тадқиқот ишларини бажариш учун сарф-ҳаражатлар сметасида кўзда тутилган зарур ишлаб чиқариш майдонлари, асбоб-ускуналар, ва хизматларни кўрсатиш;

- ярим йиллик назорат аттестацияларини ўтказиш;

- тайёрлаш муддати ўтгунича диссертацияни тайёрлаш муддатлари ва шартлари докторантнинг айбисиз бажарилмаган ҳолларда шартнома бўйича сарфлангандан ташқари қолган маблағларни қайтариш;

- докторантнинг календар иш режаси бандлари бажарилмаганлиги, шунингдек, диссертацияни тайёрлаш муддатлари бузилганлигининг сабабларини ёзма равишда расмийлаштириш.

5. БОШҚА ШАРТЛАР

1. Ушбу шартнома докторантурага кириш учун тегишли ҳужжатлар (масалан, чет эллик мутахассиснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши учун рухсатнома) мавжуд бўлгандагина расмийлаштирилади.

2. Инновацион ривожланиш вазирлигида Давлат аккредитациясидан ўтган ташкилотлар докторантура ва бошқалар орқали олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашга контракт тузиш ҳуқуқига эга.

3. Ушбу контрактга киритиладиган барча ўзгартириш ва қўшимчалар ёзма равишда тайёрланади ва ҳар икки томон имзолаганидан сўнг ҳақиқий ҳисобланади.

4. Директор (Ректор) контрактда кўзда тутилган умумий сумма чегарасида ҳаражатлар сметаси моддалари бўйича харажатларни (докторантнинг стипендиясидан ташқари) ўзгартириши мумкин.

5. Докторантнинг диссертацияси қайтарилган (илмий даражалар бериш бўйича Илмий кенгаш қарори тасдиқланмаган) ҳолларда барча масъулият докторант ва директор (ректор) зиммасига юклатилади.

 

Ушбу шартнома уч нусхада (1 - қабул қилувчи ташкилот, 2 - докторант ва 3 - Вазирлик учун) тузилди, 2018 йил «__»_________да имзоланди ва 2019 йил «___»________гача ҳақиқий ҳисобланади.

 

Қабул қилувчи ташкилот манзили                                Докторант

_____________________________                               ________________________
(ф.и.ш, имзо)

______________________

                                                                                                         

Қабул қилувчи ташкилотнинг банк реквизитлари           Келишилган: Илмий

                                                                                раҳбар (маслаҳатчи)
______________________                                            _________________________
                                                                                (ф.и.ш., имзо)

М.Ў.

 

Қабул қилувчи ташкилот

раҳбари _______________________

 (ф.и.ш., имзо)

 

Юборувчи ташкилот манзили

_____________________________

______________________

 

Юборувчи ташкилотнинг банк

реквизитлари

______________________        

М.Ў.

 

Юборувчи ташкилот

раҳбари _______________________

 (ф.и.ш., имзо)

Умумий таклифлар

1542