ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1493 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 13/12/2018 28/12/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Самарқанд давлат университети қошида аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида
ID-1493

ЛОЙИҲА      

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Самарқанд давлат университети қошида аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида

 

Жаҳон цивилизацияси тарихида Ўзбeкистон халқлари маданияти, хусусан, илм-фан ва таълим тараққиёти  алоҳида ўрин тутади. Айниқса, ўрта асрларда ўз даврининг буюк мутафаккирлари Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбекларнинг математика, физика, астрономия, кимё, геология, минералогия, биология, тиббиётга оид тадқиқотлари илм-фаннинг ривожланишида туб бурилиш ясаганини бутун дунё эътироф этган. Бугунги кунда мамлакатимизда ана шундай буюк мутафаккирларимизнинг муносиб ворисларини тайёрлаш ва истеъдодларини кенг намоён қилишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг Самарқанд давлат университети қошида аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактаб деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

физика, математика, кимё ва биология фанлари бўйича иқтидорли ўқувчиларни танлаш, уларга замонавий талаблар доирасида чуқурлаштирилган назарий ва амалий билимларни бериш, олий таълим тизими учун юқори интеллектуал ёшларни тайёрлаш;

ҳар бир иқтидорли ўқувчининг индивидуал ривожланиш хусусиятлари асосида профессор-ўқитувчиларни бириктириш, уларда мустақил таълим олиш ҳамда илмий-ижодий иш билан шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;

иқтидорли ўқувчиларни республика ва халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш;

таълим жараёнига ўқитишни янги ва самарали усулларини, илғор мамлакатлар тажрибаларини киритиш, инновацион педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган олим-педагогларни жалб этган ҳолда, ўқитиладиган фанлар бўйича махсус дарсликлар, электрон ўқув адабиётлар, услубий ишланмалар яратиш, ўқувчиларнинг фан сирларини чуқур ўрганишлари учун зарур шароитлар яратиш.

3. Ўзбeкистон Рeспубликаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлигининг:

Ихтисослаштирилган мактабни Самарқанд Банк коллежи негизида ташкил этиш;

Самарқанд шаҳар, Даҳбет кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган Самарқанд Банк коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Ихтисослаштирилган мактабга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

4. Самарқанд вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

2018/2019 ўқув йили якуни билан Самарқанд Банк коллежи ўқувчиларининг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, тегишли йўналишлар бўйича яшаш жойига яқин бўлган коллежларга белгиланган тартибда жойлаштирилишини;

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ихтисослаштирилган мактаб учун ажратилган бино ва иншоотларни заруратдан келиб чиқиб, 2019 йилги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари доирасида таъмирлаш ҳамда уларни зарур инвентарлар билан жиҳозлашни таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда ихтисослаштирилган мактабнинг уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши;

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослашган мактабни зарур ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

Белгилаб қўйилсинки:

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синфга физика-математика йўналиши бўйича 60 нафар ва  кимё-биология йўналиши бўйича 60 нафар ўқувчилар физика-математика ва кимё-биология фанларидан ўтказиладиган танлов асосида қабул қилинади;

ихтисослаштирилган мактаб директори Самарқанд давлат университети тавсиясига мувофиқ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли буйруғига асосан лавозимига тайинланади ва озод этилади.

6. Самарқанд вилоят ҳокимлиги 2019 йил Маҳаллий бюджет параметрларида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослашган мактабни жорий сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Мажидов зиммасига юклансин. 

 

 

                                                    Ўзбекистон Республикаси

                                                               Бош вазири                                                               А.Арипов

Умумий таклифлар

816