ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1475 Министерство культуры Республики Узбекистан 12/12/2018 27/12/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-1475

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, жаҳон миқёсидаги илғор тажрибалар асосида замонавий маданият ва санъат муассасалари барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, цирк санъатининг аҳоли, айниқса, ёшларнинг мароқли дам олишлари, уларга эстетик завқ бағишлашдаги ролини инобатга олиб, цирк дастурлари ва томошаларининг бадиий савияси ҳамда қамровини кенгайтириш билан бир қаторда, уларни цирк манежларида жаҳон талаблари асосида ўтказиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда, миллий цирк санъатини янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли камчиликлар мавжуд. Жумладан:

биринчидан, циркни бошқарув тизими йиллар давомида қониқарсиз ташкил этилганлиги, шунингдек дастурлар ва томошаларнинг бадиий савияси кескин пасайиб кетганлиги натижасида охирги 20 йилда томошалар сони 1 052 тадан ҳозирги кундаги 200-250 тагача камайган;

иккинчидан, циркнинг ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи миқдорлари пастлиги, шунингдек иш натижадорлигига нисбатан моддий рағбатлантириш тизими йўқлиги сабабли кадрлар қўнимсизлиги ва мутахассисларнинг етишмаслиги юқори даражада, шунингдек, кейинги йилларда малакали тор соҳа мутахассисларнинг хорижий давлатлар циркларида ишлаш учун жўнаб кетиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда;

учинчидан, гастроль фаолиятини амалга ошириш ҳамда кадрларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилмаган;

тўртинчидан, цирк ҳайвонларини сақлашнинг антисанитария аҳволдалиги ва томошаларга тайёрлаш даражаси пастлиги, уларнинг соғлиғига ва кўпайтириш имкониятига салбий таъсир қилмоқда;

бешинчидан, моддий-техник таъминланганлик даражаси пастлиги сабабли циркнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши ва цирк дастурларининг бадиий савиясини ошириш ва томошабинлар қамровини кенгайтириш учун имкон бермаяпти;

олтинчидан, республиканинг чекка, олис туман, маҳалла ва қишлоқлари аҳолисига маданий хизмат кўрсатишни замон талаби даражасига кўтариш мақсадида кўчма цирк (шапито)лар томонидан гастроль сафарлари ташкил этишда мавжуд бадиий репертуари ва моддий-техника базаси маънан эскирганлиги мазкур гастроль сафарларини тўлақонли ва сифатли амалга ошириш учун имкон бермаяпти;

еттинчидан, цирк соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва танловларда ижодкорларимизнинг иштирокини изчил таъминлаш ва уларнинг сара томошаларини намойиш этиш, хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмагани ҳам соҳа ривожига тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбек цирк санъати ролини ошириш, цирк дастурлари ва спектаклларнинг бадиий савияси ва қамровини кенгайтириш, ходимларини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш, цирк ёш мутахассисларини тайёрлаш ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ва тасарруфидаги кўчма цирк (шапито)лар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш шунингдек, аҳоли ва ёшлар учун замонавий шарт-шароитларни яратиш ҳамда аҳолига тақдим этилаётган цирк хизматлари натижадорлиги ва сифатини янада ошириш мақсадида:

1. Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги 2019 йил 1 июнга қадар:

Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ишончли бошқарувга бериш бўйича техник, молиявий ва бошқа шартларни пухта шакллантирсин;

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ишончли бошқарувга бериш мақсадида инвесторни аниқлаш бўйича белгиланган тартибда халқаро танловини ўтказсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари:

цирк санъатининг жамиятдаги мавқеи, ўрнини ва ижтимоий ролини ошириш, аҳоли айниқса, ёшларни, республиканинг чекка ҳудудларда цирк дастури ва томошаларидан баҳраманд этиш, мароқли ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш мақсадида Самарқанд, Фарғона ва Хива шаҳарларида давлат хусусий-шериклик шартлари асосида 500-700 ўринга мўлжалланган ярим стационар циркларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин;

давлат хусусий-шериклик шартлари асосида ярим стационар циркларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида техник, молиявий ва бошқа шартларни инобатга олган ҳолда тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқсин ва икки ой муддатда хусусий шерикни аниқлаш бўйича белгиланган тартибда танловларни ўтказсин.

Белгилаб қўйилсинки, давлат хусусий-шериклик шартлари асосида ташкил этиладиган ярим стационар цирклар “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг ҳамда хорижий кўчма цирк томоша дастурларини намойиш этиш ва бошқа концерт-томоша тадбирларни ўтказишни амалга оширадиган томоша маскани ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси:

цирк дастурлари ва томошаларининг бадиий савиясини ошириш ва 2020 йилга қадар томошалар сонини камида 500 тага, 2024 йилга қадар –1 000 тагача етказиш бўйича зарур чоралар кўрсин;

2020 йилда цирк залининг томошабинлар билан тўлиши даражасини ўртача ҳисобда камида 60 фоизга ва 2024 йилга – 75 фоизга етказсин;

театр, кино, эстрада ва бошқа санъат турлари ҳамда замонавий ёритиш ва мусиқали маҳсус эффектларини қўллаган ҳолда сифат жиҳатдан бутунлай янги цирк дастурларини яратсин;

2021 йилга қадар янги сифатли цирк дастурлари ва томошалари улушини цирк дастурлари ва томошаларининг умумий ҳажмида камида 40 фоизга етказилишини таъминласин;

машҳур хорижий цирк ташкилотларини, шу жумладан, Франциянинг «Cirque du Soleil», Хитойнинг “Чанг Лонг” халқаро цирки, Россиянинг Цветной бульвардаги Москва цирки, Москва катта цирки ва бошқа шу каби циркларнинг республикамизда гастролларини ташкил этсин;

дунёнинг машхур цирк артистлари ва мутахассисларини республикамизга таклиф этган ҳолда мастер класс, тренинг ва тажриба алмашишни, шу жумладан Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактабида (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактаб деб юритилади) ташкил этсин;

миллий цирк санъатининг маданий экспортини амалга ошириш ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг даромадлар манбаларини кенгайтириш мақсадида энг томошабоп цирк дастурларини саҳналаштирган малакали ижодий жамоаларни (труппа) хорижий давлатларга гастроль сафарларини доимий равишда йўлга қўйсин;

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасида намойиш этиладиган цирк дастурлари ва томошаларини жаҳон интернет тармоғи орқали пулли асосда масофадан он-лайн томоша қилиш имконини яратиш чораларини кўрсин;

ушбу муассасада кириш чипталарини шакллантириш, сотиш ва ишлатилишини ҳисобга олиш ва ҳисоб-китобини юритиш бўйича Чипта операцияларининг ягона электрон тизимини жорий этсин;

бир ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган кўрсаткичларга эришишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ихтисослаштирилган мактаб ҳамда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ўртасида тизимли равишда таълим ва амалиёт интеграциясини йўлга қўйиш мақсадида:

Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги ва Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази билан биргаликда цирк сулолалари вакиллари ва малакали цирк ва театрлар артистларини ихтисослаштирилган мактабининг таълим жараёнига жалб этиш чорасини кўрсин;

ихтисослаштирилган мактабнинг цирк йўналиши ўқувчиларининг амалиёти мажбурий тартибда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасида ҳамда Самарқанд, Фарғона ва Хива шаҳарларида ташкил этиладиган ярим стационар циркларда ўташини ташкил этилиши;

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасида мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар учун акробатика, гимнастика ва дорбозлик йўналишлари бўйича “устоз-шогирд” амалиёти асосида тўгараклар ташкил этилиши;

ихтисослаштирилган мактабини цирк йўналиши бўйича битираётган ўқувчилар бир нечта мустақил цирк номерларига эга бўлишини таъминласин.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб:

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг алоҳида ўрнак кўрсатган ижодий (артист) ходимлари ва мутахасисларига, айниқса ишлаб чиқариш ходимларига муассаса раҳбари томонидан, уларнинг лавозими ва малакасига, бажарадиган ишининг мураккаблиги ва хавфлилигига қараб, муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан базавий тариф ставкаси ва лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгиланади;

Монте-Карло халқаро цирк фестивали ва Будапешт халқаро цирк фестивалида 1-, 2- ва 3-ўринларини эгаллаган “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ижодий жамоалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг тегишлилигича 100 баравари, 80 баравари ва 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йилнинг 1 июнига қадар Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига14 ёшга тўлмаган шахсларни цирк, театр, кино ва концерт ташкилотларида ижодкор лавозимида ишлаш, меҳнатига ҳақ тўлаш ва меҳнат стажини инобатга олиш тизимини назарда тутивчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.

8. 2020 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро цирк санъати фестивали ўтказилсин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги икки ой муддатда Халқаро цирк санъати фестивали Низомини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритcин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилган ва экспертизадан ўтказилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан 2019 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурини шакллантиришда “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, қўшимча ҳайвонлар асраш хонаси ҳамда ҳайвонларни сақлаш хоналарини қуриш ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар лимити ажратилишини назарда тутсин.

10. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси биноларига туташ ҳудудида қўшимча ҳайвонларни сақлаш бино-иншоотлари ва ўргатиш майдонларини қуриш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

11. Цирк соҳасини ривожлантириш, “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга қулай шароитлар яратиш, соҳадаги ижодкорларнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида, ____________________________ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси ўртасида “Дўстлар клуби” ташкил этилсин ҳамда белгиланган тартибда доимий равишда ҳомийлик ёрдами кўрсатиш йўлга қўйилсин.

12. Белгилаб қўйилсинки, “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасасини сақлаш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ харажатлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, асосий фаолиятдан даромадлари, ҳомийлик ҳайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси харажатларининг даромадлари билан (ҳомийлик ҳайриялари бундан мустасно) қопланмаган қисми учун ажратилади.

13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги цирк соҳасида фаолият юритаётган малакали ходимлар ҳамда иқтидорли ёш мутахассислар учун муносиб турар-жой шароитларни яратиш мақсадида ипотека кредитлари асосида Тошкент шаҳридан белгиланган тартибда арзон уй-жой ажратилишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда киритиладиган ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Ш. Маҳмудов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                   Ш.Мирзиёев

 

 

 

Умумий таклифлар

945