Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
14455 Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 03/03/2020 18/03/2020 0
Распоряжение Кабинета Министров
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразм вилоятининг Урганч, Хива шаҳарлари атрофида ҳимоя дарахтзорлари – “яшил белбоғ” барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-14455

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудуди барча томондан чўл ҳудудлари қумлик билан ўралган. Шу сабабли ушбу ҳудудларда чўлнинг салбий таъсири (шамол, тупроқ эрозияси, қум кўчиши) йил сайин кучайиб бормоқда. Ушбу ҳудудларда табиий мувозанатнинг бузилиши натижасида Оролбўйи минтақасидаги аҳолига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар келтириши билан биргаликда марказий шаҳарлар бўлган Нукус, Хива ва Урганч шаҳарларида ижтимоий-экологик носоғлом муҳитни келтириб чиқармоқда.

Бу эса нафақат ушбу ҳудуддаги аҳолининг яшаш тарзига жиддий зарар етказади, балки Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда туризм соҳасининг ривожланишига ўзининг салбий таъсирини ўтказади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида аҳолининг яшаш тарзини янада яхшилаш, экологик ҳолатни соғломлаштириш, барча соҳаларда ривожланишни жадаллаштириш, Нукус, Хива ва Урганч шаҳарларини шамол таъсиридан ҳимоялаш, тупроқ эрозиясини олдини олиш, қумларни кўчишини бартараф этиш ва минтақада мўътадил микроиқлим шароитини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида “яшил белбоғ” - ҳимоя дарахтзорлари (кейинги ўринларда “яшил белбоғ” деб аталади) барпо этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда:

“яшил белбоғ” барпо этиладиган ер майдонларини танлаш,
лойиҳа-қидирув ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини;

лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан ўз вақтида молиялаштирилишини;

Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида “яшил белбоғ” ҳимоя дарахтзорларини барпо этилишини ташкил этсин.

3. Қуйидагилар “яшил белбоғ” барпо этишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджетининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш
ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Нукус, Хива ва Урганч шаҳарлари атрофида “яшил белбоғ” барпо этиш бўйича истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги:

“Ўрмонқурилиш” давлат унитар корхонаси – бош буюртмачи;

“Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси – бош лойиҳачи;

давлат ўрмон хўжаликлари пудратчи ташкилотлар этиб белгилансин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Хоразм вилояти ҳокимлиги Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда “яшил белбоғ” барпо этилган ҳудудлардаги дарахтзорларни шикастлантириш, пайхон қилишдан сақлаш, парваришлаш ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ишларини самарали этсин.

6. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси “яшил белбоғ” барпо этиб, далолатнома асосида ер эгаларига топширади;

7. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И. Барноев, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев, Хоразм вилояти ҳокими Ф.Ў. Эрманов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Бош вазири                                                  А. Арипов

Умумий таклифлар: 0

253