Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
14291 Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 28/02/2020 14/03/2020 0
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-14291

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4549-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур норматив базани яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.И.Барноев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                        Бош вазири                                                     А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил ____февалдаги ____-сонли қарорига
ИЛОВА

 

Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластер ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва хўл ва/ёки қайта ишланган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланувчи юридик шахс (кейинги ўринларда – юридик шахс деб юритилади) томонидан мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластерини (кейинги ўринларда – мева-сабзавотчилик кластери деб юритилади) ташкил этиш, фаолият юритиши ва тугатиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

мева-сабзавотчилик кластери инфратузилмаси – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш, саралаш ва транспортда ташиш, сотиш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бинолар, иншоотлар, ускуналар ва бошқа объектлар мажмуаси;

ташаббускор –  мева-сабзавотчилик кластери ташкил этиш истагини билдирган, мос равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига (кейинги ўринларда маҳаллий давлат ҳокимияти органи деб юритилади) ариза билан мурожаат қилувчи юридик шахс.

мева-сабзавотчилик кластери – бир ёки бир неча юридик шахсларнинг гуруҳи доирасида замонавий технологияларидан фойдаланган ҳолда мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва транспортировка қилиш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ташқи ва ички бозорда сотиш бўйича қўшилган қиймат яратиш занжирини яратишни илмий, инновацион услублар асосида ташкил этилган мажмуа;

мева-сабзавотчилик кластери муассислари – мева-сабзавот кластери ташкил этиш бўйича келишув тузган юридик шахслар;

3. Мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органи ҳамда ташаббускор ўртасида уч томонлама келишув (кейинги ўринларда – уч томонлама келишув деб юритилади) тузиш орқали амалга оширилади.

4. Қуйидагилар кластернинг муассислари бўлиши мумкин:

хорижий ва маҳаллий инвесторлар;

барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва қайта ишлаш корхоналари;

кластерлар ташкил этишда қатнашиши қонунларда тақиқланмаган бошқа юридий шахслар.

5. Мева-сабзавотчилик кластери унинг қатнашчилари томонидан ихтиёрий тартибда ташкил этилади.

6. Мева-сабзавотчилик кластерини таъсис этишда унинг муассислари ўз мустақиллигини сақлаб қолади.

7. Мева-сабзавотчилик кластери тижорат ташкилотлари ҳисобланади ва қонунда назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда шу жумладан хорижий инвестор билан қўшма корхоналар шаклида ташкил этилиши мумкин.

8. Мева-сабзавотчилик кластери Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

Мева-сабзавотчилик кластерини таъсис этишда муассислар тегишли ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги субъектларни ташкил этиш учун белгиланган қонун ҳужжатлари талабларини бажариши керак.

8. Мева-сабзавотчилик кластери таркибида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш, уларнинг маркетингини олиб бориш, илмий таъминот ва бошқалар бўйича бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.

9. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари мева-сабзавотчилик кластерининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

 

II. Мева-сабзавотчилик кластерини шакллантириш ва фаолиятини ташкил этишнинг асосий тамойиллари

10. Мева-сабзавотчилик кластерини шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш қуйидаги асосий тамойилларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

мева-сабзавотчилик кластери хорижий инвесторлар ёки маҳаллий тадбиркорлар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилади, бунда муассислар таркибига, барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган, шунингдек яқин атрофдаги ҳудудда жойлашган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, қадоқлаш, ташиш, сотиш корхоналари, илмий марказлар кириши мумкин;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг мева-сабзавотчилик кластери билан ўзаро муносабатлари, улар ўртасида тузилган шартномалар асосида амалга оширилади ва шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинади;

шу жумладан, етказиб бериладиган маҳсулотнинг камида 40 фоизи аванс билан таъминланиши ҳамда кейинчалик маҳсулотларнинг кафолатли равишда харид қилиниши белгилаб қўйилади;

шартномадан ортиқча етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар ишлаб чиқарувчилар томонидан эркин тасарруф этилади, шу жумладан қўшимча келишувга кўра мева-сабзавотчилик кластерига сотилиши мумкин.

11. Қуйидагилар мева-сабзавотчилик кластери ташаббускорини танлаш мезонлари бўлиб ҳисобланади:

Мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштириш бўйича ер ижара шартномасининг мавжудлиги;

мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва транспортировка қилиш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконини берувчи мева-сабзавот кластери инфратузилмаси ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларининг ёки тармоқ ва ҳудудий дастурлар доирасида тегишли қарорлар билан тасдиқланган ҳамда қисқа муддатда (1 йилгача) ишга тушиладиган мева-сабзавот кластери инфратузилмасини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасининг мавжудлиги;

ташаббускорнинг банк ҳисобварағида мева-сабзавот кластери фаолиятини ва инфратузилмасини ташкил этиш бўйича бизнес режани амалга ошириш учун етарли ва мажбуриятлардан озод бўлган пул маблағларининг ёки тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича инвестиция шартномасини ёхуд хизмат кўрсатувчи банкдан кредит олиш бўйича шартномасининг мавжудлиги;

янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини 3 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда сотилганлигини ёки сўнгги 3 йилда ўртача 2 млн АҚШ доллари миқдорида экспортни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, ёки жорий календар йил учун 3 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда маҳсулотларни сотиш бўйича тасдиқланган шартномаларининг мавжудлиги.

12. Мева-сабзавотчилик кластери тармоқ ихтисослиги бўйича қуйидаги йўналишларда ташкил этилиши мумкин:

боғдорчилик – интенсив боғдорчилик ва томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш асосида ва мевачилик, ёнғоқчилик, цитрус ва кўп йиллик маҳсулот етиштиришга ихтисослашган;

узумчилик – томчилатиб суғориш технологиясини қўллаган ҳолда интенсив асосда хўраки ва/ёки саноатбоп узум маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган;

сабзавотчилик – бир йиллик сабзавот, дуккакли экинлар, кўкат
ва республика ҳудудида таъқиқланмаган бошқа қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришга ихтисослашган;

иссиқхона – қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда иссиқхона коплексларидан фойдаланишга ихтисослашган;

кўп тармоқли – юқорида санаб ўтилганлар бўйича биттадан ортиқ йўналишга ихтисослашган.

13. Мева-сабзавотчилик кластерлари мавжуд ер майдонлари
ва маҳсулот ишлаб чиқариши турлари бўйича қуйидаги шаклларда ташкил этилади:

мустақил – тўлик циклда (мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш бўйича) фаолият олиб бориш учун белгиланган тартибда ўзига ажратилган йирик ер майдонларига (плантация) эга мева-сабзавотчилик кластери;

тайёрлов-қайта ишлаш – ҳўл ёки қайта ишланган холда экспорт қилиш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини бошқа ишлаб чиқарувчилар (фермер, деҳқон, агрофирма, кооперация ва бошқалар)дан фақат шартнома асосида сотиб олувчи мева-сабзавотчилик кластери;

аралаш –маҳсулот етиштириш учун белгиланган тартибда ўзига ажратилган ер майдонларига (плантация) эга ва бир вақтда шартнома асосида маҳсулот етиштирувчилардан (фермер, деҳқон, агрофирма, кооперация ва бошқалар) мева-сабзавотларни сотиб олувчи кластер.

14. Ташаббускор мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш учун тармоқ ихтисослиги ва турини кўрсатган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органига ариза билан мурожаат қилади.

Агар ташаббускор танлаган ихтисослигига мос ҳолда мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштириш учун ер участкасини фойдаланишга (ижарага) олишни ёки мавжуд ер майдонларини кенгайтиришни хохласа, буни аризада акс этириши лозим.

Келгуси йил ҳосили учун мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш бўйича ташаббускорларнинг аризалари ҳар йили 15 сентябрга қадар тақдим этилади.

15. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ташаббускорнинг тегишли бўлган мева-сабзавот кластери инфратузилмасининг, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг кластер усулини тадбиқ этиш имкониятини берувчи мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумот. Бунда, бино ва иншоотларга нисбатан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг Давлат реестридан электрон кўчирма, қишлоқ хўжалиги асбоб-ускуналарни ҳисобга олинганлиги тўғрисида маълумотнома;

мева-сабзавот кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича бизнес режа;

маҳсулотни сотиш бўйича шартномалари нусҳалари;

амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари кўрсаткичлари (қиймати, инвестиция ҳажми, қуввати, иш ўрни, экспорт ҳажми ва бошқ);

ташаббускорнинг банк ҳисобварағида мева-сабзавот кластери фаолиятини ва инфратузилмасини ташкил этиш бўйича бизнес режани амалга ошириш учун етарли ва мажбуриятлардан озод бўлган пул маблағларининг мавжудлиги ҳақида хизмат кўрсатувчи банк маълумотномасидан кўчирма (кейинги 3 ой давомида тўлиқ  мавжудлиги) ёки тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича инвестиция шартномасини ёхуд хизмат кўрсатувчи банкдан кредит олиш бўйича шартномасининг нусхаси.

16. Маҳаллий давлат ҳокимияти органи ариза келиб тушган вақтдан бошлаб 5 иш кунида аризага илова қилинган ҳужжатлар асосида ташаббускорнинг мева-сабзавотчилик кластерини танлаш бўйича белгиланган мезонларга мувофиқлигини ўрганади ҳамда натижаси бўйича ташаббускорни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.

17. Бир майдонга бир ва ундан ортиқ ташаббускор қайд этилса, барча ташабускорлар тенг хуқуқларга эга бўлади ва улар орасида қўшимча танлов эълон қилинади. Қўшимча танлов қуйидаги мезонларга асосланади:

ташаббускорнинг йиллик айланма маблағлари;

ажратилган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги;

охирги 3 йилда экспорт ва қайта ишлаш ҳажми.

Ташаббускордан 30 сентябргача қўшимча хужжатлар тақдим этиши талаб этилади, танлов 1 октябрга қадар якунланади.

18. Ташаббускор томонидан мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш бўйича берилган ариза ва ҳужжатлар мезонларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, маҳаллий ҳокимлик томонидан тегишли камчиликлар кўрсатилган ҳолда ташаббускорнинг аризасини қаноатлантириш рад этилади. Бунда рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилиши лозим.

Ташаббускорнинг аризасини қаноатлантириш рад этишга қуйидагилар асос бўлади:

ташаббускор томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганлиги;

ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

ташаббускор мева-сабзавот кластери танлаш мезонларига мувофиқ бўлмаганлиги;

бошқа ташаббускорни танловда ғолиб чиқиши;

Бошқа сабабларга кўра қаноатлантиришни рад этишга йўл қўйилмайди.

19. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари мева-сабзавот кластерини ташкил этишда иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритаётган, зарур инфратузилма объектлари, шунингдек, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган салоҳиятли ташаббускорларни танланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

20. Ташаббускор мева-сабзавот кластерини танлаб олиш мезонларига мувофиқ келган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органи, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ташаббускор ўртасида
мева-сабзавот кластерини ташкил этиш ва фаолият юритиши тўғрисида келишув 3 иш куни ичида тузилади.

 Келишув мева-сабзавот кластери ташкил этувчи корхона, маҳаллий давлат ҳокимияти органи ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг раҳбарлари томонидан имзоланади.

21. Келишувда қуйидагилар назарда тутилган бўлиши лозим:

келишув предмети;

ташкил этилаётган кластернинг йўналиш ихтисослиги ва тури;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

келишув мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлиги;

мева-сабзавот кластерига юкланаётган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар ҳамда уларни амалга ошириш муддатлари ҳамда тартиби;

келишувни бекор қилиш шартлари;

низоларни ҳал этиш тартиби;

келишувнинг амал қилиш муддати ва шартлари;

келишув тузилган сана ва жой, тарафларнинг реквизитлари, почта манзили кўрсатилиши зарур.

Томонларнинг келишувига кўра, келишувда бошқа қўшимча шартлар ҳам акс эттирилиши мумкин.

22. Мева-сабзавот кластери ташкил этиш бўйича уч томонлама келишув имзолангандан сўнг тегишли туман ҳокимлиги қарори қабул қилинади ҳамда юридик шахс (кластер) белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин мева-сабзавот кластери ташкил этилган ҳисобланади.

23. Мева-сабзавот кластерининг фаолиятини ташкил этиш учун алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши талаб этилмайди, хорижий инвесторлар иштирок этилаётган мева-сабзавот кластери бундан мустасно.

III. Кластернинг мақсади ва асосий вазифалари

24. Мева-сабзавот кластери қоида тариқасида қишлоқ жойларда, хорижий инвесторлар, маҳаллий тадбиркорлар саъй-ҳаракатларини, уларнинг моддий ва молиявий ресурсларини бирлаштириш асосида ташкил этилиб, мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорда сотиш билан боғлиқ тармоқларни ягона тизимга бирлаштиради.

25. Қуйидагилар мева-сабзавот кластерининг асосий вазифалари ҳисобланади:

экинлар ҳосилдорлигини ошириш мақсадида селекция ва уруғчилик соҳасида янги технологияларни, “ноу-хау”ларни жорий этиш,  инновацион ишланмалар яратиш ва кенг қўллаш;

маҳсулот етиштириш, тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлашнинг замонавий, интенсив ва ресурстежамкор технологияларни кенг жорий этиш орқали самарали фаолият юритиш;

чуқур маркетинг тадқиқотлари олиб бориш асосида ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳсулот етиштиришнинг мақбул ҳажмларини белгилаш;

маҳсулотлар етиштириш, тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш мақсадида чакана ва улгуржи савдо тизимини йўлга қўйиш, шу жумладан хорижий давлатларда савдо уйларини ва республика ҳудудларида фирма дўконларини очиш;

илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва маҳаллий шароитларда улардан кенг фойдаланиш, кластер тизимини кенг жорий этишда хорижий эксперт ва мутахассисларни жалб қилиш;

ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш, товар-хом ашёларни импорт-экспорт операцияларини амалга ошириш, инвестициялар,
шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;

кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

аҳолини иш билан таъминлаш.

Мазкур Низомда назарда тутилган, махсус рухсатномалар талаб қилинадиган фаолият турлари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли рухсатномалар асосида амалга оширилади.

Лицензиялаштирилиши мажбурий бўлган фаолият турлари ўрнатилган тартибда лицензия олингандан сўнг олиб борилади.

 

IV. Мева-сабзавот кластерини ташкил этиш тўғрисидаги келишувни имзоловчи тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

26. Мева-сабзавотчилик кластери қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ихтисослиги бўйича келушувга асосан эркин қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун белгиланган тартиб бўйича узоқ муддатга ер участкасини олиш;

икки томон розилиги асосида мева-сабзавот ва узум махсулотларини ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги махсулотларини сотиб олиш учун шартнома тузиш;

бизнес режага асосан керакли инфратузилма ва қайта ишлаш қувватларини қуриш ва ишга тушириш учун маҳаллий ҳокимликдан қишлоқ хўжалигига тааълуқли бўлмаган майдонлардан ер участкаларини белгиланган тартибда олиш;

маҳсулот етказиб берувчиларни (фермер, деҳқон, агрофирма, кооперация ва бошқалар) ва истеъмолчиларни (иш, хизмат) эркин танлаш;

ўзига ажратилган ер участкаларида ўз фаолият йўналишидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил ва эркин жойлаштириш;

етиштирилган ва ишлаб чиқарилган товарларни (маҳсулотларни) эркин тасарруф этиш (ички ва ташқи бозорга эркин сотиш);

қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда ерларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш, ер участкаларида алмашлаб экишни жорий этиш;

амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш;

мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш қувватлари ва экспорт кўрсаткичларини мунтазам ошириб бориш;

мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, тизимли равишда сотишни шакллантириш мақсадида кооперацияларни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш;

келишувда белгиланган Кишлоқ хўжалиги вазирлиги ва махаллий ҳокимиятлар мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини талаб этиш;

Мева-сабзавот кластери қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

27. Мева-сабзавот кластерининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

мева-сабзавот кластери ўз фаолиятини мезонларда белгиланган талабларга қатъий риоя этган ҳолда олиб бориш;

“маҳсулот етиштириш – тайёрлаш – сақлаш – қайта ишлаш – транспортировка қилиш – бозорга етказиш” асосида узлуксиз занжирни ташкил этиш;

кооперация тамойили асосида бирлашган маҳсулот етиштирувчилар билан мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар тузиш, шунингдек  маҳсулот сотиб олишни чегараламаслик;

тузилган шартномаларга мувофиқ маҳсулот етиштирувчиларни аванс (бўнак) маблағлари ва бошқа зарур моддий ресурслар (уруғлик, кўчат, минерал ўғитлар, ёнилғи мойлаш маҳсулотлари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, препаратлари ва бошқа) билан таъминлаш;

шартномага асосан маҳсулот етиштирувчилардан харид қилинган маҳсулотлар учун тўловларни ўз вақтида кафолатли нархларда тўланишини таъминлаш;

кооперация тамойили асосида бирлашган маҳсулот етиштирувчиларга агрономик маслаҳатлар бериш, агротехник тадбирларни мониторингини олиб бориш ва мониторинг натижалари бўйича маълумотларни маҳаллий давлат ҳокимияти органига тақдим этиб бориш;

ўзига ажратилган ер участкаларидан белгиланган мақсадларда оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудудда экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик, ер ижараси шартномаси талабларига риоя этиш;

кооперация тамойили асосида бирлашган маҳсулот етиштирувчиларни агротехник тадбирларни бажаришда янги инновацион технологиялардан фойдаланиш ва экинлар ҳосилдорлигини ошириш борасидаги билим ва кўникмаларини ошириб бориш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси самарадорлигини ошириш;

кооперация тамойили асосида бирлашган маҳсулот етиштирувчиларнинг ер майдонларида маҳсулот ишлаб чиқаришда ресурс тежамкор технологияларни мунтазам қўллаб бориш, хусусан сув тежовчи технологияларни босқичма-босқич жорий этилишига амалий ёрдам бериш;

мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва чуқур қайта ишлаш жараёнларида ресурс тежамкор замонавий технологияларни жорий этиш, илм-фан ва амалиёт ютуқларидан самарали фойдаланиш;

ажратилган ер майдонларида тупроқ ва иқлим шароитини ҳамда жаҳон бозори коньюктурасини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

келишув шартлари бажарилаётганлиги тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органига ахборот бериб бориш;

солиқлар ва мажбурий тўловларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлаш.

Кластер қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олиши мумкин.

28. Маҳаллий давлат ҳокимияти органи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Мева-сабзавот кластерининг келишувга риоя этишини мониторингини олиб бориш;

мева-сабзавот кластерига келишувда юкланган мажбуриятлар бажарилмаганда келишувни бекор қилиш тўғрисида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига хабар бериш;

мева-сабзавот кластери ва унга кооперация тамойили асосида бирлашган маҳсулот етиштирувчилар билан биргаликда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб экспортбоп ва юқори даромадли қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда иштирок этиш;

мева-сабзавот кластери томонидан мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини бажарилишини мониторингини юритиш;

мева-сабзавот кластеридан фаолиятига оид тижорат сирини ташкил этмайдиган очиқ маълумотларни сўраш, олиш ва таҳлил қилиш;

мева-сабзавот кластерига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг инновацион ресурс тежамкор технологияларини жорий этиши бўйича тавсиялар бериш;

келишув шартлари бажарилмаганлиги оқибатида етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органи амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

29. Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

мева-сабзавот кластерининг самарали фаолият юритишига амалий ёрдам бериш, жумладан қулай инвестиция  муҳитини яратиш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

мева-сабзавот кластерини зарур ташқи коммуникация инфратузилмаларига (электр энергия, йўл, сув, газ) уланиши учун шарт-шароитлар яратиш ва ташкил этиш;

ҳудуддаги бўш турган объектларни инвестиция киритиш шарти билан мева-сабзавот кластерига ажратишни назарда тутувчи таклифлар тайёрлаш;

зарур ҳолларда мева-сабзавот кластерига ер майдонлари ажратиш, унга маҳсулот етиштирувчиларни ихтиёрий равишда кооперация тамойиллари асосида ихтиёрий бириктириш бўйича туман ҳокимининг қарорларини қабул қилинишини ташкил этиш;

мева-сабзавот кластерига товарларни (иш, хизмат) ташқи ва ички бозорларда реализация қилишга кўмаклашиш, экспортда юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар улушини янада кўпайтиришни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

мева-сабзавот кластерига ахборот-консалтинг, лизинг, суғурта ва бошқа хизматлар кўрсатиш тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш;

кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда мева-сабзавот кластерига кўмаклашиш;

мева-сабзавот кластерини ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

 

30. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маҳаллий давлат ҳокимияти органи билан биргаликда ички ва ташқи бозор талабларини ва ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олиб, юқори ҳосил берадиган экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда интенсив мева боғлари ва токзорларни жойлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

мева-сабзавот кластери томонидан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш инфратузилмасини ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳаларни бажарилишини мониторингини олиб бориш;

мева-сабзавот кластери фаолиятида маҳсулотлар етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича юзага келган муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш;

мева-сабзавот кластери ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ҳамда кластер томонидан унга кооперация тамойили асосида бирлашган маҳсулот етиштирувчиларга уруғ, кўчат, моддий ресурслар, механизация хизматлари ва аванс (бўнак) маблағларини ўз вақтида етказиб берилишини мониторинг қилиш;

мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш ва тизимли равишда сотиш, айланма маблағларни шакллантириш мақсадида кооперацияларни ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатиш;

мева-сабзавот кластерига мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштиришнинг инновацион ресурс тежамкор технологияларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан, биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш;

мева-сабзавот ва узум етиштиришда механизация даражасини ҳамда қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатларидан фойдаланиш самарадорлиги ва сифатини ошириш бўйича илмий услубий тавсиялар бериш;

мева-сабзавот кластери ва унга кооперация тамойили асосида бирлашган маҳсулот етиштирувчилар ўртасидаги молиявий-иқтисодий муносабатлар (кредитлаш, лизинг, субсидиялаш ва дотация бериш) тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш;

халқаро компанияларни жалб этган ҳолда мева-сабзавот кластерида иш юритиш ва фаолиятини ташкил этиш бўйича самарали бизнес моделларини жорий этишга кўмаклашиш.

31. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги мажбуриятлар юклатилади:

мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини ташқи ва ички бозорга етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш бўйича мева-сабзавот кластерига тавсиялар бериш;

мева-сабзавот кластери билан биргаликда интенсив боғ, токзор барпо этиш, сабзавот, полиз, картошка маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини ошириш, қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини ишга тушириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

мева-сабзавот кластери томонидан экишга таклиф этилаётган қишлоқ хўжалик экинларини хорижий давлатларда яратилган янги селекцион навларини синовдан ўтказишни (ҳосилдорлик, ўсув даври, касалликлар, зараркунандалар, турли экстремал шароитларга чидамлилиги ва етиштириладиган маҳсулотлар сифат кўрсаткичлари бўйича) ташкил этиш;

мева-сабзавот кластери томонидан сув тежовчи технологияларни жорий этган интенсив боғ ва токзорлар барпо этилган майдонларга белгиланган тартибда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентликлари фондларида ажратиладиган молиявий кўмак ва субсидия маблағлари ажратилишига амалий ёрдам бериш;

мева-сабзавот кластери томонидан интенсив боғ, токзорлар барпо этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш қувватларини ошириш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан кредитлар ажратилишида амалий ёрдам кўрсатиш;

мева-сабзавот кластери фаолиятида қўшилган қиймат занжирини узлуксизлигини таъминлашга қаратилган илмий-тадқиқотлар натижаларини жорий этиш;

мева-сабзавот кластери фаолиятига ва мева-сабзавот маҳсулотларни етиштириш тизимига халқаро стандартлар ва сертификатларни (Halal, Organik, Global, GAP ва бошқа) жорий этишда амалий ёрдам кўрсатиш;

тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорликда мева-сабзавот кластери томонидан маҳсулотларини ташқи бозорда сотиши учун “яшил йўлак” тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

VI. Мева-сабзавот кластери фаолиятини йўлга қўйиш

32.  Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси талабларига мувофиқ мева-сабзавот кластерига ер майдони белгиланган тартибда 50 (эллик) йилгача бўлган, лекин 30 (ўттиз) йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилади.

33. Мева-сабзавот кластерига ер майдони юридик ва жисмоний шахсларга ажратилмаган қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерлардан ва (ёки) захирадаги ерлардан, қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган ер майдонларидан ажратилади.

Бунда мева-сабзавот кластерига зарур бўлган бино ва иншоотларни қуриш учун ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан ажратилади.

34. Мева-сабзавот кластерига ажратилган ер майдонларидан бир йил мобайнида фойдаланмаслик, тупроқ унумдорлигининг пасайишига, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига олиб келувчи усуллардан фойдаланиш ҳамда уч томонлама келишувда назарда тутилган мажбуриятларни бажармаслик,
ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор бўлишига олиб келади.

35. Мева-сабзавот кластерларига ижарага бериладиган ва кооперация тамоиллари  бириктириладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами 50 (эллик) гектарни, иссиқхона қуриш учун 5 (беш) гектарни ташкил этади.

36. Мева-сабзавотчилик кластери фаолиятини фермер ва деҳқон хўжаликларида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш билан ўзаро боғлиқликда амалга оширилади.

37. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили 1 августдан кечиктирмасдан келгуси йил учун қуйидаги маълумотларни аниқлайди ва электрон веб-сайтларда жойлаштиради:

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари (фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирма ва кластерлар)нинг шартномалардан бўш ер участкалари ҳажмини кўрсатган ҳолда интенсив боғ ва токзорларнинг ҳар бир турини йирик плантациялар шаклида жойлаштирилиши бўйича батафсил маълумот;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари (фермер ва деҳқон хўжаликлари, агрофирма ва кластерлар)нинг шартномалардан бўш ер участкалари ҳажмини кўрсатган ҳолда очиқ майдонларга асосий, такрорий ва кузги (тўқсонбости) сабзавот экинлари жойлаштирилиши ҳақида батафсил маълумот;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш мақсадида иссиқҳоналар учун бўш ер майдонларини ажратиш ҳақида маълумот;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини гидропоника усулида етиштириш мақсадида иссиқҳоналар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларини ажратиш ҳақида маълумот;

Бунда, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кластер корхоналари таклифлари асосида амалга оширилади.

38. Мева-сабзавот кластерини ташкил этиш, унга ер майдони ажратиш ва маҳсулот етиштирувчиларни кооперация тамойили асосида ихтиёрий бириктириш ва уларнинг ер майдонларига экспортбоп экинларни жойлаштириш бўйича туман ҳокимлигининг қарори қабул қилинади.

VII. Мева-сабзавот кластерининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатлари

39. Мева-сабзавот кластеридаги сақлаш, қайта ишлаш ва бошқа инфратузилмалар қувватидан самарали фойдаланиш, маҳсулотларни экспортга чиқариш хажмини ошириш мақсадида мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етказиб бериш бўйича маҳсулот етиштирувчиларни уч томонлама ихтиёрий шартнома тузиш асосида бириктирилиши мумкин. Бунда уч томонлама шартнома маҳсулот етиштирувчи, кластер ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилади.

40. Маҳсулот етказиб бериш шартномалари кластер ташкил этган қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг таклифлари асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан қабул қилинадиган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини жойлаштириш тўғрисидаги қарорлар ва уч томонлама шартнома шартлари асосида тузилади ҳамда туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан рўйхатдан ўтказилади.

41. Маҳсулот етказиб бериш ва харид қилиш шартномалари фуқаролик қонун ҳужжатлари талаблари асосида тузилади, уларда шу жумладан маҳсулот нархини ҳақиқий харажатдан келиб чиқиб аниқлаш, харид қилинадиган маҳсулот учун олдиндан ажратиладиган аванс маблағлари ҳисобига маҳсулот етиштирувчиларни уруғ, кўчат, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ресурслар билан таъминлаш, агротехника ва агрокимё хизматлари кўрсатиш, янги инновацион технологияларни қўллаш бўйича тавсиялар бериш, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатиш назарда тутилади.

Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш ва харид қилиш шартномаларида қуйидагилар кўрсатилади:

шартноманинг предмети, маҳсулотнинг номи, турлари, миқдори (турлари бўйича ҳажми);

шартноманинг умумий суммаси;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

маҳсулотларни етказиб бериш тартиби ва шартлари, топшириш-қабул қилиб олиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) пунктлари ва даврлари (муддатлари);

маҳсулот ишлаб чиқарувчини зарур идишлар ва ўраш анжомлари билан таъминлаш муддатлари, уларга қўйиладиган талаблар;

ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг тўлов, почта ва юклаб жўнатиш реквизитлари;

шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонларнинг мулкий жавобгарлиги;

низолар, форс-мажор ҳолатларини ҳал этиш тартиби, томонларнинг реквизитлари, шартнома тузилган сана ва жой.

VIII. Мева-сабзавот кластери фаолиятининг мониторингини олиб бориш тартиби

42. Мева-сабзавот кластерининг уч томонлама келишувда ва уч томонлама шартномада назарда тутилган мажбуриятларининг бажарилиши юзасидан мониторинг туман ҳокимлиги ва туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан олиб борилади.

Бунда туман ҳокимлиги ва туман қишлоқ хўжалиги бўлими мониторинг натижалари ҳақида ҳар ойнинг якуни билан маҳаллий давлат ҳокимияти органига ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасига ахборот киритиб боради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органи ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси туман ҳокимлиги ва туман қишлоқ хўжалиги бўлими тақдим этган майълумот асосида ҳар ойнинг 3–санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ахборот киритиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мева-сабзавот кластерлари фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.

IX. Ҳисоб ва ҳисобот

43. Кластер қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия, статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни юритади.

44. Кластернинг молиявий, статистик ва бошқа ҳисоботи давлат бошқаруви органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этилади.

X. Кластерни қайта ташкил этиш ва тугатиш

45. Кластерни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Умумий таклифлар: 0

658