Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
14272 Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 02/03/2020 17/03/2020 6
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Ўзбекистон Республикасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-14272

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

 

        Ўзбекистон Республикасининг «Радиочастота спектри тўғрисида»ги ва «Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ПФ-5505-сон фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

          1. Қуйидагилар тасдиқлансин:

         Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб ўтиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

       Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

     Ўзбекистон Республикасининг берилган радиочастоталарни халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ.

    2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Садиков ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклатилсин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А. Арипов

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳамасининг

2020 йил “____” __________ даги

____-сон қарорига 1-илова

 

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали радиоэлектрон воситалар
ва юқори частотали қурилмаларни олиб ўтиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1. Республика ҳудудида, исталган турдаги ва мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган (шу жумладан, турли кўринишдаги ускуна ва транспорт воситаларининг таркибига жамловчи буюмлар сифатида кирувчи) ҳамда мазкур Низомнинг иловасида келтирилган Ўзбекистон Республикаси худудига олиб кирилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) томонидан берилган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш имконияти бўлмаса, Вазирлик томонидан олиб кириш учун рухсатнома бериш рад этилади.

2. Мазкур Низомнинг амал қилиши божхона чегарасидан ўтказиладиган барча радиоэлектрон воситалар (кейинги ўринларда РЭВ деб аталади) ва юқори частотали қурилмаларга (кейинги ўринларда ЮЧҚ деб аталади) тааллуқли, қуйидагилар бундан мустасно:

а) савдо тармоғи орқали сотишга рухсат берилган телевидение ва радиоэшиттириш дастурларини қабул қилиш учун мўлжалланган қурилмалар, маиший радиоэлектроника буюмлари, шунингдек мазкур Низомнинг 1-иловасига киритилмаган бошқа РЭВ ва ЮЧҚ;

б) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати ва Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва хавфсизлиги мақсадида фойдаланишга мўлжалланган РЭВ ва ЮЧҚ;

в) Халқаро электралоқа иттифоқи тавсияларига ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг стандартларига мос келувчи, фуқаро авиацияси корхоналари томонидан парвозларни ва ҳаводаги кўчма хизматни радионавигация билан таъминлаш мақсадларида ишлатиш учун мўлжалланган бортдаги ва ердаги РЭВ;

г) Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит сифатида ўтказилаётган, божхона назорати остида бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган бутун вақт давомида ишлатилмайдиган РЭВ ва ЮЧҚ.

Божхона режимлари “божхона омбори”, “эркин омбор”, “реэкспорт”, “йўқ қилиш” ва “давлат фойдасига воз кечиш” остида жойлаштириладиган
РЭВ ва ЮЧҚ ни божхона расмийлаштируви учун Вазирликнинг рухсати талаб қилинмайди.

Кўрсатилган режимлар остида жойлаштирилган РЭВ ва ЮЧҚ ни божхона органлари ва Вазирлик рухсатисиз фойдаланишга йўл қўйилмайди.

3. Расмий спорт мусобақаларида, шунингдек кўргазма ва ярмаркаларда фойдаланиш учун чет элга вақтинчалик олиб кетилган радиоэлектрон воситаларни ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтариб олиб келиш ушбу воситалар ва қурилмаларни олиб кетиш вақтида уларни қайтариб олиб келиш тўғрисида божхона органига берилган мажбуриятлар асосида амалга оширилади.

4. Ушбу Низом талаблари бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш учун божхона органлари “божхона омбори”, “эркин омбор”, “реэкспорт”, “йўқ қилиш” ва “давлат фойдасига воз кечиш” божхона режимлари остида жойлаштирилган, олиб кирилаётган РЭВ ва ЮЧҚ тўғрисида, шунингдек, РЭВ ва ЮЧҚ ни давлат фойдасига мусодара қилиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб аталади) ҳудудий органларини ўрнатилган тартибда хабардор қиладилар.

5. Давлат инспекцияси томонидан текширув давомида аниқланган бузилишлар бўйича зарур чоралар кўриш учун божхона қонун ҳужжатларини бузган ҳолда олиб кирилган РЭВ ва ЮЧҚ тўғрисидаги маълумотларни Давлат божхона қўмитасига тақдим этади.

6. Божхона қонунчилиги бузилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган РЭВ ва ЮЧҚ белгиланган тартибда божхона органлари томонидан олиб қўйилади.

 

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси
орқали радиоэлектрон воситалар ва юқори
частотали қурилмаларни олиб ўтиш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига фақат Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рухсати билан олиб кириш ва фойдаланишга йўл қўйиладиган радиоэлектрон воситалар
ва юқори частотали қурилмалар

РЎЙХАТИ

 

 

ТИФ ТН коди

Юқори частотали қурилмалар ва

радиоэлектрон воситаларнинг номи

 

8514

Саноат ёки лаборатория электр печлари ва камералари (шу жумладан, индукцион ҳодиса ёки диэлектрик йўқотишларга асосланган);  индукцион ёки диэлектрик йўқотиш ҳодисаси ёрдамида материалларни қиздириш йўли билан ишлов бериш учун саноат ёки лаборатория ускуналари:

 

8514 20 100 0

- индукция ҳодисаси асосида ишлайдиган печлар ва камералар

 

8514 40 000 0

- индукция ёки диэлектрик йўқотиш ҳодисаси ёрдамида материалларни қиздириш йўли билан ишлов бериш учун мўлжалланган бошқа ускуналар

 

8517

 

Телефон аппаратлари, шу жумладан уяли алоқа тармоқлари ёки бошқа симсиз алоқа тармоқлари учун телефон аппаратлари; овозли, тасвир ёки бошқа маълумотларни узатиш ёки қабул қилиш учун бошқа аппаратура, шу жумладан симли ёки симсиз алоқа тармоғи орқали коммуникация учун аппаратура (масалан, локал ёки глобал алоқа тармоғида), 8443, 8525, 8527 ёки 8528 товар позициясидаги узатиш ёки қабул қилиш ускунасидан ташқари:

 

 

- телефон аппаратлари, шу жумладан уяли алоқа тармоқлари ёки бошқа симсиз алоқа тармоқлари учун телефон аппаратлари:

 

8517 11 000 0

- симли алоқа учун симсиз гўшакли телефон аппаратлари

 

8517 12 000 0

- уяли алоқа тизимлари ёки бошқа симсиз алоқа тизимлари учун телефон аппаратлари

 

8517 18 000 0

- бошқалар

 

 

- овозли, тасвир ёки бошқа маълумотларни узатиш ёки қабул қилиш учун бошқа аппаратуралар, шу жумладан симли ёки симсиз алоқа тармоғи орқали коммуникация қилиш учун аппаратуралар (масалан, локал ёки глобал алоқа тармоғида)

 

8517 61 000

- таянч станциялар:

 

8517 61 000 9

- бошқалар

 

8517 62 000

 

- овоз, тасвир ёки бошқа маълумотларни қабул қилиш, ўзгартириш ва узатиш ёки тиклаш машиналари, шу жумладан коммутация қурилмалари ва маршрутизаторлар:

 

8517 62 000 1

- ҳисоблаш машина воситалари; симли телефон ёки телеграф алоқа коммутаторлари; ташувчи частотадаги симли алоқа тизимлари ёки рақамли симли алоқа тизимлари учун аппаратуралар

 

8517 62 000 9

- бошқалар

 

8517 70

- қисмлар:

 

 

- барча турдаги антенналар ва антенна қайтаргичлари/рефлекторлари; ушбу буюмлар билан биргаликда ишлатиладиган қисмлар:

 

8517 70 110 0

- радиотелеграф ёки радиотелефон аппаратлари учун антенналар

 

8517 70 150 0

  - портатив аппаратлар ёки моторли транспорт воситаларига ўрнатилган аппаратлар учун телескопик ва штирли антенналар

 

8517 70 190 0

 - бошқалар

 

8517 70 900

 - бошқалар:

 

8517 70 900 9

 - бошқалар

 

8525

 

Қабул қилувчи, овоз ёзиш ёки овозни қайта тиклаш ускуналарини ўз таркибига олган ёки олмайдиган радиоэшиттириш ёки телевидение учун узатувчи аппаратура; телевизион камералар, рақамли камералар ва ёзувчи камералар:

 

8525 50 000 0

- узатувчи аппаратура

 

8525 60 000 0

- таркибига қабул қилувчи аппаратура кирувчи узатувчи аппаратура

 

Изоҳ: қуйида санаб ўтилган товарлар бундан мустасно:

уяли алоқа тизимларининг мобил қурилмалари (ТИФ ТН коди 851712 000 0), глобал ва ҳудудий йўлдош тизимларининг мобил телефонларидан ташқари;

қуввати 5 W дан юқори бўлмаган, 26965 — 27860 kHz диапазонида ишлайдиган портатив қабул қилувчи/узатувчи радиостанциялар (ТИФ ТН коди 8525 60 000 0);

қуввати 2 W дан юқори бўлмаган, 26945 — 26965 kHz диапазонида ишлайдиган қўриқлаш радиосигнализацияси қурилмалари (ТИФ ТН коди 8525 60 000 0).

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “____” __________ даги

____-сон қарорига 2-илова

 

 

 

 

 

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг
ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида

низом

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ишлаб чиқилган.

2. Ушбу Низом қуйидагиларга тааллуқли эмас:

а) телевидение, радиоэшиттириш дастурларини қабул қилиш учун мўлжалланган қурилмалар, маиший радиоэлектроника маҳсулотлари, агар бундай қурилмалар ва маҳсулотларни савдо тармоғи орқали сотишга рухсат берилган бўлса, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) рухсатисиз фойдаланишга розилик берилган радиоэлектрон воситалар (кейинги ўринларда РЭВ деб аталади) ва юқори частотали қурилмалар (кейинги ўринларда ЮЧҚ деб аталади);

б) Ўзбекистон Республикасининг мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш  мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси томонидан фойдаланиладиган ёки фойдаланишга мўлжалланган РЭВ;

в) парвозлар ва ҳаво ҳаракатдаги хизматининг радионавигациясини таъминлаш мақсадида фуқаролик авиацияси корхоналари томонидан фойдаланиладиган ёки фойдаланишга мўлжалланган, Халқаро Электралоқа Иттифоқининг тавсияларига ва Фуқаролик авиацияси халқаро ташкилотининг стандартларига мос келадиган бортдаги ва ерусти РЭВ;

г) Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит билан ўтадиган, божхона назорати остида бўладиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш вақти давомида фойдаланилмайдиган РЭВ ва ЮЧҚ.

3. Радиочастота спектри, РЭВ ва ЮЧҚдан фойдаланишни мониторинг қилиш ишларини ўтказиш, шунингдек радиохалақитларни, шу жумладан индустриал радиохалақитларнинг олдини олиш “Электромагнит мослашув маркази” давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда ЭМММ деб аталади) томонидан амалга оширилади.

 

 

 

 

2-боб. РЭВ ва ЮЧҚни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширувчи давлат органлари

 

4. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан РЭВ ва ЮЧҚни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назорат Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида РЭВ ва ЮЧҚни сотиш (бериш) белгиланган тартибига риоя қилинишининг назорати Давлат солиқ хизмати органлари ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошкармаси назорати остидаги автомобилларда ва бошқа транспорт воситаларида РЭВни ўрнатиш ҳуқуқини берувчи рухсатномалар борлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати (кейинги ўринларда ЙҲХДХ деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

7. РЭВ ва ЮЧҚнинг божхона чегараси орқали ҳаракатланишининг назорати амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

8. Вазирлик ва унинг жойлардаги ҳудудий бошқармалари радиочастота спектридан фойдаланиш тартибининг бузилишларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича мониторингни амалга оширишда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда мувофиқлаштиради.

9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилмаган маълумотлар билан ёки ўрнатилган қоидаларни бузган ҳолда узатувчи радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш, шунингдек белгиланган талабларни бузган ҳолда давлат сирини ташкил қилувчи ахборот билан ишлашни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

 

3-боб. Ноқонуний ишлайдиган РЭВ ва ЮЧҚ ни аниқлаш

 

10. Ноқонуний ишлайдиган РЭВ ва ЮЧҚ ни аниқлаш қуйидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилади:

ЭМММ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан — радиочастота спектрининг мониторингини ўтказишда;

Давлат инспекцияси томонидан — белгиланган тартибда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мониторинг қилиш, ўрганиш ва текширишда;

ЙҲХДХ томонидан — автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказганда;

Департамент, шунингдек ички ишлар органлари томонидан — белгиланган тартибда текширувларни, шунингдек тезкор-қидирув чора-тадбирларини ўтказишда.

Назорат самарадорлигини таъминлаш учун Вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари юқорида кўрсатилган органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, шунингдек ўрнатилган тартибда келишилган режа бўйича биргаликдаги чора-тадбирларни ўтказади.

11. ЭМММ радиочастота спектрининг мониторингини қонунчиликка мувофиқ амалга оширади.

Радиочастота спектрининг мониторинги бўйича маълумотлар ушбу Низомнинг 1-иловасидаги шаклга мувофиқ расмийлаштирилади, таҳлил қилингандан ва умумлаштирилгандан кейин Вазирликка тақдим этилади.

12. Ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган органлар ҳар йили биргаликда ўтказиладиган чора-тадбирлар режасини тасдиқлайди, бу чора-тадбирлар Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилади.

13. Радиочастота спектрининг мониторинги маълумотлари, шунингдек ушбу Низомда белгиланган тартибда аниқланган ноқонуний ишлайдиган узаткичлар бўйича маълумотлар асосида ушбу Низомнинг 2-бобида кўрсатилган органлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқбузарларга нисбатан чоралар кўрадилар. Бунда РЭВ ва ЮЧҚ ни сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибининг бузилиши бўйича аниқланган ҳуқуқбузарлик фактлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 281-моддасига мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

14. РЭВ ва ЮЧҚ ни тайёрлаш, олиш ёки доимий ёхуд вақтинча фойдаланишга беришда белгиланган тартибнинг бузилишлари аниқланганда Давлат солиқ инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Департамент органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлиги тўғрисидаги кодексининг 281 ва 290-моддаларига мувофиқ ускунани олиб қўйган ҳолда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

15. Зарурий холда олиб қўйилган РЭВ ва ЮЧҚ эксперт хулосасини тайёрлаш учун ЭМММ га юборилиши мумкин. Бунда ЭМММ 2-иловадаги шаклга кўра далолатномани расмийлаштирган ҳолда РЭВ ва ЮЧҚ тақдим этилган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай РЭВ ва ЮЧҚ ни техник экспертизадан ўтказади.

16. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома иш бўйича бошқа ҳужжатлар ва ашёвий далиллар билан бирга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 282-моддасига мувофиқ ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бир суткадан кечиктирмай маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган ваколатли органга юборилади.

17. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида РЭВ ва ЮЧҚ ни олиш (бериш), лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш), фойдаланиш ҳамда дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари – радиочастота спектридан фойдаланувчилар томонидан уларни чет элдан олиб кириш тартибининг бузилишлари аниқланган ҳолда Ташқи ишлар вазирлиги назорат қилувчи органларининг тақдимоти бўйича бу ташкилотларни аниқланган бузилишлар тўғрисида хабардор қилади.

Юқорида кўрсатилган тартибнинг бузилишига йўл қўйган хорижий юридик шахслар ва фуқароларга, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигини хабардор қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўрилади.

 

4-боб. Ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш

 

18. Йилнинг ҳар чорагида, чоракдан кейин келадиган ойнинг бешинчи санасигача ички ишлар органлари, Давлат божхона қўмитаси ва Давлат солиқ инспекцияси, шунингдек Департаментнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ўзаро солиштириб чиқишларни амалга оширади.

19. Ўзаро солиштириб чиқиш якунлари бўйича Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан 3-иловадаги шакл бўйича умумлаштирилган ахборот тайёрланади.

20. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида РЭВ ва ЮЧҚ ни сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиш ишининг якунлари бўйича умумлаштирилган ахборот чоракдан кейин келадиган ойнинг 10-санасидан кечиктирмай Вазирликка тақдим этилади.

21. Ҳудудий бошқармалар томонидан тақдим этилган ахборот бўйича Вазирлик чоракдан кейин келадиган ойнинг 20-санасидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси ҳудудида РЭВ ва ЮЧҚ ни сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилинишининг назорати бўйича ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотни Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясига тақдим этади.

22. Идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси ярим йилда камида бир марта Вазирлик, шунингдек зарур бўлганда, РЭВ ва ЮЧҚ дан белгиланган фойдаланиш тартибига риоя қилиш назоратини амалга оширувчи бошқа давлат бошқаруви органларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида РЭВ ва ЮЧҚ ни сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилинишини таъминлаш ишларини ўтказиш якунлари тўғрисидаги ахборотни тинглайди.

 

 

 

 

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни  Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги низомга 1-илова

 

ЎТ, ҚТ ва УҚТ диапазонларида радиомониторинг қилиш натижасида ва жамоавий радиоҳаваскорлик станциялари томонидан қайд қилинган ноқонуний радиоузатиш қурилмаларининг ишлаши тўғрисидаги маълумотлар

 

  

 

1. Эфирга чиқишлар, рўйхатга олинган радионазорат пунктлари

(кейинги ўринларда РНП деб аталади) сони, жами _____________________

шу жумладан:

ЎТ ва ҚТ диапазонларда ______________________________________________

УҚТ диапазонда _____________________________________________________

чегарадош давлат (республика)лар ҳудудидан, жами_______________________

2. Чақирув сигналлари, рўйхатга олинган РНП сони, жами _____________

шу жумладан:

ЎТ ва ҚТ диапазонларда __________________

УҚТ диапазонда _________________________

чегарадош давлат (республика)лар ҳудудидан, жами_______________________

3. Аниқланган ноқонуний ишлайдиган узаткичлар сони, жами __________
шу жумладан:

ЎТ ва ҚТ диапазонларда

ишлайдиган (радиоҳаваскорлик, ясама тайёрланган) _______________________

УҚТ диапазонда ишлайдиган, жами _____________________________________

шу жумладан:

қўшни давлат худудидан (республика), жами_____________________________

радиотелефонлар, радиоузайтиргичлар __________________________________

радиостанциялар (радиотармоқ) ________________________________________

бошқа узатиш қурилмалари (ТВ узаткичлар, КТВТ узаткичлари ва ҳ.к.) _______

 

Бошлиқ _______________________

                        (Ф.И.Ш.)

 

 

2020 йил “____” __________ даги

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва фойдаланиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг  ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги низомга 2-илова

 

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни техник экспертизадан ўтказиш 

__________-сон ДАЛОЛАТНОМАСИ 

 

20___й. «___» __________даги

Ушбу далолатнома Электромагнит мослашув маркази мутахассислари томонидан тузилди
____________________________________________________________________________

(далолатномани тузган шахсларнинг Ф.И.Ш., лавозими)

_______________________________________________________________________________

__________________________________________________________________га мувофиқ

(ҳужжат номи (хат, ариза, РЭВдан фойдаланиш бузилганлиги аниқланганлиги далолатномаси ); ҳужжат рақами, сана)

____________________________________________________________________________

типидаги: ____________________________________________________________________________

(номи ва маркаси; завод рақами)

(РЭВ ва/ёки ЮЧҚ эгасининг Ф.И.Ш.)

_________________________________________________________________га тегишли

                                                                    (РЭВ ва/ёки ЮЧҚ эгасининг Ф.И.Ш.)

РЭВ ва/ёки ЮЧҚ техник экспертизадан ўтказилди

тегишли :____________________________________________________________________

(РЭВ ва/ёки  ЮЧҚ эгасининг  Ф.И.Ш.)

тури:   _________________________________________________________

(номи ва маркаси; завод номери)

ва натижада шу аниқландики: ____________________________________________________

1. Қабул қилиш/узатишнинг ишчи частоталари (каналлари)________________________
___________________________________________________________________________

2. РЭВ ёки ЮЧҚ қуввати __________________________________________________

Кўрсатилган қурилмадан радиоузатишларни олиб бориш учун фойдаланилган, фойдаланилиши мумкин (кераклисини тагига чизилсин).


Техник экспертиза хулосаси:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юқорида кўрсатилган РЭВ ва/ёки ЮЧҚдан фойдаланишга (рухсат берилади* ёки тақиқланади**) ______________________________________________

 

(сўзлар билан ёзилади)

 

*Белгиланган тартибда РЭВ ва/ёки ЮЧҚ ни ўрнатиш ва фойдаланиш учун тегишли рухсатномани расмийлаштириш зарур.

**Назорат қилувчи органлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чоралар кўрилади.

___________________________________________________________________________

/имзо/

(Бўлинма раҳбарининг фамилияси ва исм-шарифи)

 

 

Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва эксплуатация қилиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг  ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги низомга 3-илова

 

20___й.________________ учун

 

НИУ ни аниқлаш бўйича бажарилган иш тўғрисида маълумотлар

 

Устун

Позиция

Позиция (устун) расшифровкаси

Кўрсаткич

01

Ўтказилган рейдлар сони (марта)

 

02

Аниқланган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар сони (бирл.)

 

шулардан:

 

олиб киришда (бирл.)

 

Сотишда (бирл.)

 

олиш, ўрнатиш ва фойдаланишда (бирл.)

 

02.1

Шу жумладан ЎТ ва ҚТ диапазонда (бирл.)

 

02.2

УҚТ диапазонда ишлайдиган (бирл.):

 

02.2.1

р/телефонлар, р/узайтиргичлар (бирл.)

 

02.22

р/станциялар ва бошқа алоқа воситалари (бирл.)

 

02.2.3

КТВТ (бирл.)

 

0.3

Аниқланган РЭВ ёки ЮЧҚга нисбатан қуйидаги чоралар кўрилди

 

03.1

Миқдорида (бирл.) РЭВ ёки ЮЧҚ олиб қўйилди

 

03.2

РЭВ ёки ЮЧҚ эгалари маъмурий жавобгарликка (жарима) тортилди (бирл.)

 

03.3

Миқдорида (бирл.) Вазирликнинг тегишли рухсатномалари берилди

 

03.4

Миқдорида (бирл.) РЭВ ёки ЮЧҚдан кейинги фойдаланиш тақиқланди

 

03.5

Материаллар Вазирлик томонидан расмийлаштириш босқичида

 

03.6

Материаллар судга берилди (бирл.)

 

Вазирликнинг

ҳудудий бошқармаси

 

 

_______________________________

(имзо, Ф.И.Ш.)

 

 

 

 

 

___________________________

 

 

(сана, ой, йил)

 

 

         

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳамасининг

20____ йил ___ даги _____сон

қарорига 3- илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси радиочастота бириктиришларини

халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисида

Низом

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Низом Ўзбекистон Республикаси радиоэлектрон воситаларининг радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадлари ва тартиби, радиочастоталарни халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг бажарилиши жараёнида радиочастота спектридан фойдаланувчилар - юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан дипломатик ваколатхоналар, хорижий давлатларнинг консуллик муассасалари, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари, хорижий юридик шахслар ва фуқаролар, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўзаро муносабатлари тартиби ва асосий мажбуриятларини белгилайди.

2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўрнатилган турли радиохизматлардаги радиоэлектрон воситалар (кейинги ўринларда “РЭВ” деб юритилади) учун радиочастота бириктиришларга ариза бериш, мувофиқлаштириш, рўйхатдан ўтказиш каби халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган турли мақсадлар учун радиоалоқа воситалари ва тизимларига буюртма берадиган, олиб кирадиган, ишлаб чиқадиган, ишлаб чиқарадиган (сотиб оладиган)
ва фойдаланадиган радиочастота спектрининг барча фойдаланувчилари учун мажбурий ҳисобланади.  

 

2-боб. Радиочастота бириктиришларини

халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг асосий мақсад ва тамойиллари

 

4. Радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

а) Ўзбекистон Республикасининг турли радиоалоқа хизматлари томонидан чекланган ресурс ҳисобланган радиочастота спектридан фойдаланишининг ҳуқуқий таъминоти;

б) Ўзбекистон Республикасининг турли мақсадлардаги радиоалоқа воситалари ёки муайян қурилмаларнинг радиочастота полосалари ёки алоҳида радиочастота бириктиришларидан  фойдаланиш ҳуқуқининг халқаро миқёсда тан олиниши;

в) Ўзбекистон Республикасининг турли мақсадлардаги воситалари ва тизимларига бошқа давлатларнинг сунъий йўлдош ва ер усти радиоалоқа хизматлари РЭВ лари томонидан атайин қилинмаган халақитларини бартараф этиш; 

г) истиқболли алоқа тизимлари учун радиочастота полосаларидан ва ер сунъий йўлдошларининг орбитал позицияларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси радиоалоқа хизматлари манфаатларини ҳимоя қилиш;

5. Радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, маҳаллий ва хорижий ер усти ва сунъий йўлдош тизимларининг ривожланиш истиқболларини, шунингдек радиохизматларнинг эҳтиёжларини қондириш учун радиочастота спектридан фойдаланишнинг халқаро тартибга солиш механизмини таҳлил қилиш асосида мақсадли равишда амалга оширилиши керак.

6. Радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, Халқаро электралоқа иттифоқининг (кейинги ўринларда “ХЭИ” деб юритилади) Низоми ва Конвенцияси, ХЭИ Радиоалоқа регламенти (кейинги ўринларда “Радиоалоқа регламенти” деб юритилади), радиочастота спектридан фойдаланиш масалалари бўйича минтақавий келишувлар, шунингдек чегарадош давлатлар билан радиочастота бириктиришларини мувофиқлаштириш тўғрисидаги келишувлар асосида амалга оширилади. 

7. Радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, ўзаро боғлиқ бўлган ташкилий-техникавий ва халқаро-ҳуқуқий характердаги комплекс чора-тадбирлар ўтказиш йўли билан Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳадаги давлат сиёсатига мувофиқ амалга оширилади.

 

3-боб. Радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича асосий тадбирлар

 

8. Радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича асосий тадбирларга қуйидагилар тааллуқли:

а) радиочастота бириктиришларининг халқаро мувофиқлаштирилиши заруриятини аниқлаш ва ўтказиш;

б) ХЭИ нинг частоталарни ҳисобга олиш Халқаро маълумот регистрида радиочастота бириктиришларига талабнома бериш ва рўйхатдан ўтказиш;

в) талабнома бераётган хорижий РЭВ ларнинг амалдаги ва режадаги маҳаллий РЭВ ларга нисбатан зарарли халақитларни келтириш эҳтимоллиги ва электромагнит мослашувни (кейинги ўринларда “ЭММ” деб юритилади) бахолаш техник экспертизасини ўтказиш;

г) радиочастота бириктиришларидан амалда фойдаланиш тўғрисидаги объектив маълумотларни олиш мақсадида РЭВ нурланишини назорат қилиш;

д) ХЭИ да эълон қилинган ва рўйхатдан ўтказилган барча радиочастота бириктиришлари тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш ва юритиш;

е) турли хил радиоалоқа воситалари ва тизимларига буюртма бераётган, ишлаб чиқараётган ва фойдаланаётган юридик шахсларни ахборот билан таъминлаш;

ж) Ўзбекистон Республикаси алоқа маъмуриятининг ХЭИ нинг ваколатли, бутунжаҳон ва минтақавий конференцияларида ва ХЭИ Радиоалоқа секторининг илмий-тадқиқот комиссиялари учун таклифлар (ҳиссалар) тайёрлаши, бошқа давлатларнинг конференцияларга таклифлари ва ҳиссаларини экспертизадан ўтказиш ва Ўзбекистон Республикаси алоқа маъмурияти делегациясининг ушбу конференцияларда иштирок этиши; 

з) ХЭИ нинг Ваколатли, Бутунжаҳон ва Минтақавий конференциялари томонидан қабул қилинган тегишли қарорларини бажариш.

 

4-боб. Радиочастоталар бўйича республика кенгаши, радиочастота органлари ва радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг асосий мажбуриятлари

 

9. Бириктирилган радиочастоталарни халқаро мувофиқлаштириш ва ХЭИ да рўйхатдан ўтказишга манффатдор шахслар ҳамда РЭВ га буюртма берувчи, ишлаб чиқувчи (модернизацияловчи) ва фойдаланувчи радиочастота спектридан фойдаланувчиларга қуйидагилар юклатилади:

а) ишлаб чиқиладиган (модернизацияланадиган) ёки олиб кириладиган РЭВ учун радиочастота бириктиришга Ўзбекистон Республикасининг амалдаги норматив ҳужжатларига мувофиқ тарзда  ариза тайёрлаш ва бериш;

б) РЭВ га радиочастоталар бириктиришни мувофиқлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш масалалари бўйича ХЭИ ва хорижий мамлакатлар маъмуриятларига материалларни тайёрлаш учун техник асосланган таклифларни ишлаб чиқиш.

10. Радиочастота органларига (кейинги ўринларда “РЧО” деб юритилади) қуйидагилар юклатилади:

а) ишлаб чиқиладиган, олиб кириладиган РЭВ учун радиочастоталар бириктиришга аризаларни кўриб чиқиш, ушбу радиочастота бириктиришни хорижий мамлакатлар алоқа маъмуриятлари билан халқаро мувофиқлаштиришни ўтказиш ва ХЭИ да рўйхатдан ўтказиш заруриятини аниқлаш;

б) Ўзбекистон Республикаси РЭВ га радиочастоталар бириктириш халқаро мувофиқлаштиришни ўтказиш учун ҳужжатларни тайёрлаш;

в) хорижий мамлакатлар алоқа маъмуриятлари билан мувофиқлаштиришга юбориладиган РЭВ радиочастоталар бириктиришни ҳисобга олиш;

г) ХЭИ да рўйхатдан ўтказиладиган РЭВ тавсифномалари ҳақидаги маълумотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш;

д) мувофиқлаштиришни ўтказиш учун хорижий мамлакатлардан қабул қилинган (келиб тушган) РЭВ радиочастоталар бириктириш, шунингдек ХЭИ ахборот циркулярларида кўрсатилган, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги ва режалаштирилаётган РЭВ билан ЭММни баҳолаш;

е) радиочастоталар бириктиришни мувофиқлаштириш бўйича бошқа давлатларнинг маъмуриятлари билан музокараларда қатнашиш.

11. Радиочастоталар бўйича Республика кенгашига (кейинги ўринларда РЧРК деб юритилади) қуйидагилар юклатилади:

а) радиочастота бириктиришларнинг халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича ишларни ташкил этиш;

б) радиоалоқа Регламентида кўзда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси РЭВ радиочастота бириктиришларини хорижий мамлакатлар алоқа маъмуриятлари билан хамкорликда радиочастота бириктиришни мувофиқлаштириш бўйича Минтақавий келишувлар ва чегарадош давлатлар билан икки томонлама Келишувлар билан халқаро мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

в) радиоалоқа регламентида ва ХЭИ нинг бошқа ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда ва муддатларда РЭВ частота бириктиришлар бўйича материалларни ХЭИ га тақдим этишни назорат қилиш;

г) радиочастота спектридан фойдаланиш ва режалаштириш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар ва ХЭИ билан ўзаро алоқа ва ёзишмалар.

д) Халқаро-ҳуқуқий характерга эга ва ХЭИ Низоми ва Конвенцияси ва бошқа халқаро Актлар бўйича Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларига даҳлдор масалаларни Ўзбекистон Республикаси Ташки Ишлар вазирлиги билан келишиш;

е) манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида хорижий давлатлар алоқа маъмуриятлари билан музокаралар ўтказишни режалаштириш, ташкил этиш ва радиочастоталардан фойдаланиш ва мувофиқлаштириш бўйича шартномалар тайёрлаш, шунингдек амалдаги шартномаларда курсатилган коидаларнинг бажарилишини назоратга олиш;

ж) ХЭИ хужжатларини, иш жумладан уларга тегишли ахборот церкулярларини РЧО га РЧРК аъзоларига етказиш.

 

5-боб. Радиочастота бириктиришларни халқаро

мувофиқлаштириш, талабнома бериш ва рўйхатдан ўтказиш

 

12. ХЭИ да радиочастота бириктиришларни халқаро мувофиқлаштириш, талабнома бериш ва рўйхатдан ўтказиш, уларни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг асосий чора-тадбирларидан бири ҳисобланади.

13. ХЭИ да радиочастота бириктиришларни халқаро мувофиқлаштириш, талабнома бериш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича ишлар Радиоалоқа регламенти хамда ХЭИ бошқа хужжатлари асосида, радиохизматлар томонидан радиочастоталарни тақсимлаш ва фойдаланиш, уларни халқаро-хуқуқий ҳимоялаш масалалари бўйича мазкур Низом ва РЧРК нинг тегишли қарорларига, шунингдек радиочастота бириктиришларини мувофиқлаштириш бўйича чегарадош давлатлар билан амалдаги минтақавий ва икки тамонлама келишувларига асосан олиб борилиши лозим.

14.ХЭИ да радиочастота бириктиришларни халқаро мувофиқлаштириш, талабнома бериш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

а) радиочастота бириктиришларни мувофиқлаштириш бўйича ишларни тайёрлаш ва амалга ошириш;

б) электромагнит мослашув шартларини белгиловчи, Радиоалоқа регламенти талабларини ва амалдаги ва режалаштирилаётган маҳалий ва халқаро йўлдошли тизимлар тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқиш учун РЭВ ни радиочастота полосалари ва орбитал ҳолатларини ажратиш босқичидаги танлов;

в) Ўзбекистон Республикаси РЭВ ини радиочастота бириктиришлари бўйича ХЭИ да талабнома бериш ва рўйхатдан ўтказиш.

15 Қуйидаги режалаштирилилаётган частота бириктиришларининг халқаро мувофиқлаштирилиши мажбурийдир:

а) Радиоалоқа регламентининг Частоталар тақсимлаш жадвали изоҳига ёки Ўзбекистон Республикаси ва чегарадош давлатларнинг алоқа маъмуриятлари ўртасида имзоланган радиочастота бириктиришларни мувофиқлаштириш техник асослари бўйича амалдаги ҳукуматлараро келишувга киритилган мувофиқлаштирилиши лозим бўлган станцияларни;

б) мувофиқлаштириш зонаси хорижий давлатлар ҳудудини ўз ичига олган ва/ёки хорижий давлатларнинг йўлдош ва бошқа хизмат кўрсатувчи станцияларига қарама-қарши йўналишда узатиш ташкил этилган йўлдошли алоқа хизматлари станциялари;

в) мувофиқлаштириш зоналари республика ҳудуди чегараларидан ташқарига чиқувчи халқаро радиоалоқани, шунингдек тўғридан-тўғри кўринишдаги радиореле линиялари ва тропосфера алоқасини таъминловчи турғун хизмат станциялари;

г) узун, ўрта ва қисқа тўлқинлар диапазонида радиоэшиттириш хизматининг Радиоалоқа регламенти томонидан ажратилган радиочастоталар полосаларидаги радиоэшиттириш хизмати станциялари;

д) мувофиқлаштириш масофаларидан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг чегарадош худуда жойлашган ультрақисқа тўлкинлар диапазонидаги радиоэшиттириш хизмати станциялари;

е) денгиздаги кўчма хизмат станциялари;

ж) радиоаниқлаш, радионавигацион ва радиолокацион хизматлар станциялари;

з) кўчма ҳаво хизмати станциялари;

и) ёрдамчи метеорология радиохизмат ва метеорология йўлдош хизмат станциялари;

РЭВ ларнинг қуйидаги радиочастота бириктиришлари ХЭИ га талабнома бериш ва рўйхатдан ўтказилиши лозим:

а) агар ушбу бириктиришдан фойдаланиш бошқа маъмурият хизматига зарарли халақитларни келтириб чиқарса;

б) агар ушбу бириктиришлар халқаро радиоалоқа хизматларида фойдаланилиши керак бўлса;

в) агар ушбу бириктиришлар хусусий талабнома бериш тартиби олдиндан назарда тутилмаган, қайсидир бутунжаҳон ёки минтақавий частоталарни ажратиш ёки бириктиришлар режасига тегишли бўлса;

г) агар ушбу бириктиришлар учун мазкур Низомнинг 15-бандига асосан мувофиқлаштириш талаб қилинса ёки агар бундай мувофиқлаштиришга киритилган бўлса;

д) агар бундай бириктиришлар учун халқаро тан олиниш мақсадга мувофиқ бўлса;

е) агар ушбу бириктиришлардан фойдаланиш радиочастоталарнинг тақсимлашни халқаро жадвалига мос келмаса ва маъмурият фақат маълумот учун ХЭИ да рўйхатдан ўтказишни истаса.

16. Мазкур Низомининг 15- бандидан фарқли бўлган радиохизматлардаги РЭВ ларнинг частота бириктиришларининг ХЭИ да рўйхатдан ўтказилиши зарурлигини, мазкур Низом талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу РЭВ га буюртма берувчи ва улардан фойдаланувчи  радиочастота спектри фойдаланувчилари белгилайди. 

17. Ҳукумат томонидан фойдаланиладиган РЭВ нинг радиочастота бириктиришларини ХЭИ да мувофиқлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш зарурияти тегишли радиочастота органлари: Мудофаа вазирлиги (кейинги ўринларда “МВ” деб юритилади) ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда “ДХХ” деб юритилади) томонидан белгиланади

18. Радиочастота бириктиришларни халқаро мувофиқлаштириш бўйича ишлар РЧРК томонидан Радиочастота органлари билан хамкорликда амалга оширилади.

 

6-боб. ХЭИ да радиочастота бириктиришларни халқаро

мувофиқлаштириш ва рўйҳатдан ўтказиш бўйича

материаллар тайёрлаш тартиби

 

19. ХЭИ да Ўзбекистон Республикасининг РЭВ радиочастота бириктиришларини мувофиқлаштириш ва рўйҳатдан ўтказиш учун зарур материаллар ушбу Низомга мувофиқ тайёрланади.

20. Материалларда матбуотда очиқ-ойдин нашр қилиш тақиқланган маълумотлар бўлмаслиги керак. Ер усти станцияларининг координаталари белгиланган талабларга мувофиқ кўрсатилиши зарур. Ушбу талабларни бажаришда жавобгарлик, ХЭИ да радиочастота бириктиришларини мувофиқлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича ишлар олиб боришда  материалларни тақдим этувчи радиочастота фойдаланувчилари зиммасига юклатилади.

21. Материаллар РЭВ га талабнома берувчи радиочастота спектрининг фойдаланувчилари томонидан тайёрланади.

Зарур ҳолларда, ушбу материалларни тайёрлашда, рўйхатдан ўтувчи РЭВ ларни ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ёки лойиҳалаш ташкилотларини талабнома берувчи ўз ҳисобидан жалб қилиши мумкин.

22. Радиочастота спектри фойдаланувчилари томонидан тайёрланган материаллар тегишли радиочастота органига кўриб чиқиш учун юборилади.

23. РЧО олинган материалларнинг радиочастота бириктиришларини белгилашда амал қиладиган асосий раҳбарий хужжатларга мувофиқлигини кўриб чиқади, ЭММ таҳлилини ўтказади ва бошқа радиочастота органлари билан келишади. Ижобий қарор қабул қилинган ҳолда Радиоалоқа регламентида кўзда тутилган шакл бўйича хорижий мамлакатларнинг алоқа маъмуриятларига ва ХЭИ га юбориш учун РЧРК га тегишли ҳужжатлар ва материаллар тайёрлайди.

24. Космик станциялари тизимларининг радиочастота бириктиришларини халқаро мувофиқлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича ишларни олиб бориш учун зарур материаллар, космик тизимларни ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан буюртма берувчи вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тайёрланади.

25. Агар космик тизимлар бир нечта вазирлик ва идоралар манфаатлари бўйича режалаштирилган бўлса, кўрсатилган материаллар ушбу тизимни бош ишлаб чиқарувчиси томомнидан буюртмачи билан хамкорликда, ушбу тизимда ишлаш учун мўлжалланган ер станцияларини ишлаб чиқувчи вазирлик ва идоралар, шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотлар иштирокида тайёрланади.

26. Хорижий давлатлар алоқа маъмуриятларидан эътирозлар келиб тушган ҳолда, РЧО уларни тегишли вазирлик, идорага ишлаб чиқувчи ва фойдаланувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу эътирозларни кўриб чиқиш учун юборади ва ушбу эътирозларни ҳисобга олган ҳолда, радиочастота бириктиришларнинг техник характеристикаларини таклиф қилинаётган ўзгаришлари бўйича бошқа радочастота органлари билан келишилгандан кейин қайта мувофиқлаштириш учун зарур материалларни тайёрлайди.

27. Хорижий давлатлар маъмуриятларига жавоб учун МВ ва ДХХ томонидан тайёрланган таклифлар бошқа вазирлик ва идораларга, агар уларнинг манфаатларига таъсир қилмаса, келишиш учун юборилмайди.

28. Хорижий давлатларнинг алоқа маъмуриятлари билан белгиланган тартибда олиб борилаётган ёзишмалар РЭВ нинг радиочастота бириктиришларини мувофиқлаштиришга олиб келмаса, манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг таклифларига биноан Ўзбекистон ва хорижий давлатлар алоқа маъмуриятлари ўртасида икки томонлама ёки кўп томонлама музокаралар ўтказилади.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

“Ўзбекистон Республикасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича

қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги

қарори лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

 

  1. Қарор лойиҳасининг ишлаб чиқилишига асос

 

Мазкур қарор лойиҳаси қуйида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва топшириқларнинг ижросини таъминлаш ва бажариш мақсадида ишлаб чиқилган:

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги “Радиочастота спектри тўғрисида”ги 725-I-сон Қонуни;

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида” 341-сон Қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ПФ-5505-сон Фармони;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 мартдаги 12/1-2993-сон топшириғи;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 23 январдаги
1-6/2-74/8-сон тақдимномаси.

 

  1. Қарор лойиҳасини қабул  қилиш зарурияти

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни 8-моддаси талабларига асосан давлат бошқаруви органларининг ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши зарурлиги ҳамда бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 мартдаги 12/1-2993-сон топшириғи ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 23 январдаги 1-6/2-74/8-сон тақдимномасида қуйида келтирилган амалдаги ҳужжатларни юқори юридик кучга эга бўлган қонун ҳужжатларига ўтказган ҳолда бекор қилиниши белгиланган:

Давлат божхона қўмитасининг 05/20-889-сон ва Ўзбекистон почта ва телекоммуникация агентлигининг 01-8/2504-сон “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб ўтиш тартибини тасдиқлаш ҳақида” 1998 йил 9 ноябрдаги 526-сон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган қарори;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бош директорининг 2004 йил 19 июлдаги 208-сон “Ўзбекистон Республикасининг берилган радиочастоталарни халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида” 2004 йил 6 августдаги 1397-сон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган буйруғи;

 

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг 01-8/3348-сон, Ташқи ишлар вазирлигининг 05/14886-сон, Ички ишлар вазирлигининг 14/258-сон, Миллий хавфсизлик хизматининг 15/2061-сон, Давлат божхона қўмитасининг 01-02/20-21-сон, Давлат солиқ қўмитасининг 16/2-7728-сон “Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олиш (бериш), лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш), ишлатиш ҳамда чет эллардан олиб кириш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида Низомни тасдиқлаш ҳақида” 2005 йил 2 декабрдаги 1532-сон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган қарорлари.

 

  1. Қарор лойиҳасининг қисқача мазмуни

 

Қарор лойиҳаси билан қуйидаги низом лойиҳалари тасдиқланмоқда:

1. “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб ўтиш тартиби тўғрисидаги низом” республика ҳудудида, исталган турдаги ва мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган (шу жумладан, турли кўринишдаги ускуна ва транспорт воситаларининг таркибига жамловчи буюмлар сифатида кирувчи), Ўзбекистон Республикаси худудига олиб кирилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартибини белгилайди.

2. “Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш), сотиш ва (ёки) ўрнатиш (қуриш), хориждан олиб кириш ва эксплуатация қилиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги низом” радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олиш (бериш), лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш), ишлатиш ҳамда чет эллардан олиб кириш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ўрнатади.

3. “Ўзбекистон Республикасининг берилган радиочастоталарни халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисидаги низом” радиоэлектрон воситаларининг радиочастота бириктиришларини халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадлари ва тартиби, радиочастоталарни халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг бажарилиши жараёнида радиочастота спектридан фойдаланувчиларнинг ўзаро муносабатлари тартиби ва асосий мажбуриятларини белгилайди.

Шу билан бирга, қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазилиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклатилмоқда.

  1. Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши билан ўз кучини йўқотиши талаб этиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумот

Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши билан қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб тан олиш талаб этилади:

 “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни олиб ўтиш тартиби” (ЎзР АВ томонидан 09.11.1998 й. 526-сон билан рўйхатга олинган);

 “Ўзбекистон Республикасининг берилган радиочастоталарни халқаро-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисида Низом” (ЎзР АВ томонидан 06.08.2004 й. 1397-сон билан рўйхатга олинган);

“Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олиш (бериш), лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш), ишлатиш ҳамда чет эллардан олиб кириш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни ташкил этишда вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида Низом” (ЎзР АВ томонидан 02.12.2005 й. 1532-сон билан рўйхатга олинган).

 

  1. Қарор лойиҳасини манфаатдор органлар билан келишиш тўғрисида маълумот

 

Қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Савдо-саноат палатаси ва Адлия вазирлиги билан келишилмоқда.

Шунингдек ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган. Ҳужжатнинг идентификация рақами VQL-827/20.

 

 

 

 

Умумий таклифлар: 0

426