Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
14230 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси 27/02/2020 13/03/2020 2
Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-14230

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясииинг 2020 йил
“___” ____________   ___-сонли буйруғига

                                                                         ИЛОВА 

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси (кейинги ўринларда- Давлат инспекцияси), Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат санитария-эпедимиология назорати бошқармалари (кейинги ўринларда – бошқармалар) ва уларнинг туман (шаҳар) филиаллари (кейинги ўринларда – филиаллар) томонидан юридик ва жисмоний шахсларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишлар ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

текширув – юридик ва жисмоний шахсларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилинишини назорат қилиш;

тадбиркорлик субъектлари – белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар;

ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил;

ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текшириш- текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор қилган холда тадбиркорлик субъектлари санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилинишини белгиланган тартибда тасдиқланган текширишларнинг йиллик режа-жадвали (график) асосида назорат қилиш;

ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар – қонун ҳужжатларида, шунингдек, ушбу Низомда белгиланган асослар мавжуд бўлганда ваколатли орган билан келишилган холда тадбиркорлик субъектлари санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилинишини белгиланган тартибда назорат қилиш;

режали текшириш - йиллик текширишлар режасига киритилган тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилинишини назорат қилиш;

режадан ташқари текшириш - тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахслар бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва ҳолларда амалга ошириладиган йиллик текширишлар режасига киритилмаган текшириш;

назорат тартибида текшириш - тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан амалга оширадиган текшириш;

 текшириш дастури - юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолиятини текшириш бўйича назорат саволномаси;

текширишларни қайд этиш дафтари - ўтказилган текширишлар тўғрисидаги ахборот ёзиб қўйиладиган махсус дафтар.

 

2-боб.  Текширишларни ташкил қилиш тартиби  

3. Давлат инспекцияси, бошқармалар ва уларнинг филиаллари томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

тадбиркорлик субъектларда:

текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар;

ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар;

тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда:

режали текшириш;

режадан ташқари текшириш;

назорат тартибида текшириш.

4. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар ва режали текширувлар белгиланган тартибда тасдиқланган текширишларнинг йиллик режа-жадвали (график) (кейинги ўринларда - текширишлар режаси) га мувофиқ амалга оширилади.

5. Филиаллар томонидан текшириш режалаштирилаётган йилдан олдинги йилнинг 15 ноябригача бўлган муддатда текширишлар режаси лойиҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг тўлиқ номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, фаолият тури, текшириш даврийлигини аниқ кўрсатган ҳолда бошқармаларга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, бошқармалар томонидан кейинги йил учун текширишлар режаси Давлат инспекцияси билан келишилган холда 15 декабрга қадар тасдиқланади. Тасдиқланган текширишлар режаси
20 декабрга қадар Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг текширишлар режаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа орган ёки ташкилотлар билан келишилади.

6. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган текширишлар режаси Ягона тизимга киритилгандан сўнг амалга оширилади.

7. Юридик ва жисмоний шахсларни фаолиятини текшириш даврийлиги, белгиланган муддатларда бир мартадан ортиқ текшириш ўтказилишига йўл қўйилмайди.

8. Тасдиқланган текширишлар режасига бошқармалар томонидан Давлат инспекцияси билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

9. Қуйидаги ҳолларда юридик ва жисмоний шахслар текширишлар режасига киритилмайди:

текшириш учун белгиланган муддатлар инобатга олинмаган бўлса;

текширишлар режасини шакллантириш қоидалари бузилган бўлса;

тугатилган ёки тугатиш жараёнида бўлса.

10. Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари асосида;

оммавий ахборот воситалари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манбаларда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига доир қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли омилларнинг пайдо бўлиши, санитария-эпидемиологик вазият мураккаблашиши, фавқулодда вазиятлар вужудга келганда шунингдек, бошқа мамлакатлардан юқумли ўта хавфли ва карантин касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли мавжуд бўлганда ўтказилади.

Бунда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг аноним эмаслиги ҳамда текширув ўтказилиши режалаштирилаётган тадбиркорлик субъектининг амалда фаолият кўрсатаётганлиги дастлаб ўрганиб чиқилиши лозим.

11. Режадан ташқари текширишлар:

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлари асосида;

ўтказилган “хавфни таҳлил этиш” натижалари асосида;

оммавий ахборот воситалари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги манбаларда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига доир қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда;

инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли омилларнинг пайдо бўлиши, санитария-эпидемиологик вазият мураккаблашиши, фавқулодда вазиятлар вужудга келганда шунингдек, бошқа мамлакатлардан юқумли ўта хавфли ва карантин касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли мавжуд бўлганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ўтказилади.

12. Юридик ва жисмоний шахслар ўз фаолиятини текширишни сўраб мурожаат этган тақдирда, қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ўтказиладиган текширишлар давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

13. Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар тадбиркорлик субъектларида белгиланган тартибда ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда режадан ташқари текширишлар Давлат инспекцияси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

14. Ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш Давлат инспекцияси ёки бошқармалар томонидан белгиланган тартибда юбориладиган буюртма асосида амалга оширилади.

Буюртмага жисмоний ёки юридик шахснинг санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида қонун бузилиш ҳолатлари ҳақидаги мурожаати нусхаси, “хавфни таҳлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилиш ҳолати бўйича батафсил маълумот ҳамда текширув дастури илова қилинади.

Текширув дастури ушбу мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ёки “хавфни таҳлил этиш” тизими орқали аниқланган қонунбузилишлар доирасида тузилади ҳамда тегишлигича Давлат инспекцияси бошлиғи ёки бошқармалар бошлиқлари томонидан тасдиқланади.

15. Назорат тартибидаги текширишларни ўтказиш тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда илгари ўтказган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада белгиланган ҳолатлар бўйича берилган тақдимнома (таклиф) да  кўрсатилган муддатларда бошқарманинг буйруғи асосида 1 календарь кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.

Назорат тартибида текширишлар ўтказишга тўсқинлик қилиниши мумкин эмас.

16. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар 1 кун муддатда, ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар 1 кундан 10 кунгача, тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда текширишлар муддати 10 кундан ошмаслиги керак.

17. Текширув муддатини кўчириш ва узайтириш текширув ўтказишни келишиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

3-боб. Текширишларни ўтказиш тартиби

18. Текширишларни ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

белгиланган тартибда тасдиқланган текширишларнинг йиллик режа-жадвали (график) нусхаси ёки ваколатли органнинг текширувга рухсат бериш тўғрисидаги қарори нусхаси;

текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи;

текшириш дастури нусхаси.

19. Текширишлар бошқарма бошлиғининг буйруғи асосида бошқармалар ва филиаллар инспекторлари томонидан амалга оширилади. Зарурат бўлганда текширишга марказнинг лаборатория ходимлари мутахассис сифатида жалб этилиши мумкин.

20.Текширишни амалга оширишдан олдин бошқарма бошлиғи томонидан текшириш ўтказиш тўғрисида буйруғи қабул қилинади.

Текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруғида текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжат номи, рақами ва санаси, текширишда иштирок этадиган масъул ходимлари таркиби, текшириладиган юридик ва жисмоний шахсларни номи (юридик шахснинг ҳудудий бўлинмаси), солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, текшириш мақсади, муддати, текшириладиган давр кўрсатилади ҳамда текшириш дастури илова қилинади.

21. Текширувга масъул ходимлар текшириш бошланишидан олдин жисмоний шахсларни ёки юридик шахс раҳбарларини (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахсларни) текшириш мақсади билан таништиради, унга ўз хизмат гувоҳномаси ва текшириш ҳуқуқини тасдиқловчи махсус гувоҳномасини кўрсатади, Тадбиркорлик субъектларига Ягона тизимга текширувнинг уникал кодини киритиш орқали текширувга доир маълумотларни олиш ҳуқуқини тушунтиради, шунингдек, текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатлар (текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ, текшириш режасидан кўчирма (текширув ўтказиш келишилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси) ва текшириш дастури) нусхаларини тилхат олган холда топширади.

22. Текшириш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган жисмоний шахсларга ва юридик шахснинг раҳбарига тилхат олинган ҳолда топширилган вақт текшириш бошланган кун ҳисобланади.

Текширилаётган юридик шахснинг раҳбари, шунингдек, жисмоний шахс мазкур ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги текширишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текширилаётган жисмоний шахс ёки юридик шахс раҳбари ушбу ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, текширишга масъул шахс томонидан унинг ўзи ва текширилаётган юридик шахс раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс), жисмоний шахс имзолайдиган далолатнома тузилади. Ушбу далолатномани жисмоний шахс ёки юридик шахс раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс) имзолашдан бош тортганда, далолатномага текширувчи масъул ходимлари томонидан тегишли ёзув киритилади. Бу ҳолатда далолатнома имзоланган вақт текшириш бошланган кун ҳисобланади.

23. Текширишга масъул ходимлар юридик шахс раҳбари ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан тақдим этилган Текширишларни рўйхатга олиш дафтарини тўлдириши шарт.

Техник имконият мавжуд бўлганда мажбурий тартибда Текширишларни рўйхатга олиш дафтарининг электрон шакли тўлдирилади. Бунда дафтарнинг қоғоз шаклини тўлдириш талаб этилмайди.

24. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага Текширишларни рўйхатга олиш дафтарининг тўлдирилган шакли (қоғоз шакли тўлдирилганда - электрон шакли тўлдирилмаганлиги сабаби) ёки дафтар тақдим этилмаганда - унинг тақдим этилмаганлиги тўғрисида масъул ходим томонидан тегишли ёзув киритилади.

25. Масъул ходимлар Текширишларни рўйхатга олиш дафтарини тўлдиришдан бош тортган тақдирда, юридик ва жисмоний шахслар томонидан текшириш ўтказилишига йўл қўйилмасликка ҳақли.

26. Текширишни белгиланган муддатда ўтказиш имкони бўлмаган ҳолларда, жумладан, текширишда иштирок этиши лозим бўлган шахс иштирок эта олмаган, текшириш ўтказиш учун талаб қилинган ҳужжатлар юридик ва жисмоний шахслар томонидан тақдим этилмаган ёки зарур мутахассислар мавжуд бўлмаган тақдирда, текшириш буйруқ асосида тўхтатилиб, белгиланган тартибда бошқа вақтга кўчирилиши мумкин.

27. Муддати кўчирилган текширишни ўтказиш текшириш тўхтатилган ойдан кейинги ойнинг сўнгги кунидан кечиктирмасдан таъминланиши лозим.

28. Текширув ўтказиш жараёнида ўрганиш лозим бўлган қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, текширув муддати бошқармаларнинг асослантирилган мурожаатига кўра вакилнинг, шунингдек, Давлат инспекциясининг рухсати билан фақат бир марта, бироқ текширув келишилган муддатдан ошмаган вақтга узайтирилиши мумкин.

29. Текширишлар натижалари камида икки нусхада тузиладиган далолатнома билан расмийлаштирилади.

Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома филиаллари томонидан  “хавфини таҳлил этиш тизими”га кўра таҳлил қилиниб, Санитария-эпидемиология соҳасига оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи бўйича баҳоланади, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар миқёсида умумлаштирилиб, Давлат инспекциясига юборилади.

30. Бир кун муддатда ўтказиладиган текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома текшириш ўтказилган кунда, муддати бир кундан ортиқ бўлган текшириш бўйича эса текшириш муддатининг охирги кунидан кечиктирмасдан расмийлаштирилиши шарт.

31. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг нусхалари текшириш ўтказаётган масъул ходимлар ва жисмоний шахс ёки юридик шахснинг раҳбари (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахс) томонидан имзоланади. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхаси жисмоний шахсга ёки юридик шахснинг раҳбарига (раҳбар бўлмаган тақдирда унинг вазифасини бажарувчи шахсга) олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйдириб топширилади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Текширилган жисмоний шахс ёки юридик шахснинг раҳбари томонидан ўтказилган текшириш натижаси бўйича ўз эътирозларини далолатномада ёзма равишда акс эттириши мумкин.

Текширилаётган жисмоний шахс ёки юридик шахснинг раҳбари вакили текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномани олишдан ва (ёки) уни имзолашдан бош тортганда, текширишга масъул ходими бу ҳақда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномага тегишли ёзув киритади ва шу пайтдан эътиборан текшириш тугаган ҳисобланади.

Бундай ҳолатда текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг нусхаси бир иш куни давомида юридик ёки жисмоний шахсга ёҳуд тегишлилиги бўйича юқори турувчи органларига почта орқали буюртма хат ёки электрон шаклда билан юборилади.

32. Текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада қуйидагилар ўз аксини топади:

фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник нормативлари талабларига мувофиқ ташкил этилганлиги;

текшириш дастури бўйича ўрганиш маълумотлари;

текшириш жараёнида аниқланган камчиликлар ва умумий хулоса;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари ва уларнинг муддати;

текшириш жараёнида аниқланган қонун ва қоида бузилиши ҳолатларига нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир чоралари.

33. Асосли сабабларга кўра текшириш ўтказиш имкони бўлмаган ёки зарурати қолмаган (тугатилган, бошқа ташкилотга қўшилган, фаолият юритмаётган, текшириш даврида текшириладиган объект мавжуд бўлмаган ва ҳоказо) юридик ва жисмоний шахсларни текширишлар режасидан чиқариш тўғрисида бошқармага таклиф киритади.

34. Ўтказилган текшириш натижаларидан норози бўлган юридик ва жисмоний шахслар, низоли масалаларга аниқлик киритиш учун Давлат инспекциясига, бошқармаларга, судга ёки прокуратура органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 

4-боб. Текшириш иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

35. Давлат инспекцияси, бошқармалар ва филиаллар мутахассислари юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

текширишни самарали ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни талаб қилиш;

текшириш жараёни билан боғлиқ зарур ҳужжатлардан нусха олиш;

аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жавобгар шахсдан ёзма ва оғзаки тушунтиришлар олиш;

санитария-эпидемиологик осойишталик соҳасида қонун бузилишлар бўйича ваколоти доирасида таъсир чораларини кўриш;

ваколатлар доирасида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

текшириш ўтказилган юридик  шахс  ва унинг юқори турувчи органларига ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга текшириш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани киритиш;

текшириш жараёнига тегишли мутахассислар, экспертларни жалб этиш;

ушбу Низомнинг 26-бандда назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, текширишларнинг муддатини кўчириш тўғрисида таклиф киритиш.

Текширишга ваколатли органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

36. Давлат инспекцияси, бошқармалар ва филиаллар мутахассислари юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни тақдим этиш;

фаолият жараёнларига халақит бермаслик;

Текширишларни рўйхатга олиш дафтарини белгиланган тартибда тўлдириш;

текширишлар натижалари тўғрисида далолатнома расмийлаштириш, унинг бир нусхасини текшириш тугаган куни  юридик ва жисмоний шахсда қолдириш.

Давлат инспекцияси, бошқармалар ва филиаллар мутахассисларига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

37. Юридик ва жисмоний шахсларлар текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фаолияти текширилиши тўғрисидаги маълумотга эга бўлиш;

текширишга  масъул шахсларидан уларнинг хизмат гувоҳномаси ва текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларни талаб қилиш;

текширишни ўтказишга асос бўладиган ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;

текширишга масъул шахсларининг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материалларни тақдим этмаслик;

текшириш тугаган куни текширишга масъул шахсларидан текшириш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг нусхасини беришни талаб қилиш;

текширишга асос бўладиган ҳужжатларни тақдим этмаганлик, текшириш натижалари тўғрисидаги далолатнома мазмуни ва текширувчилар томонидан текширишга алоқадор бўлмаган ҳар қандай қўшимча кўрсатмалар бериш юзасидан юқори турувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга шикоят қилиш.

Юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

38. Юридик ва жисмоний шахслар текшириш жараёнида қуйидагиларга мажбур:

текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларга эга бўлган масъул шахсларини ўз фаолият ҳудудига киритиш;

текширишга масъул шахсларининг  қонуний талабига биноан текшириш ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни ўз вақтида тақдим этиш;

текшириш жараёнига халақит бермаслик, текширишга масъул шахслар томонидан текширишни самарали ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиш;

аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жавобгар шахсдан ёзма ва оғзаки тушунтиришлар бериш;

текшириш натижалари тўғрисидаги далолатномада кўрсатилган қоидабузарлик ҳолатларини ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриш.

Юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

 

7-боб. Якунловчи қоидалар

39. Текширишлар ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилганлиги бўйича Давлат инспекцияси, шунингдек, бошқармалар томонидан доимий равишда назоратга олиб борилади.

Юридик ва жисмоний шахслар фаолиятида ўтказилган текширишларни алоҳида равишда ҳисобини юритиш, текширишлар давомида аниқланган камчиликларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш орқали амалга оширилади.

40. Юридик ва жисмоний шахслар фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказган ёки текшириш жараёнида ўз ваколати доирасидан чиққан масъул шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.  

41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган масъул шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекциясининг

“Юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши

бўйича текширишларни ўтказиш тартиби тўғрисида

низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

“Юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида” буйруғи лойиҳаси (кейинги ўринларда – буйруқ лойиҳаси) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 24 декбрдаги КҚ-650-III-сон “Умумий овқатланиш корхоналари ва таълим тизимида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид қонун ҳужжатлари ижросини ўрганиш натижалари тўғрисида”ги Қарорининг 3-бандининг ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат санитария-эпедимиология назорати бошқармалари ва уларнинг туман (шаҳар) филиаллари томонидан юридик ва жисмоний шахсларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишлар ўтказиш тартибини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги
ПФ-5814-сон “Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2-банди “а” кичик бандида юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича белгиланган тартибда текширишлар ўтказиш Давлат инспекциясининг асосий вазифаси этиб белгиланган.

Ҳозирги кунда назорат қилувчи органлар томонидан юридик ва жисмоний шахслар фаолиятида текширишлар ўтказиш тартибини белгиловчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас.

Шу билан бирга мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган ёки янги таҳрирда қабул қилинмаган.

Давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахслар фаолиятида ўтказиладиган текширишларни тўғри ва бир хилда ташкил этиш зарурати сабабли ҳам буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Буйруқ лойиҳасида:

Давлат инспекцияси, бошқармалар ва уларнинг филиаллари томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни олиб бориш шакллари кўрсатилади.

Юридик ва жисмоний шахслар фаолиятида ўтказиладиган текширишларни ташкил этиш тартибини, ташкил этиш асослари ва текширишлар муддатлари белгиланади.

Юридик ва жисмоний шахслар фаолиятида ўтказиладиган текширишлар тартиби, текширишлар ўтказиш учун асос бўладиган ҳужжатлар, текширишларни бошланган ва тугаган вақтлари белгиланади.

Текшириш натижалари бўйича тўзилган далолатномаларни расмишлаштириш ва топшириш тартиби белгиланади.

Буйруқ лойиҳасини қабул қилиниши Давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан юридик ва жисмоний шахсларни санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича ўтказиладиган текширишларни тўғри ва бир хилда амалга оширилиши таъминлайди.

Бцйруқ лойиҳасини амалга ошириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча харажат талаб этмайди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Санитария-эпидемиология

назорати давлат инспекцияси бошлиғи                                  Н.С.Атабеков

 

 

 

Умумий таклифлар: 2

451