Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
14216 Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 26/02/2020 12/03/2020 18
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-14216

Вазирлар Маҳкамасининг
20__ йил “____” ____________даги

_____ -сон қарорига
1-илова

 

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро олимпиадаларда иштирок этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицейлари, касб-ҳунар мактаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ва бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ўрта умумтаълим муассасалари (кейинги ўринларда таълим муассасалари) ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича ўтказиладиган олимпиадаларни ўтказиш ва халқаро фан олимпиадаларида иштирок этиш тартибини белгилайди.

2. Фан олимпиадаларини ягона илмий-услубий ёндашув асосида адолатли, очиқ ва шаффоф ўтказиш ҳамда мониторингини юритиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) томонидан  мувофиқлаштирилади.

3. Департамент фан олимпиадалари учун тайёрланадиган назарий          ва амалий топшириқларнинг давлат таълим стандартлари ва ўқув-методик мажмуаларига таянган ҳолда тайёрланиши ҳамда баҳолаш мезонлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. Олимпиадаларда назорат материалларини тайёрлашда халқаро фан олимпиадалари ва мусобақалари топшириқларидан фойдаланилишига рухсат этилади.

4. Олимпиада назорат материаллари ўқувчилар учун мўлжалланган бўлиб, топшириқлар ўқувчиларнинг билими, кўникмаларини стандарт ва ностандарт масалаларда, амалий топшириқларда қўллай олиш малакаларини ва компетенцияларини баҳолашга қаратилади.

5. Таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадалари қуйидаги турларга бўлинади:

а) умумтаълим фанлари бўйича асосий фан олимпиадаси; 

б) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ташкил этиладиган қўшимча республика олимпиадалари;

в) халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралаш олимпиадалари (кейинги ўринларда халқаро фан олимпиадаларига саралаш деб аталади);

г) онлайн фан олимпиадалари;

д) нодавлат фан олимпиадалари ва бошқалар.

6. Мулкчилик шаклидан қатъий назар юридик ва жисмоний шахслар ташаббуси билан ташкил қилинадиган барча турдаги фан олимпиадалари Департаментнинг йиллик режа жадвали (олимпиада рўйхати)га зид келмаслигини мувофиқлаштиради. Бундай турдаги олимпиадаларни адолатли ва шаффоф ўтказилишига ташкилотчилар масъул ҳисобланади.

 

2-боб. Умумтаълим фанлари бўйича асосий фан олимпиадаси

        

7. Умумтаълим фанлари бўйича асосий фан олимпиадаси мазкур Низомнинг 1-иловасида назарда тутилган фанлардан қуйидаги тўрт босқичда:

а) биринчи босқич – таълим муассасаларида;

б) иккинчи босқич – туман (шаҳар) миқёсида (бунда туман (шаҳар) ҳудудида таълим муассасалари сони 50 дан ошса, ташкилий қўмита қарорига кўра олимпиаданинг туман босқичини дастлаб ҳудудларга бўлинган ҳолда ташкил этилиши мумкин);

в) учинчи босқич– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар                             ва Тошкент шаҳри миқёсида;

г) тўртинчи босқич –  республика миқёсида ўтказилади.

8. Асосий фан олимпиадасида давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-10-11-синф, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг 1-2-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилади. Ўқувчилар олимпиадаларда ўз хоҳишларига кўра ихтиёрий равишда қатнашадилар.

9. Асосий фан олимпиадасининг ҳар бир босқичида 1-2-3-ўринларни эгаллаган ғолиб ва совриндор ўқувчилар кейинги босқич иштирокчилари ҳисобланади.

10. Асосий фан олимпиадалари топшириқларининг намунавий тузилмалари ва баҳолаш бўйича умумий методик тавсияларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази (кейинги ўринларда Республика таълим маркази) ишлаб чиқади.

11. Асосий фан олимпиадасининг биринчи босқичи учун таълим муассасаларининг директорлари масъул ҳисобланади ва тегишли ўқув йилининг бошидан 20 октябрига қадар ўтказилади.

12. Биринчи босқич учун назорат материаллари, уларни баҳолаш бўйича методик тавсиялар таълим муассасалари тегишли фан методик кенгаши томонидан тайёрланади.

13. Биринчи босқичда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида
3 нафар ғолиблар (1-2-3-ўринлар) аниқланади ва ташкилий қўмита қарори билан иккинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.

14. Асосий фан олимпиадасининг иккинчи босқичи учун халқ таълими ҳудудий бўлимлари мудирлари масъул ҳисобланади ва тегишли ўқув йилининг кузги таътил даврида ўтказилади.

15. Қуйидагилар фан олимпиадасининг иккинчи босқичи иштирокчилари ҳисобланади:

биринчи босқичда 1-2-3-ўринларни эгаллаган умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари;

ихтисослашган умумтаълим муассасалари (ихтисослик йўналиши бўйича) ва академик лицейлар (ихтисослик йўналиши бўйича) фан олимпиадасининг биринчи босқичида 2-3 ўринни эгаллаган ўқувчилар.

16. Иккинчи босқич учун назорат материаллари ҳудудий бошқармалар томонидан тайёрланади ҳамда махфийлиги таъминланган ҳолда ҳудудларга электрон кўринишда етказилади.

17. Иккинчи босқичда ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 3 нафар (1-2-3-ўринлар) ғолиб аниқланади ва ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ташкилий қўмита томонидан учинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.

18. Асосий фан олимпиаданинг учинчи босқичи учун халқ таълими ҳудудий бошқармалари бошлиқлари масъул бўлиб, тегишли ўқув йилининг қишки таътил даврида ўтказилади.

19. Қуйидагилар фан олимпиадасининг учинчи босқич иштирокчилари ҳисобланади:

иккинчи босқичда 1-2-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар;

ихтисослашган умумтаълим муассасалари (ихтисослик йўналиши бўйича) ва академик лицейлар (ихтисослик йўналиши бўйича), фан олимпиадасининг биринчи босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчилар;

аввалги ўқув йилида асосий фан олимпиадасининг учинчи босқичида 1-ўринни эгаллаган таълим муассасалари ўқувчилари;

онлайн олимпиаданинг биринчи ва иккинчи босқичлари натижаларига кўра асосий фан олимпиадасининг учинчи босқичига йўлланма сертификатини қўлга киритган давлат ва нодавлат умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-10-11-синф, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг 1-2-босқич ўқувчилари.

20. Учинчи босқич учун назорат материаллари, уларни баҳолаш бўйича методик тавсияларни тайёрлаш Департамент ва Республика таълим маркази томонидан амалга оширилади ҳамда махфийлиги таъминланган ҳолда ҳудудларга етказилади.  

21. Учинчи босқичда ҳар бир фан ва синф кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 1-2-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар ғолиб ҳисобланади ва уларга ахборот тизими орқали QR-кодли гувоҳнома берилади.

22. Асосий фан олимпиадасининг тўртинчи босқичи учун Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул бўлиб, тегишли ўқув йилининг май-июнь ойларида ўтказилади.

23. Қуйидагилар фан олимпиадасининг тўртинчи босқич иштирокчилари ҳисобланади:

асосий фан олимпиадасининг учинчи босқичида 1-2-3-ўринларни эгаллаган таълим муассасалари битирувчилари;

 

24. Тўртинчи босқич учун тест топшириқлари Давлат тест маркази томонидан, бошқа турдаги назорат материаллари ҳамда уларни баҳолаш бўйича методик тавсиялар Департамент ва Республика таълим маркази томонидан тайёрланади.

25. Тўртинчи босқичда ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 1-2-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар ғолиб ҳисобланади.   

26. Кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида она тили ва адабиёт, математика фанларидан олимпиада ташкил қилиниб, назорат материаллари иштирокчиларига Брайль усулидаги ёзув асосида тақдим этилади. Назорат материаллари Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилади.

 

 

3-боб. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни  ривожлантириш агентлиги олимпиадаси

 

27. Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни  ривожлантириш агентлиги томонидан тасарруфидаги таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида мазкур Низомнинг 1-иловасида назарда тутилган фанлар бўйича олимпиада 9-10-11-синф ўқувчилари ўртасида (кейинги ўринларда Агентлик олимпиадаси деб юритилади) уч босқичда ўтказилади:

а) биринчи босқич – синф босқичи;

б) иккинчи босқич – мактаб босқичи;

в) учинчи босқич–  барча агентлик тизимидаги мактаблар ўртасидаги республика босқичи.              

28. Агентлик олимпиадасининг биринчи босқичи октябрь ойида, иккинчи босқичи тегишли ўқув йилининг кузги таътил даврида ўтказилади.

29.Олимпиаданинг биринчи ва иккинчи босқичини ўтказишга мактаб директорлари масъул ҳисобланади.

30. Агентлик олимпиадасининг учинчи босқичи Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни  ривожлантириш агентлиги томонидан қишки таътил даврида ўтказилади.

31. Агентлик олимпиадасининг барча босқичлари учун назорат материаллари ҳамда уларни баҳолаш бўйича методик тавсиялар Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни  ривожлантириш агентлиги  томонидан тайёрланади.

32. Агентлик олимпиадасини ўтказиш бўйича маблағлар Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни  ривожлантириш агентлигининг  харажатлар сметасида кўзда тутилади ва давлат бюджетидан молиялаштирилади.

 

3-боб. Қўшимча Республика олимпиадалари

 

33. Қўшимча Республика олимпиадалари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда
ҳар йили октябрь-декабрь ойларида қуйидаги умумтаълим фанларидан ўтказилади:

а) математика;

б) физика;

в) информатика ва ахборот технологиялари;

г) кимё;

д) биология.

34. Қўшимча Республика олимпиадалари ўтказиладиган ҳудудлар рўйхати ҳар йили 10 сентябрга қадар Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

35. Қўшимча Республика олимпиадаси бир босқичда ўтказилиб, унда:

ўтган ўқув йилида ўтказилган асосий фан олимпиадасининг учинчи босқичида баллар кетма-кетлигида ҳар бир синф кесимида 1-2-3-ўринларни эгаллаган ҳамда тегишли йилда умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синф, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг 1-2-босқич ўқувчилари;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил қилинган олимпиадада ҳар бир синф кесимида 1-2-3-ўринларни эгаллаган ҳамда тегишли йилда мактабнинг 10-11-синф ўқувчилари;

ўтган ўқув йилида онлайн фан олимпиадасининг барча босқичлари натижаларига кўра энг юқори балларни қўлга киритган 10 нафардан ошмаган ҳамда тегишли йилда таълим муассасаларининг 10-11-синф, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг барча босқич ўқувчилари.

36. Қўшимча Республика фан олимпиадаси учун назорат материаллари ва уларни баҳолаш бўйича методик тавсиялар Департамент томонидан тайёрланади ва махфийлиги таъминланган ҳолда ҳудудларга етказилади. Бунда ҳар бир фан бўйича барча иштирокчилар учун бир хил назорат материаллари тақдим этилади ва назорат материаллари халқаро олимпиадалар талаблари асосида тайёрланади.

37. Қўшимча Республика фан олимпиадаларида ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида барча иштирокчилар орасидан
1-2-3-ўринларни эгаллаган ғолиблар аниқланади.

 

4-боб. Халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралаш олимпиадалари

 

38. Халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралаш (ушбу бобда олимпида деб юритилади) қуйидаги фанлардан икки босқичда ўтказилади:

а) математика;

б) физика;

в) информатика ва ахборот технологиялари;

г) кимё;

д) биология.

39. Олимпиаданинг биринчи босқичи январь-февраль ойларида ўтказилиб, қуйидагилар унинг иштирокчилари ҳисобланади:

тегишли ўқув йилида ўтказилган асосий фан олимпиадасининг учинчи (вилоят) босқичида синфлар кесимида, юқоридаги фанлардан баллар кетма-кетлигида 1-2-3-ўринларни эгаллаган таълим муассасаларининг 9-10-11-синф ўқувчиларидан жами 126 нафар ўқувчилар;

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) тизимида мактаблараро ўтказилган III босқич олимпиадасида энг юқори балл  олган
9-10-11-синфларнинг ҳар биридан 18 нафардан жами 54 нафар ўқувчилар;

тегишли ўқув йилида қўшимча республика олимпиадасининг фан йўналиши бўйича 1-2-3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар.

ўтган йилги нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган ўқувчилар. 

40. Халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралаш олимпиадалари барча босқичлари учун назорат материаллари ҳамда баҳолаш мезонлари Халқ таълими вазирлиги ва Агентлик томонидан халқаро олимпиадалар материаллари асосида ишлаб чиқилади ҳамда махфийлиги таъминланган ҳолда олимпиада ўтказиладиган жойларга етказилади. Иштирокчиларнинг барчасига синфидан қатьий назар ҳар бир фан йўналишида бир хил назорат материаллари берилади.

41. Олимпиада биринчи босқичи натижалари бўйича баллар кетма-кетлигида энг юқори натижага эришган

биология фанидан 16 нафар;

кимё фанидан 16 нафар;

информатика ва ахборот технологиялари фанидан 16 нафар;

физика фанидан 20 нафар;

математика фанидан 24 нафар ўқувчилар иккинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади ва терма жамоага номзодлар захирасига киритилади.

42. Олимпиаданинг иккинчи босқичи баҳорги таътил даврида ўтказилади. Ўтказиш жойи ва муддати Халқ таълими вазирлиги ва Агентлик томонидан келишилган ҳолда белгиланади.

43. Халқ таълими вазирлиги ва Агентлик томонидан захирага олинган ўқувчилар учун камида бир ҳафталик тажрибали ўқитувчи, психолог, профессор, академик ва хорижий мутахассислар ҳамда халқаро танлов ва олимпиадалар совридорлари иштирокида маҳорат дарслари, кучайтирилган ўқув машғулотлари ташкил этилади.

44. Иккинчи босқич якунларига кўра ҳар бир фан йўналишида энг юқори балларни қўлга киритган ўқувчилардан халқаро олимпиадаларда белгиланган квоталар асосида Ўзбекистон терма жамоаси шакллантирилади.

45. Халқаро олимпидаларда иштирок этувчи терма жамоа раҳбарлари ва уларнинг ёрдамчилари Халқ таълими вазирлиги ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари агентлиги томонидан белгилаб берилади.

46. Терма жамоа раҳбари ўз фани бўйича юқори малакага эга бўлиши, халқаро олимпиада топшириқларини инглиз тилидан ўзбек тилига бехато таржима қила олиши ҳамда ўқувчилар ишларини ҳакамлар ҳайъатига ҳимоя қила олиши талаб қилинади.

 

5-боб. Онлайн олимпиада

47. Умумтаълим фанлари бўйича онлайн олимпиада умумий ўрта таълим мактабларининг 4-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар мактабларининг барча 1-2-босқич ўқувчилари ўртасида мазкур низомнинг
2-иловасида назарда тутилган фанлардан ҳар ўқув чорагида, жами 4 босқичда ўтказилади.

48. Онлайн олимпиадани ўтказиш вақти ва иштирокчиларни рўйхатга олиш муддати Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

49. Таълим муассасаси ўқувчилари ихтиёрий равишда Департаментнинг интернетдаги расмий веб-сайтида рўйхатдан ўтадилар. Ўқувчиларга ҳар бир босқич тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ва тегишли муддатларда етказиш таълим муассасаларининг директорлари зиммасига юклатилади.

50. Департамент, Давлат тест маркази ва Республика таълим маркази билан биргаликда онлайн олимпиада учун тест топшириқларининг тайёрланишини ва экспертизадан ўтказилишини таъминлайди.

51. Онлайн олимпиаданинг техник таъминоти Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази томонидан амалга оширилади.

52. Иштирокчилар ахборот тизимига назорат материаллари жавобларини онлайн тарзда киритади. Олимпиада учун ажратилган вақт тугаши билан ўқувчиларнинг натижалари ва рейтинги ахборот тизими орқали мактаб, туман (шаҳар), ҳудуд ва республика миқёсида, ҳар бир фан йўналишида топшириқларнинг тўғри ва тезкор бажарилиши натижаларига кўра рейтинг эълон қилинади.

53. Олимпиаданинг биринчи ва иккинчи босқичлари умумий натижасига қўра ҳар бир фан кесимида рейтинг бўйича энг юқори
70 нафаргача умумтаълим муассасаларининг 9-10-11-синф ҳамда академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларининг 1-2-босқич ўқувчилари асосий фан олимпиадасининг 3-босқичида ўз ҳудудидан иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланма сертификати тақдим қилинади.  

54. Онлайн олимпиаданинг тўрт босқичи натижалари умумлаштирилиб синфлар кесимида ҳар бир фан йўналиши бўйича тўпланган баллар кетма-кетлигида энг юқори кўрсаткичга эга 3 нафар иштирокчилар онлайн олимпиада ғолиби ҳисобланади.

Математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари, кимё ва биология фанларидан 9-10-синф кесимида 1-2-3-ўринларни қўлга киритган ғолиб ўқувчилар жорий йилда ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

6-боб. Ташкилий қўмита

55. Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳар бир олимпиада ҳамда унинг босқичларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилади ва тасдиқланади.

Қуйидагилар ташкилий қўмитанинг вазифалари ҳисобланади:

олимпиада ўтказиладиган жойни белгилаш ва тасдиқлаш;

ҳакамлар ҳайъати таркиби, аппелляция комиссияси аъзолари, аудитория раҳбарлари рўйхатини шакллантириш;

олимпиадани тасдиқланган низом талаблари асосида  ўтказилишини таъминлаш;

олимпиаданинг ташкил этилиши, ўтказилиши ва натижаларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва чиқариш;

барча олимпиада иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни “Онлайн олимпиадаларни ташкил этиш ва иқтидорли ўқувчилар захирасини шакллантириш” ахборот тизимига киритилишини мувофиқлаштиради;

олимпиада ва унинг натижалари бўйича  Департаментга ҳисобот бериш.

56.  Ташкилий қўмита томонидан  олимпиадада фарзандлари, ўқувчилари ёки яқин қариндошлари иштирок этаётган номзодларнинг ҳакамлар ҳайъати аъзолигига киритилмаслиги таъминланади.

57. Ташкилий қўмита таркибига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази масъуллари ва бошқа маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳамда республика жамоатчилик ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари  киритилиши мумкин.

7-боб. Ҳакамлар ҳайъати

 

58. Фан олимпиадаларининг барча босқичларида ҳар бир фан бўйича
3 нафардан 7 нафаргача (3 - 7 нафардан) иборат ҳакамлар ҳайъати таркиби тузилади ва олимпиада ўтказилишидан олдин тегишли ташкилий қўмита томонидан тасдиқланади. Ҳакамлар ҳайъати таркибига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, Олий таълим муассасаларининг профессор ўқитувчилари, юқори малакали мутахассислари, умумтаълим мактаблари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқитувчиларининг тажрибали педагоглари жалб қилинади.    

59. Ҳакамлар ҳайъати қуйидаги вазифаларни бажаради:

а) фан олимпиадалари иштирокчилари томонидан бажарилган ишларни Департамент томонидан тасдиқланган баҳолаш мезонлари асосида холисона текширади, баҳолайди ва ғолибларни аниқлайди;

б) ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчилар бажарган ишларини текшириш жараёни видео тасвирга олинади ва бир йил муддатда ташкилий қўмита томонидан сақланади;

в) юқори балларни қўлга киритиб, ғолибликка даъвогар иштирокчиларнинг ишлари ҳакамлар ҳайъатининг барча аъзолари иштирокида экспертизадан ўтказилади ва ҳакамлар ҳайъатининг қарори расмийлаштирилади;

г) олимпиада натижалари қатнашчилар ва аудитория раҳбарлари иштирокида эълон қилади;

д) ташкилий қўмитага  ўтказилган олимпиада натижалари бўйича ҳисобот беради ва ҳакамлар ҳайъати қарорини тақдим этади.

60. Ҳакамлар ҳайъати таркибига умумтаълим муассасалари, олий таълим муассасалари, тадқиқот институтларидан юқори малакали ва чуқур билимга эга бўлган педагог ҳамда мутахассислар жалб қилинади. Ҳар бир фан бўйича тузилган ҳакамлар ҳайъати аъзолари очиқ овоз бериш йўли билан ҳайъат раисини сайлайдилар.

61. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари холисона тўғри баҳолаганлиги бўйича шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олади ва ҳолат бўйича тегишли тилхат расмийлаштирилади. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари узлуксиз равишда икки йилдан ортиқ олимпиада ҳакамлари ҳайъати таркибига киритилиши тақиқланади.

62.Ҳакамлар ҳайъати таркибига тавсия қилинган аъзолар олимпиаданинг фақат битта (туман(шаҳар), вилоят ёки республика) босқичида иштирок этадилар.

63. Асосий фан олимпиадасининг иккинчи ва учинчи (вилоят) босқичида, қўшимча республика олимпиадаларида ҳакамлик қилган ҳакамлар ҳайъати аъзоларига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида қўшимча пул маблағлари тегишли ҳудудларнинг маҳаллий бюджети ҳисобидан тўланади.

Асосий фан олимпиадасининг тўртинчи босқичида ва халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи терма жамоага номзодларни саралашнинг биринчи босқичида ҳакамлик қилган ҳакамлар ҳайъати аъзоларига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида қўшимча пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан тўланади.

64. Департамент томонидан ҳакамлар ҳайъати таркибида иштирок этган мутахассислар мониторинги юритилади ва улар фаолияти мунтазам таҳлил қилиб борилади.

8-боб. Аудитория раҳбари ва назоратчилар

65. Фан олимпиадасининг барча босқичларида олимпиада жараёни шаффоф ўтказилиши ва адолат тамойилларига амал қилинишини таъминлаш мақсадида ташкилий қўмита томонидан олимпиада бошланишидан олдин қуръа ташлаш йўли билан хоналарга аудитория раҳбари ва назоратчилари тайинланади. Аудитория раҳбари ва назоратчилари таркибига олимпиада ўтказилаётган фанлар бўйича фан ўқитувчилари жалб этилмайди.

66. Аудитория раҳбарлари қуйидаги вазифаларни бажаради:

а) иштирокчиларга олимпиада тартиб қоидалари қисқача тушунтирилади;

б) тегишли фан бўйича белгиланган аудиторияларда олимпиада бошланган ва тугатиладиган вақтни эълон қилади ҳамда олимпиада жараёнини назорат қилади;

в) фан олимпиадаси жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилмаган ўқувчиларни олимпиададан далолатнома тузиб четлаштиради;

г) иштирокчиларнинг бажарган ишларини шифрлаб текшириш учун ҳакамлар ҳайъатига топширади;

д) ҳакамлар ҳайъати томонидан текширилган ишларни шифр бўйича рўйхатини тузади ва ҳакамлар ҳайъатига тақдим этади.

67. Аудитория назоратчилари олимпиада ўтказилаётган ва ўзлари бириктирилган аудиторияда тартиб сақланишини таъминлайдилар. Аудитория раҳбарига қўйилган вазифаларни амалга оширишда кўмаклашадилар.

68. Фан олимпиадаларининг холисона, шаффоф ва адолат  тамойиллари асосида ўтказиш мақсадида олимпиада ўтказиладиган хоналар видеокузатув билан жиҳозланади, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатувига рухсат берилади.

68. Иштирокчиларнинг ўзаро гаплашиши, турли шпаргалкалардан фойдаланиши, аудитория раҳбари ва назоратчилар хонада олимпиада жараёнида телефон ва турли алоқа воситаларидан фойдаланиши таъқиқланади.

9-боб. Апелляция комиссияси

69. Ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган уч нафаргача фан мутахассисларидан иборат апелляция комиссияси тузилади.

70. Апелляция комиссияси томонидан олимпиада қатнашчиларининг шикоятлари ва аризалари олимпиада натижалари эълон қилинган куннинг ўзида қабул қилинади ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда иштирокчи билан биргаликда кўриб чиқилади.

71. Апелляцияга фан олимпиадалари қатнашчиларининг фақатгина ўзлари томонидан бажарилган ишлари бўйича аризалари кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

72. Апелляция комиссияси томонидан шикоят ёки аризада кўрсатилган ёзма (амалий) ишнинг ҳар бир қисми ёки ҳар бир тест саволи учун вақт ажратилади. Белгиланган вақтда ўқувчи ўз жавобини аниқ асослай олмаса апелляция комиссияси томонидан ўқувчининг шикояти ёки аризаси қондирилмайди ва бу тўғрисида тегишли далолатнома тузилиб имзоланади.

73. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган иштирокчининг натижалари баҳолаш мезонларига мос келмаслиги аниқланганда ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш ва уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

74. Апелляция комиссияси ҳакамлар ҳайъатига апелляция натижалари бўйича изоҳ бериб, олимпиада натижаларини ўзгартириши мумкин ва бунда ҳакамлар ҳайъати қарори қайта тасдиқланади

10-боб. Олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш ва рағбатлантириш

75. Асосий фан олимпиадасининг тўртинчи босқичида 1-2-3-ўринларни эгаллаган умумтаълим мактабларининг 11-синф, академик лицейлар ва касб- ҳунар мактабларининг 2-босқич ўқувчиларига мазкур низомнинг 3-иловасига мувофиқ намунадаги ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади.

76. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ғолибларга берилган махсус сертификатларнинг реестри билан битирувчилар рўйхатини ва тест синовларисиз, қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинадиган халқаро олимпиадалар ғолиблари (кейинги ўринларда – имтиёзли абитуриентлар) рўйхатини тест синовлари ўтказиладиган кундан олдин Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳамда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этади.

77. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда имтиёзли абитуриентлар рўйхатига киритилган ўқувчилар талабаликка қабул қилинган тақдирда, уларга “устоз-шогирд” тизими асосида олий таълим муассасаларида юқори натижаларга эришган малакали мутахассислар бириктирилишини таъминлайди ҳамда ҳар йили 1 октябрга қадар бириктирилган мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тақдим этади.

78. Асосий фан олимпиадасининг республика босқичи ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, уларнинг ўқитувчилари ва таълим муассасалари директорларини пул мукофоти билан тақдирлаш ўрнатилган тартибга асосан амалга оширилади. Ғолиблар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан йил якунида тантанали равишда тақдирланади.

11-боб. Фан олимпиадаларини ташкил этишни молиялаштириш

79. Асосий фан олимпиадасини ташкил қилиш ҳамда халқаро фан олимпиадалари учун иштирокчиларни саралаш ва тайёрлаш харажатлари:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

80. Асосий фан олимпиадасининг II(туман), III(вилоят), IV(республика) босқичларида, қўшимча республика ва онлайн олимпиадаларида  ҳамда халқаро олимпиадаларга саралаш босқичларини ўтказишда фойдаланиладиган назорат материаллари учун ҳақ тўлаш тартиби тегишли вазирлик ва идоралари томонидан ягона ёндашув асосида белгиланади.

81. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги
ПҚ-4306-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган халқаро фан олимпиадаларида ўқувчи ёшларнинг иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан иштирок этиш бадали, суткалик, яшаш ва транспорт харажатлари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

асосий ва халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига тўланадиган устама ҳақлари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

82. 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, фан олимпиадаларига ҳакамлар ҳайъати, аудитория раҳбарлари, назоратчилар, апелляция комиссияси аъзолигига жалб қилинган ўқитувчиларга давлат бюджети ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида бир марталик пул маблағлари берилади.

12-боб. Якуний қоидалар

83. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги
ПҚ-4306-сон қарорининг 1-иловасида назарда тутилмаган ҳар қандай халқаро ва минтақавий олимпиадаларда Ўзбекистон терма жамоасини иштирок этиши Департамент томонидан мувофиқлаштириб борилади. Бу олимпиадаларда қатнашадиган Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш ва иштирокини таъминлаш Халқ таълими вазирлиги ва Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари агентлигининг қўшма буйруғи билан амалга оширилади.

84. Фан олимпиадалари  ўтказиладиган жойга иштирокчиларни олиб келиш ва олиб кетиш, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча ташкилий чора-тадбирларни кўриш  масъулияти ҳудудий бошқармалар ҳамда таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига юклатилади.

85. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

 

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги ПҚ–4306-сон қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мақоми асосий олимпиадаларнинг республика босқичига тенглаштириладиган халқаро ва минтақавий фан олимпиадалар рўйхати
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                           Бош вазири                                                                                     А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

20__ йил “____” ____________даги

_____ -сон қарорига

2-илова

 

Мақоми асосий олимпиадаларнинг республика босқичига тенглаштириладиган халқаро ва минтақавий          
фан олимпиадалар рўйхати

Т/р

Халқаро ва минтақавий         
фан олимпиадалар
ҳамда мусобақалар номи

Инглиз тилида номланиши

1.

Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадаси

International Junior Science Olympiad (IJSO)

2.

Халқаро математика мусобақаси

International Mathematical Competition (IMC)

3.

Халқаро география олимпиадаси

International Geographical Olympiad (iGeo)

4.

Халқаро Менделеев олимпиадаси

International Mendeleev Olympiad In Chemistry

5.

Халқаро Жаутиков олимпиадаси

International Zhautykov Olympiad (IZho)

6.

Осиё физика олимпиадаси

Asian Physics Olympiad

7.

Астрономия ва астрофизика бўйича халқаро олимпиада

International Olympiad on Astronomy and Astrophysics (IOAA)

 8.

Кавказ математика олимпиадаси

Caucasus Mathematical Olympiad

 

Изоҳ: Ушбу олимпиадалар ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларига бериладиган барча турдаги имтиёзлар фақат Халқ таълими вазирлиги тасдиқлаган терма жамоа учун амал қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг

20 ___ йил «___» _______даги

______ -сон қарорига

3-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги  226-сонли қарорига киритилаётган

ўзгартиришлар

 

1. 4-иловада:

1-банддаги “академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларини” сўзлари чиқариб ташлансин;

3 -банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

11-банддаги “Олимпиада” сўзи чиқариб ташлансин;

2. 5-иловада:

1-банддаги “Умумтаълим фанлари бўйича академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг расмий халқаро ва республика олимпиадалари” сўзлари чиқариб ташлансин;

6-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

7-банддаги “олимпиада фанлари” сўзлари чиқариб ташлансин.

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тўғрисидаги низомга 
1-ИЛОВА
Синфлар кесимида асосий олимпиада ўтказиладиган фанлар
РЎЙХАТИ
Т/Р Фанлар  Синфлар 
9 10 11
1 Она тили ва адабиёт  + + +
2 Ўзбек тили ва адабиёти (таълим рус тилида) + + +
3 Рус тили ва адабиёти (таълим ўзбек, қорақалпоқ ва бошқа тилларда) + + +
4 Рус тили ва адабиёти (таълим рус тилида) + + +
5 Қорақалпоқ тили ва адабиёти  + + +
6 Инглиз тили  + + +
7 Немис тили  + + +
8 Француз тили + + +
9 Математика  + + +
10 Физика  + + +
11 Кимё + + +
12 Биология + + +
13 Тарих + + +
14 Информатика  + + +
15 Тожик тили  + + +
16 Қозоқ тили  + + +
17 География  +    
18 Давлат ва ҳуқуқ асослари  +    
19 Иқтисодий билим асослари  +    
20 Чизмачилик +    
21 Жисмоний тарбия + + +
Махсус мактаб-интернат ўқувчилари учун фан олимпиадаси ўтказиладиган фанлар рўйхати
1. Она тили ва адабиёти  + + +
2. Математика  + + +

Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ва халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш тартиби тўғрисидаги Низомга

2-ИЛОВА

Синфлар кесимида  Онлайн олимпиадалар ўтказиладиган
фанлар рўйхати

 

Ўқув фанлари

Синфлар

4

5

6

7

8

9

10

11

Умумтаълим фанлари рўйхати

1.

Математика

+

+

+

+

+

+

+

+

2.

Биология

 

 

 

+

+

+

+

+

3.

Физика (ва астрономия)

 

 

 

+

+

+

+

+

4.

Кимё

 

 

 

 

+

+

+

+

5.

Информатика ва ахборот технологиялари

 

 

 

 

+

+

+

+

 

Умумий таклифлар: 3

1398