ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
13996 Министерство юстиции Республики Узбекистан 22/02/2020 08/03/2020 48
Закон Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қўшимча киритиш тўғрисида
ID-13996

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қўшимча киритиш тўғрисида

 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 163–I-сонли ва 1996 йил 29 августда қабул қилинган 256–I-сонли қонунлари билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 2-сонга илова, № 11-12; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 9, 229-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 182-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда, № 9, 494, 498-моддалар; 2007 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 4, 156, 164-моддалар, № 8, 367-модда, № 9, 416-модда, № 12, 598, 608-моддалар; 2008 йил, № 4, 192-модда, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 9, 337-модда; 2010 йил, № 9, 335, 337, 340-моддалар; 2011 йил, № 12/2, 363, 364, 365-моддалар; 2012 йил, № 4, 106, 109-моддалар, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 5, 130-модда, № 12, 343-модда; 2015 йил, № 8, 310, 312-моддалар; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 9, 510-модда, № 12, 773-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 673-модда; 2019 йил, № 3, 161, 166-моддалар, № 5, 267-модда, № 10, 671-модда, № ___, ____-модда) қуйидаги мазмундаги 1001-модда билан тўлдирилсин:

100-1-модда. Фуқаронинг тасвирига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш

Фуқарони тасвирга (шу жумладан, фото тасвирини ҳамда унинг тасвири акс этган видео тасвир ёки тасвирий санъат асарини яратиш) тушириш, шунингдек унинг тасвиридан фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги, агар фуқаро вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг қонуний вакиллари розилиги талаб этилади. Бундан қуйидаги ҳоллар мустасно:

тасвирдан давлат ёки жамият манфаатлари учун фойдаланилганда. Бунга тасвирдан ҳуқуқбузарликка қарши курашиш мақсадида, давлат ва (ёки) жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар беришда, тасвирдаги шахснинг жиноят содир этганлиги ёки бедарак йўқолганлиги сабабли қидирув эълон қилишда, шунингдек давлат хизматчиларининг хизмат вазифаларини бажариши жараёнидаги тасвиридан фойдаланиш ҳоллари киради.

фуқаро оммавий тадбирларда (концерт, байрам сайиллари ва бошқа) ва жамоат жойларида (умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасалари, ҳайвонот боғи, истироҳат боғлари, кўчалар ва бошқа) тасвирланган ҳамда тасвирдан фойдаланишдан мақсад фақат ушбу жойлардаги умумий жараёнларни намойиш этиш бўлса;

давлат ва жамоат арбоблари ҳамда илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар таниқли вакилларининг тасвиридан жамият учун катта қизиқиш уйғотадиган ахборотни тарқатиш мақсадларида фойдаланилганда;

фуқарони тасвирга тушириш ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланишдан мақсад ушбу фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлса;

фуқаронинг ҳақ эвазига туширилган тасвиридан ушбу тасвирни туширишдан кўзланган мақсадларда фойдаланилганда.

Фуқаронинг тасвиридан фойдаланиш деганда уни тарқатиш, қайта ишлаш ва намойиш этиш тушунилади. Агар вафот этган фуқаронинг фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онаси бўлса, уларнинг розилигисиз ушбу фуқаронинг тасвиридан фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

Фуқарони тасвирга тушириш ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланишга розилик ёзма ёки оғзаки шаклда ёҳуд бошқа розиликни яққол кўрсатувчи ҳаракатлар орқали билдирилади.

Фуқарони тасвирга туширишга ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланишга берилган розилик ушбу розиликни олган шахсдан бошқа шахсларга ушбу тасвирдан фойдаланиш ҳуқуқини бермайди.

Фуқаронинг ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилинмасдан туширилган ва (ёки) фойдаланилган тасвири сақланаётган манбадан (фотоаппарат, камера, мобил телефон ва бошқа ускуналар хотирасидан) ўчириб ташланиши, фуқаронинг тасвири акс эттирилган моддий неъматларнинг йўқ қилиниши ва муомаладан чиқарилиши, шунингдек ҳар қандай босма ва электрон оммавий ахборот воситаларидан, Интернет тармоғидан ҳамда ташқи реклама ва реклама хусусиятига эга бўлган тарқатма материаллардан олиб ташланиши лозим.

Агар фуқарони тасвирга туширган ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланган учинчи шахс(лар) томонидан ушбу модданинг бешинчи қисми талаблари ихтиёрий равишда бажарилмаганда фуқаро (вафот этган бўлса – унинг фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онаси, вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса – қонуний вакиллари) бундай талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Ушбу модда талабларига риоя этилмаслиги оқибатида фуқарога
ва ушбу фуқарони тасвирга туширган ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланувчи шахсга етказилган зарарлар ва маънавий зиённи ундириш суд тартибида ҳал қилинади.”

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг

            Президенти                                                                                              Ш. Мирзиёев

 

Умумий таклифлар

2137