ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1375 Национальное агентство "Узбеккино" 04/12/2018 19/12/2018 4

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Фильмларнинг республика ҳудудидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-1375

ЎЗБЕККИНО” МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИНИНГ 
БУЙРУҒИ 

Фильмларнинг республика ҳудудидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги
низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 24 июлдаги ПҚ–3880-сон қарорига мувофиқ буюраман:

1. Фильмларнинг республика ҳудудидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

 

Бош директор                                                                            Ф. Зокиров

 

          Тошкент ш.,
201
8 йил ___ декабрь         

             ____-сон

 

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг 
2018 йил “___” декабрдаги ____-сон буйруғига 
ИЛОВА

 

Фильмларнинг республика ҳудудидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 24 июлдаги ПҚ–3880-сон қарорига мувофиқ фильмларнинг республика ҳудудидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.   

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

республика кинопрокат тизими – мулк таркибида давлат улуши бўлган кинотеатрлар ҳамда фильмлар намойишини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларининг фильмлар намойишини ягона репертуар асосида ва марказлашган ҳолда амалга ошириш мақсадида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги тизимидаги “Республика кинопрокат маркази” давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда Республика кинопрокат маркази деб аталади) базасида бирлашган кинотармоқ;

кинотеатрлар тармоғифильмлар намойишини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари (кейинги ўринларда нодавлат кинотеатрлар деб аталади) томонидан фильмлар намойишини ўзаро келишув асосида марказлашган ҳолда амалга ошириш мақсадида ягона тизимга бирлашган кинотармоқ;

фильм – оммавий намойиш қилишга мўлжалланган аудиовизуал асар (бадиий тўлиқ метражли, бадиий қисқа метражли, ҳужжатли-хроникал, илмий-оммабоп
ва анимацион фильмлар);

миллий фильм – фильмни тасвирга олиш гуруҳининг (постановкачи-режиссер, постановкачи-оператор, овоз оператори, постановкачи-рассом, костюмлар бўйича рассом, монтажчилар ва актёрлар-бош рол ижрочилари)
30 фоизидан кўп бўлмаган таркиби чет мамлакатлар фуқаролари бўлган ҳамда фильм Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида бўлса, фильмда фойдаланилган хорижий тил бадиий ўй-фикрнинг ажралмас қисми ҳисобланган ҳоллар бундан мустасно;

фильмлар репертуари – кинопрокат тизимидаги кинозалларда маълум бир даврда намойиш этилиши белгиланган фильмлар жамланмаси;

кинопрокат – фильмни ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситаларда даромад олиш мақсадида вақтинчалик фойдаланиш учун бериш;

кинотеатр – фильмларни оммавий намойиши учун кинотехнологик ускуналар билан жиҳозланган бино ёки унинг бир қисми; 

дистрибьютер – фильмга нисбатан ҳуқуқ эгаси ёки маълум бир ҳудудда ҳуқуқ эгасининг вакили бўлган, кинотеатр ва кинозалларда шартномаларда назарда тутилган шартлар асосида кинопрокатни ташкил этувчи юридик ёки жисмоний шахс;   

дистрибьюторлик ташкилотлари – асосий фаолият тури фильмларнинг кинопрокатини амалга оширишдан иборат бўлган Республика кинопрокат маркази ва мулкчилик шаклидан қатъий назар бошқа юридик шахслар;

субдистрибьютор –фильмга нисбатан ҳуқуқ эгалари билан фильмнинг кинопрокати бўйича тўғридан-тўғри шартномага эга бўлмаган ва дистрибьюторлик ташкилотлари билан тузилган  шартномалар асосида  фильмлар кинопрокатини амалга оширувчи учинчи шахслар. 

3. Республика кинопрокат маркази давлат буюртмасига асосан ишлаб чиқариладиган миллий фильмларнинг республикадаги ва республика ҳудудидан ташқаридаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга бўлган Агентлик тизимидаги ташкилот.

4. Дистрибьютерлик ташкилотлари фильмлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилган миллий фильмлар ва хорижий фильмларнинг республика ҳудудидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолияти билан шуғулланишлари, шунингдек, ўз  фаолиятларини субдистрибьютерлар орқали ташкил этишлари мумкин.

5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмлар кинопрокатини амалга ошириш Фильмнинг оммавий намойишини амалга ошириш учун бир марталик рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ бериладиган тегишли рухсатнома асосида амалга оширилади.

2-боб. Республика кинопрокат тизими ва нодавлат кинотеатрлар
тармоғини ташкил этиш

6. Фильмларнинг кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга ошириш учун мулк таркибида давлат улуши бўлган кинотеатрларнинг (кейинги ўринларда давлат тасарруфидаги кинотеатрлар деб аталади)  Республика кинопрокат маркази базасида бирлашуви ҳамда нодавлат кинотеатрларнинг ўзаро манфаатли шартлар асосида ихтиёрий қўшилиши йўли билан республика кинопрокат тизими ташкил этилади.

7. Нодавлат кинотеатрларнинг кинопрокат тизимига қўшилиши ва ундан чиқиши уларнинг ўзлари томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 372-сон қарорига мувофиқ давлат-хусусий шериклик асосида қуриладиган нодавлат кинотеатрлар Республика кинопрокат маркази базасида ташкил этиладиган республика кинопрокат тизимига бирлашади.    

9. Дистрибьютерлик ташкилотлари, Республика кинопрокат марказидан ташқари, республика кинопрокат тизимига кирмайдиган кинотеатрларда ёки нодавлат кинотеатрлар томонидан алоҳида ташкил этилган кинопрокат тармоғида фильмлар кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини ўзаро тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширадилар.   

3-боб. Фильмлар кинопрокати бўйича дистрибьютерлик
фаолиятини амалга ошириш тартиби 

  10. Республика кинопрокат тизимидаги кинотеатрларни фильмлар билан таъминлаш Республика кинопрокат маркази томонидан марказлашган ҳолда, белгиланган тартибда тасдиқланадиган фильмлар репертуари асосида амалга оширилади.  

11. Дистрибьютерлик ташкилотлари томонидан кинотеатрлар тармоғидаги кинотеатрларни фильмлар билан таъминлаш ўзаро тузилган шартномалар асосида марказлашган ҳолда ташкил этилади.

12. Республика кинопрокат тизимидаги кинотеатрларни фильмлар билан таъминлаш мақсадида Республика кинопрокат маркази ҳузурида фильмлар репертуар режасига киритиладиган миллий ва хорижий фильмларнинг мақбул нисбатини белгилаб берувчи ҳамда фильмларни техник баҳоловчи методик кенгаш (кейинги ўринларда Методик кенгаш деб аталади) тузилади. Методик кенгашнинг таркиби Республика кинопрокат маркази раҳбари томонидан шакллантирилади ва тасдиқланади.

13. Методик кенгашнинг таркибига Республика кинопрокат марказининг мутахассислари, киношунослар, кинотанқидчилар, фильм ишлаб чиқарувчилар, кинотеатрлар ва дистрибьютерлик ташкилотлари вакиллари киритилиши мумкин. Зарурат бўлган ҳолларда Методик кенгаш ишига фильмларни техник баҳоловчи тегишли мутахассислар жалб этилади. 

14. Методик кенгаш тўғрисидаги низом Республика кинопрокат маркази томонидан ушбу Низомга мувофиқ ишлаб чиқилади ва унинг раҳбари томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.

15. Дистрибьютерлик ташкилотлари томонидан республика кинопрокат тизимидаги кинотеатрда фильмлар репертуар режасига киритилмаган фильмларнинг намойишини ташкил этилишига йўл қўйилмайди.

16. Агентлик тизимидаги “Республика кинофонди” давлат унитар корхонасининг (кейинги ўринларда Республика кинофонди деб аталади) сақловида бўлган, давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмлар нусхаси Республика кинопрокат марказининг буюртмасига асосан кинопрокат тизимида намойиш қилиш учун бепул берилади.

17. Республика кинофонди кино ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан фонднинг доимий сақловига қабул қилиб олган фильмларнинг кинопрокатини амалга ошириш мақсадида учинчи шахсларга бериши ёки кинопрокати давом этаётган фильмларнинг Республика кинофондида сақланаётган оригинал ахборот ташувчиларидан кўчирган ҳолда тарқатиши ва (ёки) тижорат мақсадларида бошқа ҳар қандай усулда фойдаланиши мумкин эмас.

18. Республика кинопрокат маркази Республика кинофондидан белгиланган тартибда қабул қилиб олган фильмлар нусхасини фильмлар репертуарида белгиланган саналарда республика кинопрокат тизимидаги кинотеатр ва кинозалларга марказлашган ҳолда электрон ахборот ташувчиларда ва (ёки) оптик толали алоқа линияси орқали рақамли форматда етказиб беради.  

19. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб, дистрибьютерлик ташкилотлари томонидан республика кинопрокат тизимидаги кинотеатрларда ҳамда бошқа кинотеатрлар тармоғида намойиши ташкил этиладиган миллий фильмлар суткада иккитадан кам бўлмаслиги керак. 2021 йил 1 январдан эса, миллий фильмлар ушбу кинотеатр ва кинозалларнинг ойлик экран вақтининг 25 фоизи миқдорида, байрам кунлари камида 40 фоизи миқдорида намойиш қилиниши  шарт.

Республика кинопрокат тизимидаги ва бошқа кинотеатрлар тармоғидаги кинотеатрларда ушбу бандда белгиланган миқдорда намойиш этиладиган миллий фильмлар рўйхати Методик кенгаш томонидан шакллантирилади ва фильмлар репертуарига киритилади.

4-боб. Фильмлар рекламасини ташкил этиш

20. Дистрибьютерлик ташкилотлари томонидан фильмлар рекламасини ташкил этиш фильмлар ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро келишувга асосан Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ амалга оширилади.

21. Дистрибьютерлик ташкилотлари фильмлар кинопрокатини ташкил этишда уларнинг рекламасида, жумладан, фильм афишаси, кириш чипталарида ва намойиши давомида ёшга доир чекловлар бўлишини, фильмда алкоголь ва тамаки истеъмолидан фойдаланилганлиги ҳамда унинг зарари тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувлар жойлаштирилишини таъминлаши шарт.

22. Дистрибьютерлик ташкилотлари оммавий намойишни амалга ошириш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган фильмларнинг кинопрокати тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа усулларда эълон қилишга ҳамда кинопрокатини ташкил этишга ҳақли эмаслар.

5-боб. Ушбу Низом талаблари ва шартларига риоя этилиши учун жавобгарлик ва назорат қилиш

23. Дистрибьюетрлик ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низом талабларига риоя этилиши учун жавоб беради.

24. Ушбу Низом талабларига риоя этиш устидан назорат қилиш Агентлик томонидан  белгиланган тартибда амалга оширилади.

Умумий таклифлар

755