Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
13746 Олтинкўл туман ҳокимияти 14/02/2020 29/02/2020 0

Муҳокама якунланди

Ҳоким қарори
2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида
ID-13746

Андижон вилояти Олтинкўл туманининг 2020 йилги
маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, 2020 йилда Халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.

Мазкур Қонуннинг 18-моддасига ҳамда 2020 йил учун Олтинкўл тумани бюджетини қабул қилиш бўйича Андижон вилояти Халқ депутатлари Олтинкўл тумани Кенгаши (Кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади)

 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

       1. Вилоят Халқ депутатлари Кенгашининг “Андижон вилоятининг
2020 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарорига (Кейинги ўринларда Қарор деб аталади) мувофиқ, 2020 йилги Олтинкўл туман (Кейинги ўринларда Туман деб аталади) маҳаллий бюджетига юқори бюджетдан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансферт 50,3 млрд.сўм миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

       2. Қарорга асосан 2020 йилда:

а) Қуйидаги солиқ турлари туман бюджетига тўлиқ ўтказилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;

 

қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган оҳактош мустасно.

  • айланмадан солиқ;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат активларини ижарага беришдан тушадиган даромадлар.

Шу билан бирга, қарорнинг 4-иловасига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи туман бюджетига ўтказилиши маълумот учун қабул қилинсин.

б) мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ва алкогол махсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар
2019 йил 1 июль ҳолатига кўра туман аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилади.

      3. Қонунга асосан туман маҳаллий бюджетининг харажатлар тизимида қуйидаги ўзгартиришлар киритилди ҳамда молиялаштириш тартиби қуйидагича белгиланди:

а) тумандан молиялаштирилувчи умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатлари республика бюджетидан, тўртинчи гуруҳ харажатлари тегишинча туман бюджетидан молиялаштирилади;

б) туман бюджетидан:

       - фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари орқали тайинланадиган ижтимоий нафақалар;

       - давлат санитария-эпидемиология назорати туман марказини сақлаш харажатлари молиялаштирилади.

       4. 2020 йил учун туман бюджети даромадлар прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.

       5. Туман бюджетидан 2020 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

       6. Туман бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари 3-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин. Бунда, ажратма меъёрлари бўйича вилоят маҳаллий бюджети билан туман маҳаллий бюджетининг тақсимотини ўрнатилган тартибда туман ғазначилик бўлинмаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

Маҳаллий ҳокимликларни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш бўйича маъсулиятини ошириш орқали маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга бўлган манфаатдорлигини кучайтириш мақсадида айланмадан солиқ ва давлат активларини ижарага беришдан тушумлар тўлиқлигича туман бюджетига ўтказилганлиги, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи вилоят бюджети ҳамда туман  бюджети ўртасида тақсимланиши маълумот учун қабул қилинсин.

       7. Қарорнинг 6-иловасига мувофиқ туман бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.

       8. 2020 йил учун туман бюджети захира жамғармаси ҳажмлари
1,3 млрд.сўм миқдорида белгилансин.

Туман ҳокимлиги захира жамғармаси маблағларини туман бюджетида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.

       9. Туман бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тегишли равишда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан туман ҳокимлигининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш мақсадида қабул қилинади.

Туман ҳокимлиги туман бюджети қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирсин.

       10. Туман ҳокимлиги, чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг
1-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Вилоят ҳокимлигига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлари билан бирга киритилган мурожаатига асосан тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш ёки харажатларни мақбуллаштириш таклифларини киритсин.

       11. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.

      12. Туман ҳокимлиги:

туман бюджетини биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;

 

ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини, молиявий ҳисоботларни, капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижросини, ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва давлат харидлари ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин.

13. Вазирлик идораларининг шунингдек, вилоят ташкилоти, шаҳар ва туманларидаги ўрганиш бўйича тузилган йўл хариталари ҳамда йиғилиш баёнлари билан маҳаллий бюджетларнинг харажатларига ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.

       14. Туман ҳокимлиги Қонуннинг 24-моддасига асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини туман Кенгашига беришини таъминласин.

       15. Туман ҳокими бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши учун тегишли Кенгашга маълумот киритсин.

       16. Туман ҳокимлиги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.

       17. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси ҳамда туман  ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.

 

 

 

Халқ депутатлари Олтинкўл

тумани Кенгаши раиси                                                 Н.Ўринбоев

Умумий таклифлар: 0

622