Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
13678 Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 12/02/2020 27/02/2020 4
Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори
Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университетини ташкил этиш тўғрисида
ID-13678

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қарори

 

 

 

 

 

Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университетини
ташкил этиш тўғрисида

 

 

Халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлашни ташкил этиш, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “British management university” масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университети (кейинги ўринларда —Университет)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Университетда Лондон, Рединг университетлари ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш;

республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига Лондон, Рединг университетлари ҳамда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш.

3. Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

лойиҳа бошқаруви, логистика, тадбиркорлик, инновациялар, электрон тижорат ҳамда иқтисодиёт тармоқлари соҳаларида халқаро стандартлар даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;

иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;

республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнларини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;

педагог кадрларнинг профессионал маҳорати даражаси ва сифатини оғишмай ошириб бориш, Университетнинг профессор-ўқитувчи ходимларини хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида малака ошириши ва стажировка ўташи;

таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассис ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

таълим ва илмий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

4. Муассиснинг қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Университетни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув ва илмий адабиётлар, мебель, компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Университетнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш;

Университетни танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан тўлдириш;

ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 20 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш.

5. Белгилансинки:

Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университет таълим жараёни Лондон, Рединг университетлари ҳамда хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда инглиз тилида тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади;

Университетда дастлабки босқичда “Лойиҳаларни бошқариш”, “Логистика ва етказиб бериш занжирларини бошқариш”, “Тадбиркорлик
ва инновациялар”, “Халқаро электрон тижорат”, ҳамда “Рақамли иқтисодиёт” йўналишлари бўйича абитуриентлар қабули амалга оширилади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан белгиланади;

Университетда таълим фаолияти 2020 /2021 ўқув йилидан бошланади;

Университет битирувчиларига Буюк Британияда тан олинадиган ҳамда Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади.

6. Университетга:

профессор-ўқитувчи ходимлар, шунингдек, педагогик ва илмий иш олиб боришга жалб этиладиган бошқа шахслар меҳнати, яшаши ҳамда транспорт харажатлари учун уларга белгиланган тарифлар бўйича тўлов амалга оширишга;

Университетга ҳар йили янги ўқув йили бошлангунига қадар мавжуд талаб ва эҳтиёжни ҳамда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олиб, меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.

7. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Тошкент шаҳри ҳокимияти бир ой муддатда Университетни жойлаштиришни таъминласин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Университет фаолиятини 2020/2021  ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйиш учун унинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш бўйича зарур лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда, ўқитувчи ва талабалар учун турар жой биносини қуришда, зарур ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси
ва кутубхона фондлари билан таъминлашда Университет билан ҳамкорлик қилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетда таълим сифатини
ва қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг буюртманомаларига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар
ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ҳамда Университетга қабул қилинган чет эллик талабалар учун кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмаган ҳолда белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

12. 2023 йил 1 августга қадар:

Университет барча турдаги солиқларни тўлашдан;

Университетга жалб этиладиган хорижий профессор-ўқитувчилар
ва мутахассислар ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлашдан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, электрон доскалар, проекторлар, мультимедиа маҳсулотлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарь божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда четдан олиб келинган товарлардан Университет томонидан мақсадли фойдаланилиши бўйича назорат ўрнатсин.

Белгилансинки, хориждан олиб келинадиган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириб олинади.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.  

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти

 

 

   Ш.Мирзиёев

 

Умумий таклифлар: 4

1264