ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
13476 Агентство по управлению государственными активами Республики Узбекистан 10/02/2020 25/02/2020 68
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-13476

Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартибини
такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Республикамизда инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши учун самарасиз ётган давлатга тегишли корхона ва объектларни қулай шартларда уларга бериш давлат мулки объектларидан оқилона ва самарали фойдаланишнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бироқ, давлат активларини ҳисобга олишнинг тартибли тизими мавжуд эмаслиги сабабли, кўпчилик давлат ташкилотлари балансидаги объектларни фаол хўжалик жараёнларига жалб этиш жараёни секин кечмоқда.

Такомиллашган назорат тизимининг етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги ҳамда айрим давлат объектларини балансда сақловчи ташкилот ва муассасалар раҳбарларининг лоқайд муносабати натижасида, давлатга тегишли айрим бино-иншоотлар узоқ йиллар мобайнида фойдаланилмасдан қаровсиз аҳволга тушиб қолиш ҳолатлари мавжуд.

Алоҳида ҳолатларда, давлат мулки объектларининг ноқонуний бегоналаштирилиши ва гаровга қўйилиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда давлат корхоналари ва муассасаларига тегишли бўлган объектлар ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат активларини бошқариш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки:

давлат мулкларини, шу жумладан чет элда жойлашган давлат мулкларини балансда сақловчиларининг мансабдор шахслари давлат мулки тўғрисидаги маълумотларни Давлат активларини бошқариш агентлигига
(кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли тақдим этилиши ҳамда давлат мулкларига зарар етказилганлиги, ноқонуний бегоналаштирилганлиги учун шахсан жавоб берадилар;

давлат кўчмас мулк объектларини гаровга бериш, шунингдек уларни хўжалик жамиятлари устав фондига давлат улуши сифатида киритиш тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади;

давлат корхоналари ва муассасаларига тегишли автомототранспорт воситаларини сотиш фақат “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдолари орқали амалга оширилади;

Агентлик чет элда жойлашган, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик хужжатларига мувофиқ давлат мулки сифатида эътироф этилган давлат активларининг реестрини юритади.

3. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг давлат мулки, шунингдек, чет элда жойлашган давлат мулки тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш ҳақидаги тақдимномаларини бажармаганлик, шунингдек, тақдим этиш мажбурий бўлган давлат мулклари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаганлик учун давлат корхоналари ва муассасалари мансабдор шахсларига, шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиб келаётган мулк шаклидан қатъий назар ташкилот рахбарларига жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

бир ой муддатда фойдаланилмаётган давлат кўчмас мулкларидан самарали фойдаланиш бўйича намунавий “Йўл-харитаси” шаклини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда электрон тизимлари ўртасида давлат кўчмас мулклари ҳисобини юритиш ва улар тўғрисидаги онлайн маълумотлар алмашинувини ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Давлат статистика қўмитаси, “Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси” давлат корхонаси билан биргаликда давлат корхоналари, муассасалари, устав капиталида давлат улуши мавжуд юридик шахслар ҳамда устав капиталида  давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни доимий янгилаб бориш бўйича онлайн маълумотлар алмашинувини таъминласин.

4. Агентлик, Давлат хизматлари агентлиги, Давлат статистика қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар ишчи гуруҳ тузган ҳолда давлат иштирокидаги ташкилотларини хатловдан ўтказилишини ташкил қилсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик, идоралар ва уларнинг тизим ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда ўзларига бириктирилган барча давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни бир ойлик муддатда Агентликнинг property.davaktiv.uz ахборот тизимига киритилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х. Бекенов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

              Бош вазири                                                                                                              А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___” __________ даги ____-сон қарорига

1-илова

 

Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат мулкининг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

ҳисоб объекти – Ўзбекистон Республикасининг давлат кўчмас мулки объекти, автомототранспорт воситаси, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва ушбу ташкилотларнинг улуши мавжуд бўлган юридик шахслари (тегишли улуш (акция)), интеллектуал мулк объекти;

давлат муассасаси — давлат мулкини тасарруф этувчиси томонидан бошқарув, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки тижорат хусусиятига эга бўлмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш учун ташкил этилган ва тўлиқ ёки қисман давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий таъминланадиган ташкилот;

давлат корхонаси – давлат мулкидаги, ўзига тезкорлик билан бошқариш учун берилган мулк негизида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилотидир, у ўзига бириктилган мулкдан қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдорнинг
(ёки унинг топшириғига кўра у ваколат берган давлат органи – муассиснинг) топшириқларига ҳамда эгалик қилиш ҳуқуқидаги мулкнинг мақсадига мувофиқ мулкдан фойдаланишни ва уни тасарруф этишни амалга оширади;

оператив бошқарув ҳуқуқи ‑ давлат корхонаси, шунингдек муассасаси ўзларига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан қонунда белгилаб қўйилган доирада, ўз фаолиятининг мақсадларига, мулкдорнинг топшириқларига ҳамда мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолда эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқлари;

давлат мулки объектлари ахборот тизими – Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) property.davaktiv.uz ахборот тизими орқали барча давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотлар жамланадиган маълумотлар базаси;

тақдимнома – ёзма равишда тақдим этилган ҳужжат (давлат корхоналари ва муассасалари томонидан мазкур Низом талаблари бажарилмаган тақдирда Агентлик ва унинг тегишли ҳудудий бошқармалари томонидан давлат корхоналари ва муассасаларига ёзма равишда тақдим этилган ҳужжати).

II. Давлат мулкининг ҳисобини юритиш

 

3. Ҳар ойнинг 5-санасидан кечиктирмай, Агентликнинг давлат мулки объектлари ахборот тизимига (кейинги ўринларда Тизим деб аталади) онлайн маълумотлари асосида ҳисоб объектлари бўйича қуйидаги маълумотларни (СТИР рақами, улуш (акция) миқдори ва қиймати, муассиси (иштирокчиси, акциядори (СТИР рақами)) билан биргаликда):

а) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда – Давлат хизматлари агентлиги деб аталади) ҳамда Давлат статистика қўмитаси томонидан:

давлат корхоналари ва муасасаларининг рўйхати;

давлат корхоналари ва муассасалари иштирок этаётган юридик шахслар ҳамда ушбу юридик шахсларнинг улуши мавжуд бўлган юридик шахсларининг рўйхати;

янги ташкил этилган давлат корхоналари ва муассасаларининг рўйхати;

ягона давлат реестридан чиқарилган давлат корхоналари
ва муассасалари ҳамда давлат корхоналари ва муассасалари иштирокидаги юридик шахсларнинг рўйхати;

б) “Қимматли қоғозларларнинг марказий депозитарийси” давлат корхонаси (кейинги ўринларда Депозитарий деб аталади) томонидан:

давлат улуши мавжуд акциядорлик жамиятлари, давлат улуши мавжуд акциядорлик жамиятларининг акциядорлик жамиятлари рўйхати, шу жумладан ушбу жамиятларнинг қимматли қоғозлари чиқарилувини ҳисобга қўйилиши ёки ҳисобдан чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар;

Агентлик томонидан олинган давлат улуши мавжуд масъулияти чекланган жамиятларининг улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятлари рўйхати шу жумладан ушбу жамиятларнинг қимматли қоғозлари чиқарилувини ҳисобга қўйилиши ёки ҳисобдан чиқарилиши тўғрисидаги маълумотлар;

янги ташкил этилган давлат улуши мавжуд акциядорлик жамиятлари, давлат улуши вужудга келган акциядорлик жамиятлари, ушбу акциядорлик жамиятларининг улуши мавжуд бўлган акциядордик жамиятларининг рўйхати.

в) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан:

давлат корхоналари ва муассасаларининг товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва уларнинг рўйхатдан ўтган рақами ва санаси ҳамда унинг амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотлар;

г) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги давлат корхоналари ва муассасаларига тегишли автомототранспорт воситаларининг рўйхатини (русуми, давлат рақами, ишлаб чиқарилган йили билан биргаликда) тақдим этади.

4. Давлат хизматлари агентлиги, Давлат статистика қўмитаси ҳамда Депозитарий томонидан (фақат акциядорлик жамиятлари б ва ж-бандлари бўйича) Тизимга онлайн маълумотлари асосида ушбу низомнинг
3-бандида қайд этилган давлат иштирокидаги ташкилотларда ўзгариш бўлганидан сўнг бир иш куни мабойнида қуйидаги ҳисоб объектлари маълумотларини (юридик шахс номи, СТИР рақами, улуш (акция) миқдори ва қиймати, муассиси (иштирокчиси, акциядори (СТИР рақами)) билан биргаликда) тақдим этади:

а) юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганда;

б) юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига ўзгартириш
ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказилганда (акциядорлик жамиятларда акциядор, акциялар сони ҳамда номинал қиймати ўзгарганда);

в) юридик шахсни қайта ташкил этишни давлат рўйхатидан ўтказилганда;

г) юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига юридик шахс тугатилганлиги ёки қайта ташкил этилган (бирлаштирилган, қўшиб юборилган) юридик шахснинг фаолияти тўхтатилганлиги тўғрисидаги ёзувлар киритилганда;

д) рўйхатдан ўтказувчи органдан юридик шахс томонидан
молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаётганлиги ёки қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда устав жамғармасининг шакллантирилмаганлиги, шунингдек унинг ихтиёрий тугатиш жараёнидалиги ёки тугатиш жараёнининг тўхтатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар олинганда;

е) юридик шахснинг почта манзили ўзгарганда;

ж) юридик шахснинг идоравий мансублиги ўзгарганда. 

5. Давлат корхоналари ва муассасаларига бириктирилган ҳисоб объектларининг ҳисобини юритишни ташкил этиш мазкур низомнинг иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

6. Ҳисоб, давлат мулки маълумотлари базасини ўзида жамловчи амалий дастурий восита ёрдамида амалга оширилади.

7. Давлат корхоналари ва муассасалари томонидан ҳисоб объектларининг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотлар Тизимга ҳар чоракда бир маротаба, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай киритиб борилади.

 

III. Ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш

 

8. Ҳисоб вазифалари қуйидагича:

ҳар бир ҳисоб объектлари бўйича зарур ахборотни маълумотлар базасига киритиш;

ушбу низомнинг 8-бандига мувофиқ ҳисоб объектлари ҳақидаги маълумотларни даврий равишда киритиб бориш.

9. Давлат корхоналари ва муассасалари томонидан Тизимга ҳисоб объектлари бўйича қуйидаги маълумотлар (алоҳида шаклда) киритиб борилади:

 

а) давлат кўчмас мулки объектлари бўйича:

объектнинг номи ва жойлашган ери (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган объектлар);

объектнинг кадастр рақами;

объектни балансида сақловчи юридик шахс (СТИР рақами);

балансда сақловчи юридик шахснинг юқори турувчи давлат органи;

объектнинг баланс (қолдиқ) қиймати;

объектнинг умумий майдони (кв.м.);

объектнинг қурилиш ости майдони;

объектнинг фойдали майдони;

объектга бўлган ҳуқуқ тури;

объектнинг жорий ҳолати (фойдаланишда, бўш, ижара)
ва фотосуратлари;

объектнинг самарали фойдаланиш бўйича дастурга киритилганлиги (қарор рақами, санаси ва мазмуни).

 

б) автомототранспорт воситалари бўйича:

автомототранспорт воситаси номи;

автомототранспорт воситаси ишлаб чиқарилган йили;

автомототранспорт воситасининг жорий ҳолати, техник паспорт рақами ва фотосуратлари;

автомототранспорт воситасининг баланс (қолдиқ) қиймати.

 

в) давлат улушлари (акциялари) бўйича:

давлат иштирокидаги корхоналари (акциядорлик ва масъулияти чекланган жамиятлари, давлат унитар корхоналари, унитар корхоналари, шуъба корхоналари) номи ва унинг СТИР рақами;

давлат улуш (акция) миқдори ва қиймати;

устав фонди миқдори (минг сўм).

 

 

 

г) интеллектуал мулк объектлари:

товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва уларнинг рўйхатдан ўтган санаси, рақами ва амал қилиш муддати.

10. Давлат мулкидан фойдаланиб келаётган мулк шаклидан қатъий назар ташкилотлар томонидан ушбу низомнинг 6-бандларида белгиланган муддатларда ҳамда 8-бандига мувофиқ уларга давлат мулки сифатида фойдаланиш учун бириктирилган ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни Тизимга киритиб боради.

11. Тизимга киритилаётган маълумотлар Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан даврий равишда кузатиб борилади.

12. Давлат корхонаси ва муассасаси, шунингдек, давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган мулк шаклидан қатъий назар ташкилотлар томонидан ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни Тизимга белгиланган муддатларда ёки тўлиқ ва/ёхуд умуман киритилмаганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, давлат корхонаси
ёки муассасаси ёхуд шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиб келаётган мулк шаклидан қатъий назар ташкилотларига ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни Тизимга тўлиқ киритиш бўйича тақдимнома юборилади.

13. Давлат корхонаси ёки муассасаси ёхуд давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган мулк шаклидан қатъий назар ташкилотга тақдимнома келиб тушган санадан сўнг беш кунлик муддатда мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда Тизимдаги маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаши шарт.

 

IV. Давлат корхоналари ва муассасаларининг фойдаланишида
бўлган давлат мулкларининг ҳисобини юритиш бўйича
масъулияти ва жавобгарлиги

 

         14. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳеч қандай тўловларсиз электрон рақамли имзоси орқали ташкилотларга Тизимдаги ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларни тўлдириш имкониятини яратади.

15. Ҳисоб объектлари ҳисобот даврида ҳисобдан чиқарилган тақдирда (сотиш, устав фондига бериш, давлат-хусусий шерикликка бериш, балансдан балансга бериш, бузиш ва ҳ.к.) тегишли давлат корхонаси ёки муассасаси томонидан объект хақидаги маълумотларни асослари билан биргаликда Тизимга киритилади.

         16. Тизимга маълумотларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва ишончли тарзда киритилишига ҳамда ушбу низом талабларига риоя қилиниши юзасидан давлат корхонаси ва муассасаси раҳбарияти ҳамда уларнинг юқори турувчи органлари, шунингдек, давлат мулкидан фойдаланиб келаётган мулк шаклидан қатъий назар ташкилотлари раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланадилар.

17. Агар Агентлик ва унинг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан тақдимнома юборилгандан сўнг давлат корхонаси ва муассасаси, шунингдек, давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган мулк шаклидан қатъий назар ташкилотлар томонидан Тизимдаги тегишли ҳисоб объектлари тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқлиги таъминланмаган тақдирда, ушбу давлат корхоналари ва муассасалари мансабдор шахсларига, шунингдек, давлат мулкидан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида фойдаланиб келаётган мулк шаклидан қатъий назар ташкилотлар рахбарларига нисбатан қонунчилик хужжатларида белгиланган тартибда тегишли маъмурий судлар томонидан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

 

V. Давлат корхоналари ва муассасалари томонидан киритилган маълумотларни кўриб чиқиш

 

18. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳудудга чиққан ҳолда, ҳисоб объектларининг ҳақиқатда тўғри киритилганини ўрганиши мумкин.

19. Кўриб чиқиш жараёнида киритилган маълумотлар тўлиқ таҳлил қилинади ва аниқланган фойдаланилмасдан бўш турган ҳисоб объектларидан самарали фойдаланиш юзасидан балансда сақловчи давлат корхонаси
ва муассасаларидан таклифлар (сотиш, устав фондига бериш, давлат-хусусий шерикликка бериш, балансдан балансга бериш, бузиш ва ҳ.к.) олади.

20. Ишлаб чиқилган таклифлар белгиланган тартибда ҳисоб объектларининг балансда сақловчи юқори турувчи ташкилотлари билан келишилади. Бунда, давлат кўчмас мулк объектларини гарови тўғрисидаги ҳамда хўжалик жамиятлари устав фондига давлат улуши сифатида киритиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

 

VI. Якуний қоидалар

 

         21. Ушбу низомнинг қўлланиши билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

         22. Мазкур низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___” __________ даги ____-сон қарорига

2-илова

 

Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат активларини бошқариш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат активларини ҳисобини юритиш ҳамда самарали бошқариш тартибини белгилайди.

2.  Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

чет элда жойлашган давлат активлари – давлат корхоналари ва муассасаларига тегишли бўлган чет элда жойлашган мол-мулклари, акциялар (улушлар), номоддий бойликлар ва интелектуал мулклар;

давлат активлари баланс сақловчиси – чет элда мулки мавжуд давлат корхонаси ёки ташкилоти;

чет элдаги муассаса – хорижий давлатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан фаолият юритувчи дипломатик ваколатхоналари, консуллик идоралари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлардаги ваколатли аъзолари;

чет элда жойлашган давлат активлари реестри – чет элдаги давлат активларининг моддий, молиявий ва бошқа кўрсаткичлари ўз ичига олган маълумотлар базаси.

 

II. Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган
давлат активлари ҳисоби

 

3. Ўзбекистон Республикаси давлат корхоналари ва муассасалари Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда чет элда мулк эгаси бўлиш ҳуқуқига эга.

Давлат корхоналари ва муассасалари чет элда жойлашган давлат активларига нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келган тақдирда, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланадиган шаклдаги маълумотларни 10 кун ичида Давлат активларини бошқариш агентлигига (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) тақдим этишлари шарт.

4. Агентлик чет элда жойлашган давлат активларининг сақланиши юзасидан мониторинг олиб бориш ва самарали бошқарилишини таъминлаш мақсадида, электрон дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда уларнинг реестрини юритади.

Агентлик давлат активларининг баланс сақловчиси билан электрон маълумот алмашиш, шунингдек ваколатли давлат органлари электрон тизимлари билан интеграциялашув бўйича тадбирларни амалга ошириш орқали реестрни тезкор ва доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди.

5. Чет элда жойлашган давлат активлари реестрига давлат активлари жойлашган давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилиб белгиланган тақдирда мулк ҳуқуқи вужудга келган давлат активлари  тўғрисида маълумотлар киритилади.

6. Чет элда жойлашган маданий мерос объектларини ҳисобини юритиш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан амалга оширилади.

 

III. Чет элда жойлашган давлат активларини бошқариш ва мониторинг қилиш

 

7. Чет элда жойлашган давлат активининг балансда сақловчиси Агентликка у томонидан белгиланадиган шаклдаги маълумотларни қуйидаги муддатларда тақдим этади:

чет элда жойлашган давлат активининг моддий ва молиявий кўрсаткичлари ўзгарганлиги тўғрисида – шундай ўзгариш бўлган кундан бошлаб 10 кун ичида;

чет элда жойлашган давлат активи тўғрисида – ҳар йили, ҳисобот йили якуни бўйича кейинги ойнинг 25 санисидан кечиктирмасдан.

8. Агентлик зарур ҳолларда тегишли чет элдаги муассасадан чет элдаги давлат активи тўғрисида маълумот сўраб олишга ҳақли.

Чет эл муассасалари зарур маълумотларнинг белгиланган муддатда тайёрланиши ва тақдим этилишини таъминлаши шарт.

9. Чет элдаги давлат активларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек уларни бошқариш мулк жойлашган давлат қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

10. Чет элда жойлашган давлат активларини сақлаш ва оператив бошқариш ушбу мулкнинг балансда сақловчиси томонидан амалга оширилади.

11. Давлат активининг баланс сақловчилари чет элда жойлашган давлат активларини ишончли бошқарувга, ижарага, бир давлат ташкилоти тасарруфидан бошқа бир давлат ташкилоти тасарруфига бериш, Агентлигининг розилиги билан давлат активи жойлашган давлатнинг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

12. Чет элда жойлашган давлат активининг мулк ҳуқуқи аниқланмаган ва бирор бир давлат корхонаси ва муассасасига бириктириб берилмаган бўлса, чет элда муассаса хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг мулк ҳуқуқини ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.

13. Чет элда жойлашган давлат активларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида корхоналарнинг молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек кўчмас мулк объектлари ва мулкий мажмуаларни сақлаб туришнинг якуний молиявий натижалари ўрганилади ва таҳлил қилинади:

давлат активининг балансда сақловчиси томонидан – доимий равишда;

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан – ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ давлат активининг балансда сақловчиси томонидан маълумотлар тақдим этилгандан кейин.

14. Чет элда жойлашган давлат активининг моддий ва молиявий кўрсаткичлари  барқарор бўлмаган ҳолларда Агентлик чет элда жойлашган давлат активлари бўйича ушбу активлардан самарали фойдаланиш, шу жумладан сотиш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

 

IV. Чет элда жойлашган давлат активларини самарали бошқариш бўйича қарорлар қабул қилиш

 

15. Чет элда жойлашган давлат активлари унинг балансда сақловчиси томонидан давлат активлари жойлашган давлат қонунчилигига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Баланс сақловчи томонидан ижарага берилган давлат активлари тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10 кунигача тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Агентликка маълумот тақдим этади.

16. Ижарага берилаётган чет элда жойлашган давлат активларини ижарага беришдан тушадиган ижара тўлови маблағлари баланс сақловчининг ҳисоб рақамларига йўналтирилади.

17. Чет элда жойлашган давлат активларини тасарруф этиш, шу жумладан сотиш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.

18. Чет элда жойлашган давлат активини сотиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ушбу жараён ушбу мулк жойлашган давлатнинг қонунчилигига зид бўлмаган ҳолатда, шундай турдаги битимларни амалга оширишнинг халқаро амалиётига мувофиқ амалга оширилади.

19. Чет элда жойлашган давлат активларни сотишда, уларни сотиш билан боғлиқ барча тадбирлар профессионал ташкилотни жалб этган ҳолда амалга оширилади.

Хизматлар, шу жумладан сотилаётган давлат активини баҳолаш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси мулки жойлашган давлатнинг қонунчилигига зид бўлмаган тақдирда, халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади.

20. Агентлик чет элда жойлашган давлат активларини сотиш учун жалб қилинадиган баҳоловчилар, инвестиция воситачилари, маслаҳатчилар ва бошқа, шу жумладан хорижий профессионал ташкилотлар хизматларидан тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан фойдаланилиши мумкин.

21. Чет элда жойлашган давлат активларини сотишдан тушган маблағларни тақсимлаш (давлат активларини баҳолаш ва сотиш билан боғлиқ харажатлар учун белгиланган тартибда Агентлик тасарруфида қолдириладиган қисмидан ташқари) қуйидаги нисбатларда амалга оширилади:

а) 73 фоизи – Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига;

б) 24 фоизи – Агентлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига;

в) 3 фоизи – маблағларни мақсадли равишда бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини молиялаштиришга йўналтирган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига.

 

V. Чет элда жойлашган Ўзбекистон Республикасининг активларини бошқариш учун жавобгарлик

 

22. Чет элдаги муассасалар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикасининг мулк ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаши керак.

23. Маълумотларнинг ўз вақтида ва ишончли тақдим этилиши, шунингдек, чет элда жойлашган мол-мулкни самарали бошқариш, сақлаш ва мақсадли ишлатилиши учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ давлат активининг балансда сақловчи ташкилоти раҳбарига юклатилади.

24. Чет элда жойлашган давлат активининг балансда сақловчи ташкилоти раҳбари ушбу Низом талабларига риоя қилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жав

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил ____ ____________ даги ____-сон қарорига
3-илова

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 октябрдаги 215-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2006 й., 10-сон, 77-модда) 1-иловаси билан тасдиқланган Давлат корхоналари тўғрисидаги низомнинг 17-бандида:

иккинчи хатбошисидан “ёки гаровга” сўзларини чиқариб ташлансин;

учинчи хатбошисидан “мулкни хўжалик жамияти устав фондига улуш сифатида қўшиш;” сўзлари чиқариб ташлансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 343-сон
қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 й., 12-сон, 84-модда)
1-иловаси билан тасдиқланган Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомда:

а) 5-бандда:

тўртинчи хатбошисидаги “оммавий савдоларда” сўзлари
“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдоларда” сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи ҳатбошисидаги “оммавий савдоларда” сўзлари
“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдоларда” сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 12-бандда:

тўртинчи хатбошисидаги “оммавий савдоларда” сўзлари
“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдоларда” сўзлари билан алмаштирилсин;

бешинчи хатбошидаги “оммавий савдоларда” сўзлари
“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдоларда” сўзлари билан алмаштирилсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 2-сон, 5-модда) билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-иловасидаги “III. Муассислар тўғрисидаги маълумотлар” позицияси 3-2.-қаторида “Муасссиснинг - юридик шахснинг номи:” сўзларидан сўнг “Давлат иштирокидаги ташкилот” сўзлари билан тўлдирилсин.

 

 

Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга

ИЛОВА

 

 

Давлат корхоналари ва муассасаларига бириктирилган ҳисоб объектларининг ҳисобини юритишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқич

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Муддат

1-босқич

 

Давлат корхоналари ва муассасалари

 

Ўзларига бириктирилган ҳисоб объектларини хатловдан ўтказиш

 

Доимий

 

 

 

 

 

 

 

2-босқич

 

Давлат корхоналари ва муассасалари

 

Давлат активларини бошқариш агентлигининг  www.property.davaktiv.uz ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритиш

 

ҳисобот давридан кейинги ойнинг

15-санаси

 

 

 

 

 

 

 

3-босқич

 

Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармалари

 

Давлат корхоналари ва муассасалари томонидан киритилган маълумотларни кўриб чиқиш

 

Доимий

 

 

 

 

 

 

 

4-босқич

 

Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармалари

 

Маълумотлар тўлиқ киритилмаганлиги ва/ёки умуман киритилмаганлиги ҳолати юзасидан давлат корхоналари ва муассасаларига тақдимнома киритиш

 

Ҳолат аниқланган кундан
2 кунлик муддатда

 

 

 

 

 

 

 

5-босқич

 

Давлат корхоналари ва муассасалари

 

Тадимнома келиб тушгандан сўнг мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда сайтдаги маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш

 

 5 кун

 

 

 

 

 

 

 

6-босқич

 

Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармалари

 

www.property.davaktiv.uz ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида давлат мулкидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлаш

 

Доимий

 

Умумий таклифлар

643