ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1290 Национальное агентство "Узбеккино" 26/11/2018 11/12/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Хорижий мамлакатлар кинокомпаниялари иштирокида ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-1290

Хорижий мамлакатлар кинокомпаниялари иштирокида ҳамкорликда
фильм ишлаб чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни

тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 24 июлдаги ПҚ–3880-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда хорижий мамлакатлар кинокомпаниялари иштирокида ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Хорижий мамлакатлар кинокомпаниялари иштирокида ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Ф.Ш. Зокиров зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири


А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил “___” ___________даги ___ -сон қарорига
ИЛОВА

Хорижий мамлакатлар кинокомпаниялари иштирокида ҳамкорликда
фильм ишлаб чиқариш тартиби тўғрисида

Низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахсларнинг  хорижий мамлакатларнинг кинокомпаниялари ва бошқа ташкилотлари билан ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

фильм оригинал сценарий ёки адабий асарни экранлаштириш асосида тасвирга олинадиган аудиовизуал асар (бадиий тўлиқ метражли, бадиий қисқа метражли, ҳужжатли-хроникал, илмий-оммабоп фильмлар ва ижтимоий видеороликлар);

ҳамкорликдаги фильм Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган бир ёки бир нечта юридик шахслар бошқа мамлакатнинг бир ёки бир нечта кинокомпаниялари ёки продюсерлари билан биргаликда ижодий, техник
ва молиявий ҳисса қўшиш йўли билан ишлаб чиқарилган фильм;

ҳампродюсерлар – ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш бўйича ўзаро келишувга эга ва ҳамкорликдаги фильм ишлаб чиқаришда иштирок этадиган Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган юридик шахслар ва хорижий кинокомпаниялар ёки продюсерлар;

продюсер – фильмлар ишлаб чиқариш жараёни устидан ғоявий-бадиий
ва ташкилий-молиявий назоратни амалга оширувчи, фильмни тасвирга олиш гуруҳи
ва техник ходимлар таркибини шакллантиришда иштирок этадиган у ёки
бу мамлакатнинг кинокомпанияси вакили; 

учинчи шахслар – ҳампродюсерларнинг бири томонидан ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришда иштирок этиш учун жалб этилган бошқа мамлакат компанияси ёки продюсери;   

эксперт кенгаш – ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш учун ҳампродюсерлар мурожаатини кўриб чиқиш ва тегишли хулоса чиқариш ваколатига эга бўлган “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг хорижий кинокомпаниялар мурожаатларини кўриб чиқувчи ишчи комиссияси.

3. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилса Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 июндаги 169-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видео тасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ бериладиган рухсатномани олиш талаб этилмайди.

2-боб. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришда тадбиқ этиладиган қоидалар

3. Қуйидагиларга кўра:

фильм Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки бошқа давлатларнинг ҳудудида ҳампродюсерларнинг биргаликдаги ижодий, техник ва молиявий ресурслари қўшилган ҳолда ишлаб чиқарилган бўлса;

фильм ҳампродюсерларнинг ҳудудида рўйхатдан ўтмаган учинчи шахсларнинг иштирокида биргаликда ишлаб чиқарилган, бунда учинчи шахсларнинг фильмни ишлаб чиқаришдаги улушининг миқдори умумий харажатларнинг 30 фоизидан ошмаган бўлса;

фильм ишлаб чиқаришда ҳампродюсерларнинг қўшадиган энг кам ҳиссаси фильмни ишлаб чиқариш умумий харажатларининг 20 фоизидан кам бўлмаслиги, энг кўпи 80 фоиздан ошмаган бўлса;

ҳампродюсерларнинг келишувига кўра, фильмни ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун   учинчи давлатдан бошқа продюсер жалб қилинган ҳолларда учинчи шахсларнинг ҳиссаси фильмни ишлаб чиқариш умумий харажатларининг
30 фоиздан ошмаган бўлса;

ҳампродюсерларда фильмдан биргаликда фойдаланиш тартибини белгиловчи шартномаларнинг мавжудлиги, бунда ҳампродюсерлар ўртасида ҳудудлар (фильм прокати амалга ошириладиган мамлакатлар) ва кинопрокатидан тушадиган даромадларнинг ўзаро тақсимланиши каби қоидалар назарда тутилган бўлса, фильм ҳамкорликда ишлаб чиқарилган ҳисобланади.

4. Агар ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш тўғрисидаги халқаро шартномаларда ҳампродюсерлар ўртасидаги расмий келишувларда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади.

3-боб. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш учун тақдим қилинадиган
ҳужжатлар ва уларни кўриб чиқиш тартиби

 

5. Ҳамкорликдаги фильмни ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун ҳампродюсерлар “Ўзбеккино” Миллий агентлигига (кейинги ўринларда Агентлик органи деб аталади) қуйидаги ҳужжатлар ва материалларни тақдим этади:

а) ариза;

б) сценарий ва фильм тўғрисида қисқача маълумот;

в) ариза берувчи томонидан ҳамкорликдаги фильм ишлаб чиқариш учун жалб этиладиган хорижий кинокомпания билан фильмни ҳамкорликда ишлаб чиқариш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;

г) фуқаролиги, касби ва мансаби тўғрисида маълумотлар акс эттирилган фильмни тасвирга олиш гуруҳи ва асосий роллардаги актёрларнинг рўйхати; 

д) сценарий муаллифи ва фильм режиссёри билан тузилган шуартнома нусхаси;

е) фильмни тасвирга олиш тижорат режаси;

ё) фильм ёзилган электрон ахборот ташувчилар.

Ҳампродюсерлардан ушбу бандда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

6. Ҳампродюсер томонидан Агентликка тақдим этилган ҳужжатлар ва материаллар қайтарилмайди.

7. Агентлик ҳампродюсерлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни Агентлик ҳузуридаги эксперт кенгашнинг тегишли хулосаси асосида кўриб чиқиш натижалари бўйича фильмни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ёки Агентлик ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш (кейинги ўринларда ҳамкорликдаги фильмни қўллаб-қувватлаш деб аталади) тўғрисида қарор қабул қилади.

8. Қуйидаги ҳолларда:

а) агар фильм сценарийсида:

миллий, ирқий, этник ёки диний душманликни тарғиб этувчи;

фуқароларнинг миллий мансублиги, диний эътиқодлари муносабати билан уларнинг қадр-қимматини камситувчи, ҳақорат қилувчи ёки ахлоқ нормаларига
ва миллий менталитетга зид бўлган;

Ўзбекистон Республикаси халқларининг тарихи, маданияти, анъаналари
ва урф-одатларини ноҳаққоний ёки бузиб акс эттирувчи;

экстремизм ва терроризм ғояларини, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий ёки бошқа жавобгарликка олиб келувчи порнографик ва бошқа хусусиятга эга бўлган саҳналар мавжуд бўлса;

б) ҳампродюсердлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар мавжуд бўлса ҳамкорликда ҳамкорликдаги фильмни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш рад этилиши мумкин. 

9. Ҳамкорликда фильм ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш рад этилиши тўғрисида қарор қабул  қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома Агентлик томонидан рад этишнинг аниқ сабаблари ва рухсатнома талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф  этиб такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда ҳампродюсерларга юборилади (топширилади).

10. Ҳампродюсерлар томонидан ҳамкорликда фильм ишлаб чиқариш рад этилиши учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран  кўриб чиқиш барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда ариза олинган кундан бошлаб беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда Эксперт кенгаш ҳужжатлар такроран кўриб чиқилгандан кейин икки кун  мобайнида улар бўйича эксперт хулосасини тайёрлайди. 

4-боб. Ҳамкорликдаги фильм ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш

11. Ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида Агентлик ҳампродюсерларнинг ҳамкорликдаги фильм чиқариш тўғрисидаги лойиҳаларини амалга оширилишига кўмаклашади.

12. Ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш қуйидагича амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Агентлик учун давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари доирасида маблағ ажратиш йўли билан;

Агентлик ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан маблағ ажратиш орқали;

ҳампродюсерларга ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришда моддий-техника базасини шакллантиришга кўмаклашиш орқали амалга оширилади.

5-боб. Ҳамкорликдаги фильмни намойиш этиш ва кинопрокатини
амалга ошириш

13.Ҳампродюсерлар ҳамкорликда ишлаб чиқарилган фильмни ўзларнинг давлатлари ҳудудида намойишини ва кинопрокатини ўзлари мустақил ташкил этадилар.

14. Ҳар бир ҳамкорликдаги фильм ҳампродюсерларнинг мамлакатидаги расмий тилида тайёрланади, фильм сюжетининг талабига кўра бошқа тилларда ҳам тайёрланиши мумкин.

15. Ҳамкорликдаги фильмнинг барча версияларида “Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатларининг ҳамкорликдаги фильм” деган ёзув бўлиши шарт. Бу ёзув фильмнинг бошида, якунида, рекламасида ва реклама материалларида, шу жумладан фильмнинг халқаро кинофестиваллардаги иштироки вақтидагт намойишида бўлиши керак.

6-боб. Ҳамкорликдаги фильмдан фойдаланиш бўйича муаллифлик ҳуқуқларини бошқариш ва халқаро кинофестивалларда иштирок этиш

16. Интеллектуал мулк объекти сифатида ҳамкорликдаги фильмдан фойдаланиш бўйича муаллифлик ҳуқуқлари фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларга, ҳампродюсерларнинг ўз мамлакатларидаги миллий қонунчилигига ҳамда халқаро шартномаларга мувофиқ тартибга солинади. 

17. Ҳампродюсерларнинг ўзаро келишувига кўра, уларнинг ҳар бири ҳамкорликдаги фильмни халқаро кинофестивалларга тақдим қилиши мумкин. Бунинг учун ҳампродюсерлар халқаро кинофестивалнинг очилиш санасидан камидан 30 кун олдин Агентликни хабардор қилиши шарт.     

7-боб. Ушбу Низом талаблари ва шартларига риоя этилиши учун жавобгарлик ва назорат қилиш

18. Ҳампродюсерлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низом талабларига риоя этилиши учун жавоб беради.

19. Ушбу Низом талабларига риоя этиш устидан назорат қилиш Агентлик томонидан  белгиланган тартибда амалга оширилади.

20. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Умумий таклифлар

764