ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
12884 Министерство юстиции Республики Узбекистан 24/01/2020 08/02/2020 0
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-12884

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни
тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда гендер тенгликни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фаолиятнинг тегишли йўналишлари бўйича ўтказилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказадиган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари учун
2020 йил давомида амалий семинарларни ташкил этсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат килиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.И. Баситханова ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

 

 

     Ўзбекистон Республикасининг

                     Бош вазири                                                     А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “___” февралдаги ____-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

 

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар
ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларини ҳуқуқни қўллашда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига (кейинги ўринларда гендер тенглиги принциплари деб юритилади) мувофиқлиги юзасидан гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

гендер-ҳуқуқий экспертиза – норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда уларнинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш

юридик хизмат – давлат органи ва ташкилоти фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган меъёр ва мезонларга мувофиқ мажбурий тартибда ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий тузилма ёхуд лавозим;

жинс бўйича бевосита камситиш – жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш,
шу жумладан оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, шунингдек шаҳвоний шилқимлик қилиш, тенг меҳнат ва малака
учун ҳар хил ҳақ тўлаш;

жинс бўйича билвосита камситиш – бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгилаш;

адлия органлари – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари.

3. Жинсий мансублигидан қатъий назар шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, имкониятлари ва жавобгарликларини белгилашда юзага келиши мумкин бўлган номутаносибликларни бартараф этиш мақсадида жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳалари, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳалари гендер-ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилади.

4. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси:

жинси бўйича бевосита ва билвосита камситиш имконини яратадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг лойиҳасининг гендер тенгилиги принципларига мувофиқ эмаслигини аниқлашга;

жинси бўйича бевосита ва билвосита камситиш имконини яратадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини қабул қилиш оқибатларини умумий баҳолашга;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қўлланилиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган камситиш хусусиятига эга хавфларни аниқлашга;

жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситишга йўл қўядиган, аниқланган нормаларни бартараф этишга йўналтирилган тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилгандир.

5. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

гендер соҳасидаги меъёрий тартибга солиш билан боғлиқ ҳамда қабул қилинадиган қарорларни асослилигини ва ишончлилигини таъминловчи объектив фактларни белгилаш;

инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги нуқтаи назардан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қабул қилинишининг юзага келиши мумкин бўлган оқибатларини ҳамда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини кафолатлаш, ҳимоя қилиш ва амалда қўллаш механизмларини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларини хотин-қизлар
гендер тенгилиги принципларига салбий таъсирини олдини олиш (огоҳлантириш);

бир жинсга мансуб шахсларни ҳаёт фаолиятининг енг камситувчи соҳаларида қўллаб-қувватлашга қаратилган ва Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига ва халқаро шартномаларга мувофиқ жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш ҳисобланмайдиган нормаларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қўллаш;

гендер-ҳуқуқий экспертизаси соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириш.

6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:

гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш мажбурийлиги

ишончлилик, лаёқатлилик, асосланганлик, комплекслилик, объективлик
ва мустақиллик;

очиқлик, ошкоралик, шаффофлик ва қонунийлик;

жинсий мансублигидан қаътий назар шахснинг эркин ҳаёт фаолиятини таъминловчи инсон ҳуқуқларига риоя қилиш.

 

2-боб. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси

 

7. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг (кейинги ўринларда давлат органлари деб юритилади) таклифлари асосида ишлаб чиқиладиган ва Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ҳар уч йилда бир маротаба йилнинг биринчи чорагида тасдиқланадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш режасига (кейинги ўринларда режа деб юритилади) мувофиқ давлат органлари томонидан улар фаолиятининг тегишли йўналишлари бўйича ўтказилади.

8. Гендер-ҳуқуқий экспертиза режасини ишлаб чиқишда қуйидагилардан ҳам фойдаланиш мумкин:

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

жамоатчилик назорати субъектларининг таклиф ва мулоҳазалари;

оммавий ахборот воситаларидан келиб тушган нашрлар ва бошқа материалларни ўрганиш натижалари.

9. Давлат органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизасини режада белгиланган муддатларда ва мазкур низомнинг 4-бобида белгиланган тартибга мувофиқ ўтказадилар.

10. Гендер-ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда гендер тенглиги принципларига мувофиқ бўлмаган қоидалар аниқланган тақдирда, мазкур қоидалар ҳамда уларнинг асосида тайёрланган таҳлилий ахборот ва таклифларни ўз ичига олган хулоса давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Гендер-ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда гендер тенглиги принципларига мувофиқ бўлмаган қоидалар аниқланмаган тақдирда бу ҳақда режада белгиланган муддатларда давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясига ва Ўзбекистон Республикаси
Адлия вазирлигига ахборот тақдим этилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда давлат органлари томонидан тақдим этилган хулосаларни тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатда гендер тенглиги принципларига номувофиқлик мавжудлиги нуқтаи назаридан ўрганади ва унинг натижаларига кўра хулосаларни мақсадга мувофиқ ёки мақсадга мувофиқ эмас деб топади.

12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги гендер тенглиги принципларига мувофиқ бўлмаган қоидалар бўйича тайёрланган хулосаларни умумлаштирган ҳолда кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун режада белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясига тақдим этади.

 

3-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси

 

13. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларнинг (кейинги ўринларда лойиҳа деб юритилади) гендер-ҳуқуқий экспертизаси:

ишлаб чиқувчи;

ҳуқуқий экспертиза доирасида адлия органлари томонидан ўтказилади.

14. Ишлаб чиқувчи томонидан лойиҳанинг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш натижалари тегишли лойиҳа бўйича юридик хизматнинг ҳуқуқий хулосасида акс эттирилади.

15. Адлия органлари томонидан лойиҳанинг гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш натижалари ҳуқуқий экспертиза натижалари бўйича тегишли хулосада акс эттирилади, унда гендер тенглиги принципларига мувофиқ бўлмаган нормаларнинг мавжудлиги тўғрисида маълумот берилади
ва улар аниқланган тақдирда лойиҳани қайта ишлаш зарурлиги тўғрисида таклифлар ёки бундай нормалар йўқлиги кўрсатилади.

16. Лойиҳаларнинг гендер-ҳуқуқий экспертизаси натижалари бўйича
адлия органларининг эътирозлари мажбурий тусга эга ва бартараф этилиши лозим.

17. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда гендер тенглиги принципларига мувофиқ бўлмаган қоидаларнинг аниқланиши қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади.

 

4-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва улар лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари

 

18. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг қоида
ва нормалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни, қонун билан белгиланган тартибда кучга кирган халқаро шартномалар ва хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалаларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан гендер таҳлилни;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қоида ва нормалари ва уларнинг лойиҳаларини гендер тенглиги принципларининг ҳар бир таркибий қисми
(тенг ҳуқуқлар, тенг жавобгарлик, тенг имкониятлар, тенг ҳамкорлик муносабатлари) билан ўзаро нисбати. Бунда сиёсий, иқтисодий, меҳнат ва бошқа ижтимоий муносабатларда амалдаги тенгликка эришишга қаратилган, бироқ бевосита ёки билвосита жинс бўйича камситиш ҳисобланмайдиган нормалар ва махсус чораларни инобатга олиш лозим.

таҳлил қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларида қўлланилган атамаларнинг тўғри маънода ишлатилганини текшириш.

19. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва улар лойиҳаларини гендер таҳлили қуйидагиларни ўз ичига олади:

қабул қилиниши ҳар хил жинсдаги шахслар учун турли оқибатларни келтириб чиқарувчи қоидаларни белгилаган ҳолда тартибга солиш соҳасининг олдиндан тавсифлаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини қабул қилиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган узоқ муддатли оқибатларни баҳолаш;

тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш.

20. Гендер таҳлили давомида тегишли ҳужжат билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар соҳасида камситиш ҳолатидаги жинслардан бирини қўллаб-қувватлаш учун гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чораларни белгиловчи нормаларни лойиҳаларга ҳамда ўзгартиришлар ва қўшимчаларни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритиш имкониятини аниқлаш зарур.

21. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер тенгликка эришиш соҳасидаги давлат сиёсатига мослиги;

давлатдаги жорий гендер ҳолат, лойиҳа қоидаларини хотин-қизлар
ва эркакларнинг турли ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва ролига таъсири.

22. Гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказишда давлат органлари
адвокатлар, илмий-таълим муассасалари мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини, шунингдек, фуқароларни шартнома асосида жалб қилишга ҳақли. Ушбу тадбирларни молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

5-боб.Гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилаётганда қўлланиладиган ахборот. гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказувчи экспертнинг ҳуқуқ
ва мажбуриятлари

 

23. Гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилаётганда ҳам расмий ҳам норасмий ахборотдан фойдаланилади.

24. Расмий ахборотга қуйидагилар киради:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

халқаро шартномалар;

расмий эълон қилишлар, жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғининг расмий ресурслари;

статистик маълумот ва ҳисоботлар;

суд амалиёти.

25. Норасмий ахборотга қуйидагилар киради:

оммавий ахборот воситаларининг хабарлари;

илмий нашрлар;

Интернет жаҳон ахборот тармоғининг норасмий ресурслари.

26. Гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказаётган экспертнинг асосий ҳуқуқлари:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларнинг предметига тааллуқли бўлган ҳужжатлар билан танишиш;

гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш;

гендер-ҳуқуқий экспертизаси ўтказилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларнинг нормаларини аниқлаштириш ва улар бўйича тегишли тушунтиришларни олиш.

27. Гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказаётган экспертнинг асосий мажбуриятлари:

гендер-ҳуқуқий экспертизасини ташкиллаштириш ва ўтказишнинг қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларига риоя қилиш;

ўзини ўзи рад этиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда ўзининг раҳбарига дарҳол маълум қилиш;

гендер-ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслик;

тақдим этилган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаш.

 

6-боб. Якунловчи қоида

 

28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Умумий таклифлар

165