ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
12600 Министерство физической культуры и спорта Республики Узбекистан 17/01/2020 01/02/2020 0
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-12600

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ–5887-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциацияларининг (кейинги ўринларда ҳудудий футбол ассоциациялари деб аталади) асосий вазифалари этиб белгилансин:

болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, спорт таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда футбол бўйича мусобақаларни ташкил этиш;

юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш;

футбол соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб этишни ташкил қилиш;

футбол соҳасини бозор механизмлари асосида бошқарилишини таъминлаш;

футбол клубларини хусусий секторга ўтказишни ташкил этиш ҳамда улар орасида соғлом спорт рақобати муҳитини яратилишини таъминлаш;

футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш ҳамда футболни ривожлантиришнинг янги тизимини самарали йўлга қўйиш орқали “ўзбек футболи” бренди яратилишини таъминлаш;

футбол соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга илғор илмий-методик ва инновацион технологияларини жорий этиш;

футбол соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш юзасидан доимий равишда таклифлар ишлаб чиқиш;

футболни, шу жумладан ҳудудий футбол ассоциациялари аъзоларини, футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, футбол фахрийлари ва бошқа мутахассисларни илмий-методик ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга кўмаклашиш.

2. Ҳудудий футбол ассоциациялари тўғрисидаги Намунавий низом
1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ҳудудий футбол ассоциацияларига Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишган ҳолда Намунавий низомга мувофиқ ўз уставларини бир ой муддатда қайта кўриб чиқиш ва адлия органларига давлат рўйхатидан ўтказиш учун белгиланган тартибда тақдим этиш тавсия қилинсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига (тегишли ҳудудий футбол ассоциацияларининг президентлари ҳисобланади) қуйидаги вазифаларни ҳал этиш юклатилсин:

ҳудудий футбол ассоциацияларининг молиявий ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлашда, тегишли ҳудудда футболни ривожлантириш учун ҳомийлар бириктиришда, шунингдек ҳудудий футбол ассоциацияларини жойлаштириш учун бино-иншоотлар ажратилсин;

ҳудуддаги футбол маҳорати мактабларининг ривожланишини доимий назорат қилиш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда кўмаклашсин;

“Спорт мактаблари футбол лигаси” ва “Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақаларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасига киритиш ва ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилишини ўз вақтида амалга оширилсин;

тегишли ҳудудда профессионал футболни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилиши, жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабларига асосан ҳар бир туман (шаҳар)дан ҳудудий биринчиликларда иштирок этувчи камида битта футбол жамоаси ва ўтказиладиган мусобақаларга мос равишда марказий стадион бўлишини таъминлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

а) ҳар бир ҳудудий футбол ассоциациясининг биринчи вице-президентларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тақдимномасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадлари ҳисобидан амалга оширилади.

Бунда, ҳудудий футбол ассоциациялари ҳар йили Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси ва штат жадвалига мувофиқ молиялаштирилади.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ой муддатда ҳудудий футбол ассоциациялари инфратузилмаси
ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича ҳар бир ҳудудда футбол марказларини ташкил этиш учун жой ажратилиши таъминлансин;

Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда икки ой муддатда футбол марказларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши
ва белгиланган тартибда тасдиқлансин;

2021 йилдан бошлаб тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг параметрларида назарда тутилсин ҳамда маблағлар ажратилиши таъминлансин.

6. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида оммавий футбол ҳаракатининг ривожланишини, энг яхши футбол клублари, спорт мактаблари, жисмоний тарбия жамоалари, футбол бўйича тренерлар
ва бошқа мутахассислар фаолиятини мунтазам равишда ва кенг ёритилиши, расмий футбол ўйинлари ўтказилишини тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилсин.

7. Ўзбекистон футбол ассоциацияси Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси талабларига мувофиқ, салоҳияти юқори футболчиларни профессионал даражада тайёрлаш, уларни хорижий давлатларнинг нуфузли футбол клубларида профессионал фаолият олиб боришини таъминлаш, шунингдек, футболчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида футбол бўйича агентлар (воситачилар)нинг фаолиятини тартибга солиш ва уларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш тавсия этилсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А.Абдухакимов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

      Бош вазири                                                            А.Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
“___” ________даги ___ - сон қарорига
1-ИЛОВА

 

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциациялари тўғрисида

 

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

 

1-боб. Асосий қоидалар

 

1. Ушбу Намунавий низом Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятининг асосий принциплари ва йўналишларини белгилайди.

2. Ушбу Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Халқаро Футбол Ассоциациялари ФедерациясиFederación Internacional de Fútbol Asociación (кейинги ўринларда ФИФА “FIFA
деб аталади)-жаҳонда футболнинг барча турларини, ҳаваскорлар
ва профессионал футболни ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва бошқариш юзасидан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ташкилот;

Осиё Футбол Конфедерацияси(кейинги ўринларда ОФК
деб аталади)-мамлакатларнинг Осиё қитъасига кирадиган Миллий футбол федерацияларини бирлаштирувчи ҳамда Осиёдаги футболнинг барча турларини, ҳаваскорлар ва профессионал футболни ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва бошқариш юзасидан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ташкилот;

Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси (кейинги ўринларда
ЎФА деб аталади)-Ўзбекистонда футболнинг барча турларини, шу жумладан ҳаваскорлар ва профессионал футболни ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи ташкилот;

ўқув-машғулот йиғинлари-спорт йўналишига, педагогик
ва тарбиявий характерга эга бўлган, футболчиларни мусобақаларда
ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда муваффақиятли қатнашишга тайёрлаш учун спорт маҳоратини оширишга йўналтирилган уюштирилган тадбирлар;

футбол бўйича тренер-тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатномага эга бўлган ҳамда футбол бўйича ўқув-машқ, оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ўтказишни, шунингдек спорт натижаларига эришиш учун беллашув фаолиятига раҳбарликни амалга оширувчи жисмоний шахс;

футболчи-ҳаваскорлик ёки профессионал асосда футбол билан мунтазам равишда шуғулланадиган, ўз спорт маҳоратини доимий ошириб борадиган ва футбол бўйича ўтказиладиган мусобақаларда мунтазам қатнашадиган шахс;

футбол бўйича ҳакам-футбол бўйича мусобақаларни ўтказишда футбол ўйини қоидаларига ва регламентловчи ҳужжатларига мувофиқ уларни назорат қилиш ва бошқаришни таъминлайдиган шахс;

футбол бўйича терма жамоалар-футболчиларнинг техник-тактик тайёргарлигини такомиллаштириш ва спорт маҳоратини ошириш мақсадида шакллантирилган, раҳбарлар, менежерлар, маъмурлар, тренерлар, футболчилар, врачлар, фармацевтлар, массажчилар, психологлар, илмий
ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ва бошқа мутахассислардан иборат бўлган жамоалар.

3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциациялари (кейинги ўринларда Ҳудудий ассоциацияларлар деб аталади) футболни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахсларни бирлаштирувчи, тегишли ҳудудларда футболнинг барча турларини, шу жумладан ҳаваскорлик футболини ва профессионал футболни ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи ЎФА тизимидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳисобланади.

4. Ҳудудий ассоциациялар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади.

5. Ҳудудий ассоциациялар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий низомга, шунингдек ўз уставига ҳамда ФИФА, ОФК, ЎФА ҳужжатларига амал қилади.

 

2-боб. Ҳудудий ассоциацияларнинг мақсади ва вазифалари

 

6. Қуйидагилар Ҳудудий ассоциацияларнинг мақсади ва вазифалари ҳисобланади:

ҳудудда футболни ҳар томонлама ва доимий тарзда ривожлантириш, шунингдек “Ҳалол ўйин” («Фэйр плэй») тамойиллари ва унинг тарбиявий, маданий ва инсонпарварлик ўрни нуқтаи назаридан, болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, спорт таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда футбол бўйича мусобақаларни ташкил этиш;

юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш;

футбол соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб этишни ташкил этиш;

футбол соҳасини бозор механизмлари асосида бошқарилишини таъминлаш;

футбол клубларини хусусий секторга ўтказишни ташкил этиш ҳамда улар орасида соғлом спорт рақобати муҳитини яратилишини таъминлаш;

футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш ҳамда футболни ривожлантиришнинг янги тизимини самарали йўлга қўйиш орқали “ўзбек футболи” брендини яратилишини таъминлаш;

футбол соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга илғор илмий-методик ва инновацион технологияларини жорий этиш;

футбол соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш юзасидан доимий равишда таклифлар ишлаб чиқиш;

футболни, шу жумладан халқаро аренада ривожлантиришга катта ҳисса қўшган ҳудудий футбол ассоциациялари аъзоларини, футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, футбол фахрийлари ва бошқа мутахассисларни рағбатлантириш, илмий-методик ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга кўмаклашиш;

соғлом турмуш тарзи, саломатлик профилактикаси ва муҳофазаси, футболни оммавий ривожлантиришга қаратилган дастур ва стратегияларни яратишда қатнашиш ва уларни амалга ошириш;

футболда допингни қўллашга қарши кураш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, халқаро конвенциялар талабларига ва ФИФА “Тиббий Кодекси” қоидаларига риоя қилиш бўйича тегишли чораларни кўриш борасида ишларни ташкиллаштириш
ва мувофиқлаштириш;

меҳнат жамоаларида, ўқиш ва яшаш жойларида спортчиларни тайёрлаш ва футболни ривожлантириш бўйича амалий ишларни таъминловчи манфаатдор давлат бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органлари
ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ва жамоатчилик ташкилотларга (амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда) кўмаклашиш;

футбол бўйича спорт иншоотларини қуриш, қайта тиклаш, таъмирлаш ва сақлаш ишларини амалга оширувчи ташкилотларга кўмаклашиш;

спорт фаолиятини тугатган футбол функционерлари (футболчилар, ҳакамлар ва мураббийлар ва ҳ.к.)нинг замонавий ҳаёт шароитларига мослашиш тизимини яратиш ва амалга жорий этишга кўмаклашиш, уларнинг спорт соҳасидаги тажрибаларига асосланган касбни эгаллаш ва келгусида иш билан таъминлашда уларга амалий ёрдам кўрсатиш;

жойларда футбол бўйича спорт-оммавий тадбирлар ўтказиш орқали тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳамфикрлик ғояларини тарғиб қилиш;

футболни тарғиб қилиш ва ривожлантириш, унинг манфаатлари
ва қадриятларини ҳимоя қилиш, тегишли ҳудудларда жойлашган турли ташкилотларда футболни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;

футболни ахборотлар билан, илмий-методик ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

футболчилар, тренерлар ва ҳакамларнинг, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

футбол оммавийлигини таъминлаш учун унинг кенг тарғиботини босма
ва электрон ОАВ, шунингдек, давлат ва нодавлат секторга қарашли ТВ ва радио орқали олиб боришга рағбат кўрсатиш, бу масалага бевосита алоқадор шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;

 

3-боб. Ҳудудий ассоциацияларнинг фаолияти

7. Ҳудудий ассоциациялар ўз фаолиятини контрактлар (шартномалар), ўзаро ихтиёрий ҳамкорлик ва ўзаро муносабатларнинг тақиқланмаган бошқа шакллари асосида амалга оширади.

8. Ҳудудий ассоциациялар мақсади ва вазифаларига эришиш учун:

футбол бўйича чемпионатлар ва кубокларни, турли турнирлар, фестиваллар, конференциялар ва симпозиумларни ташкил этади ва ўтказади;

футболчилар, тренерлар ва ҳакамлар, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассислар учун, шу жумладан республика
ва халқаро курслар, семинарлар ва йиғинлар ташкил қилади ва ўтказади;

тегишли ҳудудда футболни ривожлантиришни мувофиқлаштиради, Ҳудудий ассоциациялар аъзолари, футболчилар, тренерлар ва ҳакамлар, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассислар ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар ва баҳсларни тартибга солишни таъминлайди;

Ҳудудий ассоциациялар уставини, футбол ва унинг қоидаларини бузиш
ва суиистеъмол қилишнинг турли шаклларини, мусобақага зарарли ва бошқа салбий методлар ёки амалиётнинг жорий этилишини бартараф этишга йўналтирилган зарур чора-тадбирларни ташкил қилади;

футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилади;

футбол бўйича илмий-методик ва оммабоп адабиётлар нашр этиш, шунингдек тадбиркорлик билан шуғулланишни ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолиятни белгиланган тартибда амалга оширади.

9. Ҳудудий ассоциациялар ЎФАга футбол бўйича терма жамоаларни, футбол клубларини, футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, шунингдек, тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларни тавсия этади.

10. Ҳудудий ассоциациялар:

тегишли ҳудудларнинг терма жамоалари ва футбол клубларининг ҳужжатларини расмийлаштирмасдан ФИФА, ОФК ва ЎФА томонидан ўтказиладиган мусобақаларда ва бошқа спорт мусобақаларида қатнашишига;

футболчилар, тренерлар, ҳакамлар ва футбол бўйича бошқа мутахассислар томонидан футбол ўйинлари қоидаларининг, Регламент
ва Низомнинг, ўзларининг фаолиятига тааллуқли бошқа ҳужжатлар нормалари ва талабларининг бузилишига;

ФИФА, ОФК, ЎФАнинг тегишли рухсатномаларига эга бўлмаган шахслар томонидан тренерлик ва ҳакамлик фаолияти юритилишига
йўл қўймаслик бўйича зарур чора-тадбирларни кўриши керак.

11. Ҳудудий ассоциациялар футбол бўйича ҳудуд терма жамоаларини ва уларнинг захирасини ва/ёки алоҳида футболчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларидаги
ўз фаолиятини ҳам республика ҳудудида, ҳам чет элда (ЎФАнинг рухсати билан) амалга ошириши мумкин.

12. Ҳудудий ассоциациялар ўзининг мақсади, вазифалари ва функцияларини тўлақонли бажариш учун доимий фаолият кўрсатадиган органларга эга бўлиши, зарур маблағларни қидириб топиши, боғланиш телефонлари (факс)га, электрон почта ва сайт (веб-сайт) ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига эга бўлиши, Ҳудудий ассоциациялар ходимларига ўз зиммасига юкланган функцияларини тўлақонли ва самарали бажариши учун зарур шарт-шароитлар яратиши керак.

13. Ҳудудий ассоциациялар ўз ишлари ва тадбирларининг йиллик режаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун ЎФАга тақдим этади.

14. Ҳудудий ассоциациялар ФИФА, ОФК ва бошқа халқаро органларда ЎФА номидан мустақил равишда вакиллик қилиши мумкин эмас.

15. Ҳудудий ассоциациялар ФИФА, ОФК ва ЎФА шафелигида тегишли ҳудудда футбол бўйича мусобақалар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши учун жавоб беради.

 

4-боб. Ҳудудий ассоциацияларнинг раҳбарияти ва органлари

 

16. Ҳудудий ассоциациялар раҳбарияти ва маъмурияти таркибини сайлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ ва Ҳудудий ассоциацияларнинг ўз низомида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шаклига мувофиқ белгиланади.

Ҳудудий ассоциацияларнинг биринчи вице-президенти ва штатлар жадвали ЎФА билан келишган ҳолда ҳудудий ассоциациялар томонидан тасдиқланади.

Ҳудудий ассоциациялар (аппарати)нинг раҳбарияти ва маъмурияти таркиби тузилмаси ушбу Намунавий низомга иловада белгиланган.

17. Ҳудудий ассоциациялар белгиланган тартибда тегишли ҳудудда футболни янада ривожлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича
ўз қўмиталари, кенгашлари ва комиссияларини ташкил этиши, шунингдек жамғармалар ва бошқа ташкилотлар ташкил қилиши, ноширлик фаолияти ҳамда ўзининг мақсади ва вазифаларига мувофиқ бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин.

 

5-боб.  Футболда шахсларнинг фаолиятини ташкил этишнинг умумий қоидалари. Футбол бўйича спорт тадбирларини ўтказиш, терма жамоаларни шакллантириш ва таъминлаш тартиби

 

18. Футбол учун мўлжалланган спорт иншоотлари, футбол ташкилотлари, шунингдек терма жамоалар раҳбарлари, футбол клублари
ва футбол бўйича бошқа жамоалар, тегишли ҳудуднинг футбол бўйича барча даражалардаги тренерлари ҳудудий ассоциациялар билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

19. Футболчилар билан ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш фақат ЎФА томонидан белгиланган тартибда футбол бўйича тренерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади.

Футбол бўйича тренерлар, футболчилар, футбол бўйича ҳакамлар ва тегишли ҳудуд футболи бўйича бошқа мутахассисларнинг контрактлари (шартномалари)ни рўйхатдан ўтказиш тартиби ЎФА томонидан белгиланади.

20. Футбол бўйича тренерлар, ҳакамлар ва тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича машғулотларни ўтказиш фақат ЎФА томонидан ушбу фаолият билан шуғулланишга белгиланган тартибда қўйилган шахслар томонидан амалга оширилади.

21. Ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш Ҳудудий ассоциациялар қарорларига мувофиқ амалга оширилади.

22. Ҳудудий ассоциацияларлар Календарига киритилган футбол мусобақалари ҳудудий мақомидан, даражаси ва кўламидан қатъи назар ҳудудий ассоциацияларнинг расмий мусобақалари ҳисобланади ҳамда ҳудудий ассоциацияларнинг раҳбарлигида ва ЎФАнинг кузатуви остида ўтказилади.

Ҳудудий ассоциациялар тақвимига киритилган мусобақаларни бошқариш, уларни ўтказиш ҳудудий ассоциациялар томонидан рўйхатдан ўтказилган ҳакамлар томонидан амалга оширилади.

Ҳудудий ассоциацияларнинг расмий мусобақаларида қатнашишга қўйиш мусобақалар тўғрисидаги Регламентга ва Низомга ҳамда Футбол ўйини қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ҳудудий ассоциацияларнинг расмий мусобақалари ўтказилаётганда:

Ҳудудий ассоциацияларнинг аъзолари ҳисобланмаган, Ассоциацияда аккредитациядан ўтмаган ҳамда ҳудудий ассоциацияларнинг расмий ҳомийлари ҳисобланмаган ташкилотларнинг рамзлари, логотиплари
ва қисқартма сўзларидан реклама мақсадларида фойдаланишга;

Ҳудудий ассоциацияларда аккредитациядан ўтмаган жисмоний
ва юридик шахслар томонидан ҳар қандай суратга олиш ва трансляцияларга;

ЎФА томонидан маъқулланмаган спорт кийимлари, инвентарь
ва жиҳозлардан, шунингдек электрон, ўлчов, техник ва бошқа ёрдамчи воситалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

23. Тегишли ҳудуднинг турли ташкилотлари томонидан ўтказиладиган футбол мусобақалари ҳудудий ассоциациялар томонидан тасдиқланиши керак. Футбол ўйини қоидаларига риоя қилинишини ва турли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган мусобақаларни уларни тартибга солувчи ҳужжатларга мувофиқ бошқаришни назорат қилишни таъминлаш фақат ҳудудий ассоциациялар томонидан тавсия этилган футбол ҳакамлари томонидан амалга оширилиши керак.

24. Футболни оммалаштиришга, уни илмий-методик ва техник жиҳатдан таъминлашга, футбол мураббийлари, футболчилар ва футбол ҳакамларининг, шунингдек футбол бўйича бошқа мутахассисларнинг малакасини оширишга йўналтирилган фестиваллар, конференциялар, симпозиумлар, курслар, семинарлар, йиғинлар, спорт-кўнгилочар, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва бошқа спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш ҳудудий ассоциацияларнинг қарорига кўра амалга оширилади.

25. Тегишли ҳудуднинг футбол бўйича терма жамоалари ва уларнинг захираси ҳудудий ассоциациялар ва ЎФА томонидан тасдиқланади.

Терма жамоалар ва уларнинг захирасини шакллантириш шартлари, талаблари ва тартиби белгиланган тартибда тасдиқланади.

Тегишли ҳудуднинг футбол бўйича терма жамоалари ва уларнинг захираси катта ёшдагилар, ёшлар (ўсмирлар), ўсмирлар ва болалар тоифасига бўлиниши мумкин.

Тегишли ҳудуднинг футбол бўйича терма жамоалари ва уларнинг захирасига киритиш учун футбол ҳакамлари, футболчилар, шунингдек футбол бўйича бошқа мутахассислар ЎФА томонидан белгиланган талабларга жавоб бериши керак.

Тегишли ҳудуднинг терма жамоаларини таъминлаш, уларни тайёрлаш,
шу жумладан ўқув-машғулот йиғинлари ўтказиш ҳамда мусобақаларда ва/ёки жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда қатнашиш:

терма жамоа аъзоларининг овқатланиши, йўл кира, ётоқхона
ва суткалик пули, шунингдек уларни фармакология ва тикланиш воситалари, витаминлар ва оқсил-глюкоза препаратлари, умумий даволаниш мақсадидаги дори-дармонлар ва боғлаш материаллари билан таъминлаш;

спорт иншоотлари, жиҳозлар, инвентарь ва техник воситалардан фойдаланганлик учун ижара тўлови;

терма жамоалар аъзоларининг энергияга бўлган эҳтиёжини, сарфланган
куч-қуввати ва жисмоний ресурслари компенсацияси учун озиқ-овқатларнинг асосий компонентлари билан таъминлаш;

терма жамоалар аъзоларини зарур спорт буюмлари, кийим-бош, инвентарь ва жиҳозлар билан таъминлаш, уларнинг тикланиш тадбирлари (физиотерапевтик, психологик ва бошқалар);

терма жамоалар аъзоларини тайёрлаш учун аудио ва видео жиҳозлар ҳамда материаллар сотиб олиш, ўқув-методик жиҳатдан таъминлаш
ва даволаш-педагогик текширувлар ва назорат қилиш ҳамда терма жамоалар футболчиларини самарали тайёрлаш мақсадида илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва олиб бориш;

терма жамоалар аъзоларини аккредитациядан ўтказишга, уларга виза олиш учун ҳақ тўлаш ва уларнинг мусобақалар, жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда ва ўқув-машқ йиғинларида қатнашганлиги учун бадал тўлаш, допинг-назоратдан ўтиш;

аэропортлар, темир йўл, автомобиль ва сув вокзаллари йиғимларини тўлаш, спорт инвентари ва жиҳозларини транспортда ташиш, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа зарур материаллар билан таъминлаш;

футбол мураббийлари ва мутахассислари, шу жумладан хорижий мураббийлар ва мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш, терма жамоалар аъзоларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суғурта қилиш, вакиллик харажатлари ва кўзда тутилмаган харажатлар (апелляция, даъво, факс, халқаро телефон сўзлашувларидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш, оғир жароҳатлар олинганда тиббий ёрдам учун ҳақ тўлаш, Интернет хизматлар), шикаст етказганлик учун ҳақ тўлаш ва бошқа харажатлар билан боғлиқ харажатларни тақозо этади.

Терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинларида ва/ёки жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда қатнашиши билан боғлиқ бошқа харажатлар қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган меъёрлар бўйича қопланади.

Хорижий валютадаги харажатлар белгиланган тартибда тасдиқланган меъёрларга, шунингдек Регламент ва/ёки Низомнинг молиявий шартларига ёхуд қабул қилиш шартларига мувофиқ ажратилган ва келишилган маблағлар доирасида аниқланади.

 

6-боб. Ҳудудий ассоциацияларнинг моддий-техника базаси, маблағлари ва мол-мулки

 

26. Ҳудудий ассоциациялар ўз фаолиятини самарали таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз мулки бўлган ва/ёки ижарага олинган маъмурий ва қўшимча биноларга эга бўлиши, спорт базасини (спорт заллари, бассейнлар, майдончалар ва ҳоказоларни) ижарага олиши, тиббиёт хонаси, кино-, фото-видеолабораториялар, методика хонаси, жиҳозлар
ва инвентарь, методик адабиётлар, кўргазмали қўлланмалар, автотранспорт, техник ва электрон воситалар, ер участкалари, бинолар, иншоотлар, тураржой фондига, сўмда ва хорижий валютада пул маблағларига, қимматли қоғозлар ҳамда бошқа кўчар ва кўчмас мулкка эга бўлиши мумкин.

27. Ҳудудий ассоциациялар ЎФА ёки бошқа ташкилотлар томонидан берилган мол-мулкнинг, шунингдек, ҳудудий ассоциацияларнинг ўзи бошқа қонуний асосларда сотиб олган мол-мулкнинг эгаси ҳисобланади.

28. Ҳудудий ассоциацияларнинг маблағлари ва мол-мулки қуйидаги манбалардан:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадлари;

кириш бадаллари;

йиллик аъзолик бадаллари;

ҳомийлардан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан, шу жумладан ноширлик фаолиятидан олинган даромадлар;

Ҳудудий ассоциациялар уставида назарда тутилган тадбирларни ўтказишдан тушган тушумлар;

ЎФА ва бошқа ташкилотларнинг молиявий қўллаб-қувватлаши, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия бадаллари;

пулли хизматлар кўрсатиш, Ҳудудий ассоциацияларнинг расмий рамзларидан фойдаланиш, давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан тушадиган субсидиялар, шунингдек қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ва даромадлардан шакллантирилади.

29. Ҳудудий ассоциацияларнинг молиявий маблағлари ва даромадлари футболни ривожлантириш ва оммалаштириш қатнашчилари, Ҳудудий ассоциациялар аъзолари ва ҳар қандай бошқа шахслар ўртасида тақсимланмайди ҳамда фақат ҳудудий ассоциацияларнинг тегишли мақсадлари, вазифалари ва фаолияти харажатларига йўналтирилиши мумкин.

30. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланган тартибда ҳудудий ассоциациялар томонидан тўланади.

 

7-боб. Ҳудудий ассоциацияларнинг ҳисоб ва ҳисоботи

 

31. Ҳудудий ассоциациялар қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз фаолияти натижаларининг бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ҳисоботи юритади, ҳисобот маълумотлари ва баланс ҳисоб-китобларининг ишончлилигини таъминлайди.

32. Ҳудудий ассоциациялар ва унинг органларининг мол-мулки
ва ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олинади.

33.Ҳудудий ассоциациялар тегишли ҳудудда футболни ривожлантиришга тегишли барча масалаларда ЎФА билан мустаҳкам алоқада ишлайди ва унга ҳисоб беради. Ҳудудий ассоциациялар ЎФАга ҳар йилги ҳисобот тақдим этади.

34. Ҳудудий ассоциациялар қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа органларга ҳисоботлар тақдим этади.

 

8-боб. Интизомий чоралар

 

35. Ҳудудий ассоциация томонидан ФИФА, ОФК ва ЎФАнинг қарорлари, Футбол ўйини қоидалари бузилганлиги учун белгиланган тартибда қуйидаги тегишли интизомий чоралар қўлланилиши мумкин:

Ҳудудий ассоциацияларнинг жамоа аъзоларига, тегишли ҳудуднинг футбол бўйича спорт тадбирларини оммалаштирадиган ёки ўтказадиган футбол клублари ва ташкилотларига — огоҳлантириш, жарима солиш, ўйинни томошабинларсиз ўтказиш, ўйин натижаларини бекор қилиш, муайян стадионда ўйин ўтказишни тақиқлаш, ўйинни бетараф майдонда ўтказиш, мусобақаларда қатнашишни тақиқлаш, трансферни тақиқлаш, очколарни олиб ташлаш, қуйи дивизионга ўтказиш, аъзоликдан чиқариш;

Ҳудудий ассоциацияларнинг якка тартибдаги аъзоларига (футбол бўйича тренерларга, футболчиларга, футбол бўйича ҳакамларга, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларга)-огоҳлантириш, жарима, мусобақаларда қатнашиш натижаларини бекор қилиш, мусобақаларда иштирок этишдан четлатиш, мусобақаларда иштирок этишни тақиқлаш, ўйинда қатнашишдан маҳрум этиш, мукофотдан маҳрум қилиш, малакасидан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш, тегишли ҳудудда футбол билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фаолиятда иштирок этишдан четлатиш.

 

9-боб.Ҳудудий ассоциацияларни тугатиш

 

36. Ҳудудий ассоциацияларни тугатиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳудудий ассоциацияларни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

37. Кредиторлар талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк Ҳудудий ассоциациялар иштирокчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органлар аъзолари ёки ҳудудий ассоциациялар ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва улардан футболни ривожлантириш учун белгиланган тартибда фойдаланилади.

 

10-боб. Якуний қоидалар

 

38. Давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар ҳудудий ассоциацияларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши мумкин. Давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ёрдам кўрсатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган контрактлар (шартномалар) асосида амалга оширилади.

39. Футбол бўйича пайдо бўладиган барча баҳсли масалалар, қоидага кўра, ҳудудий ассоциациялар ва ЎФАда кўриб чиқилади.

40. Ҳудудий ассоциацияларнинг хатти-ҳаракати оқибатида ФИФА, ОФК ёки бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан ЎФАга жарима санкциялари қўлланилган тақдирда, унда бу санкциялар ҳудудий ассоциацияларнинг ўзи томонидан қопланиши керак.

41. Ҳудудий ассоциацияларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

42. Ҳудудий ассоциациялар фаолиятини назорат қилиш рўйхатдан ўтказган ва бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан, белгиланган тартибда амалга оширилади.

43. ФИФА, ОФК ва ЎФАнинг норматив ҳужжатлари ҳудудий ассоциациялар ва тегишли ҳудудда футболни ривожлантираётган барча ташкилотлар учун амал қилинадиган ҳужжатлар ҳисобланади.

44. Мазкур Намунавий низомда тартибга солинмаган муносабатлар тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар футбол ассоциациялари тўғрисидаги Намунавий низомга
ИЛОВА

Ҳудудий футбол ассоциациясининг раҳбарияти ва маъмурий таркиби (аппарати)нинг

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

 

Президент
(Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокими)

Ассоциация вице-президенти
(ИИБ бошлиғи)

Ассоциация 1-вице президенти

Бош ҳисобчи

Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш бўйича мутахассис

Оммавий футбол, аёллар, пляж ва футзал, фахрийлар футболи бўйича мутахассис

Мусобақаларни ўтказиш ва футбол клублари билан ишлаш бўйича мутахассис

Маркетинг ва медиа ишлари бўйича мутахассис

Мураббийларни тайёрлаш бўйича мутахассис

Ҳакам ва инспекторларни тайёрлаш бўйича мутахассис

Cпорт иншоотлари инфратузилмаси бўйича мутахассис

Юрист-консульт

Селекция ишлари бўйича мутахассис

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Изоҳ: Ҳудудий футбол ассоциацияларининг штатлари, зарурият бўлганда, маҳаллий бюджет маблағлари, ҳомийлар маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиявий тушумлар ҳисобига кўпайтирилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
“___” ________даги ___ - сон қарорига
2-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари

РЎЙХАТИ

 

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида футболни ривожлантиришни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш
чора-тадбирлари тўғрисида” 2009 йил 3 декабрдаги 304-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2009 й., 49-сон, 524-модда).

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 508-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲММБ, 09.07.2018 й., 09/18/508/1477-сон)
1-илованинг 12-банди.

 

Умумий таклифлар

366