Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
12582 Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 17/01/2020 01/02/2020 2
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиалини ташкил этиш тўғрисида
ID-12582

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

Қарори

 

 

Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиалини

 ташкил этиш тўғрисида

 

Қорақалпоғистон Республикасида кон-металлургия саноати салоҳиятини янада ошириш ва иқтисодиётнинг базавий тармоқларида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар Кенгашининг Нукус шаҳрида Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, Филиал Тошкент давлат техника университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб варақларига эга бўлади.

2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кончилик иши, кончилик электр механикаси, электр энергетикаси, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришларни автоматлаштириш
ва бошқариш, машинасозлик технологияси ва машинасозлик ишлаб чиқаришини автоматлаштириш йўналишлари бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

талабалар амалиётини Тебинбулоқ кон негизидаги кон-металлургия комплексида ташкил этиш ва уларга ишлаш имкониятини яратиш;

хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан, жумладан, кон-металлургия соҳасида Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида малакали кадрлар тайёрлаш;

кон-металлургия соҳасининг барча йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, корхоналарнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш
ва илғор халқаро тажрибани татбиқ қилиш;

вебинар таълим усулларини жорий этиш ва ривожлантириш.

3. Белгилансинки, Филиалда ўқув жараёни 2020/2021 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

4. Тошкент давлат техника университети Нукус филиалининг Васийлик кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Васийлик кенгаши қуйидаги устувор йўналишларда Филиални ривожлантиришга кўмаклашади:

Филиални моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун молиявий ёрдам ташкил этиш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

таълим муассасалари ва ташкилотлардан тайинланган малакавий амалиёт раҳбарларини муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари, рағбатлантириш фонди ҳисобидан моддий қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш ҳамда иқтидорли талабаларнинг ривожланган хорижий мамлакатларнинг таълим муассасаларида амалиётини ташкил этиш;

кон-металлургия соҳасида Филиални ривожлантиришга кўмаклашувчи янги усуллар, дастурлар ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятига илмий ишланмалар натижаларини самарали жорий этиш;

Филиал профессор-ўқитувчилари ва ёш олимларининг Scopus ва Web of science каби маълумотлар базасига кирган халқаро илмий журналларда илмий мақолалар чоп этиш борасидаги сарф-харажатларини молиялаштириш, шунингдек, ўқув-методик ва илмий-тадқиқот ишларининг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда моддий рағбатлантириб боришни ташкил этиш;

Филиалда ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали профессор-ўқитувчилар, жумладан, хориждан ўқитувчилар, олимлар ва мутахассислар жалб этиш ҳамда ёш олимлар, таянч докторантларнинг хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига стажировкага юборилишини таъминлаш;

Филиал педагог ва бошқа ходимларининг меҳнат шароитларини ҳамда уларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш ва қўллаб-қувватлашни ташкил этиш;

Филиал биноларининг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун зарур молиявий маблағлар сафарбар этилишини, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминлаш.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Филиалнинг тузилмасини олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқласин;

Филиалнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Филиалда ўқув-методик жараёнларнинг ташкил этилишини таъминлаш, уни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Филиал ахборот-ресурс марказини таянч олий таълим муассасаси томонидан қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Молия вазирлиги билан биргаликда Филиалнинг штатлар жадвали
ва харажатлар сметасини тасдиқлаш чораларини кўрсин.

6. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Филиални сақлаш харажатлари 2020 йилда “Маориф” соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

Филиалнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш) ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Нукус шаҳри, Тўркўл шоҳ кўчаси, рақамсиз уй манзилида жойлашган Нукус ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга Филиалга оператив бошқарув ҳуқуқи билан бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, Нукус ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиалга берилган бино ва иншоотларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.

9. Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та хизмат ва 1 та махсус енгил автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ажратилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг 2021 йил ва кейинги йиллар учун параметрларини шакллантиришда Филиалнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари белгиланган тартибда киритилишини таъминласинлар.

11. Қорақалпоғистон республикаси Вазирлар Кенгаши республика олий таълим муассасаларидан Филиалга фаолият юритиш учун таклиф этилган профессор-ўқитувчиларни уй-жой билан, шу жумладан, 2 та икки хонали хизмат уйи билан таъминлаш чораларини кўрсин.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши 2020/2021 ўқув йили бошлангунига қадар:

Филиалда манфаатли, соҳанинг инновацион ривожланишдаги истиқболларини ҳисобга олган ҳолда ўқув ва илмий лабораторияларни ташкил этиш, унинг моддий-техника базасини шакллантириш, замонавий ўқув адабиётлари, лаборатория ва ишлаб чиқариш тренажёрлари билан таъминлаш чораларини кўрсинлар;

Филиалнинг моддий-техника ва илмий-лаборатория базасини мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни жорий этиш, илмий-педагог ходимларни моддий рағбатлантириш ва малакасини оширишда молиявий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ сарф-харажатларни Вазирлар Маҳкамасининг “Илмий-инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 12 январдаги 24-сон қарори 3-банди, “Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналаридаги инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 12 мартдаги 195-сон қарорига биноан инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ҳисобига амалга оширилишини таъминласинлар.

13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Филиални юқори малакали, илмий ва илмий педагогик кадрлар билан таъминлаш мақсадида Филиал учун илмий-тадқиқот институтлари ва республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида таянч докторантурага 2021 йилдан мақсадли квоталар ажратилишини таъминласинлар.

14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлиги Филиални юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Филиал учун республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича мақсадли қабул параметрларига таклифларни шакллантирсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси, “Ўзбекистон геотехнология ва рангли металлургия илмий-тадқиқот ва лойиха қидирув институти” давлат унитар корхонаси 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида соҳа мутахассисларини таълим жараёнига жалб этиш;

профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий-тадқиқот институтлари ва етакчи ташкилотларнинг лабораторияларидан фойдаланишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсинлар.

16. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мурожаатига асосан Филиални юқори тезликдаги Интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига белгиланган тартибда улаш чораларини кўрсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.Абдухакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.Маджидов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А. Арипов

 

        

                                              

 

 

   

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил ________  даги ___-сон қарорига

ИЛОВА

 

Тошкент давлат техника университети Нукус филиалининг

Васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

 

1.

Қ. Сариев

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Васийлик кенгаши раиси

2.

Б. Исламов

Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

3.

У. Бегимқулов

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

4.

С. Турабжонов

Тошкент давлат техника университети ректори

5.

Ў. Каримов

Иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари

6.

Ж. Мирзамахмудов

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари

7.

Х. Хасилов

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси

8.

Дж. Исмаилов

“Ўзбекистон геотехнология ва рангли металлургия илмий-тадқиқот ва лойиха қидирув институти” давлат унитар корхонаси директори

9.

лавозими бўйича

Тошкент давлат техника университетининг Нукус филиали директори, Васийлик кенгаши котиби

        

 

         Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

 

 

Умумий таклифлар: 2

1166