Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
12316 Сергели туман ҳокимияти 10/01/2020 25/01/2020 0

Муҳокама якунланди

Ҳоким қарори
Сергели туманида 2020 йилда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида
ID-12316

“Сергели туманида 2020 йилда транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги 1993 йил 02 сентябрдаги Қонунининг 1,6,25-моддасига асосан

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

 

1. Сергели тумани ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.

2. Мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссиясининг таркиби 1-иловага, техник кўрикдан ўтказиш жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3.Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар — бир йилда икки марта;

б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — икки йилда бир марта;

в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) — бир йилда бир марта;

г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси — шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.

д) навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;

е) улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъи назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).

4. Ушбу Қарорнинг 3-банди “а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:

биринчи марта — 1 март — 30 июнда;

иккинчи марта — 1 сентябрь — 31 октябрда ўтказилади.

Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март — 30 июнда ўтказилади.

Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январь — 31 августда ўтказилади.

Транспорт воситаси техник кўрикка белгиланган муддатлардан олдин тақдим этилиши мумкин. Ушбу ҳолда транспорт воситасини техник кўрикка тақдим этиш муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарор транспорт воситаси эгаси — юридик ёки жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида ДЙҲХХнинг тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари томонидан қабул қилинади.

 5. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комиссияси раисига:

транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш;

юридик шахсларга техник кўрик ўтказиладиган муддатлар тўғрисидаги билдиришнома юбориш юклатилсин.

6. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда техник кўрикдан ўтказилишини, уларнинг техник жиҳатдан созлигини ва ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.

7. Транспорт воситалари ДЙҲХХ органлари томонидан техник кўрикдан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ИИВ томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган миқдорларда йиғим ундирилади.

Биринчи (олдинги) техник кўрикда носоз деб топилган транспорт воситалари такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорларда йиғим ундирилади.

Техник кўрик ўтказилганлиги учун йиғим суммаси Сергели туман маҳаллий бюджетига ўтказилсин.

8.Сергели туман ҳокимлиги Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш бўлими (М.Зияев), ҳокимлик Матбуот хизмати (Ғ.Мусаев) зиммасига:    

мазкур қарор Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Тошкент оқшоми” газетасида расмий эълон қилинишини ва www.toshkent.uz  веб-сайтига жойлаштирилишини таъминлаш юклатилсин.

9. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А.Акмурадов зиммасига юклатилсин.

10. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Сергели туман ҳокими                                                          Б.Шамуратов

Умумий таклифлар: 0

381