Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
12167 Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги 08/01/2020 23/01/2020 3

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини белгилашда харажатларнинг таркибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-12167

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги ЎРҚ-581-сон “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ

БУЮРАМАН:

1. Жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини белгилашда харажатларнинг таркибини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон килинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир                                                                          М. Салиев

Ўзбекистон Республикаси

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг

2020 йил “____” январдаги ____-сон буйруғига

илова

Жойлар мулкдорларининг мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини белгилашда харажатларнинг таркибини
аниқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Ушбу Низом, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги ЎРҚ-581-сон Қонунининг 16-моддасига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, кўп квартирали уйлардаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг (бундан буён матнда жойларнинг мулкдорлари деб юритилади) мажбурий бадаллари ёки тўловлари миқдорини белгилашда харажатларнинг таркибини аниқлаш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилотни, бошқарувчини, кўп квартирали уй бевосита жойларнинг мулкдорлари томонидан бошқарилган тақдирда, кўп квартирали уй кенгашини, уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувини (бундан буён матнда кўп квартирали уйни бошқариш органи деб юритилади) ташкил этишдан мақсад уй-жой фондини биргаликда бошқариш ҳамда уни сақлаш, асраш ва таъмирлашни, кўп квартирали уйдаги турар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкдан (бундан буён матнда умумий мол-мулк деб юритилади) фойдаланишини таъминлашдан иборат.

2. Кўп квартирали уйдаги хусусий турар жой мулкдорлари (бундан буён матнда жой мулкдорлари деб юритилади) умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммаларига олишга мажбур.

3. Кўп квартирали уйдаги нотурар жой мулкдори ҳам умумий
мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчиси ҳисобланади ва умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича умумий харажатларни зиммасига олишга мажбур.

4. Умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатлар умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларни ўз ичига олади.

Жой мулкдорининг умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши кўп квартирали уйнинг умумий майдонидаги мулкдорга қарашли жой майдони улушига мутаносиб равишда кўп квартирали уйнинг кадастр паспортига мувофиқ белгиланади.

Янги қурилган кўп квартирали уйлар фойдаланишга топширилганда реализация қилинмаган жойларнинг умумий мол-мулкини сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши ушбу жойларга бўлган мулк ҳуқуқи расмийлаштирилган шахснинг зиммасида бўлади.

Умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш ҳамда кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш учун жойлар мулкдорлари мажбурий бадалларининг ёки тўловлар миқдори белгиланишда кўп квартирали уйни бошқариш усулидан келиб чиқиб амалга оширилади;

Умумий мол-мулк ва кўп квартирали уйга туташ ер участкасини сақлаш тадбирлари – кўп квартирали уйдан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига ҳамда санитария нормалари, қоидаларига ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ амалга оширилади;

Жой мулкдори томонидан шахсий маблағлар ҳисобидан умумий мулкни сақлаш бўйича амалга оширган харажатларини унинг ёзма билдиришномаси ва умумий йиғилишнинг баённомаси асосида умумий харажатларда инобатга олинади.

Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича харажатларни ҳар ойда, қоида тариқасида, пул шаклида тўлаши шарт.

5. Кўп квартирали уйлардаги турар жой ва нотурар жой мулкдорларининг умумий мол-мулкига уйнинг умумий жойлари (холлар, болалар аравачалари жойлари, чиқинди камералари ва бошқалар), таянч
ва тўсиқ қурилмалар (деворлар, бостирмалар, пойдеворлар), квартиралар оралиғидаги ихоталанган (ўралма) пиллапоя, (йўлак ичидаги, ташқарисидаги, йўлакка киришдаги) зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ва бошқа шахталар (вентиляция шахталари, чиқинди шахталари ва бошқалар), даҳлизлар, чердаклар ва томлар, техник қаватлар ва ертўлалар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойлар ташқарисида ёки ичида жойлашган ва биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар ва қурилмалар киради.

6. Умумий мол-мулкни сақлаш умумий мол-мулкни техникавий
ва санитария жиҳатдан яхши ҳолатини таъминлашга қаратилган ва ушбу
мол-мулкни сақлаш ва улардан фойдаланишга зарур шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган бошқарув, техник ва санитария ҳолатини сақлаб туриш, хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва бошқа фаолиятни ўз ичига олади.

7. Даромадлар ва харажатларнинг йиллик сметасини тузиш ҳамда мажбурий бадалларни аниқлаш чоғида умумий мол-мулкни, ер участкасини ва кўп квартирали уйни бошқариш органининг мол-мулкини бошқариш функцияларини (кўп квартирали уйни бошқариш органи бошқаруви, бошқарувчи (ижрочи директори), ҳар қандай ташкилий ҳуқуқий шаклдаги юридик шахс — бошқарувчи ташкилот томонидан) амалга ошириш бўйича ширкат аъзолари умумий йиғилиши қабул қилган қарордан келиб чиққан ҳолда бошқарув харажатлари шакллантирилади.

8. Шунингдек, умумий мол-мулкка, ободонлаштириш
ва кўкаламзорлаштириш элементлари мавжуд бўлган ер участкасига ва кўп квартирали уйни бошқариш органи мол-мулкига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш функцияларини (кўп квартирали уйни бошқариш органи, жой мулкдорлари, пудратчилар — юридик ёки жисмоний шахслар томонидан) амалга ошириш бўйича кўп квартирали уйни бошқариш органи аъзолари умумий йиғилиши қабул қилган қарорга асосан кўп квартирали уйни бошқариш органи даромадлари ва харажатларининг йиллик сметасини тузиш ҳамда мажбурий бадалларни аниқлаш чоғида хизматлар кўрсатиш
ва таъмирлаш харажатлари шакллантирилади.

9. Кўп квартирали уйни бошқариш органи кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкига хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва сақлаш бўйича харажатларни аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган “Маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом”га амал қилади (ЎР ҚҲТ, 2006 й., 2-сон,
9-модда).

10. Харажатларни камайтиришни рағбатлантириш мақсадида УЖМШ, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот билан тузиладиган шартнома асосида умумий мол-мулкка хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишларини амалга оширувчи пудратчилар (юридик ва жисмоний шахслар) ушбу хизматларга тарифларни шакллантиришда рентабелликнинг (соф фойданинг ишлаб чиқариш таннархига нисбати) чекланган даражасини 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгилайдилар.

УЖМШ томонидан жой мулкдорларига кўрсатиладиган пуллик хизматларга тарифларни шакллантиришда ҳам рентабелликнинг чекланган даражаси 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.

11. Бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи умумий
мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда, хизматлар кўрсатиш ва ушбу ишларни бажаришга тааллуқли қисм бўйича барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилганлиги сабабли Даромадлар ва харажатлар сметасини тузиш, шунингдек мажбурий бадалларни аниқлаш чоғида юқоридаги тўловлар ҳисобга олинмайди.

12. Пудратчи ташкилотлар томонидан кўп квартирали уйни бошқарув органларнинг умумий мол-мулкига техник хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқариш шартномалари ҳамда турар жойларни ижарага олиш шартномалари уй-жой фондларини таъмирлаш, сақлаш ва бошқариш харажатларига киритилган ва уй-жой фондларини таъмирлаш, сақлаш
ва бошқаришни амалга оширувчи корхоналар хизматларига тарифни шакллантиришда кўзда тутилган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар)нинг турлари ва ҳажмлари рўйхатини ўзида акс эттириши керак.

13. Кўп квартирали уйни бошқариш органи даромадлар
ва харажатларнинг йиллик сметасини тузишда мажбурий равишда уйларни ва уйлар яқин атрофидаги ҳудудларнинг техник ва санитария ҳолатларини баҳолаш пайтида аниқланган техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, умумий мол-мулкни ва уйлар яқин атрофидаги ҳудудларни (кўп квартирали уйни бошқариш органи ер участкасини) санитария ҳолатини сақлаб туриш, умум фойдаланиш жойларини ободонлаштириш бўйича ишлар (хизматлар)нинг, уларнинг ҳажмларини кўрсатган ҳолда, тўлиқ рўйхатларини ҳам тузади.

14. Агарда, кўп квартирали уйни бошқариш органига бир нечта (икки ва ундан ортиқ) уйларнинг жой мулкдорлари бирлашган бўлса, бунда ҳар бир алоҳида уйнинг умумий мол-мулкининг техник ҳолатидан, уларга хизматлар кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва сақлаб туриш бўйича ишлар (хизматлар)нинг турлари ва ҳажмларидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир
уй учун мажбурий бадаллар ҳар хил миқдорларда белгиланиши мумкин.

15. Ҳар бир уйнинг жой мулкдорларининг мажбурий бадаллари қуйидагилардан ташкил топади:

а) ҳар бир алоҳида уйнинг умумий мол-мулкига хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва сақлаш харажатлари;

б) умумий ер участкаларини ободонлаштириш, уларни сақлаш
ва бошқариш бўйича барча уйларга тегишли бўлган ва кўп квартирали уйни бошқариш органининг барча аъзоларига тақсимланадиган харажатлар (маъмурий харажатлар).

Мазкур банднинг «б» кичик бандида кўзда тутилган харажатлардан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган мажбурий бадалларнинг бир қисми кўп квартирали уйни бошқариш органининг ҳамма аъзолари учун бир хил ҳисобланади.

16. Кўп квартирали уйни бошқариш органи аъзоларининг мажбурий бадаллари миқдори кўп квартирали уйни бошқариш органи аъзоларининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади.

17. Умумий мол-мулкни, ер участкасини ва кўп квартирали уйни бошқариш органи мол-мулкини сақлаш бўйича жой мулкдорларининг мажбурий бадалларини шакллантиришда харажатлар сметасига киритилган ишлар ҳамда кўрсатиладиган хизмат турлари бўйича харажатларнинг
ҳисоб-китоби мажбурий равишда амалга оширилади.

18. Умумий мол-мулкни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасини сақлаш бўйича жойлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловларини тўлаш юзасидан якуний ҳисоб-китоб жорий йил тугаганидан сўнг амалда бажарилган ишларнинг ҳажмлари, уларнинг сифати
ва бажарилиш муддатлари тўғрисидаги маълумотлар асосида амалга оширилади.

Харажатларни асослашда тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади: етишмаган маблағлар ҳисобот йилидан кейинги даврда жойлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловларини шакллантиришда ҳисобга олинади, ортиқча маблағлар эса келгуси тўловлар ҳисобига олинади.

19. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил
5 февралдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган Маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги
низомга мувофиқ барча харажатлар қуйидагиларга гуруҳланади:

а) маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар;

б) асосий фаолиятнинг фойдасида ҳисобланадиган давр харажатларига киритиладиган харажатлар;

в) умумхўжалик фаолиятидан олинган фойда ёки зарарни ҳисоблашда ҳисобга олинадиган молиявий фаолият бўйича харажатлар;

г) даромад (фойда) солиғи тўлагунга қадар фойда ёки зарарни ҳисоблашда ҳисобга олинадиган фавқулодда харажатлар.

II. Кўп квартирали уйни бошқариш органининг уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш бўйича хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби

20. Маҳсулот ва хизматларнинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатлар уларнинг иқтисодий мазмунига кўра қуйидаги элементлар билан гуруҳларга ажратилади:

ишлаб чиқариш моддий харажатлари (қайтариладиган чиқитлар қиймати чиқариб ташланган ҳолда);

ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

ишлаб чиқаришга тегишли бўлган ижтимоий суғуртага ажратмалар;

асосий фондлар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси;

ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар.

§ 1. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ моддий харажатлар

21. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ моддий харажатларга қуйидагилар тегишли бўлади:

а) уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлаш бўйича ишларни бажаришда, хизматлар кўрсатишда зарур таркибий қисм ҳисобланган четдан сотиб олинадиган хом ашё ва материаллар.

Прогноз учун таннархни калькуляция қилишда материалларнинг тасдиқланган меъёрий сарфи бўйича моддий харажатлар ҳисобга олинади;

б) уй-жой фондини меъёр даражасида сақлаш ва таъмирлашни таъминлаш учун ишлар, хизматларни ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган харид қилинадиган материаллар, шунингдек
асбоб-ускуналарни тузатиш учун эҳтиёт қисмлар, инвентарларнинг, хўжалик буюмларининг ва асосий воситаларга кирмайдиган бошқа меҳнат воситаларининг қиймати;

в) сотиб олинадиган, келгусида ушбу хўжалик юритувчи субъектда монтаж қилинадиган ёки қўшимча ишлов бериладиган бутловчи буюмлар
ва ярим тайёр маҳсулотлар;

г) четдан сотиб олинадиган ёнилғининг барча турлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг транспорти томонидан бажариладиган ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш бўйича транспорт хизматлари;

д) сотиб олинадиган энергиянинг барча турлари (уй-жой фондини умумий фойдаланиш жойларини ёритиш, лифт хўжалигини
ва уй хўжалигининг электр ускуналарини ишлашини таъминлаш учун электр энергияси), иситиш тизимларини ювиш ва иситиш мавсумига тайёрлаш учун ишлатиладиган сув;

е) ташқи юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажариладиган ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган ишлар ва хизматлар (кўча чиқиндиларини олиб кетиш, хандакларни тозалаш, кўп квартирали турар жой уйларнинг ертўлаларига кимёвий ишлов бериш);

ж) кўп квартирали уйни бошқариш органи билан тузилган шартномага асосан умумий мулкка хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича пудратчиларнинг (кўп квартирали уйни бошқариш органи шартномаси бўйича хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган бошқарувчилари — хизмат кўрсатувчи ташкилотлар) иш ва хизматлари;

22. “Моддий харажатлар элементи бўйича акс эттириладиган моддий ресурслар қиймати сотиб олиш нархидан, қўшимча нарх (устама)дан, таъминот, ташқи иқтисодий ташкилотлар томонидан тўланадиган воситачилик тақдирлашларидан, товар биржалари хизматлари қийматидан, шу жумладан, брокерлик хизматларидан, божлар ва йиғимлардан, солиқлардан (корхона кейинчалик қарз суришиш, масалан, қўшилган қиймат солиғи тарзида қайтариб оладиганлардан ташқари), транспортда ташишга ҳақ тўлашдан, ташқи юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган сақлаш ва етказиб беришга ҳақ тўлашдан келиб чиқиб шаклланади.

§ 2. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари

23. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари - бу уй-жой фондини сақлаш ва хизмат кўрсатишда қатнашувчи ишлаб чиқариш ходимларининг (ҳовли тозалигига қаровчи ходимлар
ва фаррошлар, чиқинди камералари ва чиқинди узатгичларини тозаловчилар, таъмирлаш бригадаларининг ишчилари, лифтчилар ва лифтга диспетчерлик хизмати операторлари, режали жорий таъмирлаш бўйича ишчилар, чақирувлар бўйича носозликлар ва аварияларни бартараф этиш ишларида банд бўлган ишчилар, юкловчилар ва ҳ.к.) меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлардир.

24. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари таркибига қуйидаги моддалар киритилади:

корхонада қабул қилинган меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари
ва тизимларига мувофиқ бажарилган нархномалар, тариф ставкалари
ва лавозим маошларидан келиб чиқиб амалга оширилган, амалда бажарилган иш учун ишлаб чиқариш хусусиятига эга бўлган ҳисобланган иш ҳақи,
шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектни мукофотлаш тўғрисидаги низомларда назарда тутилган рағбатлантирувчи тусдаги тўловлар;

иш режими ва меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлган компенсация тусидаги тўловлар, шу жумладан:

а) технологик жараён жадвалида назарда тутилган тунги вақтда, ишдан ташқари вақтда, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларда ишланганлик учун тариф ставкалари ва окладларга устамалар ва қўшимча ҳақ;

б) кўп сменали режимда ишлаганлик, касбларни бирга қўшиб олиб борганлик ва хизмат кўрсатиш зоналарини кенгайтирганлик учун устамалар;

в) Республика Ҳукумати томонидан тасдиқланган касблар ва ишлар рўйхати бўйича оғир, зарарли, алоҳида зарарли меҳнат ва табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун устамалар, шу жумладан, ушбу шароитлардаги узлуксиз иш стажи учун устамалар:

ишчиларга тош, бетон ва темир-бетон конструкцияларда механизациялашган ускунани татбиқ этган ҳолда тешик, туйнук, ариқча, токча ҳосил қилишда;

сувоқчиларга юза қисмга қоришмани суваш ва текислаш ишларини қўлда бажаришда, қўлда ёки пневматик ускуна татбиқ этган ҳолда бетонли юзада чуқурчалар ҳосил қилишда;

г) меҳнатга ҳақ тўлашнинг районлар бўйича тартибга солинишига,
шу жумладан, район коэффициентлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ чўл, сувсиз ва юқори тоғ жойларида ишлаганлик учун коэффициентлар билан белгиланган тўловлар;

д) ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш:

қонун ҳужжатларига мувофиқ навбатдаги (ҳар йилги) ва қўшимча таътиллар, навбатдаги (ҳар йилги) фойдаланилмаган ва қўшимча таътиллар учун компенсациялар, ўсмирларнинг имтиёзли соатлари, болани овқатлантириш учун оналар ишидаги танаффуслар, шунингдек, тиббий кўриклардан ўтиш билан боғлиқ вақт учун ҳақ тўлаш;

донор ходимларга қонни текшириш, топшириш кунлари учун ва қон топширилган ҳар бир кундан кейин бериладиган дам олиш кунлари учун ҳақ тўлаш;

давлат вазифаларини бажарганлик учун (ҳарбий йиғинлар, фавқулодда вазиятлар бўйича йиғинлар ва бошқалар) меҳнат ҳақи тўлаш.

25. Белгиланган тартибга мувофиқ ишлаб чиқариш жараёнида қатнашувчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларига киритиладиган тўловларнинг бошқа турлари.

§ 3. Ишлаб чиқаришга тегишли бўлган ижтимоий суғуртага ажратмалар

26. Қонун ҳужжатлари билан белгиланган меъёрлар бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига ижтимоий тусдаги мажбурий ажратмалар.

§ 4. Асосий воситалар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси

27. Асосий воситалар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар амортизацияси бўйича харажатлар таркибига қуйидагилар киради:

а) асосий фонд (шу жумладан фойдаланиш муддатига мувофиқ лизинг бўйича сотиб олинган)ларнинг дастлабки (тиклаш) қийматидан фоизларда ҳисобланган амортизация ажратмалари суммаси;

б) ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар (Гудвилл (фирманинг нархи)дан ташқари) эскириши ҳар ойда хўжалик юритувчи субъект томонидан дастлабки қиймати ва улардан фойдали фойдаланиш муддатидан (бироқ хўжалик юритувчи субъект фаолияти муддатидан ортиқ бўлмаган) келиб чиқиб ҳисобланадиган меъёр бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига тегишли бўлади. Фойдали фойдаланиш муддатини аниқлаш имкони бўлмаган номоддий активлар бўйича эскириш меъёри беш йил ҳисобига белгиланади, бироқ хўжалик юритувчи субъект фаолияти муддатидан ортиқ эмас.

§ 5. Ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар

28. Ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатларни ҳисобга олишнинг навбатдаги комплекс моддалари мазкур бобнинг 1-4-параграфларида келтирилган харажатлар элементлари бўйича ажратилади:

Ишлаб чиқариш жараёнига хизмат кўрсатиш харажатлари:

а) ишлаб чиқаришни хом ашё, материаллар, ёнилғи, энергия, инструмент, мосламалар ва бошқа меҳнат воситалари ва буюмлари билан таъминлаш харажатлари;

б) асосий ишлаб чиқариш фондларини иш ҳолатида сақлаш харажатлари (техник кўрик ва қаров, ўртача, жорий ва мукаммал тузатиш харажатлари). Асосий ишлаб чиқариш воситаларини барча турда (жорий, ўртача, мукаммал) тузатишларни хўжалик юритувчи субъектнинг ўз кучи билан ўтказиш ишлаб чиқариш харажатларининг тегишли элементлари (моддий харажатлар, меҳнат ҳақи тўлаш харажатлари ва бошқалар) бўйича маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига киритилади;

в) ёнғиндан сақлаш ва қўриқлашни ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг техникавий фойдаланиш қоидалари билан назарда тутилган бошқа махсус талабларни таъминлаш, улар фаолиятини назорат қилиш харажатлари.

Идорадан ташқари қўриқлаш харажатлари бундай қўриқлаш мавжуд бўлишини талаб қилувчи мазкур ишлаб чиқаришга махсус талаблар мавжуд бўлган тақдирда маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига киритилиши мумкин.

г) ишлаб чиқариш жараёнига тегишли бўлган бошқарувнинг техник воситаларини, алоқа узелларини, сигнализация воситаларини, бошқарувнинг бошқа техник воситаларини, ҳисоблаш марказларини сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатлари;

д) белгиланган меъёрлар доирасидаги ишлаб чиқариш ходимларини ишлаб чиқариш жараёнига тегишли бўлган хизмат сафарларига юбориш бўйича харажатлар.

е) ишлаб чиқариш жароҳатлари туфайли меҳнат қобилияти йўқолиши муносабати билан тегишли ваколатли идораларнинг қарорлари асосида
ва
қарорларисиз тўланадиган нафақалар. Касб касаллиги туфайли тўланадиган нафақалар.

ж) умумий фойдаланиладиган йўловчилар транспорти хизмат кўрсатмайдиган йўналишларда ходимларни иш жойига олиб бориш ва олиб келиш билан боғлиқ харажатлар.

III. Давр харажатлари

29. Давр харажатларига бевосита ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ бўлмаган харажатлар ва сарфлар: бошқарув харажатлари, маҳсулотни сотиш харажатлари ва умумхўжалик аҳамиятига эга бўлган бошқа харажатлар киради.

30. Мажбурий бадалларни шакллантиришда зарурий фойдани аниқлашда «Давр харажатлари»нинг қуйидаги моддалари ҳисобга олинади.

§ 1. Хизматларни сотиш харажатлари

31Хизматларни сотиш харажатларига қуйидагилар киради:

а) белгиланган меъёрлар доирасидаги реклама харажатлари;

б) тушум инкассациясини юритиш чиқимлари;

в) сотиш бўйича бошқа харажатлар.

§ 2. Маъмурий харажатлар

32. Маъмурий харажатларга қуйидагилар киради:

а) мазкур Низомнинг II боби 2-параграфида санаб ўтилган бошқарув ходимларига тегишли бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари;

б) бошқарув ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларига нисбатан қонунчиликда белгиланган меъёрлар доирасидаги ижтимоий суғуртага мажбурий ажратмалар;

в) хўжалик юритувчи субъект ва унинг таркибий бўлинмаларини ташкил этиш ва уларни бошқариш харажатлари;

г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил
2 апрелдаги 154-сон қарорига мувофиқ бюджет ташкилотлари учун белгиланган йўл босиш лимити доирасидаги хизмат енгил автотранспорти
ва хизмат микроавтобусларини сақлаш, ёллаш ва ижарага олиш харажатлари;

д) бошқарувнинг техник воситалари, алоқа узеллари, сигнализация воситалари, ҳисоблаш марказларини ва ишлаб чиқаришга тегишли бўлмаган бошқарувнинг бошқа техник воситаларини сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш харажатлари;

е) маҳаллий тармоқлар ва интернетдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган телекоммуникациялар хизматлари учун ҳақ тўлаш;

ж) белгиланган меъёр доирасидаги шаҳарлараро ва халқаро телефон сўзлашувлари учун тўловлар;

з) маъмурий бошқарув эҳтиёжлари учун бино ва жой ижара тўлови;

и) маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситаларни сақлаш
ва таъмирлаш харажатлари, уларнинг эскириш (амортизацияси) харажатлари;

к) бошқарув ходимларининг белгиланган меъёр доирасидаги хизмат сафари харажатлари;

л) белгиланган меъёр доирасида вакиллик харажатлари.

§ 3. Бошқа операция харажатлари

33. Бошқа операция харажатлари ўз ичига қуйидагиларни олади:

а) кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлаш (янги ташкил этилаётган хўжалик юритувчи субъектда ишлаш учун, шунингдек хўжалик юритувчи субъектнинг ихтисосига тўғри келмайдиган кадрлар тайёрлаш
ва қайта
тайёрлаш, бундан мустасно) харажатлари;

б) маслаҳат ва ахборот хизматларига ҳақ тўлаш;

в) аудиторлик хизматларига ҳақ тўлаш;

г) саломатликни муҳофаза қилиш ва ходимларнинг ишлаб чиқариш жараёнида бевосита қатнашуви билан боғлиқ бўлмаган дам олишларни ташкил этиш тадбирлари;

д) компенсация тусидаги тўловлар;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига кўра компенсация тўловлари;

қонун ҳужжатларига ёки хўжалик юритувчи субъектнинг ўзининг қарорига мувофиқ мажбурий прогул вақти ёки паст ҳақ тўланадиган ишни бажарганлик учун ҳақ тўлаш;

вақтинча меҳнат лаёқатини йўқотган тақдирда қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳақиқий иш ҳақи миқдоригача қўшимча ҳақ;

хўжалик юритувчи субъектнинг ишчиларига асосий иш жойи бўйича улар ишдан ажраган ҳолда малака ошириш ва кадрларни қайта тайёрлаш тизимида ўқиган вақтда иш ҳақи тўлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор бўлган аёлларга берилган қўшимча таътилга ҳақ тўлаш;

е) иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинмайдиган тўловлар
ва харажатлар:

қонунчиликка мувофиқ болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақани тўлаш бўйича харажатлар;

пенсияларга устамалар, пенсияга чиқаётган меҳнат фахрийларига бир йўла тўланадиган нафақалар;

қонунчиликка мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлардан уларнинг қайта ташкил этилиши, ходимлар ва штатлар сонининг қисқариши муносабати билан бўшатиладиган ходимларга тўловлар;

ж) вақтинча тўхтатиб қўйилган ишлаб чиқариш қувватлари
ва
объектларини сақлаш харажатлари (бошқа манбалар ҳисобига қопланадиган харажатлардан ташқари);

з) банк ва депозитарий хизматларига тўловлар;

и) қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган ва хўжалик юритувчи субъект харажатларига киритиладиган бюджетга мажбурий тўловлар, солиқлар, йиғимлар, давлат махсус бюджетдан ташқари жамғармаларига ажратмалар;

к) ижарага берилган асосий воситаларни сақлаш харажатлари.

IV. Молиявий фаолият бўйича харажатлар

34. Молиявий фаолият бўйича харажатларга қуйидагилар киради:

банклар ва бошқа молия-кредит ташкилотлари кредитлари бўйича фоизлар (инвестиция даврида капитал қўйилмалар таркибига кирувчи инвестицияларга олинган банк ва бошқа молия-кредит ташкилотлари кредитлари фоизлари, шунингдек муддати ўтган ва узайтирилган ссудалар фоизларидан ташқари);

мол-мулкни узоқ муддатли ижарага олиш (лизинг) бўйича фоизларни (ижарага олиш бўйича муддати ўтган ва кечиктирилган тўловлар бундан мустасно) тўлаш харажатлари;

молиявий фаолият бўйича бошқа харажатлар.

V. Турар жойнинг умумий майдонининг 1 кв. м учун
мажбурий бадални ҳисоблаш тартиби

§ 1. Турар жойнинг умумий майдонининг 1 кв. м учун
мажбурий бадални ҳисоблаш тартиби

35Кўп квартирали уйни бошқариш органи томонидан ушбу Тартибга мувофиқ ишларнинг (хизмат) тўлиқ рўйхати ва ҳажми асосида ишлаб чиқилган даромад ҳамда харажатлар сметаси турар жойнинг 1 кв. м майдонини сақлаш ва таъмирлашга мажбурий бадални аниқлаш учун асос ҳисобланади.

36. Даромад қисми кўп квартирали уйни бошқариш органи аъзоларининг мажбурий бадаллари (доимий, ойлик бадаллар), нотурар жой мулкдорларининг бадаллари ҳамда қонунларга мувофиқ бошқа даромад
ва
тушумлардан шаклланади.

Даромадлар сметаси кўп квартирали уйни бошқариш органининг умумий мулкини, ер майдонини ва мулкини сақлаш билан боғлиқ барча режалаштирилган харажатлар ва мавжуд молиявий мажбуриятларни қоплашни кўзда тутиши лозим.

Сметанинг харажатлар қисми даромадлар қисмидан ошиб кетиши мумкин эмас.

37. Турар жойнинг умумий майдонининг 1 кв. м сақлаш
ва таъмирлашга мажбурий бадал қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:

http://www.lex.uz/files/1170723 , бу ерда:

Б3 — турар жойнинг умумий майдонининг 1 кв.м учун уй-жой мулкдорларининг ойлик мажбурий бадали миқдори;

ΣХ — кўп квартирали уйни бошқариш органининг бир йиллик режалаштирилаётган ишлаб чиқариш харажатлари суммаси;

ΣФ — режалаштирилаётган зарурий фойда (давр харажатлари ҳамда молиявий фаолият бўйича харажатлар) суммаси;

ΣД — ўрнатилган тартибда умумий харажатларни қоплашга йўналтириладиган (уй-жой мулкдорларининг мажбурий бадалидан тушумни ҳисобга олмаган ҳолда) бошқа даромад ва тушум манбалари, жумладан:

турар-жой уйлардаги ижарага берилган нотурар жойлар ва бошқа мулкларни ижарачиларидан ушбу уйларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича харажатларни қоплашга йўналтириладиган йиғим;

юридик ёки жисмоний шахслар томонидан маҳсулот, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисидаги рекламаларни фойдаланувчига етказиш учун ишлатиладиган воситаларни (афиша, баннер, стенд) ҳамда мобил ва интернет алоқа операторларининг махсус антенна воситаларини кўп квартирали уйларга шартномалар асосида жойлаштирилишидан келиб тушадиган тушумлар;

кўп квартирали уйни бошқариш органинига тегишли ҳудудда жойлашган индивидуал гараж ва бошқа бинолар эгаларидан тўловлар;

режалаштирилган аҳоли тўловлари тушумининг 100 фоиз бажарилиши шарти асосида коммунал хизмат кўрсатиш корхоналаридан кўп квартирали уйни бошқариш органига ўрнатилган тартибда турар жойни таъмирлаш
ва кўп квартирали уйни бошқариш органига бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш бўйича ишларни амалга оширишга йўналтириладиган ажратмалар;

қонунлар билан тақиқланмаган бошқа даромад ва тушумлар;

ΣМумум. — кўп квартирали уйни бошқариш органининг бошқарувида бўлган уй-жой фондининг умумий майдони.

 

§ 2. Якуний қоидалар

38. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири

 

_________________

 

Ж. Кучкаров

 

2020 йил ____ январь

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари

 

 

_________________

 

 

О. Рустамов

 

2020 йил ____ январь

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

 

_________________

 

Н. Хусанов

 

2020 йил ____ январь

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Давлат солиқ қўмитаси раиси

 

_________________

 

Б. Мусаев

 

2020 йил ____ январь

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Савдо-саноат палатаси раиси

 

_________________

 

А. Икрамов

 

2020 йил ____ январь

 

 

 

 

Умумий таклифлар: 1

662