ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1216 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 15/11/2018 30/11/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети таркибида Ўзбек-Беларус қўшма “Инновацион педагогика” факультетини ташкил этиш тўғрисида
ID-1216

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети  таркибида

 Ўзбек-Беларус қўшма “Инновацион педагогика”

факультетини ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда юқори малакали, халқаро миқёсда рақобат бардош кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек, олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети таркибида Беларус давлатининг Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети билан ҳамкорликдаги Ўзбек-Беларус қўшма “Инновацион педагогика” факультетини (кейинги ўринларда факультет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

узлуксиз таълим тизими муассасалари учун юқори малакали педагог кадрларни миллий ва халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;

юртимизнинг педагогика фани бўйича қадимдан ривожланиб келган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва республика таълим муассасаларининг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали факультетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълимнинг асосий йўналиш (мутахассислик)лари бўйича бакалавр ва магистрлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус тилида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университетида қабул қилинган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади;

факультетга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва факультет битирувчиларининг аттестацияси Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университетида белгиланган тартиб, талаблар ва муддатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

факультетда бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квотаси мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Университет ва Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;

факультетда ўқиш учун тўлов-контракт суммаси базавий тўлов-контракт суммасидан кам бўлмаган миқдорда Университет ва Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;

факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Беларусда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги икки томонлама тан олинадиган Университет ва Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университети  дипломлари берилади.

факультет фаолиятини молиялаштириш Университетга талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

4. Университет Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир ой муддатда:

факультетга Университет ҳудудидаги бинолардан мос жой ажратиш;

факультетга юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда унинг фаолиятини ташкил этишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш;

факультетда фаолият олиб борадиган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар таркибини юқори малакали маҳаллий ва хорижий илмий-педагог кадрлар ҳисобидан тўлдириш;

таълим йўналишлари ва мутахассисликлари учун ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда янги курсларни жорий этиш асосида танлов фанларини шакллантириш;

факультетнинг таълим жараёнига тегишли бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ишларини амалга оширсин.

5. Факультетнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) ишлари учун Университетнинг бюджетдан ташқари маблағларидан фойдаланилсин.

6. Максим Танк номидаги Беларус давлат педагогика университетидан қўшма факультетнинг ўқув жараёнига жалб қилинган олим, ўқитувчи ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли қарорининг 4-бандига мувофиқ амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университетнинг виза талабномаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, зарур ҳолларда Ислом Каримов номидаги Тошкент Ҳалқаро аэропортида расмийлаштирилиш таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

9. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртмаларига биноан факультетни ташкил қилишда ва унинг фаолиятида иштирок этадиган малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.А.Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                                    Ш. Мирзиёев

Умумий таклифлар

919