Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1214 Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 15/11/2018 30/11/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори
Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига берилган майдонларда уруғлик пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлашҳақида
ID-1214

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига берилган майдонларда уруғлик пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги
низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига ажратилган пахта майдондарида сифатли уруғлик пахта хомашёсини етиштириш ва молиялаштиришни тартибга солиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 сентябрдаги 744-сон “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига берилган майдонларда уруғлик пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига берилган майдонларда уруғлик пахта хомашёсини етиштириш ишлари бўйича доимий мониторинг юритсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Абдурахмонов И.Ю., Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Юсупов Б.Т., “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси Хайдаров И.У. зиммасига юклансин.

 

            Ўзбекистон Республикаси
                     Бош вазири                                                                          А.Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил ____ __________ ___-сон қарорига
ИЛОВА

 

Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига берилган майдонларда уруғлик пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

            Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ, Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларига берилган майдонларда уруғлик пахта хомашёсини етиштиришни молиялаштириш тартибини белгилайди.

I. Уруғлик пахта хом ашёси етиштириш миқдорини аниқлаш.

1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ  хўжалиги вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари билан биргаликда республикада охирги 3 йилда уруғлик чигитнинг ҳақиқатдаги сарфидан ҳамда келгуси йил пахта хом ашёсини етиштиришнинг прогноз хажмларидан келиб чиқиб, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларида етиштириладиган уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва захира фондлари миқдорини аниқлайди ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили 1 ноябрдан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

2. Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчиларида уруғлик пахта хом ашёси экиладиган майдон миқдори пахта етиштиришнинг прогноз хажмлари ва ғўза навлари бўйича жойлаштириш тўғрисида тегишли қарорга мувофиқ белгиланади.

II. Уруғлик пахта хом ашёсини етиштириш учун шартномалар тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби.

3. Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари таркибига кирувчи фермер хўжаликлари Супер элита, элита ва кейинги авлодларга мансуб уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун хўжаликлар ўртасида танлов ўтказиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ танловда иштирок этиб, ушбу низом асосида аниқланади.

4. Танлов асосида аниқланган уруғлик пахта хом ашёси етиштирувчи хўжаликлар билан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ўртасида амалдаги қонунчиликка асосан, уруғлик пахта хом ашёси етиштириб бериш бўйича контрактация шартномалари тузилади ва ушбу шартномада етиштириладиган уруғлик пахта хом ашёсининг асосий ва захира фонди, уруғлик пахта хом ашёсининг селекцион нави, авлоди ва миқдори ҳамда пахта уруғчилигига оид бошқа шартлар кўрсатилади.

5. Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ва унинг таркибига кирувчи фермер хўжаликларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уруғлик пахта хомашёсини етиштириш ва етказиб беришни молиялаштириш учун давлат буюртмаси доирасида назарда тутилган шартлар асосида ҳисоблаб чиқиладиган эҳтиёжнинг камида 60 фоизи миқдоридаги кредит ресурслари хизмат кўрсатувчи банклар ёки «Агробанк» АТБда очиладиган махсус ҳисоб рақамлари орқали ажратилади ва таъминот сифатида суғурта полиси берилади.

6. Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ва унинг таркибига кирувчи фермер хўжаликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси ўртасида ғўза навларидан фойдаланиш бўйича лицензия шартномаси тузилади.

7. Уруғлик пахта хом ашёсига амалдаги қонунчиликка асосан етиштирилган уруғлик пахта хом ашёсидан тайёрланган уруғлик чигит Ўзбекистон Давлат стандарти (O’zDSt-663-2017 “Уруғлик чигит. Техникавий шартлар”) талабларига мос бўлганда, пахта хом ашёси қийматига нисбатан супер элита ва элита уруғлик чигит учун 100 фоиз, I-авлод (R1) учун 75 фоиз, II-авлод (R2) учун 50 фоиз ва III-авлод (R3) учун 25 фоиз миқдорида устамалар ҳисобланади.

8. Устамалар етиштирилган уруғлик пахта хом ашёсининг асосий фонди миқдорига ҳисобланади ва қуйидаги тартибда икки босқичда ҳисоб-китоб амалга оширилади:

а) биринчи босқичда – топширилган уруғлик пахта хом ашёси учун ҳисобланган устаманинг 50 фоизи миқдорида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ва унинг таркибига кирувчи уруғчилик хўжаликларига пахта хом ашёсини топширган вақтда;

б) иккинчи босқичда – топширилган уруғлик пахта хом ашёсидан тайёрланган ва сифати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги “Агросаноат мажмуида хизмат кўрсатиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан сертификатланган уруғлик чигит учун бевосита пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ва унинг таркибига кирувчи фермер хўжаликлари, нав оригинаторлари бўлган илмий муассасаларга ҳамда уруғни тайёрлашда иштирок этган бошқа субъектларга ҳисобланган устаманинг қолган қисми – 100 фоиз деб ҳисобланиб, 50 фоизи пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ва унинг таркибига кирувчи уруғчилик хўжаликлари ихтиёрида қолдирилади, қолган 50 фоизи Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонасининг ҳисобварағига ўтказилади ва қуйидагича тақсимланади:

“Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонасига ва унинг вилоят ҳудудий бошқармаларига ҳамда элита уруғчилиги лабораторияларига – 20 фоиз;

нав оргинаторлари, институтлар, селекционер ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа субъектларга 30 фоиз.

9. Ўтказиладиган маблағнинг нав оргинаторлари, институтлар, селекционер олимларга тегишли қисми тақсимотида уларнинг тайёрланган пахта уруғлигидаги улуши эътиборга олинади.

10. Нав оригинаторлари, институтлар, селекционер олимлар ва уруғчиликда иштирок этувчи бошқа субъектларга устама маблағлар Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган йиллик харажатлар сметаси (бизнес-режа)га ҳамда тегишли ташкилотлар билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонасининг маҳсус ҳисобварағидан ўтказиб берилади.

11. Зарурий ҳолатларда уруғлик пахта хом ашёсининг захира фондидан тайёрланган уруғлик чигит экиш учун ишлатилиши мумкин. Бу ҳолатда устама ҳақ экилган уруғлик чигит миқдорига мос равишда аниқланган пахта хом ашёси ҳажмига ва бу уруғлик пахта хом ашёсини топширган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари ва унинг таркибига кирувчи уруғчилик хўжаликларига ҳисобланади ва иккинчи босқичда ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ белгиланган тартибда тўловлар амалга оширилади.

III. Томонларнинг жавобгарлиги ва назорат

12. Белгиланган миқдорда уруғлик пахта хом ашёсини етиштиришга ва уни қайта ишлаб сифатли уруғлик тайёрланишига барча манфаатдор идоралар ва корхоналар ҳамда масъул шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

IV. Якуний қоида

13. Ушбу тартиб 2019 йил пахта ҳосилидан бошлаб татбиқ этилади.

Умумий таклифлар: 0

1242