ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
11758 Генеральная прокуратура Республики Узбекистан 27/12/2019 15/01/2020 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони
Кураш миллий спорт турининг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-11758

Қадимий қадриятларимиз, хусусан мардлик, жасурлик, ватанпараварлик, гуманизм ғояларини ўзида мужассам этган миллий спортимиз бўлган курашни оммалаштириш, кенг кўламда тарғиб қилиш ва ривожлантириш, дунёга танитиш ва ушбу қадриятимизни умумжаҳон дурдонасига айлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, курашнинг тобора оммалашиб бораётганлиги нуфузли халқаро мусобақаларни ташкил қилишга, мавжуд инфратузилма ва моддий-техник базани модернизация қилишга, спорт инвентарлари ва кийимлари таъминотини яхшилашга, бу борада ишлаб чиқаришни кенгайтиришга, шунингдек соҳада малакали кадрлар, мураббийлар ва ҳакамлар тайёрлашга бўлган эътиборни янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Буюк аждодларимиздан мерос қолган кураш спортининг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларни миллий спортга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшларни, шунингдек жаҳон халқларини мазкур спорт тури билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида:

1. Кураш халқаро ассоциациясининг 2017 йилнинг 27 майда бўлиб ўтган навбатдан ташқари Конгрессида Ўзбекистон Республикаси Президенти доимий Фахрий Президент этиб сайланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон кураш федерацияси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган:

Кураш миллий спорт турини 2030 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси 1-иловага мувофиқ;

2020-2030 йилларда кураш миллий спорт турининг халқаро нуфузини янада ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ;

вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида

2020-2022 йилларда янги қуриладиган кураш маҳорат спорт мактабларининг манзилли рўйхати 3-иловага мувофиқ;

2030 йилга қадар курашни оммалаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни баҳолаш мезонлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

“Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш

ва баҳолаш мезонларига эришишнинг пировард мақсади курашни Халқаро олимпия қўмитаси томонидан олимпия спорт тури сифатида тан олинишига ҳамда келгусида Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш деб эътироф этилсин.

3. Ўзбекистон кураш федерацияси, Кураш халқаро ассоциацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

а) ҳар икки йилда бир марта:

2020 йилдан бошлаб вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро кураш мусобақасини;

2021 йилдан бошлаб, устувор равишда хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнирларни;

б) 2020 йилдан бошлаб ҳар йилда бир марта давлат органлари ходимлари ўртасида кураш бўйича “Ўзбек полвони” республика мусобақасини ўтказиш;

в) 2020-2022 йилларда вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги кураш маҳорат спорт мактабларини (кейинги ўринларда – кураш маҳорат мактаблари) босқичма-босқич ташкил этиш;

кураш маҳорат мактабларининг раҳбарлари, тренерлари ва бошқа ходимларига олимпия захиралари коллежлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини қўллаш;

г) Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси муассислигида Халқаро кураш институтини қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.

4. Қуйидагилар кураш маҳорат мактаблари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисоблансин:

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган ўқув-машғулот базаларини яратиш ҳамда кураш бўйича республика ва халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритишга қодир бўлган спортчиларни тайёрлашда ушбу базалардан самарали фойдаланиш;

ёш истиқболли спортчиларни танлаб олиш ва тарбиялаш масалалари бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш, уларга ўқув-услубий ҳамда меъёрий-ахборот ёрдами кўрсатишни таъминлаш;

кураш маҳорат мактаблари базасида миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт беллашувларини ташкил этиш ва мунтазам равишда ўтказиб бориш, хорижий давлатлар тренер ва ҳакамлари билан ўзаро тажриба алмашиш мақсадида чет элнинг кураш клублари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

5. Белгилансинки,

умумтаълим мактаблари ва спорт таълим муассасаларида кураш бўйича ўқув, ўқув-машқ, ўқувчиларни саралаб олиш (селекция) ҳамда уларда мусобақаларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан белгиланади ва мувофиқлаштириб борилади;

кураш маҳорат мактаблари директорлари ва спорт бўйича директор ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Ўзбекистон кураш федераациясининг тақдимномасига асосан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги марказий аппарати тузилмасида унинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар ходимларини мақбуллаштириш ҳисобидан курашни ривожлантириш ва “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши учун масъул бўлим ташкил этилсин.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига кураш миллий спортини ривожлантириш бўйича бўлим ташкил этиш тавсия этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида кураш бўйича мутахассисларни тайёрловчи йўналишлар очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси ҳамда Миллий олимпия қўмитасининг Ўзбекистон кураш федерацияси қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Кураш миллий спорт турини қўллаб-қувватлаш жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин ҳамда қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон кураш федерациясига аъзолик бадаллари;

маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

ҳомийлар – жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағларидан:

“Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини молиялаштириш;

Халқаро кураш институти, Ўзбекистон кураш федерацияси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмалари ходимларини иш ҳақи билан таъминлаш ва моддий рағбатлантириш;

кураш спортини оммалаштириш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида курашчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларнинг хорижий давлатларга ташрифларини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадлари учун фойдаланилиши маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон кураш федерациясига Молия вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда Жамғарма фаолиятини ташкил этиш, маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

а) кураш маҳорат мактаблари фаолияти билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, уларни яктак спорт кийимлари ва кураш гиламлари билан таъминлаш харажатлари учун зарур маблағларни 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг “Маданият ва спорт” соҳасига ажратиладиган маблағлар доирасида ажратсин ва 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин;

б) 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан:

Кураш халқаро ассоциацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун –

10 миллиард сўм;

Ўзбекистон кураш федерацияси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмалари ходимларини иш ҳақи билан таъминлаш ва моддий рағбатлантириш, “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирлар учун – 20 миллиард сўм ажратилишини таъминласин;

в) Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буюртманомасига асосан

2020 йилдан бошлаб, мазкур қарорнинг 2-иловасида назарда тутилган

чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича харажатларни қоплаш учун зарур маблағлар ажратсин;

г) 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларида курашни ривожлантириш харажатларини алоҳида кўрсатсин.

10. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А. Абдуҳакимовга – масъул вазирлик ва идораларнинг “Йўл харитаси”ни бажариш бўйича фаолияти ва ўзаро ҳамкорлигини самарали ташкил этиш, амалга оширилган ишларни вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ҳар чоракда муҳокама қилиш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш;

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Ҳ. Набиевга – “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишнинг пировард мақсадига эришилишини таъминлаш;

“Йўл харитаси”нинг бажарилишига масъул вазирлик

ва идораларнинг биринчи раҳбарлари
 – зиммасига юклатилган вазифа

ва топшириқларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш, “Йўл харитаси”ни ижро этиш ҳолати тўғрисида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳар чорак якуни бўйича ахборот бериш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

Ўзбекистон Республикаси кураш федерацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, шунингдек спорт соҳасидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларига “Йўл харитаси”ни амалга оширишда масъул вазирлик ва идораларга доимий равишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.

11. Ўзбекистон кураш федерациясининг раиси бир пайтнинг ўзида Халқаро кураш ассоциациясининг мазкур йўналиш бўйича Вице-президенти ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон кураш федерациясининг:

кураш спорти билан шуғулланган ходимлари ва ҳарбий хизматчилар томонидан ёшларни кураш миллий спортига янада кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ёшларни “Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур” деган ягона шиор остида бирлаштириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида бепул кураш гуруҳларини (кейинги ўринларда кураш гуруҳлари) ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари жисмоний тайёргарлик машғулотларида босқичма-босқич кураш ҳамда жанговор курашни устувор спорт турлари сифатида киритиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.

13. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

бир ой муддатда спорт гиламлари мавжуд бўлган мактабларни инвентаризациядан ўтказиш асосида кураш гуруҳлари ташкил этиладиган мактаблар рўйхатини Ўзбекистон кураш федерациясига тақдим этади;

Ўзбекистон кураш федерацияси билан келишган ҳолда умумий ўрта таълим муассасаларининг спорт залларини кураш гуруҳлари ташкил этиш учун жисмоний тарбия ўқув фанидан бўш вақтда бепул вақтинча фойдаланишга беради.

б) Ўзбекистон кураш федерацияси:

Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлигининг кураш спорти билан шуғулланган ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширади;

Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларида кураш гуруҳлари фаолияти мувофиқлаштирилиши ва улар мунтазам фаолият юритишларини таъминлайди.

14. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон кураш федерацияси, шунингдек бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган медиа-режа асосида эфир вақтининг, жумладан энг тиғиз вақтларда, бепул ажратилиши ҳамда курашни тарғиб қилишга қаратилган мавзули ва кўчма дастурлар, ток-шоулар, интервьюлар ва роликларни намойиш этиш тавсия этилсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2021 – 2023 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ мазкур қарорнинг 3-иловасида келтирилган янгидан қуриладиган кураш маҳорат спорт мактаблари лойиҳаларини ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

16. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

а) бир ой муддатда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бошқа қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) икки ой муддатда республикадаги олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг моддий-техник базасини яхшилаш, уларда кураш спорти бўлимларини ташкил этиш ҳамда мазкур бўлимларнинг фаолиятини ривожлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

в) ҳар чоракда “Йўл харитаси”нинг бажарилиши ҳолати, мавжуд муаммо ва камчиликлар, баҳолаш мезонларида белгиланган натижаларга эришиш ҳолати тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериб борсин;

г) Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда умумтаълим мактабларининг спорт залларини жиҳозлашнинг нормативларига “кураш гиламлар”ини киритсин ва мазкур мактабларни босқичма-босқич таъминлаш дастурини ишлаб чиқсин;

д) уч ой муддатда Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон кураш федерацияси билан биргаликда Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси муассислигида ушбу Фармоннинг 4-иловасида назарда тутилган 2030 йилга қадар курашни оммалаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни баҳолаш мезонларини ҳисобга олган ҳолда Халқаро кураш институти фаолиятини қайта ташкил этиш ҳамда унинг молиялаштириш манбалари ва бошқаларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

17. Ўзбекистон кураш федерацияси уч ой муддатда “Ўзстандарт” агентлиги ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда яктак спорт кийимлари ҳамда кураш гиламларининг халқаро даражадаги давлат стандартлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда халқаро стандартлаштириш тизимига киритилишини таъминласин.

18. Белгилаб қўйилсинки, 2024 йил 31 декабрга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган кураш гиламлари, уларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, уларнинг эҳтиёт

ва бутловчи қисмлари, шунингдек хом-ашёлари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади.

19. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик кенгаши котиби В. В. Махмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш. Мирзиёев

Умумий таклифлар

346