Давлат тилида матни бўлмаган лойиҳалар портал маъмурияти томонидан лойиҳа муаллифини огоҳлантирмасдан ўчирилади
ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
11532 Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 21/12/2019 05/01/2020 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори
Денов университетини ташкил этиш тўғрисида
ID-11532

Сурхондарё вилоятида ижтимоий-иқтисодий соҳалар учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, шу жумладан, ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, ҳудудда илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз давлат университетининг Денов филиали негизида Денов университетини (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. Белгилансинки, Университет Термиз давлат университети Денов филиалининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ижтимоий соҳа учун логистика, туризм, агробизнес, баҳолаш иши ва риэлторлик, чарм ва мўйна буюмлари технологияси ва конструкцияси, рақамли иқтисодиёт, геодезия, картография ва кадастр, тўқимачилик, бизнес-аналитика, дастурлаш, бизнесни бошқариш ва тадбиркорлик, корпоратив бошқарув, кичик бизнес, банк иши, мактабгача таълим, иқтисодиёт соҳалари учун инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, бошланғич таълим, ёшлар билан ишлашни ташкил этиш, ёшлар социологияси, амалий санъат, дизайн ҳамда эҳтиёж юқори бўлган бошқа мутахассисликлар бўйича малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эҳтиёж юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича қўшма таълим дастурлари асосида малакали кадрлар тайёрлаш;

етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда илмий вазифаларини ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини жалб этган ҳолда эҳтиёж юқори бўлган иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги кадрларни қайта тайёрлаш  ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, ўқув жараёнига замонавий таълим технологияларини ва масофавий ўқитиш усулларини жорий этиш;

республика ва хорижнинг олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Университетнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш.

3. Сурхондарё вилояти хокимлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Денов тумани, А.Ниёзов кўчаси, 20-уй манзилида жойлашган Денов қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Денов университетига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилишини таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, Денов қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни тамомлагунларига қадар Университетга берилган бино ва иншоотларда ўқишни давом эттиради.

4. Белгилансинки:

Университет юридик шахс мақомига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисоб варақларига эга бўлади;

Университет Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;

Университет фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

Термиз давлат университети Денов филиалининг талабалари таълим йўналишлари бўйича Университетда ўқишини давом эттирадилар;

Университетга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Университетнинг тузилмасини олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ ўрнатилган тартибда тасдиқланишини таъминласин;

Университетнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Университетни танлов асосида амалий тажрибага эга бўлган мутахассислардан иборат юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Университетда ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш, белгиланган тартибда штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Университет Васийлик кенгашини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

Университет ахборот-ресурс марказини қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

6. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтларининг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ 2020 йилда Университетни сақлашга бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ижтимоий соҳа учун тасдиқланган параметрлари доирасида ажратилади, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ушбу соҳага ажратиладиган харажатлар параметрларида назарда тутилади;

8. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, зарурат бўлганда, Университетнинг тўлақонли фаолият юритиши учун уни қўшимча бино ва иншоотлар, ер майдонлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Университетнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта масхус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Университетни онлайн маъруза ҳамда масофавий таълим учун телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига ҳамда электрон таълим миллий тармоғига белгиланган тартибда улаш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 мартдаги “Термиз давлат университетининг Денов филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги 171-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

 

Ш.Мирзиёев

Умумий таклифлар: 0

581