ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
11394 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 19/12/2019 02/01/2020 0

Муҳокама якунланди

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Урганч RANCH технология институтини ташкил этиш тўғрисида
ID-11394

Лойиҳа

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

 

Урганч RANCH технология институтини ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 31 июлдаги ПҚ–4410-сон қарори ижросини таъминлаш, машинасозлик соҳаси учун жаҳоннинг илғор таълим стандартлари талабларига мувофиқ, таълим ва илм-фаннинг чуқур интеграциясини таъминлаган ҳолда юқори малакали кадрларни тайёрлаш,  айниқса мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва “Ўзагротехсаноатхолдинг” таркибидаги “Урганчкорммаш” акциядорлик жамиятининг (кейинги ўринларда – Муассис) Урганч шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Урганч Ranch технология институтини (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

машинасозлик соҳаси ва республика иқтисодиёти реал сектори тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда техника (автомобилсозлик, тракторсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, тармоқлар учун ишлаб чиқариш воситаларини ишлаб чиқариш) ва унга турдош соҳалар учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш;

республикамиз мутахассисларини ва юқори малакали чет эллик, шунингдек, чет элда фаолият кўрсатаётган ватандошларимизни жалб қилиш билан машинасозлик ва бошқа техник фанлар соҳаларида фаолият кўрсатувчи хорижнинг илғор олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари, ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик асосида профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, малака амалиётларини ташкил қилиш ва тажриба алмашиш қўшма дастурларини амалга ошириш;

таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси асосида талабаларнинг амалиётларини бевосита ҳудудда жойлашган йирик ишлаб-чиқариш корхоналарида соҳа мутахассислари иштирокида амалга оширадиган “дуал” таълим тизимини жорий этиш;

ишлаб чиқариш билан бевосита интеграцияни таъминлаган ҳолда ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

иқтисодиёт тармоқларида мавжуд муаммолар ва эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда техника ва унга ёндош фанлар соҳаларида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш.

3.  Муассиснинг қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Институтни ўқув-лаборатория хоналари, талабалар учун турар жой ва хориждан таклиф қилинган мутахассислар учун меҳмонхона билан таъминлаш;

Институтнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш;

Институтни ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, зарурий бўлган замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, мебель, компьютер техникаси, шунингдек, бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозлаш;

Институтни танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар билан тўлдириш;

ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг иқтидорли, танлаган таълим йўналишига катта қизиқиши бўлган ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари  юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Институт гранти асосида) 5 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш.

4. Муассис билан Беларусь – Россия университети (Беларусь Республикаси) ўртасида Институтда фан ва техниканинг энг янги ютуқларини қўллаш билан таълим жараёнини ташкил этишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзолангани маълумот учун қабул қилинсин.

5. Белгилансинки:

Институт масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Институтда таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширилади;

Институтда таълим жараёни Ўзбекистон Республикасида мавжуд бўлган таълим шаклларида (кундузги, сиртқи, кечки) ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади;

Институтга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Институт томонидан мустақил белгиланади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Институтнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Институт томонидан белгиланади;

Институтда  ўқиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Институтнинг ўқиш жараёни “Урганчкорммаш” акциядорлик жамияти томонидан ажратилган Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Хонқа кўчаси, 26 уй манзилида ташкил этилади;

Институтда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошланади.

Институт битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Адлия вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги Институтни ташкил этиш даврида унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий,  юридик, ўқув-методик ва бошқа масалаларни ҳал этишда Институтга кўмаклашсин.

7. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Муассиснинг маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

Институт томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари, шунингдек, хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Институтга ҳар йили янги ўқув йили бошлангунига қадар мавжуд талаб ва эҳтиёжни ҳамда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олиб, меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Институтда таълим сифатининг таъминланганлиги ҳамда олий таълим хизматлари кўрсатиш учун қўйилган лицензия талаблари ва шартларига амал қилинишини мунтазам назорат қилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Институт буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визаларининг консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Институт буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш манзиллари бўйича вақтинчалик рўйхатга олиниши ҳамда муддати узайтирилишини таъминласин.

12. 2023 йил 1 сентябрга қадар:

           Институт барча турдаги солиқларни тўлашдан;

 Институтни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Институт ёки Муассис томонидан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, электрон доскалар, проекторлар, мультимедиа маҳсулотлари, адабиётлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

Белгилансинки, четдан олиб келинадиган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириб олинади.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълими вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

               Бош вазири                                                А. Арипов

Умумий таклифлар

793