ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1128 Министерство дошкольного образования Республики Узбекистан 05/11/2018 20/11/2018 3

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-1128

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги

ПҚ-3955-сон “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси (матнда кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгашининг таркиби 1-иловага мувофиқ;

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгаши тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом

3-иловага мувофиқ тадсиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А.В.Шин зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил “___” _______ даги ____-сон қарорига

1-ИЛОВА

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгашининг

ТАРКИБИ

Шин А.В.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири, Васийлик кенгаши раиси

Давлетов Р.Қ.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири, Васийлик кенгаши раиси ўринбосари

Муродов О.Б.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Васийлик кенгаши аъзоси

Хўжаев Б.А.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири, Васийлик кенгаши аъзоси

Ҳайдаров А.Я.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари, Васийлик кенгаши аъзоси

Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

Васийлик кенгаши таркибига кириш истагини билдирган хўжалик юритувчи субъектлар Васийлик кенгашининг қарорига асосан Кенгаш таркибига киритилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил “___” _______ даги ____-сон қарорига

2-ИЛОВА

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасининг

Васийлик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасининг васийлик кенгаши фаолиятини тартибга солади.

2. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди. Кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.

3. Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармасининг васийлик кенгаши (матнда кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, бошқа қонун ҳужжатларига, Жамғарма фаолиятини бошқариш кенгаши қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.

4. Мактабгача таълим тизимида ижтимоий шериклик тамойилларини самарали амалга ошириш, таълим-тарбия сифатини яхшилаш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш Кенгашнинг асосий мақсадлари ҳисобланади.

2-боб. Кенгашнинг вазифалари ва ваколатлари

5. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий ва маиший инфратузилмасини яхшилаш, биноларини мувофиқлаштириш ва ҳудудларини ободонлаштириш;

мактабгача ёшдаги болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний камол топтириш учун шарт-шароитлар яратиш;

болаларни мактабгача таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олишни таъминлашга кўмаклашиш;

замонавий инновацион педагогик технологияларни, таълим ва тарбиянинг самарали шакллари ҳамда усулларини ўқув-тарбия жараёнига жорий этиш;

мактабгача таълим муассасаларини миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ривожлантирувчи ўйин ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш;

замонавий педагогик технологияларни қўллаган ҳолда болаларни тарбиялаш ва ҳар томонлама камол топтириш масалаларини юқори профессионал даражада ҳал этишга қодир бўлган мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун муносиб шарт-шароитлар, шу жумладан, кўнгилочар ва билим берувчи машғулотлар элементлари бўлган серҳаракат ўйинлар ва машқлар уюштиришга йўналтирилган шарт-шароитлар яратиш;

мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг изчил ривожлантирилишини таъминлаш учун ҳомийлик эҳсонларини, техникавий кўмаклашиш (грантлар) маблағларини ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш.

6. Кенгаш ўзига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигидан Кенгашга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур маълумотлар ва ахборотларни белгиланган тартибда олади;

мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, тадбирлар режаларини, дастурларини ва бошқа ҳужжатларини муҳокама этишда қатнашади, уларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;

мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш юзасидан мактабгача таълимни бошқариш бўйича давлат органларига мурожаат қилади;

мактабгача таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифатини яхшилаш бўйича таклифлар киритади;

Жамғарма маблағлари бўйича молиявий режанинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади;

Кенгаш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

3-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш

7. Кенгаш ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда унинг барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида шакллантирилади.

8. Кенгаш раиси:

Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;

Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилиши назорат қилинишини ташкил этади;

Кенгашнинг йиллик иш режасини тасдиқлайди, шунингдек Кенгашнинг йиллик иш режаси бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни Кенгашга тақдим этади;

Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда Кенгаш номидан вакиллик қилади;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.

9. Кенгаш раиси ўринбосарининг ваколатлари Кенгашнинг қарори билан белгиланади.

10. Кенгаш аъзолари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда қатнашиш;

мактабгача таълим муассасасида таълим жараёнини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича Кенгашга таклифлар киритиш;

Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича хулоса тақдим этиш;

Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашиши керак. Бундай қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини Кенгашга ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.

11. Кенгаш ўз ишларини ўзи тасдиқлаган режалар асосида амалга оширади ва ўз мажлисларини заруриятга кўра, бироқ йил чорагида камида бир марта ўтказади. Кенгаш раиси томонидан унинг аъзоларининг ёзма илтимосномалари асосида навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин. Илтимосномаларда навбатдан ташқари мажлисни чақиришнинг сабаблари ва асослари баён қилиниши керак.

12. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса — Кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.

Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.

13. Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва мутахассислари, мактабгача таълим муассасаларининг ходимлари, айрим жисмоний шахслар таклиф этилиши мумкин.

14. Кенгаш котиби:

Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;

кун тартиби масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, кун тартиби лойиҳаси, мажлисни ўтказиш вақти ва жойидан хабардор қилади;

Кенгаш қарорлари бажарилиши мониторингини юритади;

Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

4-боб. Кенгаш томонидан қарорлар қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш

15. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

16. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Кенгаш аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.

17. Кенгаш баённомасининг асл нусхаси ва унинг материаллари Кенгаш раисида сақланади.

18. Кенгаш котиби Кенгаш аъзоларининг ёрдамида Кенгаш қарорларининг бажарилишини мунтазам равишда ўрганади ва кўриб чиқади, зарурият бўлганда, Кенгаш раисига тегишли таклифлар киритади.

Кенгаш қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши ҳолатини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.

19. Кенгашнинг иш тартиби Кенгаш тасдиқлайдиган регламентда белгиланади.

5-боб. Якуний қоида

20. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил ___ _______ даги ____-сон қарорига

3-ИЛОВА

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил

30 сентябрдаги ПҚ-3955-сон “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқилган бўлиб, Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси (матнда кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг (матнда кейинги ўринларда Вазирлик деб юртилади) Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби

3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Республика бюджети маблағлари, шу жумладан, ҳар йили бюджет қоидаларига мувофиқ индексацияланадиган жами 100 миллиард сўм миқдорида;

давлат мактабгача таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган кўчмас мулкини сотишдан тушган маблағлар – 100 фоиз миқдорида;

Вазирлик тузилмасига кирган ташкилотлар ва муассасалар фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирлик ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалари даромадига ундирилган бюджет маблағларининг ноқонуний харажатлари, ўғирлик, камомад суммаларининг 50 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзи), грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Жамғарма маблағлари:

мактабгача таълим муассасаларини белгиланган тартибда мақсадли қурилишлар рўйхатига киритиб, уларнинг тармоғини кенгайтиришга;

мактабгача таълим тизими ходимларини моддий рағбатлантиришга;

юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Вазирликка ишлаш учун жалб қилишга;

Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилишга;

Вазирлик ходимларини, жумладан, хорижда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилишга;

Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари ва давлат мактабгача таълим муассасалари биноларини жиҳозлаш ва таъмирлашга;

таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этиш, шунингдек, Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирларга сарфланади.

3-боб. Жамғармани бошқариш

5. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири раислик қилувчи Жамғарма фаолиятини бошқариш кенгаши (матнда кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири томонидан тасдиқланади.

Кенгаш мажлиси аъзоларнинг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.

6. Кенгаш мажлиси ҳар чоракда бир маротаба, зарур бўлганда навбатдан ташқари чақирилади.

7. Кенгаш:

ҳар йили 25 декабргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини тасдиқлайди;

ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган тадбирлар Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилишини белгилайди;

зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғармага хорижий кредитлар ва грантлар жалб этилишига кўмаклашади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

8. Вазирликнинг Молиявий-иқтисодий ривожлантиришни режалаштириш бошқармаси ҳамда Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.

9. Ишчи орган:

Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади;

даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Жамғарманинг тушумлар манбалари ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича даромадлари ҳисобини юритади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан техник ва молиявий назоратни олиб боради;

ҳар чоракда камида бир марта Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Кенгашга тақдим этади

4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисоб, ҳисобот ва назорат

10. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Вазирликнинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.

11. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади (чораклар, даромадлар манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича) ва Кенгаш томонидан тасдиқланади.

12. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳайъати мажлисида кўриб чиқилади ва ҳар йили 15 мартгача Кенгаш томонидан тасдиқланади.

13. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.

14. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молия назорати бош бошқармаси томонидан назорат қилинади.

5-боб. Якуний қоидалар

15. Кенгаш Жамғарма маблағларининг қонунийлиги ва мақсадли йўналтирилиши учун жавобгар бўлади.

16. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Умумий таклифлар

899