ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
11181 Министерство народного образования Республики Узбекистан 15/12/2019 29/12/2019 58

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш чоралари тўғрисида
ID-11181

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

 

 

 

 

Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш чоралари тўғрисида

 

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг ёши
ва психофизиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларнинг онгига умуминсоний қадриятлар ва юксак маънавиятни янада чуқур сингдириш, уларни ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, умумий ўрта таълим муассасаларидаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, шунингдек “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя ва маънавият асослари” ва “Дунё динлари тарихи” каби фанларни бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фанини босқичма-босқич жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Умумий ўрта таълим муассасаларида “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя ва маънавият асослари” ва “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фани 1-9-синфларда 2020-2021 ўқув йилидан, 10-11-синфларида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга жорий этилсин.

2. Қуйидагилар:

умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-11-синфлари учун “Тарбия” фани Концепцияси 1-иловага мувофиқ;

умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-11-синфлари учун “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш бўйича тузувчилар гуруҳи таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

икки ой муддатда “Тарбия” фани бўйича умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартини ва ўқув дастурларини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

2020-2021 ўқув йили учун умумий ўрта таълим муассасаларининг
1-9-синфлари учун, 2021-2022 ўқув йили учун 10-11-синфларига мўлжалланган “Тарбия” фани дарсликлари, мультимедиа иловалари ва ўқув-методик мажмуаларга буюртмаларни шакллантирсин;

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб “Тарбия” фани жорий этилиши муносабати билан фойдаланиш муддати тугамаган дарсликлар учун амалга оширилган харажатларнинг қопланишини инобатга олган ҳолда, дарслик тўпламларининг ижара тўлови миқдорларини қайта кўриб чиқсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва тузувчилар гуруҳи:

2020 йил 15 мартга қадар “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш ишларини амалга оширадиган матбаа корхоналари билан биргаликда “Тарбия” фанидан дарсликлар, мультимедиа иловалари ва ўқув-методик мажмуаларнинг тажриба вариантларини тайёрласин;

тажриба-синов учун мўлжалланган чекланган миқдордаги “Тарбия” фани дарсликларининг тажриба вариантларини матбаа корхоналари томонидан нашрга тайёрлаш ва чоп этилиши билан боғлиқ бўлган харажатлар тегишли дарсликларнинг таннархига киритсин;

“Тарбия” дарслигининг илк бор яратилаётганлиги ва долзарблигини инобатга олган ҳолда дарслик тузувчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3201-сон қарори билан тасдиқланган “Фан, адабиёт ва санъат асарлари нашр этилганлиги учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари” бўйича муаллифларга белгиланган миқдордан кам бўлмаган тўловлар тўланишини таъминласин;

Молия вазирлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларининг “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар нашр этилиши нархларининг декларация қилиниши ва 2020 йил 1 августгача 1-9-синфлар “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалар чоп этилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

2020 йилнинг апрель-май ойларида “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг тажриба вариантларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларида тажриба-синовдан ўтказсин;

дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни чоп этиш бўйича декларация қилинган нархлар асосида матбаа корхоналари билан шартномалар тузсин;

чоп этилган “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларини янги ўқув йили бошлангунга қадар жойларга етказилишини таъминласин;

умумтаълим мактабларида “Тарбия” фанидан дарс берувчи “Бошланғич таълим”, “Миллий ғоя ва ҳуқуқ”, “Тарих” мутахассислигига эга ўқитувчиларни халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказларида   мақсадли малака ошириш курсларига жалб этсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “Тарбия” фанидан дарсликлар, мультимедиа иловалари ва ўқув-методик мажмуалар нашр этилиши ҳамда “Тарбия” фанидан дарс берувчи ўқитувчиларни халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказларида мақсадли малака ошириш курсларига жалб этиш билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратсин.

7. Умумий ўрта таълим муассасалари учун “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларини харид қилиш ва етказиб бериш харажатлари:

1-синф, меҳрибонлик уйлари, жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлари ўқувчиларини, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларини, шунингдек ўқитувчиларни ижара асосида дарсликлар билан бирламчи таъминлаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;

ўқувчиларни ижара асосида дарсликлар билан таъминлаш учун Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилиши таъминлансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

бир ой муддатда олий таълим муассасаларидаги “Бошланғич таълим”, “Тарих”, “Ўзбек филологияси”, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ”, “Педагогика ва психология” йўналишларида таҳсил олаётган 2019-2020 ўқув йили битирувчи курсларининг ўқув режа, дастур ва малака талабларига “Тарбия” фанини ўқитиш ҳуқуқини берувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;

2020-2021 ўқув йилидан педагогик кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналиши ўрнига “Тарбия ва ҳуқуқ таълими” йўналишини очиш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А. А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш. Х. Шерматов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                  Бош вазири                                                                А.Арипов

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ______ даги

_____ -сон қарорига

1-илова

 

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-11-синфлари учун “Тарбия” фани концепцияси

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. “Тарбия” фани Концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш ҳамда “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш Концепцияси”ни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

2. Концепция умумий ўрта таълим тизимида ўқувчиларнинг ёшига
мос маънавий ривожланишини таъминлаш ва фаол фуқаролик компетенцияларини шакллантириш мақсадида ўқитилаётган “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар” туркумига кирувчи фанлар “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари”, “Маънавият асослари”, “Дунё динлари тарихи” фанларини бирлаштирган ягона “Тарбия” фанининг асосий йўналишларини белгилаб беради.

3. Мазкур Концепция асосида яратилган дастур “Йўл ҳаракати қоидалари”, “Ҳаёт хавфсизлиги асослари”, “Соғлом авлод асослари”, “Саломатлик дарслари”, “Ҳуқуқий тарбия”, “Экологик тарбия”, “Медиа маданияти”, “Иқтисод ва солиқ сабоқлари” каби факультатив ўқув курслар дастурларини бирлаштиради.

4. Концепция умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартида белгиланган талабларнинг (кейинги ўринларда – малака талаблари) негизи ҳисобланади.

5. Концепция “Тарбия” фанининг ўрганиш босқичларини, ўқув фани бўйича таълим мазмуни ва малака талабларини белгилайди.

 

2-боб. Концепциянинг мақсад ва вазифалари

 

6. Концепциянинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг тарбия соҳасидаги устувор йўналишларини белгилаш, “Тарбия” фанини жорий этишнинг ҳуқуқий, ташкилий бошқарув, кадрлар билан таъминлаш, илмий-методик таъминотига қўйиладиган замонавий талабларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш асослари ва механизмларини такомиллаштиришдан иборат.

7. Қуйидагилар Концепциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

“Тарбия” фанини жорий этишда Ўзбекистон Республикасининг тарбия соҳасидаги устувор йўналишларига амал қилиш;

“Тарбия” фани илмий-методик таъминотига қўйиладиган замонавий талабларни ишлаб чиқиш;

ўқувчиларда таянч компетенцияларни шакллантириш;

Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси мазмун-моҳиятини ўқувчи-ёшларга чуқур сингдириш;

ўқувчиларни муваффақиятли ижтимоий ҳаётга тайёрлаш;

фаол фуқаролик позицияларини шакллантириш;

ёш авлодда масъулият, мажбурият, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, теран дунёқараш, соғлом эътиқод, маърифатлилик, диний ва миллий бағрикенглик каби фазилатларни тарбиялаш.

 

3-боб. Ўзбекистон Республикасининг тарбия соҳасидаги устувор йўналишлари

 

8. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг тарбия соҳасидаги устувор йўналишлари ҳисобланади:

ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат руҳида тарбиялаш;

ўқувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш;

фарзанд тарбиясида оиланинг масъулиятини ошириш;

ёшларга “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси мазмун-моҳиятини чуқур англатиш;

ўқувчиларни жисмоний, руҳий ва маънавий-ахлоқий ривожлантириш орқали ижтимоий ҳаётга мослаштириш, турли мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга ўргатиш;

ўқувчи ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш;

ислом дини кўп асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган маънавий қадрият эканлигини, бу динни ёт ғоялар билан бир қаторга қўйиб бўлмаслигини тушунтириш;

тарбия ишида ижтимоий фуқаролик институтлари иштирокини кенгайтириш.

 

4-боб. Концепцияни амалга ошириш механизми

 

9. Қуйидагилар Концепцияни амалга ошириш механизми ҳисобланади:

Ҳуқуқий асослари:

шахс тарбиясига оид миллий норматив-ҳуқуқий базани мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ шакллантириш.

Амалга ошириш тизими:

вазирлик ва идоралар, муассасалар, давлат ҳамда нодавлат корхона
ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.

Ташкилий-бошқарув асослари:

Концецияни амалга оширишнинг комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;

идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тарбия фанини жорий этиш билан боғлиқ (молиявий, ҳуқуқий, педагогик ва бошқа) масалаларни акс эттириш;

илғор педагогик тажрибаларни аниқлаш, ўрганиш ва уларни оммалаштириш, рағбатлантиришни ташкил этиш;

Концепция самарадорлигини мониторинг қилиш.

Мутахассис кадрлар билан таъминлаш:

“Тарбия” фанидан дарс берадиган педагогларни тайёрлаш, (“Бошланғич таълим”, “Миллий ғоя ва ҳуқуқ”, “Тарих” мутахассислигига) қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини модернизация қилиш;

олий таълим муассасаларидаги “Бошланғич таълим”, “Тарих”, “Ўзбек филологияси”, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ”, “Педагогика ва психология” йўналишларида битирувчи курс талабалари малака талабларига “Тарбия” фанини ўқитиш ҳуқуқини берувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Илмий-методик асослари:

шахснинг ижтимоийлашуви ва тарбиясига оид илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш;

давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқувчилар томонидан билим, кўникма ва малакалар тўлиқ ўзлаштирилишига эришиш;

“Тарбия” фани ўқув-методик мажмуаларини, шу жумладан таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш;

“Тарбия” фани дарсликларини яратишда инновацион технологияларни жорий этиш;

ўқувчиларда мустақил ва эркин фикрлашни ҳамда уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

ўқувчиларда илмий дунёқараш ва глобал тафаккурни шакллантириш;

умумтаълим фанларини ўқитишнинг принципиал янги методологияси асосида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш.

 

5-боб. “Тарбия” фани бўйича ўқув-методик мажмуаларга
қўйиладиган талаблар

 

10. Ўқув-методик мажмуаларни яратишнинг асосий вазифалари:

ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш тамойиллари ҳамда уларнинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;

ўқувчиларда миллий ғурур ва ифтихор, моддий ва маънавий меросга ҳурмат туйғуларини қарор топтириш;

давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқувчилар томонидан билим, кўникма ва малакалар тўлиқ ўзлаштирилишига эришиш;

ўқувчиларда мустақил ва эркин фикрлашни ҳамда уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

янги авлод ўқув-методик мажмуаларини яратиш ва амалиётга жорий этиш;

ўқувчиларда илмий дунёқараш ва глобал тафаккурни шакллантириш;

умумтаълим фанларини ўқитишнинг принципиал янги методологияси асосида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш.

11. Ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш тамойиллари:

ўқув-методик мажмуаларни таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойиллари асосида яратиш;

ўқувчиларнинг ақлий ва жисмоний имкониятлари, ёши, психофизиологик хусусиятлари, билим даражаси, қизиқишлари, лаёқатларини ҳисобга олиш;

ўқувчиларда ватанга садоқат ва миллий ғурур туйғусини шакллантириш;

ўқувчиларда ижодий фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиришга йўналтириш.

12. Ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқишга қўйиладиган талаблар:

Дидактик талаблар:

ўқувчилар томонидан ўқув материалларининг тўлиқ ўзлаштирилиши;

матнлар ахборот беришга эмас, балки ўқув фанининг мазмун-моҳиятини тушунтириш хизмат қилиши;

қизиқарли, лўнда ва ҳамма учун қулай ва табақалаштирилган бўлиши;

миллий ва умуминсоний қадриятларга оид аниқ далилларга асосланган материаллардан таркиб топиши;

олинган билимлар кундалик ҳаёт ва амалиёт ўртасидаги боғлиқликларни таъминлашга, амалиётда қўллай олиш лаёқатлари шакллантирилишига, бошқа ўқув фанлари билан узвий боғлиқликни таъминлашга йўналтирилган бўлиши;

расмлар кўринишидаги иллюстрациялар: хариталар, чизмалар, схемалар, жадваллар, диаграммалар ва фотосуратлар билан бойитилган бўлиши;

янги тушунчалар, атамалар, қоидалар, таърифлар ва шу кабилар луғат кўринишида ифодаланган бўлиши.

Илмий-методик талаблар:

фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ўзида акс эттириши;

ўқув фани мавзуларининг мазмунан яхлитлиги таъминланиши;

ўқув фани мавзулари ўзбек адабий тили қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда оддий ва содда, тушунарли ва равон тилда баён қилиниши;

мантиқий кетма-кетликка ва изчилликка амал қилиниши;

Ўзбекистон халқи менталитетига мос бўлган иллюстрациялар билан бойитилиши;

савол ва топшириқлар аниқ ифодаланиши;

ўқувчиларни фикрлашга, ёзишга, тасвирлашга, ҳисоблашга, амалий ишларни бажаришга, тажрибалар ўтказишга ўргатадиган педагогик технологиялардан фойдаланилиши;

касб-ҳунарга йўналтирувчи матн ва расмлар, луғатлар, техник ижодкорлик ва мантиқий тафаккурни ўстиришга қаратилган (лойиҳалаш ҳамда моделлаштириш юзасидан) топшириқларни қамраб олган бўлиши.

Педагогик-психологик талаблар:

кенг жамоатчилик томонидан тан олинган илмий асосланган маълумотлар, ўқувчиларнинг билим даражалари, эслаб қолиш қобилиятлари, тафаккури ҳисобга олинган ҳолда воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини англашга ҳамда амалий қизиқишларини ривожлантиришга, билим олишга
ва амалий фаолият билан шуғулланишга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилган бўлиши;

ўқув фани мавзуларининг ўқувчи ёши ва психофизиологик хусусиятларига мос ҳолда берилиши, фактлар, тушунчалар, қоидалар
ва фанлараро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда тушунарли баён қилиниши;

ўқувчиларнинг янгиликларни қабул қилиш қобилиятлари, билимларни ўзлаштирганлик даражаси ҳисобга олинган бўлиши.

Эстетик талаблар:

матнлар ўқувчига маълум ижобий ҳиссий таъсир ўтказиши ва ўқув фанига қизиқиш уйғотиши;

ёрқин, рангли, қизиқарли ва чиройли бўлиши;

бўлим, боб, параграф ва мавзулар матнларининг турли шакл ва ранглар билан ажратилиши, мутаносиблиги таъминланиши;

расм ва тасвирлар бадиий эстетик талабларга жавоб бериши, аниқ
ва тиниқ ифодаланиши.

Гигиеник талаблар:

матн ва иллюстрациялар санитария қоидалари, гигиена талабларига мос бўлиши;

ҳарфларнинг катталиги ва қоғознинг сифати (оғирлиги, қалинлиги, оқлиги ва шаффофлиги) “Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги ҳақидаги умумий техник регламент талабларига мос бўлиши.

 

6-боб. Концепциядан кутилаёган натижалар

 

13. Кутилаётган натижалар:

Концепция умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларида белгиланган талаблар учун асос бўлади;

Концепцияда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалиётга кенг жорий этиш ўқувчи-ёшларнинг интеллектуал ривожланишига самарали таъсир этади;

“Тарбия” фанини ўқитиш босқичлари, ўқув фани бўйича таълим мазмуни ва малака талаблари меъёрлари аниқлаштирилади;

“Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини амалга ошириш орқали ўқувчиларда фаол фуқаролик позицияси, масъулият, ҳуқуқий маданият, кенг дунёқараш, соғлом эътиқод, юксак маънавият каби фазилатларни шакллантиришнинг педагогик имкониятлари яратилади.

 
Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ___ ______ даги

_____ -сон қарорига

2-илова

 

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-11-синфларига
“Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни
яратиш бўйича тузувчилар гуруҳи таркиби

 

 

Т/р.

Ф.И.Ш.

Иш жойи ва лавозими

  1.  

Дилшод Кенжаев

Халқ таълими вазири ўринбосари, гуруҳ раҳбари

  1.  

Нозима Файзибаева

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари,
гуруҳ раҳбари ўринбосари

  1.  

Обиддин Махмудов

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги матбуот котиби

  1.  

Наргиза Исматова

 

Халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё-зукко таълим маскани” директори

  1.  

Дурбек Раҳимжонов

Халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси

  1.  

Зоҳиджон Исломов

Халқаро ислом академияси профессори

  1.  

Акбар Тагаев

Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи

  1.  

Ҳикматилла Даминов

Республика таълим маркази директори

  1.  

Саодат Шермухамедова

 

 

Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази катта ўқитувчиси

  1.  

Саодат Аккулова

 

 

Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази катта ўқитувчиси

  1.  

Зокир Замонов

 

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети кичик илмий ходими

  1.  

Дилноза Рўзиева

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори

  1.  

Лилия Гайнутдинова

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази директори

  1.  

Нилуфар Холмуҳамедова

 

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги

49-мактаб ўқитувчиси

  1.  

Лайло Мўминова

 

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 29-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси

  1.  

Севара Мадалиева

 

Халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё-зукко таълим маскани” психологи

  1.  

Севара Зокирова

 

 

Халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё-зукко таълим маскани” бошланғич синф ўқитувчиси

  1.  

Зебо Жабборова

 

Республика таълим маркази методисти,

гуруҳ котиби

 

Умумий таклифлар

4019