ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
11159 Министерство юстиции Республики Узбекистан 14/12/2019 28/12/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
ID-11159

ЛОЙИҲА

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

 

 

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларини
тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил
9 сентябрдаги ПФ–5816-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А. Қўчқоров
ва адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

               Бош вазири                                                           А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” декабрдаги

______-сон қарорига

илова

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг

фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш

ҚОИДАЛАРИ

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидалар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартибини (кейинги ўринларда Қоидалар деб аталади) белгилайди.

2. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан нотариал ҳаракатлар натижасида зарар кўрган учинчи шахсларнинг мулкий манфаатларини суғурта тўловлари орқали ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган.

3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус  юридик шахс ташкил этмасдан хусусий амалиёт билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия асосида нотариал фаолиятни амалга оширувчи ва ҳудудий адлия органида ҳисоб рўйхатидан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг фуқаролик жавобгарлиги – хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг қонун ҳужжатларида белгиланган нотариал ҳаракатларни амалга ошириши натижасида етказилган зарарни қоплаш мажбурияти;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси (кейинги ўринларда мажбурий суғурта шартномаси деб аталади) – суғурта шартномаси бўлиб, унга кўра суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда учинчи шахсларга уларнинг мол-мулкига ушбу суғурта ҳодисаси оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига суғурта пули доирасида қоплаш мажбуриятини олади;

наф олувчи – ушбу Қоидаларга мувофиқ суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс;

суғурта ҳодисаси – мажбурий суғурта шартномаси амал қилиши даврида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш натижасида учинчи шахсларнинг мол-мулкига зарар етказилганлиги учун хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг фуқаролик жавобгарлиги юзага келганлигининг белгиланган тартибда тасдиқланган факти;

суғурта пули – суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда учинчи шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини олган сумма;

суғурта мукофоти – суғурта қилдирувчи мажбурий суғурта шартномасига мувофиқ суғурталовчига тўлаши шарт бўлган пул маблағлари суммаси;

суғурта товони – суғурталовчи томонидан наф олувчига мажбурий суғурта шартномасига мувофиқ суғурта ҳодисаси содир бўлганда учинчи шахсларнинг мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига суғурта пули доирасида тўлаши шарт бўлган пул маблағлари суммаси;

суғурталовчи – тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва мажбурий суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;

суғурта қилдирувчи – суғурталовчи билан мажбурий суғурта шартномасини тузган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус;

учинчи шахс – мажбурий суғурта шартномасининг тарафи бўлмаган, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ касбий мажбуриятларини амалга оширганлиги натижасида мулкий манфаатлари зарар кўрган шахс.

4. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний

ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилдириши шарт.

5. Қуйидагилар оқибатида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди:

нотариусга мурожаат қилган шахс томонидан нотариал ҳаракат амалга ошириш билан боғлиқ ёлғон маълумотлар, ҳақиқий бўлмаган ёки сохта ҳужжатлар тақдим этилиши;

агар нотариусга мурожаат қилган шахс у амалга ошириш ҳақида мурожаат қилган нотариал ҳаракат ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа шахсларнинг йўқлиги ёки мавжудлигини билдирмаган бўлса.

II. Суғурта объекти ва суғурта миқдори

6. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш натижасида учинчи шахсларга етказилган зарарни ўрнини қоплаш бўйича фуқаролик жавобгарлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ юзага келиши билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлари мажбурий суғурта объекти ҳисобланади.

7. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта пули қуйидаги миқдордан кам бўлиши мумкин эмас:

Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун унинг фуқаролик жавобгарлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир минг баравари миқдорида;

бошқа аҳоли пунктларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус фаолиятини ташкил этиш учун унинг фуқаролик жавобгарлиги базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш юз баравари миқдорида.

III. Мажбурий суғурта шартномасини тузиш, ўзгартириш ва муддатидан олдин тўхтатиш тартиби

8. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал фаолиятни амалга оширишда мажбурий суғурта шартномасини тузиши шарт.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус мажбурий суғурта шартномасини тузмасдан ўзининг мажбуриятларини ва нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.

9. Мажбурий суғурта шартномасида суғурта қилдирувчи нотариал ҳаракатларни амалга оширганда учинчи шахсларга етказилган зарар туфайли келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича суғурта тўловларини амалга ошириш назарда тутилади, маънавий зарар, бой берилган фойда ва жарима тўловлари бундан мустасно.

10. Мажбурий суғурта шартномаси суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига суғурта полисини бериш орқали ёзма шаклда тузилади.

Мажбурий суғурта шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

11. Мажбурий суғурта шартномаси суғурта қилдирувчининг ёзма аризаси асосида тузилади.

12. Мажбурий суғурта шартномасида кўрсатилган шартларнинг тўлиқ бўлмаслиги учун суғурталовчи жавобгар бўлади. Мажбурий суғурта шартномаси шартлари тўлиқ бўлмагани билан боғлиқ низо суғурта қилдирувчининг фойдасига ҳал қилинади.

14. Агар мажбурий суғурта шартномаси суғурта қилдирувчининг ёки учинчи шахсларнинг аҳволини қонунда кўзда тутилган ҳолатларга нисбатан ёмонлаштирадиган шартлар асосида тузилган бўлса, суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда суғурталовчи қонунда белгиланган тартибда суғурта қилдирувчи ва учинчи шахслар олдида жавобгар бўлади.

15. Агар мажбурий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, у суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти тўланган вақтдан, бўлиб-бўлиб тўлашда эса биринчи суғурта мукофоти тўланган вақтдан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий ҳисобланади.

16. Мажбурий суғурта шартномаси у кучга кирган кундан бошлаб бир йил муддатга тузилади.

Суғурта ҳимоясининг амал қилиш муддати суғурта шартномасининг амал қилиш муддатига тўғри келади.

17. Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши, агар мажбурий суғурта шарномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.

Мажбурий суғурта шартномасига ўзгартиришлар томонларнинг келишувига биноан улардан бирининг ёзма аризаси асосида киритилади. Шартномага киритилган барча ўзгартириш ва қўшимчалар улар ёзма равишда ёзилган ва ҳар икки томоннинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган тақдирда қонуний кучга эга.

18. Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда;

шартнома муддатидан олдин тўхтатилганда;

суғурталовчи томонидан мажбурий суғурта шартномасида белгиланган суғурта суммаси миқдорида суғурта тўловини амалга оширилганда.

19. Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши қуйидаги ҳолларда муддатидан олдин тўхтатилади:

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус тугатилганда;

хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус вафот этганда;

мажбурий суғурта шартномаси суд қарорига кўра ҳақиқий эмас деб эътироф этилганда.

Мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда ҳам муддатидан олдин тўхтатилиши мумкин.

IV. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

20. Суғурта қилдирувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчини эркин танлаш;

суғурталовчидан мажбурий суғурта шартномаси шартларини, шу жумладан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиришни талаб қилиш;

суғурталовчининг молиявий ҳисоботи билан танишиш;

ушбу Қоидаларда назарда тутилган тартибда ва шартларда суғурта тўловини олиш.

21. Суғурта қилдирувчи:

мажбурий суғурта шартномасида белгиланган миқдорда, тартибда

ва муддатларда суғурталовчига суғурта мукофотини тўлаш;

мажбурий суғурта шартномасини тузишда суғурталовчига ушбу Қоидаларда белгиланган маълумотларни тақдим этиш;

суғурталовчига суғурта ҳодисаси муносабати билан унга нисбатан қўйилаётган барча талаблар ёки унга қарши бошланган суд муҳокамаси тўғрисида дарҳол хабар қилиш, зарар етказилиши ҳолатлари тўғрисидаги барча маълумотларни ва ваколатли органлардан олинган суғурта ҳодисасининг сабаблари ҳамда оқибатларини, зарарнинг хусусияти

ва миқдорини белгилаш учун зарур бўлган ҳужжатларни суғурталовчига тақдим этиш;

суғурта ҳодисаси юз берганда зарарнинг олдини олиш ва (ёки) камайтириш юзасидан мумкин бўлган барча чораларни кўриш;

суғурталовчига зарарни қоплаш тўғрисидаги учинчи шахсларнинг талаби билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш имкониятини бериш;

суғурта ҳодисаси юз берганлиги учун жавобгар шахсга нисбатан регресс талаб қилиш ҳуқуқини суғурталовчига ўтишини таъминлаши шарт.

Суғурта қилдирувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.

22. Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мажбурий суғурта шартномасини тузишда суғурта қилдирувчи шахсдан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича олдинги шартномалар, суғурта ҳолатлари, суғурта тўловлари ва мажбурий суғурта шартномасини тузиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни тақдим этишини талаб қилиш;

суғурта қилдирувчи томонидан етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги учинчи шахсларнинг талаблари билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш;

ушбу Қоидаларда назарда тутилган ҳолларда зарар етказганлик учун жавобгар шахсга нисбатан регресс талаб қилиш ҳуқуқини тақдим этиш;

ушбу Қоидаларда назарда тутилган асослар бўйича суғурта тўловини тўлиқ ёки қисман амалга оширишни рад этиш.

23. Суғурталовчи:

суғурта қилдирувчини мажбурий суғурта шартномаси шартлари билан таништириши, шу жумладан унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда мажбурий суғурта шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда суғурта қилдирувчига суғурта мукофотини тўлиқ ёки қисман қайтариб бериши;

суғурта ҳодисаси юз берганлиги ва суғурталовчи томонидан тўланиши лозим бўлган зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар етарли бўлмаган тақдирда улар олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ариза берувчига тақдим этилмаган ва (ёки) нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати кўрсатилган ҳолда хабар бериши;

суғурта ҳодисаси юз берганда ушбу Қоидаларда назарда тутилган тартибда ва шартларда суғурта тўловини амалга ошириши;

суғурта қилдирувчидан (наф олувчидан) ариза олинганда суғурта қилдирувчининг (наф олувчининг) талабларини кўриб чиқиш ва беш иш куни ичида низони ҳал этишнинг кейинги тартиби кўрсатган ҳолда ёзма жавоб бериши;

суғурта ҳодисаси юз берганда зарарни олдини олиш ва (ёки) камайтириш мақсадида суғурта қилдирувчига етказилган харажатларни қоплаш;

ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида суғурта қилдирувчи

ва учинчи шахс ёки наф олувчи тўғрисида олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши;

суғурта тўловини ўз вақтида амалга оширмаган тақдирда наф олувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда жарима тўлаши шарт.

Суғурталовчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар бўлиши мумкин.

V. Суғурта мукофотини аниқлаш ва уни тўлаш тартиби

24. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотининг ҳажми томонларнинг келишуви билан белгиланади, бироқ мажбурий суғурта шартномасида белгиланган суғурта суммасининг бир фоизидан ошмаслиги керак.

25. Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотини тўлаш тартиби ва шартлари томонларнинг келишуви билан белгиланади.

26. Суғурталовчи суғурта қилдирувчи ёки учинчи шахс (наф олувчи) томонидан суғурта тўловини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиш учун суғурталовчига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

суғурта тўловини олиш тўғрисида ариза;

учинчи шахсларнинг етказилган зарарни ва унинг миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаби ёки суғурта қилдирувчи томонидан нотариал ҳаракатлар содир этилиши натижасида етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори;

наф олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ёки юридик шахс вакилига берилган ишончнома;

етказилган зарарнинг олдини олиш ва (ёки) камайтириш чораларини кўриш билан боғлиқ харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар.

27. Ҳужжатларни қабул қилган суғурталовчи талабнома берувчига тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати ва қабул қилинган сана кўрсатилган маълумотнома бериши шарт.

Суғурта қилдирувчи (наф олувчи) томонидан суғурта тўлови тўғрисидаги талабнома электрон шаклда юборилса, суғурталовчига ушбу маълумотнома электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

28. Суғурта ҳодисаси суғурта қилдирувчи томонидан етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирган ёки суғурта қилдирувчи томонидан зарарни қоплаш тўғрисидаги учинчи шахсларнинг талаблари асосли эканлиги тан олинган ва бу ҳақда суғурталовчининг розилиги олинган кундан бошлаб юз берган ҳисобланади.

29. Суғурталовчи суғурта қилдирувчининг ташаббуси билан ёки суғурталовчининг талабига биноан зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши муносабати билан юзага келган суғурта қилдирувчининг барча билдирилган ва исботланадиган харажатларини, ҳатто бу чоралар муваффақиятсиз бўлган ҳолларда ҳам қоплайди.

30. Зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш бўйича харажатлар суғурта товони миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

31. Суғурта товони етказилган зарар миқдорида, лекин суғурта пулидан ошмаган миқдорда суғурталовчи томонидан бевосита учинчи шахсга (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) тўланади.

32. Агар суғурта қилдирувчи учинчи шахсга етказилган зарарнинг ўрнини суғурталовчининг ёзма розилиги билан ўз ҳисобидан қопласа, суғурта қилдирувчи етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартибида ўзи амалга оширган тўловларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этганидан кейин суғурталовчи суғурта қилдирувчига суғурта тўловини тўлайди. Суғурта қилдирувчи учинчи шахсга етказилган зарарнинг ўрнини ўз ҳисобидан қисман қопласа суғурталовчи суғурта товонининг тегишли қисмини суғурта қилдирувчига, қолган қисмини эса – учинчи шахсга (унинг меросхўрига

ёки ҳуқуқий ворисига) тўлайди.

Банкнинг тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги белгиси қўйилган тўлов топшириқномаси нусхаси етказилган зарар ўрнини қоплаш тартибида суғурта қилдирувчи тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

33. Суғурта тўловини амалга оширишда суғурталовчи наф олувчидан суғурталовчига нисбатан даъвони чеклайдиган шартларни қабул қилишни талаб қилишга ҳақли эмас.

34. Суғурта товонини тўлаш суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида амалга оширилади.

35. Суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги ёки уни тўлаш ҳақидаги қарори суғурта қилдирувчига у суғурта товони тўлаш тўғрисида ёзма мурожаат этганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши керак, товон тўлаш рад этилганда қарорда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.

36. Агар суғурта товонини тўлаш ушбу Қоидаларда белгиланган муддатда амалга оширилмаган бўлса, суғурталовчи учинчи шахсга (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурта товонига қўшимча равишда суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасидан келиб чиққан ҳолда пеня тўлайди.

37. Агар мажбурий суғурта шартномаси амалда бўлган даврда суғурталовчи учинчи шахсга (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурта товони тўласа, у ҳолда суғурта қилдирувчи суғурталовчидан суғурта товони тўланганлиги тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан икки ҳафта муддатда тўланган суғурта товони суммасига ва мажбурий суғурта шартномаси амал қилишининг қолган муддатига мутаносиб равишда қўшимча суғурта мукофотини тўлайди.

38. Суғурталовчи мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши даврида вужудга келган зарарларнинг ўрнини, агар учинчи шахс (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) зарарларни келтириб чиқарган суғурта ҳодисаси ҳақида зарарларнинг ўрнини мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин уч йил ичида ундириш тўғрисида даъво аризаси берган бўлса, қоплайди.

39. Суғурталовчи суғурта ҳодисаси қуйидаги асослар бўйича юзага келган тақдирда суғурта товонини тўлашни рад этиш ҳуқуқига эга:

суғурта қилдирувчининг суғурта ҳодисаси юзага келишига сабаб бўлган қасддан қилган ҳаракатлари;

суғурта қилдирувчининг суғурта ҳодисаси юзага келишига сабаб бўлган қасддан содир этган жинояти;

суғурта қилдирувчи томонидан суғурта ҳодисаси юз берганлиги ҳақида ёлғон маълумотлар тақдим этилиши;

суғурта қилдирувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида” ги Қонунида белгиланган нотариуснинг вазифалари

ва мажбуриятларига мувофиқ бўлмаган фаолиятни амалга ошириши;

суғурта қилдирувчи томонидан зарар келтириб чиқаришда айбдор бўлган шахсдан етказилган зарар учун тегишли компенсация олиниши;

суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчига суғурта ҳодисаси юзага келиши ҳолатларини текширишда ва етказилган зарар миқдорини аниқлашда тўсқинлик қилиши.

Суғурталовчи ушбу бандда назарда тутилмаган асослар бўйича суғурта тўловини амалга оширишни рад этишга ҳақли эмас.

40. Қуйидаги ҳолларда суғурталовчи томонидан суғурта товони қопланмайди:

суғурта қилдирувчи томонидан тан олинган, бироқ суғурталовчининг розилиги олинмаган учинчи шахснинг ёзма талаби билан аниқланган зарар;

мажбурий суғурта шартномаси амал қилиши давомида шартнома кучга киргунга қадар юзага келган сабабларга кўра етказилган зарар;

маънавий зарар, бой берилган фойда ва жарима тўловлари.

 

VI. Суғурталовчининг регресс тартибида талаб қилиш ҳуқуқи

41. Суғурталовчи зарар етказган шахсга ўзи тўлаган суғурта тўлови миқдорида қуйидаги ҳолларда регресс тартибида талаб қилиш ҳуқуқига эга, агар:

суғурта ҳодисаси суғурта қилдирувчининг қасддан қилган ҳаракатлари натижасида юзага келган бўлса;

суғурта ҳодисаси суғурта қилдирувчининг қасддан содир этган жинояти натижасида юзага келган бўлса;

суғурта қилдирувчи томонидан зарарнинг олдини олиш ва (ёки) камайтириш чораларини қасддан кўрмаганлиги натижасида зарар миқдори ошиб кетган бўлса;

суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчига суғурта объекти, суғурта хавфи, суғурта ҳодисаси ва унинг натижалари ҳақида ёлғон маълумотлар берилган бўлса.

42. Суғурта тўловини амалга оширган суғурталовчига суғурта қилдирувчининг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсга нисбатан тўланган сумма доирасида регресс тартибида талаб қилишга бўлган ҳуқуқи ўтади.

43. Суғурталовчи томонидан ундирилган зарарлар бўйича жавобгар бўлган шахсга нисбатан эга бўлган талаб қилиш ҳуқуқи суғурта товонини тўлашни амалга оширган суғурталовчига у тўлаган сумма доирасида ўтади.

44. Суғурта қилдирувчи суғурта товонини олишда суғурталовчига унинг суғурта ҳодисаси юзага келишида айбдор бўлган шахсга нисбатан қайта талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун барча зарур ҳужжатларни бериши шарт.

45. Агар суғурта қилдирувчи суғурталовчи томонидан ундирилган зарар юзасидан жавобгар бўлган шахсга нисбатан ўзининг талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечса ёки ушбу ҳуқуқни амалга ошириш суғурта қилдирувчининг айбига кўра мумкин бўлмай қолса суғурталовчи суғурта қилдирувчидан суғурта товонининг тўланган суммасини қайтариб беришни талаб қилишга ҳақлидир.

VII. Якуний қоида

46. Мажбурий суғурта шартномасидан келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

47. Мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Умумий таклифлар

309