ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
111 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 03/08/2018 18/08/2018 0

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги маҳаллаларда “Тадбиркорлик марказлари”ни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-111

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишда тизимли амалий ёрдам кўрсатиш, аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги ПҚ-3777-сонли “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сонли Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 58 та маҳалла фуқаролар йиғинларида Тадбиркорлик марказлари (кейинги ўринларда – Марказлар деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъкуллансин.

3. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

Марказлар бизнес-инкубатор шаклида тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади;

Марказларга фуқаролар йиғинининг раислари раҳбарлик қилади ҳамда Марказлар ишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Марказлар фаолиятига зарур ҳолларда тегишли ҳудуддаги тажрибали тадбиркорлар, ҳунармандлар, намунали оила бошлиқлари ва фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг маслаҳатчилари жалб қилиниши мумкин.

4. Марказларнинг асосий вазифалари этиб, қуйидагилар белгилансин:

ҳар бир маҳалла хонадонларини уйма-уй юриб ўрганиш ва унинг асосида тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда уларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишлари учун кўмаклашиш ва марказга кенг жалб қилиш;

фуқароларнинг ўз бизнесларини ташкил этиш ва юритиш кўникмалари, жумладан, лойиҳа бизнес-режасини тайёрлаш, солиққа тортишнинг турли режимларини тўғри танлаш ва қўллаш, бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари, молиявий менежмент ва бухгалтерия ҳисобини ўзлаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича ўқитишни ташкил этиш;

зарур бўлган ҳолларда, янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорлар “оёққа туриб олгунга қадар” уларга Марказлар (бизнес-инкубатор) биносидан, шу жумладан ёшлар тадбиркорлик кластерлари биноларидан белгиланган тартибда жой ажратиб бериш учун кўмак бериш;

тадбиркорларга, шунингдек тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолига ўз бизнесларини ташкил этишда бизнес-режалар ишлаб чиқиш, маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, солиққа тортиш, ишчилар ёллаш, статистика, молия, солиқ ва бошқа ҳисоботларни топшириш, банк хизматлари, бино ва жойларни ижарага олиш, давлат мулки объектларини “ноль” қийматида харид қилиш бўйича маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва амалий кўмак бериш;

тадбиркорлик субъектларига ишончли ҳамкорлар, янги бозорларни излаш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга олиб чиқишда ҳамда минитехнологиялар ва ускуналарни сотиб олишда амалий кўмак кўрсатиш;

маҳалла ёшларининг, аввало олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг ўз бизнесини ташкил қилиш ва юритишга кўмаклашиш;

маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги жисмоний ва юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, “ягона дарча” тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари ҳақида маълумот бериш;

маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқароларга банк, лизинг, суғурта, аудиторлик, консалтинг, бухгалтерия, баҳолаш, риэлторлик ва бозор инфратузилмаси субъектларининг бошқа хизматлари ҳақида ахборот бериш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ўзининг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тегишли давлат органларига мурожаат этишда маслаҳатлар бериш ҳамда аҳолини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолияти давомида юзага келадиган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ давлат органлари ва бошқа ваколатли ташкилотлар мазкур қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ўз ваколатлари доирасида, Марказлар фаолиятини ташкил этишда Марказлар билан доимий ҳамкорлик қиладилар ва уларнинг самарали фаолият олиб боришиларини таъминлашга қаратилган кўмаклашувни таъминлайдилар.

6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси (Икрамов) Давлат рақобат қўмитаси (Ғуломов) билан биргаликда:

маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, шунингдек Марказлар ходимларининг билим ва малакасини ошириш бўйича замонавий интерактив ўқув методларини қўллаган ҳолда бир йилда икки марта (сентябр ва март ойлари) ўқув-семинарлар ўтказилишини;

тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланишда, шунингдек янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорлар ва ҳунармандчилик субъектларига бизнес-режалар тайёрлашда маслаҳат ёрдами ва амалий кўмак кўрсатилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Олмазор тумани ҳокимлиги билан биргаликда тегишли ҳудудда яшовчи ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва стартаплар ташкил этиш учун уларга белгиланган тартибда ёшлар тадбиркорлик кластерлари ҳудудидан майдонлар тақдим этилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши буюртманомасига кўра Марказларни белгиланган тартибда зарур бўлган алоқа воситалари билан таъминласин, шунингдек кенг қамровли Интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратиб берсин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикжоджаев, Арипов), Олмазор тумани ҳокимлиги (Рахмонов) бир ой муддатда Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан биргаликда Марказларни Олмазор туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида жойлаштирилишини ҳамда керакли мебел, жихозлар ва зарур оргтехника воситалари билан тўлиқ жиҳозлаш ва марказларни самарали фаолият кўрсатиши учун шароит яратиб берилишини таъминласин.

10. Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон Республикаси
Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Тадбиркорлик маркази тўғрисидаги намунавий низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Белгилаб қўйилсинки, ҳар чорак якуни бўйича Олмазор туман ҳокимининг Марказлар фаолияти самарадорлиги ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисоботлари халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашида эшитилади.

13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Артикжоджаев, Арипов), Олмазор тумани ҳокимлиги (Рахмонов) раҳбарлари зиммасига марказлар фаолиятини ташкил этиш ва самарали фаолият олиб боришларини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Кучкаров ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А.Артикходжаев зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири     А. Арипов

Умумий таклифлар

987