ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
11081 Государственный комитет Республики Узбекистан по земельным ресурсам, геодезии, картографии и государственному кадастру 13/12/2019 30/12/2019 0

Муҳокама якунланди

Идораларнинг буйруқ ёки қарори
Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-11081

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия,
картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг
қарори

Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги ПҚ-4270-сон “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси қарор қилади:

1. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ер ресурслари, геодезия, картография

ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси                                                                                 А. Абдуллаев

 

 

                 Тошкент ш.,                                                                                  

 2019 йил “_____” _________,

                  _____ - сон

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография

ва давлат кадастри давлат қўмитасининг

2019 йил “___”_______________ги

 _____-сонли қарорига
ИЛОВА

 

Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги ПҚ-4270-сон “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ малака имтиҳонини ўтказиш, кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш, муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.

1-боб Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ҳудудида шартнома асосида кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш (бирламчи кадастр ҳужжатлари бундан мустасно), уларнинг қаватма-қават режаларини тузиш, техник режаларни расмийлаштириш, шунингдек уларни техник ҳисобга қўйишни амалга оширадиган ва малака шаҳодатномасига эга бўлган жисмоний шахс;

малака имтиҳони кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси назарий ва амалий тайёргарлигининг,  тажрибаси ва касбий билимларининг қанчалик етарлилигини объектив аниқлаш ва уларнинг талабларга мослигини баҳолаш шакли;

малака шаҳодатномаси – жисмоний шахснинг кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси фаолиятини амалга ошириш ваколатини берувчи, кўчмас мулкни хатловдан ўтказиш (бирламчи кадастр ҳужжатлари бундан мустасно), уларнинг қаватма-қават режаларини тузиш, техник режаларни расмийлаштириш, шунингдек уларни техник ҳисобга қўйиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;

ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси;

марказ Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази;

махсус ўқувдан ўтганлик ҳақида сертификат – Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича ваколатли органда махсус ўқувдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

риэлторлик ташкилоти – юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган тижорат ташкилоти;

талабгор – кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси малака шаҳодатномасини олишга талабгор бўлган жисмоний шахс.

2. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, марказ томонидан амалга оширилади.

3. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси фаолиятини амалга оширишда, жисмоний шахс риэлторлик ташкилоти билан меҳнат шартномасини тузади.

Бунда, кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномаси, жисмоний шахснинг риэлторлик ташкилоти билан меҳнат шартномаси тузилганлиги шарти билан кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

4. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномаси талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда ваколатли орган томонидан берилади.

2-боб. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисига қўйиладиган малака талаблари

5. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси малака шаҳодатномасини олиш учун талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) геодезия ва ер кадастри йўналиши бўйича олий маълумотга эга ёки геодезия ва ер кадастри бўйича бир йилдан кам бўлмаган иш стажи бўлиши ҳамда  кадастр муносабатлари соҳасида касбий қайта тайёргарлик дастури бўйича таълим олганлиги;

Бунда хорижий давлатларда олинган олий маълумот ёки илмий даража белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидаги маълумотга эквивалент деб топилган тақдирда эътиборга олинади;

б) ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган дастур асосида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисини тайёрлаш бўйича махсус ўқувдан ўтганлик ҳақида сертификат бўлиши, бунда ўқиш тугаган пайтдан бошлаб имтиҳон топшириш учун ҳужжатлар топширилгунгача ўтган вақт ўн икки ойдан ошмаслиги керак;

геодезия ва ер кадастри йўналиши бўйича халқаро сертификатга ёки кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси шаҳодатномасига эга талабгорлар малака имтиҳонини топширишга махсус ўқишдан ўтказмасдан қўйилади.

6. Кўчмас мулк кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномаси 3 йил муддатга берилади.

7. Малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси малака шаҳодатномасини олган йилдан бошлаб ҳар уч йилда ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган дастур асосида 40 соатдан кам бўлмаган ҳажмда кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисини тайёрлаш юзасидан махсус ўқув курсларидан ўтиб туриши лозим.

8. Малака имтиҳонидан ўтганлик учун талабгор (кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси) базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим тўлайди.

9. Малака шаҳодатномаси дубликатини бериш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоиз миқдорида йиғим ундирилади.

10. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, имтиҳон ўтказиш марказ томонидан, малака шаҳодатномасини бериш ваколатли орган томонидан амалга оширади.

3-боб. Малака имтиҳонини топшириш тартиби

11. Талабгор малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ҳақидаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда марказга шахсан топширади:

а) мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисидаги ариза;

б) паспорт нусхаси (яшаш учун гувоҳнома – хорижий фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахслар учун);

в) олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёхуд хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги гувоҳномасининг нусхаси;

г) меҳнат дафтарчасининг нусхаси (меҳнат стажини тасдиқловчи “Электрон меҳнат дафтарчаси” тизимидан кўчирма);

д) 3,5 х 4,5 см ўлчамли тўрт дона фотосурат.

12. Мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

13. Мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ҳужжатлар талабгор томонидан марказга шахсан, почта ёки электрон алоқа воситалари орқали уларни олинганлигини тасдиқловчи хабарнома билан бирга топширилади.

14. Марказ ариза келиб тушган вақтдан бошлаб уч иш куни ичида малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

15. Марказ қуйидаги асосларга кўра малака имтиҳонини топширишга рухсат беришни рад этади:

а) талабгорнинг мазкур Низом 5-банди талабларига жавоб бермаганда ёки тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этганда;

б) лозим тарзда расмийлаштирилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилиши;

в) суд тартибида геодезия ва ер кадастри муносабатлари соҳасида муайян лавозимни эгаллаш ёки ушбу соҳада муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганда;

г) ҳужжатларда ёлғон ёки бузиб кўрсатилган ахборотнинг аниқланиши.

Талабгорни бошқа асосларга кўра малака имтиҳонини топширишни рад этишга йўл қўйилмайди.

16. Талабгор малака имтиҳонини топширишга қўйилмаган тақдирда, марказ тегишли қарорни қабул қилади ҳамда имтиҳон топширишга йўл қўйилмаганлиги сабабларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор ҳақида талабгорни ёзма равишда хабардор қилади.

17. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилган талабгор рад этишга сабабчи бўлган камчиликларни бартараф этгандан кейингина қайта ариза бериши мумкин.

18. Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ҳақида қарор қабул қилинганда, имтиҳонга қўйилганлар рўйхати имтиҳон комиссиясига берилади.

19. Малака имтиҳонига қўйилган талабгор малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи ҳақида имтиҳон ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин мобиль телефони (мавжуд бўлганда), почта ёки электрон алоқаси орқали хабардор қилинади.

Малака имтиҳонига қўйилган талабгорлар рўйхати ваколатли орган ва марказнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

20. Талабгорни малака имтиҳонига қўйиш юзасидан қарор қабул қилинганда имтиҳонга қўйилганлар рўйхати имтиҳон комиссиясига топширилади. Бунда малака имтиҳони гуруҳлар шаклланишига қараб, лекин икки ойда камида бир маротаба ўтказилади.

21. Имтиҳон комиссияси таркиби ва тест саволлари ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

22. Малака имтиҳонини топширишда талабгор паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг (хайдовчилик гувохномаси, ҳарбий гувохнома) аслини тақдим этади.

23. Паспорт ёки унинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эга бўлмаган ёхуд малака имтиҳонига кечиккан талабгорлар келмаган ҳисобланади ва навбатдаги малака имтиҳонидан ўтадиган талабгорлар рўйхатига киритилади, бу ҳақда шахсан, почта ёки электрон алоқаси орқали уч иш кунидан кечиктирмай хабардор қилинади.

24. Агарда талабгор тегишли тарзда хабардор қилинганидан кейин икки маротаба малака имтиҳонини топшириш учун келмаса, тақдим этилган ҳужжатлар талабгорга қайтарилади. Бунда малака имтиҳонидан ўтиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.

25. Малака имтиҳони компьютерда топшириладиган тест синовлари орқали талабгорнинг танловига кўра ўзбек ёки рус тилида ўтказилади.

26. Тест саволлар вариантлари ва уларнинг жавоблари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги таклифларини ҳисобга олган ҳолда ваколатли орган томонидан тасдиқланган ўқув дастури асосида ишлаб чиқилади.

Тест саволлари қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда янгилаб борилади.

27. Тест синови 40 дақиқа ичида ўтказилади ва ўқув дастурининг барча бўлимларини акс эттирувчи 75 та саволдан иборат бўлади.

Саволларининг 70 фоизидан кам бўлмаган саволларга тўғри жавоб берган талабгор малака имтиҳонидан ўтган ҳисобланади.

28. Малака имтиҳонини топшириш жараёнида талабгорга қуйидагилар тақиқланади:

а) қонун ҳужжатлари ва йўриқнома материаллари, ахборотномалар ва махсус адабиётлардан фойдаланиш;

б) мобиль алоқа воситаси ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланиш;

в) бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш.

Ушбу талабларни бузган талабгорлар аудиториядан чиқариб юборилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади.

Бегона шахсларга малака имтиҳонида иштирок этишга рухсат берилмайди.

29. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгорга беш иш куни ичида тақдим этилган ҳужжатлари шахсан ёки буюртма хати орқали қайтариб юборилади. Бунда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

30. Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгор малака имтиҳонини такроран топшириш ҳуқуқига эга.

31. Малака имтиҳонининг натижалари малака имтиҳони ўтказилган кундан сўнг уч кунлик муддатда имтиҳон комиссиясининг баённомаси билан расмийлаштирилади
ва ваколатли органнинг буйруғи билан тасдиқланади.

32. Талабгорларнинг тест жавоблари ҳамда имтиҳон комиссиясининг баённомалари ваколатли органда сақланади.

33. Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида малака имтиҳонини ўтказиш жараёни узлуксиз равишда видеоёзувга (овозли) туширилади, видеотасвир ваколатли органда уч йил мобайнида сақланади.

4-боб. Малака шаҳодатномасини расмийлаштириш ва бериш

 

34. Малака шаҳодатномаси талабгорнинг фотосурати ёпиштирилган махсус бланкада мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида амал қилади.

35. Малака шаҳодатномасининг бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади ҳамда ҳисобга олиш серияси, тартиб рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Малака шаҳодатномасининг бланкалари ваколатли орган буюртманомасига асосан “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади.

36. Малака шаҳодатномаси ваколатли орган томонидан имтиҳон комиссиясининг баённомаси олинганидан кейин ўн кун муддатда расмийлаштирилади ва малака шаҳодатномасининг эгасига ёки ишончнома асосида унинг вакилига кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандислар реестрига имзоси қўйилганидан сўнг берилади.

37. Агар талабгор малака шаҳодатномасини расмийлаштириш кунидан бошлаб уч ой ичида уни олишга келмаса ёки уни олишдан ёзма равишда ихтиёрий бош тортса ваколатли орган мазкур шаҳодатномани бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бунда талабгорлар томонидан тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

38. Малака шаҳодатномаси уч йил муддатга берилади ва унинг амал қилиш муддати уч йиллик муддатларга узайтирилиши мумкин.

39. Малака шаҳодатномасига эга бўлган ҳар бир кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси малака шаҳодатномаси олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар уч йилда бир марта Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг таклифлари ҳисобга олинган ҳолда ваколатли орган томонидан тасдиқланган кадастр муносабатлари соҳасида касбий қайта тайёргарлик ўқув дастурлари бўйича камида 40 соатлик малака ошириш курсларидан ўтиши шарт.

Малака шаҳодатномасини олган кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси малака ошириш курсларидан ўтмаган тақдирда, у махсус ўқув курсларидан ўтиши керак. Бундай кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларнинг малака шаҳодатномаси амал қилиш муддати фақат махсус ўқув курсларидан ўтганидан кейин узайтирилади.

5-боб. Апелляцияни кўриб чиқиш тартиби

40. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор малака имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб ўттиз календарь куни ичида ваколатли органга апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция ёзма равишда тақдим этилади.

41. Ваколатли орган бир ҳафталик муддатда киритилган апелляцияни кўриб чиқади ва талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.

42. Апелляцияни кўриб чиқиш натижалари юзасидан ваколатли орган томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

а) имтиҳон натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида;

б) апелляция берган шахс учун такроран малака имтиҳонини ўтказиш тўғрисида.

43. Малака имтиҳони натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

а) апелляция мазкур Низом талабларини бузган ҳолда тақдим этилган бўлса;

б) апелляцияда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.

44. Малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисидаги қарор апелляция берган талабгорнинг малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда қабул қилинади.

45. Ваколатли орган томонидан апелляция берган талабгор учун малака имтиҳонини такроран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, такрорий малака имтиҳони мазкур Низомда белгиланган тартибда ўтказилади.

46. Талабгор такроран апелляция бериши мумкин эмас.

47. Ваколатли органнинг қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ судга шикоят қилиниши мумкин.

6-боб. Малака шаҳодатномасини амал қилиш муддатини узайтириш, қайта расмийлаштириш ва дубликат бериш

48. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси ваколатли органга малака шаҳодатномаси муддатини узайтириш учун малака имтиҳонини топшириш тўғрисидаги мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

а) мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда тўлдирилган сўровнома;

б) малака шаҳодатномасининг асл нусхаси;

в) малака шаҳодатномаси олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар уч йилда бир марта малака ошириш курсидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси.

Малака ошириш курсидан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатлар бўлмаган тақдирда кўчмас мулк бўйича кадастр мухандиси махсус ўқувдан ўтганлик ҳақидаги сертификатнинг нусхасини илова қилиши лозим;

г) малака имтиҳонидан ўтиш ва малака шаҳодатномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридаги йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

49. Малака шаҳодатномасининг муддати кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси малака имтиҳонини муваффақиятли топширган тақдирда узайтирилади.

50. Малака шаҳодатномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун малака имтиҳонидан ўта олмаган тақдирда, малака шаҳодатномасини қайтадан бериш мазкур Низом асосида амалга оширилади.

51. Малака шаҳодатномасининг амал қилиш муддатининг узайтирилиши белгиланган тартибда мазкур шаҳодатноманинг бланкасида махсус белгини (ёзув) қайд этиш орқали амалга оширилади.

Малака шаҳодатномаси бланкасида унинг муддатини узайтиришга тааллуқли тўлдирилмаган қаторлар мавжуд бўлмаган тақдирда, кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисига аввалги рўйхатга олиш рақами қўйилган янги малака шаҳодатномаси берилади. Илгари берилган малака шаҳодатномаси бланкаси ваколатли орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилинади.

52. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг фамилияси (исми, шарифи) ёки паспорт маълумотлари ўзгарган тақдирда, у ваколатли органга малака шаҳодатномасини қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт, бунда аризага қайта расмийлаштирилиши лозим бўлган малака шаҳодатномасининг асл нусхаси билан бирга тегишли ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари илова қилинади.

53. Малака шаҳодатномасининг қайта расмийлаштирилиши кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси томонидан ариза берилган пайтдан бошлаб ўн кун мобайнида амалга оширилади, бунда малака шаҳодатномасининг аввалги рақам ва илгари белгиланган амал қилиш муддати янги бланкада берилади. Илгари берилган малака шаҳодатномаси бланки ваколатли органга топширилиши лозим. Топширилган бланк ваколатли орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилинади.

54. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган малака шаҳодатномасининг ўрнига кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг аризасига кўра малака шаҳодатномаси дубликати берилади.

Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси малака шаҳодатномасининг йўқолганлиги ва уни ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги ҳақида матбуотда эълон бериши ва эълон нусхасини ваколатли органга тақдим этиши керак.

55. Малака шаҳодатномаси дубликатида унинг аввалги қайд этилган рақами ва илгари белгиланган амал қилиш муддати ёзилади, янги бланканинг юқоридаги ўнг бурчагига “Дубликат” ёзуви кўрсатилган бўлиши керак.

Яроқсиз ҳолга келган малака шаҳодатномаси ваколатли органга қайтарилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилинади.

56. Малака шаҳодатномасининг дубликатини беришда ёки уни қайта расмийлаштиришда кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисидан базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

7-боб. Малака шаҳодатномасининг амал қилишини тўхтатиш ва уни

бекор қилиш тартиби

57. Қуйидагилар малака шаҳодатномасининг амал қилишини тўхтатиш учун асос ҳисобланади:

а) кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг аризаси;

б) кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузиш. Малака шаҳодатномасини амал қилинишини тўхтатишга асос бўлиши мумкин бўлган қонун ҳужжатлари талабларини бир марта қўпол равишда бузишга қуйидагилар киради:

геодезия ва ер кадастри муносабатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлар талабларини бузиш;

кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш (бирламчи кадастр ҳужжатлари бундан мустасно), уларнинг қаватма-қават режаларини тузиш, техник режаларни расмийлаштириш, шунингдек уларни техник ҳисобга қўйиш ишларини амалга оширишда хатоликларга йўл қўйилиши;

тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зиён ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиш.

в) геодезия ва ер кадастри муносабатлари соҳасида муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини назарда тутувчи қонуний кучга кирган суд ҳукми;

г) фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарори.

58. Малака шаҳодатномаси унинг амал қилиш муддатини тўхтатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб тўхтатилади. Малака шаҳодатномасининг амал қилишини тўхтатиш ва бекор қилиш суд органларининг қарорига асосан амалга оширилади.

59. Ваколатли органнинг малака шаҳодатномасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори малака шаҳодатномаси берилган санадан бошлаб амал қилади.

60. Қонун ҳужжатларини бузганлик учун малака шаҳодатномалари бекор қилинган ёки амал қилиши тўхтатилган кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандислар, малака шаҳодатномалари бекор қилинган ёхуд амал қилиши тўхтатилган санадан бошлаб уч йил мобайнида малака шаҳодатномасини такроран олиш учун имтиҳонга қўйилмайди.

61. Малака шаҳодатномасининг амал қилишини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор оммавий ахборот воситаларида, шунингдек ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

62. Малака шаҳодатномасининг амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор беш кунлик муддатда кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси
ва риэлторлик ташкилотига юборилади.

63. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси унинг малака шаҳодатномасини тўхтатиш ёки амал қилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб ўн кун мобайнида мазкур шаҳодатномани ваколатли органга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилиш учун қайтариши шарт.

64. Малака шаҳодатномасининг амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

8-боб. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандислари реестри

65. Ваколатли орган потенциал мижозларга умумий ахборот бериш мақсадида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандислари реестрини юритади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

фамилияси, исми, отасининг исми;

малака шаҳодатномаси олинган сана;

малака шаҳодатномасининг ҳисоб серияси, рақами, берилган санаси;

малака имтиҳони баҳоси;

малака шаҳодатномасининг амал қилишини узайтириш, тўхтатиш, бекор қилиш, қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш ҳақидаги маълумотлар.

66. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси реестри электрон шаклда юритилади. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси реестрининг шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.

67. Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандислари реестрига киритилган маълумотлардан очиқ фойдаланиш мумкин бўлиб, ваколатли органнинг расмий
веб-сайтида эълон қилинади.

9-боб. Якуний қоидалар

68. Мазкур Низомни бажариш жараёнида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

69. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

70. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

 

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори

С.Бекенов  

 

 

2019 йил _______________

 

 

 

Савдо-саноат палатаси раиси

А. Икрамов  

 

 

2019 йил “____” ________  

 

 

 

 

 

 

 

Умумий таклифлар

176