ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
11004 Государственный комитет Республики Узбекистан по развитию туризма 10/12/2019 25/12/2019 25

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори
Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида
ID-11004

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантиришга
оид чора-тадбирлар тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5781-сонли Фармони ижросини таъминлаш, мамлакатимизда ёшлар туризмини ривожлантириш, ёш туристлар оқимини ошириш, ёшларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда туризм масканлари билан таништирган ҳолда уларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, ёшлар орасида туризмни оммалаштириш, ёшларни жалб этувчи туризм масканлари сонини ошириш, туристик хизматларни диверсификациялаш ва сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантириш Концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

Белгилансинки, Концепция ҳар йиллик алоҳида чора-тадбирлар режасини тасдиқлаган ҳолда, унинг асосий йўналишлари ва мақсадли параметрларининг тегишли давр мобайнида бажарилишига қараб босқичма-босқич амалга оширилади.

б) 2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – Чора-тадбирлар режаси) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тегишли йил бўйича Чора-тадбирлар режасининг бажарилиши якунларини таҳлил қилган ҳолда ҳар йили 1 декабрга қадар кейинги йил учун Чора-тадбирлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

туризм мавсуми паст бўлган ойларда (декабрь-февраль ва июль-август ойларида) ташкил этиладиган халқаро тадбирларда ўрнатилган тартибда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

100 нафардан ортиқ хорижий иштирокчилар ташриф буюрса – иштирокчиларни халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалидан кутиб олиш ва кузатиш учун транспорт харажатлари;

150 нафардан ортиқ хорижий иштирокчилар ташриф буюрса – иштирокчиларни халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалидан кутиб олиш ва кузатиш учун транспорт харажатлари ҳамда тадбир ўтказиладиган ҳудудда экскурсия ташкил этиш харажатлари;

200 нафардан ортиқ хорижий иштирокчилар ташриф буюрса – иштирокчиларни халқаро аэропорт ва темир йўл вокзалидан кутиб олиш ва кузатиш транспорт харажатлари ҳамда тарихий шаҳарлардан бирига бир кунлик саёҳатнинг гид ва шаҳар ичидаги транспорт харажатлари (тарихий шаҳарларга бориш ва келиш харажатларидан ташқари) қоплаб берилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги икки ой муддатда йилнинг туризм мавсуми паст бўлган даврда (ноябрь-март ойигача) ёшлар, шу жумладан хорижликлар учун мамлакат ичида йўл чипталари (авиа, темир йўл, автобус) чегирмаларни жорий этишнинг аниқ механизмлари бўйича таклиф ишлаб чиқсин ва киритсин.

4. “Ўзавтосаноат” АК таркибига кирувчи ишлаб чиқариш корхоналари, Қуёш энергияси халқаро институтида доимий экскурсиялар учун шароит яратиш ва саёҳатлар ташкил этиш учун рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда барча босқичдаги таълим муассасалари ўқувчи ва талабаларини ҳар бир таълим муассасасидаги ўқувчи ва талабалар умумий сонининг камида 10 фоизини қамраб олган ҳолда юқорида санаб ўтилган муассаса, ташкилот ва йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарга саёҳатларини ташкиллаштирсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

бир ой муддатда ёшлар ўртасида мамлакатимизнинг маданий меросини оммалаштириш, тарихий обидаларни танитишга, шунингдек, аждодларимиз томонидан тўпланган маданий меросни асраб авайлаш, уни ўсиб келаётган авлод тарбиясига таъсирини ошириш борасидаги жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат грант танловларини ташкил қилишга доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига киритсин;

юртимизда туризм соҳаси билан шуғулланувчи ёшларни бирлаштириш, уларнинг сайъи-ҳаракатларини туризм соҳасидаги ислоҳотларга сафарбар этиш ҳамда ёшлар туризмини ривожлантириш мақсадида ёшлар туризми бўйича жамоат бирлашмаларини ташкил этиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ойлик муддатда ички туризмни ривожлантириш доирасида ўқувчи ва талабалар ҳамда уларнинг ота-оналари саёҳатларини самарали ташкил этиш мақсадида барча умумий ўрта таълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида беш кунлик ўқиш тизимини жорий этиш ҳамда туризм мавсумини узайтириш мақсадида ёзги таътил муддатини қисқартириш ҳисобидан қишги таътил даврини узайтириш бўйича таклиф ишлаб чиқсин ва киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи А.Ў. Аққулов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                          А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
20___ йил __ ___даги _______-сон қарорига
1-илова

 

2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида
ёшлар туризмини ривожлантириш

Концепцияси

 

2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантириш Концепцияси ёшлар орасида туризмни оммалаштириш, ички туризмни ривожлантириш орқали ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёш туристлар учун қулай шароитлар яратиш, ёшлар туризмини жадал ривожлантириш бўйича устувор мақсад ва вазифаларни белгилаш, юртимизга ёш туристлар оқимини ошириш, ёшлар учун туризм хизматларини диверсификация қилиш ва сифатини яхшилаш ҳамда ёш туристларга мўлжалланган туризм инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган.

 

1-боб. Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантиришнинг
 жорий ҳолати таҳлили

Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжуд. Жумладан, юртимизда жами 10 915 та кўнгилочар масканлар ва туристик объектлар фаолият кўрсатмоқда, хусусан 205 та кўнгилочар парк, 51 та тематик парк, 34 та эко-парк, 63 та аквапарк, 43 та сув аттракциони, 120 та музей, 17 та ёшлар шаҳарчалари, 450 та замонавий талабларга жавоб берувчи ресторан ва кафелар, 95 та кинотеатр ва театр, 52 та кўнгилочар савдо марказлари, 168 та замонавий тусдаги хостел, 8850 та ҳунармандлар устахоналари, 64 та агротуризм объектлари, 655 та туристик типдаги транспорт воситалари (231 та автобус, 284 та микроавтобус, 30 та электромобил, 4 та даблдекер, 39 та квадроцикл, 5 та гидроцикл, 62 та йўл танламас) ҳамда 48 таси от ва туя фермалари шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, 8 000 дан ортиқ моддий маданий мерос объектлари, 100 дан ортиқ олий таълим муассасалари, 1000 дан ортиқ ёзги оромгоҳлар, кўплаб спорт иншоотлари ва соғломлаштириш масканлари ёш туристларни ўзига жалб этиш имкониятига эга.

2017 йилгача бўлган даврда хорижий ташриф буюрувчи ёшлар сонининг ўсиш суръати ўртача йиллик 4 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда 12 фоизни ташкил қилиб, 1 миллион 525 минг нафардан ошди. 2019 йилнинг ўтган даврида эса республикага 1 миллион 750 мингдан ортиқ хорижий ёш туристлар ташриф буюрган.

Мамлакатимизда 213 та “Баркамол авлод” болалар марказларида 4 та йўналишда (ёш музейшунос, ёш ўлкашунос, ёш сайёҳ ва ёш экскурсавод) тўгараклар ташкил этилиб, жами 5 мингдан ортиқ ўқувчилар қамраб олинди. Мазкур дастур доирасида 1 миллиондан ортиқ ўқувчиларнинг мамлакатимизнинг турли ҳудудлари бўйлаб саёҳатлари ташкил этилди.

Ёшларнинг туризм соҳасига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида “Тourism challenge” (Туризм чорлови) танлови ташкил этилиб, танлов доирасида 10 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олган 600 дан ортиқ саёҳатлар амалга оширилди.

Ногиронлиги бўлган ёшлар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 2 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олган 20 та республика бўйлаб бепул саёҳатлар ташкил этилди.

Ёш авлодда ватанпарварлик ҳиссини шакллантириш ҳамда уларда ишлаб чиқариш ва тадбиркорликка бўлган қизиқишни ошириш мақсадида, 2018 йилда 5 мингдан ортиқ ёшларнинг, хусусан олий ва ўрта-махсус ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва талабаларининг ҳудудлардаги йирик ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотларга саёҳатлари ташкиллаштирилган бўлса, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 28 500 нафар ёшлар қамраб олинган.

Ёшлар туризмини ривожлантириш ҳамда туризм турларини диверсификация қилиш юзасидан ёшлар ўртасида 10 дан ортиқ мусиқа фестиваллари ўтказилди. Уларда 100 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Чет элда истиқомат қилаётган ёшларни мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга жалб этиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида АҚШ, Германия, Чехия, Туркия, Польша, Голландия, Швейцария, Буюк Британия, Латвия, Финландия, Эстония, Саудия Арабистони, Япония, Хитой, Малайзия, Индонезия, Россия ва бошқа мамлакатларда 30 дан ортиқ ватандошлар форумлари ўтказилди ҳамда 5 мингдан ортиқ ёш ватандошлар қамраб олинди. Тадбирлар давомида ёшлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, миллий маданиятимиз ва урф-одатларимизни кенг оммалаштириш ҳамда ўзаро яқин алоқалар ўрнатишга жалб этилди.

Республикада ёшлар туризмини ривожлантириш мақсадида 3 ойдан 2 йилгача муддатга бериладиган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун талабалар кириш визаси, Ўқув кириш визаси, Ўқитувчилар кириш визаси ҳамда Академик кириш визаси каби тоифалари тасдиқланди.

Яна бир муҳим кўрсаткич шундан иборатки, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади ва бу жиҳат мамлакатимизда ёшлар туризмини ривожлантириш натижасида ички туризмни янада тараққий эттириш имкониятини беради.

2-боб. Ўзбекистонда ёшлар туризмини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ва босқичлари

2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ёшлар туризмини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари мамлакатимизга ёш туристлар оқимини ошириш, халқимизнинг анъаналари ва урф-одатлари билан таништириш, ёшлар орасида туризмни оммалаштириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни жалб этувчи туризм масканларини сонини ошириш, туристик хизматларни диверсификациялаш ва сифатини ошириш орқали иловада кўрсатилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш.

Ёшлар туризмини ривожлантиришнинг асосий босқичлари қуйидагилардан иборат:

2020-2021 йилларда ёшлар туризмини ривожлантириш учун мустаҳкам қонунчилик базани яратиш, тегишли туризм инфратузилмасини модернизациялаш ва мамлакатнинг ёшлар туризми брендини фаол тарғиб қилиш;

2022-2025 йилларда – ёшлар туризми бўйича инфратузилмани яратиш, ёшларни жалб этувчи туризм масканларини кўпайтириш, туристик хизматларни диверсификациялаш ва сифатини ошириш. Ушбу йўналишда мамлакатнинг ёшлар туризми бўйича салоҳиятини кенг тарғиб қилиш орқали 2025 йил якунига қадар
хорижий мамлакатлардан 4 миллиондан ортиқ ёш туристларни жалб қилиш.

Узоқ истиқболда Ўзбекистонни ёшлар туризми йўналишида жаҳон миқёсида энг рақобатбардош давлатлар қаторига киритиш ва ёш туристлар оқимини кескин ошириш.

3-боб. Ёшлар туризмини ривожлантиришнинг
асосий йўналишлари

Ёшлар туризми йўналишида қисқа муддатли истиқболга мўлжалланган мақсадли вазифа ва устуворликлардан келиб чиқиб, қуйидаги асосий йўналишлар бўйича чора-тадбирларни фаол амалга ошириш кўзда тутилган:

1) ёшлар туризмини ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шу жумладан:

ёшлар туризмини ривожлантириш ва ёш туристлар оқимини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, бунда ёшлар туризм йўналишида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва ёш туристлар учун қулай шароитлар яратишни назарда тутиш;

республикага ёш туристлар оқимини таъминловчи, улар учун имтиёзлар қўллашнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

хусусий секторни жалб қилиш ва ёш тадбиркорлар фаоллигини рағбатлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш;

давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш ва кенг қўллаш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш:

ёшлар туризмини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ёшлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, туризм соҳасида ёшлар туризмининг ролини ошириш, туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи ёш тадбиркорлар сонини ошириш, шу жумладан 2025 йилда туризм экспортини оширишни таъминлайди.

2) ёш туристларнинг эҳтиёжлари ва талабларини инобатга олган ҳолда, мамлакатнинг барча ҳудудларида туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани ривожлантириш, хусусан:

талабни инобатга олган ҳолда, ёшлар учун мўлжалланган янги жойлаштириш воситаларини қуриш ва мавжудларни реконструкция қилиш билан бир қаторда ёндош инфратузилмани (умумий овқатланиш объектлари, ёшлар оромгоҳлари, транспорт-логистика тузилмалари, кўнгилочар масканлар индустрияси, маданий ва спорт муассасалари, туристик намойиш объектлари ва бошқаларни) ривожлантиришга қаратилган ёшлар туризми индустриясини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

маҳаллий ва хорижий ўқувчи ёшларни таътил вақтларини мазмунли ўтказишлари, уларни ўқишдан бўш вақтларида республиканинг турли ҳудудларига сайёҳатларини ташкил қилиш мақсадида жаҳон стандартлари асосида оромгоҳлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ҳамда кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;

кучли 1000 таликка кирган хорижий таълим муассасаларини имтиёз ва преференциялар бериш орқали уларнинг филиалларини республикада очишга қаратилган механизмларни ишлаб чиқиш;

ёшлар хостеллар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини қуришга оид лойиҳаларни амалга ошириш механизмини соддалаштириш, тадбиркорларга ўз хизматларининг сифатини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, жаҳонга машҳур ёшлар меҳмонхонаси бизнеси брендларини Ўзбекистонга жалб қилишни рағбатлантириш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш таълим соҳаси учун яратилган виза тоифаларидан фойдаланган ҳолда ёш туристлар республиканинг таълим муассасаларига жалб қилиш, таътил вақтларини республика ҳудудларида ўтказишлари учун зарур шарт-шаоитлар яратилишига ҳамда соҳага хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришни таъминлайди.

3) ёшлар туризми бўйича фестиваль, концерт ва маданий кўнгилочар дастурлар ҳамда спорт-соғломлаштириш дастурларини ўз ичига олган “event” туризмни ривожлантириш, кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ҳамда мазкур йўналишда инфратузилмани ривожлантириш шу жумладан:

маҳаллий ва хорижий ёш туристларни эҳтиёжи ҳамда хорижий мамлакатларнинг мувофаққиятли синовидан ўтган тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизда ёшлар учун анъанавий фестиваль, концерт ва маданий кўнгилочар дастурларни ташкил қилиш ва ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

миллий спорт турларини (этноспорт), шу жумладан белбоғли кураш, кўпкари, баҳодирлар ўйини ва бошқа спорт турлари бўйича турларни ташкил қилиш, миллий спорт турларини кенг тарғиб қилиш, ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган дастурларни шакллантириш;

ёшлар учун “event” туризми соҳасидаги ифраструктура, хусусан, замон талаблари ва халқаро стандартларга тўлиқ мос келувчи маданий кўнгилочар марказлар, спорт мажмуалари барпо этилишини рағбатлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшлар учун фестиваль, концерт ва маданий кўнгилочар дастурлар ҳамда спорт-соғломлаштириш дастурларини ташкил этиш ва ўтказишни тизимлаштириш ва бундай тадбирларни ягона календарини ишлаб чиқиш;

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш:

ўз ичига ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспортини қамраб олган қулай ва арзон транспорт логистикасини таъминлаш, республика ҳудудларига ва хорижий давлатларга саёҳатларни амалга оширишда қулай шарт-шароитлар яратиш;

мамлакатни йўловчилар ташиш соҳасида йирик минтақавий транспорт «хаби»га айлантиришни таъминлайди.

4) республика ичида ёшлар туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга қаратилган туризм фаолияти субъектларининг фаоллигини рағбатлантиришни таъминлайдиган ички ёшлар туризмни ривожлантириш, хусусан:

ёшлар туризми дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

умумий ва касб-ҳунар таълими дастурларига туристик экскурсия тадбирларини киритиш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш:

сифатли туристик маҳсулотларни шакллантириш, мавсумий омилларга бўлган қарамликни камайтириш ҳамда меҳмонхоналар юкловини, айниқса йилнинг номавсумий ойларида ошириш мақсадида ички ресурслардан самарали фойдаланиш;

5) қуйидагиларни назарда тутган юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, хизмат кўрсатувчи ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш:

ёшлар туризм соҳасида касб-ҳунар таълими муассасаларидаги кадрлари ва битирувчиларининг малакасини баҳолашни ташкил қилиш;

ёшлар туризмида халқаро талабларга жавоб берадиган узлуксиз, кўп босқичли таълим тизимини яратиш;

таълимнинг амалиётга йўналтирилган ва модернизациялашган таълим стандартлари, ўқув-услубий дастурлар ҳамда илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

ички ва кириш туризми соҳасида бевосита туристик хизматларни кўрсатувчи туризм соҳаси ходимлари (гидлар, йўриқчи-кузатувчи, туризм фаолияти субъектлари, умумий овқатланиш ташкилотлари, транспорт ва бошқалар ходимлари) учун мажбурий малака талабларини белгилайдиган стандартлар ишлаб чиқиш;

ёшлар туризми йўналишидаги ходимларини туристларга ахборот бериш ишлари ва хавфсизлик бўйича йўриқномаларни ўтказиш қоидаларга ўқитиш бўйича тизимни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш орқали туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш тизимини ташкил этиш учун, шу жумладан ҳудудларда таълим муассасалари сонини ошириш;

туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш учун етакчи хорижий олий ўқув юртлари филиалларини очиш.

Юқорида санаб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш профессионал кадрлар тайёрлови борасида интеграциялашган тизимни яратиш, таълим ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, юқори малакали менежер, администратор, оператор ва портье ошпазларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.

4-боб. Якуний қоидалар

Концепцияни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат олиб бориш, умумий мувофиқлаштирув, тезкор кўриб чиқиш ва республикада туризмни ривожлантириш бўйича муаммоли масалаларни ҳал этиш туризмни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.

Концепцияни самарали амалга ошириш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Концепциянинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб боради.

 

2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантириш Концепциясига
илова

2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида ёшлар туризмини ривожлантириш Концепциясини амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари

Т/р

Кўрсаткичлар номи

2020 й.

2021 й.

2022 й.

2023 й.

2024 й.

2025 й.

1.

Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хорижий ёш туристлар сони
(минг киши)

2 200

2 600

3 000

3 300

3 650

4 000

2.

Ички ёш туристлар сони
(мингта ташриф)

6 300

7 500

8 600

9 500

10 500

12 000

3.

Ёшлар хостеллари, лагер ва пансионатлар сони (дона)

40

65

90

102

120

140

4.

Халқаро даражадаги ёшлар фестиваллари, форум ва бошқа тадбирлар сони (дона)

20

32

45

60

70

80

5.

Хорижий ёш туристларнинг мамлакатда бўлиш давомийлиги (сутка)

2,6

3,0

3,3

3,8

4,0

4,3

6.

Хорижий ёш туристнинг мамлакатдаги бир саёҳат давомида ўртача харажати (АҚШ долл.)

225

270

324

405

506

607

 

Изоҳ: Прогноз қилинаётган кўрсаткичларга туризмни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни амалга ошириш натижаларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг
20___ йил __ ___даги _______-сон қарорига
2-илова

 

 

 

2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ёшлар туризмини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича
2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси

 

Тадбирлар номи

Бажарилиш муддати

Ижро учун масъуллар

Назорат учун масъуллар

  1.  

Ёшларни болалик чоғиданоқ туризмга фаол жалб қилиш мақсадида “Баркамол авлод” болалар марказларида ташкил этилган “Ёш музейшунос” “Ёш ўлкашунос” “Ёш сайёҳ”, “Ёш экскурсавод” каби тўгараклар фаолиятини янада кучайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш.

Амалга ошириш шакли: Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2020 йил

февраль

ишлаб чиқиш учун –

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ёшлар туризмини қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 ёшгача бўлган ёшлар, шу жумладан хорижлик ёш туристларга ишлаш билан биргаликда саёҳат қилиш имкониятини яратиш мақсадида “Work&Travel” (иш ва саёҳат) дастурини жорий этиш механизми ва ташкилий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий механизм ва чора-тадбирлар дастури

2020 йил

февраль

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев),Ташқи ишлар вазирлиги (А. Комилов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ногиронлиги бўлган ёшлар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун Ўзбекистон бўйлаб бепул саёҳатлар ташкил этиш, ногиронлиги бўлган ёшлар саёҳат қилишлари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида тегишли жамоат тузилмаси ташкил этиш орқали “Charity Tour” лойиҳасини амалга ошириш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

 

2020 йил

апрелдан доимий

ташкил этиш учун –

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев) 

 

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Келажак авлодни болалик чоғиданоқ мамлакатимизнинг бой туризм салоҳияти билан таништириш, шунингдек оила қуриш остонасидаги ёшларни Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишга жалб этиш мақсадида Ўзбекистондаги барча умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда ФХДЁ бўлимларига Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан ягона концепция асосида тайёрланган махсус интерактив туризм хариталарини жойлаштириш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

август

амалга ошириш учун –

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов),

Адлия вазирлиги (Р.Давлетов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ёшларни ички туризмга фаол жалб қилган ҳолда уларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида туризм мавсуми паст даврда (январь-март) “Тourism challenge” (Туризм чорлови) танловини ўтказиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

январь - март

ишлаб чиқиш учун –

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов), Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Мажидов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ёшларнинг туризм соҳасидаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, самарали бизнес-режаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш мақсадида ёшлар ўртасида туризм соҳасидаги энг самарали бизнес лойиҳалар танловини ўтказиш.

Амалга ошириш шакли: чора-тадбирлар режаси

2020 йил март

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ёшлар ўртасида ўтказиладиган мусиқа ва рақс фестиваллари режа-жадвалини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил ноябрдан

Доимий

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов), Маданият вазирлиги (Б.Сайфуллаев)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Тошкент шаҳрида Марказий Осиёнинг энг баланд “Банджи-джампинг” (арқонда сакраш) аттракционини барпо этиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

октябрь

ишлаб чиқиш учун –

Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Ортиқхўжаев),
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

 

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Раматов)

  1.  

Тошкент шаҳрида бутунжаҳонга машҳур бўлган  “Intervilles” (Франция) каби экстремал шоунинг аналогини ташкил этиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

август

амалга ошириш учун –

Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Ортиқхўжаев), МТРК (А.Ходжаев)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Раматов)

  1.  

Туризм мавсуми паст даврда Гулистон шаҳрида “Cybersport” (электрон ўйинлар спорти) йўналишида турли халқаро мусобақаларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар жадвалини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

октябрь

амалга ошириш учун –

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков),

Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Ғ.Мирзаев)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ўзбекистонда хориждаги нуфузли таълим муассасаларининг ёзги (“Summer Camp”) ва қишги (“Winter Camp”) лагерларни ташкил этиш ҳамда уларни жалб қилиш чораларини кўриш.

Амалга ошириш шакли: чора-тадбирлар режаси

2020 йил

март

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ўзбекистоннинг диққатга сазовор шаҳарларида Европа, МДҲ ва узоқ шарқ мамлакатлари ёшларини бирлаштирувчи йирик форум, конгресс, конференция ва шу каби бошқа тадбирларни ўтказиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

февралдан

доимий

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ёшлар туризмини ривожлантириш мақсадида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси маблағларини жалб этиш йўли билан ёш тадбиркорларни жалб этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ёшлар хостеллари тармоғини ташкил этиш.

Амалга ошириш шакли: чора-тадбирлар режаси

2020 йил

февралдан

доимий

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

 

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Туризм масканларига олиб борувчи йўлларни миллий тусдаги граффити усулида безашга қаратилган “Creative wall – Street art” лойиҳасини амалга ошириш. Лойиҳа доирасида ҳар бир ҳудудда камида биттадан граффити усулида безатилган кўчаларни ташкил этиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш

2020 йил

август

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Халқаро майдонда таниқли бўлган спортчиларни Ўзбекистонга таклиф этиб, маҳаллий спорт мураббийларини жалб этган ҳолда уларнинг мастер-классларини ташкил этиш. Тадбирлар ўтказилгунга қадар кенг тарғибот тадбирларини ўтказиг.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш

2020 йил

март

амалга ошириш учун –

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев)
Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Таълим туризмини янада ривожлантириш орқали Ўзбекистонга таълим олиш мақсадида келувчи талабалар ҳамда қўшни мамлакатлардан тил ўрганувчилар оқимини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Амалга ошириш шакли: чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2020 йил

апрель

амалга ошириш учун –

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги талабаларнинг ёзги таътил даврида бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги эшкак эшиш каналларида каноэ таътилларини жорий этиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар.

2020 йил

июнь-август

амалга ошириш учун –

Тошкент вилояти ҳокимлиги (Р.Холматов), Самарқанд вилояти ҳокимлиги (Э.Турдимов),

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Раматов)

  1.  

Ёшлар орасида экстремал ва тоғ туризмини оммалаштириш мақсадида аниқ тадбирлар режа-жадвалини ишлаб чиқиш ҳамда кенг тарғиб қилиш.

Унда қуйидагиларни инобатга олиш:

- Жиззахдаги Бахмал тоғли ҳудудида тоғ велопойгаларини уюштириш;

- Ғарбий Тян-Шан тоғи бўйлаб Угам-Чотқол миллий боғи ва Чимён тоғларида треккингни йўлга қўйиш;

- Чимён тоғларида алпинизм, Чотқол дарёси бўйлаб рафтинг саёҳатларини ташкил этиш;

- Фориш туманидаги Нурота тоғ тизмаларида югуриш;

- Тошкент вилоятида параплан ва делтапланда учишни ташкиллаштириш;

- Сурхандарё вилоятининг Сараосиё, Жиззах вилоятининг Зомин, Тошкент вилоятидаги Чотқол тоғ тизмалари ҳамда Қашқадарёдаги Китоб халқаро географик кенгликларида ғорда сайр этиш.

Амалга ошириш шакли: режа-жадвал ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш

2020 йил

декабрь

ишлаб чиқиш учун –

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Орол денгизи муаммосига бефарқ бўлмаган чет элдаги таълим муассасалари вакилларининг Оролбўйи минтақасига ташрифини уюштириш ҳамда уларни табиатни асрашга қаратилган тадбирларни ташкил этишга рағбатлантириш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

Доимий

амалга ошириш учун –

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари,

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Чет элда истиқомат қилаётган ватандошларнинг фарзандларига Ўзбекистон тарихи, ўзбек тили, маданияти ва санъати бўйича билимларини ошириш мақсадида ёзги мактаблар ташкил этиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

Доимий

амалга ошириш учун –

Халқ таълими вазирлиги (Ш.Шерматов),

“Эл-юрт умиди” жамғармаси (А.Бекмуродов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Майданак тоғ расадхонаси яқинида ёшлар учун фазовий кузатувни амалга ошириш имконини берувчи “Space Camp” оромгоҳини ташкил этиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

III чорак

амалга ошириш учун –

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (З.Мирзаев),

Фанлар академияси (Б.Юлдашев)

тавсия ишлаб чиқиш учун –  

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Раматов)

  1.  

Ёшларни жалб қилган ҳолда Наврўз байрами арафасида “Navruz Chalk Drawing Festival”, Мустақиллик байрами арафасида “Urban Paint Festival” номли оммавий тадбирларни ташкил этиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

март, август, сентябрь

амалга ошириш учун –

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Учқизил кўли (Сурхондарё вилояти), Айдар-Арнасой кўллар тизими (Жиззах вилояти) шунингдек, Тўдакўл сув омбори (Навоий вилояти) бўйларида овчилик-балиқчилик ҳафталикларини ўтказиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

давомида

амалга ошириш учун –

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (Т.Боболов), Жиззах вилояти ҳокимлиги (Э.Салиев), Навоий вилояти ҳокимлиги (К.Турсунов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Раматов)

  1.  

Тошкент шаҳрини ёш туристлар ташриф буюрадиган Марказий Осиёдаги асосий шаҳарга айлантириш (музей, театр, кино, истроҳат боғлари, ресторан ва кафелар ҳамда шу каби бошқа кўнгилочар масканларни 24 соатлик иш тизимига ўтказиш, янги кўнгилочар масканлар ва оммавий тадбирларни ташкил этиш) мақсадида “Тошкент-ёшлар шаҳри” дастурини ишлаб чиқиш.

Амалга ошириш шакли: дастур ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш

2020 йил

II чорак

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Ортиқхўжаев)

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Раматов)

  1.  

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманигача бўлган масофадаги туризм масканларини тарғибот қилиш, ёшларни таништириш ва оммалаштириш мақсадида “Хонобод-Мўйноқ” халқаро ёшлар вело ва мото-марафонини ўтказиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

III чорак

амалга ошириш учун –

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (Д.Набиев), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва  Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманигача бўлган масофадаги туризм масканларини тарғибот қилиш, ёшларни таништириш ва оммалаштириш мақсадида “Хонобод – Мўйноқ” туризм магистралида ёш туристлар ўртасида квест ўйинлари турмаршрутларини ишлаб чиқиш ҳамда ёшлар орасида танлов ўтказиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

иккинчи ярми

турмаршрутлар ишлаб чиқиш учун –

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов),

танлов ташкил этиш учун –

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Ёшлар туризмини ривожлантириш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш, туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи ёшлар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Андижон вилоятида “Халқаро ёшлар туризми” форумини ўтказиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

май

амалга ошириш учун –

Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Андижон вилояти ҳокимлиги (Ш.Абдурахманов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Мамлакатимизга ёш туристлар оқимини ошириш мақсадида ёшларимиз орасида “Couchsurfing” порталини оммалаштириш бўйича тарғибот тадбирларни ўтказиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

I чорак

амалга ошириш учун –
Ёшлар иттифоқи (А.Саъдуллаев), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Республиканинг машҳур бўлмаган ҳудудларнинг таниқлилигини ошириш мақсадида халқаро ёш сураткашлар ҳафталигини (Photo Hunting Week) ташкил этиш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

август

ишлаб чиқиш
ва амалга ошириш учун –

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов),

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва  Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

  1.  

Хорижий мамлакатларида давлатларининг исломий таълим муассасалари битирувчи талабаларининг дипломларини топшириш маросимини “Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси”, математика йўлашидаги таълим муассасаларини битираётган талабаларнинг диплом топшириш маросимларини “Ал-Хоразмий меъморий мажмуаси”, тиббиёт йўлашидаги таълим муассасаларини битираётган талабаларнинг диплом топшириш маросимларини “Абу Али ибн Сино мероси мажмуаси”да ўтказишни йўлга қўйиш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш.

Амалга ошириш шакли: ташкилий чоралар

2020 йил

июндан доимий

амалга ошириш учун –

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Маджидов),

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.Аққулов),

Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов)

Вазирлар Маҳкамаси

(А.Абдуҳакимов)

 

Умумий таклифлар

9551