ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
10656 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 29/11/2019 14/12/2019 1

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-10656

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

 

Сўнгги икки йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида республиканинг 159 та туман, 30 та шаҳар ва Тошкент шаҳрининг 11 туманларидаги жами 1116 та қишлоқ ва маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мазкур ишларни амалга ошириш учун республика ва маҳаллий бюджетлар, тижорат банкларининг кредит маблағлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг ўз маблағлари ва ҳомийлар ҳисобидан маблағлар ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги ПФ-5386-сон, 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги ПФ-5467-сон Фармонларига мувофиқ 2020-2022 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари (кейинги ўринларда Дастурлар деб аталади) доирасида қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:

1. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакллантирилган 2020-2022 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириладиган қишлоқ ва маҳаллаларнинг кўрсаткичлари ва манзилли рўйхатлари 1-1.1-1.2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3630-сон қарори билан ташкил этилган “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) маҳаллий ҳокимликлар ташаббуслари асосида Дастурларга қўшимча қишлоқ ва маҳаллалар киритиш тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан келишилгандан сўнг амалга оширилиши белгилансин.

3. Дастурлар доирасида 2020-2022 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг молиявий кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Дастурлар доирасида 2020-2022 йилларда амалга ошириладиган ишларнинг асосий кўрсаткичлари 3-3.1-3.2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

5. Республика комиссияси (А.Раматов):

Дастурларининг 2021-2022 йиллар манзилли рўйхатларини мазкур қарор асосида тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотлар томонидан асосий кўрсаткичларини ҳар йили аниқлаштириб ва янгилаб борган ҳолда шакллантирсин ва тасдиқласин;

бир ой муддатда Дастурларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш, ижросини таъминлаш ва назорат қилиш тартибларини белгиловчи Низом ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари тегишли давлат ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда ҳар бир қишлоқ ва маҳалла кесимида 2020-2022 йилларда амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини “Тармоқ жадваллари” ва “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб тасдиқлаган ҳолда амалга оширилишини таъминласин.

6. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда Дастурлар доирасида 2020-2022 йилларда амалга ошириладиган қурилиш ва реконструкция ишлари учун зарурий марказлашган капитал қўйилмалар лимити кўзда тутсин.

7. Қуйидагилар:

Дастурлар доирасида 2020 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг молиявий маблағлари ва манбаларининг манзилли рўйхати 4-4.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда минтақавий йўллар (ички кўчалар)ни таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 5-5.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 6-6.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларни тунги кўча ёритиш тизимини барпо этиш ва таъмирлаш  борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 7-7.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда электр ва газ таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 8-8.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда ичимлик сув таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 9-9.1-иловага мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда маҳаллаларда оқова сув таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 9.2-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 10-10.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда кўп хонадонли уй-жойларни таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 11-11.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда кўп хонадонли уй-жойлар ҳудудларини ободонлаштириш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 12-12.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш чора-тадбирларининг асосий кўрсаткичлари 13-13.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда умумий ўрта таълим мактабларни барпо этиш ва таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг асосий кўрсаткичлари 14-14.1-14.2-14.3-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш ва таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг асосий кўрсаткичлари 15-15.1-15.2-15.3-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда соғлиқни сақлаш муассасаларини барпо этиш ва таъмирлаш борасида амалга ошириладиган  чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 16-16.1-16.2-16.3-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда бошқа турдаги ижтимоий соҳа объектлари (МФЙ идораларининг бино ва иншоотлари, маданият марказлари ва маҳалла гузарлари)ни барпо этиш ва таъмирлаш борасида амалга ошириладиган  чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 17-17.1-17.2-17.3-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар дастури доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда бозор инфратузилма объектларини барпо этиш ва таъмирлаш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 18-18.1-иловага мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқ ва маҳаллаларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш борасида амалга ошириладиган  чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 19-19.1-иловаларга мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2019 йилда қишлоқларда алоқа ва ахборотлаштириш тизимини яхшилаш борасида амалга ошириладиган  чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати 20-иловага мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда қишлоқларда ирригация-мелиорация борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг манзилли рўйхати
21-иловага мувофиқ;

Дастурлар доирасида 2020 йилда талаб этиладиган асосий турдаги қурилиш ва пардозлаш материалларининг манзилли кўрсаткичлари
22-22.1-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

8. Дастурлар доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда объектларнинг иш ҳажми ва смета қийматларини асоссиз равишда ошириб юбормаслик учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари шахсан масъулдир.

 Дастурлар доирасида бажариладиган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бўйича иш ҳажми ва смета қийматлари ошган тақдирда қўшимча талаб этиладиган маблағлар маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

9. Дастурларга киритилган объектлар бўйича буюртмачи этиб тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжирининг компаниялари ҳамда вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари тизимидаги буюртмачи хизматлари белгилансин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари бир ой муддатда тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда 2020 йил Дастурларига киритилган ҳар бир қишлоқ ва маҳаллада махсус штабларни ташкил этиб, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориладиган ҳар бир объектнинг мониторинг натижаларини ҳар ой якуни билан Республика комиссиясига тақдим этиб борсинлар.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ Дастурлар доирасида 2020-2022 йилларда аҳоли пунктларида ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш учун талаб этиладиган металлпрокат ва цемент маҳсулотларини тўғридан-тўғри шартномалар асосида ўртача биржа котировка нархларида ажратилишини таъминласин.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари «Ўзқурилишматериаллари» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзмахсусмонтажқурилиш» АК, «Ўзэлтехсаноат» АК, таркибида қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлган хўжалик бирлашмалари билан биргаликда Дастурларга киритилган аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб беришни комплекс тарзда ташкил этсинлар.

13. Ўзбекистон Республикаси автомобиль йўллари Давлат қўмитаси Дастурлар доирасида 2020-2022 йилларда туман марказидан қишлоқларгача бўлган йўлларни, қишлоқларнинг марказий кўчаларини ва асфальт билан қопланган йўлларни таъмирлаш, қишлоқларнинг асфальт қопламасиз ички йўлларини қум-шағал қоришма ётқизиш ва пиёдалар йўлакларига бетон қоплама ётқизишни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари асосида амалга оширсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари билан биргаликда Дастурларга киритилган аҳоли пунктларида мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини (ташқи санитария тармоқлари, тандирхона) жойлаштириш ҳамда атроф-ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, ишларни шу асосда амалга оширишни таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий «Тоза ҳудуд» ДУКлар томонидан Дастурларга киритилган аҳоли пунктларида белиланган тартибда тизимли равишда чиқиндиларни йиғиш ва олиб кетиш ишларини тизимли равишда ташкил қилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда Дастурларга киритилган аҳоли пунктларида янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлиги оширилишини таъминласин.

Бунда, мавжуд заҳира ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, бўш турган бино-иншоотлар, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ҳамда таъмирлаш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш ҳамда уларнинг тармоқларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.М. Мирзиёев

Умумий таклифлар

697