ID Муаллиф Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони
1057 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 30/10/2018 14/11/2018 23

Муҳокама якунланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
2019-2023 йиллар даврида пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида
ID-1057

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

2019-2023 йиллар даврида пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида

Сўнги йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек ирригацияни ривожлантириш бўйича давлат дастурлари доирасида сув ресурсларини бошқариш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича бир мунча ижобий натижаларга эришилди.

Шунинг билан биргаликда, қишлоқ хўжалиги соҳасида, айниқса пахта хом ашёсини етиштиришда сувни тежайдиган замонавий технологияларни ва илмий асосланган агротехник тадбирларни жорий қилишда жиддий қолоқликларга йўл қўйилиб, мавжуд сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш даражаси ҳамда пахта ҳосилдорлиги пастлигича қолмоқда:

биринчидан, пахтачиликда ер, сув ва бошқа ишлаб чиқариш ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишни таъминлайдиган замонавий инновацион ишланмалар, хусусан тупроқ, иқлим ва бошқа табиий шароитларни, ғўза навларини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилган томчилатиб суғориш технологиялари ва уларнинг ҳар томонлама илмий асосланган агротехника қоидалари, шунингдек лойиҳалаш асослари мавжуд эмас;

иккинчидан, пахта хом ашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш технологияларини лойиҳалаш ва қуриш, уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни стандартлаштириш ва маҳсулот сифатини назорат қилиш тизимини ишлаб чиқиш эътибордан четда қолган;

учинчидан, пахта хом ашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш технологиялари ва илмий асосланган агротехника қоидаларини жорий қилиш бўйича кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, шунингдек илғор хорижий тажрибалар ва ноу-хаулар (янгиликлар)ни амалиётга жорий қилиш тизими талабга жавоб бермайди;

тўртинчидан, замонавий томчилатиб суғориш технологиясларини жорий қилишни молиялаштириш механизми мукаммал бўлмай, уларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи ташкилотларни, айниқса пахта хом ашёси етиштирувчи ташкилтларни рағбатлантириш даражаси пастлигича қолмоқда;

бешинчидан, замонавий томчилатиб суғориш технологиялари асосида пахта хом ашёсини етиштиришда қўлланиладиган махсус қишлоқ хўжалиги техника, машина ва механизмлар тизими тўлиқ ишлаб чиқилмаган;

олтинчидан, пахтачиликда томчилатиб суғориш технологиясини кенг жорий этган ҳолда томчилатиб суғориш тизимига мос бўлган маҳаллий селекцияга мансуб ғўза навларининг уруғлигини етиштириш жараёнларини тубдан такомиллаштириш талаб этилади.

 Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларини кенг жорий қилиш, ер, сув ва бошқа ишлаб чиқариш ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, пахтадан юқори ҳосил олиш ва сифатини янада яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи ташкилотларни рағбатлантириш мақсадида:

1. Пахта хом ашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларни жорий қилишни қўллаб-қувватлаш Республика ишчи гуруҳи таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Республика ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

томчилатиб суғориш тизимлари ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар рўйхатини шакллантириш;

пахта хом ашёсини етиштириш учун томчилатиб суғориш тизимлари ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришга талаб қилинадиган полиэтилен грануласи миқдорини аниқлаш, белгиланган тартибда квота ажратишни ва имтиёзли нархларда тўғридан тўғри шартномалар асосида беришни ташкил қилиш  ҳамда ажратилган полиэтилен грануласидан мақсадли фойдаланиш бўйича мониторинг ўрнатиш;

томчилатиб суғоришда ишлатиладиган импорт ва ишлаб чиқариладиган махсулотлар турига зарур техник талаблар белгилашни ташкиллаштириш;

пахта хом ашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларни жорий қилиш бўйича ишларини жойларда мақсадли ўрганиб бориш ҳамда мавжуд муаммоларни  бартараф қилиш бўйича тезкор чоралар кўриш.

2. Белгилаб қўйилсинки 2019-2023 йиллар даврида пахта хомашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш тизимлари:

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва кластерлари (бундан кейинги матнда кластерлар) ҳамда бошқа пахта хом ашёсини етиштирувчи ташкилотлар томонидан уларга пахта етиштириш учун берилган майдонларда;

фермер хўжаликлари томонидан уларга ижарага берилган ер майдонларида босқичма-босқич жорий қилинади.

3. Пахта хом ашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилиш ва уларининг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш учун зарур хом ашёлари ҳамда махсус техника, машина ва механизмлар харид қилишнинг молиялаштириш манбаи қилиб қуйидагилар белгилансин:

халқаро ва хорижий молия институтларининг кредит ва грантлари;

тижорат банклари кредитлари;

давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар;

кластерлар, фермер хўжаликлари ва пахта хом ашёсини етиштирувчи бошқа ташкилотлар ҳамда томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ўз маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги билан биргаликда 2019-2023 йилларда пахта хом ашёсини етиштиришда замонавий томчилатиб суғориш технологияларини босқичма-босқич жорий этишда талаб этиладиган маблағларни халқаро ва хорижий молия институтларининг кредит ва грант маблағларини жалб этиш юзасидан тегишли чоралар кўрсин.

Бунда халқаро ва хорижий молия институтларининг кредит маблағларини 10 йилдан кам бўлмаган муддатларда ва имтиёзли шартлар асосида жалб қилиниши назарда тутилсин.

5. Белгилансинки, 2019-2023 йиллар даврида:

тижорат банклари томонидан кластерлар, фермер хўжаликлари ва пахта хом ашёсини етиштирувчи бошқа ташкилотлар ҳамда томчилатиб суғориш тизимлари, уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларга ажратилган тижорат банклари кредитларининг фоизларини қоплаш учун давлат томонидан белгиланган тартибда субсидиялар ажратилади;

кредит маблағларини ажратишда суғурта компанияларининг кредитнинг қайтмаслик хатарининг суғурталанганлиги тўғрисидаги полиси, кредит маблағлари ҳисобига сотиб олинган томчилатиб суғориш тизимлари қийматининг 80 фоизи ва бошқа мол-мулклар гаров предмети бўлиб ҳисобланади;

замонавий томчилатиб суғориш технологияси, уларнинг технологик асбоб-ускуналари, бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, махсус техника ва механизмлар ҳамда зарур хом ашё материаллари(фақат томчилатиб суғоришда фойдаланиладиган қисми учун) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) тўлиқ озод қилинади;

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш мақсадида томчилатиб суғориш тизимлари бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи корхоналар 2019-2023 йиллар давомида барча (қўшимча қиймат солиғидан ташқари) солиқлардан озод қилинади;

ушбу солиқлардан озод бўлган маблағлар корхонанинг моддий техник базасини яхшилашга йўналтирилиши алоҳида назоратга олинади;

замонавий томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилишга сарфланган маблағларнинг кластерлар ва бошқа пахта хом ашёсини етиштирувчи ташкилотларга 25 фоиз қисми, фермер хўжаликларига 50 фоиз қисми давлат бюджети ҳисобидан субсидия тариқасида қоплаб берилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда кластерлар, фермер хўжаликлари ва пахта хом ашёсини етиштирувчи бошқа ташкилотлар ҳамда томчилатиб суғориш тизимлари, уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларга Давлат бюджети ҳисобидан  субсидия  бериш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун  белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилсин.

7 “Ўзстандарт” агентлиги бошқа манфаатдор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда 2019 йилнинг 1 июлига қадар томчилатиб суғоришда ишлатиладиган ускуна ва бутловчи қисмлар учун белгиланган тартибда томчилатиб суғориш тизимлари, уларнинг бутловчи қисмларини ишчи гурухи томонидан тасдиқланган ишлаб чиқарувчи корхоналарда сифат тизимини жорий қилиниш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги  билан биргаликда 2019 йилнинг 1 январга қадар томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича тегишли меъёрий хужжатларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

9. Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш  бўйича ихтисослашган бош лойиҳа ташкилотлари қилиб Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзсувлойиҳа” акциядорлик жамияти, “Сувлойиҳа” давлат унитар корхонаси ва уларнинг таркибидаги лойиҳа ташкилотлари белгилансин.

Кластерларга ва пахта хом ашёсини етиштирувчи бошқа субъектларга ихтисослаштирилган хорижий компаниялар мутахассисларини жалб қилишга ҳам рухсат берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддата пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш тизимлари жиҳозларини монтаж қилиш  ва сервис хизматларини кўрсатувчи ихтисослашган пудрат ташкилотларни ташкил қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин. 

11. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

Фанлар академияси билан биргаликда пахта уруғчилиги кластери тизимидаги корхоналарни ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, томчилатиб суғориш технологияси асосида етиштиришга мос, ҳосилдорлиги ва тола сифати юқори ҳамда касалликлар ва зараркунандаларга бардошли бўлган маҳаллий селекцияга мансуб интенсив ғўза навлари билан таъминлаш, зарур холларда чет элдан келтириш ва ривожланган давлатлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш чораларини кўрсин;

2019 йил ҳосили учун томчилатиб суғориладиган ерларда экиладиган уруғлик чигитни белгиланган талабларга асосан тозалаш, саралаш, туксизлантириш, дорилаш ва фермер хўжаликларига навлар ва авлодлари бўйича жойлаштирилишига қатъий риоя қилган ҳолда етказиб бериш ишларини ўз вақтида амалга оширсин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда томчилатиб суғориш технологияси бўйича республиканинг барча тупроқ-иқлим шароитида илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илмий-тадқиқот институтларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиб тасдиқласин ҳамда белгиланган тартибда молиялаштирсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йил 1 декабрга қадар ресурстежамкор технологиялари жорий этиладиган майдонларда фермер хўжаликлари кесимида томчилатиб суғориш технологиясига мос ғўза навларини танлаш ва уларни жойлаштириш бўйича таклифларни тайёрлаб Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда кластерлар, фермер хўжаликлари ва пахта хом ашёсини етиштирувчи бошқа ташкилотлар томонидан 2019-2023 йиларда замонавий томчилатиб суғориш технологияларини босқичма-босқич жорий этишнинг асосий параметрларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги  манфаатдор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда бир ой муддатда замонавий томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилиш учун талаб этиладиган барча пластик қувурлар, томчилатгичлар, фитинглар, сувни тозалагичлар ва насос агрегатлари ҳамда бошқа қисмларни республикада босқичма-босқич маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиб белгиланган тартибда давлат дастурига киритсин. 

14. “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда замонавий томчилатиб суғориш технологияси асосида пахта хом ашёсини етиштиришда қўлланиладиган қишлоқ хўжалиги техника, машина ва механизмларни, шу жумладан пахта териш машиналарини такомиллаштирсин ҳамда шартнома асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларини шаклланштиришда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобларга асосан фермер хўжаликлари ва кластерларга ажратиладиган кредитлар фоизини қоплаб беришга зарур бўладиган маблағларни ҳисобга олсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда халқаро ва хорижий молия институтларининг грантларини жалб қилиб халқаро консултантлар, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳамда соҳага тегишли олий таълим муассасалари томонидан кластерлар, фермер хўжаликлари ва пахта хом ашёсини етиштирувчи бошқа ташкилотлар  раҳбар-мутахассисларини ўқитиш,  малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил қилсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.С. Султонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.С. Отажонов зиммаларига юклансин.

 

                                                 Ўзбекистон Республикаси  Президенти                                                        Ш. Мирзиёев

.

Умумий таклифлар

1454